ТАНГРИНИНГ ГЎЗАЛ ИСМЛАРИГА МУНОЖОТ
(Давоми)
АЗИЗ
Ё, Азиз, Сенга таваккул айладим,
Ё, Азиз, равшан йўлингни танладим,
Ё, Азиз, руҳни синовга шайладим,
Ё, Азиз, Сенсиз ҳаётда найладим!
ЖАББОР
Ватанимни обод кўриш муродимдир, Ё, Жаббор!
Улус дарди бўғзимдаги фарёдимдир, Ё, Жаббор!
Мен борман-ми, мен йўқман-ми, билинмас,
Лек миллатим бахти кулса, руҳ шодимдир, Ё, Жаббор!
МУТАКАББИР
Тупроқ эдим, хоки сорман, ё, Мутакаббир!
Сен олдингда хору зорман, ё, Мутакаббир!
Недан ўзни унутайин, бош устимда нигоҳинг,
Қарзни олсанг хоби ёрман, ё, Мутакаббир!
ХОЛИҚ
Умид Сендан, бир фаришта юборақол, ё, Холиқ,
Инсофсизлар қилмишини дафтарга сол, ё, Холиқ,
Тили бошқа, дили бошқа муллати-мушрикларни,
Тилин кесиб, қиёматда қозонга сол, ё, Холиқ!
БОРИ
Онам мени кутганида кўнгил зори Сен эдинг!
Ёрим бола кутганида дилда Бори, Сен эдинг!
Болам бола кутганида мададкори бўл Ўзинг,
Неварамнинг неварасин Худо ёри, бўл Ўзинг!
МУСАВВИР
Кўзни чиздинг қош остидан кўк осмонни кўрсин деб,
Лабни чиздинг қўлга олгач, нур Қуръонни ўпсин, деб,
Умр бердинг бу дунёда фаросатга тўлсин, деб,
Зурёд бердинг ўлганида роҳат билан ўлсин деб!
ҒАФФОР
Ўзинг тингла дил оҳимни, ё, Ғаффор,
Кечир қилган гуноҳимни, ё, Ғаффор,
Сақла дўзах азобидан, ё, Ғаффор,
Жаннатдан бер даргоҳимни, ё, Ғаффор!
1966 йил. “Нурнома” китобидан.
ЖМ
(Давоми бор).
Filed under: she'rlar |
Leave a Reply