Жаҳонгир Муҳаммад׃ “ҚИЁМАТ КУНИ” (13)

Блогда ёзиб борилаётган тарихий-замонавий роман

-13-

Вашингтон, 2005 йил, 5-май

Атрофда одамларнинг кўзи кўрмайдиган шарлар. Ҳар бир одамга биттадан шар. Бу кўринмас шарларга эшиклар ўрнатилган. Биттасидан кирилади ва иккинчисидан чиқилади. Кириш эшигига рўпара келиб қолганларга ичкарида етти сония вақт берилади. Бу ташқаридаги бир сонияга тенг. Уларга ана шу вақтда нариги дунёнинг жаннату дўзахи кўрсатилади. Кейин улар ташқарига чиқиб, кўрганларини “ҳазм этадилар”.

Кимдир ўтмиш ва келажак кўз олдимдан бир сонияда филм каби ўтди, деб қўя қолади.
Кимдир “Бу не ҳикмат?”, деб ажабланади.
Кимдир ўзига кўрсатилган ишоратни кўради.
Уларнинг орасида ўжарлари ҳам бор. Улар адашганлар… Адашганларни адаштириб шарнинг чиқиш эшигидан ичкарига олиб кирилади. Уларга етти кун вақт берилади. Ана шу етти кунда жаннату дўзахни ажратиш имконига эга бўладилар. Лекин бу ҳам аслида ташқаридаги бир сонияга тенг.

Мен ҳам адашганлардан бири эканманми, етти кун бошқа дунёни кездим.
Бепоён кенгликларни қоплаган дарахтлар…
Ҳар бир дарахтнинг ўз ранги бор…
Ранглар шунчалик кўп ва тиниқки, қарасангиз кўзингизга нур оқиб киргандек бўлади.
Ранглар сизни маҳлиё қилади…
Ранглар сизни ошиқ этади…
Ранглар сизни куйлатади…

Бепоён кенгликларни қоплаган тоғлар…
Шу қадар баланд ва баҳайбат тоғлар…
Чўққисини кўраман деб бошингизни кўтараверасиз, кўтараверасиз… Кўринмайди… Тоғлар ва унинг қоялари ҳам дарахтларнинг барглари каби рангдор…
Жуда тиниқ ранглар… Қаники уларни кўчириб олишнинг имкони бўлса…

Бепоён кенгликларни қоплаган уммон…
Зангори уммон. Шу қадар тиниқки, остида юрган жонзотлар филмдаги каби кўз олдингизда. Минг-минг балиқчалар саф тортган… Байроқ каби ҳилпираб ҳали у томонга, ҳали бу томонга сузишади. Уммон уларнинг Мустақиллик майдони… улар намойишга чиққанлар…
Уммон шу қадар каттаки, осмон унинг этагига илиниб қолган.
Уммоннинг сасига қулоқ солсангиз, дунёнинг барча мумтоз куйлари ундан ўғирланган.

Бепоён кенгликларни ўзига қаратган шаршаралар… Уввос солаётган онанинг саси каби. Бу сасда дард йўқ. Умуман бу ерда дард йўқлиги учун ҳам она бахтдан, севинчдан уввос солмоқда.

Бепоён кенгликларни қучган қушлар… Гўзаллик деган сўз жуда ожиз, бу қушларнинг ҳусни-жамоли бу сўзнинг бағрига сиғмайди.

Бепоён кенгликларни безаган жайдари ҳайвонлар…

Бепоён кенгликларни эгаллаган одамлар… Бахтиёр одамлар.. Ғамсиз одамлар…

Балки девона бўлиб қолдимми деб ўйлади Сем. Аммо бу кейинги ўйлов эди. У ишоратни англагандан кейин бу ўйловнинг оёқлари мажҳул бўлиб қолди.

Сем ўзига-ўзи хулоса қилди׃ йўлда кетаётиб шундай ҳолни бошдан кечирсанг ажабланма, сен дўзахда яшаётган одамга жаннатнинг бир учқуни ана шундай қилиб кўрсатилади. Кўриб қол, дўзахдагиларга фақат кўриш насиб этади.

Сем ана шулар ҳақида ўйлар экан, Вашингтон монументининг ёнидан ўтиб, Линколн обидаси томон борарди. У Иккинчи жаҳон уруши тарихига бағишлаб қурилаётган ёдгорликни четлаб, ҳовуз бўйига чиқди. Ўнг томонда дарахтлар остига қўйилган скамейкалардан бирида ўтириб, умр йўлдошини кутмоқчи бўлди. Лекин унга Линколн обидаси ёнида кўришамиз, дегани учун ўша томонга қараб бораверди.

Сем бугун истеъфо берди. Ҳукуматни тарк этди.

У эрталаб Кондолиза Райс билан баҳслашди. Чуни одатдагидек, Кондолиза унинг гапларига қулоқ солмади׃
-Мен собиқ СССР ҳудудларида яшаганларнинг аҳволини биламан ва бугун уларнинг ҳаммасига озодлик бағишлаш Худо йўлида қилинган энг буюк хизмат бўлади,-деди у Семнинг таклифларига жавобан.

Аслида Сем таклиф бермаганди. У Инқилоблар дастурининг давомига қарши чиқиб, ўз эътирозларини ёзганди.

Сем СССР ўрнида мустақил бўлган давлатларда яшаганлар демократия ва эркинликка муҳтож, лекин улар бунга ҳали тайёр эмас, деб ҳисобларди. У инқилоблар йўли билан олиб келинган демократия қисқа вақтда кучсизланади ва емирилади, бу эса умуман демократия деган тушунчанинг обрўйига путур етказади, деб ўйларди.
-Сем, сен нега Ўзбекистонда инқилоб учун замин ҳозирланишига қаршисан?-деб сўради Кондолиза ундан.
-У ерда яшаган халқлар минг йиллардан бери золимлар зулми остида бўлишган. Зеҳниятлари ҳам шунга мослашган. Улар раҳбар қаттиққўл бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Ҳалигача уларнинг орасида Сталинни севадиганлари бор. КГБнинг раҳбари Андропов қисқа вақтга СССРни бошқарди, аммо уни қаттиққўллиги учун севишди, Черненкони унутишди, Горбачевни ҳам. Ўзбекистонда Нишонов, Усмонхўжаев деган собиқ раҳбарларни латта деб билишади. Каримов масаласида… эса тилда уни ёмон кўрганлар ҳам ичларида шунақа раҳбар керак деб биладилар.
-Сен Ўзбекистонда бир неча йил ишлаб келдинг. Сен айтган номларнинг баъзилари менга таниш эмас. Майли бу бошқа масала. Сенинг билимингни ҳурмат қиламан. Лекин бугун биз Худонинг ҳукмини бажариш учун катта имкониятга эгамиз. У ердаги халқларга озодлик бериш керак!
-Тўғри… Бироқ биз берган озодлик уларни қонга ботиради. Ўзбекистонда битта миллат яшамайди. Минглаб элатлар вакиллари яшайдилар. Бу Ленин ва Сталин томонидан тузилган сунъий жумҳурият. Эркинлик берилса, бир-бирини қиретим қилишади.
-Сен Каримов билан яқин эмас эдинг, лекин унинг гапларини айтаяпсан…Бу масалада сен билан келиша олмаймиз!
-Ундай бўлса, аввал Қозоғистонда синаб кўриш керак.
-У ерда жиддий муаммолар йўқ. Қисман иқтисодий эркинлик бор. Қолаверса, Назарбоев ёмон эмас.
-Москванинг қўғирчоғи…
-Озарбайжонни танласак-чи?
-Бўлмайди.
-Нега бўлмас экан?
-Буш ва Чейней буни қабул қилмайди. Улар Алиев томонида. Буни гапириб ўтиришга ҳам эҳтиёж йўқ.
-Ади-десам, бади дейсан! Ҳали Гуржистон, Украинада ҳам келажак йўқ дерсан?
-Бу борада ҳам фикрларим шаклланган. Гуржистон яхши танланди. Инқилобчи халқ гуржилар. Улар танклардан ҳам қўрқишмайди. Улар эркинликнинг қадрига етадилар.
-Украина-чи?
-Биз катта хато қилдик. Дарахтнинг шохларини кесиш билан оворамиз. Ҳамма кучни Россияга ташлаб, у ерда бир нарсага эришсак, қолган жойларда ўз-ўзидан ўзгаришлар бўлади. Улар Россиядан келадиган шамолда рақс тушишга ўрганишган.
-Сенга нима бўлган ўзи? Ҳаётдан узилиб қолганмисан дейман? Ахир аввал шохлар кесилади, кейин дарахт қулатилади…
-Бизнинг мақсад дарахтни қулатиш эмас-ку! Бизнинг мақсад дарахтни ҳам, шохларни ҳам яшатиш. Унга янгича ҳаёт бериш. Ҳозирги ҳолатда халқимизнинг солиқларидан тўпланган миллиардларни сарфлаймиз, у жойларда ҳам юзлаб одамлар ўладилар… натижа эса нолга тенг бўлади.
-Сен Демократик партияга сотилмадинг-ми? Уларнинг оғзи билан гапираяпсан?
-Ҳали биз режаларимизни жамоатчиликка очган эмасмиз-ку! Вақти келиб улар шундай десалар – улар ҳақ. Умуман мен бу ғоядан узоқ турмоқчиман.
-Истеъфо бермоқчимисан?
-Ҳа, бошқа иш топмоқчиман. Бу йил ўғлим ўқишга кирди. Бу ердаги даромадим етмайди. Бирорта олийгоҳда дарс бермоқчиман. Лекин айтиб қўяйин, гарчи Қирғизистон деган гап менинг оғзимдан чиққан бўлсада, ҳатто у ерда ҳам бизнинг демократия ишламайди.
-Нима ишлайди? Ислом ишлайдими? Диктатура ишлайдими? Ислом Каримовнинг “Шарқ демократияси” ишлайдими?-Кондолизанинг жаҳли чиқди. Сем бунга парво қилмади. Чунки унинг жаҳлига ўрганиб қолганди. Шунинг учун ҳам совуққонлик билан жавоб қилди׃
-Араб давлатларида диктатура ишламоқда-ку, уларда ҳам ишлайди. Улар демократияга тайёр эмас. Балки бир кун келиб тайёр бўлишар. Ўшанда ҳам биз эмас, уларнинг ўзлари буни ҳал қилишлари керак. Бу менинг қатъий фикрим. Омон қолинг? Аризамни почтадан юбораман!…

Сем шундай деб чиқиб кетди. Ҳатто хонасидаги нарсаларини ҳам йиғиштирмади. Зотан кейинги кунлар керакли нарсаларини уйига ташиб ҳам қўйганди. Чунки Кондализанинг командасида ишлай олмаслигини идрок қилганди.

У хотинига сим қоқиб, уни шаҳар айланишга ва тушликка таклиф қилди…

Сем бораётган йўлакдан беш юз метрлар нарида эса Оқ уй жойлашганди.

…АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси раҳбари Тенет ва Миллий Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Ҳадлей биргаликда президент Буш ҳузурига киришди. Президент МРБ раҳбарининг кундалик ҳисоботига кўз югуртирдида ҳужжатни столнинг бир четига қўйиб, маслаҳатчи Ҳадлейга юзланди:
-Стиф, биласан, бугун учта телевидениега интервю беришим керак…
-Биламан, жаноб президент, дастлаб Гуржистоннинг “Рустави 2” телевидениеси мухбирига…
-Уларни кўпроқ нима қизиқтиради?
-Биз Гуржистонни ҳар қандай шароитда қўллаймизми йўқми, менимча ҳамма савол шу атрофда бўлади.
-Қўллаймизми?
-Албатта-да! Буни ҳали Тбилисига борганда ҳам урғулаймиз.Ундан кейин Россиянинг НТВси кутиб турибди. Кеча Литва, Латвия ва Эстония телевидениеларининг мухбирларига берган суҳбатларингиз Россияда аллақачон шов-шув уйғотди. Уларнинг саволлари шу атрофда бўлади.
-Ўзиям телемарафон бўлиб кетди. Кеча учта, бугун учта телевидениега суҳбат..
-Чунки сафар – катта сафар. Ҳали Дания мухбирлари ҳам навбатда. Қайси мамлакатга бориладиган бўлса ўша мамлакатнинг халқига бир нарса деб қўйиш одат-да.
-Бир нарса бўлганда майлику! Лекин бу баччағар мухбирлар ўзларининг президентларига беролмаган саволларни ҳам менга беришмоқда.
-Бу ҳам бизнинг уларга демократия дарсимиз.
-Жо, нима қиламиз, демократия дарсини давом эттирамизми? Инқилоблар нима бўлмоқда?- Буш шундай деб адашига – МРБ директорига юзланди.
У шу саволни кутиб турган эканми, қўлидаги папкани очиб, бир-иккита қоғозни олди ва президентга яқинроқ келдида:
-Ўзбекистон ҳақида сиз билан гаплашмоқчи эдик,-деди.
Буш пинагини ҳам бузмай сўради?
-Қайси “истон”?
-Ўзбекистон…
-Жо, бу ана у Доннинг, яъни Рамсфелднинг “истон”ими?
-Ҳа, Афғонистон масаласида бизга керак бўлган жой. У ерда ҳарбийларимиз ҳам бор, аммо Путин бизни у ердан қувмоқчи.
-Путин… Путин… Жонга тегди бу урус. Ҳе, …,-Буш Путиннни буралаб сўкдида сўзида давом этди,- Бу КГБдан чиққан шумбола ёмон экан. Елкасини силаганимга ўзидан кетмоқда.
-Дастлаб Болтиқ бўйи ва Гуржистонга боришингизни ҳам у ўзига қарши исён деб қабул қилмоқда.
-Қабул қилаверсин! Исённи мен унга кўрсатиб қўяман, ҳали ўша Питтерсбургга борганда.
-Санкт Петербург!
-Питтерсбург! Питтерсбург! Қандай хохласам шундай айтаман!

Буш ўрта бармоғини кўтариб қўйди. Бу аслида ҳақорат англамига келсада кўпчилик бунга кўниккан. Ҳозир эса Буш бу белгини олис-олислардаги Путинга кўрсатаётгандек эди.

-Хуллас, яқин кунларда Ўзбекистонда…-деб сўзида давом этаётганди МРБ директори Буш унинг гапини бўлди׃
-Буни менга эмас Донга, Рамсфелдга айт, у шуғуллансин! Аммо сен ҳам узоқда қолма!
-Руслар Сороснинг баъзи одамларидан ҳам фойдаланишмоқчи. Кейин эса уларни ёмонотлиқ қилиш билан минтақадан қувишмоқчи. Яъни фaқaт ҳарбийларимизни эмас, балки бошқаларнинг ҳам оёғини узишмоқчи.
-Соросга у ерларда нима бор ўзи? Қариб қуйилмаган чол! Агар ўйинга кириб қолганини англамаса, нима қилади у ёқларга бориб? У мени кетказиш учун 20 миллион доллар бераман деганди. Ана ўша 20 миллионини сарфлаб ўзини қутқазсин энди!
-Агар сиз Ўзбекистон раҳбарини…
-Уфф…! Жо, сен буни Кенди ва Дон билан гаплаш!

“Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади” деган каби эшикдан Кондализа кирди. Кондализа Бушнинг хонасига кутмасдан кириб келаверадиган яккаю ягона шахс. Бундай ҳуқуқ ҳатто Бушнинг хотини Лорада ҳам йўқ.

Буш негадир Кондализага жуда ишонади ва унинг ҳар бир айтганини идамай бажаради. Балки Кондализанинг ақлли аёл бўлгани уни сеҳрлагандир? Балки уни энг содиқ дўст деб билар?

Кондализада бир неча эркакнинг кучи ва билими бор. У асли советшунос. Докторлик илмий ишини ҳам шу мавзуда ёқлаган. Рус тилини яхши билади. Айни пайда санъат ошуфтаси. Муз устида рақсга тушишни қойиллатади. Пианинода Чайковскийни “йиғлатиб юборади”. Буш ҳориб қолган пайтларда мусиқа чалиб, унинг музлаёзган қалбини эритиб қўяди. Лекин ўзининг қалби тошга айланган. Раҳм-шавқати йўқ. Асаби сал нарсага чақнаб кетади. Айтган гапидан чекинмайдиган – ўжар. Оналар азоби, болалар қисмати, инсон умри, табиат топталиши ҳақида куюниб гапирадиганлар унга ёқмайди. Турмушга чиқмаган. Бундай қалбидаги нафрат ва севгини ажратмаган аёлга дош берадиган эркак топилиши осон эмас.

Буш уни кўриши билан׃
-Кенди, бунга сен қандай қарайсан?-деди.
-Нимага? Мушарраф масаласигами?- деди Кондализа икки Жога алоҳида, алоҳида қараш қилиб.
Унинг Мушарраф пул олиш учун яна ўйин қилаётганини эслатгани Бушга ёқмади׃
-Кенди, азизим, сен Мушаррафни орага суқма. У менинг одамим. Сен Дон билан бирга ана у Ўбакистон ҳақида ўйла!
-Ўзбекистон!
-Фарқи нима? Ҳаммаси битта “истон”! Мен эса бугун Гуржистон телевидениеси саволларига жавоб беришим керак. Бунинг устига мана бу хат келди. Конгресснинг 88 аъзоси қўл қўйиб мендан Ироққа қилинган ҳужум масаласида Англия билан бўлган шартнома матнини эълон қилишни сўрашмоқда. Мен сизлар билан шу масалани гаплашмоқчи эдим, аслида. Жо бўлса “истон” дан гапиргани гапирган.
-Лекин бу сизнинг сафарингиз билан боғлиқ. Эртага демократияни ёйиш ҳақида қиладиган нутқингиз ҳақидаги гаплардан Путин ташвишда. Бугун Лавровдан нота ҳам олдик.
-Лавро… у ким бўлди? Бирор испaн-писпанми?
-Йўқ, Сергей Лавров…
-Ҳмм…Путиннинг лайчасими? Бу Путин олдин унинг олдига эмас, Болтиқ бўйига боришимдан питирлаб қолди. Мени ҳам лайча қилиб оламан деган, шекилли! Аблаҳ!
-У сизнинг Гуржистонга боришингиздан ҳам хафа. У бизни инқилобларнинг ташаббусчиси деб айбламоқда.
-Тўғри, бундан тонмаймиз! Лекин нега нота беради? Истасанг, мана бу “Рустави-2” телевидениесига бериладиган суҳбатимга бирор нарса қўшайлик. Тузлаб қўямиз-ми? Жавобини берайлик!
-Бунга арзимайди.
-Майли, зотан 8-Май куни Россияга бораман. Ўшанда Путин билан яхшилаб гаплашамиз.
-Улар сизнинг Россиядан кейин Гуржистонга боришингизни исташмаяти. Буни инқилобни очиқдан-очиқ дастаклаш дейишмоқда.
-Агар шунақа қилаверса, Украинага ҳам ўтиб келаман. Биз дунёга демократияни ёямиз дедикми, тамом! Бизни қайтарадиган куч йўқ!
Суҳбатга яна Жо аралашди:
-Улар мана шу дастуримизга зарба беришмоқчи. Сизнинг сафарингиз битиши билан кескин жавоб қилишмоқчи. Яъни бутун режаларимизни пучга чиқаришмоқчи. Инқилоб Қирғизистонга қадар етиб борди. Навбатда Ўзбекистон деб ўйлашмоқда. Путиннинг одамлари бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарини ишонтириб ҳам бўлишди. Унга сизни Америка ағдариб ташламоқчи, деб жуда кўп фактларни беришган.
-Фактлар? Қанaқа фактларни беради?
-Юқорида айтдим-ку, унга бизнинг ноҳукумат ташкилотларимизнинг демократия борасида қилаётган ишларини кўрсатиб, буни сизнинг гапларингиз билан тасдиқлашмоқда. Уларнинг баъзилари Кендининг идорасидан ҳам грант олишади.
-Бизда ҳам шундай маълумот бор,-деди Кондализа.- Мен элчихонадан бир кишини масъул қилиб Андижонга жўнатдим.
-Анжан? Бу яна қанақа мамлакат бўлди?
-Андижон! Бу мамлакат эмас. Бу Ўзбекистоннинг бир четидаги шаҳар. Улар бизга зарбани ана ўша ердан туриб уришмоқчи.
-Парво қилма! Путиннинг елкасини яна бир марта силаб қўйсам, ҳаммаси изга тушади. У мен билан учрашуви олдидан шундай гаплар тарқатаётган ҳам бўлиши мумкин. Эски КГБ, туллак!
-Лекин тузоққа тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Ироқ масаласида қийин вазиятдамиз. Афғонистонда ҳам Путин оёғимизга болта урмоқда,-гапга аралашди МРБ раҳбари.
-Жо! Шу Путинни кўра олмадинг-да! Гадонинг душмани гадо бўлади деганлари рост экан!
-Аслида Ироқда ҳам Путин ва у билан бирга бўлган ана шундай дўстларимиз бизга қарши уришмоқдалар. Лекин буни айта олмаймиз, гапира олмаймиз. Энди демократия борасида ҳам бизнинг қанотимизни синдиришмоқчи.
-Сен мени Путин билан урушга чақираяпсанми, Жо?
-Йўқ, нимадир қилишимиз кераклигини айтаяпман.
-Стефан, буларнинг гапи тугамайди, бўпти чақир, ана у мухбирлар киришсин,-деди Буш хаёлга толиб турган маслаҳатчисига.
-Улар нариги хонада, тайёр, сизни кутишаяти.

Президент ўтирадиган бу хонани Овал офис дейишади. Бу офис 19-аср бошида Оқ уйни кенгайтириш жараёнида бинонинг Ғарб томонида тухумсимон шаклда, лўнда қилиб қурилган.

Офиснинг учта деразаси бўлиб, ҳаммаси жанубга қараган. Президент ўтирганда деразалар унинг орқа томонида қолади. Бу президент ишлайдиган жой ёруғ бўлиши учун қилинган. Агар битта дераза бўлганда президент столига қисман соя тушиши мумкин. Шунинг учун ҳар доим ёруғлик иниб туриши ҳисоб-китоб қилинган.

Лекин ҳар қайси президент ишни шу офисни ўзига мослаш билан билан бошлайди. Гиламидан стол-стулигача, девор рангидан эшик бўёғигача ўзининг раъйига қараб ўзгартиради. Бушнинг иш столи деразаларнинг остида эди. У суҳбатдошлари билан мулоқот чоғида айлана стулни буриб, ташқарига назар солишни ёқтирарди.

Иш столининг олдинги қисмида бир-бирига қараган икки диван қўйдирган. Диванлар тугаган жойда эса иккита кресло. Азиз меҳмони бўлганда ана шу креслода ўтириб гаплашади.

Сенаторлар ёки 3-4 кишини бирдан қабул қилса, уларга дивандан жой кўрсатади. Бугунги каби суҳбатларни эса оёқ учида ўтказади.

Буш ишлайдиган хонанинг тўртта эшиги бор. Шарқий эшик катта гулзорга очилади. У якка қолиб, сиқилган пайтлари шу эшикдан гулзорга чиқиб айланиб юради.

Ғарбий эшик эса бошқа бир кичик хонага бошлайди. У ерда китоб, газета ўқиши, бироз дам олиши ёки овқатланиши мумкин.

Шимолий-Ғарбий эшик асосий коридорга очилади.

Ниҳоят тўртинчи эшик президентнинг котиби ўтирадиган хонага қараган.

Буш бир зум иккиланиб турдида, коридорга чиқадиган эшикни танлади. Лекин мухбирларни қабул қиладиган хонага бу томондан бироз узоқ эди. У хаёлга чўмган пайтлари доим узоқ йўлни танларди. Шу баҳонада озгина бўлсада, ҳам ҳаракат қилиб, ҳам ўзимни қўлга оламан, деб ўйларди.
У гуржи мухбирлар ҳузурига кириб келди ва уларга ҳазил қилди:
-Сак–сака-швилли қандай?

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

Қирғизистон Бош прокуратураси Ўш ва Жалолобод вилоятларида 2010 йилнинг июн ойида рўй берган қирғин бўйича 4000га яқин жиноят иши очган, 3500 дан зиёд киши жабрланувчи сифатида қайдиятга олинган.

Прокуратурага кўра, қонли тўқнашувлардан сўнг жанубда 355 шахснинг жасади топилган, улардан 197 нафари отиб ўлдирилган, 42 нафари ёқиб юборилган, 47 шахс чавақлаб ўлдирилган, 65 нафари турли тан жароҳатидан ҳалок бўлган, 4 шахс эса чўктириб юборилган. Жасадлардан жами 293тасининг шахси аниқланган.

Бироқ мустақил манбалар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида рўй берган қонли тўқнашувлар қурбонлари сони 2000 дан ортиқ экани ва тергов бир томонлама-ўзбекларга қарата йўналганини айтишмоқда.

2 Responses

  1. Жаҳонгир ака, битта саволим бор эди. Сиз ўзингиз айтгандек фаол сиёсатни ташлаб кетгансиз. Бу сиёсатдан узоқ тураман дегани. Агар ҳамма шундай қилиб ўзини сиёсатдан четга олса, келажагимиз нима бўлади? Ўқувчи.

    • Бу ҳақда ёзганимда мен фаол сиёсатдан кетганимни айтгандим. Бунга ҳам бир йилдан ошди. Бу дегани бирор-бир ташкилотга аъзо эмасман, бирор ташкилот сафида туриб сиёсат юргизмайман дегани. Бу қадар оддий. Бугун ҳам фикримда собитман. Лекин ўшанда ёзганимдек, бу дегани сиёсатдан бутунлай кетдим дегани эмас.

      Ҳаётнинг ўзи сиёсат, ҳар бир айтилган гап сиёсат. Бунинг устига ўз мустақил қарашингиз ва ўз мустақил позициянгиз бўлса, унда ҳар бир айтган сўзингиз ҳам фаол сиёсатдан иборат бўлади.

      Демак, мен фаол сиёсатдан кетганим билан сиёсатдаги фаолиятим ҳали ҳам фаол деб ҳисоблайман. Чунки сиёсатга ҳар ким қўлидан келгани қадар ҳисса қўшса, сиёсат жамиятнинг таянч нуқтасига айланади.

      Менинг қўлимдан келгани ёзувларим. Буни эса четга сурмай, вақтим етмаганига қарамай фаол давом эттираяпман. Сиёсатдан кетдим деб бир жойда пусиб ётганим йўқ. Ёзганларимнинг ҳаммаси сиёсатдан иборат бўлиб қолмоқда. Сиёсат бўлганда ҳам энг тепаси. Ҳатто “Носиёсий…” деб ном қўйсам ҳам турган битгани сиёсатга айланиб кетмоқда. Шунинг учун мендан хафа бўлишингиз нотўғри.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: