Миф
Бир кун пахта мавсумида Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Шароф Рашидов “Гостелерадио” раисига сим қоқиб, Бухорода экани, машинда кетаётиб радионинг қишлоқ хўжалик ходимлари учун тушликда бериладиган дастурини эшитгани, шу дастурни яна бир марта эфирга, такроран узатишни сўрабди.
Шу билан дастурларимиз олтинга тенглашиб қолди. Бўлим радионинг энг муҳим таҳририятига айланди, шахсан Раис ва ўринбосари даражасидаги раҳбарлар назоратига ўтди. Раиснинг куёви таҳририят бошлиғи этиб тайинланди.
Ҳар бир сатр, ҳа бир жумла “Рашидов эшитади” деган талаб билан битиларди. Студияларда навбат кутиш йўқ, янги ёзилган қўшиқлар бизга, командировкалар истаганимиз қадар, мукофотлар келиб турибди.
Туш пайти бериладиган бу дастурга чиқишни истаганлар ҳам кўпайиб кетди. Казо-казолар… Дастур ҳам ном қозонди, қаерга борсангиз туш пайти радиокарнайларда Туйғуной Юнусхўжаеванинг жаранглаган, залворли овози.
Бетакрор овоз соҳибаси Туйғуной опа дикторларнинг раҳбари эдилар. Аммо қишлоқ хўжалиги дастурини ўзлари олиб борардилар.
Пахта мавсуми тугади. Меҳнатимиз мукофотларини олдик. Оддий ижодий ҳаётга қайтамиз десак, иложи йўқ. Назорат пасаймади.
Дастурларни навбат билан тайёрлардик. Камина муҳаррирлик қилган кун эди. Студияда Туйғуной опа.
Одатда ичкарида одам бўлса, студияга кирадиган эшик тепасида қизил чироқ ёниб туради. Шунга қарамай ичкаридан қулфлаб олиш керак.
Опа хабарларни ўқиётган эдилар, режиссёр ёнида, текстга қараб, у кишининг овозига маҳлиё бўлиб, тинглаб турибман. Бирдан “таракан” деб бақирган аёлнинг товушини эшитдим. Опа чап томонига бурилдида “бало” деди. Кейин қўли билан имо қилиб “чиқ” деди.
Радиода вақти-вақти билан таракан(суварак)ларга қарши дори сепадиганлар юрарди. Улар эшикни очардиларда, “таракан” деб бақирардилар. “Ҳа”, десангиз, ичкари кирардилар. Бу латифа ҳам бўлганди. “Таракан?” деса, ким “Ҳа!”дейди деб.
Хуллас, эшик яхшилаб ёпилмагани учун тараканчи тортиб кўрган ва “таракан” деб сўраган. Оқибат, “таракан” ва “бало” деган сўзлар эфирга кетиб қолди. Қўрқдим. Ишдан ҳайдалиб, қамалиб кетсам, керак деб ўйладим. Опанинг парвойига ҳам келмади. Студиядан менга қараб кўзини қисиб қўйди ва жилмайди. Режиссёрга қарасам, умуман эшитмаган, уйқусираб ўтирибди.
Хуллас, дастур тугади. Опа каридорга чиқиб, елкамга қўлини қўйиб:
-Ҳаётда бизга боғлиқ бўлмаган жуда кўп воқеалар бўлади. Биз ҳам одаммиз, баъзан унутамиз, хато қиламиз. Уч кунгача ҳеч кимга айтма, ундан кейин латифа қилиб юборсанг ҳам бўлади,-дедилар.
Қўрқиб юрдим. Чидай олмадим. Секин радиодаги устозимга айтдим. У киши “Бундай ҳоллар бўлади, опанинг айтганини қилинг” дедилар. Уч кун ўтди, ҳеч гап йўқ. Биров бир нима демади.
Туйғуной опа билан дўстлашиб қолдик.
-Кўрдингми, ҳеч нарса бўлмади. Одамлар хабарни эмас, менинг овозимни эшитади,-деб кулдилар.
Лекин аслида ҳам бугун энди раҳматли бўлган Туйғуной Юнусхўжаеванинг овозини эшитиш учун радиокарнайнинг қулоғини бурайдиганлар жуда кўп эди.
Камина учун ўша кун опа ўзи билмаган ҳолатда “Рашидов эшитади” деган мифни қулатганди.
Жаҳонгир Муҳаммад.
Filed under: Jurnalist juzdoni | Tagged: Jahongir Mamatov |