Журналист жуздони (1)

КИТОБ

Аҳмаджон Мухторов Ўзбекистоннинг мустақиллик арафасида яшаган ўткир қаламли, юксак иқтидорли ва энг меҳнаткаш журналист раҳбарларидан бири эди. У Тошкентга чақирилишидан олдин Самарқанд вилоят газетасида бош муҳаррир бўлиб ишларди.

Бир куни хонасига кирсам, одатдагидек китоб ўқимоқда. Китобни маълум бир жойга етказишини кутмоқчи эдим. У киши ўқиётган саҳифасида битта бармоғини сақлаб китобни ёпган бўлдида, менга қаради ва׃
-Ватанабени ўқиганмисиз?,-деди.
-Йўқ,-деб жавоб қилдим.
-Унда ҳозир қайси китобни ўқияпсиз?

Мен шу яқинда Анатол Франснинг “Пингвинлар ороли” китобини ўқиб битирганимни айтдим.

-Ким дедингиз?
-Жак Анатол Франсуа Тибо…
-Бу ана у Горкийнинг танқидига учраган ёзувчи эмасми?
-Ўша!
-Китоб нима ҳақида?
-Буржуа инқилоблари ҳақида сатирик тилда ёзилган асар. Дунёга фалсафий назар билан қарашни ўргатадиган китоб…

Эртасига эрталаб Аҳмаджон ака хонамга кириб келди ва қўлидаги китобни столим устига қўйди
׃
-Мен битирдим. Навбат сизга.

Китоб япон ёзувчиси Ватанабенинг “Иссиқ ёмғир” деган асари эди.

Раҳмат айтдим.

Кейинги кун Аҳмаджон ака яна хонамга кириб келди׃
-Ватанабени тугатдингизми?
-Эллик саҳифасини битирдим.
-Бунақасига кетмайди. Китобни бугун қайтаришингиз керак эди. Бўпти, эртага оларман,-деб чиқиб кетди.

Эртасига у киши кириб келганда китобни ўқиб битирганимни айтиб, қайтиб бердим.
У киши эса׃
-Буни ўқиб чиқдим. Кучли китоб экан,-деди Анатол Франснинг китобини кўрсатиб.-Энди Банопартнинг пўстагини қоққан китобини ҳам ўқимоқчиман…

Ўзбекистонда бунақа журналист, бунақа ибрат соҳиби яна қачон туғилади, фақат Худога аён.

Жаҳонгир Муҳаммад

 

%d bloggers like this: