Яхши одамлар

yanga (472x640)МУКАРРАМ

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор…

Она томонимда ҳам, бобо томонимда авлодлардан авлодларга ўтган олтинлар бўлган. Онамнинг оналари кўзадаги олтин тангаларни санаб ўтирганларини дадам кўриб қолганларида:

-Буларнинг ҳаммаси сеники,-дер эканлар.

Лекин бувим касалхонада тўсатдан вафот этганларидан кейин бу олтинларни топа олишмаган. Бувим катта қилган ва уйлантириб қўйган бир киши бор эди. Уни онам “укам” дердилар, биз “тоға” дердик. Онаси уни туғганда вафот этган экан. Исми Ғулом эди. Жуда меҳнаткаш, камтар, камсухан, бутун қишлоқнинг юмушини бажариб юрадиган ажойиб инсон эди. Умр йўлдоши ҳам мени ўз ўғли каби севарди. Унинг мен тенги ўғли бўлиб исми Фарҳод. Биз бирга ўсган чин дўст. Валламат, мард йигит.

Бувимнинг вафотидан кейин деворбир ҳовлида яшайдиган Ғулом тоғам бирдан бойиб кетгани ва машина олиб, катта уй-жой қурганини айтишади. Ким билсин, баъзилар балки бувим олтинларини унга қолдирган бўлишлари ҳам мумкин деб айтишган. Меҳнати туфайли бойиган бўлса-чи?

У қирчиллама ёшида аварияга учраб, оламдан ўтиб кетди, раҳматли бўлди.

Олтинлар эса кимга насиб этганини ҳеч ким билмайди…

Худди шундай ота томондан бобомнинг ҳам кўза-кўза олтинлари бўлган. Бир куни эски уйни бузиш учун мардикорлар олиб келишган. Панжакентлик бу мардикорлар кун ўртасида ғойиб бўлишган. Қарашаса, улар ишлаган жойда кўзаларнинг қопғоғи ётибди. Бобом олтинларини шу жойга яшириб қўйган эканлар. Шундай қилиб, икки томоннинг ҳам олтини бошқаларга насиб этган.

Аммо ҳар икки томоннинг фарзандлари барибир ўзига тўқ, нонлари бутун, эл-юртга қарашган, сахий бўлишган.

Улар Пулимурғоб қишлоғида бир қанча етим-есирларнинг бошини силаб, оилали қилишган. Бу анаънани дадам ва онам ҳам давом эттиришган. Қишлоғимизда уларнинг кўмаги билан оила қурганлар кўп. Ҳозирга қадар раҳматли дадам ва онамни эслаб, дуо қилиб юришади. 1984 йилнинг 1 декабрда уйимиз ёниб кетганда улар келиб ҳашар билан тезда уйимизни тиклашганди. Яхшилик кўчада қолмайди деганлари шу бўлса керак.

Яхшиликка жавобан яхшилик қилганлардан бир жуфти – Жўрақул тоғам ва хотини. Дадам ва онам бош-қош бўлиб уларнинг тўйларини ўтказишган экан. Келинчакни “янгамулло” дердим. У эса мени “укабегим” дерди.

Уни ҳамма мақтарди:
“Билаклари жуда кучли”.
“Бир тандир ноннинг хамирини бир зумда мутшлайди”.
“Катта ҳовлининг ерини кетмон билан ярим кунда ағдариб чиқади”.
“У пиширган овқатни бир марта еган одам, ўн марта меҳмонга келади”.

Эсимда, онам касалхонада, мен мактабга қатнай бошладим. Янгамуллом ҳар куни келиб ҳолимиздан хабар оларди, овқат пиширарди, нон ёпарди. Бир гап билан айтганда, у холамникига эмас, бизникига келин бўлиб тушгандек эди.

Бир кун мактабдан жуда оч келдим. Уйда нон йўқ экан. Қарасам, янгамуллом тандирга нон ёпмоқда.

-Укабегим сизга ҳам кулча ёпганман,-деди у мени одатига кўра сизлаб. Мен шунча ёш бўлсам ҳам у мени сизлаб гапиргани ёқарди. Умуман дунё қизиқ, баъзан болалар уларни сенсираб юборишади, аммо келинлар барибир сизлаб гапиришарди. Мен ҳам янгамулломни ўшанда бир марта сенсираганман. Ҳалигача шу воқеани эслаб, устимдан кулишади. Янгамулломнинг фарзандлари ҳам, ҳатто неваралари ҳам, бизнинг ҳамма қариндошлар ҳам бу воқеани билишади.

Хуллас, қорним оч. Янгамулломга “Кулчани узиб беринг” десам, тандирнинг тафтидан “ёниб турган” эканми, “Э, сабр қилинг” деди. “Очдан ўлдим” дедим. Қўл силтади. Кутавериб тоқатим тоқ бўлди. Мени доим ҳурмат қиладиган келинчакнинг бу гапи оғир ботдими ёки очликнинг “ҳунар”ими, бекатга соя ташлаган тол орқали томга чиқдимда: “Одамлар, бунга қаранглар, нон бермаяти” деб додладим. Бечора янгамуллом аввалига “Вой ўлайман, вой ўлайман” деб атрофга югуриб қолди. Кейин тўхтаб, менга ялина бошлади:

-Жон укабегим, тушинг, халқ нима дейди, ўлдим-ку бу шармандаликдан!

Унинг бу гапи ҳали ҳам қулоқларим остида. Ўзимнинг ҳам гапим ёдимда:

-Нега бўлмаса кулчамни бермайсан?

У дарҳол кулчани қўлига олиб, у кафтидан бу кафтига отганча пуфлаб-пуфлаб томга отмоқчи бўлди. Мен эса пастга тушишга ҳайиқардим. Анча-бунча ёлворишлардан кейин тушганман.

Дарвоқе, оч қолганимда дунё кўзимга кўринмай қолади. Бу одатим ҳали ҳам мени тарк этган эмас. Жаҳлим чиқа бошладими, умр йўлдошм, овқат келтиради.

Ана ўшанда бир марта янгамулломни сенсираганман. Болаликдаги бу бебошлигимни у кечирган, лекин кулги қилиб ҳали ҳам айтиб юрар экан.

Унинг қизларидан бири-Анора оиласи билан “гринкард” ютиб Нью Йоркка келди. Анора уч фарзандини қишлоқда уйли-жойли қилибди. Иккитасини эса бу ёққа олиб келибди. Улар ҳам 18-19 ёшда. Кўришга бордик. Турмуш ўртоғи Абдукарим билан Анора кула-кула шу воқеани эслашди. Бўлмаса, у пайтда ҳали Анора туғилмаган ҳам эди.

Янгамулломнинг исми Мукаррам. Бу иззат-икром соҳиби маъносини беради. Ҳақиқатдан ҳам у иззат-икром соҳибасидир.

Шу кунларда Нью Йоркка фарзандларини кўришга келган Мукаррам янгам(суратда ўртадаги қатордан ўнг тарафда, кўк рўмолли) бизникига ҳам келиб, хурсанд этдилар. Хотиралар янгиланди,  суратларга тушдик, ўтганларни эсладик, қолганларга ризқу умр, яхши кунлар тиладик…

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: