Мен тинчманку…
Оллоҳ берган онг-ла қилурсан зикр,
Айтма, қолаверсин ўзингда фикр.
Нигоҳ сол оламга яхши кўз билан,
Биз тинчмиз-ку ахир, худога шукр!
Сел қўшни воҳада, қуюн водийда.
Осмонимиз тиниқ, унга сол дийда.
Нола қилар Ҳаққа, улар осийда…
Биз тинчмиз-ку ахир, худога шукр!
Иш бор-ку йироқда бўлса ҳам юртдан.
Ҳамма хушмуомала, бўлса ҳам сиртдан.
Учрамас бир-бирин тўнини йиртган,
Биз тинчмиз-ку ахир, худога шукр!
Йўқ бўлса ҳам одам атрофда юзлаб,
Айтмади мотамга ҳеч бирин сўзлаб.
Юрганда қайдадир рисқини излаб,
Биз тинчмиз-ку ахир, худога шукр!
Ўғлим ўн йилдирки четда қолмоқда,
Жияним намозин ўқир қамоқда.
Қўшни эл бир-бирин ёқар, қолоқ-да…
Биз тинчмиз-ку ахир, худога шукр!
Бу халқда нима йўқ, йўқ асли талаб.
Ўзидан ўзгаси кетмайгай талаб.
Бирлашмаса ўлиб кетар битталаб,
Мен тинчман-ку ахир, худога шукр!
Шоҳи Жаҳон.
Filed under: Muxlislar |
Ҳурматли ШоҳиЖаҳон!
Сизнинг шеърингиз жуда ажойиб, аммо мен бу мавзуда бир шеър ёзган эдим. Сиз эса бироз олдин Жаҳонгир акага юборибсиз. Бундан хафа эмасман, аксинча жуда ҳам хурсандман. “Менга нима” дейдиган кишилар жуда кўпайиб кетди ҳозир.
Агарда хафа бўлмасангиз ва бир дўстингиздан совға деб билсангиз менинг шеъримнинг бир парчасини мендан совға сифатида қабул қилсангиз…
Ҳурмат билан..
Олам яралди гўё худога шукр,
Уни таладилар, худога шукр,
Бермадилар олдилар худога шукр,
Мен тинчман-ку ахир, худога шукр!
Мистер Қалампир!
Муносабатингиздан мамнунман. Ушбу мазмунда ёзишни бир неча йиллардан бери режалаб келардим. Бир илҳом келганидан фойдаландим, ҳали ўйлаган сўзларимни ҳаммасини қофиялай олганим йўқ, уни кенгайтириш ниятим бор. Бошқалар ҳам ўз фикрини қўшиб халқ оғзаки ижодига айлантирсалар ҳам, мен фақат хурсанд бўламан холос.