Президент тансоқчисининг кундалиги
4.Синов
Ҳам олийгоҳдаги ҳам бу ёқдаги дарсларга қатнаб юрсам тўсатдан синовга чақириб қолишди.
-Ўзингни кўрсат, муҳим одам томоша қивотти,-дедилар адам.- Бу сен учун ҳам, мен учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи.
Атрофга қарасам Адам ва ёрдамчиларидан бошқа одам йўқ. Кейинчалик билдимки, ўшанда бўялган деразанинг ортида МХХ раиси ва “СП” раҳбари ўтиришган экан.
Бир карате устаси билан майдонга туширишди. Говдаси бесўнақай киши. Соқоли ўсган, кўзлари киртайган. Қўлларининг мушаги кўйлагини йиртай деб турибди. Башарасини қора булут қоплагандек. Қошини чимириб олганми ёки ўзи шунақами кўзлари билан қўшилиб кетганга ўхшайди. Бели бироз ингичкароқ, аммо оёқлари филникидек бақувват.
Уста Вуннинг ўргатгани бўйича рақибимни бир зум зоҳиран ўргандим, кейин ботинига назар солишга уриндим. Кўзи ғамгин. Ичи тўла дард. Худди ёмон ҳақорат эшитиб, жавобан бақиравериб пўтиқиб кетган кишидек кўз томирлари ёрилгани сезилиб турибди.
“Бундай одамдан қўрқиш керак”, дерди уста. “Ҳаёт-мамотини ўртага қўйган одам ички томирларини кўзи орқали ташқарига кўрсатади”.
У каратечи бўлгани билан кўриниши асли боксчи эканлигини айтиб турибди. Боксчи бўлганда ҳам калласига анча мушт еган. Жаҳли пишқириб турибди.
У ҳужум қилиб турди. Ортга чекиниб-чекиниб унинг маневерларини кузатдим ва кутилмаганда ҳавода бир айланиб калласига тепдим. Эсанкираб қолди. Иши осон битди-ку деб турсам, бир зумда ўзига келиб, яна пишқира бошлади. Оғзидан кўпик чиқиб, мен томонга бостириб келаверди.
Хаёлимда Уста Вуннинг гаплари айланмоқда.
“Бу энг яхши фурсат, чап бериб, зарбани шиддат билан кўксига ёки икки қошининг орасига урсанг гурса йиқилади”.
Лекин ҳали жанг қилганим йўқ. У бунга муносибмикан?
“Хаёлингда иккиланиш пайдо бўлдими, ютқазасан”.
Адам нима дедилар? “Бу сен учун ҳаёт-мамот масаласи”. Демак, гап жиддий. Ўзимни ҳозир кўрсатмасам, қачон кўрсатаман?
Бир ҳаракатимдан кейин ҳалиги “ҳўкиз” ағнаб тушди. Уни турғазишга уринишди. Бўлмади. Судраб олиб чиқишди. Шу пайт эшикдан бошқа бир кишини олиб киришди. Буниси новча, мускуллари билан суяги қўшилиб кетган, кийикдек чаққон. Аммо унинг ҳам кўзлари қонга тўлган. Майдонга келиши билан׃
“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”- деди.
“Товушингни ўчир!” Бу адамнинг овози.
Худди “Товушини ўчир” дегандек туюлди. Ҳавода айланиб кўкрагига тепаман десам, қўлини девор қилди. Суяклари бетондек. Демак узоқ вақт шуғулланган. Лекин уни ҳам бироз ўйнатиб, ер тишлатдим. Учинчисини олиб келишди. Унисини ҳам судраб олиб чиқишгач, МХХ раиси кириб келди׃
-Отангни оқладинг. Агар биттасига енгилсанг отанг ҳам, сен ҳам кетардинг,-деди елкамга уриб.
Кейинчалик билсам “Ёш болани ишга олди. Тағин ўзининг ўғлини” деб адамни президентга шикоят қилишибди. Баъзан шикоятлар “тескари “реакция” беради. Президент адамни чақирибди. “Синаб кўринг” десалар вақт ҳам бермай, бу “можаро”ни ташкил қилишбди.
Адам׃
-Сендан кўнглим тўқ эди,-дедилар.-Лекин ана улар ҳам таҳликали эди. Жонидан тўйган одамлар. Уларга׃ “Шу болакайни енгсанг, озод қиламиз” дейилган. Озодликка чиқиш орзуси ҳамма нарсадан кучли бўлади.
“Озодликни йўқотиш ҳамма нарсадан ёмон!” Бу гапни адамга айтмадим.
“Маҳмаданалик қилма” дейишларини биламан.
“Синовни” видеотасмага ёзиб олишган экан. Президент кўриб “У билан ўзим гаплашаман” дебди. Йўлга чиқдик.
Адам׃
-Тилингни занжирга боғла, бутун вужудинг қулоққа айлансин. “Батя” гапирган одамни эмас, эшитган одамни яхши кўради. Савол берса ҳам индамай тур, жавобини ўзидан эшитасан. Унутма, у оддий одам эмас. Катта мамлакатнинг раҳбари. Ҳамма ҳам бу даражага ета олмайди. Сен туғма “тайчи” бўлсанг, у туғма устадир. Уста бўлганда ҳам миллионлаб “тайчи”ларнинг устаси. Унинг устига сен ёш боласан, у эса…
Адамнинг мана шу гаплари ёқмайди. Қачонгача ёш боламан? МХХнинг раиси елкамга қоқиб “Маладес” деб турганда ёш болалигим қолдими? Ўзимни қаерда қандай тутишни биламан. Ёқмасам ишдан ҳайдайди. Бориб ўқишимни давом эттираман. Мендан кучлисни топишолмаса яна чақиришади. Мен булар учун эмас, тайчи учун туғилганман…
-Авзойинг бузилмасин, ўғлим, “Батя”нинг олдида ҳеч бўлмаса кўзларинг кулиб турсин. Қани кетдик… олтинчи қаватга!
Жаҳонгир Муҳаммад
(Давоми бор).
Filed under: Oltinchi qavat | Tagged: Олтинчи қават, Jahongir Mamatov |
Leave a Reply