Америка манзаралари

jmrestonАслида шаршаралар ҳам йўллардир

Портланд шаҳридан Нью Йоркка олиб борадиган беш минг километрли шоссенинг 70 – 80чи километрларида диққатингизни чап томонда ястаниб оқаётган Колумбия дарёси ва ўнг тарафда булутларнинг оёғига осилган Малтнома тоғининг қоялари тортади.
Ривоят қилишларича, бундан минг-минг йил муқаддам Малтнома тоғининг бир неча жойида портлаган вулқонлар нафақат ғорликлар, сардобалар ҳосил қилган, балки қалам каби тик ва учи кўкка қадалган қояларни ҳам дунёга келтирган.
Ана шу қоялардан биттаси Колумбия дарёсининг соҳилидадир. “Бейкон Рог” деб номланган бу қоя нафақат гўзаллиги, балки катталиги билан ҳам машҳур. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Гибралтар тошларидан кейин иккинчи ўринда турадиган бир қоянинг мўъжизаси шундаки, у вулқоннинг оғзига тиқилиб қолгани учун оловнинг оқими тинган экан. Шу боис ҳам бу қояликни аждаҳо комидаги тош ёхуд Орегон мўъжизаси деб айтишади.
Вулқон ўпириб улгурган тоғ бағрига юз метр тепаликдан отилаётган шаршара хаёлингизни чил парчин қилиб юборади. Шаршаранинг шовқини гоҳида гўзал оҳанг касб этиб тоғнинг ингроқ ноласи юрагингизга ташигандек бўлади. Гоҳида эса шиддатли тус олиб тоғнинг баҳайбат ҳайқириғини қулоқ пардаларига уради. Ҳавонинг саррин бўлиши, бунинг устига шаршарадан сачраган маржон томчиларнинг юзингизга келиб урилиши ва садафдек атрофга ёйилиши дилингизга фарах бахш этади. Минг-минг йиллардан буён юз метр теппаликдан тоғнинг бағрига тўкилаётган, тўғрироғи ўқ каби урилаётган бу шаршара қояларнинг метиндек иродаси олдида ожиз эди. Бир пайтлар вулқон оташида сувга айланган ёхуд парам парча бўлган тошлар бир-бирига боғланиб шаршаранинг шиддатига кўкрак кергандек, гуё.
Француз сайёҳи Лато Урелнинг номига қўйилган бу шаршарадан истар-истамас айрилар экансиз, бироздан кейин табиатнинг бошқа бир мўъжизасига юзма-юз келасиз. Онионта ғори деб номланган жойда шаршара ғорнинг ичидан илон изи каби оқиб келётганини кўрасиз. Яна бироз юргач қаршингизда Ҳорстейл, яъни “отнинг думи” шаршараси пайдо бўлади. Агар разм солиб қарасангиз тоғ вулқондан ёки бошқа бир кучдан қочиб кетаётган отга ўхшайди. Тола-тола бўлиб оқаётган шаршара эса унинг ортидан ўйнаб кетаётган думни эслатади. Пастда бўлса отнинг думидан тутиб олгандек, оёқ тираб турган сокин Колумбия дарёси шаршаранинг шиддатини ютиб юбориб, унинг дардини Тинч океанига кузатаётгандек.
Америкаликлар Колумбия дарёсининг соҳилларидаги ҳар бир қарич ерни инсонга хизмат қилдиришга уринишганини сезасиз. Колумбия соҳилидан йирик шоссе ўтишига қарамай, тоғ бағридан яна илон изи йўллар очилган.
Ҳар бир шаршара, ҳар бир ғор ва табиатнинг ҳар бир гўзаллиги қаршисида сайёҳлар учун масканлар бунёд этишган.
Шаршаралар ёнига келсангиз, табиат нафақат кўкдан туриб оппоқ сочларини ўйнаётгани, балки илон изи сўқмоқлару ердан бир неча юз метр тепаликда шаршарага юзма-юз қилиб қурилган кўприклар сизни хаёллар гирдобога етаклайди.
Шундай гўзал жойлар бизда ҳам йўқми? Бор, бор бўлганда ҳам бағрида ҳайратларни бекитган гўзаликларимиз бор. Фарғона водийсидан тортиб Ургут қояларига қадар, Боботоғ тизмаларидан тортиб Оҳалик тоғларигача жуда кўп жойларда табиат мўъжизаларини кўрамиз. Аммо биз уларни дунёга кўз-кўз қилолмаймиз. Орегон шаршаралари ёнида эса дунёнинг тўрт бурчидан келган сайёҳларни кўрасиз.
Бизда тоғларнинг бағрига узанган йўллар у ёқда турсин, шаҳар кўчаларидан ўтиш амримаҳол. Самарқанд, Бухоро ва Хива мўъзжизалари қаршисида лол қолган сайёҳлар йўлларнинг “ногирон”лиги, яъни инсон қадриятлар ва маънавият бағридан териб олган бойликларини ўғирловчи қароқчи сингари асабларни эговлашидан нолийдилар.
Бу хусусда бирор бир америкалик билан гаплашиб қолсангиз, биз йўлни бир марта қурамиз, дейди.
Ҳа, катта маблағ сарфланиб, бир марта сифатли метин йўл қурилади. Ҳеч ким унинг асфалтидан ёки қайроқ тошидан ўғирламайди. Чунки бу йўл унинг ўзиники эканлигини, у берган солиқлардан иншо этилаётганини ва эртага бу йўлдан унинг ўзи юражагини яхши англайди.
Не, афсуски, биз битта йўлни бир йилда уч марта қурамиз. Агар планда кўрсатилган бўлса, қор, ёмғир ёғиб турган бўлсада, йўллар чала-чулпа таъмирланади. Агар юртбоши ёки бошқа казо-казолардан бири келадиган ёки бирор бир тадбир ўтказиладиган бўлса, ҳатто бир кун, бир неча соат учун ҳам йўл қурамиз. Аммо буларнинг ҳаммаси халқни пулини кўкка совуриш эканлигини ўйламаймиз.
Ҳикоямиз шаршарадан бошланиб йўлларга боғланди.
Аслида шаршаралар ҳам йўллардир. Табиат қурган йўллар.
Аслида йўллар ҳам шаршаралардир. Биз қурган йўллар.

Жаҳонгир Маматов,
“Озодлик” радиоси, “Америка манзаралари” туркумидан, 29 март, 1998 йил.

%d bloggers like this: