ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

jm1962ОЛТМИШНИНГ ОЛТМИШ ЛАҲЗАСИ

(БЎЛГАН ВОҚЕАЛАР)

Олтмиш ёш бир пайтлар етиб бўлмас манзил каби эди. Лекин бир пасда етиб олдик. Бу санани шунчаки ўтказиб юбормаслик учун умримнинг шу қисмида эсда қолган баъзи лаҳзаларни “териб” китоб қилгим келди. Китоб тўрт фаслдан иборат бўлиб, қишлоқ, шаҳар, мамлакат ва хориж воқеаларини ўз ичига олган. Уни ҳаёт, маданият, мафкура ва сиёсат тарзида ҳам тўрт фаслга бўлиш мумкин.

Биринчи фасл

1.БУВИМ

Муҳаммадризо бобом вафот этганларидан кейин бутун оила ташвишлари бувимга қолган. Туғилганимдан етти ёшларга қадар раҳматли Анбар бувимнинг уйларида яшаганман. Тўққиз ойлигимда суннат тўйи қилган эканлар. Неваралари кўп бўлса-да, негадир мени танлагандилар. Бошқа ўғил невараларини ҳам кам кўрмасдилар. Кимё холамнинг ўғли Жўрақул, Сокина холамнинг ўғли Расул, Ўткир, Аҳмаджон… лар ҳам бувимни эслашса, суҳбатлар тонггача узилмаслиги мумкин. Қиз неваралари ҳам кўп эди. Ҳовли ҳамма вақт тўла. Болалар ўйнасин деб ҳовлига ҳеч нарса экилмаган. Ҳамма ёқ супа эди.

Ҳовлида битта мурут, иккита тут дарахти борлигини эслайман. Бувим дарахт демасдилар, оғоч дердилар. Дарвозадан чиққанда эса баҳайбат оқ ўрик бор эди. Уни кимдир “зардоли” деса, кимдир “жопазак” дерди. Ўрик эрта пишарди. Биров силкитмаса ҳам “пақ-пақ” этиб ерга тушарди. Шунинг учун бўлса керак, биз уни “пақ-пақ залдоли” дердик. Болаликда “р” ҳарфини айтиш қийин бўлганми, “зардоли”ни “залдол”и деб талаффуз қилардик.

Ўшанда ҳеч тушуна олмаганим оқ ўрикни сариқ дейишгани. “Зард” дегани тожикчада “сариқ”. Бизнинг ўрик оппоқ, оқ бўлганда ҳам ялтироқ оқ эди. Нега оқ ўрикмасу сариқ ўрик деган савол хаёлимда қолиб кетган. Ким билсин, луғатчилик, сўзларнинг келиб чиқиши тарихига ўшандан бошлаб қизиққан эканми?

Етти ёшда эдим, бувимни хастахонага олиб кетишди. Кўричак хасталигидан кўз юмдилар. Айрилиқ нима эканлигини ўшанда сезганман. Саҳарга қадар остонага термулиб ухлай олмагандим. Эшик билан остона орасида бир қарич очиқ жой бор эди.  Ерда ётардик. Шу боис кўзларим ташқарига қадалганди. Ташқаридан икки меҳрибон кўз қараб тургандек туюларди. Балки илк маротаба ўшанда ташқарида фақат қўрқинч эмас, муҳаббат ҳам борлигини ҳис қилгандирман?

Кейин ҳам бир кўча нарида – ота-онам билан яшасамда ҳар куни бувимнинг ҳовлилари атрофида ўйнардик. Бувимни қўмсардим. Туркияга келганимда бир қанча сўзлар қулоғимга таниш туюлган. Ўзбекчани яхши билганим учун бу сўзлар замонавий луғатларимизда йўқлигини англардим. Лекин нега бу сўзлар таниш эканлигини хотирамдангина топганман. Бувим айтган калималар. Бувимни эслаганлар яхши билишади, сўзга бой бўлганлар, жуда кўп туркча сўзларни ишлатганлар.

Бувимнинг учта ўз қизлари бўлган. Аммо қишлоқда етим қолганларни паноҳларига олаверганлар. Шунинг учун ҳам Ғулом тоғам, Заҳро аммам, Омон акам, Омина опам… каби фарзандлари кўп эди. Уларни уйли-жойли қилганлар. Ҳаммаси онам билан ҳамёш эдилар. Бувим оламдан ўтганларида улар эшикдан “Онам!” деб фарёд солиб кириб келишганди.

Агар рассом бўлганимда бувимнинг суратларини айнан ўзларидек қилиб чиза олардим. Чунки сиймолари хотирамдан бир лаҳза ҳам нари кетмайди…Ҳали ҳам тиркидай.. Доим жилмайиб турадилар, бошимни силаб эркалатадилар, пешаналаридан тасма каби айланган оқ рўмол елкаларига тушиб туради. Эртак айтсалар тун қочиб, тонг югуриб келгандек бўлади…

2.“ТИРИК !”

Онам бувимнинг кенжа қизи. Онамнинг икки опаси бўлиб, бирининг исми Кимё, иккинчисиники Сокина. Аслида Сокина исмини Кимё холамга бериш керак эди. Чунки Кимё холам дунёдаги энг сокин инсонлардан бири – мингта гапга битта жавоб берадиган ва жуда секин ҳаракат қиладиган аёл эди. Шунга қарамай турмуш ўртоғи вафот этиб, бева ҳолида колхозда кетмон чопиб, пилла тутиб, икки фарзандни катта қилган.

Раҳматли дадам ва онам бош бўлиб холамнинг қизи Гулсум ва ўғли Жўрақулнинг тўйларини ўтказган эканлар. Буни Гулсум холам(холақизи) ва Жўрақул тоғам(холаўғли) бот-бот эслашарди.

Гулсум холам биздан 4-5 километр олисдаги Сочак қишлоғига “тушган”. Ўша ердаги бошланғич мактабда узоқ йил ўқутувчи бўлиб ишлаб, нафақага чиққан. Жўрақул тоғам эса қишлоғимиздан ўйланган. Унинг хотини келинчаклик пайтида ҳар куни бизнинг уйимизда эди. Уни “янгамулло” дердим. У мени “укабегим” дерди. Онам ўттиз ёшда эканликларида икки фарзандни – Ҳасан-Ҳусан – укаларимни йўқотганлар. Ўшандан кейин камқонлик ва сўнгра оққон хасталиги билан оғриганлар.

Саккиз ёшда эдим. Бир кун эрталабдан уйимизда йиғи-сиғи бошланди. Ҳамма йиғларди. Опаларим “ҳиқ-ҳиқ” йиғлаб ҳовлини супуриб-сувлашарди. Онам касалхонага кетганларидан бери бизга овқат пиширадиган, нон ёпадиган янагамуллом хоналарни йиғиштириб, кўрпача тўшаётган эди. Унинг ёнига бордим. У ҳам йиғлаётганди.

-Нима бўлди янгамулло?-десам мени қучоғига босиб, бошимни силади.

Ҳеч ким менга нима гаплигини айтмас эди. Шунинг учунмикан ўша кун менинг ёдимда ўчмас бўлиб қолган.

Дарвозамиз олдида автобус бекати бор эди. Бизнинг ошхона деворига “суяниб” ўсган иккита тол оғочи бекатга “соябон” эди. Дарвозамизнинг кичик даричаси бўлиб, ундан чиқишда ўнг тарафдан Қумариқ оқарди. Йўлнинг остидан йирик қувур тўшалган ва қарши томонида ҳамда биз томонда бетон “ҳовузчалар” бор эди. Нариги томондагисини “Гирдоб” ва биз томондагисини “Қайнама” дер эдик. Қувур 4-5 метр чуқурликда бўлгани учун сув биз томондан худди қайнаб чиққан каби кўринарди. Ҳар ҳолда шунинг учун “Қайнама” деб номлашган бўлишса керак. Қайнамадан чиққан сув девор остидан бизнинг ҳовлимизга кириб, ҳовлининг ортидан нариги қишлоққа оқарди.

Қайнаманинг атрофи бетон қилинган ва одамлар бетон устида ўтириб автобус кутардилар. Мен ташқарига чиқаётсам, Сокина холамнинг эри-Раҳмат поччам юк машинасидан сакраб тушдида кимгадир:

-Бор, кўрпача олиб чиқ,-деди. -Кейин ўзи югурганча ичкарига кириб, кўрпа-кўрпача олиб чиқиб, юк машинасига ташлади.

-Қаерга кетопсизлар, мени ҳам олиб кетийлар,-дедим.

-Биз ўйнагани эмас, ўлик олиб келиш учун кетоппиз,-деди Раҳмат поччам.

-Ким ўлган?-дедим.

-Билмайсанми, онанг ўлибди?

У менга шундай дедида кейин кимгадир:

-Мозорга одам юборинглар, тобутни олиб келишсин, хабарчи чиқаринглар, гўрковни топинглар,-деб машинага ўтириб кетворди.

Машинанинг орқасидан югура бошладим. Ўшандагани додлаб йиғлаётганимни ва бир-нималар деб бақираётганимни ҳис қилдим. Ҳозирги хотирамда қолгани шуки, ўша кезда кўчада на одам, на бошқа машина бор эди. Бутун ҳаёт тўхтаб қолган, дунё кимсасиз кенгликка айлангандек эди.

Ваҳоланки, дарвозамиз ёнидан ўтадиган бу йўл бир томони Ургут ва Панжакентга, иккинчи томони Самарқанд шаҳрининг Регистонига туташадиган шоҳ йўл бўлиб, доим гавжум. Мен эса осмону ерни йўқотиб, гангиб қолган боладай гандираклаб келиб қайнаманинг бетон ўриндиғи устида ўтириб, Регистон томондан келадиган юк машинларини санардим. Юз… минг… балки неча марта адашиб ҳам кетгандирман.. Худди, ойлар, йиллар ўша ерда ўтирган кабиман. Лекин кўрпа-кўрпача ташланган машина ҳеч келмасди. Йиғлаб ўтирардиму кўзимдан ёш чиқмасди. Балки йиғлайвериб қуриб қолгандир? Билмайман. Шаҳарга ва мактабга бораётганларнинг мен билан иши ҳам йўқ эди. Бирортаси бир нима демасди. Ҳовлимизга кириб-чиқаётганлар эса кўпайган, йиғлаётганларнинг овози тобора кучаётган бўлсада мен учун дунё ҳувиллаб қолган каби эди.

Аслида бувимнинг уйларида яшардим. Бувим бир ўзлари бўлганлари учун мени олиб кетганлар. Лекин бир кун бувим кўричак бўлиб қолдилар. Касалхонага олиб боришди. Кейин одамлар келди, йиғлашди.

Эсимда қолгани эса, менга амиркон этикча, чиройли тўн кийгизиб, белимни боғлаб қўйишгани. Ким билсин, болаликка бориб, роса хурсанд бўлганманми, шу манзара хотирамда муҳрланиб қолган ва мана орадан шунча йиллар ўтиб ҳам худди кеча юз берган воқеа каби эслайман буни. Кейин оломон тўпланиб, тобутни кўтарганда, Жўрақул тоғам қўлимдан тортиб, олдинга олиб чиқди ва қулоғимга “Одамлардан олдинда борасан”, деди. Орқага қарагандим, тепадаги тобутни кўриб, қўрқиб кетдим.

-Бормайман,-дедим.

Аниқ эслолмайман, кимдир қўлимдан қаттиқ чимчиб, олдинга суриб қўйди. Дод деб йиғлаб юбордим. Чунки қўлимнинг оғриғига чидай олмагандим. Назаримда ҳаммани кимдир жуда қаттиқ чимчиб олгандек кўринганди ўшанда. Ҳамма йиғлаётганди-да…

Хуллас, бувимнинг вафотларидан кейин уйимизга қайтгандим. Аслида икки ҳовлининг орасида ўша битта шоҳ йўл бор. Лекин саккиз ёшлик бола учун бу икки дунёнинг орасидек гап. Чунки катта йўлдан ўтиш мумкин бўлмаган.

Раҳматли бувим доим чўнтагимга бир нарсалар солиб қўярдилар. Уйимизга келганимдан кейин онам ҳам эркалаб чўнтагимни тўлдириб қўярдилар. Боланинг кўнгли ширинликда…

Тўртта қиздан кейин туғилганим учунми азиз бўлганман, шекилли, доим эркалатар эдилар. Опаларимдан каттасининг исми Майрам. Ундан кейингиси Меҳринисо. Анор деган опам эса 3-4 ёшида қизамиқдан вафот этган.

Бувимдан кейин онамга энди ўрганганимда касалхонага кетиб қолдилар. Мана энди эрталабдан бери қайнама устида кутиб ўтирибман.

Бирдан кутаёганим – юк машинаси келди ва Раҳмат поччам машинадаги кўрпачаларни кимгадир берар экан, қулоғимга “Тирик” деган гап эшитилди. Тирик… тирик… ана шу биргина сўз учун яшаётгандек севиндим, қуш бўлиб учгим келди. Дунёда энг буюк сўз шу эди! Энг қудратли сўз шу эди! Тирик!

Атрофимга қарасам, дунёнинг одами, қайнама устида ҳам бир қанча одам, ёш болалар, опаларим, сингилларим – Истатой ва Нусратойлар ҳам кутиб ўтиришган экан. Шу пайтгача уларни кўрмабман.

Бир пайт янгамуллом келиб, бағрига босди ва:

-Укабеги, Худойимдан айланай, онангиз тирик эканлар, бизга нотўғри хабар келибди, юринг овқат тайёр,-деди.

Ўшандагина бир кун ўтиб кетганини ва қорним оч қолганини ҳис қилдим.

3.“ХУДОНИНГ ЭЛЧИСИ”

Самарқандда шаҳар (“Городской”), вилоят (“Областной”) ва республика (“Республиканский”) касалхоналари бор эди.

Онам 1963 йилда вилоят касалхонасида ётганларида бирдан юраклари ҳаракатдан тўхтаб қолган. Дўхтирлар ўлди деб “Морг”( жасадлар сақланадиган жой)га жўнатишган. Шу орада касалхонани ҳафтада бир келиб кўрадиган Нина Игнатевна онамни суриштирган.

Бу дўхтирнинг фамилиясини аниқ билмайман. Ёдимда қолгани “Нина Игнатевна”. У дунёнинг энг буюк одами, ўлганларни тирилтира оладиган қудратга соҳиб бир сиймо ўлароқ хотирамга муҳрланган.

Гап шундаки, у бир ҳарбийнинг хотини экан. Ҳарбийни Россиядан Самарқанд горнизонига вақтинчалик ишга юборишган. Хотини вилоят касалхонасига ҳафтада бир кун келиб тавсиялар берар экан. Унинг мутахассислиги оққон хасталиги бўйича бўлиб, шу соҳада илмий ишлар билан банд экан. Онамни онкология марказига юборамиз, деб туришганда у олиб қолган. “Ўлди” деб “морг”га ўтказишган кун унинг зиёрат кунига тўғри келган. Суриштирса, “морг”да дейишибди. У “Бўлиши мумкин эмас, ҳали касаллик кучаймаганди”, деб жаҳли чиқибди ва қайтариб олиб келишни талаб қилибди. Бундай воқеа касалхона тарихида бўлмаган экан. “Морг”дан фақат экспертиза учун ёки яқинларига бериб юбориш учун олиб чиқилган.

Аммо Нина Игнатевнанинг эри ҳарбий горнизонда катта одам бўлгани учун унинг талабини бажаришган. У дарҳол ўзи оқ халатни кийиб, дўхтирларнинг қаршилигига қарамай онамга қон берибди. Буни тасодиф деб бўлмайди. Бу яратганнинг мўъжизаси, қаранки, онамнинг вужуди қонни қабул қилибди.

Бу пайтда ташқарида майитни олиб кетамиз, деб келганлар жанжал кўтаришган, нима бўлаётганига тушунишмаган.

Шундан кейин, Нина Игнатевна олти ой давомида онамни ўзи даволаган. Аввалига ҳар куни юрак устига ўзи муз қўяр ва ўзи уйида тайёрлаб келган музқаймоқдан беҳуш ётган онамнинг лабларини ҳўллар экан.

Уйимизда эса ҳар кун одамлар тўпланар ва тортишувлар бўларди. Кимдир Москвадан келган рус аёл ўлган одамни қийноққа солаётганини айтса, кимдир тунда бориб ўғирлаб келиб, кўмишни ҳам таклиф қилган. Лекин амаким ва дадам уларга кескин жавоблар қилишарди. Гап нима ҳақда бораётанини тушунмасам ҳам, ҳар кун бу суҳбатларга қулоқ солиб ўтирадим.

Кечаси билан хаёлимда Нина Игнатевнага ялиниб чиқардим. Бувижонимдан айрилдим, энди онаизоримдан ҳам айрилишни истамасдим. Онам уйда бўлганларида опаларим менга иш буюра олмас, сўка олмас, ура олмас эдилар-да! Мен энди эркатойликни йўқота бошлаган ва опаларим буюрган ишларни қилишга мажбур эдим.

Биз касалхонага борсак, киритмасди.

-Нина Игнатевна “Ҳеч ким кирмасин” деб айтган!

Бундай пайтда уни ёмон кўриб кетардим. Опам билан касалхонанинг деразаси ёнига борардик. Опам мени кўтариб турарди, ичкарига қарардим. Ҳеч нарса кўринмасди. Деразани худди бўяб қўйгандек эди. Сўнг мен кўтариб турардим, опам қарарди. “Мен кўрдим”, “Мен кўрдим” деб бир-биримизни қизғантириб қайтиб келардик.

Кейин билдикки, пайшанба куни борсак Нина Игнатевна келар экан. Бориб, онам ётган палатанинг деразаси остида ўтирардик. Дўхтирларнинг ҳам бизга раҳми келардими, улар Нина Игнатевнага айтишарди. У келиб ўзи бизни ичкарига олиб кирарди.

Аввалари онам кўзларини очмасдилар. Кейинчалик кўзларини очиб, жилмайиб қўярдилар. Ундан кейин қўлимни силайдиган бўлдилар. Кейин бошимни…

Ана шундай ҳар ҳафта, балки ҳар ой бир янгилик бор эди.

Бир куни дадам хафа бўлиб келдилар. Касалхонадаги беморлардан бири Нина Иганатевнани Москвага ёзибди. “Нега бу касалга алоҳида қарайди, нега уни онкология марказига юбормайди?” деб.

Москвадан “Здоровье” деган журналдан мухбир келиб текшириб кетибди.

Яна бир кун дадам хурсанд бўлиб келдилар, ҳалиги мухбир адолатчи экан, Нина Игнатевнани мақтаб, “Ўлганни тирилтирган дўхтир” деб ёзибди.

Булар олти ойнинг ичида бўлган воқеалардан бир шингили, холос. Онам энди-энди юра бошлаганларида Нина Игнатевнанинг эрини бошқа жойга ишга тайинлашибди. Улар кетадиган бўлишибди. Дадам “Қандай қилиб миннатдорчилик билдирамиз”, десалар Раҳмат поччам “Уйига бир халта картошка, бир халта сабзи олиб бориб ташлаймиз” дебди. Уйининг адресини сўрасалар бермабди. Бир кун орқасидан пойлаб, қаерда яшашини билиб, нарсаларни олиб борсалар, олмабди. Ўша кунларда бутун қишлоқда шов-шув бўлган, ана ҳақиқатчию, мана ҳақиқатчи, ана тўғри одаму мана тўғри одам…

Озгина пул ҳам олиб боришган экан, Нина Игнатевнанинг дадамга: “Бу кўзи жовдираб турган болаларнинг ҳаққи, мен уни ололмайман” дегани оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Мен учун бу дўхтир аёл фариштага айланган эди, ҳозир ҳам кўзимнинг олдида ўша фаришта аёлни кўраман. Оқ халатда, қўлида дафтари… ҳақиқат тимсоли гўё!

Ўшанда бу фаришта аёл онамни уйимизга эрининг қора “Волга”сида ўзи олиб келганди. Уни меҳмон қилиш учун қўшнимиз Соня опанинг уйида тайёргарлик қилинганди. Келиши билан битта қўйни олиб чиқиб, оёғига сўйишганди. У яна дадамни койиб, меҳмонга келмаганини айтиб, уйимизга кириб, онамга нималарнидир тайинлади.

Кетаётганда эса бизни битта-битта қучоқлаб, бағрига босган эди. Русчалаб бир нималар деганди, аммо биз унча тушунмаган эдик. Тушунганимиз “Онангни азоб бермаларинг, эҳтиёт қилларинг” дегани бўлганди.

Кейинчалик билсам, у Москвадан келган мухбирга:

-Мен бу касални илк бор кўришга кирганимда атрофида тўртта бола жовдираб ўтирганди. Диққатимни тортган биринчи нарса шу бўлганди. Иккинчиси эса, илмий ишим шу соҳада эди,-деган экан.

Кейин кимдир “Унинг фарзанди йўқ эди” деса, кимдир “Олисларда бир қизи бор экан” дерди.

Нима бўлганда ҳам дадамнинг иборалари билан айтганда, “Худонинг элчиси” бўлган ва биз учун ҳар бир ҳаракати афсонага айланган бу докторнинг ҳаётимизда ана шундай ўрни бор.

Шундан кейин онам яна тўққиз йил яшадилар…

4. МУНАВВАР

“Самарқанд шаҳридан Панжакент кўчаси бўйлаб Ургут тарафга тўрт километр чамаси юрилгач, “Обимашҳад” деган ёзувга кўзингиз тушади. Шу ердан бир неча метр пастликда булоқлар, чашмалар сувини жамлаб Обимашҳад ариғи оқади. Ер остига “ўрмалаб” кетаётган бу ариқ ёқасида тарихи минг йилларга бориб тақаладиган “Пулимурғоб” қабристони бор. Мен учун жуда азиз зотларнинг жасади шу ерга қўйилган. Сағана тошларидан бирида шундай ёзувларни ўқийсиз:

“Бувим қайда” деса неварангиз гоҳ,

Сув бўлиб оқаман, қалбимда зорим,

Номи Мунаввару, ўзи эса, оҳ…

Дардларга қул бўлган онаизорим!

Онам вафот қилганларида 17 ёшда эдим. Лекин қабр тошидаги бу сатрларни орадан ўн йил ўтиб ёзганман. Ана шу ўтган йилларда онамнинг қадрини чуқур англаб етганман.

Ёшлик қилиб, баъзан онам ҳақида унутиб қолсам, атроф-муҳит бу хатоимни тузатарди.

Қишлоқ кўчасида юриб бораётганимда мен танимаган аёллар ҳам:

-Онанг олтин аёл эди-да!-деб эслатишарди.

Амакимникига борсам, амаким ва аям гапни онамдан бошлашарди:

-У келин бўлиб келдию хонадонимиз нурга тўлди, гулга айланди…

Холаларимникига борсам:

-Онанг бўлганда сени бағрига босиб, севиниб юрарди…,-деб салом аликдан ҳам аввал онамни ёдлашарди.

Тўй-маъракаларда ҳам айни сўзларни эшитардим.

Мактаб томонга йўлим тушса ўқитувчилар, шифохонага борсам дўхтирлар, нонвойхонага ўтсам новвойлар… хуллас, ҳар қадамда онам ҳақларида жуда илиқ, самимий гапларни эшитардим.

Чунки дарвозамиз автобус бекатига қарагани учун онамнинг қўлидан сув ичмаган, яхшиликларини ҳис қилмаган одам кам эди. Балки, раҳматли оғир дардни енгаман деб доим одамлар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёки одамлар ўн гулидан бир гули очилмай оғир дардга учраган онамга ҳамдарлик қилишга интилишганми, хуллас, муносабат фавқулодда илиқ бўлган.

Эсимда, қачон мактабдан келсам, уйда камида иккита ёки учта аёл чой ичиб ўтирган бўларди. Автобус “ғийқ” этиб тўхтатиши билан улар кетиб қолишар, аммо бир зумдан сўнг бошқалари ҳол сўраб бош суқишарди. Онам дарҳол уларни ҳам дастурхонга чорлардилар.

Дарвозадан ичкарига кирилганда “гуриллаб” оқиб турган ариқнинг устида иккита катта тут дарахти бор эди. Шунданми, иссиқ кунлари ҳам ҳовлимизда салқин эди. Дарахт остида катта сўри. Кўрпачалар ташланган ва дастурхон доим очиқ. Уйимиз қаршисида нонвойхона бор эди. Иссиқ нондан келтириб қўярдилар. Тут пишган пайт эса ҳовлимиз, айниқса, гавжумлашиб қоларди. Тутхўрликка келишарди.

Бир куни:

-Мактабни битираяпсан, бу ёқда тут ҳам тугаяпти, эртага синфдошларингни таклиф қил,-дедилар.

Битирувчиларнинг иккита синфи бор эди – “А” ва “Б”. Ҳар иккала синфдагиларни ҳам таклиф қилдим. 40-50 киши бўлиб тутхўрлик қилдик. Онам ҳамма учун етарли жойни тузатиб, иссиқ овқатлар ҳам пишириб қўйган эканлар. Анча гурунглашиб ўтирдик.

-Шунча чиройли, дилбар қизлар бор экан, бирортасини келин қилайлик,-дедилар бир пайт.

Қизлар аввалига гув этиб қизаришди, кейин бошларини эгишди… сўнг: “Мени келин қилинг”, “Мени келин қилинг”, деб ҳазиллашиб кулганлар ҳам бўлди.

Мен эса ўшанда онамдан бироз хафа бўлгандим. Энди тушунсам, ўша кезларда хасталик авжга чиқа бошлаган, қондаги оқ таначалар кўпайиб бораётган ва биттаю битта ўғлимни тезроқ уйлантириб, тўйини кўрайин, деб ўйлаган эканлар…

Онам уруш йиллари 12-13 ёшда бўлсалар ҳам опалари билан бирга далада кетмон чопганлар. Тонгдан тунга қадар тинмай ишлашар экан. Сокина холамнинг бир кун айтган гаплари уларнинг меҳнатлари қанчалик оғир бўлганини англатади:

-Қизлар иссиқ кунлари ҳориб-чарчаб, йиқилиб қолган пайтлари ҳам бўлган. Шундай пайтларда баъзилари “Ана дарахтнинг тагида фаришта ўтирибди. Сочларини тарамоқда” деб алаҳсирарди. Қўрқиб кетардик. Бир томондан Қуёш, иккинчи томондан оғир меҳнат уларни ана шундай аҳволга солганди…Ўшанда дадам ҳам ўсмир бўлганлар. Ҳам далада ишлаб, ҳам табелчилик қилганлар.

-Даданг Мунавварни кўз остига олиб юрганини билардим,-дегандилар Сокина холам.- Урушдан кейин Мунавварга бир қариндошимиз совчи қўйди. Яхши йигит эди. Лекин Мунавварнинг кўнгли дадангда эди. Унга хабар бердим. У дарҳол ишга киришди. Шу зайл 17 ёшларида оила қуришди.

Мактабни битириб Тошкентга ўқишга кетаман деганимда, онамнинг ўзлари олиб бордилар. Тез юролмасдилар. Нафаслари етмай қоларди. Ўтириб, бироз дам олардилар. Мен эса шошардим. Талабалар шаҳарчасига келиб, қабул комиссиясига учрашдик. Ҳужжатларни топшириш билан овора эканман онам атрофни айланиб, менга дўст қидирибдилар. Бир пайт бир болани бошлаб келдилар.

-Мана, қидириб-қидириб сенга йўлдош топдим. Бу йигит ҳам Самарқанд туманидан экан. Исми Нурилла,-дедилар.

Бу йигит кейин бирга ўқиб, бирга ишлаб юрган дўстим Нурилла Остонов, ҳа, бугунги таниқли ёзувчи Нурилла Остон эди.

Шу куни онам Самарқандга қайтдилар. Тошкентда қолдим. Бу орада бир-икки марта уйга бордим. Ҳар сафар тўйдан гап очардилар, мен эса ўқишни ўйлардим. Индамасдилар, кўзларига ёш олардилар.

Демак, ўша кездаёқ аҳволлари яхши бўлмаган. Кузга бориб, биз ё Жиззах ё Сирдарёда-аниқ эсимда йўқ – пахта теримига чиққандик. Қор ёғса ҳам жавоб йўқ эди. Майрам опам келиб қолди. Онам касалхонада эканлар. “Сени сўраяптилар” деб олиб кетди. Борсак, онамга касалхонадан жавоб берган, уйдалар. Ҳеч хастага ўхшамайдилар. Лекин уйимизда одам кўп. Гаплашиб, гурунглашиб ўтирдик. Онамни ёстиқларга суянтириб қўйишганди. Ёнларига олиб, қучоқладилар, кейин:

-Биттагина ўғлим, пешанаси тор, кўп меҳнат қилади-да, азоб берманглар,-деб сочимни тепага кўтариб, пешанамни силаб қўйдилар.

Қаёқдан билибман-ки, бу охирги сўзлари экан…

Ўшанда кўзимга ҳозиргидек тирқираб ёш келиш ўрнига, кўзим илиниб қолибди, опамнинг қичқириғидан сесканиб кетдим. Кимдир онамнинг лабларига сув тутаётганди…

Бу 1972 йилнинг 23 ноябрига ўтар кечаси эди. Эндигина 42 ёшга киргандилар…Ўша пайтда бу катта довон кўринганди, бугун англасам 42 ёш ҳеч нарса экан.. Бунинг ҳам ўн йили касаллик билан кураш…

Лекин раҳматли шунча оз яшаб, шунча улкан хотира қолдириб кетибдилар…

5. МУКАРРАМ

Она томонимда ҳам, бобо томонимда ҳам авлодлардан авлодларга ўтган олтинлар бўлган. Бувим-онамнинг оналари кўзадаги олтин тангаларни санаб ўтирганларини дадам кўриб қолганларида:

-Буларнинг ҳаммаси сеники,-дер эканлар.

Лекин бувим касалхонада тўсатдан вафот этганларидан кейин бу олтинларни топа олишмаган. Бувим катта қилган ва уйлантириб қўйган бир киши бор эди. Уни онам “укам” дердилар, биз “тоға” дердик. Онаси уни туғганда вафот этган экан. Исми Ғулом эди. Жуда меҳнаткаш, камтар, камсухан, бутун қишлоқнинг юмушини бажариб юрадиган ажойиб инсон эди. Умр йўлдоши ҳам мени ўз ўғли каби севарди. Унинг мен тенги ўғли бўлиб исми Фарҳод. Биз бирга ўсган чин дўст. Валламат, мард йигит.

Бувимнинг вафотидан кейин деворбир ҳовлида яшайдиган Ғулом тоғам бирдан бойиб кетгани ва машина олиб, катта уй-жой қурганини айтишади. Ким билсин, баъзилар балки бувим олтинларини унга қолдирган бўлишлари ҳам мумкин деб айтишган. Элнинг оғзига этак тутиб бўлмайди. Чунки меҳнати туфайли  бойиган бўлса-чи?

У қирчиллама ёшида аварияга учраб, оламдан ўтиб кетди, раҳматли бўлди.

Олтинлар эса кимга насиб этганини ҳеч ким билмайди…

Худди шундай ота томондан бобомнинг ҳам кўза-кўза олтинлари бўлган. Бир куни эски уйни бузиш учун мардикорлар олиб келишган. Панжакентлик бу мардикорлар кун ўртасида ғойиб бўлишган. Қарашаса, улар ишлаган жойда кўзаларнинг қопғоғи ётибди. Бобом олтинларини шу жойга яшириб қўйган эканлар. Шундай қилиб, икки томоннинг ҳам олтини бошқаларга насиб этган.

Аммо ҳар икки томоннинг фарзандлари барибир ўзига тўқ, нонлари бутун, эл-юртга қарашган, сахий бўлишган.

Улар Пулимурғоб қишлоғида бир қанча етим-есирларнинг бошини силаб, оилали қилишган. Бу анаънани дадам ва онам ҳам давом эттиришган. Қишлоғимизда уларнинг кўмаги билан оила қурганлар кўп. Ҳозирга қадар раҳматли дадам ва онамни эслаб, дуо қилиб юришади.

1984 йилнинг 1 декабрда уйимиз ёниб кетганда улар келиб, ҳашар билан тезда уйимизни тиклашганди. Яхшилик кўчада қолмайди деганлари шу бўлса керак.

Яхшиликка жавобан яхшилик қилганлардан бир жуфти – Жўрақул тоғам ва хотини. Дадам ва онам бош-қош бўлиб уларнинг тўйларини ўтказишган экан. Келинчакни “янгамулло” дердим. У эса мени “укабегим” дерди.

Уни ҳамма мақтарди:

“Билаклари жуда кучли”.

“Бир тандир ноннинг хамирини бир зумда мутшлайди”.

“Катта ҳовлининг ерини кетмон билан ярим кунда ағдариб чиқади”.

“У пиширган овқатни бир марта еган одам, ўн марта меҳмонга келади”.

Эсимда, онам касалхонада, мен мактабга қатнай бошладим. Янгамуллом ҳар куни келиб ҳолимиздан хабар оларди, овқат пиширарди, нон ёпарди. Бир гап билан айтганда, у холамникига эмас, бизникига келин бўлиб тушгандек эди.

Бир кун мактабдан жуда оч келдим. Уйда нон йўқ экан. Қарасам, янгамуллом тандирга нон ёпмоқда.

-Укабегим сизга ҳам кулча ёпганман,-деди у одатига кўра сизлаб. Шунча ёш бўлсам ҳам у сизлаб гапиргани ёқарди. Умуман дунё қизиқ, баъзан болалар уларни сенсираб юборишади, аммо келинлар барибир сизлаб гапиришарди. Мен ҳам янгамулломни ўшанда бир марта сенсираганман. Ҳалигача шу воқеани эслаб, устимдан кулишади. Янгамулломнинг фарзандлари ҳам, ҳатто неваралари ҳам, бизнинг ҳамма қариндошлар ҳам бу воқеани билишади.

Хуллас, қорним оч. Янгамулломга “Кулчани узиб беринг” десам, тандирнинг тафтидан “ёниб турган” эканми, “Э, сабр қилинг” деди. “Очдан ўлдим” дедим. Қўл силтади. Кутавериб, тоқатим тоқ бўлди. Мени доим ҳурмат қиладиган келинчакнинг бу гапи оғир ботдими ёки очликнинг “ҳунар”ими, бекатга соя ташлаган тол орқали томга чиқдимда: “Одамлар, бунга қаранглар, нон бермаяти” деб додладим. Бечора янгамуллом аввалига “Вой ўлайман, вой ўлайман” деб атрофга югуриб қолди. Кейин тўхтаб, менга ялина бошлади:

-Жон укабегим, тушинг, халқ нима дейди, ўлдим-ку бу шармандаликдан!

Унинг бу гапи ҳали ҳам қулоқларим остида. Ўзимнинг ҳам гапим ёдимда:

-Нега бўлмаса кулчамни бермайсан?

У дарҳол кулчани қўлига олиб, у кафтидан бу кафтига отганча пуфлаб-пуфлаб томга отмоқчи бўлди. Пастга тушишга ҳайиқардим. Анча-бунча ёлворишлардан кейин тушганман.

Дарвоқе, оч қолганимда дунё кўзимга кўринмай қолади. Бу одатим ҳали ҳам тарк этган эмас. Жаҳлим чиқа бошладими, умр йўлдошм, овқат келтиради.

Ана ўшанда бир марта янгамулломни сенсираганман. Болаликдаги бу бебошлигимни у кечирган, лекин кулги қилиб ҳали ҳам айтиб юрар экан.

Унинг қизларидан бири – Анор оиласи билан “гринкард” ютиб Ню Йоркка келди. Анор уч фарзандини қишлоқда уйли-жойли қилибди. Иккитасини эса бу ёққа олиб келибди. Улар ҳам 18-19 ёшда. Кўришга бордик. Турмуш ўртоғи Абдукарим билан Анор кула-кула шу воқеани эслашди. Бўлмаса, у пайтда ҳали Анор туғилмаган ҳам эди.

Янгамулломнинг исми Мукаррам. Бу иззат-икром соҳиби маъносини беради. Ҳақиқатдан ҳам у иззат-икром соҳибасидир.

6. ЧЎЛПОННИНГ СИНГЛИСИ

Уни ҳеч ким “Татар хола” демасди. Чунки бошқа “Татар хола” бор эди. Унинг ҳужжатдаги исми “Сония” бўлсада, талаффузда “и” тушиб қолиб, “Соня”га айланиб кетганди. Паканагина, чеҳраси айлана, кўзлари бироз қисиқ, юзлари лўппи Соня опа ўзига хос бир дунё эди.

У орада девори йўқ “деворбир” қўшнимиз бўлиб, фақат бизнинг ҳовлимиз сатҳи уникидан сал баландроқ эди, холос. Унинг уйи қишлоқда ҳамманикидан ажралиб турарди.

Амаким урушдан қайтиб, колхозга раис бўлганларида, Самарқанд шаҳридаги Ҳисобчилар тайёрлаш техникумининг раҳбари – Нарзиқул поччалари:

-Бизда бир татар қиз бор, жуда билимли, аммо ҳеч кими йўқ, шуни ишга олиб, уй қилиб берсангизлар қандай бўларкин?- деб қолибдилар.

Кейинчалик амакимнинг айтишларича, Соня опанинг отаси жадидчи бўлган экан. У шоир Чўлпоннинг таниши ва шоир уни “мавлоно” деб чақираркан. У тўнғич фарзандига Чўлпон деб исм қўйган.

Бир кун уни уйидан олиб кетишгани бўйича, қайтиб келмабди. Онаси хасталаниб, оламдан ўтибди. Чўлпон Қозон шаҳридаги қариндошлариникига кетибди. Соняни Нарзиқул почча ўқишга олиб келибди.

Амаким Соняни колхозга ишга таклиф қиладилар. Унга ўй қуриб беришни ваъда қиладилар. У ўз уйининг лойиҳасини ўзи чизиб берган. Уй жуда замонавий бўлиб, ошхонасидан ҳожатхонасигача ичкарида жойлашгани учун аввалига қишлоғимиздагиларга ёқмаган. Хоналари ҳам кичкина, умуман тўртбурчак қутини эслатарди. Одамлар “клетка” дейишарди. Аммо ана шу “клетка” уйга бора-бора кўпчилик ҳавас қилган.

Бу ҳовли қишлоғимиздаги қўлбола маданият маркази бўлиб, ҳовлининг гули-гулзори ҳам худди каштага солинган нақш каби эди.

Ҳар кун оқшом бизлардан биттамиз Соня опанинг уйига бориб ухлардик. У жуда меҳрибон эди. Лекин бирор нарсадан жаҳли чиқса, татарча гапирарди. Айни пайтда қошиқ-вилкани қандай ушлаш кераклиги, сувни қултумлаб ичишгача ўргатган. Агар сувни бир ҳўплашда ичиб юборганимни кўриб қолса, татарча гапиришга ўтарди. Шунинг учун уйига боргим келмасди. Аммо онам навбат қилиб қўйгандилар ва истасак-истамасак биттамиз боришимиз шарт эди.

Соня опа бизнинг кўнглимизни олиш учун оқшомга махсус овқатлар пишириб қўярди. Унинг овқатлари авропача бўлгани учун бизга ёқмас, ўзимизнинг қовурилган картошкани ундан устун кўрардик. Менга фақат у пиширадиган қуймоқ ёқарди. Аммо совиб қолса, худди хамирга ўхшарди. Унинг ўзи “Қуймоқни иссиғида ейиш керак”, дегани билан барибир уникида тунаганимда, эрталаб қўярда-қўймай мактабга бериб юборарди. У дарс қилишга ёрдамлашар ва кийимларимни дазмол қилишни ўргатарди. Ёқмасди. Уйда онам қилардилар-да бу ишни. Шунинг учун уникига мактаб кийимларини олиб бормасдим. У бир ҳатлаб бизникига ўтардида, ўзи кўтариб келарди.

-Онанг касалманд, бу ишларни ўзларинг қилишни ўрганинглар, у бечорани бунча қийнайсизлар,-дерди.

Онам оғир бетоб бўлиб олти ой касалхонада ётганларида у ҳар оқшом бизнинг уйга келар ва ярим тунда ким ухлаб қолмаган бўлса, ўшанинг ҳамроҳлигида ўз уйига ўтарди. У ҳеч қачон бошқа жойда тунаб қолмаган.

У жуда тозакор ва жуда ҳалол инсон эди. Колхозда ҳамма унинг тўғрисўз эканлигини билиб қолганди. Баъзиларга бу ёқмасди. Қайси бир бригадир ёки табелчи ҳисоб-китобни бошқачароқ қилган бўлса, татарчалаб сўкиб, қоғозларни унинг бошига отиб юборганини гапиришарди.

Соня опа кийинишда ҳам авропача кийинар ва уйидан колхоз идорасигача бўлган икки юз метрлик йўлни худди шаҳарда сайр қилган каби оҳисталик билан, ҳеч кимга қарамай босиб ўтарди. Биз улғайиб ўз сўқмоқларимиз бўйлаб кетганимиздан кейин Соня опа қишлоқда бир етим қизни фарзандликка олди. Уни боқиб, ўқитиб, турмушга узатди.

Унинг Қозон шаҳридаги опаси йилда бир марта Самарқандга келарди. У ҳар келганида деворга осиладиган ёзувлар келтирарди. Ҳаммаси арабчада. Биттасида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, бошқа биттасида “Бир мезарки ташлариндан яш дамлар” деб ёзилган экан. “Буни Чўлпон ёзган” дер эди. Мен ўшанда опаси ўзи ёзар эканда, деб ўйлардим. Орадан ўн йиллар ўтиб билдимки, бу шоир Чўлпоннинг Боку шаҳрига борганда ёзган шеъридан бир мисра экан.

Қишлоғимиз Самарқанд шаҳрининг “этаги”да, дарс бўлмаган пайтлари “Ўттизинчи” автобусга чиқардик ва ўн тийин тўлаб, Регистонга борардик. Регистонда Навоий кинотеатри бор эди. Бир куни ўша ерда Соня опани кўриб қолдим. У меҳмонга келган опасини айлантириб юрган экан.

-Ҳа, улум, дарсдан қачип юрипсенми?-деди у.

Ундан қўрқардим, дарс масаласида кечирмас эди. Лекин шу куни онамдан сўраб боргандим. Буни унга айтсам ҳам барибир опаси билан сафарини кесиб, мени уйга олиб келди. Уйга келгач, онам:

-Шундай катта колхоз бўлса, шуларга битта кинотеатр қуриб бермайсизларми?-деб қолдилар. Гаплари менга ёққанини сездилар, шекилли, жилмайиб қўйдилар.

Соня опанинг талаби билан колхозда пахсазан кинотеатр қурилди. Бизнинг дарвозадан чиқиб, йўлни кесиб ўтилса бас, кинотеатр. Аммо ёзги. Нима қипти? Ўзимизнинг кинотеатр бор эди ва биз дарсдан қочмасдик. Хуллас, Соня опа қишлоғимизга замонавий маданиятнинг элчиси бўлиб келганди.

У Меҳринисо опамни ўз касбига қизиқтирди ва опам Тошкентда Халқ хўжалиги олийгоҳини битиргач, Соня опа ўрнини унга бўшатиб, нафақага чиқди. Бугун ўша Ўзбекистон номи билан аталган колхоз йўқ. Лекин Соня опани ҳалигача эслашади.

Биз уни “опа” десакда, у бизни фарзандим деб биларди. Унинг “улум” деган ўша бир сўзида дунёнинг катта маъноси ётганини эса энди англайман. Ҳечдан кўра кеч!

7. ТОЖИК ХОЛА

Қишлоғимизни қадим Самарқанднинг ўзи каби байналминал қишлоқ деса бўларди. Ён қўшнимиз Соня опа-татар. Унинг ёнида уч хонадон – Саид, Воҳид, Восе акалар-тожик. Воҳид аканинг мен тенги Рафиқ деган ўғли бор эди. Яқин дўстим эди у.

Рафиқ яшаган ҳовлининг қаршисида колхознинг гаражи бор эди. Ҳозир бу гаражнинг ўрнида минг кишилик тўйхона қурилибди. Соҳиби Рафиқнинг укаси Равшан.

Гаражга кираверишда икки хонали, бир айвонли уй бўлиб, унда қоровул оиласи билан истиқомат қиларди. Қоровулнинг исми Ашраф. У тожик, хотини эса озарбайжон. Дунёнинг энг озорсиз урушқоқ аёли. Шунақаси ҳам бўладими, деманг, у ҳақда алоҳида ҳикоя қилиб бераман, ҳали. Унинг ўғли Раббим ҳам биз тенги. Болалигимиз биргаликда ўтган. Рафиқ, Раббим ва яна бир дўстим Қаҳҳор билан “тепишиб” ўсганмиз.

Бир куни қаттиқ қор ёғиб, ерлар музлади. Mактабдан қайтаётган эдик, Рафиқ йиқилиб тушди ва ўрнидан тура олмай, йиғлай бошлади. Атрофдан иккита чўпни топиб, қўлларимиз орасида кўприк ясаб, уни ўтқаздик ва амаллаб дўхтирхонага олиб бордик. Уни ўша ерда қолдириб, хабар бериш учун уйига югурдик.

Ичкаридан чиққан Тожик хола гапимизни охиригача ҳам эшитмасдан бизни сўка кетди. Кейин у бизни туртиб-туртиб қувиб юборди. Xафа бўлиб уйга келдим. Дунёда онадек сезгир зот бўлмас экан. Ҳар қанча яширишга уринмайин онам нима гап бўлганига қизиқдилар. Тожик хола онам билан дугона эди. Шунинг учун айтгим келмасди. Охири Рафиқ йиқилгани ва биз уни дўхтирхонага олиб борганимизни айтдим. Онам дарров дўхтирхонага бориб келдилар.

-Оёғи лат ебди,-дедилар ва бошимни силаб қўйдилар.

Tожик холанинг важоҳатидан кейин ўзимни гуноҳкор ҳис эта бошлагандим. Кечаси билан ухлай олмай чиқдим. Балки биз шошганимиздан нотўғри гап айтиб қўйдикмикан ёки у бизни тўғри тушунмадими? Бир тарафдан Рафиқни ўйласам, иккинчи тарафдан Тожик хола нега бизни қувганига ақлим етмасди. Мурғақ қалбимни нимадир тирнаётгандек эди.

Эрталаб мактабга йўл оларканман, Қўчқор ариқ, биз уни қисқартиб “Қўчариқ” дердик, ана шу Қўчариқ томонга қараб юролмадим. Мактабимиз ўша томонда эди. Орқамда кимдир турганиni сездим. Қарасам онам, қўллари билан қарши томонга ишора қилдилар. Орқа томонда Рафиқнинг уйи. Индамай Қўчариқ томонга эмас, Рафиқнинг уйи томонга қараб юрдим.

Уларнинг дарвозасига яқинлашганда, йўлнинг у бетидаги очиқ дарвозадан Раббим чиқиб келди. Гаражнинг дарвозаси доим очиқ турарди. Раббим ҳам ухламай чиққанми ёки деразадан қараб турган эканми, ёнимга келди. Бир-биримизга гапирмай, кўк дарвозанинг ёнида анча туриб қолдик.

Воҳид ака ва укаси Саид ака уста эдилар. Қишлоқдаги кўп уйларни шулар қуришган. Дарвозаю деразаларни нақшиндор қилиб қуришарди. Ўзларининг дарвозалари эса оддий эди. Аммо ичкарига кирсангиз ҳаммаёқни нақшиндор қилиб ташлашган. Худди музейга киргандек бўласиз. Ташқариси қалтироқ, ичкариси ялтироқ, яъни мақолнинг тескариси каби.

Бир пайт дарвозанинг дарчаси очилиб, Тожик хола кўринди.

-Вой бачаларим, чуба бу ерда хунук хўрда турибсизлар? Қани дарумба киринглар? Мани бахшида қилинглар! Шаб силарни хафа қилдим!

Тожик хола ўзбекча билан тожикчани аралаштириб гапирар эди. Биз уни кўриш билан қўрқиб орқага чекинган бўлсак-да, унинг бу гапларидан кейин олдинга қараб қадам ташладик. У дарчадан чиқиб, бизни бағрига босди ва ичкарига бошлади:

-Жўретон нағз, оёғи шикаста қилибди, шуморо сўрагани-сўраган, силага раҳмат, раҳмати калон,-деб юзимиздан чўлпиллатиб ўпганча ҳовли тўридаги хонага ишора қилди.

Биз ўша томонга қараб югурдик. Тожик хола эса:

-Ҳой, йиқилатон, эҳтиёт шаветон,-деганча бақириб орқамиздан югурди.

Ичкарига кирсак, Рафиқ бизни кўриб қувониб кетди. Кеча уни шикастахонага олиб бориб, оёғини гипслаб келишибди.

-Бийим сизларни хафа қилибдилар-а?-деди у мунгли овозда, у онасини “бийи” дер эди.
Кейин менга қараб:

-Кечаси ўнам келгандилар…,-деди. Менинг онамни эса “ўна” дерди.

Тожик хола Рафиққа деб “Оши орд” пиширган экан.

Ана шу қиймали “Оши орд”ини яхши кўрардик. Уни “ўгра” ҳам дейишади. Биз эса уйда бу овқатни қийма шўрва дер эдик. Тожик хола нимадир қўшардики, косанинг тагига етганимизни ўзимиз ҳам билмай қолардик. Терлаб-пишиб ичганимизни кўриб, у севинарди ва:

-Яна оворамми-а? -деб қайта-қайта сўрарди. Биз индамай ўтирсак, у яна ярим косадан олиб келарди. Кейин шишиб қолган қоринларимизни силаб-силаб аранг кўчага югурардик.

Рафиқ билан анча гаплашиб, кўнглимиз равшан тортиб, мактабга кетдик…

Уйимиз ёнидан ўтарканман, қарасам онам ҳали ҳам ўша жойда турибдилар. Бошлари билан имлаб, “қалай” дегандек ишора қилдилар. Кулиб қўйдим. Онам ҳам кулиб қўйдилар…

Бугун раҳматли онамнинг аксар дугоналари ҳам оламдан ўтган. Улар жаннатда ҳам байналминал давра қурган бўлсалар керак ёки худди Пулимурғоб қишлоғида яшагандек бир-бирларини ҳурмат қиладиган, миллатига қараб камситмайдиган дўст бўлсалар керак, деб ўйлайман.

8. РУБОБА

У ҳаммани сенсираб гапирарди, ҳамма ҳам уни сенсирарди. У одамлардан ҳазар қилади, шунинг учун уларни сенсирайди, одамлар ҳам унга ўзига яраша муомала қиладилар, деб ўйлардим. Катта бўлганимдан кейин англадимки, хулосам хато экан. Рубоба янга озарбайжон бўлгани учун уларнинг маданиятида фақат ғирт бегоналарни сизлаб, қолганларни сенсираб гапириш анъана экан. Биз эса буни тушунмай уни камситиб, сенсирар эканмиз.

Назаримда Рубоба янганинг уришмаган одами йўқ, ундан энг кўп гап эшитадиган эри Ашраф амаки эди. Ашраф амаки Самарқанд шаҳрида яшаган ва армияга хизматга бориб, Рубобага уйланиб қайтгач, ота-онаси сиғдиришмаган. Шунда у бизнинг қишлоққа кўчиб келган. Уй-жойи йўқ бўлгани учун уни колхоз гаражига ҳам қоровул, ҳам диспетчер қилиб олишган. Ашраф амаки жуда кам гап ва жуда юввош одам эди. Рубоба янга акси.

Агар бирорта унинг ўғли Раббим ёки қизи Гулсарага ёмон гапирсин ёки уларни туртсинчи, кунини кўрарди. Боласини ўша хонадоннинг дарвозаси олдига олиб бориб тинмай сўкаверарди. Токи одамлар тўпланиб, масала нимадалиги аниқланмагунча. Шунинг учун ҳам кўпчилик унинг болаларига гапиришга қўрқарди. Баъзилар уни жинни деб ҳам гап тарқатишганди. Лекин у жинни эмас эди. Ўғли билан дўст бўлганимиз учун биламан, у болаларини жуда яхши кўрарди ва ўғлининг дўсти бўлганимиз учун бизни ҳам ҳурмат қиларди.

Ёшимиз бир жойга етганда ундан сўраганман:

-Нега Раббимни биров сўкса, сиз ҳам сўкардингиз?-деб.

-Нима, мен бориб бировнинг боласини сўкайинми? Кучим ўзимнинг боламга етади. Шундан улар ҳам хулоса чиқариб оладилар…

Бу унинг ўзига хос услуб эди.

У саҳарлаб гаражнинг дарвозаси очилгандан то ярим тунда бекилгунга қадар овқат пишираётган жойида, ҳовли супураётган пайтида, сув ташиётган ёки кир юваётган бўлса ҳам-хуллас ҳар қадамда шоферларни қарғаб юрарди. Озарбайжончалаб қарғарди. Ўзбекча гапирмасди умуман.

Бунинг ҳам сабабини орадан йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим. У ёш келинчак эканлигида гаражда катта қозонда овқат қайнатиб, саҳар келган ёки ярим тунда ишдан қайтган шоферларга ҳам мулозимат кўрсатар экан.

Эркак зоти орасида ҳайвонсифатлари ҳам бор. Улар оддийгина яхшиликда ҳам баъзан қинғир ифодани кўрадилар. Унинг мулозиматини бошқача тушунган ҳирсимохов шоферлар унга кўз олайтира бошлашибди. Бир-икки марта у ётадиган уйга ҳам киришибди. Шунда у уларни калтакбўрон қилиб, қувиб чиқарибди. Лекин улар унинг у ёқ-бу ёғидан ушлаб, тегажоқлик қилаверишгач, баъзиларини ерга юмалатиб урибди. Кейин мелиса чақирибди. Эркакнинг эгари ошнаси. Ишни ёпиб юборишибди.

Бу ҳол яна такрор бўлибди. У яна шикоят қилибди. Терговчи келиб кетаркану шу билан иш тамом. У охири эрталабдан кечгача ҳаммага бақирадиган бўлибди.

Ўйлаб кўрсам, у шў йўл билан ўз қадри, иффати, оиласини ҳимоя қилган экан. Унинг эрини “латта” деб ҳақорат қилишлари ҳам шундан экан.

Лекин уни энг ёмон кўрадиган шоферлардан бирортаси ҳам “Рубобани қўлини ушлаганман” деб айтолмайди. Ҳаммаси ҳам унинг оиласига, фарзандларига содиқлигини тан олади. Зотан, эркакнинг шундай мардлиги бўлмаса, эркаклиги ҳам битади.

Ўтган йил уйимиз ёнидаги арчасимон дарахт устида қалдирғоч ин солганини кўрдим. Қарасам тухум ҳам қўйган. Қарадиму балога қолдим. Иккита қалдирғоч шунақа қаққилаб айлана бошладики, агар бошимни эгиб, уйга кириб кетмасам, кўзимни ўйиб оладигандек эди.

Бу менга Рубоба янгани эслатди. Бегона жойда ин қуриб, ўзини ва болаларини ҳимоя қилиш унга осон бўлмаган. Айниқса, адолатсизлик шундайгина қаршисида турса-ю у бир умр шу адолатсизликнинг юзига қараб яшаса. Инсон учун бундан оғир нарса бўлмаса керак.

Адолатсизлик одамни жинни қилиб қўяди деган гап бор. Рубоба янга умрининг охирида оиласига алоҳида уй-жой солди. У ерда ўғлини уйлантирди. Қизини узатди. Фарзандлари қишлоқда бахтли оилалардан.

Бугун қишлоғимизнинг қалдирғоч аёлини фақат мен эмас, кўпчилик эслаб, дуо қилиб турса керак. Чунки у шунга муносиб.

Албатта, қишлоқдагилар тилимиз, маданиятимизни дарров ўзлаштириб олган “малла” келинларни севишарди, аммо Рубоба янгани унча ёқтиришмасди.

Лекин у одамларга фавқулодда қийин шароитда ҳам ўз она тилини, ўз маданиятини ва ўз иффатини асрай олишни ўргатиб кетди. Бугун биз ўзбеклар дунёга сочилиб кетган, бошқа халқлар орасида ёлғизланиб яшаётган бир пайтда Рубоба янганинг қанчалик кучли иродага соҳиб эканлигини идрок қилиш қийин эмас.

9.ХАТ

Мўғилистонда танк қўшинларида хизмат қилардим. 1977 йилнинг 23 феврал куни байрамни нишонлаш учун машқлардан казармага қайтдик.

Бир неча кунлик машқлардан кейин энг катта ҳадя хатлар эди. Дадамдан хат келган экан.

Дадам 47 ёшда, ўзлари хат ёзмас эдилар. Ўша пайтда бу менга жуда катта ёш кўринарди. Энди англасам, бу ҳали йигитлик даври экан. Лекин нима учундир дадам доим опаларим ёки сингилларимдан бирига айттириб ёзардилар.

Бу сафар танидим. Ўзларининг хати. Ўз қўллари билан ёзганлар. Ўн кунлар олдин юборган эканлар. Байрам куни етиб келибди. Хат жуда ҳам самимий ёзилган ва раҳматли онамнинг жуда ёш – 42 да оламдан ўтганлари дадамнинг кўнгилларини синдирган экан.

“Онанг бўлганда биргалашиб бориб, сени кўриб келармидик? Мен “Вақтим йўқ” десам ҳам у “Қани йўлга тушинг” дея аллақачон мени олиб борган ва Монголия деган жойни ҳам кўриб келган бўлардик. Аммо онанг бизни ташлаб кетди…”

Бу гаплар дилимни ўртаб юборди. Кўзда ёш билан қайта-қайта ўқидим.

Шу пайт дивизиянинг хат ва телеграммаларни қабул қиладиган бўлимида ишлайдиган Хизир деган дўстим кириб келди. У менга қараб бир нарса демоқчи бўлар, аммо гапира олмай лаби титрарди.

Бугун байрам бўлгани ва машқлардан қайтганимиз учун туркманистонлик Қосим деган дўстимиз ош дамлаган ва биз тўпланиб, байрамни нишонламоқчи эдик.

Дадамдан келган хатни ўқиб, ошга бориш ҳам ёддан чиқибди. Хизр шунинг учун келди деб ўйладим.

У менга яқинлашиб, титраган овоз билан:

-Ким айтди?- деди.

-Нимани?

У қўлидаги телеграммани мажақлаб:

-Йиғлама дўстим!-деди ва мени қучоқлаб, ўзи йиғлаб юборди.

Икки кун олдин дадамни ё тасодиф, ё қасддан ўлдиришган экан…

Силкиниб…
Силкиниб боради тобут
Қабр юлиб қолгач одамни.

Силкиниб…
Силкиниб йиғлай олмадим,
Кўмиб келгандилар отамни.

Силкиниб…
Силкиниб ўқийман хатни
Мактуб-отам,
Қўлларим тобут.

Силкиниб…
Силкиниб тош бўламан
Қабрнинг устида йиғламоқ учун,
Қабрнинг устида ухламоқ учун.

10. РАИС БОБО

Амакимни “мулло” дердик. Ҳақиқатдан ҳам мулло одам эдилар, раҳматли.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлганлари учун ҳам Горбачев замонида у кишидан:

-Немисларга асир тушиб, кейин Туркистон озодлиги учун курашчига айланганлар ҳақида биласизми?-деб сўрадим.

-Мен ҳам асир тушганимда Туркистон озодлиги учун курашчига айлантириб қўйишарди,-дедилар одатларига кўра ним кулги билан. Кейин қизиқишим жиддийлиги учун фикрларини ётиғи билан тушунтирдилар.-Шуни билки, асир тушиш ихтиёрий бўлмайди ва бўлмаган ҳам. Кимки шундай деса, “бекор айтибди”нинг ўнтаси уники. Кимнинг ҳам душманга асир тушгиси келади? Бир томони ватанпарварлик.

-Ватанпарварлик, бу қип-қип қизил гап эмасми?

-Ҳей, болам, уруш кетаётган пайтда қип-қизил гап бўлмайди. Қаршингдаги душман сен болаликдан бирга ўсган дўстингни қарсиллатиб отиб турганда қанақасига қип-қизил гап бўлади?

Амакимни баҳсга тортишни яхши кўрардим. У киши жуда самимий баҳс қилардилар ва гаплари юракларининг тубидан оқиб чиқарди. Гаплари қарашларимга мутлоқ зид бўлса ҳам мазза қилиб эшитардим.

-Хуллас, биттаси ватанпарварлик. Иккинчиси, орқада бола-чақанг, ота-она, қишлоғинг бор. Ҳаммасидан воз кечиш осон эмас. Чунки сен асир тушсанг уларни тинч қўймасликларини яхши биласан. Учинчиси эса, қаршидаги душман қаттолу баттол – фашист. Унинг тилини билмасанг, унинг динини билмасанг, унинг маданиятини билмасанг, у билан яшаш осон бўладими? Бунинг устига сен ҳам фашист бўлмасанг у билан ош-қатиқ бўлолмайсан. Гапинг ёқмаган куни отиб ташлайди.

-Шундай дейсизу, асир тушганлар бўлган, немислар билан бирга яшаганлар ҳам бор. Ҳатто немисларга уйланиб, бола-чақа кўрганлар ҳам бўлган…

-Тўхта, тўхта! Уларнинг бирортаси ўз ихтиёри билан асир тушмаган. Масалан, Власов сотилганда унинг қўл остидагилар мажбуран ўша томонга ўтиб қолишган ёки немислар босиб келиб взвод, рота, баталонларни ўраб олиб, “ҳендихох” деганда, қўл кўтаришга мажбур бўлишган. Улар асир тушгандан кейин Гитлер бу кучдан фойдаланиш учун “Туркистон легиони”ни тузган. Гитлернинг одамлари жуда айёр бўлишган. Биз томондагиларнинг орасидан ўқимишли, зиёли бўлганларини тўплаб “Легион” туздирган. Сен уларнинг таржимаи ҳолларини синчиклаб ўқиб кўр. Аксарияти фаол коммунист – советларнинг идеологиясини тарғиб қилувчилар бўлишган. Уруш пайтида ҳам улар фронтнинг олд қисмида шу иш билан шуғулланганлар.

-Демоқчисизки, урушгача уларнинг хаёлида Туркистон озодлиги деган гап бўлмаган…

-Кимдадир бўлса бордир? Аммо кўпчиликда бўлмаган. Кейинчалик соғинч ва хорижда туриб илм олиш, ўрганиш улардан баъзиларини бу курашга олиб кирган. Бошқа катта гапларни бир четга қўйиб, мана шу ростини айтсалар ҳам шунинг ўзи етрали. Чунки ҳали ким ғолиб бўлиши маълум эмас эди, СССР ютиб чиққандан кейин эса унинг қўли ҳамма жойга етарди, шундай шароитда “Туркистон озодлиги” деб гапириш осон эмасди. Сталин керак бўлса, Канадага одам юбориб, оғзи катталарни ўлдиртирган. У томонга ўтиб кетганлардан баъзилари турли ҳукуматларга ишлашган.

Масалан, Америка, Германия, Эрон, Франса разведкаларига ишга ўтиб кетганлар ҳам бўлган деб эшитамиз. Улар Туркистон озодлиги учун эмас ўша мамлакатларнинг манфаати учун хизмат қилганлар. Мен уларни айбламайман, яшашлари керак эди, кун кўришлари керак эди. Немисларга, фарангларга, инглизларга уйланиб жон сақлаб юрганлари ҳам бўлган. Улар ўша мамлакатларнинг фуқаролари ва уларга хизмат қилсалар, қилибдиларда, чунки ўша жой уларнинг ватанлари. Улар фашистнинг байроғини ўпдилар.

-Лекин биз уларни бир кун ўз она-ватанларига қайтариб олиб келамиз…

-Ўзинг кетсанг ҳам қайтиб келмайсан, болам, ҳалики улар. Уларга бу ерда олтиндан қовурдоқ пишириб қўйсанг ҳам қайтиб келмайдилар. Инсон ҳам дарахт, қаерда илдиз отдими, ўша ерда яшнайди. Улар ўша томонда илдиз отганлар. Дарахтни кўчирсанг ё олади, ё йўқ, инсонни кўчирсанг, ё қолади, ё қолади. Фақат “Менда Туркистон озодлиги учун кураш ғояси бор эди, шунинг учун немислар томонга ўтиб кетганман” деган гап ёлғон, “Мажбуран ўтгандим, кейин бу ғоя учун курашдим” деган гап эса рост. Лекин бу масалга тарафсизлар баҳо берса яхши бўлади. Биз тарафмиз. Бир кун келиб тарафсизлар ҳар икки томонни ҳам адолат тарозисига қўйишар ва даврдан, муҳитдан келиб чиқиб баҳолашар?!

Ана шу суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди. Худди бугунги ҳолатни ўшанда олдиндан кўрган каби гапирган эканлар. Ҳатто мен ҳам кетдим ва ҳалига қадар қайта олмадим.

Бир куни Истанбулда шу суҳбатни устоз Боймирза Ҳайитга айтганимда у киши:

-Амакингиз доно одам эканлар, ҳақиқатдан ҳам ихтиёрий равишда асир тушиш бу ўлим дегани эди, жонидан тўйган одам шундай қиларди,-дедилар.-Лекин уруш давомида ва ундан кейин Туркистон дарди билан яшаганлар кўп эди.

Кейин Боймирза ота Ислом Каримов режими Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан хориждагиларни ватандошларимизнни бир-бирига душманга айлантиргани, аслида эса улар Совет давридаёқ амаким каби масалани тўғри идрок этишганига урғу бердилар.

Бугунгача юзлаб воқеалар амакимнинг фикрларини тасдиқлади. Мана энди у авлод ўтиб, бизнинг авлод ҳам айни ҳолатни яшамоқда. Бу кетишда кейинги ва кейинги авлодлар тақдирида ҳам шундай ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Балки бу дунёнинг асл тузилишидир? Ахир Америка дейилган жойда бир пайтлар ҳеч ким яшамаган. Ҳиндулар келишган, кейин испанлар, кейин инглизлар ва ҳоказо бугун миллион-миллион одамлар яшашмоқда. Майли, бу энди бошқа мавзу…

Дадам ва онам уй-жой қилиб чиқиб кетгунларига қадар амакимнинг оиласи билан бирга Муртазо бобомнинг уйларида яшаганмиз. Амакимнинг ўғиллари билан бирга катта бўлганман. Амаким учун Аббос акамдан кейингиси, лекин бошқа фарзандларидан азизроғи эдим. Чунки уларга баланд овозда гапиришлари, уларни сўкишлари мумкин эди, аммо менга доим дўст назари билан қарардилар. Мактабда яхши ўқишимни уларга ўрнак қилиб кўрсатардилар. Гапларимни эринмай эшитардилар ва иккаламиз ҳамма мавзуларда тенқурлардек суҳбат қила олардик. Кўрсалар севинардилар, мен ҳам у кишини кўрсам севинардим.

Энг ёққан хислатлари – ҳеч кимдан қўрқмасдилар. Ҳар қандай гапни ҳар қандай одамнинг юзига тикка айтаверардилар. Агар бир нарса деса, икки оғиз гап билан мот қилардилар. Бундан ғурурланардим.

Бир куни бир даврада қишлоғимизнинг имоми Мажид бобо билан тортишиб қолдик. Унга диний масалада эътироз қилгандим, у ранжиди. Шунда амаким:

-Мулла Мажид, сиз ҳали кеча имом бўлиб қолдингиз. Арабчани ҳам ўқий олмайсиз. Аслида қорисиз, ёдлаб олганингизни айтасиз. Бу ёшлар ўқиганини айтмоқда. Уларга ҳам қулоқ солиш керак, бекордан-бекорга ранжиб, уларни ҳам ранжитманг…,-дедилар.

Мажид бобо “хўп-хўп” деб кулиб қўйди ва шундан кейин гапларимдан ранжимайдиган, аксинча баъзида менга мурожаат қиладиган ҳам бўлди. Амакимнинг бунчалик таъсир кучлари борлигига ҳайрон қолардим. Лекин Мажид бобода ҳам ёшларнинг фикрини тан оладиган мардлик бор эди.

Болалигимда, амаким дам олишга кетсалар ёки бошқа шаҳардан қайтсалар, совғанинг олди меники эди.

Катта бўлиб, Тошкентда ўқиб юрган кезларимда ҳам баъзан ётоқхонага келардилар. Бир кун тонгга қадар гаплашиб ўтирибмиз. Хонада биздан ташқари журналистика факултетида бирга ўқийдиган дўстим Комил ҳам бор эди.

Комил эрталаб уйғониб:

-Ҳали ҳам гаплашиб ўтирибсизларми, нимани бунча баҳслашаяпсизлар, ухламадингизларми?-деди.

-Уйқуни сенга сотгандик-ку, қани пулини чўз бу ёққа,- дея ҳазиллашдилар амаким. – Сени отанг ҳам уйқучи эди.

-Э, отамни қаёқдан биласиз?,- деб ажабланди Комил.

-Ўғилда бўлмаса ота нишони, унда бордир бировнинг қони…

Бу амаким яхши кўрадиган, кўп такрорлайдиган, қишлоғимизда ҳамма биладиган гапларидан бири эди.

У кишининг халқ орасида худди шундай тарқалган яна бир гаплари: “Яхши яхши кунингда, ёмон ёмон кунингда ярайди”.

Ҳамма ёмон кўрадиган одам билан ҳам яхши гаплаша олардилар ва муносабат сақлардилар.

Урушдан астма касалини орттириб келгандилар. Агар суҳбатлашиб ўтирсалар, йўтал тутмасди. Лекин жим қолсалар тўсатдан қаттиқ йўтал тутиб, қизариб кетардилар. Энди ўйласам, доим яхши бир суҳбатдошга эҳтиёж сезганлар ва имкони топилганда ухламай тунни тонгга улаганлар.

Бир кун Самарқанддаги “Республика” касалхонасида ётгандилар. Кўришга бордим. Ўша куни яна бир фарзандли бўлгандим.

Амаким ётган палатага киришим билан:

-Янгилик борми?-дедилар.

-Бор..

-Қизми, ўғилми?

-Қиз…

-Ҳей, табриклайман, умри билан берган бўлсин, бахти билан берган бўлсин, нега шумшайиб турибсан, балконга чиқиб шляпангни осмонга от, қайтиб тушмаса ҳам хурсанд бўл! – дедилар.

Бироздан кейин эса:

-Мана бир ойдан бери шу ердаман. Аканг ҳар куни бир марта келади, сен ора бир кун келасан, қизлар эса кунига уч марта хабар олишади, яна куёвларни ҳам эргаштириб юришади. Саҳарги нонушта, тушлигу кечки овқатни ўзлари пишириб келишади, касалхонага куним қолган эмас. Хуллас, қизлар атрофимда гиргиттон. Ўғиллар эса хотини билан банд, агар қайнатаси касалхонага тушса, ўша ёққа кунига уч марта қатнайди. Ўзимиз ҳам шундай эдик…,- деб қаҳқаҳа отиб кулдилар.

Амаким урушдан келгандан кейин колхозда раис бўлганлар, кейин узоқ йиллар Туман ерларини ўлчаш идорасига раҳбарлик қилганлар. Ҳамма у кишини “Раис бобо” дерди, жумладан мен ҳам баъзан ҳазиллашиб, шундай мурожаат қилардим.

Ҳар кун ишдан келаётиб, амакимни бир кўриб ўтардим. 1987 йилнинг 18 июн куни эди. Келсам, аҳволлари жуда ҳам оғир. Тинмай йўталятилар. Нафас олиш қийинлашган. Дўхтирлар келиб, “Энди бўлмайди” деб кетишибди.

Аранг гапириб, “Нима қилсанг қил, аканг келганича сақла”, дедилар.

Аббос акам Украинада эди. Унга хабар қилдик ва амакимни касалхонага олиб бордим. Реанимация бўлимида сақлашди. Дўхтирлар таниш бўлгани учун ичкарига киришга изн беришди. Кутилмаганда соппа-соғ бўлиб, ўринларидан туриб ўтириб, худди олдинги пайтларидагидек суҳбатлашдилар. Касалхона аэропортга яқин бўлгани учун учқичлар “ғув” этса, ўша томонга қараб қўярдилар. Икки кун ана шундай ўтди. Дўхтирлар ҳайрон. Реанимация бўлимидан оддий палатага ўтказишга қарор беришди. Кўнглим тинч эмас эди. Йўтал бошланиб қолишидан чўчирдим.

20 июн куни ёнларида ўтириб, суҳбат қураётгандик. Бир учқичнинг пастлаётгани эшитилди.
-Ана шунда аканг келди,- дедилар.

Кейин “Мени бобонгни қабрига қўйинглар, бутун қишлоқ кўриниб турсин…”,- дея васият қила бошладилар.

У кишини тинчлантиришга уриндим:

-Акам эртага келадилар, бу гапларни ўшанда айтасиз,- дедим.

-Йўқ, у келди, сенга айтдим нима, унга айтдим нима, ўзинг тушинтирасан унга,- дедилар,-Шу самолётда келди, бор кутиб ол!

Хонадан чиқмасам хафа бўла бошладилар. Ташқарига чиқиб, кўнглим бир нарсани сезгандек дарҳол қайтиб кирдим, бир дақиқада аҳволлари оғирлашибди. Дўхтирлар югур-югур қилиб қолишди. Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Бир пайт, “Бўлмади” дейишди. Шу пайт акам кириб келди. Ҳақиқатдан ҳам акам ўша учқичда келган экан…

Амакимнинг исмлари Ҳамроқул эди. Яратганинг севган қули эдилар…

Ушбуни ёзиб, уни биринчи ўқувчим, умр йўлдошим Роҳилахонга бериб, ўзим ташқарига кетдим. У ўқиб, столим устига қўйибди. Қарасам, охирида қуйидаги ёзув:

“Жойлари жаннатда бўлсин ! Руҳлари биздан рози бўлсин! Жуда яхши одам эдилар. Мен ҳам у кишини жуда яхши кўрардим.

Хўжайин, янада кучайтиришингиз мумкин, амакингиз ҳақларида қанча ёзсангиз шунча оз!”

Шундан кейин Роҳилахонга “Ҳали бошқалар ҳақида ёзганимда ҳам амакимни кўп эслайман, сен ҳам бирорта хотирангни қўшиб қўйгин” дедим.

Мана бу унинг хотираси, ўзи ёзган:

“Бир куни кечки пайт соат беш-олтилар эди, ҳовлимизга меҳмонлар келишди, одат бўйича ошхонага кириб чой-пой тайёрлай бошладим, шунда Санобар синглим “Опа, шулар сенга совчилика келганга ўхшайди-ёв”, деди.

Мен “Энди ҳаммани совчига чиқараверасанми, ҳали турмушга чиқмайман”, дедим. У бўлса, “Опа, ану келган одамми кўрдингми, роса чиройли одам экан, агар ана шу киши ўғлига совчиликка келган бўлса-чи?” деди.

Унинг гапи тўғри чиқди. Хуллас, ўн беш кун ичида тўй-тамошалар бўлиб, мени келин қилиб шаҳардан Пулимурғоб қишлоғига олиб кетишди.

Эрталаб келин саломига олиб чиқишганда ана ўша бўй-бастлари баланд, келишган, ҳамиша кулиб турувчи, ҳазилкаш одам қайнатам эканларини билиб, жуда севиндим.

У киши хўжайинимнинг амакилари бўлиб, биздан беш-олти ҳовли нарида турар эдилар, аммо ҳар кун келиб мендан ва умуман оиламиздан хабардор бўлардилар, албатта мен тайёрлаган таомлардан еб “Қўлинг дард кўрмасин, қизим, овқат жуда ширин чиқибти”, деб кўнглимни кўтариб қўярдилар. Менга ҳар доим “Чиройли кийиниб, тараниб юргин, сан мани келинимсан, мани келинларим қишлоқнинг энг олдини”, дердилар.

Тўйдан сўнг қайнатамлар шаҳарли келин эканлигим учун ҳазиллашгилари келдими, “Кўрманага сигир опкелдим”, дедилар. Ҳали янги келинмасмиман, “Йўқ, йўқ” деб қўрқиб кетдим. Ҳатто кўзимга ёш келди. Шаҳарда ўсганман. Уй ҳайвонларининг яқинига бормаганман. Қандай қилиб сигирга қарайман? Шунда у киши ёнимга келиб, “Қўрқма, сени қийнатиб қўймайман, менинг эрка келинимсан, сени бир қўрқитайин дедимда”, деганлар. Кейин ҳамма холалару аммалар у кишининг ҳазилларидан кулишган.

Ана шундан сўнг ўзимни у кишининг фарзандиман деганман ва ҳамиша кўришганимда икки юзларидан ўпиб олардим.

У кишини охирги марта кўрганим касалхонада бўлди. Қўлимда чақалоғим бўлгани учун ташлаб чиқолмасдим, аммо хўжайинимдан у кишига овқат юборардим. Жаҳонгир ака билан иккаламиз касалхонага кириб борсак, у киши вестибюлдаги дам олиш жойида ўша ерда орттирган дўстлари билан суҳбат қуриб ўтирган эканлар. Биз иккаламиз у кишини қучоқлаб ўпдик. Узр сўрадим ва ҳар кун келиб кўролмаётганимдан хижолат бўлаётганимни айтдим, шунда у киши “Сан мани эркатой қизим, ўзингга иситиб олгансан мани, орада бир марта келсанг ҳам кўнглимни овлаб кетасан” дедилар ва пешонамдан ўптилар.

Биз анчагача суҳбат қуриб ўтирдик…

Ўша кунлар ҳам ғанимат экан. Мана энди ҳар йил 20 июнда эрталаб туриб, ҳолва қориб ис чиқараман ва кейин Жаҳонгир акадан у кишини эслаб дуо ўқишни сўрайман. Жойлари жаннатда бўлсин!”

11. ҚАҲҲОР

Қаҳҳор болаликдаги энг яқин дўстим, қариндошлигимиз ҳам бор: унинг дадаси менинг дадамга амаки ўғил.

Қаҳҳор билан мактабда бир синфда ўқиганмиз. Ўн йил битта партада ёнма-ён ўтириб таҳсил олдик.

Биз энди мактабга қатнай бошлаган пайтда унинг онаси (у “ая” дерди) касал бўлиб қолди. Қаҳҳорнинг аяси шаҳардан келин бўлиб тушганди. Шаҳарнинг Боғишамол минтақасидан кўп келин олишарди.

Келин келди Боғишамол дапасидан,

Уни кўриб куёв чиқди капасидан…

деб юрардик. (Лаҳжамиз бугунги Туркия туркчасига яқин бўлгани учун бу ерда “тепа” сўзи “дапа” деб ишлатилган-ЖМ).

Қаҳҳорнинг аяси ҳам боғишамоллик эди. Уни биз “оянга” дердик. Болалар ихтирочи бўлади, “янга” сўзидан “оянга”ни ихтиро қилишган. Яъни “Ҳов, янга”ни “оянга”га айлантириб юборганмиз. Дадасини эса “амилло” деб чақирардик. Бу энди “амакимулло” сўзининг болаларга хос бузиб айтилиши. Бобосининг исмлари Раҳмон, дадаси Ғаффор, ўзи эса Қаҳҳор. Ҳаммаси Худонинг сифатларидан олинган исмлар.

Биз ҳеч қачон урғуни “ҳ”га қўйиб уни “Қаҳҳор” демаганмиз, оддийгина қилиб “Қаҳор” деганмиз, “ҳ” ҳарфини биттага қисқартириб. Унга исмининг шу талаффузи ёқарди, шунинг учун бу ёғига мен ҳам “Қаҳор” деб ёзаман.

Қаҳорнинг аяси жуда чиройли аёл эди. Умуман Боғишамолдан тушган келинлар тўйларнинг тўрида-гўзаллик рамзи эди. Ким билсин, қидириб-қидириб чиройлисини топишармиди ёки шаҳарлик бўлгани учун кўзимизга шундай кўринармиди, нима бўлганда ҳам болалар тили билан айтганда “во” бўлишарди.

Қаҳорнинг аяси ширин сўз, меҳрли ва бизни ҳурмат қиладиган фаришта аёл эди. У онам билан қалин дугона эди. Касал бўлиб қолганда онам унинг ёнидан жилмай ўтирардилар. Шунинг учун мактабдан келаётиб, жилдимни дарвозадан ичкарига отардимда Қаҳор билан бирга уларникига кетаверардим.

Дунёнинг “касали” бизда ҳам бўлиб, синфимизда доим жанжал бор эди. Бир куни мактабнинг боғида ишлаётгандик, Баҳронча деган бола орқадан Қаҳорнинг кўйлагига лой сачратди. Қаҳорнинг кўзидан олов чиқиб кетгандек бўлди. Ахир уйда кир ювадиган аяси тўшакка михланган. Дазмоллайдиган одам йўқ. Бу ишни ўзи қиламан деб уринганида “уттик”нинг ичидан чўғ тўкилиб кетиб, қарийб ҳамма ёқ ёниб кетадиган бўлган экан. (Ўша кезда ичига чўғ солинадиган дазмоллар ишлатиларди-ЖМ).

Қаҳор жаҳл билан Баҳрончага томон юрган эди, у мени кўрсатди.

-Ана ўзингни жўранг отди!

Ваҳоланки мен Қаҳорни ҳимоя қилиб Баҳрончага отиш учун ердан лой олаётгандим. Қаҳор бирдан ташланди. Иккаламиз уришиб қолдик. Баҳронча қўлимни ушлаб турди, Қаҳор бир икки муштлади. Дўстингдан мушт есанг ва бу ноҳақдан бўлса, алам қилар экан. Синфга кириб жилдимни олдиму уйга кетдим.

Бироздан кейин кўчадан хиргойи эшитилди. Қарасам, Қаҳор. Девордан ҳатлаб ташқарига чиқдим, девор остида катта хода ётган экан. Шуни даст кўтариб, Қаҳорнинг бошига урдим. Хода синиб, майда-чуйда бўлиб кетди. Қаҳор бошини қучоқлаганча ётиб қолди.

-Иби, бачаро кушдику,-деб қўшнимиз Саид аканинг хотини тожикча ва ўзбекчани аралаш қилиб гапирганча югуриб келди.

Қўрқиб кетдим. Наҳотки Қаҳорни ўлдириб қўйдим? Наҳотки дўстимдан айрилдим? Энди ким билан мактабга бораман? Ким билан чўмилишга борамиз? Аясига нима дейман энди?

Ўша пайтда бировни ўлдириш даҳшатли жиноят эканлигини тушунмайман ҳам. Фақат яқин дўстимдан айрилиб қолдим, деб хаёлан ўзим билан ўзим “жанг қилганим” ёдимда.

Саид аканинг хотини уни кўтариши билан Қаҳор сапчиб ўрнидан турдида менга ташланди.

Бизни аранг ажратган аёл қўлимиздан ушлаб:

-Унжоба аянг ўлаяпти-ю шумо уриш када юрибсанлар,- деди.

Иккаламиз ҳам тош қотиб қолдик. Кейин бирдан Қаҳорларникига қараб югурдик. Келсак жимлик. Онам оянгамга нималарнидир гапириб ўтирибдилар. Бизни кўриб, ўринларидан туриб келдилар ва Қаҳорни четга тортиб, бошини тозалай бошладилар. Унинг боши қумурсқага тўла эди. Мен уни урган хода ёмғирда қолиб, пўкка бўлган ва майдаланиб ичидаги қурт-қумурсқалар унинг бошига тўкилган экан.

Ўша кун биз бўлган воқеани айтмадик. Аммо қишлоқда гап турадими, гап юради. Эртасига анча танбеҳ олдик.

Орадан кўп ўтмай Қаҳорнинг аяси озиб кета бошлади. У ётган каравотни ўраб, уни кўрсатмай қўйишди. Унинг чап юзида бир сочли холи бўлиб, шуни кестирган, бу эса саратоннинг ўчоғи экан. Дўхтирлар “аҳволи оғир” дегандан кейин уйга олиб келишган ва бу унинг охирги кунлари экан.

Қаҳор унинг бош фарзанди эди. Демак, ўша кезда у аёл ҳали ўттизга ҳам кирмаган.

Уни бизга кўрсатмай қўйишганда бир куни Қаҳор билан аста пойлаб, унинг ёнига ўтдик. У шу даражада озиб кетган экан-ки, таниб бўлмасди…

Ўша кун Қаҳор билан иккаламиз бошимизни бир-биримизнинг елкамизга қўйиб йиғлаганмиз. Катталарнинг шундай қилганларини кўрганмизми ёки ғам болаларни ҳам елкадош қиладими, хуллас, бир-икки кундан кейин яна йиғладик. Бу пайтда фақат биз эмас, кўпчилик йиғлади.

Шундан кейин Қаҳор ўзгариб қолди. Унинг олдинги қувноқлиги йўқолди. Энди чўмилишга борсак у соҳилда сувга тикилиб, тупроқ кўчада ўйнасак у бир жойда ер чизиб ўтирадиган бўлди. Болаларга бу ёқармиди? Секин-секин ундан узоқлаша бошлашди.

Бир кун онам:

-Биласанми Қаҳорга жуда қийин. Мана мен борман, опаларинг бор, сени кийимларингни ювиб, дазмоллаб қўямиз, овқатингни пиширамиз, сен билан гаплашамиз, у эса оиланинг каттаси, биз бориб кўмаклашганимиз билан барибир унга қийин. У сенинг яқин дўстинг, у билан гаплашиб юр,-дедилар.

-Гаплашганим билан у гаплашмайди-да.

-Қарагин болам, ман мен ҳам касалман, бугуним бор, балки эртам йўқ, кетиб қолсам нима қиласан? Худо кўрсатмасин, ўшандай бўлиб қолса, Қаҳор сени ёнингдан жилмайди…

Шундан кейин мен ҳам Қаҳорнинг ёнида ё сувга тикилиб, ё ер чизиб ўтирадиган бўлдим. Зерикиб кетсам ҳам чидардим. Кейинчалик у яна ўзига қайтди.

Бир кун Ғаффор аммилломни уйлантирадиган бўлишди. Яна Боғишамолдан келин келди. Энди бу келин кўзимизга чиройли кўринмас, биз унинг келишидан хурсанд эмас эдик. Айниқса, Қаҳор хафа эди. У қабристонга борди. Мен ҳам унга эргашиб бордим. Аясининг қабри ёнига борганда ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Уни юпатиш осон эмас эди. Дардини айтмайдиган, ичига оладиган эди.

Ўгай онаси билан ҳам анча вақт чиқишмай юрди. Сингиллари туғилгач, тил топишиб кетишди.

Қаҳорнинг ўз аясидан Олим ва Эркин деган укалари бор эди. Эркин бироз тортинчоқ, аммо Олим ҳамманинг кўнглини топадиган “мировой” бола эди. Ўзи ширин, сўзи ширин, жуда юмшоқ, нима иш буюрсанг “хўп” дерди, доим кулиб турарди. Катта бўлиб ҳам шундайлигича қолди.

“Бундай болани дунёдан топиш қийин” дейишарди у ҳақда гап кетса. Ҳақиқатдан ҳам бугун бундай болани бу дунёдан топиш қийин. Америкада эканимда, у тўсатдан оламдан ўтибди. Онасига ўхшаб жуда ёш вафот этибди. Хафа бўлдим, эзилдим, бу сафар шундай оғир кунида дўстим Қаҳорнинг елкасига бош қўя олмадим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, биз 9-синфда ўқиганимизда Қаҳор билан пул топмоқчи бўлдик. Ғишт тўкамиз дедик. (Ғишт қуйишни бизнинг шевада “ғишт тўкмоқ” деймиз-ЖМ). Қабристон гўркови бизга иш топиб берди. Кун иссиқ бўлгани учун ғиштни тунда тўкишарди. Биз ҳам шундай қилмоқчи бўлдик. Кечга томон қабристонга борсак, дарвоза ёнидаги хонанинг шифтида илон кўриб қолдик. Қўрқиб орқага қайтдик. Кейин кундузлари бориб, қуёшнинг тиғида қолиб бўлса ҳам бир неча минг ғишт қуйдик.

Иш битгач гўргов:

-Бу ғиштларни лаҳадларнинг оғзига терамиз. Қаҳор, аянг раҳматли оламдан ўтганда ҳам ғишт терганмиз. Сени бувинг ўлганларида ҳам ғишт терганмиз. У ғиштларни бошқалар тўкканди, сизлар ўша қарзни уздингизлар, бировнинг қарзини биров узадиган дунё бу,-деди.

Пулимизни ололмай, жаҳлимиз чиқиб гўрковдан хафа бўлиб қайтдик. Уни кўрсак салом ҳам бермай ўтиб кетадиган бўлдик. Чунки бизни алдади…

Лекин орадан икки йил ўтиб, онам вафот этганларида қабр бошига келтириб қўйилган ғиштларни кўриб, гўрговнинг гаплари ёдимга тушди. Ҳақиқaтдан ҳам бировнинг қaрзини биров узадиган дунё экан бу! Бу сафар бу ғиштларни ким қуйдийкин?

Хуллас, мактабни битиргач, Тошкентга кетдим, Қаҳор шоферликка ўқиди. Сут заводида ишлади. Машинада дўконларга сут маҳсулотлари тарқатарди. Қишлоқда бир муддат яшаганимда у эрталаблари бир-икки шиша кефир ташлаб кетарди. Хурсанд бўлардим.

Қаҳор оилали, болалари ҳам уйли-жойли, невараларининг роҳатини кўрмоқда.

Балки болаликдаги кунларимиз баъзан унинг ҳам ёдига ҳам тушар?

Дарвоқе, мактабни битирганимиздан кейин орадан 15 йил ўтиб, синфдошлар Фарҳод деган дўстимизнинг ҳовлисида тўплангандик. Ҳазил-ҳузул қилиб ўтиргандик, Қаҳор чирик хода воқеасини эслаб қолди:

-Мени машина босиб кетди, ўлдим деб ўйладим ўшанда,-деди у.-Кейин ўлмаганимга роса севиндим…

Мен-чи, мен ҳам севингандим, жўра!

Мактабни битирганимизнинг 40 йиллиги кечасида олинган видеотасмани юборишибди. Томоша қилсам, Қаҳор бир четда, жимгина ўтирибди яна. Ким билсин, у ҳам камина каби болаликдаги қадрдон дўсти ёнида эмаслиги ҳақида ўйлаётгандир?!

12. ҚАЙНОНАМ

Истанбулда яшардик. 1996 йил, 17 май. Қайнонам тушимга кирибдилар.
Олима аёл эдилар. Самарқанд Давлат Университетида ишлардилар. Олийгоҳда ҳам, оилада ҳам у кишини бирдек қадрлашарди. Юракларидаги самимият юзларида ярақлаб турарди.

Ўзбек адабиётида ҳам, ўзбек ҳаётида ҳам “қайнона” калимаси салбий маънога тенглашиб қолгани мени ажаблантиради.

Тангридан мамнун эдимки, худди ўз онамдек меҳрибон аёл қайнона бўлдилар. У зотни кўрсам худди онам тирилиб келганларидек, кўнглим ёришиб кетарди. Бирор марта мендан ранжиганлари ёки бирор калима аччиқ сўз айтганлари эмас. Умуман аччиқ сўз нима эканлигини билмас эдилар. “Болам” дердилар ва “ая” дердим.

Тушимда оппоқ либосда эдилар. Тоғ устидамиз. Аям пастга қулаб кетдилар. Билакларидан тутиб қолдим. Бир зум… балки бир неча дақиқа.

-Болам, болаларимни сизга ишондим, -дедилар.

Ёнимда синглим у кишига мўлтираб қараб турганди. Онам вафот қилганларида синглим бир ярим ёшда қолган ва у ҳам қайнонамдан худди ўз онасининг меҳрини топгандек у зоти муҳтарамани яхши кўрарди.

Қайнонам болаларимни ҳам “болаларим” дер эдилар. Ҳаммасини ўзлари тетапоя қилдирдилар, десам лоф бўлмайди. Эрталаб олийгоҳга кетишдан олдин бизникига келардилар ва болаларни мактабга йўллашга кўмаклашардилар. Ишдан кейин яна бизникига келиб кечга қадар умр йўлдошимга кўмаклашардилар.

Хуллас, тушимда қўллари қўлимдан сирғалиб, пастга тушиб кетдилар.

Эрталаб бу тишнинг сири мени ўйга ботирди. “Тушингдан хавотир олсанг пайғамбарларнинг туши, Тангрим яхшиликка йўйсин, дея сувга сўйла” дейишарди. Сувни оқизиб қўйиб, ўйга толдим. Кўнглимни қоп қора булут қоплаган эди.

“Наҳотки” дердим ва орқасидан “бўлиши мумкин эмас”, дердим. Лекин юрагимдаги юк оғирлашиб бораверди. Ўзимни қўярга жўй тополмадим. Ичкарида умр йўлдошим ва болалар ҳали ухлаётган эдилар.

Ўзимни қўярга жой тополмаётганимни сезган умр йўлдошим:

-Тинчликми?-дея ёнимга келди.

-Самарқандга телефон қил,-дедим.

-Нега?

-Ёмон туш кўрдим…Кўнглимни қоп қора булут қоплаган, телефон қил!

-Кеча ҳаммалари билан гаплашдим, яхшилар, тушингизни сувга айтдингизми?

Kўнглимдаги хиралик тарқамади. Умр йўлдошим телефон қила бошлади, аммо жавоб йўқ.

Охири ўзим телефон қила бошладим. Бирорта телефонга туша олмадим. Кейин тушганимда ҳам ҳеч ким олмади.

Охири кечга томон синглим олди.

-Нима бўлди?- дедим.

-Ҳеч нарса…

-Нега товушинг хириллаб қолган, яширма, нима бўлди?

-Қўлимда жон бердилар,-дея йиғлаб юборди синглим.

59 ёшда эдилар. Ўша куни юрак хуружидан оламдан ўтибдилар.

Ишониш қийин бўлган ҳодиса. Аммо ҳаётда ана шундай воқеалар бўладики, Тангрининг ишоратлари ҳар қадамда борлигига ва фақат биз уни кўриб ҳам кўра олмаслигимизга амин бўламиз.

13. ЗОҲИД

Аслида Зоҳид тоғам дадамга холаўғил. Дадам “тоға” деганлари учун биз ҳам тоға дердик. Фақат тўй-маъракалардагина кўрганим учун у киши ҳақида тайинли бир нарса билмасдим. Тошкентда ўқиб юрган кезларимда Самарқандга бориб, тоғам – Зоҳид Нарзиқуловнинг кафедрасига кирдим. Раҳматли жуда кўнгли очиқ, ширинсухан, воқеаларга инқилобий кўз билан қарайдиган одам эдилар. Ўшанда мени кўриб қувониб кетдилар:

-Тошкентларга кетиб қолибсиз? Шу ерда ҳам ўқиш топиларди,-дедилар.

У киши ҳаммани сизлаб гапирар эдилар. Микробиология соҳасида катта олим׃ фан доктори, профессор, кафедра мудири…

У пайтда бир талаба учун бу етиши қийин бўлган манзил.

Тоғамнинг иш жойларида бир қанча шиша-пробиркаларда махсус сув ичига янги туғилган аммо, териси шилиб олинган қўзилар солиб қўйилган эди. Бир қарашда қўрқинчли кўринади.

-Булар илмий ишимнинг давоми,-дедилар ҳайратимни кўриб. Мен эса илмий ишлари нима эканлигини ҳам билмас эканман.

-Қанд касалларига инсулин юбориб туришади. Ана шу инсулинни тайёрлашда тўнғиз ҳужайраларидан фойдаланилади. Мен қўзининг ҳужайраларидан фойдаланиш йўлини кўрсатдим. Бир томони мусулмончилик, қолаверса иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Чунки минг-минглаб қўзилар туғилиши билан қоракўл учун териси шилиб олиниб, ўзи ташлаб юборилади. Булар ўша ташлаб юборилган қўзилар…

Гап бу масалада эмас. Гап тоғам ҳикоянинг давомида айтганларида:

-Москвада докторлик диссертациямни ёқлаётган куни бир киши “Нега КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Леонид Илич Брежневнинг бу борада айтган гапларини қўшмадингиз?” деб сўраб қолди. Ҳамманинг нафаси ичига тушди. Мен:

-Ҳамма китобларни кўриб чиқдим, аммо бу борада иҳтибос тополмадим, – дедим.

-Бўлиши мумин эмас, у киши ҳамма соҳада гапирганлар,- деди ҳалиги киши. Озгина баҳслашган бўлдик. Муҳокамадан кейин домлам зиёфатга чақирди. Савол берган одам ҳам келди. У четга тортиб׃

-Мана буни ўзим ёзиб берганман, – дея Брежневнинг микробиология соҳасида айтган гапини кўрсатди. Ўсал бўлдим. Ўша одам КПСС Марказий Комитетида ишлар экан. Бундан кейин бир нарса ёзганимда Брежневдан иҳтибос келтиришни унутмаслигимни тайинлади. Ўжарлик қилмаслигимни, бундай ҳол ёмон оқибатларга олиб келишини ҳам алоҳида тайинлаб қўйди.

Руслар бизга қараганда инсофлироқ деймиз. Лекин қайнукам илмий иш қилаётганда мақола ёзса, Тошкентдан “Фалончи одам бу соҳанинг пири, унинг номини ҳам муаллифлар қаторига қўшинг”, дейишибди. Танимаса ҳам қўшибди. Аммо журналда чиқишидан олдин биров олиб ташлаганми, тушиб қолганми, хуллас, ўша “пир” ҳалига қадар унга йўл бермаяти.

Барибир ўша давр бугунги даврдан бешбаттар бўлмаган. Бугунги ҳолатда тоғамга ўхшаган биттаси ўжарлик қилса илмий иши орқага қайтиши ҳеч нарса эмас, балки юртбошининг номини қўшмадинг, тўнғизнинг ўрнига қўйнинг ҳужайрасини таклиф қилдинг, бу диний масала, дея Жаслиққа жўнатишлари ҳам мумкин.

Ўша кездаги яна бир воқеа тоғамнинг ўзлигини яна ҳам очиб берди. Дадамнинг холалари- Зоҳид тоғамнинг оналари оғир бетоб бўлиб, ётиб қолдилар. Бунинг устига тоғамнинг аёли ҳам хасталанди. Кўришга бордик. Тоғам тўшакка михланиб қолган онасининг остини тозалаётган экан. Аббос акам, “Хизматга бирорта ҳамшира топиб келайинми?” деса тоғам:

-Йўқ, онамга ўзим қарайман. Минг хизматларидан бирини қайтарсам нима қилибди,-дедилар.

Ана шундай хокисор инсон билан суҳбатлашиш завқ берарди. Ҳар қандай масалада гаплаша олардилар.

Шунинг учун имкон топиб уйларига бориб турадиган бўлдим. Ҳовлиларида бир нечта товуслари бор эди. Охирги учрашганимизда гапдан гап чиқиб, товуслар ҳақида гапириб қолдилар:

-Қаранг, оддий қушлар, диққатни ҳам тортмайди, лекин қанотларини ёйганда ҳар қандай кишини мафтун этади. Шунинг учун бировга баҳо беришда унинг илк кўринишига қараб хулоса чиқарсангиз, адашиб қолишингиз мумкин. Унга имкон берингки, “қанотини ёйиб”, ўзини кўрсата олсин!

Тоғам оламдан ўтганларида сургунда эдим. Шунинг учунмикан, у киши ўлмагандек. Товусларга қараб гапираётган кучли овозлари эшитилиб тургандек туюлади…

Кўп нарса исмга ҳам боғлиқ дейишади. Зоҳид дунёвий ишлардан юз ўгириб, ўзини тоат- ибодатгагина бағишлаган инсонга айтилади. Тоғам эса ўзларини дунёвий ишларга бағишлагандилар. Ким билсин, балки бу ҳам ибодатнинг бир кўринишидир?

14. АББОС АКАМ

Инсоннинг ёши бир жойга қараб кетавергач дийдаси қотарканми ёки кўп нарсани кўравериб, бу дунёнинг асрорини англай бошлар эканми, кўзига ҳадеганда ёш келавермай қоларкан.

2011 йилнинг 23 март куни… Кеча оқшомдан бери кўзимда ёш. Ҳаётимда азиз бўлган инсонлардан бири тўсатдан бу оламни тарк этди. Бор-йўғи 62 ёшда эди.

Мендан олти ёшга улуғ бўлсаларда жуда яқин дўст ва сирдош эдик. Ҳар гаплашганимизда яқинда сени кўришга бораман, дердилар. Келолмадилар. Қанд касаллиги кутилмаганда у кишини йиқитди. Бу хабарни олганимда тилим айланмай, сўз тополмай қолдим. Ҳамма нарсага сўз тополаман дер эдим, адашган эканман.

Инсон сўз тополмай қолганда унинг сўзлари кўз ёшларига айланар экан.

Биз болаликдан битта ҳовлида катта бўлдик. У амакимнинг ўғли бўлсада, туғишган акамдан ҳам зиёд эди. Ҳамма бизни ака-ука деб биларди. Зулм режими қатағонига учраганимда, золимлар “Уканг қаерда, топиб берасан?!”, деб акамни зиндонга солишганди.

Бизни шу даражада ака-ука деб ўйлашардики, ҳатто уни “Аббос Маматов” деб ёзганлар ҳам бўлган. Ваҳоланки, у Аббос Муртазоев эди, яъни бобомнинг номларини таширди. Режим битта нарсада адашмаган эди – бу инсон ҳақиқатдан ҳам акам. Ака бўлганда ҳам шунчаки ака эмас, энг яқин дўст ҳам. Ҳаётда оғир жудолик бу энг яқин дўстдан айрилиш экан. Бу жудолик билан 20 йилдан бери курашаман, вақтинча деб ўйлардим, мана энди мангуга айланди.

Таниганларим ва яқин бўлган ижодкорлар Аббос акамни ҳурмат қилишарди. Чунки у ижод аҳлининг дўсти, ўзи ҳам дилдан, қалбдан ижодкор эди.

У тўйларда сўз айтганда диллар ларзага келарди.

У давраларда шеър айтганда ҳар қандай одамни мафтун этарди.

У жажжи болаларнинг ҳам дўсти эди.

Қулоқларим остида ижод аҳлининг ўша 90-йилларда айтган сўзлари:

Жамол Сирож: Ўтган-қайтганда ака билан бир қучоқлашиб ўтмасам, дилим нотинч…

Нурилла Остон: Аббос акани соғиниб қоламан, у кишининг меҳри бошқача…

Холмуҳаммад Нур: Аканинг уйи ёнида албатта тўхтаб ўтаман, бир салом бермасам, кўнглим жойига тушмайди…

Фармон Тошев: Бахтли инсонсиз, шундай акангиз бор…

Аҳмаджон Мухторов: Аббосжонни бир неча марта газетага ишга таклиф қилганман, келмаган…

Нусрат Раҳмат: Аббосжон билан суҳбат қилишнинг гашти бор…

Акамни таниган инсонлардан ҳатто сенатор-депутат, вазир ёки вазир ўринбосари бўлганларидан тортиб, турли нашрларда ишлаётганлари ҳам бугунги режимнинг баттоллигига қарамай ҳамдардлик билдиришди. Йигирма йилда бизни унутишган деб юрсам, улар ҳатто акамни эслаб юришган экан. Уларга одамийликлари учун раҳмат.

Аббос акамнинг уйи Самарқанд шаҳридан Ургут-Панжакент томонга борадиган йўлнинг шундай устида эди. Уни кўрганлар “Акангиз дарвоза олдига чорпоя қуриб, ўтган қайтганга чой-бериб ўтирибдилар”, дейишарди.

Акам узоқ йиллар санитария-эпидемиология соҳасида врач бўлиб ишлаб, нафақага чиққанди. Кейинги йигирма йил давомида қанд касаллиги билан олишди. У руҳан кучли инсон эди. Лекин касаллик ҳар қандай кучли инсонни ҳам йиқитар экан.

-Қабристоннинг қаерига қўйдингизлар?-деб сўрайман жиянларимдан биридан.

-Жанозаларини ўзлари обод қилган мачитда ўқидик, кўпчиликнинг истаги билан у кишини қабристоннинг кираверишдаги асосий йўллакнинг ўнг тарафидаги тепаликка қўйдик…

У энди ўша ердан Пулимуғоб қишлоғига, ўзи севган, ўзи ардоқлаган қишлоғига боқиб туради.

Биз тириклигимизда йигирма йил бир-биримиздан айрилдик. Орзуим-қудратли яратувчи бизни келажакда бирлаштирсин!

15.ҚАЙНОТАМ

Қайнотамнинг исмлари Олим. Ўзлари ҳам олим, ўқимишли одам. Ҳали ҳам тинмай китоб ўқийдилар. Аммо сиёсатдан гап очмайдилар. Мен ҳам гаплашганимизда бу тамойилга тўла риоя қиламан.

Биринчи қарашда жуда жиддий одам, у кишига яқинлашиш қийин бўлса керак деб уйлайсиз, лекин бу хонадонга куёв бўлганимдан кейин у кишининг қанчалик меҳрибон, ғамхўр ота, ҳақиқий оила бошлиғи эканликларига гувоҳи бўлдим.

Уйланганимдан кейин бир неча вақт қишлоқда яшашга тўғри келди. Ота-онам вафотларидан сўнг мен Тошкентда, опаларим турмушлари билан бўлиб кетишган, ҳовлида эса иккита синглим туришарди. Биласиз, келин шаҳарлик, унинг устига рус мактабида ўқиган, ўша маданият ичида катта бўлган. Бизда эса шароит қишлоқчасига – ошхона дегани супа устига қурилган ўчоқ, ёнида ўтин, супурги, ташқаридан сув ташиб келиш ва ҳоказо.

Шунда сезгир қайнотам, қизим шикоят қилиб қолмасин, дебми, менга битта ичкари ошхона қурамизми, деб қолдилар ва ўзлари бош бўлиб айвон тўридан ошхона қурдик. Шу баҳонада қишлоққа табиий газ ҳам олиб келдим. Яъни келинпошшага ҳамма шароитни яратиб бердик.

Қайнотам тинмай китоб ўқийдилар. Бир кун буқоқ бўйича таниқли олим Ражаббек Исломбековнинг рус тилида ёзилган ҳужжатли романи ҳақида гапириб, унда муаллиф иккинчи жаҳон уруши пайтида талаба экан, Мирзачўлга тошбақа тергани олиб боришганини ёзганини айтдилар.

Кейин׃

-Бу менга бир воқеани эслатди,-дедилар,-Уруш йиллари темир йўл хизматида ишлаганлар ҳарбий соҳага оид одамлар ҳисобланарди. Халқ ҳақида ҳеч ким ўйламаса ҳам, темирйўлчилар ҳақида ўйлашарди. Бу Сталиннинг топшириғи эди. Самарқанд вокзалига ҳафтада бир марта, бир вагонда тошбақа олиб келишарди ва вокзал ёнидаги “Гигант” ошхонасида, бу ҳозир ҳам бор, тошбақани пишириб, темирйўлчиларга беришарди. Улар  “Товуқ егандек бўлдик” дейишарди. Бир кун тошбақа ортилган вагонни қаршилаган бир темирйўлчи русчалаб “Ана Сталиннинг товуқчалари” (“Сталинские курочки”) келди деган экан, уни ушлаб кетишди. Шу-шу ундан дарак бўлмади…

Қайнотаминг уйлари вокзалнинг ёнида бўлгани учун ҳам кўп хотиралари шу жой билан боғлиқ. У кишининг хотираларини эшитдим-да, индамадим. Чунки хаёлимга бошқа нарса, бугунги сиёсат билан боғлиқ гаплар келганди.

Қайнотам жуда кам гап. Аммо кам гапирсалар ҳам хўп гапирадилар. 1993 йилда Самарқанда қамоқхонасидан қочганимда у кишини вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Учқун Тўхтаевнинг ҳузурига олиб боришган. Ичкарида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов ҳам ўтирган экан.

-Куёвингизни қаерга яширдингиз?-деб сўрабди Тўхтаев.

Қайнотам индамабдилар.

-Демак, қаерга яширинганини биласиз,-дебди Алматов.

Шунда қайнотам:

-Қачон қиз узатсангиз биласиз, куёв қайнотага ҳисоб берадими, йўқми, ўшанда тушунасиз,-дебдилар.

Тўхтаев ҳам, Алматов ҳам индамай қолишибди. У кишига “Майли, бораверинг” дейишибди. Шундан кейин қайтиб терговга чақиришмабди.

Қайнотам ана шундай нозик нуқталарни топиб гапирадиган одам.

2006 йили Америка элчихонасининг кўмаги билан АҚШга келдилар. Ўшанда саксонга яқинлашиб қолгандилар. Невараларини ўн йилдан кейин бағрларига босиб, жуда қувондилар. Болаларим ҳам:

-Бобожонимиз,-деб атрофларида гирдикапалак бўлишди. Ҳар кун биргаликда бирор жойга борардик. Болапарвар бўлганликлари учунми фарзандларим у кишдан узоқлашишни исташмасди.

Олти ой бирга бўлдик. Окен бўйларида дам олдик, ёш йигитчалардек югуриб океанга кириб-чиқиб юрдилар. Шаҳарларни кездик. Табиатни севадилар. Тоғларга, боғларга бордик. Савдо марказларида эса хўжалик моллари маркетларини кўришни истардилар. Ўнлаб шундай маркетларга олиб бордим. Бир кун:

-Америка ҳеч иш қилмай шуларни сотиб еб ётса камида ярим асрга етаркан,-дедилар.

Сиёсатга аралашганлари ана шу. Дарвоқе, яна бир марта аралашгандилар. Канаданинг чегарасидаги Ниагара шаршарасига бордик. Болаларимга қўшилиб, боладек севиндилар. Қайтишимизда:

-Ҳатто шаршарани ҳам халққа ишлатиб қўйишибди, қойил-е…,-дедилар.

Кейин кенжа қизлари Санобарнинг хасталанганини эшитиб, Самарқандга қайтдилар. АҚШ элчихонаси грин кардларини олиб кетиш учун бир неча марта чақирди. Бормадилар. Кўнгиллари сезган эканми, қайнсинглим тузалмади.

Ҳозир тўқсонга яқинлашиб қолдилар.

Бу орада Америкада чеваралари туғилди. Кўрганлари йўқ. Кексалик, келолмайдилар. Қизлари ва невараларига эса виза беришмади. Боролмайдилар…

(Давоми бор)

%d bloggers like this: