Саволга жавоб

Ассалому алейкум ҳурматли Жаҳонгир ака. Агар сиздан Гитлер, Сталин ва Каримов шеър ёзган деб уларнинг шеърларини таржима қилиш сўралса, буни бажарган бўлармидингиз? Раззоқ.

-Бундай ишни бажариш инсондан жуда ва жуда тубанлашишни, виждонсизликни талаб қилади. Дунёда талантли инсонлар тиқилиб ётибди. Шоир деганнинг ҳам, шеър ёзадиган одамнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Агар муҳит ва шароит бўлса ҳар қандай одам ҳам шеър ёза олади.

Шундай экан, қотиллар ҳам, қабиҳлар ҳам бир нарсалар ёзиши мумкин. Бир кун келиб Каримовнинг ҳам шеърлари пайдо бўлса, асло ажабланмайман. Саддам Ҳусайн ҳатто роман ва саҳна асарлари ҳам ёзган.

Инсон зотини паразит деб ҳисоблаган Ҳитлер ҳам бир нарсалар қоралаган. Қотилбоши Саталин ҳам, қўли қонга ботган Поночет ҳам… Бундай кимсаларнинг шеърини таржима қилиш уларга хизмат қилишдир. Чунки севмасдан туриб таржима қилиш мумкин эмас. Қонхўрни севиш эса, унга шерик бўлишдир.

Хуллас, шоирнинг ёзгани эмас, унинг позицияси муҳим. Позицияси бўлмаган одам ҳар мақомга йўрғалайди׃ қон тўкиши ҳам мумкин, қон ичиши ҳам мумкин.

Золимнинг кимлигини билмасдан, уни танимасдан ёзганини таржима қилса, балки узрга ўрин бор, лекин билиб туриб таржима қилиш тубан кетишдир.

Мен 1990-1991 йилларда Каримовнинг баъзи нутқларини ёзиб берганман. Лекин ҳаммаси демократик руҳда, эркинликка чорлов руҳида эди ва у ўзгартирмай ўқиб берарди. У пайтда Каримов ҳали золимлик мақомига минмаганди. Уни яқиндан таниганимдан кейин очиқ баёнот бериб, бошқаларни ҳам огоҳликка чақирганман. Бугун эса, унинг бирор ёзганини таржима қилиш ҳам унинг жиноятларини одамийлик деб қабул қилиш бўлади.

Ман мен 1992 йилнинг бошида тарқатган Баёнотдан баъзи сатрлар:

“1.Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани;

2.Паркент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани;

3.Яна яккаҳокимлик, диктатура бошлангани, халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш, алдаш билан банд бўлинаётгани;

4.Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани;

5.Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани;

6.Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув қуйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига авж олдирилаётгани;

7.Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани;

8.Мухолифатдаги партия, ҳаракат ва уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани;

9.Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10.Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу ва бошқа сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб, бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”(“ИАК” китобидан).

1992 йилнинг февралида менинг бу қўлда кўпайтириб тарқатган баёнотимни “ЭРК” газетасининг биринчи саҳифасига жойлаштиришган, лекин цензура баёнотни олиб қолиб, сарлавҳасини унутгани учун газета “Телевидение раҳбари истеъфо берди” деган мақоласиз сарлавҳа билан чиққанди. Лекин баёнотим қўлба-қўл бўлиб кетганди.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: