10. ЖЎРАҚУЛ АКА
Қишлоғимизда Жўрақул деган киши бор. Кимдир уни камситиб “Жўрақулча” дейди. Бўйи-басти кичик бўлгани учун бўлса керак? Кимдир эса унга “чапқўлгинам” деб ном берган. Униси ҳам, буниси жирканч одамларнинг ҳақорати. Ўзлари камситилган одамларгина бошқаларни камситишади.
Агар Жўрақул акага бирор ном бериш мажбурияти пайдо бўлса, у кишини “Жўрабек” деган бўлардим. Бу амир ва хонларнинг чин маънодаги қули бўлган “бек”ларга қиёсан эмас, балки ўз сўзига бек инсонларга қиёсан.
Унинг номидаги “қул” қўшимчаси ўз моҳиятига эга. У Худонинг ҳақиқий қули, яъни Худодан бошқа бирор куч ёки бирор шахсдан қўрқмайди. Ҳамма вақт ҳақ сўзини дангал айтади.
Жўрақул ака доим ўзига қараган, яхши кийинган, чиройли гапирган одам. Юзидан меҳр ёғилиб туради. Кўзларида самимият ва донишманлик аломатлари бор. Шахдам одимлар билан юради.
Совет даврида ҳам, ундан кейинги “совет” даврида ҳам адолатга, халққа хизмат қилди.
…Раис сайлови бўлмоқда. Ҳамма жим. У шартта ўрнидан турадида:
-Нега раисликка битта номзод, яна бир йил халқ ҳақида ўйламайдиган бу одамни сайлаб кетаверамизми?-дейди.
Одамлар бирин-кетин “уф”, “уф” дейишади. Баъзилар овозларини чиқариб норозилик билдирсалар, айримлар у томонга қараб “Жим ўтира олмайсанми-е, жонга ҳам тегдинг-ку?” дегандек бошларини сарак-сарак силкитадилар.
Амалдаги раисга қўшилиб қизариб-бўзариб кетган районнинг вакили бундан руҳланади ва унга жаҳл билан савол беради:
-Бу одам халқ ҳақида ўйламай ким ҳақида ўйлабди? Мана халқ сизнинг ўзингиздан норози, раисдан эмас, гапингизни ўйлаб гапиряпсизми?
Жўрақул ака шартта ўрнидан турадида:
-Қабристоннинг йўлини асфалт қилайлик, ёрдам беринг деб неча марта ҳузурингизга кирдим? Қабристонни девор билан ўрашга сиз ҳам ҳисса қўшинг, деганимда нима деган эдингиз? “Қабристон колхозга қарамайди, кимнинг одами кўмилса, ўша обод қилади” дегандингиз. Қум қишлоққа йўл солиш ҳақида учрашганимда-чи? “Биз йўлсозлик идораси эмас” дегандингиз. Бу бечора халқнинг кучини сўриб олмоқдасизлару унга бир пиёла сув беринглар, деганда бошингизни тугмадай тешикка тиқиб оласиз…
Боягина унга қарши бўлган халқ бирдан гулдурос қарсак чалади. Ўзи билмаган ҳолатда унга тан беради.
Бу воқеадаги сўзлар калима-калима айнан бўлмаса ҳам шунга яқиндир. Бундан ҳам кучлироқ воқеалар тугаб кетган колхоз даврида ҳам, ундан кейин ҳам жуда кўп юз берган.
Жўрақул ака қишлоқда шароит ёмонлиги ва раҳбарлар пулларни ўмариб кетишаётгани ҳақида юқори идораларга кўп хатлар ёзган. Кам ҳолларда уни қўллашган. Баъзан эса уни туҳматчи деб судга тортишган. Лекин у ҳеч чекинмаган. Унинг орқасидан нима десалар ҳам десинлар, лекин ўзлари беихтиёр уни маҳалла раиси этиб сайлашган. Бугун қишлоғимизда қандайдир ижобий ишлар қилинган бўлса, унда Жўрақул аканинг ҳам ҳиссаси бор.
Уни ўзбекона одатларимизга кўра қўрқитишди, устидан бўҳтон тўла юмалоқ хатлар уюштиришди, ёмонотлиқ қилишга уринишди… лекин у бир қадам ҳам чекинмади. Ёши бир жойга етганда ҳам ҳақиқатни ҳимоя қилаверди. Ўз шахсини ўйлаган эмас. Одамлар ундан оддийгина севги ва ҳурматни дариғ тутган бўлсаларда, у бунга парво қилмай шу одамлар ҳақида ўйлади, уларнинг ҳақлари учун курашди.
Энг асосийси у қаерга шикоят ёзмасин, ким ҳақида ёзмасин остига катта ҳарфлар билан “ЖЎРАҚУЛ ҲАМРОҚУЛОВ” деб ўз номини ва бу номнинг ёнига имзосини қўйган.
Минг афсуски, бундай жасорат насиб этган инсонлар жуда оз. Бенасиб қолганлар эса, зеҳниятимиздаги қусурнинг қули ўлароқ бундайларни камситишга уринишади. Лекин вақти келганда, уларни тан олганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Жўрақул ака ана шундай қишлоғимиз аҳли томонидан бевосита ёки билвосита тан олинган инсон.
Шундай инсонлар бор бўлгани учун ҳам адолат ўлмай турибди. Доим бор бўлсин, Жўрақул акалар!
ЖМ.
2012.
Filed under: Yaxshi odamlar |
Leave a Reply