Ассассин (Тарихий-замонавий роман)

soyaБЕШИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Нилуфар ўзига келганда қаерда эканлигини билолмай қолди. Атроф зимистон, қўланса ҳид димоғига урилмоқда. Негадир кўнгли айниб, ичидан бир нарса томоғига тиқилиб келмоқда. Нима гап? Туш кўряптими? У ҳеч нарсани тушуна олмади. Бутун вужуди худди қум солинган қопларнинг остида қолган каби қимирламас ҳолда эди. Кўзлари ачишгани боис ишқамоқчи бўлди, шундагина қўллари орқасига боғлаб қўйилганини ҳис қилди. Юраги шувиллаб кетди. Бирдан чақмоқдек ялт этган нарса унинг хаёлларига Рустамнинг сиймосини михлади.
Нилуфар кейинги кунларда қийин вазиятга тушиб қолганди. Ота-онаси ҳам Махфират холанинг гапига қўшилиб, унга босим ўтказа бошладилар.
-Қиз бола вақти етганда эрга тегиши керак, кейин кеч бўлади,-дерди онаси.
Отаси ҳам фақат тўйга тайёргарлик ҳақида гапира бошлаганди. У эса Рустам ҳақида ўйларди. Рустам нимаси биландир унинг юрагига кириб борганди. Аммо Рустамни ҳали тўла билмаётгани, унинг феълидаги оғирлик, кичик нарсаларга ҳам жиддий эътибор билан қараши, хушчақчақ эмаслиги ва бошқа нарсалар ҳам унга тинчлик бермасди. Аммо қандайдир таъсир кучи бор эди. Бувисининг уйига борса, Рустамнинг ана шу таъсир доирасидан чиқа олмаслигини биларди. Шу сабабдан бормасликка қарор қилди. Ҳеч бўлмаганда бир ҳафта ёки икки ҳафта уни кўрмайинчи нима бўлади, деб ўйлади. Бир умр бирга яшаши керак бўлган одамни яхшироқ билгиси келарди.
Ўқишга бориб келаркан баъзан қайси йўлдан бориб, қайси йўлдан қайтгани ҳам эсида қолмасди. Фақат хаёллари билан олишар, кўз олдидаги Рустам сиймосини тўла кўришга уринарди…
Бирдан Нилуфарнинг эсига ёнида бир машина тўхтагани тушди. Ўқишдан қайтаётганди. Ғира-шира пайт эди. Уларнинг уйига борадиган йўлак яқинида машина тўхташи диққат тортувчи ҳол бўлса-да у қиё боқмаганди. Чунки Рустам уйларига келиб кетгандан кейин уни таниган тенгдошлари ҳам қайтадан ҳаракатга тушиб қолгандилар. Шулардан бири бўлса керак деб парво қилмади. Ўшанда кимдир югурганча орқасидан кела бошлаганини сезди. Аммо қайрилиб қарашга улгурмади. Унинг оғиз бурнига нам бир латта босилгани ва нафас олиши қийинлашганини эслайди, холос.
Наҳотки, Рустам мени ўғирлаб қочди, деб ўйлади Нилуфар. Йўқ, у қўйнинг ҳам оғзидан чўп олмайдиган бола. Қолаверса, ҳамма унинг томонида. Истаса уйимизга ҳам кириб келиши мумкин эди. Бувимга айтса, бир нарсани баҳона қилиб келишарди. У ўғирлаб келса ҳам нега бу совуқ ертўлага қўйсин? Нега қўлларимни боғласин? Бу аблаҳ Алишернинг иши. Кимдир уни МХХга ишга ўтган, ҳам ўқиб, ҳам ишлаяти деб айтганди. Отаси эса президентга маслаҳатчи бўлаётганмиш деб эшитганди. Қайси кун уни Рустам билан бирга кўриб қолди. Шундан кейин пайтавасига қурт тушган. Илгари ҳам неча марта гап очди, совчи қўйди, аммо истамадим. Мана энди аблаҳлик йўлига ўтибди. Бечора бувим, ойим-адам нима қиладилар, нима дейдилар энди? Рустам нима деб ўйлайди? Унинг кўзига қандай қарайман? Кошки розилик бериб, тўйни тезроқ ўтказсак бўлармикан? Бу нима кўргулик? Аблаҳ Алишер мени яхши кўрса, шу куйга соладими, шарманда қиладими, зах ертўлага келтириб ташлайдими? безбет, бир куни “Сен билан иккаламиздан жуда келишган ўғил туғилади” деб уялмай нетмай юзимга айтди. Буки, нияти бузуқ экан-да!
Нилуфар хаёлларида ўзига саволларни қалаштириб ташлаётган бир пайтда темир эшик очилиб, ичкарига бир киши кирди:
-Нилу ўзингга келдингми?-деди у.
Бу Алишер эди.
“Аблаҳ!” дея бақирмоқчи бўлди Нилуфар, лекин бақира олмади. Шундагина оғзига нимадир ёпиштириб қўйишганини сезди. Алишер келиб, ўша ёпиштирилган нарсани тортиб, шарт етиб юлиб ташладида, егилганча Нулуфарнинг лабидан ўпа бошлади. Нилуфар тилини сўришга интилётган совуқ лабни қаттиқ тишлаб олди. Алишер бирдан ўрнидан туриб оғзини ушлганча ташқарига чиқар экан:
-Қанжиқ, онангни кўрсатаман!-деди.-Ҳали сенми ватан хоинига эрга тегадиган!
-Менга десанг ўлдириб юбормайсанми, мен ҳеч қачон сеники бўлмайман!-дея бақирган Нилуфар, Алишер эшитсин дея қаттиқ-қаттиқ тупуриб ташлади ва:
-Сен тупуксан! Туршак! Аблаҳ!- деди ва ҳунграб йиғлаб юборди.
Бир оздан кейин тақара-туқур овозлар эштилди. Иcкарига бир неча киши кириб кедли. Улардан бири:
-Қиз шу ерда экан, топдик, қўллари боғланган!-деди.
У милитсия кийимида эди. Орқадан кириб келган фуқаро кийимидагилардан бири:
-Тез қўлларини очларинг, сув берларинг, ана у аблаҳни милитсия бўлимига олиб борларинг,-деди.
Милитсионер қўлларини ечар экан, Нилуфар беихтиёр бошини унинг елкасига қўйиб, ҳичқириб йиғлай бошлади.
-Йиғлама қизим, биз сени қутқаздик. Яхшиям вақтида хабар хабар топдик. Бўлмаса у аблаҳ бола, билмадик, нима қилган бўларди. У илгари ҳам бир қизни ўғирлаб, зўрлаб, кейин ўлдирган экан. Тавба, тағин юридическини битираётган экан-а,-деди.
-Қарасангчи, бу камеранинг калитини қаердан олди? Ким билан тил бириктирди? Уни яқинда бу соҳага ишга ўтказишган экан. Тошкентда машина ўғрилари мафиясига ҳам раҳбарлик қилар экан… иплос, бировнинг кўз қораси бўлган қизини ўғирлаб қаёқларга олиб келганини қаранг-а?! Давлатимизнинг, мустақиллигимизнинг обрўйига мана шунақалар соя туширмоқда,-деди эшик ёнида турган киши.
Нилуфар Алишернинг кун ора янги машина минишини эслади. Демак, ҳаммаси ўғирланган машиналар экан-да. Отаси шундай катта ишда ишласаю боласи шунақа жиноятчи бўлса?
Худди Нилуфарнинг хаёлидагини ўқиётандек, фуқаро кийимидаги киши милитсионерга:
-Отаси яқинда юртбошимизга маслаҳатчи этиб тайинланибди, бу ишимизни жуда оғирлаштиради, аллақачон бошлиқларга телефон келаётган бўлса керак!-деди.
-Падарига лаънат, бу катталарнинг ҳаммаси боласини эплолмайди. Битта боласини тарбиялай олмаганлар миллатга қандай қилиб бошчилик қилар эканлар?-деди фуқаро кийимида киши баланд овозда.
-Секинроқ гапиринг, деворнинг ҳам қулоғи бор!- дея уни огоҳлантирди милитсионер.
Шундан кейин сукунат чўмди.
-Ойим ва адамларга хабар берилдими?-деб сўради Нилуфар ташқарига чиқиб, машинага минишаётганда.
-Энди-да, ҳали сени топганимизга беш минут бўлган эмаску,қизим,-деди милитсионер кийимидаги киши.-Қолаверса, бу жойдан телефон қиламиз десак, сотиб юборадиганлар чиқиши ҳеч гап эмас. Бунинг устига бу жой уйларингдан анча узоқда. Биз Наманган деган жойдамиз. Эшитганмисан?
-Бўлмасачи?-дедию Нилуфар хаёлга толди.
У Наманганни яхши билади. Рустам наманганлик. Бирдан юраги орқага тортди. Энди Рустам нима деб ўйлайди? Ундан юз ўгириши аниқ. Қолаверса унинг ўзи Рустамга бу воқеани қандай қилиб изоҳлайди? Йўқ, у тушунадиган йигит. Балки ҳамма нарсани англаб олар ва ҳатто бу борада гап ҳам очмас. Шуниси ёмонда. Индамай юриб, дилингни хуноб қилади. Ундан кўра бир марта гаприб қўя қолса, ҳаммаси ортда қолади…
Улар минган машина ғиштлик бир бинонинг темир дарвозасидан ичкарига кирди.
-Қаерга келдик?-деб сўради Нилуфар.
-Бу ер ҳукуматнинг биноси, кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳозир ота-онангизга телефон қиламиз, улар келиб, сизни Тошкентга олиб кетишади,-деди фуқаро киймидаги киши.
Нилуфарга ичкарида сув ва овқат беришди. Аммо томоғидан овқат ўтармиди?!
Кўп ўтмай ҳалиги фуқаро кийимидаги йигит келиб ўзини таништирди:
-Менинг исмим Олимжон, боя айтишга ҳам улгурмабман,-деди.- Сизнинг ишингиз билан бундан буёғига ҳам шуғуланиш менга топшрилди..
-Ота-онамга телефон қилишдими?-сўради Нилуфар.
-Қилдик, аммо яхши хабар йўқ. Улар жуда ҳам ғаззабда. Бунақасини кўп кўрганмиз. Бошида шундай бўлади. Улар сизни атайлабдан Алишер билан қочиб кетган деб ўйлашмоқда…
-Алишернинг жиноятчи эканлигини айтмадингизми, ахир?
-Афсус, айтолмадик. Унинг отаси жуда катта ишда ва орага катта одамлар аралашиб, ишнинг унга оид қисмини дарҳол ёпиб ташлашди. Бу гапни сизга айтишим мумкин эмас, эди. Аммо билишингиз ва тушунишингизни истаганим учун айтдим. Буларнинг ҳаммаси яшин тезлигида бўлди. Биз сизни топган жойдан бу ерга келгунимизча осмон узилиб, ерга тушибди. Менга ҳатто Алишернинг номини тилга олишимни ҳам таъқиқлашди. Ўзинг пиширган ошни ўзинг совут дейишди…
Нилуфарнинг бошига харсанг тошлар ёғилгадек бўлди. Улардан бирининг учи худди бошига санчилиб қолгану оғриқ ўрнига олов пайдо бўлганди. Иссиқлик теппадан пастга худди вулқон лавасидек оқа бошлади. Кўзлари тиниб, боши елкасидан узилиб тушгандек бўлди.
Давомини эслай олмайди. Ўзига келганда оқ чойшабли тўшакда ётганди. Ёнида эса яна Олимжон.
-Бизни қўрқитиб қўйдингиз,-деди у.- Инсоннинг бошига жуда кўп ишлар келади. Аммо бардошли бўлиш керак. Мен ўзим бориб ота-онангиз билан гаплашаман ва уларга секингина тушунтириб қўяман. Зотан делони бутунлай ёпиш учун уларнинг ҳам, сизнинг ҳам имзоларингиз керак бўлади.
Нилуфар ҳиққилаб йиғлай бошлади.
-Йиғламанг, Махфират холага ҳам, Рустамга ҳам ўзим тушунтираман…,-деди Олимжон майин овозда.
-Уларни қаердан биласиз?-Нилуфар ажабланган оҳангда савол берди.
-Улар ҳам ота-онангиз каби сизни қочиб кетган деб аза очиб ўтиришган экан. Рустам ҳатто Махфират холанинг уйидан кўчиб ҳам кетибди. Унга ялиниб-ёлворишса ҳам у қизингиз енгилтак эди. Ўзим унинг ўша бола билан кўз уриштирганини кўргандим. Шундай гапи бор экан, нега мени ўйнатди деб чиқиб кетгани Махфират холани йиқитибди. У киши касалхонага тушибдилар. У дунё, бу дунё Нилуфарни кўришга кўзим йўқ деб ўтирган эканлар.
Нилуфар яна бошини ёстиққа ташлади. Кейин сочларини юла бошлади:
-Энди нима қиламан! Энди нима қиламан!,-дерди, холос.
-Сиз ёш бола эмассиз. Сизнинг ёшингизда бўлганлар аллақачон мустақил одам ҳисобланади. Қолаверса, катта олийгоҳни қариб битириш арафасида турибсиз. Ўзингизни ушланг, бизни ҳам тушунишга ҳаракат қилинг, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, ҳаётимиз, карерамизни таҳликага қўйиб сизга ёрдам қилаяпмиз. Совет даври бўлганда Москвага шикоят қилардик. энди дардимизни кимга айтамиз. Юртбосимизҳинг гапларини эшитган бўлсангиз керак, шикоят ёзган одамнинг ўзини жазолаш керак, дедилар..
Олимжон шундай деб атрофга олазарак боқди-да овозини пасайтириб:
-Ким шикоят ёзса мана менга келади, деб турибди. Алишернинг отаси эса унга маслаҳатчи. Тоғ уларнинг қўлида, ташлаб юборишса ҳаммамиз эзилиб кетамиз. Бизга телефон қилиб, кўчага қўйиб юборинглар ёки ади-бади айтадиган бўлса психболнитсага тиқиб қўйларинг деб буюришди. Ана у Алишер бўлса, менга берларинг деб пўписа қилмоқда.
-Ўзимни ўлдираман, ҳаммасидан қутуламан,-деди Нилуфар,-ҳа, ўзимни олдираман…
У шундай деб ён-веридан нимадир қидира бошлади.
-Қулоқ солинг, ахмоқлик қилманг, бизни ҳам ўйласангиз-чи, сизни кўчага қўйиб юбордик, деб мана шу ерда яшириб турибмиз. Сизга яхшилик қиламан деб ҳаётимиз ёниб кетсинми. Мен ҳам янгиман бу ерда. Хўп, мен ҳали уйланганим йўқ. Аммо менга ёрдам берганларнинг тўрт-бештадан боласи бор. Гапнинг очиғи мен бундай ғавғога кирмас эдим. Аммо сиздай ақлли, эсли-ҳушли бир қизни шундай аҳволга туширишгани мени қаттиқ ташвишга солди. Қани адолат! Қани умидларимиз… Мустақилликдан шуни кутганмидик? Мустақил бўлдик деб ёш-ёш ҳаётларни жувонмарг қилиб юборамизми? Нима, отаси президентга маслаҳатчи бўлса, истаган ишини қилаверадими? Икки кундирки, шаҳарда тинчлик йўқ. Ўзи шу ерга келиб ҳамма бошлиқларни олдига солиб, сизни қидириб юрибди. Агар билиб қолишса биз ёниб кетамиз…
Олимжоннинг чин юракдан, куюниб айтган бу гапларидан кейин Нилуфар жим болиб қолди.
-Биласизми ота-оналар ҳам ахмоқ, шунинг учун ҳам қизини оқ қилиш мумкинми?
Худди Нилуфарнинг юзига кимдир тарсаки тортиб юборгандек бўлди, энди илгари бошидан қуйилган олов бу сафар кўкрагига ўрмалади.
Олимжон:
-Мана буни ичиб олинг,-дея Нилуфарнинг бошидан кўтариб, унга волидол ичирди.-Кечирасиз, айтмоқчи эмас эдим, аммо оғзимдан чиқиб кетди. Биласизми, мен сурхондарёликман, асли. Деновданман. Тошкентга ўқишга кетаман десам, уйдагилар қўйишмади. Уйлантириб қўямиз дейишди. Нима, уларнинг гапига кириб, уйланиб олиб, кейин поданинг орқасидан югуриб юришим керак эдими? Ади-бади гаплар бўлди. Айтишиб қолдик. Отам “Оқ қилдим” деб юборди. Чиқиб кетдим. Ўқишга кирдим, ўз кучим билан кирдим. Мардикорлик қилиб бўлса ҳам ўқиб битирдим, мана энди мени кечиришган, ҳозир яна болам истаганинг бўлса олиб кел, тўй қилиб берамиз, кейин яна қайтиб кетавер, деб ўтиришибди. Аммо юрадиган қизим йўқ, иш билан бўлиб бу масала ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабман.
Шу пайтга қадар юрадиган қизим йўқ дейиши Нилуфарни бироз ўйлатиб қойди. Аммо дарҳол хаёллари яна ота-онасига, Рустамга ва бувисига қадалди. Ҳамма ундан юз ўгирган экан, бувиси-чи? У киши Рустамни ўз ўгилларидек яхши кўриб қолгандилар. Нилуфар менинг бетимга оёқ қўйиб кетди, деб ўйлаган бўлишлари керак. Лекин ота-онаси-чи? У ота-онаси ҳақида ҳам ўйлар экан, гоҳо уларни тушунгандек бўлса-да аммо кўпроқ улардан ранжий бошлади. Рустамни эса ўйлашни ҳам истамасди.
Агар яхши кўрса, наҳотки шунчалик тез юз ўгириб кетади? Наҳотки севги деганлари шундай “лип” этиб келиб, “лип” этиб кетадиган бўлса? Бир воқеани сўраб-суриштирмасдан, ўрганмасдан дарҳол хулоса чиқараверадиган одам билан ҳаётингни боғласанг, бошингга иш тушиши билан ташлаб кетар экан-да?
Шу пайт бир киши эшикни таққиллатиб Олимжонни ташқарига чақирди. Зум ўтмай Олимжон ҳовлиқиб ичкарига кирди.
-Алишер шу орада экан, ғаззаб билан ҳаммани сўроқ қилаётганмиш. “Менга у ўғил туғиб бериши керак” деб юрганмиш. Аблаҳ! Нима қиламиз, энди?
-Нима қилсангиз ҳам мени унинг қўлига топширманг, бир умр қулингиз бўлишим мумкин, аммо унинг бир кунлик хотини бўлмайман,-деди Нилуфар зорланиб.
-Боя сизга айтишга юрагим бетламаганди. У аблаҳ Тошкентда ҳам Нулу меники, у менга ўғил туғиб бергандан кейин, никоҳ қилиб, иккинчи хотин қилиб оламан,-деб иплос гапларни тарқатган экан.
Аблаҳ, деб ўйлади Нилуфар! Алиш-калиш… У мактабда ҳам шунақа иплос гап қилиб юрар эди. Шунинг учун ҳам унга “алиш-калиш” деб лақаб қўйганди…
Аммо Олимжон Нилуфарга ўйлаб кўриш учун ҳам вақт қолдирмаётган эди.
-Тез ҳаракат қилмасак, бирорта одам сотиши мумкин. Биласиз бизда мансаб учун онасини ҳам сотадиганлар кўп. Алишер билан ошна бўлишни истаганлар тиқилиб ётибди. Бу ўзи қанақа дунё экан? Мен милитсия, хавфсизлик хизмати халқни ҳимоя қилади деб ўйлаб бу соҳага ўқишга киргандим. Акси экан, булар кечаю кундуз халққа қарши ишлар эканлар.
Мен сизни вақтинча ота-онамникига олиб бориб қўйишим мумкин. Аммо улар “бўлажак келиним” деган гап қилишларига шубҳам йўқ. Бунинг устига мендан ҳам шубҳа қилиб ота-онамнинг уйини текшириб кўришлари мумкин…Шунча дардингиз устига яна юк бўлади…
Аммо Нилуфарнинг қоп қора зулмат қоплаган кўнглида “лип” этган учқун учиб ўтгандек бўлди. Истараси иссиқ… ақилли.. ўзини эмас, бошқаларни ўйлайдиган… қаҳрамон…
Бу узуқ-юлуқ учқунлар зумда тарқалиб кетди. Олимжон эса ҳамон гапираётган эди.
-Бойсунда бир холам яшайдилар, ҳозирча сизни уларникига олиб бориб қўйсам бўлади. Сиз тайёрланинг, мен ишхонамга телефон қилиб, касал эканлигимни айтаман ва ҳозирнинг ўзи йўлга тушамиз, бўлмаса кеч бўлади.
Кўнгил қўйган йигитинг мана шундай, сен учун ўзини ҳам, ҳамма нарсасини ҳам фидо қиладиган, тезда муаммодан чиқиш йўлини топадиган, ақли чархланган бўлиши керак. Бир зумда ҳамма нарсани ўйлаб, чорасини топмоқда. Латтачайнар эмас. Ҳатто ота-онасининг кейинги гаплари ва ҳаракатларини ҳам тахмин қилиб, менинг кўнглим оғринмаслиги учун чиқиш йўлини топди. Унга ким ҳам тегса бахтини топади. Ҳар ҳолда кўз остига олгани бордур? Ёки… Ёки менга кўз тикдими? Бўлмаса нега бу қадар фидойилик қилмоқда? Агар кўз тиккан бўлса, тўппа тўғри ота-онасининг уйига олиб бормасмиди?…
Улар Намангандан Жиззах орқали Самарқандга етиб келганларида кеч кириб қолганди.
-Шу ерда бир танишим бор,-деди бу ерга қадар индамай келган Олимжон.-Бозорнинг ёнида яшайди. Нўхат, ҳасиб пишириб сотади. Уйини ресторандан ҳам яхши қилган. Жуда тозакор одамлар. Уларникига кириб овқатланиб, кейин йўлда давом этамиз.
Нилуфар индамади. Нима ҳам дерди?
Уй эгаси уларни яхши кутиб олди:
-Акамилло яхшимисиз, янгамлар, болалар яхшимилар…
Бу гап Нилуфарнинг хаёлига чақмоқдек урилди. Аммо Олимжон:
-Бу янгам шунақа, доим мени изза қиладилар. Бу деганлари янга топдингизми, болалар билан қачон келасиз, деганлари,-деди Олимжон.
Ҳалиги Тожик аёл:
-Бизни тўйга айтмасдан уйланиб олдингизми деб жаҳл қилдим, шунинг учун келинпошшани бир қиздирайин, дедим-да,-деди.
Нилуфарнинг кўнгли ёришиб Олимжонга қараса у ҳам тикилиб турган экан. Уялиб кетди ва кўзларини олиб қочди.
Овқатланиб бўлишгач:
-Чарчабман, шу ерда тунаб қоламиз, йўлга эрталаб чиқамиз,-деди Олимжон.
Бу жуда ҳам қарорли йигит экан. Агар шундай одаминг бўлса асло кўчада қолмайсан. Ўқишингга ҳам, ишлашингга ҳам ўрин қолмайди.
-Дарвоқе ўқишим нима бўлади?-деди Нилуфар Олимжонга.
-Аввал жонингизни қутқарайлик, кейин ўқишни ҳам ўйлаб кўрамиз,-деди Олимжон бепарволик билан.
У шундай деб уй егасига:
-Ётадиган хона борми?- деганди:
-Ана ўша ўзингиз ётадган хонанани яна тайёрлаб қўйдим,-деди у.
-Ҳар сафар Сурхондарёга кетишда шу ерда тунаб қоламан,-дея изоҳ берди Олимжон ва ичкарига кириб кетди.
-Ҳов, келинпошшани чақирмайсизми,-деди уй бекаси бироздан сўнг.
-Йўқ, у кишига бошқа хонадан жой қилиб беринг,-деди Олимжон ва қайтиб чиқиб:
-Нилуфархон, узр, жуда чарчаганман, сиз ҳам ухланг, ҳалиги гаплар орамизда қолсин,-деди.
-Ҳм, ораларингдан гап ўтибди-да, ёшликда кўп гап-сўз бўлади. Аммо бир томон оғир бўлиши керак. Ҳозир кириб, оёқлари ва елкаларини бир уқалаб қўйсангиз, олам гулистон!
Нилуфар қизариб-бўзариб кетди. Ичкаридан ярим яланғоч чиққан Олимжон:
-Янга илтимос у кишига жой қилиб беринг, бошлиғимнинг қизи бўладилр, ҳали розиликларини олганим йўқ. Ҳар хил гаплардан хафа бўлиб қолишлари мумкин,- деди.
Нилуфар ухламасдан тонгга қадар ўйлаб чиқди. Гоҳ йиғлади, гоҳо хафа бўлди. Аммо шундай довюрак ва ақлли йигит билан ёнма-ён тушиб қолгани эса унга таскин берди. Шу пайтга қадар у ҳатто қўлини ушламади. Аммо дастлаб йиғлаганда бағрига босганди, ўшанда Нилуфар аллақандай бир ҳис туйган аммо дардлари устун келганди.
Олимжон бўйдоқ бўла туриб, унга нисбатан бефарқлиги Нилуфарда шубҳа ҳам уйғотди. Яна буларнинг ҳаммаси Алишернинг режаси бўлиб чиқмасин? У Олимжонни қўлга тушириб, мени бир четга олиб кетаётган бўлмасин? Негадир баъзи гаплари сунъий чиқиб қолаётганга, юрагидан чиқмаётганга ўхшамоқда. Ёнида шундай чиройли қиз бўлсаю у парво қилмаса? Э, чиройинг қолдими.? Кўзларинг киртайиб, аҳволинг бир ҳол бўлиб турибдию хаёлингга келган нарсага қара!
Бу фикрлар хаёлига келгани учун Нилуфар ўзини айблади.
Ахир Олимжон мен учун ҳаётини тикмоқда-ку? Дунёда шундай фидойи, адолатли инсонлар ҳам кўп. У ўзига хос характерга эга. Балки эзилиб-сузилиб гапиришни ёмон кўрар? Балки кўнглига келганини шартта айтиб қўядиган одамдир? Ундай бўлса, ҳали бирдан “Сизга уйланмоқчиман” деб қолса, нима қиламан? Уф, яна хаёлинг қаёқларгадир кетмоқда. Сенга нима бўлган ўзи?
Нилуфар Сурхондарёга боргунча ҳам ана шундай хаёллардан қутула олмади. Гап орасида Олимжон:
-Борадиган жойимиз, асл холамники бўлмаса ҳам Хатича хола чин холамдан ҳам зиёд. Илгари мен Афғонистон бўйича ишлаганимда, шу ердан ўтиб, шу ердан қайтар эдим. Ҳа, ҳали ёшку, илгари ҳам ишлаган эканми, деб ажабланманг. Бу ишга жуда ёш кирганман. Ҳали олийгоҳда эканлигимда таклиф қилишган. Киноларда кўрган бўлсангиз керак, гиёҳвандларни ушлаш учун уларнинг орасига айғоқчи юборишаиди. Мени ҳам шу ишга жалб қилишган. Аммо тезда воз кечдим. Қарасам, ҳамма катталар аралашган. Виждонимга тоғри келмади. Ташлаб кетай десам, қўрқоқлик бўлади дедимда бу тизимнинг ичида қолиб адолат учун курашаман деб ўзимга қарор бердим. Мана сизни қутқазишим ҳам шу йўлдаги бир уринишим. Агар сизни қутқаза олсам, ўзимни бахтли ҳис қилар эдим.
Олимжон шундай деб Нилуфарга қаради ва ҳар иккаласининг кўзларида ним табассум айланагандек бўлди. Нилуфар титроқ овозда:
-Раҳмат…- деди.
Хатича холанинг уйи Бойсуннинг марказига яқин жойда экан. Худди шаҳарлардагидек қилиб қурилган. Ҳатто ҳовлига кирадиган темир дарвозаси Тошкентни эслатди.
Уларнинг келишларидан холанинг хабари бор экан.
-Мен телефон қилиб қўйгандим. Ҳа, дарвоқе, мен кетгандан кейин адашиб бировга телефон қилманг. Алишер ҳамма телефонларни эшитишга буйруқ берибди. Мен махсус асбобни қўллаб телефон қилдим,-деди Олимжон Нилуфарни холага таништириб бўлгач.
Хола, Нилуфарни қучоқлаган бўлдида чой олиб келай деб ичкарига кириб кетди. Улар ташқаридаги сўрида ўтиришди.
-Мени бу ерларга ташлаб кетасизми? Мен бу ерда нима қиламан? Қачон келасиз?-деди Нилуфар.
-Мен бориб вазиятни ўрганиб, тезда қайтаман. Бир йўлини қиламиз. Балки… балки сизни ота-онамникига олиб борарман… Улар сиздай соҳибжамолни кўриб қувониб кетадилар…
Нилуфарннг вужуди тутраб, баданида нимадир ўрмалаётгандек бўлди ва ўзини ноқулай сезди. Аммо шу бир гап унинг елкасидаги тоғни йиқитиб, шодликлар боғининг эшигини очиб юборгандек ўзини енгил сезди.
Олимжон жой ичиб, хола дамлаб қўйган ошдан еди-да ичкарига кириб холага нималарнидир тушунтириб, таҳсқарига чиқар экан:
-Мен энди йўлга отланай, етиб бормасам, қидириб қолишади, менинг бу гўзалимни ёмон кўзлардан асранг, саунани ишга солинг, олдин бир ҳузур қилиб ташвишларини унутсинлар, кейин ҳордиқ оладилар…,-деди.
У шундай деб машинага ўтирдида:
-Тезда қайтаман,-деб кетиб қолди.
Нилуфар гўё қушга айланган ва атрофдаги тоғлар томон учгиси, кейин йўлга тушиб Олимжонни тўхтатгиси келарди. Хола уни саунага бошлаганда дунёда шундай жойлар борлигидан ҳайратга тушди. Саунанинг ичидаги тахталар худди олтиндек товланиб турибди. Кираверишда яп янги оёқ кийимлари, янги сочиқлар… Беш олти киши чўмилиши мумкин бўлган ҳовуз тиниқ сувга тўлдирилган…
-Олимжон олтин йигит, худди ўз ўғлимдай кўраман уни, бутун топганини шу ерга ташийди. Бу уйда Тошканда бўлган ҳамма нарсани муҳайё қиламан, дерди фақат. Ундан ўтказиб ҳам юборди. Бир куни унга бу уйда фақат бир ҳурлиқо йўқ десам, “Кўрасиз, ҳали бир кун ҳурлиқо ҳам кириб келади” деганди. Мана ўша кун ҳам келди…-холанинг бу гаплари Нилуфарнинг қулоқларига маҳкам ўрнашиб қолди.
У иссиқ саунадан чиқиши билан хола уни ичгаридаги хонага бошлаб қўл оёқларини уқалаб қўйди:
-Айланайин, бу қадар гўзал қизим,-дея турли атир упаларни олиб келиб уни эркалата бошлади. Нилуфар чет элларда чиқадиган бу атр упаларни кўриб ҳайрон қолди.
-Буларни Афгонистондан олиб келган ва “Бир кун мен олиб келадиган ҳурлиқога ишлатасиз” деганди…
Холанинг эркалашлари билан Нилуфарнинг кўзи юмилди. Бир пайт сочларини силаётган қўлнинг тафтидан уйғониб кетди. Қараса, Олимжон…
-Сизни ташлаб кета олмадим, йўлдан қайтдим,-деди у Нилуфарнинг қулоқларига пичирлаб.
-Мени ҳеч қачон ташлаб кетманг, сиз бўлмасангиз нима қиламан бу дунёда?,-дея Нилуфар йиғлай бошлади.
-Йиғлманг, доим ёнингиздаман, энди мен сизники, сиз эса меники, ҳурлиқомни топдим, ниҳоят!
Олимжон ҳарир халатга ўраниб ётган Нилуфарни бир зумда қип яланғоч қилиб, бағрига олди. Зум ўтмай Нилуфарнинг қичқириғидан хонанинг деразаси зириллагандек бўлди. Аммо бу қичқириқ нолали эмас, балки ҳузурбахш қичқириқ эди.
-Мен шундай бўлади, деб ҳеч ўйламагандим. Мен тўй бўламан деб ўйлагандим,-деди у чарчаб қолган Олимжоннинг кўкрагидаги тукларини силар экан.
-Тўй ҳам қиламиз. Агар жуда истасангиз тўйдан кейин қиз бўлиб чиқасиз…
-Уятсиз..- дея Нулуфар қўллари билан Олимжоннинг оғзини бекитди.
-Нима, тиббиёт олийгоҳида бу ҳақда гап бўлмаганми?
-Бас қиласизми йўқми…
Шу пайт телефон жиринглади. Хола Олимжонни чақирди. Олимжон эшикни ёпиб, нариги хонага отди-да Нилуфар эшитмасин дея овозини пастлатиб:
-Ҳаммаси зўр,- деди кимгадир.- Аммо ҳали видеога олишнинг имкони бўлмаяпти. Бироз ўжар. Уч-тўрт кунда пишираман! Паспортини эса тайёрласа бўлаверади!…

1990 йил

Бундан қарийб юз йил олдин содир бўлган дея айтиб берилаётган ҳикояларни берилиб эшитиб ўтирган Каримов қозига:
-Тоҳир нима қилди? Нозомул Мулкни ўлдирдими ёки саройга боргунча фикридан қайтдими? Ёки қўлга тушдими?-деди ҳокояларни тугатинг маъносида.
-Шайх Ҳасаннинг одамларидан бирортаси ҳам йўлидан қайтгани ҳақида бугунга қадар маълумот йўқ,-деди қози. Суҳбатни эшитиб ўтирган муфти ҳам бошини қимирлатиб унинг гапларини маъқуллади. Қози яна сўзида давом этди:
-Агар Тоҳир фикридан қайтганда унинг жойига бошқа одам барибир Низомул Мулкни ўлдирар эди. Кейин Тоҳирни ҳам. Шайх бунинг ҳам чорасини кўриб қўйган эди…
Каримов қозининг гапини бўлди:
-У пайтнинг одамлари бошқа, бугунгилар бошқа. Бугунгиларни фақат наша билан алдай олмайсиз. Ёки Худони ўртага қўйсангиз ҳам тониб кетишади. Бугунгиларга ишониб бўлмайди, кичкина мансаб учун ҳамма нарсани сотиб юборишади.
-Гап тарбияда,-дея жавоб қилди қози.- Шўролар даврида буларнинг иймони ҳам, ишончи ҳам йўқолди. Бу бир томондан ёмон. Улар Худога ишонмайдиган бўлдилар. Аммо иккинчи томондан яхши. Уларни ҳар нарсага ишонтириш мумкин.
-Менинг шайхлик қилишга на вақтим, на тоқатим бор,-деди Каримов.
-Биз бир жойда ёшларни жунбушга келтирамиз. Сиз уларнинг ёнига бориб “Ислом давлати қуриб бераман” дейсиз. Аммо кейин уларни қувғинга оласиз, чиқиб кетадиган йўлларини биз томонга буриб қўясиз, ораларидан фидойиларни ман мен ўзим танлайман,-деди қози.
Улар яна анча гаплашиб, чиқиб кетганларидан кейин Каримов маслаҳатчиси Алимовга:
-Мен бу икки муллага ҳам ишонмайман,-деди.- Бунисига муфтилик керак. Ҳозир унга қарши кайфият кучайган. Менинг мададим бўлмаса онасини учқўрғондан кўрсатишади. Шунинг учун ошнаси қозини бошлаб келган. Аммо уларни ўз оғзидан илинтириш керак. Улар бизни эмас, биз уларни қўлланайлик. Айтганларини қилайлик. Шу баҳонада ҳамма диний гуруҳлардан қутуламиз. Фаолларинии қозининг ҳузурига жўнатасан. Мен яқинда Ҳолландияга бораман ва ўша ерда баёнот бериб, бизда диний экстремизм таҳликаси кучли деган гапни айтаман. Шундан кейин бутун Ғарб ҳам бизнинг ҳамкоримизга айланади. Қозининг йўлига ўтганларни эса ғарбга қарши қўямиз. Болаларингни тўплаб, бунинг планини қилинглар. Бир жойган бир оғиз гап чиқса оғзингни бутунлай тикиб қўяман..
Алимов одати бўйича индамай турди. Каримов эса одати бойича давом этди:
-Самарқанд райони билан Пастдарғом райони орасида Хишрав деган жой бор. Ўша ерда аскарларнинг махсус полигони бор. Ҳозир ИИВнинг 7 бўлими фойдаланмоқда. Уларни бирорта қурилиш идорасига кўчир. Хишравда Шайх Ҳасаннинг йигитларига ўхшаган фидойиларни тайёрлайсан. Дарвоқе, муфтининг уйига томдан битта гранат улоқтириб, уни душманларинг қилди деб қўрқитиб қўйларинг. Қанча қўрқса, шунча бизга яқин бўлади. Агар ўйинда фаол қатнашмаса битта комиссия юбориб, дело қилиб қўй. Буларни яхшилаб жиловламасанг, пайтини пойлаб қорнингни ёришади.
-Ҳалиги гуруҳга оладиганларимиз, ўзимизникилардан бўлсинм-ми?-деди Алимов. У ҳеч қачон мана бу ишни мана бундай қилайлик демас эди. Таклифини саволга ўраб айтар ва Каримов дарҳол уни тушунар эди. Энди ҳам у ўзимизникиларни аралаштирмасак яхши бўларди деган гапни саволга ўраб Каримовнинг олдига ташлади.
-Йўқ,-деди Каримов,-ўзингники гўрга ҳам ярамайди. Бошқа миллатлардан бўлсин. Масалан МХХнинг илгариги Дзержинский мактабларидан рус тилли йигитчаларни териб оласан. Шунингдек, қамоқларни кўриб чиқ ва миллий низолар туфайли қамалганлар орасидан ҳам танла!
-Бир иккита ўзимиздан ҳам қўшмасак, кейин муммолар чиқиб кетмасмикан?,-деди Алимов қўлидаги папкасини кўкрагига босиб.
-Ундан бўлса, спорт тўгаракларида чиниққан болалардан ҳам танла. Аввал бир нарса билан айблаб қамайсан, урасан, момоталоқ қиласан, ўлимига рози бўлсин, кейин мен уни авф этиб, катта маош белгилаб қўаман. Шунда ҳам ота-онаси, яқинларини гаровда сақлайсан.
-Ҳар эҳтимолга қарши, бир нарсани сўрақмочи эдим,- деди Алимов.- Мабодо четга бир гап чиқиб қолса, нима қиламиз?
-Гап чиқмаслиги керак, тамом!
Каримов бироз ўйлаб турди-да,
-Бўпти кейинчалик уларни Президент гаврдияси деб расмийлаштирамиз. Аммо расмийлар ёнида норасмийлари ҳам бўлсин. Истаган пайтда истаган одамни йўқотадиган, уйига ўт қўядиган, қочиб кетса ушлаб келадиган, митингларни тарқатадиган, ҳукуматдагиларни, вилоятдагиларни кузатадиган махсус бўлимлар тузасан. Ер остида илон юрса билишимиз керак.
-Бу МХХни ишига ўхшаб қолмайдими?-сўради Алимов.
-Айни пайтда ИИВ ни ҳам, МХХни ҳам назорат қиламиз. Лекин ҳозирча бу идораларнинг раҳбарларини қўллан, кейин уларни йўқотамиз. Сенинг болаларингдан келадиган маълумот асосида уларнинг маълумотларини бир икки пучга чиқарсак, оёғлари куйган товуқдек питирлашиб қолишади. Ҳа, айтиш эсимдан чиқибди, Жўрабеков билан Умрзоқов битта ҳожатхонага борадиган бўлиб қолишган. Иккаласи ҳам сени ёмонлаб юрибди. Мана бу делони тайёрлаб келишибди. Раҳим Ражабов ҳам уларга қўшилган. Ҳаммасини кузатувга ол! Ўзингга яқин болалардан бирортаси бўлса, олиб, кел, иш бераман, бу ҳам уларга таёқ бўлади…
Алимов шу куниёқ Самарқанга борди ва вилоят ҳокими Абдураҳмонов билан Хишрав посёлкасига йўл олди. Аввалига Абдураҳмонов ҳеч нарсадан бехабар эди. Кейинчалик билса ҳам билмасликка олди. Тез орада Хишравда махсус баталон тузилди. Алимов вилоят ҳокимига, ИИВ вазири ва ММХ раисига президент гвардиясини тузмоқдамиз, деса-да, аслида дор остидан қочганлар бир жойга тўпланаётганидан улар ваҳимага тушаётгандилар…

Давоми бор.

Жаҳонгир Муҳаммад

Advertisements
%d bloggers like this: