Олтинчи қават (Қисса)

jm_20140814libПрезидент  тансоқчисининг кундалиги

5.Соя

Президентнинг ишхонаси олтинчи қаватда экан. Бизни лифт ёнида қарши олган икки киши адамга “чест” бериб менга ҳавас билан қарашди:

-Шеф ўғлингиз ҳам ўзингига ўхшар экан…,-деди биттаси.

-Ўғлим бўлгани сенга уни текширмаслик учун асос бўладими?-Адам жиддий оҳангда сўради.

Ҳалиги одам шошиб қолди ва дарҳол мени сийпалаб текшириб чиқди. Кейин “бўлди” дегандек елкамга уриб қўйди.

“Ҳамманинг елкасига уриб қўясанми?” дегандек адам унга  ўқрайиб қаради.

Оёқ остига қип-қизил гилам тўшалган. Назаримда мени текширган одамнинг юзи ҳам шу гиламдек қизариб кетди. У адамдан қўрқар эканми ёки уялдими билиб бўлмасди.

Атроф жим-жит. Битта эшикнинг ёнида икки киши қад ростлаб турибди. Иккаласи ҳам чиниққан. Камида каратенинг бир неча турини биладиган. Улар дам адамга, дам менга қараб  худди бир нарсани биладигандек жилмайдилар.

Адам улардан бирига қараб бош ирғади, у эшикни очди. Ичкарига кирдик.

Саломимизга алик оларкан, Президент ўрнидан туриб  биз томонга юрди. Телевизорда кўриб юрганимизга ўхшайди. Аммо у қадар ёш эмас. Анча чўкиб қолган. Бир тепса қайтиб ўрнидан турмайдиган одам экану… нега ҳамма уни гапиради? Нега ҳамма ундан қўрқади? Юзида ҳам меҳр йўқ. Ноумид одамга ўхшайди. “Инсон қўрқса ёки умидсизликка йўлиқса юзидаги нур қочади”.  Уста Вуннинг гапини эслагандимки:

-Тансоқчи ўзимиздан чиқсин дебсанда-а?-деди Президент русчалаб адамга.

Адам жавоб бермай жилмайганча бош ирғадилар.

-Вақт шунча тез ўтади. Ўғлинг туғилганида элликта отгандик, эсингдами?

Адам яна жилмайиб бош қимирлатдилар. Президент савол берган сайин адам олдинга қараб эгилиб бораётгандек ва ерга чўкиб кетаётгандек эди. Негадир мен ҳаяжонланмадим ҳам.  Негадир Президентнинг салобати босмади. Адам эса яна битта саволдан кейин тугайдигандек.

Президент ҳам буни сездими׃

-Рухсат берсанг йигит билан яккама-якка гаплашсак,-деди адамга.

Адам орқага чекиниб, ғойиб бўлди.

-Қани “тайчи” бу ёққа келчи,-Президент шундай деб ичкаридаги хонага қараб юрди. Орқасидан эргашдим. Боши елкасининг ичига сингибди, шунинг учун оз-моз букчайган. Умуртқасининг энг тепадаги биринчи қавати мўртлашиб қолган. Ўша ерга битта урса… тамом…

Худди калламдагини ўқигандек׃

-Нимани ўйлаяпсан?-деди Президент.

Индамадим.

-Менга ҳам шундай жойлар насиб этармикан, деб ўйлаяпсанми?

Яна индамадим.

-Келажак ёшларники! Бу жойларни санга ўхшаганларга ташлаб кетамиз. Ман бу ерга етиб келганча эллик йил эмакладим. Санлар бахтли, қара, ҳали йигирмага кирганинг йўқ, аммо олтинчи қаватдасан. Бу хонада кимлар ўтирмаган дейсан? Шароф ака зўр эди. Қолганлари латта. Ҳа, майли бунинг санга қизиғи йўқ. Қанақа телефон ишлатасан?

Бу саволга қандай қилиб жавоб бермай туриш керак? Адам нима деганди. Бироз кут. Орадан бир оз ҳам ўтмай Президентнинг ўзи жавоб қилди׃

-Санга “Айфон” олдирдим. Аммо бу хонада ишлатмайсан.

Тушунмадим.

-“Айфон” орқали мени эшитишлари мумкин. Шунинг учун уни ташқарида ишлатасан. Агар ташқарига чиқишга вақтинг бўлса…

Шундай деб Президент кулдида׃

-Ташқарига ҳам вақт топамиз, парво қилма,-деди.-Энди гап бундай. Отанг айтган бўлса керак, биз қирқ йиллик қадрдонлармиз. Сан бегона эмас. Ўзимни ўғлимсан. Сани тавсия этишлари билан рози бўлдим. Бошқасига ишонмайман. Сан ташқарида эмас, ичкарида турасан. Керак бўлганда  керакли одамни карате қилиб ташлайсан, вазифанг шу! Энди битта саволга жавоб бер, чўпоннинг ити подани қўриқлайдими ёки чўпонними?

Индамай турдим. Президент кўзларимга термулиб қолди ва׃

-Ҳа, отанг сани яхши тарбиялаган. Оғир йигит экансан. Лекин бу саволга жавоб беришинг керак,-деди.

Нима десам экан? Подани десаммикан? Э, йўқ. У ўзини чўпонга мени итга ўхшатдими? Наҳотки?

-Қани итнинг ўрнида сан бўлсанг нима қилардинг?

-Чўпонни қўриқлардим. Агар чўпон бўлмаса…

-Стоп! Биринчидан мен чўпон эмас. Иккинчидан, сен ит эмассан. Лекин жавобингдан қониқмадим.

Индамай бошимни эгдим. Демак, қовун туширдим. Адам роса қизийдиган бўлди.

-Бундан кейин биров шундай савол берса, чўпоннинг атрофида юрардим, унинг имосини кутиб, дейишинг керак. Икки карра икки неча бўлади, деган ҳалиги семиз бола нима дейди, хўжайин айтганингиз бўлади, дейди. Энди гап бундай, санга нима керак бўлса манга айтасан. Хотин керакми, пул керакми, массаж керакми, баломи-баттарми, манга айтасан. Ҳеч тортинмайсан. Аммо қулоғимга бир гап келса юмруғингни суғуриб оламан. Бу ҳазил. Лекин чин гап шуки, бешинчи қаватда илон юрса биламан.

Президент ичкари хонадан яна асосий кабинетга ўтди. Нега ичкарига кирдигу нега чиқдик, билолмай тургандим.

-Мана бу ерда турасан,-деду у эшикнинг ёнини кўрсатиб.- Кўзингни биттаси эшикдан кирган одамда, биттаси менда бўлади. Имо қилсам оёғини осмондан қилиб юборасан. Лекин ўлмасин.  Тайвандаги ва кечаги синовдаги ўлганлар етиб ортади.

У шундай деб елкамга қўлини қўйди. Бирдан оёғим қалтираб кетди. Қўлимдан жон сизиб, унинг оёқлари остига оқаётгандек бўлди. Қўрқув сели кўксимни босиб олди.

Шундай ҳисни олдин ҳам бир марта сезгандим. Тайванга борганда уста Вун билан илк суҳбат пайтида. У гапира-гапира қўлини елкамга қўйганда бир ботмон ерга кириб кетгандек бўлгандим. Кейин эмаклаб ер юзига чиқиб, аранг қаддимни ростлаб олган каби бўлгандим.

-Парво қилма куни битганларини алоҳида айтаман,-деди Президент кулимсираб. Сан тоза йигитсан. Кўнглингда кир йўқ. Мана бу стулга, мансабга интилмайсан. Санинг ўз олтинчи қаватинг бор. Аллақачон чиқиб олгансан унга. Лекин ана у иблисларни қандай урдингки видеодан қайта-қайта қараб ҳам кўра олмадим.

Видеони жуда ва жуда секинлатиб кўринг, демоқчи эдим, лекин тилим комимга ёпишиб қолганди.

-Шамолдан ҳам тезсан. Санга ҳавасим келади. Ёшсан, келишгансан, кўзларингга қара ҳеч қўрқув йўқ, ҳар сафар майдонга тушганда ўлишим мумкинку, деб қўрқмайсан, манга шунақа мардлар ёқади. Сени кўриб ўз ёшлигимни эсладим. Олов эдим. Полни тепсам шифт титрарди. Энди-чи… полни тепсам тиззам қалтирайди.

Шундай деб, Президент яна қайтиб ичкариги хонага кирди ва у ердаги  эшиклардан бирини очди. Ҳожатхона… Бормай турдим.

-Нега қараб турибсан, нима дедим, соясан,  қуёш орқадан чиққанда олдимда ва олдиндан чиққанда орқамдан юрасан!

“Тундачи” деган гап ўтди хаёлимдан.

-Тундами?-Хаёлимни ўқигандек гапирди у. Тунда ёнимда ётасан! Қани бу ёққа кел!

Жаҳонгир Муҳаммад

(Давоми бор)

Advertisements

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: