“Тирмизни бос!”
Абдулманнон Кескин камина таниган афғонистонлик самимий, бировга ёмонликни раво кўрмайдиган, очиқ кўнгил ўзбеклардан бири. У киши билан “Америка овози”да танишганмиз. Амударёнинг нариги соҳилида улғайган бўлсада, Абдулманнон ака инглизчани “сув қилиб ичган”. Муаллимлик, таржимонлик қилиб, кейин Америкага келган. Ота-боболари наманганлик. Ўзбекчани яхши биладилар, аммо рус тилидан кириб келган ва жой номлари билан боғлиқ сўзларда озгина “оёқ тираб“ қолардилар.
Радиода телекўрсатувлар ҳам тайёрлана бошланди. “Америка манзаралари” деган ном билан Ўзбекистондаги маҳаллий ТВларга 3-4 мунутлик, қисқа-қисқа лавҳалар юбора бошладик. Сиёсатсиз, асосан Америка ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар. Ўша кезда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида мустақил ТВлар очилгани учун бизнинг лавҳаларга қизиқиш ортди. Талаб кела бошлади. Талаб бўлгандан кейин иш кўпаяди. Радио дастуримизни бажариш баробарида ҳар куни инглиз бўлими ҳозирлаган лавҳаларни таржима қилиб, студияга кириб, дубляжини ҳам бажариб, сўнг Ўзбекистонга узатардик.
Бир кун битта лавҳани таржима қилдим. Машиналар тезлиги ҳақида эди. Янги келган муҳожирга машина ҳайдашни ўргатаётганда, ёнида ўтирган одам бирдан “Тормозни бос, тормозни бос!” деб додлайди.
Вақтимиз зиқ. Шошиб студияга кирдик ва шоша-пиша ўқиб чиқдик. Биз тутилмай, тез ўқиганимиздан режиссёр ва оператор ҳам хурсанд. Кейин бўлим мудири кўриб, тасдиқлади, Ўзбекистонга жўнатилди.
Лавҳаларни касетага ёздириб олардим. Ҳозир ҳам уйимда “Америка манзаралари”нинг анчагина лавҳалари бор. Номини қўйганим ва бу ишни бошлаганим учунми, асраб юраман. Бугун энди билимли ва талантли қизимиз Навбаҳор Имомова бу ишни давом эттирмоқда.
Хуллас, ўша лавҳамизни уйда томоша қилсам, ўргатувчи ўрганувчи ҳайдовчига “Тормозни бос” дейиш ўрнига “Тирмизни бос, Тирмизни бос” деб додлаяпти. Эсим чиқиб кетай деди. Хато ёзибман, деб ухламай чиқдим. Саҳарлаб ишга келганимда матнни кўрсам. “Тормозни бос!” турибди. Абдулманнон акага айтсам:
-Хато ёзилган экан, тўғирлаб “Тирмиз” деб ўқиб кетдим. Дарвоқе, сизлар “Термиз шаҳри” дейсизлар, биз “Тирмиз” деймиз,- ўзларига хос самимият билан изоҳ бердилар.
Бирдан тушуниб қолдим. “Тормоз” деган сўз уларда йўқ. У киши бу сўзни “Термиз” деб ўйлаганлар. Роса кулишдик. Ўтган ўн беш давомида бу ибора иккaламиз орамиздаги дўстлик кўпригига айланди. Суҳбатларимиз сўнггида “Тирмизни бос” деб кулишамиз.
Жаҳонгир Муҳаммад.
Filed under: Jurnalist juzdoni | Tagged: Jahongir Mamatov |