Журналист жуздони (4)

“Деди”

1999 йил “Aмерика овози” радиосига ишга келганимда хабарлар ёки мақолалар ўқилганда тайёрлаган киши “учинчи одам” сифатида туриши “қонунлаштирилган” экан.

Бўлимда журналист йўқлиги, кўпчилик тилни шу ерда ўргангани, мустақил мақола ёзадиган киши “анқонинг уруғи”га айлангани боис бу қоида ўрнатилган.

Бир куни хабарларни тузатар эканман, шундай сатрга кўзим тушди:

“Бугун Шарқий Тиморда Жаҳон ташкилотининг 4 нафари ўлдирилган. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деб айтган:”

Буни:

“Бугун Шарқий Тиморда БМТнинг тўрт нафар ходими ўлдирилгани маълум қилинди. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деди:…” шаклида тузатдиму бошим балога қолди.

Биринчидан, “БМТ” эмас, “Жаҳон ташкилоти” дейилиши керак экан.

Иккинчидан, “нафар”дан кейин “ходими”, деган сўз ортиқча.

Учинчидан, “деди” деб тузатиб сиёсий хатога йўл қўйибман. Яъни хабарни юборган мухбир менга ҳеч нарса айтмаган, мени танимайди, у хабарлар бўлимига айтган эмиш.

– Ҳов барака топгур, дунёда юзлаб жаҳон ташкилоти бўлиб, ҳар бирининг ўз номи бор. Тўрт ташкилот эмас, тўрт киши ўлдирилган. Кейин мухбир хабарни бизга эмас, тингловчига айтмоқда. Биз эса, етказиб бермоқдамиз. Бу ерда “учинчи одам” ортиқча. Воситачилк эмас, бевоситалик муҳим, бунинг устига ўзбек тилида нафар “та” манъносини беради, яъни саноқни кўрсатади,- деганим билан эшитадиган қайда.

Лекин бўлим мудири бу борада каминани қўллагани учун бундан кейинги тузатишларимни ҳам қабул қилганлар ютиб кетишди. Ўзбекчалари анчагина тузалиб қолди. Аммо “душман қараш” ўзгармади.

На илож, баъзан манфаатимизга ишлаган одамга ҳам душман кўзи билан қараймиз. “Деди” қўшимчаси сиёсий хато бўлиши,одамни душманга айлантириши ана шундан экан.

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

Advertisements
%d bloggers like this: