Сиёсий сатира

Нофизийдан нома

ТТТ

Ислом “ота”нинг жойида ўтирганимда кўзимни чирт юмиб Андернинг ўғли Михаилга (Майкл Андерсен акахонга) янги филми учун “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган унвонни берган бўлардим. Кейин Боқибойга сим қоқиб, ундан ҳам битта медал ё педал ундирардим. Имомали ҳам биздан ибрат олиб унинг кўксига дарҳол битта орден тақарди. Негами?

Мана 20 йилдан бери Ўзбекистонда терроризм, экстремизм хавфи йўқ, уни ҳукумат етиштирмоқда деб айтмаган мухолифатчи қолмади. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган барча халқаро ташкилотлар ҳам бу гапни ҳар йил камида беш марта айтадилар. Ҳатто АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботларида ҳам бу ёзиб ташланган. Демак буни ҳамма билади. Автор аниқ!

Янги гап эса бугун Ўзбекистонда, умуман Марказий Осиёда терроризм, экстремизм хавфи борми йўқми деган савол. Бор десангиз олампаноҳларнинг ошиғи олчи. Шунинг учун баъзилар пана-панада “бор” деб айтишарди. Аммо очиқ айтишмасди.

Бугун Ғарб билан алоқаларни тиклаш жараёнида уларни яна бир марта ишонтириш керак бўлиб турибди. Шунга эҳтиёж туғилди. Расмийларга айттирса ишонишмайди. Мухолифатга айттирса ким бўлибди улар дейишади. Шундай пайтда Андерсенлар айтса, уларга ишонишади. Биз даранглатиб музика чалиб турдик, у айтди ҳам.

Би-би-си радиосида “Филмда мен кўтарган асосий савол, Марказий Осиёда терроризм, экстремизм хавфи деб айтилаётган нарса аслида борми ё бу афсонами, деган саволдир. Мен бу борада ўтказган узоқ тадқиқотларимдан сўнг, шундай хулосага келдимки, ҳа, Марказий Осиёда экстремизм хавфи мавжуд” деб айтди Андерсен.

У “Озодлик” радиосида “Биз бу филмни суратга олиш жараёнида Марказий Осиёда диний радикализм ва ҳатто терроризм хавфи мавжуд, деган хулосага келдик. Ҳозир бундай таҳдид ҳақиқатан ҳам мавжуддир” деди.

У Фергана.ру-га ”Илгари экстремизм чиндан ҳам таҳдид бўлмаган. Бироқ ҳозир бундай таҳдид бор” деди.

Бунинг устига устак, тагига пўстак шуки, филмни кўрсатиш учун танланган жой. Ғарб ўша ТВни душманлар минбари деб билади. Душманлар минбарида танқид қилинганлар душман бўлмайди-да! Аксинча ким бунинг орқасида турибди деб қизиқишади. Демак пулини ана улар берибдида деб хулоса қиладилар. Ана улар эса филмда бор. Миллионлаб аскарларимиз шай, яқинда халифат қурамиз деб очиқ-сочиқ айтиб турибди.

Мен думалаб-сумалаб, бир амал-тақал қилиб филмни кўрдим. Андерсен ака сизга қойил қолдим. Миллионлаб бегуноҳларнинг оилалари қолиб сиз танлаган оила Ғарбликларни сиз айтган гапга эмас, тескарисига ўйлатадику?

Боласи ўқиш учун Эронга кетибди. Ғарбликлар Эронда Гарвард олийгоҳи борми ёки Ломоносов университетими деб савол бермайдиларми? У ердан Покистонга ўтиб кетибди. Илмий иш қилганими? Кейин Ўзбекистонга келиб портла-портлаларда қўлга тушиб, 19 йилга қамалибди.

Ўша сизнинг Ғарбликлар бугун Покистонга келиб кетгани учун қанча одамларни қамаб турибди-ку? Шунинг учун ҳам у ердаги одамлар бу филмни кўриб бизда бўлганда 190 йилга қамаларди деб айтишмайдими? Бу олампаноҳларга пахта қўйиш бўлиб қолибди.

Андерсен ака, биласизки Ғарбда боласи таҳдидчи бўлса сен шу болани ясагансан деб отасини қамашмайди. Балки отаси билан бирга бу болани “тарбиялашга” киришадилар. Мана энди сиз бизникиларга қаттароқ йўл очиб бердингиз. Филмингизда биттаси ҳатто Ўзбекистонда фақат диндорлар эмас, бизнесменлар ва ўқитувчилар ҳам радикал деб юборибди. Урди Худо! Бизнесмен билан ўқитувчининг уйи куйди экан-да!

Хуллас, ишлар ТТТ-Терроризм таҳдиди тасдиқланди. Энди БМТ ҳам, Ғарбдан келган ғарибларга ҳам тушунтириш керак эмас. Отасига балли бу Андерсен аканинг! Қойиллатибди. Туфламасдан ҳам иш қилиш мумкин дегани мана шу бўлса керак!

http://turonzamin.org/2010/01/22/nofiziy-3/

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: