Ўзгармаган мавзулар

New Yorkda  ko'cha bayrami.

New Yorkda ko’cha gurungi.

СОҒИНЧ

Бир кун бошқа бир мамлакатда истиқомат қиладиган дўстим меҳмонга келди. У билан бир неча кун дардлашдик. Меҳмондорчилик ҳам қарий бошлади. Кетар чоғи унга:

-Сизни ўзбеклар очган ва менга ёққан бир “Чойхона”-ресторанга олиб бормоқчиман,-дедим.

Меҳмон нима десин? “Уйимда еганим ўзбек таомлари, сизнинг уйингизда ҳам айниси, яна мени ўзбек ресторанига олиб борасизми?” десинми? Бундай пайтда бир нима дейиш мушкул, мезбоннинг кўнглига қаралади. У индамай рози бўлди.

Йўлга тушдик. Кошки яқин бўлса? Йўл юрсак ҳам мўл юриб, бир неча соат деганда бошқа бир шаҳарга етиб келдик.

Битта бурчакда кичкинагина бинонинг пештоқига “Чойхона” деб ёзилган. Меҳмон ҳайрон эди. Наҳотки, шунча йўлни шунинг учун босиб ўтдик? Лекин ҳазил-ҳузул билан гапнинг учини чиқарса ҳам менинг дилимни оғритмаслик учунми тилини тишларди. Чойхона кичкина бўлсада виж-виж одам.

Овқат буюриш навбати келганда маълум бўлдики, биз анча кеч қолибмиз ва ресторанда қозоннинг таги кўрина бошлаган экан.

-Ўзбекча сомса…
-Ҳозир… бир зум… сўраб кўрайчи…

Бу “тамом бўлибди” дейишдан олдин ишлатиладиган ибора. Орадан бир зум ўтмай бу ибора ишлатилди ҳам.

Хуллас, зиёфат бир икки сих шашликдан нарига ўтмади. Ярим тунда йўлга чиқдик. Уйга етиб келганимизда тун тунаб қолганди, биз ҳам ухлашга қарор бердик.

Балки меҳмон нимага бунча йўлга бориб-келганимизнинг жумбоғини ечолмай ухлаб қолгандир?

Мен эса Америкадай олис бир ўлкада “Чойхона” деган сўз балки ўлаётган соғинчни тирилтирармикан, деб борганимизни англата олмаганимни ўйлайвериб ухлай олмадим.

Дарвоқе, соғинч ҳам ўладими?

Ҳа, ўлар экан. Мен буни биздан олдин хорижга чиққанлардан эшитиб, ажабланардим. Энди ўзим ҳам сезаяпман. 17 апрелда Ўзбекистонни тарк этганимга 19 йил тўлади. Йиллар кемирувчи… Бугун менинг гапларимга ажабланганлар бир кун келиб Ўзбекистонни соғинмай қолаяпман дея ташвишга тушишлари мумкин…

Дўстларни соғинардим олдин. Ҳозир дўстлар ҳам, қариндошлар ҳам шу ерда ёки келиб-кетишмоқда.

Суҳбатларни, баҳсларни соғинардим. Ҳар бир кун суҳбатлардан, ҳар бир кун баҳслардан иборат бўлиб қолди.

Баъзан замонавий ўзбек филмларига назар ташлайман. Жуда примитив. Бир аср ортда қолиб кетган каби. Сунъий ва кулгили. Ҳаёт бошқа, филм бошқа. Гаплар ҳам, ижро ҳам кулгили туюлади.

Ўзбекча китоблар, газеталар, ТВ, радио… Ўзбекистонники Совет давридагидан ҳам хароб. Бу ердаги ташкил этилган ТВ, Радио кабисини у ерда тополмайсиз.

Тўйларни соғинардим… Нью Йоркда ўзбеклар шунчалик кўпайдики, ўзбек тили Бруклин ва Кувинсда рус тилидан кейин иккинчи “давлат тили”га айланиб қолай деди. Ҳафтада бўлмасада ойда икки марта тўй бор…

Бу ерда тўйхоналардан қабристонларча пайдо бўлиб бўлди…

Дунё кезаверсангиз, Ўзбекистондаги биноларнинг дилингизга кўмилган салобатини ҳам йўқотар экансиз…

Йиллар ўтгани сайин бу туйғунинг ҳукмронлиги кучаймоқда. Бу мени қўрқувга солмоқда. Ўзбекистонга бориб яшай олмай қайтиб келаётганларни кўраяпман… Бу яна ҳам аянчли.

Келган одамнинг кетгиси йўқ. Раҳматли амакимнинг 70 ёшли қизи Хосият опам “гринкард” ютиб, бу ерда яшаётган ўғлиникига бир ойга келиб, олти ой кетолмадилар… Ҳозир яна қайтиб келмоқчи эканлар…

Бу ерда миршаблар пора сўраб сизни таҳқирламайди… Ўзингиз қоидани, қонунни бузмасангиз уларнинг сиз билан ишлари йўқ.

Бу ерда суднинг остонасида адолат истаб ойларни йилларга уламайсиз…

Гап-гаштакнинг ҳам ками йўқ. Ўзбек ресторанларию дўконларининг саноғига етмай қолаяпмиз.

Ўзбекистондаги ҳар қандай таом, ҳар қандай мева-чеванинг турфасини қишин ёзин топасиз бу ерда. Ҳатто дарахтнинг устида қуриб қоладиган “Жопазак” ўригининг туршаги, Боғизоғоннинг қуритилган қовуни, Тошканнинг қаззи-қартаси, Сурхонда пишириб жўнатилган “Тандир”, Варганза анори, Боғибаланд анжири…хуллас, Ўзбекистонда нима етиштирилса, нима ишлаб чиқарилса, энг сифатлиси шу ерда…

Мен бўлсам “Чойхона” соғинчни тирилтирар деб овораю-совора бўлиб, ҳатто дўстимни ҳам у ерга олиб борибман. Аслида соғинч “кушандалари”дан бирини зиёрат этибмиз…

Шуларнинг ҳаммасига қарамасдан Ўзбекистонга боргим келади. Аммо йўллар берк. Ўзбекистон мени соғинмай қўйган..

Ана шу ҳақда ёзиб ўтиргандим, бир танишим сим қоқди. Қиз кўрибди. Исмини эса Соғинч деб қўйибди. Тасодифни қаранг! Бу дунёнинг сирларини тушунмай ўтиб кетамиз, шекилли?

Балки хорижда туғилган фарзандига Соғинч деб исм бераркан танишим ҳам соғинчни соғина бошладимикан ёки соғинчни унутмайин, деб биринчи фарзандига шундай ном бердимикан?

Балки соғинч сели остида қолдими у?

Бу саволлар хаёлимдан ғувиллаб ўтар экан унга:

-Соғинчни умри билан берган бўлсин, умри узоқ, ризқи фароқ бўлсин,-дедим.

Жаҳонгир Маматов.

2011 йил.
http://turonzamin.org/2011/02/11/voqea-4/

3 Responses

  1. Bizda shunga o’xshashlari bo’lib turadi. Bir nimalarni sog’inib ketasiz, o’zingiz ham bilmaysiz nimaligini. O’zbekistonga borasiz 2 hafta yetadi sizga. Ortga huddi o’z yurtingizga qaytayotganday qaytasiz-HAYRIYAT!

  2. Shu uchun ham butun dunyoni vatan deb hisoblash vaqti keldimikin??

    • Биласизми,ватан ҳақидаги олдинги фикрларим бугунга келиб ўзгарган. Бир пайтлар ватан учун ўлиш шараф, ватан учун қон тўкилиши шараф деб ўйлаганман. Албатта, ҳали илм доираси кенгаймаган, дунёни унчалик билмаган бир пайтдаги тушунчаларим шундай бўлган.

      Бугун ватан деган тушунчани кимлар ўйлаб топгани ва бу кимларга хизмат қилгани ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим.

      Доим ватан учун кимлардир ўлган, кимлардир жон берган, лекин тахтдагилар ватаннинг ҳузурини қилишган. Бу кўпчилик ўйлайдиган, аммо айтишга қўрқадиган фикр.Келажакда бу мавзуда атрофлича бир нарса ёзиш ниятим бор.

      Бугун ЕР шарини ватан дейиш фурсати етиб қолди.Зотан буни минг йиллар олдин кўчманчи бўлган аждодларимиз бизга нисбатан яхшироқ тушунишган. Чунки уларнинг пайтида пропаганда ҳали ёппасига онгни заҳарлайдиган даражада бўлмаган.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: