16. ДАВЛАТ АРБОБИ
Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар кўзимизда ёш билан мангу йўлга кузатиб қолганмиз.
1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди? Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган ижарачи-уйнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У эртасига туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди.
Борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳайли семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:
-Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди.
Шошиб қолдим. Бунинг устига Расул ака:-Бу киши Аҳмад Исмоилов бўладилар, эшитган бўлсанг керак,-деди.
Аҳмад Исмоилов номини кўп эшитганим, ҳар куни “Тошкент ҳақиқати” газетасининг тўртинчи саҳифасида унинг номига кўзим тушиб тургани учун довдираб қолдим.
-Қани айт-чи, журналист дегани ўзи ким?-деди Аҳмад ака.
Ўқишга кирган йилим биринчи дарсда домламиз Мухтор Худойқулов шу мавзуга яқин эркин иш ёздирган эди ва “Журналист-давлат арбоби” деб ёзганим ёдимга тушдию ўша гапни такрорладим.
Аҳмад ака бироз ўйлаб турди-да, кейин Расул акага қараб:
-Кўрдингизми, ёшларнинг фикри хазина бўлади,-деди ва менга юзланиб:
-Бориб Эътибор опангга айт, сени ишга олдим, иш соатларингни ўқишингга мослаб, режалаб қўйсин,- деди.
Эътибор опа газетанинг корректура бўлимида раҳбар экан. Шу билан “Тошкент ҳақиқати”да ишлай бошладим. Бу масканда Соат Мусаев, Назармат, Эргаш Муҳаммедов каби жуда кўплаб журналистлар, адиблар ҳам худди Аҳмад ака каби қучоқ очиб, иш ўргатишган.
Аҳмад ака чапақай. У бир қарашда мақоланинг қандайлигини билиб оладиган маҳоратга эга. Чап қўллаб, қизил қалам билан қўйган сарлавҳалар ҳаммани ҳайратга соларди.
Бир куни у мени чақириб:
-Ёшлардан бирортаси билан корректурада ўтириб тур, бироздан кейин Шароф ака келадилар, у киши ўзлари гап қўшмагунча гапирма,-деди.
Биз ишлаётган кўп қаватли бино янги бўлиб, Шароф Рашидов зиёратга келаётган экан. Биз 14 қаватнинг йўлак бошидаги хонада – корректурада гранкаларни ўқиб ўтиравердик. Рашидов ва ҳамроҳлари бизнинг хонага киришди. Бош кўтармасдан ишимизни қилавердик.
-Ассалому алайкум,-дея Рашидов келиб бизлар билан кўришди ва бино ҳақида сўради.
Қип қизариб қолдик. Саломни аввал биз беришимзи керак эди-да. Рашидовни кузатиб қўйишгач, Зариф ака деган ҳазилкаш журналист келиб, бизнинг қўлимиздан ўпди ва:
-Қани ҳамма бу олтин қўллардан ўпсин!,-дея ҳазил қилди.
Орқадан Аҳмад ака келиб қолди ва:
-Давлат арбоблари ҳам шунақа ҳазил қилади-ми?-деди. Унинг киноясини тушунмадим. Кечга томон у чақириб:
-Табриклайман, мана бунга қара!-деди.
Биринчи саҳифанинг хомакисида “ЖУРНАЛИСТ-ДАВЛАТ АРБОБИ” деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилганди.
Кейин билсам, ўшанда Расул Раҳмонов билан Аҳмад ака Шароф Рашидовнинг нутқи ҳақида гаплашаётган ва менинг гапим уларга маъқул бўлгач, нутққа қўшишган экан. Рашидов журналистлар даргоҳини зиёрати баробарида мажлисда бу нутқни ирод қилгач, ҳамма газеталарда бу гап сарлавҳага айланиб кетди. Аҳмад ака доим шу ҳақда гапириб юрди.
Унинг бир одати бор. Ёшларга катта пул бериб, кичик бир нарса олиб келишни буюрарди ва қайтимини олмас, “Эртага бошқа нарса буюрман” дерди. Эртага эса бошқа пул берарди.
У ёшларнинг ғурурига тегмайин, деб шу йўл билан уларни иқтисодий жиҳатдан дастаклар эди. Умуман у ёшларни жуда қўллайдиган одам эди.
Айтишларича, Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир бўлганда, Аҳмад ака масъул котиб экан. Ўшанда Рашидов у кишини “Пулнинг қадрига етмайдиган одамсиз” деганини эшитганлар бор экан. Лекин ҳаммада ҳам ана шундай хислат бўлавермас экан, у пулнинг қадрига етмаса ҳам одамларнинг қадрига етадиган журналист, давлат арбоби эди.
“Тошкент ҳақиқати” газетаси Аҳмад Исмоилов бош муҳаррир бўлган йиллари Ўзбекистондаги энг ўқимишли, энг саводли нашр эди. Буни барча журналистлар чин дилдан эътироф этишарди. Камина учун ҳам бу даргоҳ ҳақиқий дорилфунун бўлганди.
17.ҚИРИМ
1975 йилда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари эдим. Икки ўринбосар бўларди. Чунки эрталабдан ярим тунга қадар, баъзан эса кейинги саҳаргача ишлаш лозим эди. Шунинг учун бир кун мен ишласам, иккинчи кун Обид ака деган киши ишларди. Ҳар куни тушдан кейин соат тўрт-беш атрофида газетанинг хомакисини Бош муҳаррирга кўрсатиш лозим.
Бир кун Бош муҳарриримиз Исмоил Сулаймонов масъул котиб Кабир Шукуров билан одатдагидек газетанинг сарлавҳаларига назар ташлар экан, Кабир акага қараб:
-Шароф ота (Шароф Рашидов-Ж.М.) Қирим татарларининг “Илдиз” деган журнали ҳақида яна гап очдилар. Умуман уларни Қашқадарёга, Муборак атрофига тўплаб, ўша ерда уларга Автоном жой қилиб бериш, журнални ҳам ўша ерда чиқариш ҳақида гапирдилар. Лекин ана у Мустафо Жамилов каби ёш болалар қарши чиқаётган экан,-деб қолди.
Шу ўринда қисқа чекиниш қилиб, “Қирим” калимаси “Қрим” тарзида ҳам бирдек ишлатилишини айтмоқчиман. Бу сўзнинг этимологияси қир(тепалик) сўзидан келгани ва шу халқнинг ўзи “Қирим” (“Qirim”) шаклида ёзаётганини инобатга олиб, айни йўлни танладим. Ваҳоланки, илгарилари “Қрим” сифатида ҳам кўп ёзганман.
Энди яна мавзуга қайтсак. Ўшанда ёш йигитман ва юқоридаги суҳбат дарров диққатимни тортди. Хаёлимда минглаб саволлар айлана башлади. Кўп ўтмай газеталарда тепадан тайёрланиб юборилган салбий мақолалар пайдо бўлди. Уларда Ойша Сейтмуратова, Мустафо Жамилов номи ҳам тилга олинарди.
Бош муҳарриримиз “ана у” деганда бармоғини пастга бигиз қилиб, Ленин музейи томонни кўрсатди. Бир кун олдин Қирим татар ёшлари шу ерга келиб намойиш қилишмоқчи бўлишгани ва уларни ушлаб кетишганини эшитгандик.
Исмоил Сулаймонов янги ташкил этилган “Қишлоқ ҳақиқати”(кейинчалик “Қишлоқ ҳаёти” деб номланди-Ж.М.)га “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасининг бош муҳаррирлигидан олиб келинган эди. Кабир Шукуров ҳам у билан бирга келган. Кабир ака кўнгли очиқ, дангал гапирувчи, мард инсон эди.
Ҳали энди 19-20 ёшда бўлганим ва талаба эканлигим учун ҳам у ҳақиқий раҳнамолик, устозлик қилган.
Ўша кезда дунёнинг ҳамма воқеалари менинг ҳам воқеаларим каби эди. Қирим татарларининг тақдири ҳақида қизиқишим ва ўрганишимга, бу ҳам ўз воқеаларимдан бирига айланишига ана шу икки кишининг мухтасаргина суҳбати сабаб бўлган.
1990 йилда Ўзбекистон Халқ депутати сифатида Қирим татарларининг муаммолари билан ҳам шуғулланганмиз. Чунки сайлов округимда Месхет турклари каби Қирим татарлари ҳам яшардилар ва уларга Украинага кўчишларида ёрдам қиламан, деб сўз бергандим.
Олий Мажлиснинг иккинчи сессиясида Ўзбекистон ҳукумати бу эзилган халқни азалий ватанига кўчиш маблағи билан таъминлаши масаласини кўтарганимда Ислом Каримов чақириб׃
-Бу бизнинг эмас, Украинанинг муаммоси. Улар бу ишни пайсалга солаятилар,-деди.
Биз бу масалада анча гаплашдик ва у Леонид Кравчукга телефон қилишини айтди. Орадан кўп ўтмай Украина билан ҳамкорлик Битими имзоланиши олдидан Президентнинг Миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов билан Киевга бордик. У ерда ҳам айни масала кун тартибига келди. Украина томони Ўзбекистон ҳам ёрдам бериши лозимлигини Битимга киритиш ҳақида талаб қўйди. Зиёмов Каримовга телефон қилди. Каримов “Рози бўлаверинглар, қоғозда қолиб кетади, барибир”, деди.
Лекин бу масала Битимга киргандан кейин баъзи имтиёзлар бўлди. Ўзбекистондан кетганимдан сўнг Битим қандай ишлагани ҳақида хабарим бўлмади.
Туркияда туриб “Эрк” газетасини нашр этганимизда қуйидаги мақолани ёздим. Мақола “Эрк” газетасининг 1994 йил, 16 феврал 3(98)-сонида чоп этилdi.
Қирим кимники?
Кейинги вақтда рус ва Ғарб матбуотида “Қирим кимники?” деган мавзу асосий ўрин эгаллаб қолди. Бир тарафдан Русиянинг кўзга кўринган арбобларидан тортиб, оддий бир фуқаросигача “Қирим бизники” деса, иккинчи тарафдан, Қирим президенти этиб сайланган Машков бошчилигидаги гуруҳлар “Қирим Русияники” демоқдалар. Учинчи бир тарафда украиналиклар “Йўқ, Қирим бизники, уни ҳеч кимга бермаймиз”, демоқдалар.
Қиримнинг ҳақиқий эгаларига эса, ҳеч ким қулоқ солмаяти. Хўш, аслида Қирим кимники, унинг ҳақиқий эгалари кимлар?
Қораденгиз шимолида жойлашган Қирим 27 минг квадрат километр саҳнда бўлсада, жуғрофий, геополитик муҳим жойдадир. Шу сабабдан унинг “ошиқ”лари кўп. Икки ярим миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган бу ўлка 350 йил давомида Усмонли давлатининг бир бўлаги эди. Унга қадар ҳам бу ернинг туб аҳолисини татарлар, яъни турклар ташкил қиларди. Бу заминда 1500 йилдан бери турклар яшаб келишганини исботловчи қўлёзмалар, тарихий асарлар, археологик далиллар мавжуд.
1783 йилда чор Русияси томонидан босиб олинган Қиримда бирин-кетин руслар пайдо бўла бошладилар. Лекин 1921 йилда Қирим Мухтор Жумҳурияти эълон қилингач, бу гўзал ўлкага оқиб келувчилар кўпайди. 1946 йил 25 апрелда золим Сталин Мухтор Жумҳуриятини тугатиб, уни Русиянинг бир вилоятига айлантирди. Бу ерда славянлар – рус, украин, белорус кўчманчилари ерлаштирила бошланди.
Бунга қадар, яъни 1944 йилнинг 18 майида Сталин амри билан бир кечада Қирим татарлар ҳайвонлар учун мўлжалланган вагонларга чиқарилиб, ўз юртларидан бадарға этилдилар. Сибир ва Ўрта Осиёга сочиб юборилган бу халқнинг катта бир қисми – чол-кампирлар, бола-чақалар йўлларда сарсон-саргардончиликда йўқолдилар. Бу планли равишда бир миллатни қирғинга дучор қилиш эди.
Аммо енгилмас, жасоратли халқ ўзлигини йўқотмади. 1950 йилданоқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун мужодалага, курашга кирди. Бу кураш Ватан ва миллат тақдири учун муқаддас жанг кураши эди. Суд-сўроқлар, тергов-қамоқлар курашчиларнинг йўлига тўсиқ бўлолмади.
1954 йилда Хрушчев Коммунистик Партия Марказий комитети қарори билан Қиримни Украинага берди. Шу билан курашчиларнинг умидларини узишмоқчи бўлишди. Аммо советлар бирлигининг турли ерларига сургун қилинган Қирим татарлар қаҳрамонларча бирлашиб боравердилар.
Ниҳоят, 1967 йил 5 июлда Совет ҳукумати Қирим татарларига нисбатан ҳақсизлик бўлганини тан олди. Совет империяси замонида миллат ва ватан тақдири учун курашиб ғолиб чиққанлар бўлса – бу Қирим туркларидир!
Шундан сўнг улар ширин ҳаёт, кошона уй-жой, ҳузур-ҳаловатдан бир қарич ерни афзал кўриб, ўз ватанига кўчиб кела бошладилар. Бошпанасиз, оч-наҳор бўлса-да ота маконда, боболари тин олаётган заминда яшашни устун кўрдилар. Бу турк халқининг ўз тарихига муносабатининг энг ёрқин тимсолидан биридир.
Уларга на уй-жой, на қурилиш учун ер, на яшаш учун рухсат берилди. Аммо бу уларнинг оқимини тўхтатиб қололмади.
Ўзбекистонда 1966 йилдан бошлаб Москов корчалонлари Қирим татар курашчилари устидан ўтказган судлар ҳали кўпчиликнинг ёдида. Ўша кезлари бу халқнинг йўлбошчиси Мустафо Жамилов – Мустафо Абдулжамил Қиримўғлини сотқин, хоин деб эълон қилишди. Ватан ва миллат учун курашиб у “сотқин”, “хоин” номини олишни шараф деб билди ва адашмади. Чунки мустамлакачининг баҳоси учун эмас, халқнинг даҳоси учун яшаётганига, курашаётганига инонарди. Олти марта қамалиб, сургунларга дучор қилинган Мустафо Абдулжамил етти ойлик чоғида Қиримдан улоқтирилган бўлса, орадан 45 йил кечиб, 1989 йилда ўз ота маконига қайтди.
“Биз Ўзбекистонда яхши яшардик, -дейди Мустафо Абдужамил – Ўзбекистон ҳам бизнинг Ватанимиз. Зеро, Қиримдан кеча олмаймиз. Турклар яшаган ҳар бир қарич ер бизга Ватан, зеро Қирим ҳам Ватан”.
1991 йилда Қирим турклари миллий кураш ҳаракатининг бош йиғини бўлди. Унда расман “Қирим татар Миллий ҳаракати ташкилоти” тузилгани эълон қилинди. Мустафо Абдужамил Қиримўғли унинг раиси бўлди ва улар ўз олдиларига тўртта масала қўйдилар.
Булар – Қирим туркларининг миллий ва инсоний ҳақ-ҳуқуқлари тан олиниши, бу халқнинг эътибори очиқ шаклда эътироф қилиниши, Ватанларига тўпли шаклда кўчиб келиш, ерлашишига эришиш, миллий ва маънавий маданиятларини ҳар томонлама тиклаш учун шарт-шароит яратилиши, ўз жумҳуриятларини тиклаш учун кураш эди.
Бугун қарийиб 400 минг Қирим татари ўз ерига қайтди. “Қирим татар миллий мажлиси” ташкил этилди.
1994 йилнинг 18 майида Ватанларидан сургун қилинганларининг 50 йиллиги муносабати билан сиёсий тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Мана, Қирим кимники? Сталин каби жаллодлар, Советлар бирлиги каби империя қаршисида чекинмаган бу халқ бугунги “шоввоз”лардан чўчирмиди? Албатта йўқ!
Шундай экан, “Қирим кимники?” деган саволнинг ягона жавоби бор: Қирим қаҳрамон, курашчи халқникидир! Қирим Қирим татарлари – Қирим турклариникидир!
Мустафо оғага бу мақолани “Туркия” газетасида бирга ишлаганимиз камоли эҳтиромга соҳиб бўлган дўстим Камол Чапраз берган экан. У мақолани ўқиб, камина билан учрашишни истабди. Ўшанда роса суҳбатлашиб, туркларнинг тақдири бунчалик мураккаб кечгани ҳақида ҳасратлашганмиз. Бу ҳақда “Туркия” газетасида ҳам каттагина мақола чиққанди.
Орадан кўп ўтмай мана бу шеърни машқ қилдим:
Кокилингни тарай-тарай
Қораяди Қораденгиз,
Соҳилингга қарай-қарай
Тораяди кеча-кундуз
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Кўнглинг тўла ёшмиди-ё?!
Қояларинг куя-куя
Қаро бўлиб қолдилар.
Севганларинг суя-суя
Яро бўлиб қолдилар.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Денгиз сувмас- ёшмиди-ё?!
Оёғимга бошин қўйган
Тўлқин-соғинч ялласи.
Сенга қараб кўзин ўйган
Момо-ҳасрат алласи.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Тош кўтарган дошмиди-ё?!
Осмонингда бўзлай-бўзлай
Оққушлар қайтиб кетди.
Қулоғингга сўзлай-сўзлай
Эл дардин айтиб кетди.
Қирим бағринг тошмиди-ё,
Шарт кесилган бошмиди-ё?!
18.ОБИДАЛАР
Ўрхон, Ўтикан, Култекин, Билга Ҳоқон, Тунйўқуқ …
Совет Иттифоқи даврларида бу номларни на ўзбек дарсликларида ва на тарих китобларида учратиш мумкин эди. Ҳатто, Ўғизхон достонлари мактаб дарсликларига киритилмаганди. Лекин тарихимизнинг бу олис садолари қулоқларимизга ривоятлардан, эртаклардан ва Туркиядаги бир қатор олимларнинг илмий китобларидан етиб келганди.
Ўрхон битиклари – Бу Анадўлидан ўн икки минг километр олисликда, Туркистоннинг жанубий-ғарбий чегараларига яқин жойда, Мўғилистон пойтахти Улан-Батордан эса икки соатлик йўл узоқликдаги тошларнинг достонидир.
Тўғрироғи, улуғ боболаримиз Култекин, Билга Ҳоқон қурган Кўктурк давлатининг пойтахти – Ўтикандаги тошларга ёзилган ўлкан тарихдир бу.
840 йилда Қирғиз давлатига қўшилгунга қадар Ўтиканда тарих тошларга ёзилди. 552 йилдан 745 йилга қадар, яъни салкам икки юз йил Кўктурк номи билан яшаган давлат сўнгра уйғур хонадонининг қўлига кечди. Ундан кейин қирғизлар бу давлатни идора этдилар. Шарқ томонидан, яъни Манжуриядан келган мўғуллар босиб олганда ҳам турклар бу заминни тарк этмадилар.
Ўрхон обидалари 1300 йилдирки Гобе саҳросидан оқиб келган гармселнинг жазирамаси, қум кўчкилари, қаҳратон қиш қорлари остида ўз достонларини бағрига босиб яшади.
Бу тошлардаги ёзувлар ўзига хос услубда битилган. Бу турк миллатининг илк алифбоси асосида ёзилгандир. Ўрхон обидалари “Туркларнинг ўз алифболари йўқ,” деган иддаоларни пучга чиқарган энг буюк далилдир.
Бугунга келиб обидалардаги ёзувлар ўқий бошланди. Масалан, Кул Текин обидасида шу сатрлар бор “Оч, камбағал миллатни ёнимга тўпладим, уларни бой-бадавлат эттим.” Сўнгра “Бу сўзларимнинг ёлғони борми?” деган савол ёзилади.
Бу сатрлар боболаримиз даврида ижтимоий адолат нақадар кучли эканлигидан далолатдир ва бу сатрлар “Ёлғон ёки янглиш сўйлаган бўлсам, юзимга айтинг” деган ҳикматни эслатади.
Яна бир обидада хонлар, лидерлар ҳақида сўз боради ва шундай дейилади “Ҳоқони билимли экан, жасур инсон экан, унинг вазирлари ҳам билимли, беклари ва миллати тўғри, бирдам, ҳамфикр эканлар. Хон эса уларга зулм этмасдан, тартибни ва адолатни раво кўраркан.”
Ҳа, халқимиз азалдан давлат одамларидан илм, жасорат ва адолат сифатларини излаган. Бу бизнинг бебаҳо анъаналаримиздан биридир. Ҳеч ким унутмасин, дея тошга уйиб ёзилган васиятдир бу.
Бизга эртаклар, ривоятлар орқали етиб келган яна бир достон Ўрхон обидаларига битилган. У бирлик, баробарлик ҳақидадир. Келинг, яхшиси Ўғизхоннинг тилидан тошга ёзилган бу васиятга назар солайлик׃
“Мен, – дейди Ўғизхон, – катта ўғлимга Тоғ дея ном бердим. Тоғнинг салобатини ҳис этиб турсин, дедим. Иккинчисига Кўк дея исм қўйдим. Осмон кенглигини унутмасин, дедим. Учинчисини Денгиз дея атадим. Денгиз чуқурлигини, теранглигини англаб яшасин, дедим. Тўртинчисини Ойхон дедим ва зулматнинг бағрини ёриб чиқувчи ой каби умид ишиғи бўлсин, дедим. Бешинчисини Кун дея атадим. Қуёш каби миллатнинг бошидан нур сочсин, дедим. Ва кенжатойга Юлдуз деб исм қўйдим, миллатим дунёга юлдузлар каби ёйилсин ва юлдузлар каби боқий бўлсин, дедим.
Бир кун олти ўғлимни ёнимга чақириб, ҳар бирининг қўлига бир донадан камон ўқини бердим ва синдиринг дедим. Синдирдилар. Сўнг эса ҳар бирига олти ўқни бирлаштириб бердим. Бу сафар синдира олишмади. Ва бу менинг уларга васиятимдир: Бу дунёда йўқолиб кетишни истамасангиз, бирликни йўқотманг.”
Ҳа, бу ҳақиқат бизга ривоят ҳолида етиб келган ва ҳар биримиз уни дарҳол эсладик. Қарангки, бу Ўрхон обидаларидан келган сас.
1976 йилда Читада олти ой машалардан ўтганимиздан кейин бизни Мўғилистонга олиб боришди. Аскарлик даври тошларга ёзилган битикларни томоша қилиш билан кечди. Дунёнинг ишлари на шунақа қизиқ. Сизни йўқолиб кетмаслигингиз учун тарихингизга боғлаб қўяверади.
19.ТОЙИБА
Иқтисод фанлари кандидати Толиба Тўлагановани илк марта 1990 йилнинг 24 март куни кўрдим. Биз сессия оралиғида тузилажак комиссиялар масаласини муҳокама қилаётган эдик.
Эшик тақиллаб, бир жувон кириб келди ва майин овозда:
-Менинг номим Тойиба Тўлаганова, мени ҳуқуқ комиссиясига ёзишган экан, сизларга ўтсам бўладими?-деди.
Ошкоралик комиссиясига раҳбар бўлган Эркин Воҳидов:
-Бу масалани Ислом ака билан маслаҳат қилишимиз керак. Ўзимизча қарор беролмаймиз,-деб жавоб қилди.
Бироз баҳс бўлди. У пайтда кимдандир сўраш керак, деган гапларга қулоқ соладиган замон эмас эди. Тойибани мажлисимизга даъват этдик ва ўша куни сессияда у Қонунчилик комиссияси таркибидан чиқиб, бизга қўшилди. Ҳатто комиссиямизнинг котиблигига сайланди.
Кўп ўтмай комиссиялар “қўмиталар” деб атала бошланди ва раҳбарлари Олий Кенгашда доимий ишлайдиган бўлдилар.
Ислом Каримов ҳам, бошқалар ҳам Тойибанинг жасоратини биринчи сессиядаёқ ҳис этдилар. Кимнингдир бутун вужуди зириллади, кимлардадир умид уйғонди.
Тойиба сўзга чиқса, ўзининг “Бирлик” халқ ҳаракати томонидан қўллаб-қувватлаганига урғу берарди. У илк бор сўзга чиққанда ҳам “Бирлик”дан сўз бошлаб, номзоди президентлика қўйилган Ислом Каримов ҳақида тўхталди.
У Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президентнинг “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди.
Бу билан чекланмасдан чиқиш йўлини ҳам кўрсатди. У мамлакатда демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.
Каримовнинг жаҳли шунчалик чиққан эдики, у қаерда эканлигини ҳам унутиб қўйди:
-Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, бу таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС Марказий Комитети Сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.
Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга суҳбат берар экан, “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди.
Биринчи сессия Каримовни таниш сари қўйилган илк қадам бўлганидек, Тойибани ҳам танишга йўл очди.
Номард эркак аёлни камситади. Кейинчалик ҳам Каримов Тойибани кўп камситди. Уни ҳимоя қилишнинг йўлларини эса бекитиб борди. Масалан, бир сессияда Каримов Академик Аҳмадали Асқаровга қараб гапирар экан, Тойиба Тўлаганова ҳақида (Каримовнинг кимлигини тушуниш учун унинг гапини ўқувчидан узр сўраган ҳолда аниқ келтираман-ЖМ) гапириб:
-Аёлларники иссиқ бўладида, ўша ёққа талпинасиз,-деди.
Тойиба йиғлаб, сессияни ташлаб чиқиб кетди. Дунёни сукунат қоплади. Ўшанда қон босими нима эканлигини илк бор ҳис қилганман. Ўрнимдан туриб, микрофон томон юрар эканман, Эркин ака костюмимнинг енгидан тортиб:
-Унутманг, биз бир хонада ишлаймиз, бундан нотўғри хулоса чиқаришлари мумкин,-дея гапиришга қўймади.
Тойиба ўша кезлари биринчи турмуш ўртоғидан айрилган ва бошқасига турмушга чиқмоқчи эди. Сабабларини Эркин ака биларди, баъзан гапириб ҳам қоларди. Лекин бировнинг шахсий ҳаёти билан қизиқмасдим. Фақат бир марта хонага келсам, Эркин ака шошиб чиқиб кетди, Тойиба эса йиғлаб ўтирган экан. Нима гаплигини сўрасам:
-Эркаклар одам эмас, Эркин ака ҳам..,- деди.
Шундан кейин “эркакларнинг ҳам одам эканлигини” исботлаш учунмикан, Тойибага гапиришда ҳар доим бўлганидек, ҳурмат, иззатини сақлаганман.
Эркин ака, Тойиба ва мен битта хонада ишлардик. Хонанинг бир томонида Эркин аканинг столи. Иккинчи томонида менинг столим. Ўртада эса меҳмонлар учун қўйилган узун стол. Тойиба ана шу узун столнинг бир четида ўтирарди.
Эркин ака Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимовга иш шароити ҳақида гапирса, у “Ислом аканинг олдидан ўтишимиз керак” дебди. Эркин ака жуда эҳтиёткор одам эди. Бу масалани қайтиб кўтармади.
Жойи келиб қолганда Каримовга иш шароити ҳақида гапирдим.
-Биринчи сессияда ўзингиз имтиёзларни бекор қилиш керак, деган эдингиз, энди имтиёз излаяпсизларми?,- деди Каримов киноя билан.
-Имтиёз эмас, оддий меҳнат шароити излаяпмиз. Тойибага ҳеч бўлмаса битта стол қўйиб беришни ҳам президентдан сўраш керакми?,-дедим.
У кимдан нима сўраш кераклиги ҳақида анча гапириб:
-Тойибани кўп ҳам қўмитага яқин йўлатманглар. Ундан ташқари, жой бўлмаса нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор, президентнинг хонасини бўшатиб берайми? Ёки вице-президентнинг хонаси бўш ётибди, шу ерга келиб ишлай қолсин,-деб Тойибанинг номини эшитганда вужуди зирқирашини росманасига ошкор қилди.
Ҳа, Каримов биринчи сессиядаёқнинг бўлажак президентнинг кимлигини “расшифровка” қилган Тойибанинг номини эшитиб жаҳлга минганди:
-Эркин акангизни хотини шикоят қилиб юрибди, уйига бормай қўйган эмиш, сиз ҳам шу аёлни деб…
Авзойим бузилганини кўрдими ёки ўзи ҳаддидан ошаётганини сездими, Каримов давомини гапирмади. Аммо кейинчлик унинг эркакларни аёллар билан гаплашганларини ҳужжатлаштириб, тилларини қисиқ қилиб қўядиган одати борлигини кўп эшитдим. У жуда кўп раҳбарларни шу йўл билан тузоққа илдирганини эшитганимда ҳеч ажабланмадим.
Каримов Тойибани ҳам ёмонотлиқ қилишга анча уринди. Ҳатто Қаҳрамон Сотиболдиев деган прокурорга махсус топшириқ ҳам бергани ва унинг антиқа таклифлар билан борганини Тойиба бир мажлисда очиқ айтиб, йиғлаганди. Каримовнинг бундай ифлос ўйинлари Тойибани йиғлатди, аммо синдира олмади.
Каримов шундан кейин очиқ ҳужумга ўтди.
Ошкоралик қўмитаси фаолияти тафтиш қилинди. Бир куни сессияларда “бақир-чақир” қиладиган камина ва Тойибани муҳокама этишди. Биз Ислом Каримовни ҳурмат қилмас эканмиз. Бутун масала мана шу.
Мажлисда Компартиянинг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов тинмай шу ҳақда сўз юритди. Ўзбеккомсомолнинг “отаси” Азиз Носиров, Тошлоқ туман прокурори, шу мажлисдан кейин кўп ўтмай Тошлоқ туман ҳокими бўлган Қаҳрамон Сотиболдиев ҳам бунга алоҳида урғу беришди.
Охирида “Қўмита раисининг ўринбосари ва қўмита котибини бўшатиш керак”, деган масала овозга қўйилди. Мен битта овоз кўп олганим учун қолдим.Чунки Эркин ака қарши овоз беришга ўзида куч тополмади. Навбат Тойибага келганда ҳам қўмита иккига бўлинди. Олий Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Бугров Эркин акага:
-Агар буларни бўшатмасак, қўмитани ёпамиз,-деди.- Топшириқ шунақа!
Бунга Тойиба дарҳол жавоб қилди:
-Топшириқ қаердан? Яна ўша коммунистик идораданми? Ўлган ўликдан қандай қилиб садо чиқди экан?
Эркин ака шартта ўрнидан турди-да русчалаб:
-Биз учун муқаддас бўлган идорани ҳақорат қилишга ҳеч кимннинг ҳаққи йўқ,-деди. Кейин ўзбекчалаб, -Мен Тойибахоннинг бундай ҳақоратини қабул қила олмайман ва унга қарши овоз бераман,- деб “ҳукм” ўқиди.
Қўмита котибалигидан бўшатилгани билан қўмита аъзолигидан чиқариш сессия ваколатига кирарди. Шунинг учун сессияга қадар Тойиба ишга келаверди.
Бир куни у:
-Бугун мени маҳаллада муҳокама қилишар экан. Эркин ака сиз раисимиз ва Жаҳонгир ака, сиз раис ўринбосари сифатида бориб, бир нарса демайсизларми?-деди.
-Борамиз,-дедик.
Кечга бориб, Эркин акани тополмай қолдим. Ҳар доимгидек, қандайдир “шошилинч иши” чиқиб қолган эмиш. Олий Кенгашда ишлаётган депутатлардан бир-икки нафарини олиб, Тойибанинг маҳалласига бордик. Мажлис мактабнинг залида экан. Асосан чол-кампирлар чақирилган ва ҳаммаси хафақон. Телевидениеда чиқиб юрганим учун баъзилари таниди ва салом-алик қилган бўлдик.
Мажлисни туман раҳбарларидан бири очди ва кекса одамга сўз берди. У Тойибани Президентга қарши чиқиш учун сайламаганлари, балки ўзларининг муаммоларини ҳал қилиб бериш учун сайлаганларини айтди. Қолганлар ҳам айни гапни такрорлаб, сўзни “бунақа депутат керак эмас”, деганга олиб келишди.
Сўз сўрадим. Қабристон ҳақида бир ривоятни айтиб бердим:
-Қадимда бир шоҳ яшаган экан. У қабристонга боришни ёмон кўрар экан. Яқинлари ўлганда ҳам бормас экан. Бир кун ундан бунинг сабаби сўрашганда у:
-Мен умр бўйи ёлғон гапирдим ва ёлғон эшитдим. Отам қабристонга ёлғон билан кириб бўлмайди, кирсанг қабр азобига дучор бўласан, дердилар,- дебди…
Чол-кампирлар бу ривоятдан сергак тортиб қолдилар. Кейин мен гапни соддалаштириб׃
-Яқинда маошлар оширилди. Унга президент қўл қўйди. Орқасидан нархлар ҳам ошди. Унга президент ўзи қўл қўймай, Бош вазирга қўл қўйдирди. Ўшанда Тойиба: “Бунақа ўйинлар қилиб юрмасдан маошларни бозор нархига боғлаб қўяйлик, айниқса, пенсионерларнинг маоши шундай қилиниши керак, бозор нархи кўтарилса, маош ҳам кўтарилсин” деб айтгани учун президентдан дашном эшитди. Кейин Тойиба׃ “Ҳукуматнинг бюджети шаффоф бўлсин, пул қаерга кетмоқда? Нега йўлларни таъмирлашга, мана бу мактабларни таъмирлашга пул йўқ”, деб сўраганди яна президент унга дашном берди. Сўнг Тойиба׃ “Милиция, суд қачон адолатли идора бўлади? Одамларнинг умри шу идораларнинг эшигида ўтиб кетмоқда”, деганди, Президент׃ “Сиз депутатсиз, бизнинг ижро ҳукумати назоратидаги бундай ишларга аралашманг”,- деб унга дакки берди. Яна бир кун Тойиба озиқ-овқат талонлари ҳақида гапирди:
“Халқни озиқ-овқат талонларига боғлаб қўйдингиз. Лекин одамларнинг қўлида талон бор, магазинда эса ёғ йўқ, пахтани ўзимиз экамиз, ёғи қаерга кетмоқда?” деб сўраганди, президентга ёқмади. Бошқа бир кун Тойиба президентдан׃ “Сиз ҳам бир кун автобусда юриб кўринг, бир марта қассобдан гўшт сотиб олинг, қишнинг совуғида оддий одамлар яшаётган домга кириб кўринг”, деганди Президент уни ҳақорат қилди. Кейин мана бу- менинг ёнимда ўтирган раҳбарларни сизларнинг уйингизга юбориб, Тойибани муҳокама қилиш керак, деб буюрди. Бор гап шу, дедим.
Залда ғала-ғавур бошланди.
“Нега ҳақорат қилади?”
“Бизнинг депутатимиз бизнинг дардимизни айтибди, раҳмат унга!”
“Тўғри гап, президентни ўзи мана бу ерга келиб, жавоб берсин!..”
Туман раҳбарлари шошиб қолишди ва мажлис депутатнинг сайловчилар билан учрашуви деб эълон қилиниб, Тойибанинг фаолиятини қониқарли, деб баҳолаш билан тугади.
Икки кундан кейин Каримовнинг топшириғи билан Олий Кенгаш раиси қонунларга хилоф равишда Ошкоралик қўмитасини ёпиб қўйди…
Бу орада Тойибанинг ТошДУдаги ишини ҳам олиб қўйишди. У Ислом Каримов қабулига кирибди. Гаплашганимизда:
-ТошДУдаги ишимни сўрадим,-деди.-Агар сиёсатга аралашмай юрсам ишлашим мумкин экан.
-Аралашсангиз нима бўлар экан,-деб сўрадим ундан.
-Сизга, Самандар Қўқоновга, Мурод Жўраевга “қамоқда чиритаман” деганларини эслатдилар…
-Сизга ҳам “қаматаман” деб пўписа қилибди-да.
-Йўқ, “Чумчуқдек жонингиз бор, нима қиласиз сиёсат билан шуғулланиб, эрингиз, болаларингиз билан шуғулланинг” деди. Шунинг учун энди сиёсатни ташлaмоқчиман.
У жилмайиб қўйди. Бу жилмайиш ортида “Жуда кўп гаплар бўлди, лекин айтолмайман” деган каби бир маъно бор эди. Шу билан уни қайта кўрмадим. Ўзим ҳам қора булутлар остида қолгандим.
Хорижда эканлигимда Тойибанинг сирли равишда оламдан ўтганини эшитдим. Хаёлимга илк келган фикр “Сиёсатни ташламабдида” деган фикр бўлди…
20.ТУРКИСТОН
Ўзбекистон телевидениесига раҳбар бўлиб келишим билан бир неча янги дастурни бошлатдим. Шулардан бири “Туркистон” сиёсий-оммабоп ахборот дастури эди. Буни олдиндан орзу қилгандим. Шу йўл билан Туркистон халқларини бир-бирига яқинлаштириш, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқчи эдим.
Дастурни дарҳол йўлга қўйиш учун Ахборот бўлимидагиларга фикрларимни айтдим. Уни жонли равишда узатишни лозим топдик.
Туркистон халқлари ҳаёти билан боғлиқ жуда қизиқ ва жуда долзарб хабарлар, видеотасмалар тўпланди. Уларни тартибга келтиришди. Дастур чизмаси тайёрланганини айтишгач, машқ вариантини кўрмоқчи бўлдим.
Қарасам, диктор Раъно Толибова оддийгина кийимда. Унга атлас кўйлакда чиқишни таклиф этдим. У бир жилмайдида:
-Уйга бориб келсам майлими?-деди.
-Бор йўғи икки соaт вақтимиз бор, агар зарур ишингиз бўлса, марҳамат, лекин ҳар эҳтимолга қарши қизлардан бирини ҳам тайёрлаш керак бўлади,-дедим унга.
-Ўзим чиқаман, бу менга жуда катта ишонч. Айниқса бу дастурни бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳам кўришларига ишонаман.
-У ҳолда нега уйга кетмоқчисиз?
У нимадир демоқчи, аммо истиҳола қилаётган эди. Гап нимадалигини сўрасам эшик томонга қаради. У томонда бугунга қадар телевидениега раҳбарлик қилиб келган Элбек Мусаев ва дастурлар директори туришган экан.
Уларга жавоб бериб юборгач, Раъно Толибовадан нима гаплигини сўрадим.
Телевидениеда дикторлар учун кийим йўқ ва сиёсий дастурларда дикторларга миллий кийимда кўриниш мумкин эмас экан.
-Шахсий пулимизга олган кўйлакларимизни кийиб чиқамиз,- деб Раъно Толибова ўзини ноқулай ҳис қилаётганди.
-Сиз уялманг, бояги одамлар уялиши керак бунга!-дедиму бу соҳани ҳам тузатиш кераклигини ўйлаб қўйдим.
Шунда Раъно Толибова нега уйга бориб келай деганини тушундимда, дарҳол хизмат машинасини чақиртириб уни жўнатдим. У бошида дўппи, эгнида атлас кўйлак билан келганда баъзилар унга:
-Сиз жиддий дастурни “Адабиёт гулшани” билан алмаштираясиз,- деб киноя ҳам қилишибди.
Аслида улар Раъно Толибовага киноя қилишганда нишонлари мен бўлган. Лекин “Туркистон” дастури экранга чиқиши билан ҳукумат идоралари ва президент девонидан, ижодкорлар жамоаларидан ўнлаб казо-казолар телефон қилиб, бу катта одим эканлигини айтишди. Мен кетгач эса, маълум бир муддатдан кейин бошқа дастурларим сингари бу дастурни ҳам “ўлдиришди”.
1994 йил Измирда Турк дунёси қурултойида Туркистоннинг буюк тарихнависи Боймирза Ҳайит билан суҳбатлашар эканмиз, у киши Ўзбекистонга 1992 йилда борган кезларида кўриб қолганлари бу дастур ҳақида гапирдилар.
-Ҳайрон қолдим… Номи “Туркистон”… Олиб борувчиси Туркистон гўзали… Кўриб кўзимга ёш келди. Қандай қилиб Каримов бу дастурга йўл берибди?
Боймирза отага бу дастур тарихини айтиб берганимда ўринларидан туриб қучоқлагандилар.
Боймирза ота билан беш марта Турк дунёси қурултойларида бирга бўлдик. Доим кузатганим, у кишини ҳамма ардоқларди, қучоқларди, таҳсинлар айтарди… Чет элдагилар ҳам, Ўзбекистондан келганлар ҳам… У киши ҳаммани бир-бирига боғловчи риштага ўхшардилар. У киши мен учун яшаётган Туркистон эдилар, Туркистон ғояси эдилар.
Бугун айримлар қозоқ ундай, қирғиз бундай, туркман ҳалигидай, тожик фалон, уйғур бисмадон деб ёзар эканлар, жуда кўп нарса йўқотганимизни англайман ва дилим оғрийди. Биз кун сайин, соат сайин Туркистонни йўқотмоқдамиз! Балки йўқотиб ҳам бўлдикми дейман? Чунки Ўрта Осиёга айлантирилган Туркистоннинг номи Марказий Осиё бўлиб кетди, бўлак-бўлакларга бўлинди…бир-бирини кўрганда бегонани кўрган… бегоналарнинг юртларига айланиб кетди.
21.БОЙМИРЗА ҲАЙИТ
2006 йил, 31 октябр. Олмонияда Турк дунёсининг улкан юраги уришдан тўхтади.
Туркистоннинг дардини елкасида ташиган улуғ олим Боймирза Ҳайит узоқ давом этган касаллик, ортма-орт амалиётлардан кейин тўқсон ёшнинг остонасида фонийдан боқийга кетдилар. Лекин Боймирза Ҳайит руҳи тирик, ўлмайди.
Кўз олдимда отанинг 1992 йилда Тошкентда “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида кулиб турган сиймолари…
Қулоқларим остида устознинг 1993 йилда Анталияда Турк дунёси қурултойида Ўзбекистондан қувилганлари ҳақида аччиқ гапларни айтар эканлар, “Мен Ўзбекистон деган давлатни тан олмайман, Ўзбекистон йўқ, Туркистон бор” деган дардли сўзлари…
Хаёлимда улуғ олимнинг 1997 йилда Истанбулда 80 ёшларини нишонлар эканмиз, қани эди бу тантаналар ватанда ўтганда деган ўйларим. Етим қолди қолди бу ўйларим.
Бировга телефон қилишда анча нўноқман, эътиборсизман. Аммо Боймирза ота бу борада улкан сабоқ эдилар. Ҳар ҳафта телефон узоқ жиринглаганда яна мени уялтирмоқдалар, деб ўйлардим ва шундай бўлиб чиқарди. Аммо кейинги кунларда отанинг қийналиб-қийналиб гапиришларини ташийдиган симлар гунгга айланди. У кишининг уйидаги телефонни ҳам олмай қўйишди. Хабарлар таниш билишлар орқали кела бошлади…
“Ота ўлдилар” деган хабар келди…
Ота… Туркистоннинг ўлмас отаси… Йўқ, ўлиши мумкин эмас!
У Туркистон тарихининг 20 асрдаги чинорларидан бири эди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, улкан чинори эди. Чунки Туркистоннинг 20 асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ёритишда унга тенг келадиган бошқа олим йўқ. Ўша даврда йўқ эди ва ҳалига қадар йўқ. Агар у ҳақиқатни ёзмаганда Советлар даврида унга қарши 2000 дан зиёд бўҳтон мақола битилармиди?
Уни туҳматчи дедилар. Буни оддий инсонлар эмас, Совет давридаги энг машҳур олимлар, адиблар, давлат арбоблари такрорладилар. Туҳматчи калимаси ҳам унга нисбатан айтилганда, ўз илдизидан айрилиб, ҳақиқатгўй англамини акс этди. Чунки у бир умр ҳақиқатни ёзди. Ундан қўрқдилар. Совет даврида шўролар яширган қилмишлари ошкор қилингани учун ундан қўрқдилар.
Биз боболари, ўтмишдошлари билан жуда ҳам фахрланадиган халқмиз. Лекин баъзан режимгагина ёққанларни қўшилиб мақтаймиз, ёқмаганларини эсламаймиз. Худди Советлар Иттифоқини узоқ йиллар давомида зир-зир титратган Боймирза Ҳайитни ёдга олмаганимиз каби.
Боймирза Ҳайит Туркистон тарихининг 20-асрдаги буюкларидан биридир. Чунки Туркистоннинг 20-асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ёритишда унга тенг келадиган бошқа олим йўқ. Ўша даврда йўқ эди ва ҳалига қадар йўқ.
Оқни оқ, қорани қора дегани учун уни “Ватан хоини” деб атадилар. Бу ибора унга нисбатан ўз мазмунини йўқотди ва ватансевар англамига келди. Чунки ўша кезда ватанини Боймирза Ҳайит каби кучли севадиган бошқа одам бўлмагани ва “Ватан хоини” калимаси доим унга қарата айтиб турилгани учун ҳам бу ибора ўз мазмуини ўзгартирди.
Шароф Рашидовни биласиз. Билмасангиз ҳам эшитгансиз. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси, узоқ йиллар Ўзбекистон коммунистларининг сардори бўлган. Шу одам Боймирза Ҳайитга қарши мақола ёзган десам ишонмаслигингиз мумкин.
Шароф Рашидовнинг 1958 йил, 27 сентябрида Москвада чиқадиган “Литературная газета”да “Туҳматчига” деган мақоласи чоп этилган. Кейинги куни бу мақола барча ўзбек нашрларида кўчириб чоп этилган. Айни кунда шу мақола бошқа республиклардаги газеталарда ҳам чиққан. Мазкур “асари”да Рашидов Боймирза Ҳайитнинг Швецариядаги “Базлер нахрихтен” деб номланган газетадаги “ Москва Шарқнинг маънавий ҳаётига суқулиб кирмоқда” деб номланган мақоласини қаттиқ танқид остига олган.
Аслида Рашидов ёзган бу мақолани танқид деб бўлмайди. Бир сўз билан ҳақоратнома дейиш мумкин. Унда Боймирза Ҳайит “фирибгар”, “унтер-ёлғончи” каби оғир калималар билан қораланган. Бу мақолани Рашидов ўзича ёзармиди ва бутун мамлакат бўйлаб ихтиёрий равишда кўчириб босишармиди? Бу иш фақат ва фақат Кремлнинг буйруғи билан бўлиши мумкин. Кремлнинг ҳам кичкина одами эмас, “коттакон”ларининг буйруғи билан. Боймирза Ҳайитнинг мақоласи ҳақиқатдан иборат бўлгани ва Москванинг фикрида ётган режаларини очиб ташлагани учун ҳам Кремлнинг юрагини зирқиратган.
Ўзбекистон коммунистларининг йўлбошчиси Шароф Рашидов ўша “машҳур” мақоласида жумладан шундай деб ёзади:
“Бутун дунёдаги миллион-миллион кишиларга шу нарса аёнки, Б. Ҳайит “мустамлака Туркистони” деган умумий ном остида атаган бизнинг Ўрта Осиё республикаларимиз халқлари чинакам тенг ҳуқуқли бўлиб олганларидан кейин, Совет ҳокимиятининг қирқ йили мобайнида ўз хўжалик тараққиётининг шу қадар юқори босқичига кўтарилдиларки, ўз миллий маданият ва санъатларини шу қадар барқ урдирдиларки бунга капиталистик мамлакатлар ҳавас қилсалар бўлади.” (“Қизил Ўзбекистон”, 30 сентябр, 1958 йил).
Рашидов ўз мақоласининг давомида Боймирза Ҳайитни “иғвогар”, ёзганлари “фисқу фужурдан иборат”, “миси чиққан сафсата”, “беъманигарчилик” дер экан “Иғвогарнинг югургани сомонхонагача…” деб хулоса қилади.
Бугунга келиб кўриб турибмизки, Боймирза Ҳайитни қоралаган совет идеологиясининг ўзи сомонхонадан жой топди.
Шароф Рашидовнинг Боймирза Ҳайит ҳақида ана шундай руҳдаги бир нечта мақоласи бор. Демак, Боймирза Ҳайит шўроларни шу қадар ларзага солганки, унга қарши катта бир республиканинг раҳбарини, КПСС Марказий Комитети устунларидан бирини ишга солишган.
Афсуслар бўлсинки, Ўзбекистон мустақил давлатга айлангач ҳам бу ҳақиқатни кўра олмади. Ҳануз Рашидов улуғланмоқда, Боймирза Ҳайит унуттирилмоқда.
Боймирза Ҳайитга қарши нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки бутун Совет иттифоқи бўйлаб кураш олиб борилганди. Масалан, Тожикистоннинг рамзи ҳисобланган Мирзо Турсунзода номидан 1959 йилнинг 11 июнида “Литературная газета”да чоп этилиб, кейин барча маҳаллий нашрларда таржимаси эълон қилинган “Туҳматнинг умри қисқа” сарлавҳали мақола бунга мисол бўла олади.
Бу “асари”да Мирзо Турсунзода, жумладан, шундай деб ёзади׃
“Ҳайит ўзининг мақоланамо уйдирмаларида Туркистон “Совет мустамлакаси” деган маънони исботлаш учун ўзини юз ёққа уради. У “Туркистон” деган эски иборани бекорга рўкач қилаётгани йўқ. Туркистон турклар юрти деганидир. Мана шунга асосланиб бу нодон “туркистон миллати” деган аллақандай афсонавий миллатни юзага келтириб чиқармоқда…Ҳайит шаллақилик билан “Туркистон фожиаси”ни тасвирлайди, 1924 йилда руслар Туркистонни беш қисимга бўлган эмишлар… Ҳайитлар нақадар қутуриб сўлак оқизмасинлар, Совет Ўрта Осиёси Осиё халқларига сўнмас машъал бўлиб нура сочa беради”. (“Қизил Ўзбекистон”, 14 июн, 1959).
Қаранг, Рашидов каби Мирзо Турсунзоданинг ҳам “тили ўткир”.
Шу руҳдаги “ўткир” мақолалар Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам узлуксиз чиқиб турган.
Масалан, “Коммунист Туркменистана” журналининг 1959 йил 5-сонида Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон 20-асрда” деб номланган китобчаси ҳужум остига олинади ва адиб “крокадил кўз ёшлари” тўкиб коммунизмнинг порлоқ йўлига ғов бўлишга тиришади, деб танқид қилинади.
“Коммунист Туркменистана” айни сонида А. Илёсов, К.Новоселов имзоси билан “Буржуа миллатчиси Боймирза Ҳайит ҳақиқатни бекита олмайди” деган мақолага ҳам ўрин ажратган.
“Партийная жизнь Казахстана” журналининг 1959 йил 3-сонида Н. Сагиндиков, А. Шаманов имзолари билан “Ҳақиқат ёлғондан кучли” деган мақола босилган. Унда ҳам айни услубда ҳақорат билан тўлиб тошган гаплар, Советларни улуғлаш ва Боймирза Ҳайитни камситишдан нарига ўтилмаган. Боймирза Ҳайитнинг иддаоларига қарши аниқ фактлар қўя олмаган коммунизмнинг нўноқ ижодкорлари унинг шахсини ҳақоратлаш ва камситишдан нарига ўтолмаганлар.
Кимлар ёзмаган у кишига қарши. Жумҳуриятларнинг биринчи раҳбарларидан тортиб мана ман деган ёзувчиларига қадар. Ўзимизнинг ёзувчимиз Ойбекдан тортиб, вазир Саид Шермуҳамедовга, советшунос Лазиз Қаюмовдан бошлаб ёзувчи Мирмуҳсингача ўзбекнинг минглаб таниқли шахслари Боймирза Ҳайитни “ватан хоини” деб ёздилар. Унинг мустақиллик ғояси чириган ғоя эканлигини ва ақлга сиғдириб бўлмас гаплигини бот-бот урғуладилар.
Ҳа, СССР деган империянинг идеология машинаси у кишига қарши тинмай ишлаб турган. Совет матбуотида Боймирза Ҳайитга қарши икки мингдан зиёд мақола чиққан ва бари туҳмату ҳақоратдан иборат. Бирортасида у кишининг озодлик борасидаги фикрларига қарши жўяли фикр билан жавоб беришолмаган.
Чунки устоз Боймирза Ҳайит ўз фикрларида минг чандон ҳақ бўлган
У йўқолади деган мустамлака йўқолди.
У йиқилади деган СССР йиқилиб кетди.
У озод бўлади деган Туркистон халқлари рус истибдодидан қутулдилар.
У мустақилликни чирмаб олган золим режимлар истибдоди барҳам топади, деган эди, бу ҳам амалга ошмоқда.
Бу фикрлар ҳақоратга, камситишга эмас, ҳурмат қилишга, қойил қолишга лойиқдир.
Лекин мана шундай империяни қалтиратган фарзанди борлигини озод Ўзбекистонда ўзбекнинг ўзи ҳали тушуниб етгани йўқ.
Мустақиллик йилларида шўролар бошқа қиёфада турланганларини у билгани учун яна ундан қўрқдилар. Қолаверса, мустақиллик учун курашган у эди, аммо сув келтирган хору кўза синдирган азиз бўлди.
Боймирза Ҳайитни муҳожирликда ҳам севмаганлар бор эди. Кимдир уни “Юзаки тарихчи”, деди. Бегона эмас, ўзимиздан. Ваҳоланки, бу гапни айтганларнинг ўзлари Туркистон тарихи масаласида кўзлари кўр, қалблари сўқир эди. Умрларини фақат валдираш билан ўтказдилар. Боймирза аканинг ўзлари бот-бот айтганлари каби, ҳатто хорижда Рўзи Назарга ўхшаганлар у кишини бир умр таъқиб қилишган. Ўзбек режими эса бундайларга тўн кийгизган.
Шўролар таъсиридаги муҳожирлар Боймирза Ҳайитни сева олмадилар, ардоқлай олмадилар, унинг ҳаётидан, асарларидан нуқс қидиришга уриндилар. Лекин пишқириб оқаёган дарёнинг йўлини хас билан тўсишга уринишдек гап эди бу.
Боймирза Ҳайит қуруқ валдираш ва ёқи мақтанишлар билан эмас, ўзининг камтарона меҳнати, ўлмас асарлари билан ўзига ҳайкал қўйди.
У иккиюзламачилик қилиб сохта мустақилчиларни мақтамади.
У сўзбўямачилик қилиб мансабфурушларга хизмат қилмади.
У Ватанга қайтаман, деди, аммо Ватанни онасининг маҳрига тушган каби ўзининг шахсий томорқаси қилиб олганлар яна унга йўл бермадилар. Лекин бу билан Боймирза Ҳайит номини кўнгиллардан ўчира олмайдилар. Бизнинг кўнгилларимиз унинг учун Ватан бўлгай!
У умр бўйи ҳақиқатни билди, ҳақиқатни таниди ва ҳақиқатга хизмат қилди. Шу боис ҳам унинг номи ҳақиқат калимаси билан тенг мазмун касб этади.
22.НОВДАЛАР
1990 йилнинг 18 февралида Ўзбекистон Олий Кенгашига сайловлар бўлганди. Демократия шамоли бор эди. Шунинг учун иккинчи турга қолганлар ёки сайланолмаганлар ўрнига янги номзодлар чиқиши каби ҳоллар ҳам бўлган. Биринчи турда муқобил асосда сайланган эдим. Танишларимдан иккинчи турга қолганлар ёки янги номзод бўлганлар биргаликда уларнинг сайлов округларига боришни сўрашарди. Янги депутатман, ҳаммасига улгуриш мумкин эмас. Фақат 2-3 тасига боролдим, холос.
Шулардан бири дўстим Дадахон Ёқубов сайланаётган округ эди. Унинг номзоди Намангандан кўрсатилганди.
Дадахон билан ТошДУнинг журналистика факултетида ўқиганимиздан бери таниш эдик. Биз аслида икки дунёнинг одамлари эдик. Характер ва ҳаёт тарзимиз билан. Лекин бизни руҳиятдаги яқинлик бир-биримизга тортиб турарди. Орамизда қандайдир ижодий мусобақа ҳам бор эди.
Дадахон дарвешсифат-самимий йигит. У бир неча ойлаб кўринмай қоларди. Бирдан метродан чиқишдами ёки кўчадами дуч келиб қоларди. Нималар қилдик ва нималар қилмоқчимиз – бир-биримизга навбат бермай гапирардик. У бироз довдир, аммо талантли журналист, кўнглида кири йўқ инсон. Яхши гапни ҳам, ёмон гапини ҳам очиқ айтаверарди.
Тақдир дўстларни ҳар қадамда учратараверади, деган гап бор. Бир кун яна кўчада учрашиб қолдик. У телевидениега ишга ўтганини айтди. Кейин “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” деган дастур қилмоқчи эканини гапирди. Уни Самарқандга таклиф қилдим. Дастурни иккаламиз ҳозирладик. Кўрсатилиши билан машҳур бўлиб кетди. Такрор ва такрор кўрсатилди. Бошқа вилоятлардан тайёрланганлари ҳам оғизга тушди.
Энг кўп овоз олиб, (тўрт номзод ичида 86 фойиз-ЖМ) депутат бўлишимда эса республика матбуотида кескин чиқишларим қаторида “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” дастурининг Самарқандга бағишланган қисми катта шов-шувларга сабаб бўлгани ҳам ўзига хос рол ўйнаганди. Шунинг учун ҳам Дадахоннинг депутат бўлишини чин дилдан истардим. Унинг таклифи билан Наманганга бориб, номзодини тарғиб қилишни бурчим, деб билгандим.
Учрашувга борган жойларимизда одамлар бизни катта ҳурмат ва олқиш билан кутиб олишди.
Дадахон асли андижонлик бўлса ҳам наманганликлар уни ўз фарзандларидек қабул қилиб, расмий номзодни эмас, уни қўлладилар.
Ўшанда Наманганга борганимизда уламолардан бирининг уйига меҳмонга чақиришди. Ҳовлида бодом дарахти бор экан ва шу дарахт остида бир кексароқ одам билан гаплашдик. Шу одамнинг бир гапи эсимда қолган׃
-Сизларни ака-ука деб ўйлайман. Бирингиз Самарқанддан, иккинчингиз Андижондан. Мана келиб Наманганни улуғлаб турибсизлар. Жуда ёшсизлар. Келажак олдинда. Ўзбекистонимизнинг йигитлари ана шундай ака-ука бўлсинлар доим! Ўшанда бу ватанимиз зўр ватан бўлади!
У шундай деб ушлаб турган ёш бир новдани билмасдан тортиб юборди. Новда қирч этиб синди. У одам ўзини ноқулай сезди. Парво қилмагандек ичкарига кирдик.
Лекин орадан йиллар ўтиб ҳам ўша воқеани худди кеча бўлган каби эслайман. Кошки ўша ёш новда… кейин эса минглаб новдалар синмаса эди?!
Журналист Дадахон Ёқубов билан ижодий ҳамкорлигимизнинг чўққиси 1990 йилда ўтказилган Наврўз телемарафони бўлганди.
Шуни айтиш керакки, ўша кезларда Дадахон ёнига жуда истеъдодли кишиларни тўплаган эди. Масалан, режиссёрлар Мели Маҳкамов ва Тамара Маҳкамова ўзбек телесанъатининг фавқулодда талантли инсонлари эдилар. Мели ака жуда хушмуомала, топқир, билимли бўлиш билан бирга содда ва кишининг кўнглига жуда тез йўла топадиган одам эди.
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” дастурларининг ҳам ўқ илдизи шу одам эди, десам, Дадахон асло хафа бўлмаса керак. Мели Маҳкамов Ўзбекистон телевидениесида халқнинг меҳрини қозонган кўплаб асарларга режиссерлик қилган.
Дадахон ва Мели ака билан гаплашиб телемарафонни 24 соатга мўлжаллагандик.
Телемарафон учун асосий хамиртурушни Самарқанддан топгандик. Таъқиқларга қарамай Ургутда халқ байрамни март ойининг ўрталарида бошлаб юборарди. Бизнинг боришимиз билан бу минг-минглаб одам чиққан катта сайлга айланиб кетди. Видео ёзувларни ана шу сайллар давомида тасмага ёзиб олдик.
Ўша кунлари иқтидорли врач Таҳсин Ҳамидов Самарқанддаги Республика болалар маркази-шифохонасида Ойбек деган боланинг аянчли ҳолидан бизни хабардор этиб, агар ёрдам қилинмаса у ҳаётини йўқотиши мумкинлигини айтди.
Бориб кўрдик ва даҳшатга тушдик. Ойбекнинг аҳволини сўз билан тасвирлаш мумкин эмас. Ўшанда видеоёзувларимизни кўрганлар орасида йиғламаган инсон оз бўлса керак.
Кейин ўзига ўт қўйган келинчакларни бориб кўрдик. Ногиронлик аравачаси ололмаган момолар… Уйлари йиқилиб ётган отахонлар… Шу зайл воқеалар бир-бирига уланиб, катта дастурнинг хамиртуруши ҳозир бўлди. Албатта, бунинг техник жиҳатларини бир нуқтага келтириш учун Дадахон ва Мели акалар бир неча тунларни тонгга уладилар.
Бугунги каби ўша кезда ҳам Наврўзнинг дўстлари қатори душманлари ҳам бор эди. Айниқса, Ўзбекистонда Наврўз расман қатағон қилиниб, ўрнига “Навбаҳор” деган уйдирма байрам қўйилганига ҳали кўп бўлмаган эди.
Наврўз телемарафони икки инқилобни бирдан бажарди.
Биринчиси, Наврўзни ҳамма жойда очиқ халқ сайлига айлантирди. Ўшанда биз билан бирга халқимиз ҳам ухламади. Бутун мамлакат сайлга чиқди.
Иккинчиси, дастурлар аввалдан қоғозларда ёзилиб, цензурадан ўтгандан кейингина экранга чиқарилиши қатъий тартибга айланган Ўзбекистонда биз 36 соат давомида мутлоқ эркин гапирдик, дилимизда нима бўлса тилимизда ҳам шу эди. Цензурасиз ҳам яшаш мумкинлигининг исботи эди бу! Яъни “Халқимиз демократияга тайёр эмас” деганларнинг юзига бир тарсаки тортилганди.
Телемарафон кўпчиликнинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Дадахон, Мели акага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонини олиб келди бу дастур. Телемарафонда қатнашган бошқа кўплаб ижодкорлар ҳам турли унвонларни олгандилар.
Наврўз Дадахон Ёқубов ҳаётининг катта қисмига айланди. У мазкур марафонда тушган маблағларни ишга солиш учун “Наврўз” фондини очди ва ўзи бошқарди. Жуда кўп одамларга ёрдам қилди.
-Наврўз телемарафони мустақилликнинг шамолини олиб келди,- деган эди ўзбек адибларининг яқин дўсти, самарқандлик сиёсат ва давлат арбоби Тошбўри Қиличев ўшанда.-Биз ҳам ўз сўзимизни ўзимиз гапира олишимиз мумкинлигини кўрсатди бу!
Наврўз янги кун дегани. Ўшанда телемарафон зулмат остидан чиқиб келаётган янги куннинг нурига айланганди. Вақт ўтиб уйғонган бўрон ва довуллар бу нурни ўраб олдилар, янги куннинг осмонини булутлар қоплади. Лекин бу абадиятга эмас. Наврўз байрамини минг йилар давомида ўлдиришга уринганлар бу ишни уддалай олмаганлари каби янги кунни ҳам ўлдира олмайдилар. Янги кун ҳали қайтади!
23.БОКУ
Боку худди тоғлар ва адирлар устига жамланган тарихий эртаклар мажмуасига ўхшайди. Биноларга қараб-қараб кетаверасиз ва донишманд бир буви қулоқларигиз остида эртак сўзлаётгандек бўлади. Бу ҳикоялар узоқ тарих билан яқин ўтмишни бир-бирига шундай боғлайдики, чегарани тополмай қоласиз.
Шаҳар дунёнинг энг кўп шамол эсадиган жойи десам лоф бўлмас. Чунки “тўполончи” Ҳазорнинг шамол қочадиган соҳилида. Денгиздан келган шамол шаҳарни тинимсиз “супуриб” туради. Оёқ остидан кўтарилган тўзон истайсизми, истамайсизми йилнинг уч фаслида асабингизни ғичирлатади. Ёзда эса акси. Ҳазор соҳилида кезсангиз, худди жаннат шамолидан симираяпман, деган бир ҳис кечади кўнгилдан.
Тўрт йилнинг бир йили Боку-Ашгабат-Туркия орасида ўтди.
Ўша кезда Боку Туркиянинг катта бир вилоятига айлангандек эди. Ҳокимиятга Абулфайз Элчибей бошлиқ туркчилар келгани учун бутун ҳаёт “турклашган”ди. Рус тилида гапиришга барҳам берилган, лотин алифбосига ўтилган, турк ишбилармонларига ҳамма йўллар очилган, президентнинг маслаҳатчиларидан тортиб, вазирликларда ҳам турклар ишлашар, шундай ҳам Туркия туркчасига жуда яқин бўлган озар тили Истанбул лаҳчасига дўна бошлаганди.
Бозорлардан телевидениегача ҳамма жойда Туркия нафасини сезиш мумкин эди. Ички ишлар вазирига қадар ўзини бўзқурт деб айтар ва ҳатто кабинетида бўрининг ҳайкали бор эди. Марказий Осиёга интилган Туркиядаги турли тариқатлар ҳам марказларини шу ерга жойлаштиргандилар.
Бокунинг қишдаги совуқ шамолини севмаган бўлсамда, меҳри иссиқ одамларини шу қадар севдимки, ҳалигача кўнгли очиқликдан, бағри кенгликдан, саховатпешаликдан гап очилса, кўз олдимга Боку , унинг ажойиб одамлари келади. Аммо ана шу халқ ҳам жуда қийналди, азоб чекди, ватанни севиб ватансиз бўлди, урушнинг қонли кўчаларида қолди… Минг-минглаб ёшларининг умри Шаҳидлар хиёбонида тугади.
Туркия ҳукумати негадир туркчи Элчибейни коммунист Алиевга “сотиб юборди”, худди Иккинчи жаҳон уриши тугаганда немислар қўлида бўлган озарбайжонлар Туркиядан бошпана сўраганлари ва Анқара уларни Сталинга тошириб юборгани каби…
1993 йил 17 апрел куни Самарқанд зиндонидан қочгач, жуда кўп саргузаштлардан кейин 21 апрелда Бокуга етиб келдим.
Бу уйда 1992 йилда ҳам бир неча кун қолгандим. Ўшанда Бокуда Турк дунёси қурултойи бўлиши керак эди. Ўзбекистондан бир неча киши келгандик. Жумладан, “Бирлик”дан Абдураҳим Пўлат ва “Эрк” дан камина ҳам бор эдим. Озарбайжон президенти Элчибей ва Туркия раҳбарлари Қурултойни Анталияда ўтказишга келишиб қўйишган экан.
Абулфайз Элчибей махсус учқич ажратди ва биз Анталияга учдик. Бу Туркияга иккинчи бор келишим эди. Бундан тўрт йил олдин СССР Журналистлар уюшмасининг ғолиблари гуруҳида бир ой Туркияни айлангандим ва “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” деб номланган туркум мақолалар ёзгандим.
Анталияда бир неча кун қурултойда қатнашдик ҳамда турк дунёсининг таниқли одамлари билан танишдик.
Ўша ерда устоз Боймирза Ҳайит Туркиядаги Туркистонликлар жамиятининг раиси Аҳад Андижон билан таништирдилар. Аҳад ака ва Боймирза ота билан чойлашиб, анча суҳбатлашдик. Аҳад ака визит карточкасини бериб, “Қачон Истанбулга ўтсангиз сим қоқинг, мамнун бўламан”, деди.
Хуллас, Бокуга қайтганимиздан сўнг Ёдгор Обиднинг уйида турдим. Бу жой Ёдгор акага Озарбайжон жабҳачилари (Халқ жабҳаси ҳаракати) томонидан берилган эди.
Мана энди Бокуга иккинчи марта келаяпман ва бу сафар ҳам тезда қайтаман, деган илинж бор кўнгилда.
Аэропортдан метрога қадар қатнайдиган “Икарус” автобусига миниб, Ёдгор аканинг уйига келдим. Ёдгор ака қучоқ очиб кутиб олдилар ва бир бурда нонларини баҳам кўра бошладик. Биргаликда жабҳага бориб-келиб юрдик.
Озарбайжон Халқ жабҳаси ҳаракатининг марказий биносини “жабҳа” дейишарди. Жабҳада “Туркистон” бўлими ҳам очилган бўлиб, у ер бошқа жумҳуриятлардан келган мухолифат вакилларининг қароргоҳига айланганди.
Бу жойга олдинги сафар ҳам келгандим. Ўшанда жабҳага яқин парк ёнидаги газета дўкони ёнида тўхтадик. Дўконнинг ичи газетага тўла эди. Сўрасак, 600-700 та газета чиқаркан. Фақат бир нечтаси ҳукуматда бўлган Элчибейнинг тарафдорларига тегишли, холос. Қолганларининг илдизи Нахичевнага бориб тақалар экан.
Нахичеванда эса совет қаттол тузумининг “хўроз”ларидан бири бўлган Ҳайдар Алиев раҳбар. Унинг Бокуга келишини чеклаб қўйишган, аммо “қўллари” – газеталари ҳамма ёқни эгаллаган.
Ўша кун “Бу кетишда яқин орада Алиев Элчибейни ағдаради” дедим. Шеригим кулиб қўйди ва ҳазиллашиб: “Биров эшитиб қолмасин бу гапингизни” деб жабҳа томонни кўрсатди.
Элчибей инсон ўлароқ дунёдаги энг яхши одамлардан биттаси бўлса керак. Камтар, ақлли, бағри кенг, соф ниятли, ростгўй… У катта файласуф эди, аммо жангчи эмасди. У кучли олим эди, лекин замонга мос сиёсатчи эмасди. У ўта раҳмдил эди, жойи келганда бешавқатлик, қаттиққўллик қилолмасди.
Агар Америка каби бир давлатда шундай одам президент бўлиб қолса, бу нафақат Американинг балки бутун дунёнинг бахти бўлади. Лекин Озарбайжон каби уруш оловининг қоқ ўртасида турган, миллат гуруҳларга айланиб кетган, мамлакатнинг қарийб ярми араманилар томонидан босиб олинган бир ўлкада бундай одамнинг ҳокимият тепасига келиши жуда кўплар учун бахтсизлик, ҳатто унинг ўзи учун ҳам омадсизлик эди.
Бокуга иккинчи марта келганимда бу фикрим яна кучайди.
Ҳаттуо унинг тарфдорлари ҳам иккиланиб қолишганди. Умуд деган дўстим Элчибейни севар, ҳурмат қилар, аммо ўта юмшоқлигидан қисқа вақтда иқтидорни йўқотади деб ўйларди.
Улар Элчибей “бей” деишарди.
-Бей раис бўлолмади, бўлолмаяти, кетади, шармандали тарзда кетади,-деб афсус чекарди.
Шунинг учун ҳам Умуд ҳукумат ишларига урмади. Мустақил қолишни истади.
Фикр яқинлиги одамларни дўстлаштиради. Бейнинг иқтидори ҳақидаги айни фикрдалигимиз бизга соатлаб суҳбатлашиш имконини берарди. Бошқача айтганда, Бей ўзи билмаган ҳолда Умуд ва мени бир умрга дўстлаштириб қўйганди. Биз у билан ака-укага айлангандик.
24.УМИД
1993 йил 17 апрел куни Самарқанд зиндонидан қочгач, жуда кўп саргузаштлардан кейин 21 апрелда Бокуга етиб келдим. Шоир Ёдгор Обид турадиган уйга бордим.
Бу жой Ёдгор акага Озарбайжон жабҳачилари (Халқ жабҳаси ҳаракати) томонидан берилган бўлиб, 1992 йилда Туркияда турк дунёси қурултойига бориш олдидан ва қайтгандан кейин ҳам шу жойда турган эдим.
Ҳозир гап шундаки, Бокуга келгунимча оёқларим орқасида пуфакча(мазол)лар пайдо бўлган ва тузалмай ярага айлана бошлаган эди. Ўша кунлари “Авроосиё” ташкилотини тузган адиб дўстим Умуд Мирзоев оқсоқланиб юрганимни кўриб, сабабини сўради. Айтишга уялдим. У кескин оҳангда:
-Туфлингни чиқар!- деди.
Хуллас оёғимдаги яраларни кўриб тутоқиб кетди. Бир зумга қаергадир чиқиб келдида:
-Кетдик,-деди.
Унинг идораси Озарбайжон президенти биносининг шундай ёнида эди. Ўша ерда айланиб юрган ҳарбий кийимдаги жабҳачининг ёнига бориб бир нарсалар деганди у дарҳол битта машина тўхтатиб берди.
Умуднинг уйи ўша кездаги Карл Маркс майдони яқинида эди. Бу жой шаҳарнинг Бинагади туманига қарарди. Умуд кўп қаватли бинода яшарди. Уйига чиқсак хотини эшикни очиб турибди. Хона ўртасида битта тоғора ва ичида қип-қизил сув. Сувга марганцовка солинган. Тоғоранинг ёнига стул ҳам қўйилган. Демак, Умуд уйига сим қоққан экан.
Хотини мени дарҳол стулга ўтқазиб, оёқ кийимимни еча бошлади. Ўзим ечаман десам ҳам кўнмади. Секин ярага ёпишган пайпоқни ечиб олдида, ҳол-жонимга қўймай оёғимни илиқ сувга тиқиб, юва бошлади. Кейин сочиқ билан артиб, дори қўйди.
-Сен менинг қардошим, бу эса синглинг!-деди Умуд ўзимни ноқулай ҳис қилганимни кўриб.
То оёқларим тузалгунча у мени уйида сақлади. Ҳақиқатан ҳам Умуд менинг қардошимга, умр йўлдоши синглимга ва бир-биридан гўзал болалари эса жиянларимга айланди.
Ўзбекистондан бизни ушлаш учун одам юборилганда Умуд мени икки ҳафтага Фузулий туманига, ота-онасининг уйига олиб бориб қўйди. Ўшанда Озарбайжон ва арманилар орасида уруш бораётган ва жанглар бу жойларга ҳам яқинлашиб қолганди. Биз кечалари отишмалар овозини эшитиб чиқардик.
Умуд Фузулий туманининг ҳокими Озарбайжон халқ қаҳрамони унвони олган Навҳал исмли йигит билан таништириб қўйди. У ҳолимиздан хабардор бўлиб турди. Навҳал миллати учун жонини тиккан йигит. Лекин Ҳайдар Алиев ҳукуматга келгач, уни қаматиб юборганини эшитиб хафа бўлдим.
Ўшанда Ёдгор акани Паноҳли деган дўсти олиб кетди. Икки ҳафтадан кейин Каримовнинг одамлари Бокудан қайтгач, биз ҳам ўз жойимизга келдик.
Ўша кезлари Ўзбекистондан мухолифатчиларни ушлаб келиш учун Туркманистонга 2-3 марта ва Озарбайжонга ҳам 3-4 марта одам юборилган. Лекин улар доим “қўли қуруқ” қайтишган. Бизни яратганнинг кучи қўриқлаган десам лоф бўлмайди.
Орадан салкам 15 йил ўтиб, Умуд АҚШга келди. Биз бир неча кун бирга бўлдик, у азиз меҳмоним эди. Кейин орадан беш-олти йил ўтиб, Туркияда қизимнинг тўйига ташриф буюрди. Умидки, бир кун Умуд Ўзбекистонга ҳам келади.
25. САДРАТДИН
Худо севган қулига бекитилган йўл ўрнига бошқа йўл очиб беради, деган гапга жуда ишонаман.
Бир куни Умуд билан Бинагади тумани ҳокимлиги биноси ёнида учрашишга келишдик. Одатим бўйича олдинроқ келиб, катта йўл ёқасида у ёқдан бу ёққа юриб турдим. Кутилмаганда бир оқ “Волга” йўлакка чиқиб кетиб, мен томонга ўқдай отилиб кела бошлади. Бундай пайтда одамда реакция тез ишламаса, у шок ҳолига тушса, тамом. Бир ҳамла билан ўзимни четга олдим. Машина тегар-тегмас “учиб ўтди”. Анча нарига бориб тўхтаб қолди. Балони тешилиб, йўлакнинг четига чиқиб кетган экан.
Машина ичидан бўйи узун, катта раҳбарларга ўхшаб башанг кийинган бир киши чиқди. Ҳамма унга яқинлашиб “Садратдин малим, омонмисиз?” деб сўрай бошлади. “Муаллим” сўзи Озарбайжонда ҳурматли кишиларнинг номига қўшиб “малим” тарзида айтилар экан. Садратдин малим тез-тез юриб менинг олдимга келди:
-Сени ўлдирсам керак деб ўйлагандим,-деди у ва қучоқлаб бағрига босди. Озарбайжонда яқин олиб гапирса “сен” дейди, бегонага ва катта лавозимдаги одамга “сиз” ишлатишади.
-Юр, юр,-деб Садратдин малим ҳокимият биносига бошлади. Кабинети бор экан. Қўлига бир ҳовуч сувни олдида юзимга сепиб юборди. Сесканиб кетдим.
-Ана энди мана буни ичиб ол, -деди у бир бардоқ(кичкина стакан)да сув узатиб.
“Қўрқмадим” демоқчи эдим, лекин рангим оқариб кетганидан у ваҳимага тушган экан.
Кейин гаплашиб қолдик. Туман ҳокимининг саломатлик, маданият ва маиший масалалар бўйича ўринбосари экан. “Ўзбекман” деган гапдан бошқа сўз ишлатишга улгурмадим. У ўзининг Нахичевандан эканлиги, отаси Ҳайдар Алиевнинг яқин дўсти бўлгани, қариндошчиликлари ҳам борлиги, отасининг Шароф Рашидов билан учрашгани… хуллас, дунёнинг ҳикояларини тўкиб солди. Кўнгли очиқ, самимий бир инсон экан. Кейин шу бинода жойлашган Миллий Истиқлол партиясини қўллаши, унинг раиси Эътибор Мамедов билан дўст эканлигини айтиб қолди. Унга Эътиборни озод қилиш учун имзо тўпланганда қўшилганимни айтишим билан унинг ҳузурига бошлади.
Эътибор бизни яхши қабул қилди. Иккаламиз тенқур эканмиз.
Унинг номи собиқ сафдоши Элчибейники каби машҳур бўлиб кетганди. Етмишинчи йилларда Элчибей билан мустақиллик учун курашга кирган. У пайтда бизда мустақиллик деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Уни бу ҳаракатлари учун олийгоҳдан ҳайдашган. Кейин Озарбайжон Халқ жабҳасининг ташкилотчиларидан бирига айланган. 1989 йилда катта намойишларни бошқарган. 1990 йилда Бокуга танк қўшинлари киргизилганда, у “Қора январ” номи билан тарихга кирган бу воқеани қоралаб, Москвада матбуот анжумани ўтказаётган пайтда қамоққа олинганди. Ёмонлиги билан номи чиққан Лефортово қамоқхонасида 9 ой ётганда дунё бўйлаб унинг озодлиги учун имзо тўпланганди. Ўшанда Тойиба Тўлаганова билан Олий Кенгаш биносининг ер ости қаватидаги почтахонасидан Москвага телеграмма йўллаб, 1,5 миллион кишининг сафига қўшилгандик. Шундан кейин 1991 йилда уни озод қилишди. Мана энди у Озарбайжон Миллий Мажлисининг аъзоси, партия раиси, лекин Элчибейга мухолиф. Унга очиқ хат ёзиб вазифасини Ҳайдар Алиевга топширишини талаб қилмоқда.
Садратдин телеграмма йўллаганимни айтиши билан у ўрнидан туриб, мени қучоқлаб олди. Озодлигини талаб қилганлар орасида икки ўзбек депутати ҳам борлигини билишини айтди. Балки кўнгил учун айтди бу гапни, у ёғини билмайман. Аммо ҳамма телеграммалар айланиб келиб унинг делосида тўпланганига шубҳа йўқ.
Эътибор билан шундан кейин юзма-юз учрашмадик. Чунки жабҳачилар уни хоин деб айтишар ва у билан учрашганларни ёқтирмас эдилар. Қолаверса, у шу қадар машҳур бўлиб кетдики, атрофида махсус қўрималар пайдо бўлди, ёнига бориш мушкул вазиятга айланди.
Биз Эътиборнинг ҳузуридан чиқар эканмиз, у Садратдин малимга “Мени озод қилган ўзбекни қўллаб тур” деди. Бир ярим миллион кишидан бирининг имзоси нима бўлибдики, деган каби жавоб қилдим. У эса:
-Битта имзо ҳам кўп нарсага қодир, мана сенга шофер топиб берди, Садратдин малим энди сенинг хизматингда,-деди ҳазиллашиб.
-Бош устига,-деб жавоб қилди Садратдин малим.
Ташқарида Умудни кўрдик.
У Садратдин малим ҳақида эшитган, аммо шахсан танимас экан. Ҳикоялар қайтадан бошланди ва Садратдин малим ўша куни бизни уйига меҳмонга чақирди. Отаси ҳам шу ерда экан. Тонг отар суҳбатлар қилдик ва Садратдин билан дўстлашиб қолдик.
Деярли ҳар кун биргаликда касалхоналар, ошхона-ресторанларни бориб кўрамиз. У мендан маслаҳат сўрайдию аммо ўз билганидек қарор чиқариб кетаверади. Кейин уни танқид қиламан. У кулади ва “Сен ҳақ эдинг, аммо буларга қаттиққўл бўлиш керак” дерди.
Қизиқ ҳол. Элчибейнинг ёмшоқлиги ҳам ёқмасди, Садратдиннинг қаттиқўллиги ҳам. Инсонга ўзи нима ёқади?
Ёдгор аканинг уйига ҳам оз борадиган бўлиб қолдим. Чунки Садратдиннинг катта ҳовлиси бўлиб шу ердан бир хонани менга ажратганди. Умр йўлдоши ҳам ажойиб аёл. Болалари худди укаларимдек бўлиб қолди. Бормаган кунларим учун хафа ҳам бўлишарди. Бирданига Бокуда учта турадиган жойим бўлди. Ҳали тўртинчиси чиқиб қолишини эса хаёлимга ҳам келтира олмасдим.
Лекин буларнинг ҳаммаси кўнгилга сиғмасди. Оилам ва болаларим Самарқандда қолган. Умр йўлдошимни тергов қилишаётганди. Бир кун телефон қилсам, оиламга озиқ-овақт олиш учун купон беришмабди. У пайтда муҳим озиқ-овқатлар купон билан бериларди. Қайнатам ўзларининг купонларини берсалар орқадан кузатиб борганлар уни ишлатишга ҳам қўйишмабди. Қайси дўкондан нарса олишса, ўша ерга кириб, текширув ўтказишаркан. Ҳатто болалар касал бўлишса, дори берган аптекачини ҳам сўроқ қилишган.
Оиламни уй қамоғида сақлашаётган эди, кейинги режалари-суд қилиб, умр йўлдошимни қамаш ва болаларни олиб қўйиш. Бу гапни ҳар томондан эшитардим. Лекин терговни чўзишаётганидан асл мақсадлари менинг қайтишим ва Каримов ҳақида ёзган китобимни уларга топширишимни кутишмоқдами, деб ҳам ўйлардим.
Умр йўлдошим Олий Кенгашнинг Ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидов, Жумҳурият Хотин қизлар қўмитаси раиси Ҳалима Худойбердиева, Фахрийлар қўмитаси раиси Бектош Раҳимов номларига хатлар жўнатганини айтди.
Улар мени шахсан танисалар, бирга фаолият кўрсатган бўлсак ҳам жавоб қилолмасликларини айтсам ҳам у ёзаверибди. Лекин президент девонидан икки киши бориб, китобни топшириш ҳақида талаб қўйишибди. Телефон қилсам, умр йўлдошим “Тағин китобни топширманг, ўша ёқда нашр этинг”, деди. Шундан кейин уларга телефондаги гаплари учун ҳам тазйиқ бошланди. Энди сим қоқсам учинчи одам каби гапирадиган бўлдим, умр йўлдошим ҳам бегонага жавоб қилган каби сўзлайди. Қанақадир пароллар, кодлар ихтиро қилиб юбордик.
Ўшанда асосий қисми “Қувғин” китобига кирган воқеаларни қоғозга тушира бошлагандим. Юз саҳифадан зиёдини таҳрир қилиш учун Дилором Исҳоқовага бергандим. У таҳрир қилар экан, “Тўмарис”даги аёллар, бошқалар ҳам ўқимоқчи бўлишганини айтди. Майли дедим. Хуллас, кейин нима бўлди, нима қўйди, шов-шув бўлди. Булар ана шу китобга қизиқаётган эдилар.
Ҳар кун Самарқандга телефон қиламан ва олов ичида қоламан. Беш ёшли қизчам ҳам ойиси ўргатган каби “амаки” деб гап бошлайдию кейин “дада” деб юборади. Уларнинг айби нима? Нега мен учун улар жазоланишлари керак? Қайтиб кетсаммикан? Унда нима бўлади? Қамашади ва уларнинг аҳволи бундан ҳам оғирлашади.
Телефон қилмасам, дунёни зулмат қоплайди, телефон қилсам, юракни юлиб оладиган хабарлар׃
“Айтиб қўйинг, акалари Аббос акани ҳам олиб кетишиб, қийнашмоқда”
“Қишлоқдан синфдошлари Худойберди ва қариндошлари Абдукаримни ҳам ушлаб кетишибди.”
“Холаларининг ўғиллари Ўткир, Аҳмаджон ва Шарофларни ҳам олиб кетишибди.”
“Амакиларининг ўғли Шарифни ишдан ҳайдашибди.”
“Поччалари Ражаб акани ҳам қамашди…”.
Ўзим ўзимга “айтиб қўйишим” керак бўлган бундай оғир хабарларнинг кети узилмасди ва пичоқнинг учи каби мияга санчилар, аста-секин бўйинга, кейин кўкракка қараб босиб келаверарди.
Энди ўйласам, худди мана шу оғир юкдан енгиллатиш учун ҳам Садратдин деярли ҳар куни зиёфатларга чақирар экан. Лекин томоғимдан овқат ўтармиди? Телефоннинг нарёғида йиғлаган тўрт ёшли эгиз қизалоқларимнинг йиғиси қулоқларим остидан кетармиди? Садратдин эса “Оиланг ва болаларингни мутлоқ олиб келамиз ва бунинг учун ўзинг мустаҳкам бўлишинг керак” деб овутарди.
У билан оиламни Самарқанддан олиб чиқиш ҳақида ўйлар ва режалар тузардик. Худонинг ишларини қаранг, бир пайтлар Бокуга танклар босиб кирганида бефарқ бўлмаганим ва ўзим танимган бир одамнинг ҳимоясига қўшилганим – кичик бир одим энди нафақат ўзим, балки оиламнинг ҳам ҳаётини қутқазиш учун сабаб бўлиб турибди.
Дарвоқе, халқим деб кўп гапирамиз. Оиламиз ҳам ана шу халқнинг бир парчаси-ку? Ўз оиласини қутқара олмаган одам қандай қилиб бошқаларни қутқариши мумкин? Оиласининг мансублари қийноқда, азобда, қамоқларда ётгани ҳолда ўзи мазза қилиб юрган одамни асло тушуна олмайман.
Тўғри, инсоннинг ўз жони ўзига ширин, лекин бу жон учун бошқалар азоб чекса, бундай жон ҳеч нарсага арзимай қолар экан. Кимдир бу ҳолни “тушкунлик” дейди. Баъзилар бундай ҳолни “сентиментализм” деб устимдан кулишган ҳам. Лекин бағритошлик, қаҳриқаттиқликни ана шундай тушкунлик ва сентиментализмдан устун қўя олмадим.
Кимнингдир наздида бу ожиз нуқтамдир? Лекин ўзим бундай деб ўйламайман… Шунақа, манман! Чунки бу “тушкунлик” ва “сенитиментализм” узоқда туриб бўлса ҳам оиламни, мен учун қамалганларни қутқариш йўлларини топа олишимга сабабчи бўлган.
Дарвоқе, ўш кунларнинг бирида Садратдиннинг отаси оламдан ўтиб қолди, кекса одам эди. Аммо ажойиб суҳбатдош инсон эди. Эндигина топган яхши бир одамингизни бирдан йўқотиш ҳам оғир. Отасини кўмиб қайтарканмиз, Садратдин билан Бокудаги Шаҳидлар қабристонига ўтдик.
-Бу қабристонни айлансанг, бизнинг йўқотишларимиз ҳеч нарса эмаслигини кўрасан деди,- у.
Қабристонни айланиб юрагимга бир “дод” ўрнашди ва бу “Шаҳидлар хиёбони” китобига айланди.
Даҳшат! Қабр ортидан қабр келаверади… Йилларига қарайверасиз, ёш йигит қизлар.. 18 ёшда…, кейингилари ҳам 18, 18, 18, 17, 16, 19, 19, 19, 20, 20, 17… Бу рақамлар тугмайди ҳеч. Тошларга кўчган суратларга тикиласиз. Бири-биридан гўзал навқиронлар. “Ўлган одамлар гўзал кўринишармикан ёки фақат гўзал одамларни ўлдиришармикан?” деган савол кечади хаёлдан. Юраверасиз, юраверасиз ва оёғингиз мадорини йўқотиб бораверади. Охир бир жойда тиз чўкиб, тин олиб, дуо ўқий бошлайсиз…
Мустақиллик учун жангу жадаллар ватаним деган бу митти алпомишларнинг жонини олганди, уруш деган бало уларнинг хунини тўкканди… Минг гулидан бир гули очилмай, “Олға!” деганларга ишониб, қонли майдонларга кирган, ўзини танкларнинг остига отган бу навқиронларнинг ота-онаси қандай бардош берди экан айрилиққа? Мен чеккан азоб билан бу қийноқни солиштириб бўладими? Асло.
Ўша кун “Ватан!” деб бақиришни маккор ҳукмдорлар ўйлаб топган, “Қўлингга қурол ол, инқилобга чиқ!” деган гапни ҳокимият шаҳватини ичаман деган каззоблар уйдирган ва шунча навқиронларнинг ўлимига сабаб бўлишган деган ўй кечди хаёлимдан…
26.ЁДГОР ОБИД
Бир куни Ёдгор ака билан Ҳазар денгизининг соҳилида суҳбатлашиб бораётгандик, у киши тўлқинларнинг соҳилга урилиб, кейин ортга қайтишига тикилиб қолдилар.
-Бунда ҳам катта фалсафа бор-а, Ёдгор ака,- дедим.
-Ҳа, биз ҳам тезроқ орқага қайтишимиз ҳақида ўйлаяпман. Қаранг, шашти тез тўлқинлар ортга ҳам шашт билан қайтмоқда. Шашти сустлари эса соҳилнинг этагини “тутиб” қолмоқда…
Ҳар ҳолда сўзма-сўз айнан бўлмасада, суҳбатларимиздан бирининг мазмуни шундай эди.
Ўшанда мухолифатнинг шашти бугунги каби суст эмас, аксинча шашти анчагина баланд эди. Ҳатто ҳукуматни қўлга олган Озарбайжон мухолифати ҳам ўзбеклардан бир нарса ўрганишга ҳаракат қиларди.
Халқ жабҳаси жойлашган марказий бинода Ёдгор Обид учун махсус жой ажратилган ва у Элчибей бошқарувига Ўзбекистон масаласида маслаҳатчи эди. Жабҳанинг Туркистон деб номланган бўлимида фаолият кўрсатган туркий жумҳуриятларнинг вакиллари ҳам Ёдгор аканинг оғзига қараб туришарди.
Ёдгор ака эса жуда оз гапирадиган, минг марта ўйлаб, кейин бир марта хулоса қиладиган одам. У бир нарса дейишдан олдин чуқур ўйлаб кўрадиган шахс. 20 йил олдин ҳам шундай эди, бугун ҳам. Чунки бирор бир масалада иккиланиб қолганимда, Ёдгор аканинг кўнглига қўл солиб кўраман, у кишининг маслаҳатларини олиб тураман. Ёдгор ака “ҳмм…” деб чуқур ўйга толсалар, демак, ўйлаб кўришим керак, агар фикримни тасдиқловчи бир қанча мисоллар келтирсалар, демак, бу “Иккиланманг, ҳақсиз!” деганлари бўлади.
Илк бор Ёдгор акани Тошкентда кўрганимда, унинг босиқлиги ва катта файласуфлардек мушоҳада қилишига қойил қолгандим. У билан “Халқ сўзи” газетаси ёпилган кунларда, Талабалар шаҳарчасида қон тўкилган кезларда, мухолифатнинг турли йиғинларида учрашган, суҳбатлашган бўлсакда, уни Бакуда танидим.
Биз бир йил давомида бирга бўлдик. Ёдгор Обид, Баҳром Ҳамроев – уччаламиз, баъзан эса Мурод Жўраев – тўртталамиз баҳсларни “туннинг биқинига михлайвериб” ҳафталарни ойларга улаганмиз.
Ёдгор ака кўнгли очиқ ва ҳазилни кўтарадиган одам. 1992 йил Анталияда Турк жумҳуриятлари қурултойида Ёдгор ака билан бўш вақтларимизни иккаламиз ҳам меҳр қўйган устозимиз Боймирза Ҳайит билан ўтказишга уриндик.
Бир куни Боймирза ота ижодкорлар ҳақида гапирдилар׃
-Ижодкор қаерда бўлмасин, барибир ижодига қайтади. Унинг ижод деган миллати бор. У ана шу миллатидан айро тушган куни тугайди. У доим хизмат қилишни истайди. Унинг хизмати ижодидир. Мана мен Ўзбекистонга бордим. Ҳукумат қувиб чиқарди. Лекин ижодкорлардан бошқа одам кузатишга, хабар олишга келмади…
Боймирза ота ижодкорнинг энг улуғи эдилар. Оёқлари ишламай қолиб, қўлларида фақат учта бармоқ ҳаракат қилганда ҳам ижодни тўхтатмадилар. Умрларининг сўнгги пайтларида юра олмас эдилар. Аммо турли халқаро анжуманларга борардилар-ногиронлик аравачасида.
Ёдгор акада шу хислат бор. Касал бўлса ҳам бировга айтмайдиган одам. Бокуда бир кун эрталаб қаттиқ йўталиб тургандилар. Иситмалари ҳам бор эди. Шунинг учун безовта қилмай, Баҳром билан чиқиб кетдик. Кечқурун қайтиб келсак, у киши йўқ. Ярим тунгача келмадилар. У ёқ, бу ёққа телефон қилсак, жабҳачилар билан уруш бораётган жойга кетибдилар.
“Кетдик, жангчиларга шеър ўқиб берасиз” дейишса, кетаверибдилар. Шамоллаб қолган ва иститмаси чиқиб турган одам бир ҳафта жангоҳларда бўлиб келдилар. Демоқчиманки, унча-бунча хасталикни оёқда енгадиган паҳлавонликлари ҳам бор.
Ёдгор ака ҳазилни кўтарадиган инсон. Кулганда ҳам шунчаки “ўпкадан” эмас, юракнинг тубидан мазза қилиб куладилар. Бокуга борган дастлабки кунларим эди. Қарасам, Ёдгор ака осмонга қараб эмас, ерга қараб, икки оёғини орқадан букиб, худди осмон тушса, ушлаб қоламан, деган каби ухлар экан.
-Бу қанақа ётиш, синчалак ётишми?-дея ҳазиллашдим у кишига.
-Мамлакатда уруш кетмоқда. Том қулаб тушса, ушлаб қолайин, дейманда,-деб секин кулиб қўйдилар.
У кишни ҳазилни ҳам юмшатиб айтади. Яъни “бошларингга том қуламасин дейманда” ҳам дейишлари мумкин эди. Аммо секингина кулиб қўйишларидан ҳазилнинг “жияни” борлигини сезиб олардик.
Лекин аслида ҳам Ёдгор ака бировни қутқариш учун керак бўлса томни тутиб қолишга журъат қиладиган инсон. Ҳафталаб уруш бораётган жойларга бориб, аскарларга шеър ўқиб келиш осон иш эмас. Озарабайжон халқ жабҳасида, армиясида Ёдгор акани танимайдиган одам йўқ ҳисоби эди. Айниқса раҳматли Абулфайз Элчибей у кишини жуда ҳурмат қиларди.
Бир куни мухолифатга бошпана бермоқда, деб Тошкент режими Боку билан ҳаво йўлини бекитиб қўйди. Шунда Абулфайз Элчибей агар “У диктатор Ёдгор Обид каби буюк шоирни, демократларни истаётган бўлса, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди” дея баёнот берди. Бу баёнотни шунчаки бирор йиғинда эмас, балки Москванинг “Время” ахборот дастури орқали айтди.
Ёдгор ака баъзан жуда катта масалани ҳам енгилгина қилиб айтиб қўя қолади. Москвада “Озодлик”нинг мухбири эдилар. Бир куни ўзбек бўлимининг раҳбари׃
-Тенглаштиринг,-дебди.
Ҳалиги “баланс қилиш керак” деган гап бору, шуни айтганда. Шунда Ёдгор ака׃
-Қандай тенглаштираман? Бир томон зил-замбил, жуда оғир, иккинчи томон енгил. Буни тенглаштириб бўладими?-деб юрдилар.
Бу оддийгина гап, лекин юки ҳийла оғир. Шу нарса у кишининг радиодан кетказишга сабаб бўлганди.
Ёдгор аканинг жасорати ҳаммада ҳам йўқ. У қамоққа киришдан қўрқмайди. Мустақиллик учун кураш йилларида ҳар бир намойиш ёки митингдан кейин у кишини ушлаб кетишарди. У чўчимасди. Қамоқдан чиқиб, яна олов қайнаётган жойларга кетаверарди. Душанбеда Ленин ҳайкали қулатилган тунда у ўша майдонда эди. Наманганда аскарлар одий одамларни ўққа тутганда у ўша ерга бориб ҳайқирганди׃
Ғазабдан титрар қуёш,
От-а, от, итваччалар!
Қочаётир кекса-ёш,
От-а,от, итваччалар…
Бундай гапларни бугун четда туриб айтиш осон. Аммо ўша кезда мамлакат ичида туриб айтиш осон эмас эди.
Фарғонада икки қардош орасига низо солинганида у ҳам ўзбек, ҳам месхет турки бўлиб йиғлаганди, ўзбек ва қирғизни уриштиришганида у Туркистон каби қон-қон бўзлаганди, ҳали Бўкада, ҳали Паркентда… қаерда бўлмасин, у одамларга Туркистон бирлигидан гап очиб, уларни қон тўкмасликка ундарди. Озарбайжонда туркларнинг қони оққанда у Тошкентда Қорабоғ қўмитасини тузиш учун майдонга чиққанди.. Хуллас, унинг жасорати режимни ларзага солди ва у ўлим билан юзма-юз қолиб, мамлакатни тарк этди. Лекин курашини тарк этмади.
Дарёлар оқмоқда. Дарёлар-
Тинмайди. Тинишни билмайди.
Дарёлар оқмоқда. Дарёлар-
Умридан нолиш ҳам қилмайди.
Унинг ўзи ҳам шеърларидаги дарёлар каби умридан нолимасди. Бокуда ҳокимиятни Ҳайдар Алиев эгаллаб олгандан кейин у ерда нафақат Озарбайжон фаолларига, балки бизга ҳам қадам босадиган жой топилмади. Ҳайдар Алиев телевидение орқали гапириб, Туркистон номи остида бирлашган мухолифатчиларни тезда тутиб, мамлакатларига бадарға қилишни буюрди. Ўша куни дўстларимизнинг талаби билан биз Озарбайжонни тарк этдик. Ёдгор ака Москвага кетди. У ерда ҳам курашини давом эттирди. Лекин Москвани ҳам унга кўп кўрдилар. Унинг товушини ўчириш учун ҳамма йўлларга бош урилди.
У ситамлар силсиласини енгиб бораверди. Чунки унинг излаётган ёрқин юлдузи бор эди. Бу юлдуз жуда олисларда эди. У озод Туркистонни истарди, у адолат юлдузини истарди.
Юлдуз олисда ва унга етиш жуда мушкул. Унинг азоблари ва машаққатлари бир ён, унинг тўсиқлари ўнлаб умрларга тенг. Ака-ука бир-бирини қонга ботириб, айни миллат фарзандлари бир-бирини қириб, бу орзунинг йўлини тўсаверадилар. Шоирнинг дили ўртайди׃
Андижон, Ўш, Ўзганда
Дарё – дарё қон оқар,
Итлар эса ит режа
Тузиб юрар ҳарёнда.
Шоир бу нарсалар бежиз эмаслигини, ўша юлдузга етишни орзу қилганларнинг орзуларини етим қолдириш учун пайдо бўлганини ҳис этади ва “Дод!” деб майдонга тушгиси келади. Худди бобокалони ҳазрат Амир Темур каби, худди буюк Бобур мирзо мисол…
Мезон бўлиб ҳаволанди номус – ор,
Ёт тупроқда энди қандоқ ётайин…
Туроннинг на ҳадди ва на xати бор,
Қиличимни келтир, ўғлим Ҳумоюн!
Ҳумоюнлар мангу уйқуда… Қиличлар қинида занглаб ётибди… Туроннинг, Туркистоннинг ҳоли хароб. Чунки׃
Қора ранг туйғулар чўммоқда кузга,
Қонли ёш доғ бўлди битилган сўзга.
Жафокаш, захматкаш халқимдан ўзга-
Сотилмаган киминг қолди, Туркистон!
Сотилмаган фарзандлар орасида шеърнинг муаллифи ҳам бор. Озчиликка айланиб қолган шоирлар ва озчиликка айланиб қолган халқ…
Баъзан шоирнинг юраги унинг шаштига чидамай безиллайди. У кўксида безиллаб турган юрагини алмаштиргиси келади. Қаердан топсин безилламайдиган юракни? Бу армон. Ана шу армон унга тинчлик бермайди. У салобатли тоғларга ҳайқиради׃
Битта армон билан келдим қошингизга…
Тоғлар, менга берсангиз бас юрагингиз!
Лекин тоғлар ҳам буюк ўлим қаърида, жим ва сокин… хасис в жонсиз… Худди булутларга бош урган улкан ҳайкал каби. Бу ҳайкал қаршисида бош кўтариб тураверишдан ҳолсизланган шоир яна хаёлга толади. Шу топда унинг аламлардан безиллаган юраги тилга киради׃
Кўтаргил қаддингни, дадил боқ бир зум,
Мард келса – номардлик ўлимга маҳкум,
Бошинг эгган саринг ҳаддан ошиб, шум-
Ҳайкаллар юрибди Ўзбекистонда.
Шоирнинг дунёсига назар солсангиз ана шундай буюк ўзгаришлар ва буюк исёнлару буюк инқилоблар тўлқини соҳилга урилаётганини кўрасиз. Худди Ҳазар соҳилидаги ҳол… Шиддатли тўлқинлар соҳилга урилиб, ортга қайтмоқда, шиддатсизлар эса соҳилга маҳлиё бўлиб, айланиб қолмоқда… Шоирнинг тўлқинлари бу соҳилни сева олмади, ортга қайтиш кучи ниҳоятда кучли. Унинг бу орзуси тинмас, бу умиди синмасдир… Унинг шашти-шиддати шеърга айланиб, соҳилга урилганча ортга қайтиб, уммон бағрига инмоқда.
Орзулар – ўлмади. Умидлар – тирик.
Гарчи кўнгил вайрон. Умрлар – хазон.
Кўзи мўлтиллаган саргардон кийик-
Туркистон бўғзида қилтиллаган жон…
Бу саргардон кийик бир кун Туркистон бағрига қайтишига шоир ишонади. Унинг йўлларини бекитсалар ва у жисм бўлиб қайтмаса, исм бўлиб қайтади, унинг қаршисига тўсиқлар солсалар, у шерлигида қайтмаса, шеър бўлиб қайтади…
27. АҲАД АНДИЖОН
Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганда уни биринчи бўлиб Туркия жумҳурияти таниганди. Бунга жавобан Ўзбекистон Президенти 1991 йилнинг 16 – 19 декабрида биринчи расмий зиёратини Анқарага қилди.
Ўшанда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида алоқа, транспорт, иқтисод, савдо-саноат ҳамкорлиги шартномалари имзоланди. Айни пайтда икки жумҳурият ўртасида маданият, таълим ва технология ҳамкорлиги хусусида протокол имзоланди.
Шундан буён икки мамлакат муносабатлари гоҳ юксалиб, гоҳ дебсиниб, гоҳида эса орқага чекиниш билан давом этмоқда.
Рамзий ўхшатиш қиладиган бўлсак, Ўзбекистон – Туркия муносабатларини йилнинг тўрт фаслига ўхшатиш мумкин. Муносабатлар осмонида гоҳида қуёш, гоҳида булут кўриниб тураркан. Туркия томони Ўзбекистоннинг барча инжиқликларига дош бериб келди. Чунки яқинда мустақиллигига эришган қон-қардоши билан жиққамушт бўлишни истамасди.
Шу сабабдан Ўзбекистон баъзан турк ширкатлари фаолиятини тўхтатиб қўяркан, баъзан эса етти-саккиз ойлаб уларнинг ҳисобларини музлатар, муҳрларкан Анқара товушини чиқармади.
Бухорода турклар томонидан иншо этилган нефтни қайта ишлаш заводи очилишига боришни истаган Давлат вазири, асли ўзбек бўлган Аҳад Андижон истагига рад жавобини олди.
Маълумки, бунгача Каримов Туркияда ислом фундаменталистлари таъсирига тушди, дея икки минг нафар талабани ортга чақирди. Исломий йўналишдаги бойларнинг фабрикалари чиқарган маҳсулотларига Ўзбекистон эшиклари ёпиб қўйилди.
Ўша кезда барча турк жумҳуриятларидан ўн минг талаба Туркияда таҳсил олаётганди. Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон ёзги таътилдан сўнг талабаларнинг аксариятини ўқишга юбормадилар. Ҳозир эса Ўзбекистондан Туркияда беш юзнинг атрофида талаба ўқийди ва улар таътил учун мамлакатга борганлар. Уларнинг келажаги ҳақида бир нарса дейиш қийин.
Танқид танинга ёқмас экан. Икки мамлакат муносабатларининг ҳам танқиддан таноби тортилди. Ўзбекистон Президенти 1992 йилдаги зиёрати давомида Истанбулда бу ерда яшаётган ўзбеклар билан учрашди. Ўшанда Туркистон жамиятининг раиси бўлган профессор Аҳад Андижон “Ўзбекистон диктатура томон бораётгани ва бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин”лиги ҳақида гапирди. Бир йилдан кейин Ўзбекистонга отланган Аҳад Андижонни Тошкент қабул қилмади.
Бугун ҳам Ўзбекистон ҳукумати Турк жумҳуриятлари масалалари билан шуғулланаётган давлат вазири, Туркистон жонкуяри Аҳад Андижонни ўзбек мухолифатини қўллаб қувватламоқда деб билади. Бир пайтлар шундай бўлган. Ватандошларини қўллаб, ўйлаб гапирган. Лекин бугун Аҳад Андижон катта сиёсатчи, давлат арбоби. Бир мамлакатнинг йирик вакили.
Ўтмишдаги бир танқид ва бугунги шубҳа билан Аҳад Андижоннинг Ўзбекистонга бориши муаммога айланган бўлса, ҳали сиёсатни ўрганишимизга жуда кўп вақт керак.
Кеча ака-укасини ўлдирган рақиблар бугун тинчлик столи атрофида ўтираётган ва сулҳ учун имзо отаётган шу даврда бир неча йил олдинги танқид учун икки мамлакат муносабатларини пайсалга солиб қўйиш ташвишли ҳолдир.
Туркияга келиб иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганимда таниш бўлиб қолганимиз, таниқли доктор ва жамоат арбоби Аҳад Андижонга телефон қилдим. У׃
-Эртага эрталаб “Ихлос холдинг” ёнида учрашайлик,-деди.
-Қаердалигини билмайман,-дедим
-Бўлмаса соат тўққизда Эминону деган жойга келинг, ўша ерда кутаман,-деди.
Айтилган жойга ҳамма вақт камида 15-20 дақиқа олдин етиб боришга одатланганман. Бу жойга ярим соат олдин келдим. Қарасам Аҳад ака (У мендан беш ёшга катта-ЖМ) кутиб турган экан. Биргаликда юқорига қараб юрдик. Кўп ўтмай “Ихлос холдинг” биноси ёнига келдик. (Бугун мазкур холдинг биноси шаҳар марказидан ташқарида, у пайтда марказда, ёпиқ бозорнинг биқинида эди-ЖМ).
Бизни мазкур холдинг раҳбари ва соҳиби Анвар Ўраннинг маслаҳатчиси Навзот Ёлчинтош деган одам кутиб турган экан. Ҳамма уни “Хўжа” дер экан. Аҳад ака ҳам унга шундай мурожаат қилди. Хўжа мулозимат мактабининг маҳоратли устаси, бизни жуда илиқ қаршилади. Аҳад ака мени бироз мақтаган бўлиб, Навзот Хўжадан газетага ишга олишни илтимос қилди.
Хўжа мени олиб қолиб, Аҳад акани ташқарига қадар кузатиб қўйди.
-Ўзбеклардан чиққан даҳо у,-деди қайтиб келиб.-Бунақа жарроҳ Туркияда битта. Ҳув ўша Бошқонлар ҳам амалиётни фақат Аҳад Бейга ишонади.
Мен қувониб кетдим. Бир ўзбек ҳақида шундай гаплар эшитиш ҳақиқатдан ҳам қувонарли эди.
У ёқ-бу ёқдан анча гаплашиб ўтирдик, кофе, кейин кетма-кет чой ичган бўлдик. Бир пайт Хўжанинг котиби׃
-Келдилар,-деди.
Хўжа Анвар Ўраннинг ҳузурига олиб кирди. Анвар Ўран мамлакат ичидаги кичик бир мамлакатнинг раҳбари эди. Ўзининг завод-фабрикалари, банк тизими, газета, журнал, телевидение (“ТГРТ”), радиоси бор ва Бош вазирлар унинг оёғига келадиган бир раҳбар эди.
-Бу миллатвакили (Туркияда депутатликдан кетган бўлсангиз ҳам номингизга миллатвакили сўзи қўшиб айтилади-ЖМ) бўлмиш қардошимизни Аҳад Бейнинг ўзлари бошлаб келдилар. Ул зотнинг ишлари кўп бўлганини билганим учун куттирмадим,-деди Хўжа ва Анвар Ўранга муддаони тушунтирди.
-Андижонданмисиз?-деди Анвар Ўран турклар каби сенсираб эмас, балки сизлаб.
Бунинг ўзи унинг бизнинг одатларни қанчалик яхши билишини кўрсатар эди. Мен ҳайрон эдим. Хўжа фақат Аҳад Бей деб айтди. Андижон деган гапни айтмади. Аммо Анвар Ўран дарҳол англади. Мен унга Самарқанддан эканлигимни айтдим.
-Мотрудий ҳазратларининг макониданмисиз?-дея Анвар Ўран ўрнидан туриб айланиб мен томонга келди ва қучоқлашиб кўришди.-Зап бизга керак одам экансиз. Биз Самарқандда Мотрудий ҳазратларининг уй-музейини яратмоқчимиз. Қимматли маслаҳатингиз керак бўлади. Биз собиқ шўролар ўрнидаги ўлкаларга ҳам очилмоқчимиз. Сизни яратганнинг ўзи юборди, Аҳад Бейга ҳам шукронимизбор.
Кейин Хўжага юзланиб׃
-Бугундан бошлаб, истасалар Туркия газетасида, истасалар ТГРТда, истасалар сизнинг ёнингизда ишласинлар,-деди.
“Туркия” газетасини танладим. Лекин ўша кун ўзбек бўлганимга ифтихор қилдим. Аҳад Андижоннинг ватандоши бўлганимдан ғурурландим. Газетада ишлаган йилларимда ҳам шу ғурурга содиқ қолишга интилдим ва уч ярим йилдан кейин АҚШга кетишимда Хўжа Аҳад Андижон номига ҳам миннатдорчилик билдирди.
Аҳад ака билан кўп мулоқотлар қилганмиз. Камтар, кўнгли очиқ одам. Қулоқлаштириш даврида Аҳад аканинг ота-бобосининг мол-мулки тортиб олинган ва отаси уч фарзандини олиб, 1932 йилда Афғонистонга ўтган.
У пайтда Аҳад Андижон чақалоқ бўлган экан. Кейин Туркияга кўчиб келишган. Ўзбеклар ўрнашган Адана шаҳрида бир муддат туриб Оқ Шаҳарга кўчишган. Аҳад ака Истанбул дорилфунунида тиббиётни ўқиб, шу ерда диссертациясини ёқлаб фан доктори, профессор бўлган.
У президент Тургут Ўзалнинг маслаҳатчиси, “Она ватан” партияси раис ўринбосари ва миллатвакили, Туркий жумҳуриятлар бўйича Давлат вазири, Ҳукуматнинг матбуот котиби бўлган. Умр йўлдоши ҳам доктор. Икки фарзанди бор.
Аҳад Андижон узоқ вақт “Туркистонликлар” жамиятининг раиси бўлган ва минтақа ҳақида жуда кўп илмий, ижтимоий ва сиёсий мавзулардаги асарлар муаллифидир.
Хорижга келиб танишган, яхшилигидан баҳраманд бўлганим, дўстлашганимдан ифтихор туйганим ўзбеклардан бири Аҳад Андижондир ва ҳалига қадар бошқа ўзбекларнинг ҳам унинг каби бўлишини орзу қилиб юраман.
28.СУРГУНДАГИ СОАТ
Америкага жўнаб кетишимиз маълум бўлгач, “Туркия” газетасида ишлайдиган дўстим Камол Чапраз билан Туркия бўйлаб оилавий сафарга чиқдик. Шунинг бир ҳафтасини Кастамону вилоятига ажратдик.
Кастамону Анқарадан 250, Истанбулдан эса 500 километр узоқликдаги жанубий вилоятлардан бири. Вилоятнинг марказида қадимий Кастамону шаҳри жойлашган. Тўрт тарафи тоғлар билан ўралган шаҳар уч цивилизациянинг, яъни уч маданиятнинг меъросларини сийнасида сақлаётир. Бу ерда Ҳитит, Юнон ва Усмонли маданиятининг осори-атиқалари, гўзал обидалари мавжуд.
Шаҳарнинг кун чиқар тарафида Милоддан аввалги Ҳитит маданиятининг кўзгуси бўлмиш ғор уйлар, Ғарбда эса булутларга таянган ва игна баргли дарахтлар оғушида қолган Илгаз тоғлари, Шарқида нариги соҳили Қримга узанган Қора денгизни кўрасиз. Қора денгиз бўйларидаги Жидда, Инабўлу, Абакан каби марказлар сайёҳларнинг севимли гўшаларига айланган.
Шаҳар ва вилоят ҳокими Сулаймон Южал тарихий ёдгорликларни кўрсатар экан, сафарни шаҳар четида, тоғ этакларидаги минора-соат ёнидан бошлатди.
-Бу миноранинг ўз ривояти бор,-деди у.-Соат Усмонли салтанатининг муҳим шаҳри Бурсада иншо этилганди. Подишоҳлардан бирининг хоними ҳомиладор экан. Қўққисдан бўйидаги боласини туширганда сарой аҳли подишоҳга, минора-соатнинг бонг уришидан хонимингиз қўрқиб кетдилар, дейишибди. Ўшанда подишоҳ бу соатни Кастамонуга сургун этган экан.
Ажаб дунё…
Сургун-соат ёнида расмга тушишлардан кейин ҳоким Кастамону қалъаси томон бошлади. Бу қалъа шу қадар юксакда эдики, тепадан боқсангиз шаҳар ичидаги бинолар гугурт қутисига ўхшаб кўринарди.
Инсон жуда ҳам мағрурланиб кетса, бу қалъага чиқсин, ўзининг нақадар зарра эканлигини ҳис этади.
Айни пайтда инсон ўзини нақадар зарра ҳис этса, бу юксакликка чиққанда кўнглини мағрурлик ҳисси тўлдиради.
Бу қалъа Усмонли халифалигининг илк пайтларида Жандар ўғиллари томонидан иншо этилган. Қалъанинг ости эса қоп-қоронғу зиндонлардан иборат. Зах зиндонлар…
Кастамонунинг яна бир аҳамияти шундаки, минг йилларча аввал Ўрта Осиёдан кўчиб келган боболаримиз илк ўлароқ ана шу заминга ерлашганлар.
Онадўли(Анатолия)нинг марказий шаҳарлардан ҳисобланган Кастамонуда туркнинг Қайи, Қиниқ қавмлари яшаган қишлоқлар бор.
Маълумки, Ўрта Осиёдан кўчиб келган қайилар Усмонлига асос солишди. Қиниқлар эса Салжуқ императорлигининг асосчиларидан. Умуман, Туркистондан Шимолга қараб юрган 24 турк қавмидан 16 тасининг исмини бугунга қадар яшатган қишлоқларни айланар экансиз, Қора уйли, Жавундир, Чапни, Иғдир, Байиндир, Юрагир каби номлар сизни тарихнинг минг йил аввалги хотираларига етаклайди.
Кастамону қалъаси бу-
Кастамону қоядир.
Қанотларим остидаги
Она Турон доядир,
Кастамону қоядир.
Қўлларим қилич каби
Булутларни кесарди.
Саболар севинч каби
Ошиқ бўлиб эсарди,
Булутларни кесарди.
Қалбимнинг бир бурчида
Лов-лов ёнарди гулхан,
Йўқотганим топгандим
Кастамону ҳам Ватан,
Лов-лов ёнарди гулхан.
Кўзларимга ранг этдим
Боболарнинг изини.
Кастамонуда кўрдим ,
Туркистоннинг юзини,
Боболарнинг изини…
29.ҚЎЛ ЎПИШ
Туркияга илк борганимда, бизни миллиятчи ҳаракат лидери Алпарслон Туркаш қабул қилганди. Турк дунёсининг ҳар турли бурчакларидан келганлар саф тортиб, унинг қўлини ўпа бошладилар. Унга яқинлашганимда, ҳурматини бажо келтириб, кўришмоқ учун икки қўлимни узатдим.
У:
-Сен ўзбексан!-деди ва бағрига босди.
Демак, у бизда қўл ўпиш одати йўқлигини ва ҳурмат қилган одамни бағрига босиш одати борлигини билар экан.
Орадан бир неча йил ўтиб, Туркияда яшай бошлаганимизда, Қурбон байрамида Турк дунёси вақфининг раиси Турон Ёзғон кўп қатори бизни ҳам оилавий тарзда байрамлашмага таклиф этти.
Туркияда, айниқса байрамларда катталарнинг қўлини ўпиш авжига чиқади.
Турон Ёзғонга фарзандларимни таништирар эканман, у олти ёшли қизчамга қўлини узатди. Қизчам ҳайрон. Ўзим бировнинг қўлини ўпмаганим учун болаларимга ҳам буни ўргатмаганман. Қизчам унинг қўлини ўпиш ўрнига кўришган каби ушлади.
-Ҳа ўзбек,-деб у қизчамнинг сочини силаб қўйди.
Кейин Америкага келганимизда, бу ердаги ўзбеклар орасида қўл ўпиш ҳолларини кўриб ажабландим. Вақт ўтиши билан кўрдимки, Туркия орқали келганлари ана шу одатни ўрганишган экан. Аммо қолганларида йўқ эди.
Ҳар қандай жиҳатдан олиб қаралганда ҳам бундай одат инсонийликка зид! Бу шахсга сиғинишнинг жирканч бир кўриниши.
Демак, мақтайдиган, мақтанадиган асл зарларимиз ҳам бор ва бировнинг қўлини ўпмаслик ана шулардан бири.
30.ТУРКИЯ
Биз русча орқали ўзлаштириб “станция” деймиз, турклар эса stasyon-стасён дейишади. Раҳматли Анвар бувим “истанса” дердилар.
Умримиз учқур поезд. Турли “истасён”ларда баъзан кўпроқ, баъзан қисқа муддатга тўхтаб ўтади.
Истанбулдан аввалги марта ўтганимизда “поезд”имиз тўрт йилга тўхтаганди. Орадан ўн беш йил кечиб, яна Истанбулга келдик – бу сафар 40 кун қолдик.
Бир ёй ва тўрт ёв – ёлғизлик, соғинч, ҳижрон, армон каби ёвларни шодлик, дийдорлашиш, умидворлик, бахтиёрлик туйғулари билан алмаштирдик.
Истанбул орасида Машриқдан Мағрибга узанган “мовий камар” бор. Истанбул буғози дейишади. Бу зилолдай сув камари нафақат уч денгизни, балки икки қитъа-Осиё ва Авропани ҳам бирлаштиради.
Буни бирлаштирувчи рамзий маъно деб билганлар ҳаёт ришталарини боғлайдиган қутлуғ маросимларни шу жойда ўтказишга ният қиладилар. Биз ҳам ниятимизга етдик ва қизимизнинг тўйини Истанбул кўприклари остидан денгиздан денгизга ошиқадиган бир кемада ўтказдик.
Яна бир ниятимиз амалга ошди. Йигирма йилдан буён кўра олмаганимиз – қариндошлар, яқинлар, қишлоқдошлар билан тўпландик.
Туркияга раҳмат, ўзбеклар учун йўлни очиб қўйган экан, ана шу қулайлик ниятимиз амалга ошиши учун ўзига хос кўприк бўлди.
Дарвоқе, Истанбул ва умуман Туркия жуда ўзгарибди.
Балки Истанбул ва Туркия ўша ўшаю биз ўзгардикмикан?
Илгари келганимизда Туркияни қолоқлар қолоғи Ўзбекистон билан солиштириш имкониятигагина эга эдик.
Бугун эса ўзимиз ўн беш йилдан буён яшаётган Америка билан солиштириб кўриш имконига эгамиз. Балки бу тубдан хатодир? Балки ҳар иккиси ўз йўлида, ўз сувида айри-айри кемалар?
Шунга қарамай, бу “кема”ларнинг кўзларга қадалгувчи баъзи нуқталарини чизгим келди…
Туйга тайёргарлик ва тўйдан кейинги кунларда қадрдон Туркия ҳаётида бир қанча илкларни, бошқача айтганда ўзим учун янгиликларни илғадим. Шулардан бири Туркияда сиёсий режимнинг бошқа қутбга йўналишидир.
Биз Каримов режимининг мухолифлари фақат Ўзбекистон учун модел қидирамиз. Кимдир Америка модели деса, кимдир Туркия модели бизга мос дейди. Ҳатто Хитой ва Авропани ҳам бир-бир “айланиб” чиқдик. Режимбошимиз эса ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз бор, деб келди. Қарангки, у ҳақ бўлиб чиқмоқда. Биз Ўзбекистон учун Туркия моделини ҳавас қилиб юрганда Туркияда бизнинг модел томон одим отилмоқда.
1990 йилларда “Бизга президентлик бошқаруви бўлмайди, парламентар режим керак” дейилганда баъзилар “Бу депутатлар ўзларини ўйлашмоқда, буларнинг мақсадлари ҳокимиятни олишдан бошқа нарса эмас” дейишганди.
Вақт кўрсатдики, биз учун президентлик бошқаруви диктатура, бир шахснинг зулми экан. Мансабга минган одам халқнинг устига ҳам минаркан.
Туркияда эса демократик режим ва халқ сайлаган депутатлар орқали жамият бошқарилади. Тўғри, демократик режим мукаммал эмас. Аммо очиқ режимдир. Баҳслар, тортишувлар билан бўлсада охирида қандайдир ишлар қилинади. Туркиянинг бугунги келиб етган нуқтаси ҳам демократиянинг шарофати.
Туркия президентлик бошқарувига ўтадиган бўлибди. Ҳокимият жилови бир кишининг қўлида жамланади. Буни ёқлаганлар ҳам кўп. 1991 йилда Ўзбекистонда ҳам бундай режимни ёқлаганлар кўп эди.
Келажакни тахмин қилиб бўлмайди. Балки Туркия Шарқ давлатлари ичида илк бор президентлик бошқарувини ҳам ислоҳ қилиб, яна ўзига хос моделга, “айкон”га айланар.
Лекин президентлик режимини ислоҳ қилиш мумкин, фақат у жойга келадиган одамни ислоҳ қилиш мумкинмикан? Ислом Каримовга ўхшаган биттаси тахтга миниб олса-чи? Ҳокимият унинг қўлида роҳатилуқумга айланиб қолмайдими? Истаса сотади, истаса отади, истаса чайнайди, истаса чиғнайди.
Хуллас, хайрлиси бўлсин. Биз Туркиянинг бугунги ҳолини модел сифатида кўп орзу қилиб, ўзимизга ҳеч нарса ололмадик.
Ноҳотки турк сиёсатчилари биздан модел кўчирдилар? У ҳолда Ислом Каримовнинг “Отатурк” бўлиш ҳақидаги орзулари амалга ошадими? Асло. Буниси амалга ошишидан Худо асрасин!
Иқтидор инсофли, иймонли, адолатли кишилар томонидан бошқарилган муддатдагина халққа хизмат қилади. Акс ҳолда иқтидор халқни сўмиради.
Дарвоқе, Туркия шунчалик ўзгарибдики, ҳатто қуёшнинг чиқиши ва ботишини ҳам Америкадан деб билишаркан.
Тўйга келувчилар тўрт жойда тўхташди. Биттаси Истанбулнинг Авропа қисми Таксимда ва қолган учтаси Осиё қисми Кадикўйда. Бири соҳилнинг ёнида бўлса, қолган иккитаси Бўстончи томонда. Истанбулда яшаб, ишлаб юрганлардан ҳам билганларимизни таклиф қилдик.
Кема Ҳайдарпошша истасёнида кутиб тураркан, меҳмонлар порт қўналғасидан ташқарига чиқишга иккиланиб қолганларини сездик. Орадан беш-ўн дақиқа ўтиб, гуриллаб чиқиб келишди.
Уларни бошлаб келаётган йигит бироз хафа қиёфада эди.
-Тинчликми?
-Кимдир “Кемани ўзбек миршаблари билан турк полицияси босмоқчи. Ҳаммани ушлаб кетишади” деб гап тарқатибди. Буларни кўндирдим, лекин яна бир гуруҳ келолмай турибди,-деди у.
Бироз жаҳлим чиқди. Лекин бунақа нарсаларни энди кўрмаётганим учун ўзимни қўлга олдим.
-Нима деб тинчитдинг?
-“Кемани Америка қўриқламоқда, на турк, на ўзбек миршаблари кира олишади” дедим…
Бир йилдан буён Туркияда яшаётган бу йигитнинг топқирлигига қойил қолдим.
-Ҳамма Американи ёмонлагани билан унинг қудратли куч эканлигини инкор қила олмайди. Бу ерда Америкага ишонадилар. Ўрнагини ҳар куни Туркия сиёсий ҳаётида ҳам кўриш мумкин,- деб қўйди у.
Унинг гаплари ҳақ, буни қисқа вақтда ўзим ҳам кузатдим. Туркия ҳаётида жуда катта ўзгаришлар қилаётган ҳукмрон “АК” партияси ҳақида гап кетар экан, унинг мухолифлари очиқдан-очиқ “Бу партияни Америка тузган, Ражаб Таййиб Эрдўған Вашингтоннинг одами” дейишади. Буни пана-панада эмас, телевизор экранларидан бақира-бақира айтишади. “Ҳатто партиянинг номини ҳам “АК” деб Америкага мослаштиирб қўйган” деб юборди биттаси. Тавба деб қолдим. Бунча бир-биримизга ўхшамасак.
Худди бизда кимни қораламоқчи бўлишса, уни МХХчи деганлари каби Туркияда ким кимни ёмон кўрса, “Американинг қулоғи” деркан.
Таксимда бир ҳужжатни тасдиқлаш учун нотариусга кирдик. Америкада бу иш асосан бепул, нари борса бир-икки доллар олишади. Таксимда эса бир ҳужжатни тасдиқлашга 75 доллар сўради.
-Америкага нисбатан жуда қиммат-ку?-деб юборибман. Балога қолдим. Туркияда пул янги бўлганидан кейин нарх-наво, солиқлар ошганига қадар Американи айблаб кетди. Ҳатто Таксимда намойишга чиққанлардан тортиб, мамлакатни исломлаштириш ҳам Американинг режаси эмиш. Истанбулда қатнов кўплиги ҳам Американинг “ҳунари” экан.
-Қатновни камайтирш учун муҳташам Мармарай тунелини қуришибдику!-дедим ҳуқуқшуносни асабидан тушириш учун.
-У ҳам Американинг иши! Ўзимизга эмас, японларга қурдирди!
Кулгим келди.
-Қуёшнинг чиқиш ва ботиши-чи?-дея гапни ҳазилга йўймоқчи бўлдим.
-Керак бўлса Америка уни ҳам назорат қилади. Истаса ўн кундан кейин Истанбулда қор ёғдиради,-деди.
Айтганини тўлаб, ташаккурлар айтиб, чиқиб кетишдан бошқа илож қолмади.
Лекин ўн кундан кейин ростдан ҳам қор ёғди. Бу Американинг иши эмаслигига ўша ҳуқуқшуносни ишонтиролмасам керак…
Америкалик бўлишнинг фойдали томони ҳам бор экан.
Магистрал йўлга чиқаётганимизда ижарага олган машинамизни полиция тўхтатди. Ҳужжатни эмас, қаерданлигимизни сўради. Жияним “Ўзбекистонданмиз” деди.
-Нега машинанинг номери йўқ,-деб туриб олди. “Бор” деса, “йўқ” дейди. Ҳужжатимни кўрсатиб, Америкадан келганимизни айтганим билан вазият бир зумда ўзгарди. Ана ҳурмату мана ҳурмат!
Шукур, яхши одам экан, агар “Америка нега Ироққа ҳужум қилди?” деб ёқамиздан олса нима қилардик?
Мирзо Улуғбекнинг замондош ва илмдоши даниялик Тихо Браҳе йигитлик чоғида дўсти билан баҳслашиб қолади. Баҳс даҳанаки жангга айланиб, охири улар дуэлга чиқадилар. Дўсти қилич билан Тихонинг бурнини кесиб ташлайди.
“Энди осмонга қараб яшайдиган бўлдинг, ерга қаролмайсан, қолаверса энди ҳид ололмайсан”,-деган экан “дўсти”.
Дунёнинг ишларини қарангки, Тихо рамзий маънода кўкка қараб яшаган ва даврининг кучли астрономик жадвали-харитасини тузган. Космосдаги ҳаракат системасини асослаб берган Кеплер уни устози аввалин деб билган. Кеплернинг ёзишича, олтин бурун тақиб яшаган Тихо ўлаётган пайтда “Бурнимни кесган дўстимга раҳмат, бўлмаса вақтимини ҳид олиш кемирарди” деган экан.
Рақибига шу тарзда кинояли раҳмат айтиш ўзимида ҳам бор.
Биз Истанбулда тўйни эсон-омон ўтказиб олганимиздан кейин қариндошлар бирин-кетин уйга қайта бошладилар. Қайтишлари билан уларни сўроққа тутишибди, “Қаерга борганингизни биламиз, нималарни гаплашдингиз?” ва ҳоказо таниш саволлар. Улардан тушунтириш хатлари ёзиб олишибди. Буни эшитиб опамга телефон қилдим.
-Бу ҳақда ўйлама укажон,-дедилар опам.-Энг асосийси ёшлар бахтли бўлишсин! Бизга кўришмоқ насиб этди. Шунисига шукур! Булар тўйдан қўрқадиган бўлиб қолишибди. Худойим уларга тўй насиб этсин!
-Уларга ҳам раҳмат, сизларни тўйдан олдин “чақиришганда” кўришолмай қолардик,-дедим Тихо фалсафасини эслаб.
Биз Истанбулда эканлигимизда “турклар сунъий ирқ” деган тортишма чиқиб қолди. 15 йил олдин бунақа гап айтган одамнинг оёғини осмондан қилиб юборишарди. Энди эса бу масалани телевизион дастурларида баҳс мавзусига айлантиришибди. Биттаси ҳатто:
-Булар бўрининг кўкка тумшуқ чўзиб турганини туркчилик дейишади,-деб туркларни камситмоқчи ҳам бўлди.
Унга “Сен бир умр оёқ остига қараб нима топдинг?” дейдиган мард топилмади.
Ахир кўкда юлдузлар бор…
Ахир кўкда поёнсиз фазо бор…
Ахир кўкда буюк Оллоҳ бор…
Шундай экан, ҳайвон ҳам, инсон ҳам кўкка қараса ва кўкка интилса буюк ҳақиқатга интилмайдими? Шундай! Лекин баъзиларнинг фалсафаси азалдан аниқ. Уларга кўра бош кўтармаслик керак, доим пастга қараш лозим. Буни соддагина қилиб бурунга боқиш ҳам дейиш мумкин.
Кўз бурунга боқа-боқа кўкни кўрмай қолади.
Кўзларга кўкка боқиш насиб этсин!
(ДАВОМИ БОР)
Filed under: Oltmish | Tagged: Jahongir Mamatov |
You must be logged in to post a comment.