Жаҳонгир Муҳаммад׃ “ҚИЁМАТ КУНИ” (12)

Блогда ёзиб борилаётган тарихий-замонавий роман

-12-
Эликот шаҳри, Мериланд штати

Қирғизистондаги қирғин борасида тўпланиб қолган видеотасмалардан бирини кўра бошладим. Башараси совуқ биттасини сўроқ қилишмоқда׃
-Қаерликсан?
-Мен Жалолободдан келганман. Ўша ерда ўсганман.
-Неча йилдан бери Ўшда яшайсан?
-Келганимга саккиз йил бўлди.
-Ота-онанг йўқ-ми?
-Йўқ.Улар ўлган… у пайтда мен жуда ёш бўлганман…12 йил етим…
-Демак, сен етимхонадан чиққансан?
-Йўқ, мен фақат 3-4 йил у ерда бўлганман. Кейин мени у ердан олиб катта қилишган.
-Ўшдаги бу ишларга сени ким ёллади?
-Шаҳар мери, унинг одамлари…
-”Алай” меҳмонхонаси ёнида нима қилдингизлар?
-Қизларни ушладик. Уларнинг хонасига кириб зўрладик. Орқасига зўрладик. Кейин деразадан отвордик…

…Шу жойда ўйланиб қолдим. Видеотасмани орқага олиб қайта-қайта кўрдим. Бу болани олдин чиғириқдан ўтказиб, кейин суратга олиш учун қайта сўроқ қилишмоқда ёки унинг бўйнига рол ўйнаб бериш юклатилган. Сўроқ қилаётганлар ўзбекларми ёки қирғизларми? Агар ўзбеклар бўлишганда нега шаҳар мери ҳақидаги гапни эътиборсиз қолдиришди. Ахир бу жуда муҳим-ку?
Мана бу савол ҳам жуда қизиқ׃
-”Алай” меҳмонхонаси ёнида нима қилдингизлар?

Бунинг устига бу саволга дарҳол׃
“Қизларни ушладик. Уларнинг хонасига кириб зўрладик. Орқасига зўрладик. Кейин деразадан отвордик…” деб жавоб берилгани ҳам кишини ўйлатади.

Ҳар қандай жиноятчи ҳам бунчалик тақиллатиб айтиб ташламайди. Ҳатто уни қийнашган, калтаклашган, мажбурлашган бўлишса ҳам битта-битта, жуда қийинчилик билан айтиши мумкин. Қани давомини кўрайлик-чи?

-Қизларнинг ёши нечада эди?
-14-15…
-Ҳе сени онангни… Ахир қизнинг ёши 12 да эди-ку?! Ўзбек эдими қирғиз эдими?
-Қирғиз…

Шаҳар мери ҳақидаги гап эътиборсиз қолгани ва зўрланган қиз қирғиз эканлиги савол бераётганларнинг кимлигини кўрсатгандек гўё.

-Кейин нима қилдиларинг? Нечта қизни зўрладиларинг?
-Мен фақат биттасини зўрладим…
-Бошқа болалар нечта қизни зўрлашди?
-Мен фақат учтасини кўрдим. Қолганларни кўрмадим.
-Қизларни қайси қаватдан улоқтирдингизлар?
-Учинчи…
-Сан буни ўзбекларни ёмон кўрсатиш учун қилдингми?
-Йўқ. Нега энди…

Эртага ўзбеклар “бу йигит бизни ёмонотлиқ қилиш учун шундай жирканч ишларга қўл урган” деган гапни айтишларининг олдини олиш учун берилган саволми бу? Ҳар ҳолда шунга ўхшамоқда.

-Меҳмонхона олдида машиналарни ҳам ёққансизлар?… Буни қачон қилгансизлар? Қизларни қачон деразадан итқитгансизлар?
-Бу олдин эди…
-Қизларни деразадан итқитганларингизда улар тирик эдими?
-Йўқ, уже ўлган эди.
-Кейин ошналаринг машинларни ёқдими? Тўғрими?
-Йўқ. Бу оқшом пайти эди…

Бу ерда энди уларнинг гапи боғланмай қолмоқда. Балки бу нарса суратга олиш жараёнида “терговчилар”нинг хаёлига келиб қолиб, “шуни ҳам унинг бўйнига илиб қўяйлик” шаклидаги саволдир бу?

-Кечаси спецназнинг орқасидан қувдингизлар, кейин машиналарни ёқдингизлар, шундайми?
-Ҳа…
-Сизлар кўпчилик эдингизларми?
-17-18 киши…
-Сизларга ойига қанчадан пул тўлашди?
-Ойига эмас, кунига тўлашди.
-Қанчадан?
-Ҳар бир қизни зўрлаганимиз учун 5000 сўм. Ҳар бир уйни ёққанимиз учун 2000 минг сўм.
-Нечта уйни ёқдиларинг?
-Мен Тешиктошдаги уйларни ёқдим…
-“Тико” машинасида аварияга учраган йигитнинг кўзларини ким ўйди?
-Билмайман. Кўрмадим..
-Сен Черемушкада нима қилдинг?
-Ҳеч нарса қилмадим…
-Кеча айтганинг-чи?..

Демак, бу йигит билан улар кеча роса “гаплашишган”. Бу ёғи энди томоша учун қилинмоқда. Юқоридаги тахминимиз тўғри чиқди׃

-Мен айтдимку, қирғизлар қилишди, мен ҳеч нарса қилмадим.
-Бир кишини ҳам ўлдирмадингми? Битта ҳам қирғизни ўлдирмадингми? Гапир!
-Йўқ. Мен у ерга борган эмасман. Мен Черемушкага борганим йўқ. Мен қирғизлар билан шу ерда -Шайпетада жанг қилдим.
-Тешиктошга қанча болани ташидинг?
-Йўқ. Биз Тешиктошда жанг қилдик.
-Сўйилган болалар-чи? Қанча ўликни ташидинг?
-Биз жангни тугатганимиздан ва уйларга ўт қўйиб бўлганимиздан кейин учта ўликни чиқардим…
-Уларни ўзинг ўлдирдингми? Уларнинг устига ўзинг бензин сепиб ёқиб юбордингми? Сен бензин сепганинг ва ёқиб юборганингни кўрган болалар бор.
-Йўқ. Мен ёқмадим. Уларнинг ўзи ёқди. Уч кишини эса спецназ билан бирга олиб чиқдик…

Мана шу жойи қизиқ экан. Демак, бу йигит “спецназ” билан бирга ишлаган. Ҳамкорлик қилган ёки “спецназ”нинг бир парчаси.

-Оёғингни қаерда кесиб олдинг? Қайси томда? Уйни ёқаётгандами? Санайперни тоққа сен олиб бордингми?
-Йўқ, бошқа жойда кесиб олганман.
-Қолган 18 киши қаерда? Улар ўзбекларнинг орасидами?
-Балки ўзбекларнинг орасидадир? Мен “Дўстлик” чегара пунктига томон 6-7 тадан бўлиб кетаётганларни кўрдим…

Энди сўроқ қилаётганларнинг кимлиги тўла аён бўлди. Уларнинг мақсади ҳам. Бу қирғин кунлари интернетда илк пайдо бўлган видеотасмалардан бири эканлигини ҳисобга олсак, тергов бошиданоқ ўзбекларга қарши қаратилгани, режалангани маълум бўлади…

Бу видеотасмани кўриб, ёзилмай қолган гапларни тасаввур қилдим. Видеотасма рус тилида эди. Уни қирғизлар ва руслар олишган. Наҳотки, ўзбек бола рол ўйнаб берди? Бўлмаган гап, дейман. Кейин кўз олдимга бошқа видеотасамалар кела бошлайди. Биттасида қирғизлар ўзбек болани рақсга туширишмоқда. Бошқасида ўзбек болани таҳқирлашмоқда. Наҳотки, ҳаёт шунчалар арзон… Агар бу болалар шунча одамни сўйишган, ёқишган бўлишса, нега буларнинг олдида қалтираб туришибди? Қондан қўрқмаган жондан қўрқадими? Ёки ростдан ҳам пул учун қабиҳлик қилишдими?

Кейинги кунлар қирғизлар орасидан чиққан қаттоллар ҳақида кўп ўйладим. Лекин ўзбекларимиз ҳақида ҳам чуқурроқ ўйлашим ва ўзимизни тузатиб олишимиз йўлларини қидиришимга ундовчи ишоратлар ҳар қадамда учрарди. Ҳатто ташвишларга қўл силтаб, “ҳайё-ҳу” деб Италияга кетсам ҳам, ишоратлар тинчлик бермасди.

Бир пайтлар аҳлини вулқон босиб, кулга айлантирган Помпей харобаларини кезишдан олдин бу ерда йўлбошчилик қиладиган киши билан танишдик. Исми Эркин экан.
-У қозоқ,-деди қозоғистонлик танишим.
-Йўқ, у ўзбек,-дедим мен. Дарҳақиқат, ўзбек бўлиб чиқди. Нақадар яхши, олис бир ўлкага борганингда олдингдан ватандошинг чиқиб қолса. Худди қора булутли осмони ёритиб қуёш чиққандаги каби кўнглинг равшан тортади, бундай пайтда.
-Асли тошкентликман,-деди Эркин.-Москвада санъатшунослик олийгоҳида ўқиганман. 1990 йилда Ўзбекистонда Маданият вазири мени ўз ҳузурига чақириб, “Сизга ўхшаганлар керак эмас бизга, чиқиб кетинг!” деди. Шундан бери хориждаман, мана 20 йилки Италиядаман. Ким ютқазди? Мен эмас!
-Маданият вазири дедингиз-ми? Исми нима эди?-дедим мен унга ўзбекчалаб.
-Бу масалага кирмайлик! Қолаверса, бошқалар тушунмайдиган тилда гаплашмайлик!

Демак, саволим унга ёқмади. Агар менда қуриб кетгур шубҳа пайдо бўлмаганида бу саволни бермаган бўлардим. 1990 йил ҳали Ўзбекистонда Маданият вазири бировни ҳузурига чақириб мамлакатдан қувадиган пайт эмас эди. Мустақиллик учун курашнинг алғов-далғовли кунлари эди. Миллатнинг фидойилари майдонга чиққан ва курашнинг авжи палласи бўлган пайт. Ҳар қандай вазирнинг оёғи қалтираб юрганди. Тўхта, бу ҳақда ўйладим нима, ўйламадим нима? У зотан бу масалага нуқта қўйди.

У бизни Помпей харобалари сари етаклаб тарихнинг биз билмаган саҳифаларини оча бошлади. Билимли экан. Нонини ҳалол қилиб еб юрибди. Бизни қизиқтира оладиган фактларни топиб гапирар ва диққатимизни тортишни биларди.

Бир ўзбекнинг Италия деган мамлакатнинг бир четида бу ўлкани дунёга танитаётгани кишига ҳам ифтихор бағишлайди, ҳамда афсус-надомат кўланкасини бошингизга олиб келади. Шу одам Самарқанд, Бухоро ёки Хивада ҳам хизмат қилиши мумкин эди-ку? Агар шароит бўлса, ҳеч қурмаса, Помпейдаги каби шароит бўлса, унга етарли эди.

Унинг ўз ишини билишини кўриб, унга ҳурматим ошиб, Помпейдан кейин Неаполга бўлган сафаримиз охирида ҳузурига бориб, ўзимни таништирдим ва׃
-Ватанга қайтиш ва ўша ерда учрашиш бизга насиб этсин!-дедим.
Бирдан унинг авзойи бузилди, бир жумла ўзбекча гапириб, кейин микрофонда ҳаммага эшитарли тарзда русчалаб ҳайқира бошлади׃
-Мен қайтмайман. Бориб-келиб юрибман. Кўрдим, бутун Тошкентни қишлақилар босиб олган, самарқандликлар, хоразмликлар босиб олган. Тошкентликлар шаҳарни ташлаб кетиб қолишган. Қанчадан-қанча дўхтирлар, инженерлар, талантли одамлар шаҳарни ташлаб кетишган. Ҳамма ёқда қишлақилар!!!

Бу сўз менинг қалбимни тешиб ўтиб кетди. Гарчи умримнинг асосий қисми шаҳарларда ўтган бўлсада, болалик йилларим кечган қишлоғимни эсладим ва у ердаги одамларни “қишлақилар” дея камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини ўйладим. Агар қишлоқларимиз бўлмаганда, биз ўзимиз бўлармидик?! Тошкент қишлоқликлар учун ёпиқ бўлиши керакми? Каримов режими Тошкентни ёпиқ шаҳарга айлантирди. Ўзбекистоннинг қайси бурчагидан келманг, Тошкент сиз учун ёпиқ шаҳар. Рўйхатга олинмаганмисиз- бегонасиз. Гап бунда ҳам эмас.

Мени қийнаган масала бошқа нарса. Эркин Москвада санъатшунослик олийгоҳида ўқиган экан. Зиёлининг зиёлиси. Ўзбекнинг зиёлилик чўққисига етишган боласи. Яна йигирма йилдан бери Авропада яшайди, санъатни тарғиб қилади. Агар шундай зиёли одамнинг мантиғи шу қадар бузилган бўлса, бошқалардан ўпкалаш ҳам керак эмас. Мен маҳаллийчилик онгимизда бор ва онгдаги нарсани вақт, шароит, ўз-ўзини англаш ўзгартиради, деб ўйлардим. Эркин ҳодисаси эса, бу нарса қонимизда борлигини ва онгнинг бир қисмига айланганини кўрсатмаяптими? Наҳотки! Агар шундай бўлса, биримиз икки бўлмас экан-да! Умидки, бундай эмас!

Бугун биз қирғиз ва ўзбек орасидаги келишмовчилик ҳақида бош қотираяпмиз. Унинг илдизларини топишга, уни даволашга уринаяпмиз. Лекин ўзбек ўзбекни кўрарга кўзи йўқлигини қандай тузатамиз? Худди мана шу иллат бизни парчалаб ташламаяптими? Худди мана шунинг учун бошқаларга ем бўлмаяпмизми?

Ана шундай фикрларга ғарқ бўлиб қолдим ва Эркин билан хайрлашмадим ҳам. Кейин қарасам, у ҳали ҳам бизнинг автобусда. Шаҳардан анча олисда яшар экан. Ўзбекча айтганда қишлоқда.. Ўша ерда тушиб қолди. Сайёҳлар қарсак чалиб у билан хайрлашдилар. Менинг эса қўлим қарсак чалишга бормади. Демак, биз айрилдик…бошқа-бошқа қутблар кабимиз энди…

Шу гапларни Саиджонга айтиб бергандим, у тутоқиб кетди׃
-Бу ёқда шунча ўзбекнинг ўлимига кўз юмган Ўтинбоевани Американинг пошшоси қабул қилиб, пойига гул сочиб турибди-ку, сиз менга қаердаги битта ярамас одам ҳақида гапираяпсиз-а?

Демак, шунча гапирганим бефойда. Бу йигит ишоратларни англамайди. Шундай дейману унинг ҳам эътирозида жон борлигини пайқаб қоламан. Кейин унга сиёсат ўйинга айлангани ҳақидаги эски гапларни такрорлайман. У қониқмайди. Уни ҳовиридан тушириш учун Италия тарихидан бошқа бир мудҳиш воқеани эслайман.

Италиянинг Таскана водийсида миттигина шаҳарча бор. Номи Сиена. Тепаликнинг устига қурилган. Ўзбекча қилиб айтганда тепаликдаги катта қишлоқ. Бир минг икки юзинчи йилларнинг охирларида бу катта қишлоқнинг аҳли водийнинг қуйи қисмидаги флоренцияликлар билан урушади. Қирғин барот. Қон шунчалик кўп тўкиладики, тепалик лолақизғалдоқзор каби бўлиб қолади. Қарийиб йигирма минг одам ўлади. Суриштириб келсангиз, асли эгизак ака-укалардан тарқаган халқ экан.

Уларнинг иши Худога ёқмабди. Бошларидан қора кунлар аримабди. Қирғин-баротдан кейин орадан 88 йил ўтиб, шаҳарлару қишлоқларни вабо босибди. Аҳолининг аксарият қисми қирилиб кетибди. Ўшандан кейингина улар Худонинг ғазабидан қўрқиб, ўзаро урушмасликка қасам ичишибди. Лекин қони қайнаган халқ. Сал нарсага акаси укасига пичоқ тортиб юбораверади.

Шунда бир ақлли ҳукмдор жангни отчопарга кўчирибди׃ ”Мард бўлсанг, пойгада енг!”. Ҳозиргача улар ҳар йили пойгага чиқиб, бир-бирларини енгиб турарканлар. Тепалик ҳар йили лолақизғалдоқзор бўлар экан. Қон билан эмас… пойга олдидан гуллар тўшалагани учун!

Бу воқеани эшитиб Саиджон ўйланиб қолди. Наҳотки, ўзбек билан қирғиз ҳам вабо истилосидан кейин ўзига қайтади? Наҳотки, Худо уришини истайди? Наҳотки, душманликни дўстликка айлантира олмайди?

Бу саволларни мен тахмин қилаяпман. Лекин Саиджон бундай ўйлайдими йўқми билмайман. Чунки мен унинг чекканларини чекканим эмас. У эса менинг кўрганларимни кўрган эмас.

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ
Ўш ҳокими (мери) Мелис Мирзакматов ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилар экан, лавозимида қолаётганини билдирди. Бироқ унинг нутқидаги моҳият Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга қадалди. Мирзакматов ўзининг лавозимдан четлатилиши ҳаракати ортида Каримов тургани ҳақидаги гапларни рад этди׃
-Ҳурматли ўшликлар, мени Бишкекда уч кун ушлаб туришди. Менга Ўрмон бўйича агентлиги ёки Материал заҳиралар жамғармасига раҳбар ёки элчилик лавозимини таклиф этишди. Мен бу таклифларни рад этдим. Мана мени Бош Вазир Муовини Азимбек Бекназаровнинг ўзлари тўғри сизларнинг олдингизга олиб келдилар. Мен нима учун кетишим керак экан, деб сўрадим, Оқ Уйдагилар менга Каримов “кетсин деяпти” дейишди. Каримов Ислом Абдуғаниевич бутун мусулмон дунёсининг ва Марказий Осиёнинг лидери, у ҳеч қачон мени кетсин, демайди. У мени доим қўллаган, қўллайди. Айналайин туғишганларим, айналайин халқим, мен сизларга бир умр хизмат қилишга тайёрман…

20 Responses

  1. Assalomu alaykum hurmatli Jahongir aka!
    Uslubingiz menga Paulo Coelho uslubini eslataypti. Uning “Zahir” degan kitobi bor, juda mashhur. O’qigan bo’lsangiz kerak. U ham aniq bo’lgan, boshidan o’tgan voqialar bilan bo’lmaganini aralashtirib yozadi. Juda katta problemalarni kiritib ketaveradi. O’qish ham oson. Men hozir Dan Brownning “The lost symbol” kitobini o’qiyapman. Bu ham shunaqa. Men ingliz tilini uncha yaxshi bilmasam ham menga tushunarli qilib yozligandek. Siz ham kitobingizni ingliz tiliga tarjima qilsangiz ana shunday mashhur bo’ladi. Bugun shunaqa uslubni ko’p oq’ishadi. Hatto “Assassin” degan kitobingizni tarjima qilsangiz kino ham qilishlari mumkin.
    Mayli doim omon bo’ling. Davomini kutamiz. Muxlisingiz Nazira (NY).

    • Ва алайкум Назирахон.
      Менинг шунчаки оддийгина ёзилган нарсам сизга шундай улуғ адибларнинг асарларини эслатган бўлса, бу мен учун қувонч. Лекин ўзим бу даражада деб ҳисобламайман. Улар жуда кучли ёзувчилардир ва мен улардан ўрганишим керак. Сиз айтган китоблар ҳақиқатдан ҳам дунёда жуда машҳур ва ибратли. Таклифларингиз учун чин дилдан раҳмат. Ҳали бу китоб тугагандан кейин қайта ишлайман. Омонлик бўлса, таржима ҳам қилармиз.Сизга энг яхши тилакларимни йўллайман. Ж.М.

      • Ассалому алейкум Жахонгир ака мен сизни ашаддий тарафдорларингиздан бириман. Узимча шу инсон бизга юртбоши булса хаммаси зур булади деб уйлайман. (сизга “пахта” куйишмас бу мани фикрим). Киёмат куни романингизни купрок купрок килиб жойласангиз жуда яхши иш буларди, негаки бир пастда укиб куйяпман )). Кейин илтимос сизни якинда (4ой) танидим маилингизни берсангиз бошим осмонга етарди. Ишларингизга Аллох,дан ривож тилайман. ИАК балосини халкимиздан фориг килгин Аллох,им (овмин)

      • Ва алайкум ассалом!
        Раҳмат самимий тилаклар учун.
        Юртбошилик нари турсин, бундан кейин ҳатто бирор бир гуруҳга лидерлик қилиш орзуим, ниятим ҳам йўқ. Яратган саломатликни берса, бу ёғини илм ва ижод билан ўтказмоқдир орзуим.
        Менга qiyomatkuni@gmail.com адреси орқали ҳам ёзишингиз мумкин.

  2. Jahongir aka, siz lidelik qilish niyatim yo’q deb yozibsiz, ammo o’zingiz bilib yoki bilmay, mana bu asarlaringiz bilan biz yoshlarga lider bo’lib turibsiz. Chunki bu asarlardagi saboqlar orqali biz kurashish va haqiqiy inson kabi yashashni o’rganmoqdamiz. Siz sizga berilgan qobiliyat va iste’dodingizni to’g’ri qo’llanib xalqimizga xizmat qilib kelmoqdasiz. Siz haqiqiy ustoz ekanligingizni o’zingiz ham payqamasangiz kk. Rahmat sizga.

    • Сизга ҳам раҳмат.
      Мен фаол сиёсатни, яъни сиёсатчиликни ташлаганимга анча бўлди. Ёзувларни тўхтатиш ниятим эса йўқ. Бу ҳам сиёсат. Кимгадир нафим тегаётган бўлса хурсандман. Лекин фаол сиёсатчилик энди ёшларники. Қобилиятли ёшларимиз жуда кўп. Улар мухолифатни ҳам, бошқарувни ҳам қўлларига олишлари керак.

  3. Bitta jumla bilan ayta olasizmi, agar xato qilgan bo’lsalar, xatosiz Parvardigor, Qirg’izistondagi o’zbeklarning xatosi nima bo’lgan?

    • Бу ҳақда анча нарса ёздим. Айтганингиз каби хатосиз Парвардигор. Шахсий қаноатимча, ўзбекларнинг хатоси – бу Жалолобод ва Ўшга ўралиб қолганлари. Қачонлардир Бешкекнинг ярмини тўлдиришлари керак эди. Ҳали ҳам кеч эмас. Чунки барибир шу мамлакатда яшайдилар. Пойтатхга баравар эгалик қилишлари керак. Ҳамма маънода.

  4. Ассалому алейкум Жахонгир ака бу яна мен сизга бир латифа айтмокчиман факат сал узунрок Islom Abdug‘aniyevich Karimov 1938 yil 30 yanvarda Samarqand shahrida xizmatchi oilasida tug‘ilgan. Millati – o‘zbek. Oliy ma’lumotli. O‘rta Osiyo Politexnika va Toshkent Xalq xo‘jaligi institutlarini tugatgan. Muhandis-mexanik va iqtisodchi mutaxassisliklariga ega. Iqtisod fanlari nomzodi. Mehnat faoliyatini 1960 yilda Toshkent qishloq xo‘jalik mashinasozligi zavodida boshlagan. 1961 yildan 1966 yilgacha V.P.Chkalov nomidagi Toshkent Aviatsiya ishlab chiqarish birlashmasida muhandis, yetakchi muhandis- konstruktor bo‘lib ishladi. 1966 yilda O‘zbekiston SSR Davlat plan komitetiga ishga o‘tib, bosh mutaxassislikdan respublika Davlat plan komiteti raisining birinchi o‘rinbosarigacha bo‘lgan yo‘lni bosib o‘tdi. 1983 yilda I.Karimov O‘zbekiston SSR Moliya ministri, 1986 yilda O‘zbekiston SSR Ministrlar Soveti Raisining o‘rinbosari, respublika Davlat plan komitetining raisi etib tayinlandi. 1986-1989 yillar mobaynida Qashqadaryo viloyat partiya komitetining birinchi kotibi, 1989 yilning iyunidan boshlab O‘zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining birinchi kotibi lavozimlarida ishladi. 1990 yil 24 mart kuni O‘zbekiston SSR Oliy Kengashining sessiyasida I.Karimov O‘zbekiston SSR Prezidenti etib saylandi. 1991 yil 31 avgust kuni I.Karimov tarixiy voqea – O‘zbekiston Respublikasining davlat mustaqilligini e’lon qildi. 1991 yil 29 dekabrda muqobillik asosida o‘tkazilgan umumxalq saylovida I.Karimov O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti etib saylandi. 1995 yil 26 martda bo‘lib o‘tgan umumxalq referendumi yakunlariga ko‘ra, I.Karimovning prezidentlik vakolati 2000 yilga qadar uzaytirildi. 2000 yil 9 yanvarda muqobillik asosida o‘tgan saylov natijalariga ko’ra, Konstitutsiyaga kiritilgan o’zgarishlarga muvofiq, I.Karimov 7 yil muddatga O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti etib saylandi. 2007 yil 23 dekabrida muqobillik asosida o‘tgan saylov natijalariga ko‘ra, I. Karimov 7 yil muddatga O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti etib saylandi. U oilali, ikki nafar farzandi, to’rt nabirasi bor. Rafiqasi T.A.Karimova – mutaxassisligi iqtisodchi, iqtisod fanlari nomzodi, O’zbekiston Fanlar akademiyasi Iqtisodiyot institutida katta ilmiy xodim bo’lib ishlagan, ayni paytda – pensiyada. I.Karimov suveren va mustaqil O‘zbekistonni barpo etish, xalqparvar demokratik huquqiy davlat yaratish, fuqarolar tinchligi va milliy totuvlikni ta’minlash ishiga qo‘shgan ulkan hissasi hamda bu borada matonat va jasorat ko‘rsatganligi uchun “O‘zbekiston Qahramoni” unvoni, “Mustaqillik” va “Amir Temur” ordenlari bilan taqdirlangan. Shuningdek, u bir qancha xorijiy davlatlar va nufuzli xalqaro tashkilotlarning orden-medallari bilan ham mukofotlangan. I.Karimov O‘zbekiston Fanlar akademiyasining haqiqiy a’zosi. Ayni vaqtda u iqtisod, fan, ta’limni rivojlantirishga qo‘shgan ulkan hissasi uchun ko‘pgina xorijiy mamlakatlar universitet va akademiyalarining faxriy fan doktori hamda akademikligiga saylangan. O`zbekiston xalqi istiqlol yillarida erishilgan salmoqli yutuqlarni haqli ravishda I.Karimov nomi va faoliyati bilan bog‘laydi. I.Karimov mamlakatda amalga oshirilgan ulkan ishlar, tarixiy o‘zgarishlarning tashabbuskori va rahnamosidir: O‘zbekiston mustaqilligining asoschisi, mamlakat mustaqil taraqqiyot dasturini ishlab chiqqan va milliy taraqqiyot yo‘lini belgilab bergan atoqli davlat arbobidir; demokratik talablar va xalqaro mezonlarga to‘la javob beradigan O‘zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining asosiy muallifi va uni hayotga tatbiq etishning kafolatidir; markaziy hokimiyat va uning joylardagi bo‘g‘inlarini isloh qilish, davlat, jamiyat va inson munosabatlarini uyg ‘unlashtirishga qaratilgan yangi siyosiy-ijtimoiy tizim tamoyillarini ishlab chiqdi va amalga oshirdi; xalqning o‘ziga xos xususiyatlari hamda ilg‘or jahon tajribalarini mujassamlashtirgan iqtisodiy islohotlarning yangi modelini ishlab chiqdi. Bu rivojlanish yo‘li iqtisodiyotning siyosatdan ustunligi, qonun ustuvorligi, o‘tish davrida davlatning boshqaruvchilik roli, islohotlarni bosqichma-bosqich amalga oshirish, kuchli ijtimoiy himoya kabi mashhur besh tamoyilni o‘z ichiga oladi va u dunyoda “O‘zbek modeli” deb e’tirof etilgan; O‘zbekiston davlatining hududiy yaxlitligini, sarhadlarimiz daxlsizligini himoya qilishga qodir Qurolli Kuchlar, Chegara va Ichki qo‘shinlarni zamonaviy islohotlar asosida tashkil etish ishiga boshchilik qildi; KPSS Markaziy Komiteti boshchiligidagi kuchlar O‘zbekistonda adolatsizlik va tazyiqlarni avj oldirgan yillarda o`zbek xalqining nomini nohaq tahqir va haqoratlardan himoya qilish, xalqimizning or-nomusini, milliy g‘ururini tiklashda fidoyilik namunasini ko‘rsatdi; xalqimiz ma’naviy qadriyatlariga hurmat-ehtirom bilan munosabatda bo‘lish, asrab- avaylash va rivojlantirish, muqaddas dinimizni, urf- odatlarimizni, bebaho tarixiy merosimizni hayotga qaytarishni davlat siyosati darajasiga ko‘tardi; xalqaro maydonda O‘zbekistonning obro‘-e’tiborini yuksaltirish, o‘zbek nomini butun dunyoga tarannum etishga ulkan hissa qo`shdi; odamlarning tafakkurini o‘zgartirish, ularning ongida yangi milliy g‘oya, milliy mafkura asoslarini shakllantirish va mustahkamlash ishiga rahnamolik qildi; yurtimizda tinchlik- osoyishtalikni, millatlar va fuqarolar o‘rtasida totuvlik va hamjihatlikni qaror toptirish, uni saqlash hamda mustahkamlashga beqiyos hissa qo‘shdi. (www.gov.uz)
    Латифам сал булсада сизни кулдирган булса хурсандаман )) ишларингизга Аллох,дан омад тилайман

  5. Ассалому алейкум Жахонгир ака юкоридаги латифа куп эди хаммаси сигмади )) маддохакага “офарин” маддохлар танловида биринчи уринни олган булсалар не ажаб. Энг кизиги бу сайт UZ домени танловида энг яхши сиёсий сайт деб топилибди )). У сайтга “жаноб каримов истеъфо берсангиз халкни дуосини олган булардингиз” деб хат жунатсам чоп этишмади. Лекин уйлайманки бу гапимни уни “малайлари” “демократ каримовга” етказишган. Сизга ва барча мумин мусулмон биродарларга Аллох, азза ва жалладан барча яхшиликларни тилаб коламан !

  6. Sizning “poytaxtga teng egalik qilishlari kk”, degan fikringizga to’laligicha qo’shilaman. Menimcha ham, har bir inson biror bir mamlakatning haqiqiy fuqarosi bo’lishi va u yerada muqum joylashaman desa, u yerning tili, urf-odatlari bilan birga davlat siyosati bilan qiziqishi va unda faol qatnashishi kkki, o’z manfaatlarini ham qo’riqlash uchun.
    Bizning o’zbeklar esa qayerga bormasin, faqat ko’proq pul ishlasam deb, har qanday qora ishni qilaveradilar, bilim olish, til olish esa oxirgi planga tushib qolaveradi.

  7. Мохина ! Гапларингизда жон бор билим тил урганиш биринчи вазифалардан бири. Аммо инсонни корни туйсагина кейин бошка эхтиёжларни уйлайди. Афсуски каримовни режими бугунги кунда хатто коринни тулик туйдирмасликка каратилган. Коринни туйдириш учун пул керак, шунинг учун халк шу коринни туйдириш учун сиз айтгандек пул топиш учун хар кандай кора ишларни килмокда. Пулни эса каримов ва уни малайлари умармокдалар. Шунинг учун оддий халкни айбламанг !!!

  8. Xaqiqatga – Men sizning gapingizga qo’shilaman, lekin kechirasiz-u, siz bu yaqin orada O’zbekistonga bormaganga o’xshaysiz.
    Odamlar juda materialist bo’lib ketishmoqda, uyida noni yo’q, ammo oxirgi chiqqan matodan ko’ylak kiyadi, hatto uyidagi oxirgi gilam-pilamini sotib bo’lsa-da, kiyim kiyadi.
    Mening bir qo’shnimning aytgan gaplari meni lol qoldirgan “qorningdagini hech kim ko’rmaydi, egningdagini ko’rishadi” degan.
    Buning ustiga o’qishga kirish moda, bilim olish emas, tushunayapsizmi, moda, ya’ni men sandan ustunman degan moda. Kutubxonaga boraman, birorta odan yo’q, ishonasizmi? Bunaqada, kelajak nima bo’ladi, demokratiya uchun kim kurashadi? Yoshlar bilan gaplashgin kelmaydi, chunki kitob o’qishmaydi, qaydagi gaplardan gaprishadi, yana uning ustiga qo’llari bilan qaydagi bir qiliqlarni qilishadi, bu ham moda.
    Chet elda ishlaganlarning hisbidan har kun to’y. To’ydan kam qilmasin, lekin to’ylar ham sandan qolishmanimi kabi. Hamma joyda yangi-yangi to’yxonalar qurilgan. Dollarni to’kib mashhur artistlarni olib kelish ham moda bo’lgan. Ishqilib, qayoqqa qarab boryapmiz bilmadim. Balki, shularni ko’rib ancha pissimist bo’lib ketyapmanmi? Bilmadim.

  9. Мохина ! Гапингиз тугри мен хозир Ватанда эмасман. Куйиб ёнишингиз уринли, факат тушунишни истамаяпсиз шекилли бу хаммаси режим, яъни каттол каримовни режими ! Кийим хакида гапирибсиз бу аёлларга хос одат эркаклар барибирам оиласини туйдиршни уйлайди. Мен таниган Узбекистонда оддий халк $ сочмайди (чунки оддий халкда пул жуда хам оз) аксинча хаммасини хисоблаб иложи борича камхаржрок туй килади. Бир биридан утказиб $ сочилаётган туйлар оддий халкникимас, режим маддохчалари булса ажабмас. Сизга оддий мисол ун,ёг,гушт ва бошка энг зарур истеъмол махсулотларни нархларини урганинг ва уртача ойлик иш хакига солиштиринг (давлат ишхоналарида ишлайдиганларни ойлигига, зеро улар бармок билан санарли даражада оз бекорчиларни эса хисоблаб булмайди) солиштирувдаги фаркдан каримовни башараси аник равшан чикади. Агар нотугри гапларни ёзган булсам узр !!!

  10. Salom Jahongir aka!
    Nega internetda ko’rinmayapsiz?
    Xavotir olib qoldimda…
    Saytingiz yangilanmay turgani meni o’ylatib qo’ydida.
    Mayli omon bo’ling, lekin bunday xabar berib quyingda.

    • АС АЛ
      Кузатувчан экансиз.
      Бизда душанба куни федерал байрам эди-Колумб куни. Ҳафтанинг охирида уч кун дам олиш кунлари бўлганидан фойдаланиб, Ўзбекистондан грин кард ютиб келган ҳамюртларни зиёрат қилиб келдик. Ғамхўрлигингиз учун раҳмат!

  11. Саломлар Жахонгир акага. Саволим бор эди каерга ёзишни билмай шу сахифага жойладим)) шу афгонистонлик киз хакида фикрингизни билмокчиман иложи булса батафсилрок бу акш ни афгонистондан чикмаслик учун уйини ёки бир бахонаси эмасми олдиндан рахмат. Романни давомини интиклик б-н кутяпмиз

    • Саломлар…
      Америка Ўзбекистон каби битта нуқтадан бир киши томонидан бошқариладиган давлат эмас. Балки минглаб нуқталардан туриб бошқариладиган системадир. Бир томонда призидент, ккинчи томонда сенат, учинчи томонда вакиллар палатаси, тўртинчи томонда Олий суд, бешинчи томонда сайловчилар, олтинчи томонда бойлар, еттинчи томонда медиа, саккизинчи томонда лоббилар, тўққизинчи томонда ҳарбий индустрия, ўнинчи томонда ноҳукумат ташкилотлар, ўн биринчи томонда хавфсизлик хизматлари, ўн иккинчи томонда адвокатлар…ва ҳоказо ва ҳоказо. Буларнинг биттаси қилган ишни иккинчиси деярли билмайди ёки бир-бирига деярли ҳисоб бермайди. Матбуот фош этиб туради. Аксарияти ўзича мустақил. Кўпчилиги рақобатда. Манфаатлари деярли бир нуқтада кесишмайди.Шунинг учун бундай кичик нарсаларни истаган одам ёки истаган гуруҳ ҳам қилавериши мумкин ва бунинг катта сиёсатга дахли ҳам бўлмайди.

  12. Assalomu alaykum Jahongir aka, Quyomat kuni romanini juda yahshi yozibsiz lekin bir savol bor nega Bakievlar to’grisida faqat bir joyda yozdingiz ahir bular bu urushda asosiy rol’ o’ynagan edik-u yoki buni buni boshqa bir sababi bormi?

    • Ва алайкум ассалом!
      Ҳали китоб тугагани йўқ ва Боқиевларнинг қилмишлари ҳақида энди ёзилади… Мен шу кунларда муҳим ишларим чиқиб китобни давом эттиролмай турибман. Аммо яқин кунларда давомини ўқийсиз деган умиддаман.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: