СОТҚИН
Сотқин бўлиб туғиладилар сотқинлик тўшагида…
Сотқин бўлиб ўладилар сотқинлик тўшагида сотқинлар.
Сотқинни тарбиялаш, қалтис йўлдан қайтариш мушкул. Бу унинг ҳаёт тарзи.
Дунёда сотқинлар партияси, сотқинлар синфи тузилса, улар дарров дунёда ҳукмронликни қўлга олардилар. Сотқинга ишонмайдиган, унинг тузоғига илинмайдиган одам йўқ.
Улар фуқаролар урушини бошламайдилар.
Танклар олиб кирмайдилар майдонларга.
Одамларни ўққа тутмайдилар.
Улар кўнгил мулкида уруш бошлайдилар.
Кўнгил мулкига танкдан оғирроқ замбараклар олиб кирадилар. Улар кўнгил болаларини бешигида бўғадилар.
Ҳолсизлик бошланади дунёда. Улар эса ҳокимиятни оладилар қўядилар.
Бундан Худо асрасин.
Бундан Худо асрай олармикан?
Ахир сотқинлар Тангрига қарши бош кўтарган шайтон лаъйиннинг жигаргўшалари.
Айб биздами? Раҳмонга эмас, шайтонга мойилмиз.
Шу боис дўстимиздан ажраламиз, севгимиздан ажраламиз, юртимиздан ажраламиз, иймон-эътиқоддан ажраламиз.
ИМПЕРИЯ
Болакай тобора кўпроқ ейишни истайди.
Бола тобора кўпроқ ейишни истайди.
Ўсмир тобора кучлироқ бўлишга интилади.
Талаба кўпроқ, кўпроқ ўқишни эмас, тезроқ манзилга етишни орзу қилади.
Кўпчилик тобора кўпроқ пул топиш, кўпроқ ва каттароқ жойга эгалик қилиш ишқида яшайди.
Оила бошқа оилалардан яхшироқ яшашга, улардан яхшироқ кийинишга уринади.
Қабила бошқа қабилалардан баланд бўлиш учун курашади.
Улус тобора кенгайишни истайди.
Давлат бошқа давлатларни ўзига қаратмоқ ва шу аснода империяга айланишни сиртдан мўлжаллайди.
Бу – торликдан кенгликка, қафасдан дунёга чиқиш фалсафаси.
Бу – Худога шериклик фалсафаси.
Бу – дунёдан тўймаслик фалсафаси.
Ҳар уч фалсафада ҳам жон бор.
Бироқ, ўз қобиғида қолиш юксалишдан тўхташ, камолотдан чекинишдир. Бу ҳам фалсафа. Шу маънода империя қуришга интилган халқларга ҳавасим келади. Улар ўзликларини англаганлар ва ўзларини улуғ ҳисоблайдилар.
Биз эса уларни қоралаймиз, қоралаш билан оворамиз. Вақт кутмайди. Бир куни мағлуб бўламиз.
Бунинг ўрнига кенгликка интилиш қоидасини тинглаш эмас, ақалли бузмасликка уринсак бўлмасмикан?!
Ўз Империяси сари интилмаган халқ қайси бир империянинг таркибига кириб қолганини ўзи ҳам билмайди.
Боланинг қўлини тутманг, у империяга интилмоқда…
ЧИГИТ
Чигит – уруғ. Улкан хирмонларнинг уруғи.
Чигит – умид. Яхши кунларнинг умиди.
Чигит – нажот. Тўкин-сочин яшамоқ нажоти.
Чигит -кафан. Бу дунёни тарк этганларнинг либоси.
Чигит – азоб. Азобдан бошқа нарсани билмаганларнинг азоби.
Чигитсиз яшаётганлар ҳам кўп.
Умидсиз, нажотсиз, кафансиз қолганлари йўқ.
Фақат азобдан йироқлар.
Чигитсиз яшолмайдиганлар бор. Умидсиз, нажотсиз, кафансиз қоладилар баъзан.
Бу дунё танлов.
Бу дунё зўрлик. Ким танловни танлайди…
Ким зўрликни…
Бу ҳам чигитга боғлиқ. Танловчининг чигитига…
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан
You must be logged in to post a comment.