Савол-Жавоб

Тошкент ва Анқара – менга қара, сенга қара!

САВОЛ׃ Ассалому алайкум, Жаҳонгир ака!

Олдинги саволимни беэътибор қолдирмагнингиз учун миннатдорчилик билдираман. Зеро, Сизнинг ҳар бир сўзингиз тузум бизга бераётган лоқайдлик дардига дармон сифатида шижоат беради.

Кейинги мақолангизда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари ҳақида батафсилроқ ёзсангиз.

Туркия Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи тан олган давлат деб айтилади. Тарих ўқитувчимиз Туркиядан аввал 2та давлат тан олган деб номларини ҳам айтганди, бу ҳақиқатга не чоғлик яқин?

Нега Ўзбекистон Туркия билан Мустақилликнинг илк йилларида жуда яқин муносабат қилди: турк лицейлари очилди, Туркияга ўқишларга юборилди.

Кейин яса ҳаммаси аксинча. Бу ҳам етмагандай, турк тадбиркорлари ҳайдаб чиқарилди. Туркия ҳам ўз навбатида Ўзбекистонни дўст бўлмаган давлатлар қаторига қўшди. Менинг турк лицейларида ўқиган жамийки танишларим, ҳаммаси ақлли, кучлик билимга эга болалар эди.

Улар бундай қобилятли кадрлар тезда юқори лавозимларни эгаллаб қўяди деган ҳавотирда турк лицейларини ёпишган деган гапга ишонишади.

Менимча бу ягона сабаб ямас, яна биламизки Туркия ўзбек сиёсий қочоқларига энг кўп мадад берган давлат ҳам ҳисобланади (айниқса 90-йилларнинг ўрталарида). Сиз нима дейсиз? (ШоҳиЖаҳон).

ЖАВОБ׃ Туркияга илк бор 1988 йилда СССР Журналистлар уюшмасининг ғолиби сифатида махсус йўлланма билан боргандим. Қайтиб келгач, ўзим ишлаётган “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетаси учун “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” номи билан сериал (давомли) мақолалар ёзганман. Раҳбарларимиз қўрқиб кетишган ва чоп этишмаган. Кейин жасоратли журналист Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррир бўлган “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида чиққан.

Совет даврида Туркия мавзуси ўзбек матбуоти учун бегоналаштирилган эди. Шу сабабдан ҳам давомли мақолаларим анчагина шов-шувларга сабаб бўлган. Аҳмаджон акани комфирқага чақириб “савол-жавоб” ҳам қилишган ўшанда.

Демоқчиманки, Туркиядан ҳайиқиш Совет даврининг меъроси ва бугунгача ҳам бу “ҳарорат” бир тушиб-бир чиқиб туради. Бунда ҳар икки томоннинг ҳам “қўли” бор.

Ўзбекистон мустақил бўлиши билан Туркия биринчилардан буни таниди. Ғарб, жумладан Америка Ўзбекистонни Москвадан “узиш” вазифасини Туркияга ишонишганди. Аввалига Тургут Ўзал ҳукумати бу ишни қисман амалга ошира бошлади. Унинг ўлимидан кейин Сулаймон Демиралга қолди бу иш. Ислом Каримов у билан ака-ука бўлиб қолди. Борди-келдилар авжга чиқди.

Лекин Туркияда иқтидорга бўйсуниш баробарида мухолифатни ҳам қўллаш анъанаси бор. Буни Туркия разведкаси ўз атрофидаги мамлакатлар доирасида ҳам ишлатади. Улар ана шу ҳунарларини Каримовга ҳам кўрсатдилар. Лекин илоннинг ёғини ялаган диктатор уларнинг бу “роҳати луқум”ларини ҳазм қилмади.

1994 йилда Ўзбекистондан Туркияга олиб келиб, отишмалар учун ўқитилган йигитлар тақдири ортида, 1999 йил воқеалари билан боғлиқ ўйинлар ичида ҳам Туркия ҳукуматининг “оёқ излари” бор. Мен бу ҳақда Конгресс кундалиги – “Ўзингни енголмасанг, ўзгани енголмайсан” китобида батафсил ёзганман.

Айни пайтда 1990 йилларда Туркиядан Ўзбекистонга борган тужжорларнинг мақсадлари алдов-қалдов билан пул топиш бўлгани ҳам зиён келтирди. Кейин “Нурчилар” номи остида ҳам Ўзбекистонга кирган оддий муаллимлар орасида жосуслар, туркчилар ҳам борлиги Тошкентни чўчитди.

Ҳозиргача ҳам Туркия Каримовни алдаб-сулдаб иш битираман деб хато қилиб келмоқда. Қолаверса, ҳозирги ҳукумат туркчиликни эмас, умматчиликни қўллайди ва лоббичилик учун ажратиладиган фондни шу мақсадга сарфлайди. Агар сиз турк бўлиб демократ бўлсангиз бу ҳукуматга бегонасиз, агар сиз турк бўлиб, динчи бўлсангиз бошингиздан пул сочади. Бугунги қоида шунақа.

Бу Туркия томонининг фаолиятидан бир шингил.

Энди Ўзбекистон томонига қарайдиган бўлсак, юқоридаги камчиликлар уммондан қатра бўлиб қолади. Каримов доим бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдириб келди. Турк ҳукумати мухолифатни қўллаяпти деб бир неча минг талабани ортга қайтариб олгани каби йирик бизнесларни ва мактабларни ёпиб юбориш билан ҳам жамиятнинг истиқболига катта зарар берди.

Энг асосийси, Туркиянинг мен юқорида санаган камчиликлари эмас, балки Каримовнинг ўзбеклар ўзининг турк эканлигини, эркинлик, озодлик нималигини англаб қолади, тахтимга зарар етади деган қўрқувидир. Қолаверса, бу ҳолда унинг бутун “миллий мафкураси” бир тийинга чиқади, “ўзбекчилик” сиёсати нолга тенглашади.

Шунинг учун ҳам у кичик бир баҳона топди дегунча ундан катта нарсаларни йўқотиш учун фойдаланмоқда. Бунга ўчакишган Анқара эса қандайдир гуруҳларни дастаклаш билан Каримовни “чақиб олмоқда”. Бу гарчи пашшанинг чақишига тенг бўлсада, Каримов буни илоннинг чақиши деб қабул қилмоқда. Ўртада юз миллионлик катта халқ зарар кўрмоқда.

Бугун Тошкент ҳам, Анқара ҳам оний авзойи билан иш қилмоқда, ваҳоланки улар халқнинг иродаси билан иш тутишлари шарт. Ташқи сиёсат шунга асосланиши керак. Анқара бир неча марта урингани каби яна бунга бориши мумкин. Аммо Каримов бормайди.

Ўзбек-Турк муносабатлари ҳақидаги ҳикоя шу ерда битади. Чунки давомини келажак ёзади, Каримовдан кейинги келажак.

ЖМ.

4 Responses

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!

    Сизнинг Ўзбекистон ва Туркия алоқаларидан бири бўлмиш Ўзбек-турк лицейлари ҳақидаги маълумотларингизга қўшимча киритмоқчиман!
    Агарда Сиз ушбу лицейларни давлат аҳамиятида ташқаридан кўрган бўлсангиз, мен эса ўша муҳитда яшаб ўз кўзларим билан кўрдим.
    Нурчиларнинг асосий фаолияти турк лицейларининг барҳам топиш вақтида ҳалқнинг кўз ўнгида “содир” бўлиш ценарийси кўрсатилди.
    Лекин асосийси, ушбу турк ўқитувчиларининг ўзлари ҳам бир бирлари билан жуда иноқ кўринсаларда аслида уларнинг ўз сир саноати бордек эди. Баъзилари ислом динини ўргатиш пайида бўлсалар буни ҳатто бошқа “ХЎЖА”ларга билдирмасликни талаб қилганлар. Аммо аксарияти фақат таълим ва билимни олдига мақсад қилган инсон сифатида менда намоён бўлганди. Ёшлигимдан ўз фикримни айтишга гарчи у хато бўлсада ўрганганлигим туфайлими балки, менинг ўз эътирозларим бор эди ўшанда. Уларнинг ҳатти ҳаракати 98% дан 2% асосий Сиз айтган одамлар эди. Балки куларсиз!!! Уларнинг ичида гейлар ҳам бўлиб урус болалар билан “қувнашгани” учун лицейни тарк этишга мажбур этилгандилар.
    Аслида билимли инсонлар етиштирилаётган бир пайтда дарҳақиқат туркпарастлик болаларнинг барида бор эди.
    Буни айтадиган бўлсам агарда, бир синфда 25 ўқувчи бўлса, улардан 18 таси туркпараст, 4 таси ўзбекпараст ва 3 таси барчасига тупурган болалар эди. Мен эса 3 тадан бир эдим. Чунки ўзбек ўқитувчилари ҳам туркпарастликка етиб келишган эдилар.
    Менинг ушбу 3-гурухда бўлишимга сабаб яшаш муҳитимиз оиламдаги яшаш муҳитидан фарқ қилгани ва кўр кўрона озодликни туркларга топшира бораётганимиз эди.
    Мени “кўзимни очган” нарса шу эдики, бир турк ўқитувчиси барча билан сухбатда Туркиядаги лицейлар тўғрисида айтгани эди.
    Турғут турк эли намоёндаси, Сулаймон эса ғарб ва Америка тарафдори. Туркияда ҳам биз каби чет эл лицейларининг очилганлиги ва уларни миллийлаштириш босқичлари ҳақида гапиргани эди. Унинг айтиши бўйича энг яхши лицей бу ўз миллий лицейи эканлигидир. Дердики, “Сизларда ҳам миллий лицейларингиз кўпаяди ҳали”.
    аммо минг афсуски, лицейлар кўпайди, бироқ қизиқчи Ҳожибой Тожибой айтганидек “Бизнинг аптекда дориларнинг миллион тури бор аммо уларга яраша беморлар йўқ!”.

    Ҳурмат билан Мистер Қалампир.

    • Раҳмат қимматли фикрларингиз учун.
      Қани эди сиз каби ичидан билган бир киши бу лицейлар ҳақида батафсил, таҳлилий бир нарса ёзса. Чунки Каримов аввалига Ф. Гулан билан дўстлашганди, бир мажлисда унинг қўли билан модерн ислом тузиш плани борлигига ҳам ишора этганди. Бу балки туркларнинг Гуланни АҚШнинг одами дейишларидан ва унинг уч дин орасида кўприк қилиш ҳаракатларидан келиб чиқиб айтилган ҳам бўлиши мумкин. Хуллас, бу соҳа ҳам тарихимизнинг ёзилмаган саҳифаси ва муаллифларини кутмоқда.

      • Ҳурматли Жаҳонгир ака!

        Мактубларимга вақтингизни аямасдан эътибор берганингиз учун катта рахмат. олдинги мактубларда таъкидлаб ўтканингиздек балки менда ёзишга имкон бордир. Буни сезганингиз учун рахмат. Ҳаётим давомида бошқалар номидан китоблар ёздим. Ўз номимда эса халқнинг иқтисодий манфатларини кўзлаб коммунал хизмат тўловларига оид савол-жавоб тарзидаги бир китобни нашрдан чиқара олдим холос ва ҳозирда қонун асосида ёзилган ушбу китоб “катталар”нинг жиғилдонидан тутгани ёки бўлмаса авторлик даъво қилаётганлар эриша олмаганликлари учун “қора китоблар” сафига киритилди. Бошқаларини чиқаришга эса ҳафсалам пир бўлган.
        Ўзбек-Турк лицейлари тўғрисида ёзиш мумкин эди олдин ҳам, аммо бир журналист ёки ёзувчи бўлмаган ҳолда, долзарб мавзу бўлиб сиёсий аҳамиятга эга бўлган қардошлик риштасининг камчиликларини айтиш мумкинмиди ўшанда?! Қардошлик узилгандан кейин у ҳақда ёздинг нимаю-ёзмадинг нима?

        Аммо ҳозирда бизга керак бўлган тафовутларни яхши англаб етилса, балки миллий лицейлардаги имкониятларни ошишига сабаб бўлар?! Бугун фарқларни ёзишни бошладим. яқин кунда сизга юборишга ҳаракат қиламан. Агарда сизни қизиқтирган савол бўлса ёзаётганларимнинг мазмунли бўлишига сабаб бўлар эди.

        Ҳурмат билан….

      • Умуман қандай қилиб у мактабга кириб қолганингиз ва кўрган кечирганларингизни гапириб берсангиз жуда қизиқарли нарса бўлади. Мен олдин айтган каби бу мактаблар ҳақида икки хил стереотип мавжуд. Бу эса асл аҳволни билмасликдан келиб чиқади. Анча бунча нарсадан хабарим бор, лекин ичкаридан бирининг баёнлари мен учун жуда қизиқ бўлади. Балки сизнинг ёзганларингиз бошқа собиқ талабаларни ҳам қитиқлар ва анча-бунча нарсалар ёзилар. Дейлик, Саид Нурсидан Гуланга, Отатуркдан Туркашга ва Диндан дунёвийликка қадар бу мактабларда қанчалик ўрин олганди… Бу мактаблар келажакда Ўзбекистонга қайтса бизни қутқариши мумкинми?

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: