ҚАРАШЛАР
БИЗ
Ўғизхон юртини ёғий ўради. Тинчлик, осойишни истаган Ўғизхон сулҳ истади.
Душман ундан Ғиротни, дул-дулни сўради. У рози бўлди. Беклар ташвишда қолдилар.
Сўнг душман ундан суюкли ёрини сўради. У рози бўлди. Беклар ғазабга тўлдилар.
Сўнг душман ундан ерини, юртини сўради. Беклар индамадилар. У ҳам ташвиш, ҳам ғазаб билан жангга кирди. Ғолиб чиқиб отини ҳам, номусини ҳам сақлаб қолди.
Бизнинг шоҳга айёр ёғий аввал ёрини берди.
Ҳеч ким парво қилмади.
Сўнг отини берди. От тахт белгиси… Ҳамма шод бўлди.
Эвазига еримиз ва мулкимизни олди. Ҳамма индамай тураверди, тинчлик, осойишни истаб…
Чунки шоҳ Ўғизхон эмас, биз эса Ўғиз кимлигини ҳатто билмас эдик.
ЮЛДУЗЛАР
Юлдуз ва байроқ…
Қадимда Византияни душман қуршаб олибди. Ҳарчанд уринмасин, истеҳкомни ёриб кира олмабди. Шунда ҳийла ишлатилибди. Ер ости йўли ковлаб, тунда шаҳарга энди кира бошлашган маҳали бутун жониворлар ваҳимага тушиб, итлар акиллаб, мушуклар миёвлаб халқни бедор этишибди.
Уйғонган халқ ҳийлани англаб, душман йўлини тўсибди.
Кейин билишса, ўша пайт кўкда ойнинг ўроғига юлдуз тўғри келиб қолган экан. Бу ғайриоддий тасодиф фалокат белгиси экан. Буни англаган жониворлар ваҳимага тушибди.
Оний муҳорабада ғолиб чиққан византликлар байроқларига ой ва юлдузни рамз қилиб олишибди.
Кўп ўтмай улар туркларга қул бўлишибди.
Усмонлилар ҳам ғалаба рамзи, дея байроқларига ой ва юлдузни тақишди.
Шу-шу уларнинг ҳам бошларида қора булут айланаверди.
Ой ва юлдуз байроқларни безайверди, фалокат келаверди.
Ҳатто Октябр тўнтаришидан кейин шўроларнинг ҳам ишқи ой ва юлдузга тушди.
Шу асосда улар ўроқ-болға бирлиги деган ғояни илгари суришди. Бу ҳам фалокат бошлаб келди.
Биз байроғимизда бир ойнинг ўроғига ўн икки юлдузни жойладик. Мақтовлар, қарсаклар, зиёфатлар аро…
Ишқилиб, юртимдан фалокат узоқ бўлсин!
Шундай дейману, бу байроқ остида содир бўлаётган қонли, ташвишли, аянчли воқеалар юрагимнинг бир бўлагини узиб кетаверади…
УЧ НУҚТА
Дунёнинг таянч нуқтасини топиб берсанг, уни чаппа қиламан, деган экан қадимги олимлардан бири.
Инсон маънавиятининг таянч нуқтаси борми? Бор дегувчилар топилади.
“Социализм даврида унинг маънавиятини чаппа қилишди-ку!” дейди улар. Чаппа қилишга етмиш йил уринишди. Тебратишди, эсанкиратишди, бироқ бутунлай чаппа қилишолмади. Ёзувимизда кўп нуқта, яъни уч нуқта ишлатамиз.
Айтолмаган гапимиз: …
Тушинтира олмаган ҳаяжонимиз: …
Ўзимиз қўрққан фикримиз: …
Топа олмаган жавоҳиримиз: …
Давомийликни ана шу нуқталар осонгина ифодалайдилар.
Назаримда инсон маънавий оламининг уч нуқтаси бор.
Туғилиш. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Яшаш. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Ўлим. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Уч нуқта уч таянч. Шу боис ҳам ағдариш мумкин. Иккинчи ва учинчи нуқталар рақобатда. Иккинчи учинчисини енга олмайди. Аммо енгиши мумкин.
Учинчи иккинчини енгиши мумкин.Бироқ енга олмайди, агар у жангга кирса.
Яшаш ва ўлим кураш майдонига кирсалар туғилиш сўзидан сўнг кўп нуқта, яъни уч нуқта пайдо бўлади.
Туғилиш …
Туғилиш ва яшаш курашга кирсалар ўлим сўзидан сўнг уч нуқта пайдо бўлади.
Ўлим …
Ўлимдан кейинги нуқталар замирида жангдан қайтмаган туғилиш ва яшаш нуқталари бор.
Мана сизга таянч нуқталари …
Ағдариб кўринг-чи, эплай олармикансиз?!
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан
You must be logged in to post a comment.