Олтинчи қават

sufiПрезидент  тансоқчисининг кундалиги

Воқеий қисса

2. “Сўфи”

Тайвандан қайтишда русчани биладиган Уста Вун:

-Сиз томонларда сўфилар ўтган. Уларнинг ҳаётини ўрган, улардан дарс ол, бўлмаса умринг қамоқда ўтади ёки пешанангдан отиб кетишади,-деди.-Бугунгача сенга айтган кўп гапларимни тушунмадинг. Агар сўфилар ҳаётини ўргансанг нима деганимни англаб етасан.

Уста Вун мени ёмон кўриб қолганди. Сабабини биламан. Унинг шогирдларини “бир тийин” қилиб ташладим. Қайсини  қаршимга чиқарган бўлса, судраб обкетишди.

Вун Москвада ҳам дарс берган. Тошкентда ҳам бўлган. Русчани яхши билади. “Хитойда ўрганганман,” дейди.

Ундан дарс олиш учун ҳатто Америкадан ҳам келган талабалар бор. Кўп шогирдлари турли мамлакатларда “вип”ларни қўриқлашар экан. Шунинг учун обрўси катта. Ўзига бинo қўйган. Қизиқ-қизиқ гапларни айтади.

-Куч назорат қилинсагина кучдир,-деди бир куни.-Агар назорат қилсанг уни минасан, бўлмаса остида қоласан.

-Назорат қилаяман-ку,-дедим.

-Йўқ, куч сени назорат қилаяти. Билиб қўй, тобутингни кўтарганларнинг ҳаммаси сенга дўст эмас. Уларнинг кўпчилиги ўзларини ўйлаганлари учунгина тобутингни кўтармоқдалар.

Унинг фалсафасига тушуниш қийин эди.

-Вақт ҳакам, вақт кўрсатади,-дедим.

У жилмайдида:

-Вақт ҳакам, лекин у ҳаммага ўлим ҳукми чиқарадиган ҳакам,-деди.

Шунақа, унинг гаплари совуқ эди. Энди эса бориб сўфиларни ўқигин дейди.

Қайтгач, олийгоҳга ўқишга кирдим. Тайчи бўйича ўзимизда мусобоқалар йўқ, аммо бу спорт тури олимпиада ўйинлари қаторига қўшилганди. Олийгоҳдаги домлаларим билан гаплашсам, бошқа бир мамлакат ҳисобидан қатнашиш мумкин дейишди.

Ҳар куни камида уч-тўрт соат машқ қилардим.

Хаёлимдан Тайвандаги уста Вуннинг гапи кетмайди: “Сизлар томонда сўфилар бор. Уларнинг фалсафаси бизникига ўхшаб кетади. Улар ҳам қаватма қават кўкка юксаладилар, биз ҳам…”

Олийгоҳ кутубхонасига кириб, интернетдан сўфилар ҳақидаги маълумотларни қидириб топдим.

Тайчи бутун вужудингдаги ҳиссларни ҳаракатларга боғлаб, кўкка ўрмалатади. Сўфиларда ҳам шундай экан. Айниқса, “Само” рақси тайчи ҳаракатларига ўхшаб кетади.

Сўфилар нафсга эрк бермаслик, нафсни жиловлай олиш манавий етуклик деб ҳисоблашаркан. Тайчида ҳам нафсни тийиш  муҳим қоидалардан бири.

Сўфи учун билимни кучайтириш нафс ва ғазабнинг кушандаси.

“Нафсни ғолиблик қондиради. Ғазаб эса ғолибликка олиб борадиган йўл”. Биринчи устам шундай дерди. Унинг гаплари ҳақ. Бугунгача билим олмадим, аммо машқ қилдим. Машқ, машқ, машқ…Ҳамма нарсанинг кушандаси машқ!

Сўфиларга кўра инсон қанча кўп билим олса, шунчалик ўзини бошқариши осонлашармиш.

“Ёлғон гапирмаслик, ўғирлик қилмаслик… “

Булар Тайвандаги устанинг гаплари-ку? Демак, у сўфиликни ўқиб, ўзини ақлли  кўрсатар экан-да, деб ўйладим.

Уста Вунни ёқтирмаганимдек, сўфиликни ҳам хуш кўрмадим. Улар бу дунё масъулиятидан қочиб, ўзларини Худога топширишган. Ўзингни топширдингми, демак ютқаздинг!

“Биз дунёга нима учун келдик? Вазифамиз бор. Уни бажаришимиз керак. Уни ташлаб қочиш қўрқоқлик”. Биринчи устамнинг бу гаплари ҳам ҳақ.

Ҳар кун кутубхонага келиб шу борадаги битикларни ўқий бошладим. Қанча ўқисам, шунчалик сўфиликка қарши бўлиб бордим.

Бир куни спорт клубида машқ қилаётсам, икки киши келиб қолди. Улар “Эс-эн-бе”дан экан.

“СНБ”…Миллий Хавфсизлик Хизмати. Энг кучли идора. Мактабда болаларнинг орзуси “эсенбешник” бўлиш эди. Айниқса ниқоб тақиб юрадиган-“маска шоу” бўлишни истамаган бола борми? Нинжа! Юзингни кўришмайди, танишмайди… аммо сендан қўрқишади. Мана куч нима!

Ўзим ҳам “маска шоу”ни кўрганимда қўрқиб кетгандим. Бу кучнинг кучдан қурқуви эди…

Машинага миндириб, бир жойга олиб боришди. У ердаги одам хитойча гапира бошлади. Тайванда оз-моз ўргангандим. Лекин уста Вун рус тилини билгани учун, хитой тилини ўрганишимга эҳтиёж йўқ эди.

-Ўзингни гўлликка солма! Ҳамма гапини тушуниб турибсан,- деди ҳалиги одам русчалаб.

Русча жавоб бердим. Суҳбатимиз ҳеч тугамасди.

-Қайси мачитга борасан?

-Мачитингиз нимаси?

-Ҳали намоз ҳам қилмайман дегин?

-Намоз?

-Ундай бўлса, қаёқдан сўфи бўлиб қолдинг?

-Сўфи бўпманми?

-Қани сўфилар билан тайчи таълимотининг фарқи нимада экан, ўргандингми?

-Оз-моз…

-Нима экан?

-Сўфилар ўзларини ҳимоя қиладилар, тайчи усталари эса бошқаларни. Тайчида қоида қонундир, уни бузишинг мумкин эмас.

-Сен эса буздинг. Давлат мулкини шахсий мақсадда ишлатдинг. Биласанми, университет компютерини давлатга қарши ишлатганинг учун неча йилга кесиласан?

-Ока, давлатга қарши нима қибман?

-Тилингни кесиб тарновга илиб қўяман. Нега ади-бади айтвотсан? “159”га илинтириб қўяйинми?

-159?

-Буни ҳам билмайсанми? Гўл экансан-ку?

У энди ўзбекча гапира бошлаганди, нечта тилни билади ўзи?

-Қара бола, ҳамма жиноятларингни биламиз.

-Қанақа жиноят? Бунақа нарса йўқ-ку? Мен тайчи бўйича олимпиадага чиқмоқчийдим, холос.

-Кимнинг ҳисобидан чиқмоқчисан? Шунчалик устамисан?

-Ҳар куни уч-тўрт соат машқ қиламан…

-Биламиз машқ қилишингни. Олимпиадага борадиган одам тайчининг олтинчи қаватига чиққан бўлиши керак. Олтинчи қават нималигини биласанми?

-Биламан. Ҳал қилувчи зарбани ура оладиган бўлиши керак.

-Бир зарба уриш билан ишни битириш!

-Ҳа..

-Тайванда неча кишининг ишини битирганингни биламиз. Пинагингни ҳам бузмай одамларни ўлдирганингни ўзинг ҳам томоша қилaсанми?

У шундай деб телевизор томонга қаради. Телевизор ёнидаги эшикдан эса биринчи устам билан адам кириб келишди.

-Бўлди-е, болани қийнаб юбордингку!-деб адам биз томанга келдилар.

Мени сўроқ қилаётган одам ўрнидан туриб адамга жой берди.

Жаҳонгир Муҳаммад

(Давоми бор)

Leave a comment