ЗАМБУРМАСАЛ
СВЕТ
Кир ювиладиган Тоғорани деворга осиб қўйдилар. У қуёш нурида қизиб, роҳатланиб ётар ва ёнида осиқлиқ турган Ўроғу Аррага мақтанарди׃
-Мени сизлардан ҳам тўрроққа ва тепароққа осиб қўйишди. Бундай ҳурмат ва эҳтиромга етиш осон эмас. Кир ювилганда мен сувни ташқарига сачратмасликка уринардим. Эгамга шу хислатим ёққан бўлса керакки, менга бу қадар ҳурмат кўрсатди…
Тоғоранинг даранг-дурунгига Ўроқ ва Арра кулиб қўйишди.
-Бизнинг ўрнимиз доим мана шу ерда,-деди Ўроқ.-Истаган пайтда олишади ва фойдаланишади. Кейин яна эъзозлаб осиб қўйишади. Аммо бу Тоғора ўз келажагини тахмин қилолмаяпти.
-Уни ҳам керак бўлганда олиб, кейин яна осиб қўйишади. У ҳам энди бизнинг сафдошимиз.
-Э, йўқ,- деди Ўроқ.-Қарасанг-чи, ана у гувиллаб ишлаётган нарсага. Уни кеча олиб келишди. Номи Кир ювадиган машина…
Тоғора бу гапга даранг-дурунг қилиб жавоб берди׃
-Биламан ўша Кир ювадиган машина эканлигини. Лекин сизлар бу ҳовлида ҳафталаб, баъзан эса ойлаб свет бўлмаслигини билмайсизлар-да!
ТАРТИБСИЗЛИК
Қандай бўлиб Қайчи “қийч-қийч” этиб, ошхонадаги тартибсизлик ҳақида гапириб қолди. Бирдан унга қарши исён бошланди׃
-Сенинг ўрнинг бошқа хонада, нега ошхонага келиб қолдинг, мақсадинг бузғунчиликми!-дея бақирди Пичоқ.
-Ҳов Қайчи, нега бунча қайчиллайсан? Аслида сен биздан эмассан, нега бизнинг ишимизга бурун суқасан, оғзингни ёп ва йўқол бу ердан!-деб Ўқлоқ ҳам Қайчига ўдағайлади.
Шу зайл уни сўкмаган, таҳқирламаган қолмади.
-Мен тушуна олмаяпман, сизларга нима бўлган ўзи? Бир марта оғзимни очиб балога қолдим-ку?
Нина секин унинг қулоғига пичирлади׃
-Товушинги ўчир! Наҳотки билмасанг, тартибсизлик Қўл билан боғлиқ. Агар Қўл гапингни эшитиб тартиб ўрната бошласа, булар жойларини йўқотадилар!
ДЕВОР
Телевизор Деворга мақтанди׃
-Ҳеч эътибор қилганмисан, эгам мени жуда ҳам яхши кўради, сендан эса нафрат қилади.
-Нега бундай деяпсан?
-Наҳотки кўрмасанг, эгам ҳар куни менга қараб ўтиради. Қараганда ҳам икки кўзи фақат менда. Мени шунчалик яхши кўрадики, то ухлаб қолгунга қадар мендан кўзини уза олмайди. Сенга эса орқа ўгириб ўтиради. Илгари ораларингдан бир гап ўтганми дейман?
-Биродар, илгари бу хонада сен йўқ эдинг. У пайтда эгамнинг кўзи доим китобу дафтарда эди. Нима гап ҳам ўтсин!
-Балки ундан олдинроқ ораларингдан бир гап ўтган бўлиши мумкин?
-Қизиқмисан? Ундан олдин эгам онасининг қорнида эди…
-Вой-бў! Осмондасан-ку! Бу уйда ҳамма вақтинча, мен эса абадий демоқчимисан?
-Йўғ-е, мени тиклаган одамнинг иши пишиқ бўлмаганда мен ҳам аллақачон бу жойдан силжиган бўлардим, шуни айтмоқчиман, -деди Девор камтарлик билан.
ТВ ва КОМПЮТЕР
Телевизор Компютерга гап отди׃
-Кун бўйи ухлайвериб зерикиб кетдим…
-Ҳа, модадан қолдингиз тоға, сиз уйнинг ярмини эгаллаб ётибсиз, бунинг устига энди фақат ана у иккита кекса, уйқучи одамга кераксиз, холос. Ёшлар эса менинг ошиғим!
-Мен ҳам эдим сендай, сен ҳам бўларасан мендай,-деди Телевизор бамайлихотирлик билан.
-Оғзингизга келганини гапираверманг, бундай у ёқ-бу ёққа қаранг. Каллангиз ҳувиллаб қолган, ахир. Менда бор нарсанинг мингдан бири ҳам сизда йўқ. Одамлар нима қидирса, мен “лип” этиб топиб бераман. Ҳатто сизда бор нарсаларни ҳам ”дўкон”нинг бир четига жойлаб қўйибман. Хуллас, сиз айтиб юргандек, гап гавдада эмас, Ой билан Қуёшни тенглаштириб бўлармиди?
-Бўларди, агар уларн ҳам электрдан узиб қўйишса.
-Ҳа, ҳа..,-деб кулди Компютер,-Нимага шама қилаётганингизни тушундим, лекин менинг батареям бор!
-Неча соатлик?
Жаҳонгир Маматов.
Filed under: Zamburmasal |
Leave a Reply