Мулоқот

Ассалому алейкум Жахонгир ака. Жавобингиздан коникиш туйдим, рахмат. Лекин куркиб кетдим нахот каримов улсаям уни режимидан кутула олмаймиз, нахот бирор йули йук. Яна саволим уни ваколати когозда 2014 йилда тугайди сизни саройда якинларингиз бор булса бу каримов 2014гача улмасам деб яна бирор нарса уйладимикин хабарингиз йукми мабодо ? Аллох, ишларингизни унгласин (шу каторда бизниям). Ҳақиқатчи.

-Ва алайкум ассалом.
Қўрқиб кетманг. Агар “бугун Каримов ўлади ва эртага ҳамма нарса тузалади” десам, бу ёлғондан қўрқиб кетсангиз бўлади. Олдин айтганим каби Каримов ўзидан кейин тезда тузалмайдиган “касаллик” яратди. Унинг бу “кашфиёти” халққа жуда оғирга тушади. Шундай бўлиши олдиндан аён эди. Кимлардир буни билмасликка олдилар ва кимлардир кўрмасликка. Энди бу одамларни айблашдан ҳам фойда йўқ. Иш ишдан, ғишт қолипдан кўчди.

Каримовдан кейинги ўзгариш Туркманистон моделига яқин бўлади. Гўё ўзгариш бўлмоқда, лекин ўлган ҳўкиз ўлганича ётибди. На тирилтириб бўлади ва на гўшти ҳалол.

Демак, умид янгисидан. Янгиси эса қачон туғилади ва қачон етилади? Бу вақт олади. Дунё ва сиёсат нуқтаи назаридан бу катта вақт эмас.

Каримовнинг битта нияти бор. У ҳам бўлса, шу мансабда ўлгунча қолиш. Оқсаройдагилар ҳам шуни исташади. Акс тақдирда ўзларига нима бўлишини- тахмин қила оладилар.

Гап бугун Каримовдан кейин ундан ҳам баттароқ одам келмаслигининг олдини олишда. Бугунги авлод шуни ҳам уддалай олмаса, кейинги авлод яна битта золимнинг ўлимини кутиб юришга мажбур қолади. Лекин баъзилар ҳозирданоқ кейинги золимга пахта қўйиб, “пахтакорлик”ни давом эттиришмоқда. Нима ҳам деймиз, ҳўкизнинг остида қолганлар эшакнинг остида қолиш енгилроқ деб ўйлашмоқда. Бундайларга яратганнинг ўзи инсоф берсин!