Ўзгармаган мавзулар

jm_2014-05Жиннихонада ҳақиқат борми?

САВОЛ: Ассалому алайкум Жаҳонгир ака, ҳақиқат эгилади, букилади… синади, лекин йўқолмайди. Давом эттиришингиз мумкинми? Ҳурмат билан Жавлон.

ЖАВОБ: Биласизми, мана шу гапга кўп ҳам ишонмайман. Айниқса, бизнинг Шарқда ҳақиқат исталгани қадар эгилади, синдирилади, товланади, йўқ қилинади, оёқ ости этилади ва ҳоказо. Тарихан шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу зеҳниятни бузишга уринганларни ҳақиқатни оёқ ости қилувчилар дея ёмонотлиққа чиқариб келишган. Ҳақиқат уларга қўшилиб синиб кетган, йўқолиб кетган ва биз тарих деб ёлғонларга ошуфта бўлиб юрибмиз.

Биласизми, халқимиз, ростга шубҳа билан қарайди ва ёлғонни индамайгина ҳазм қилиб юборади. Ўқимишлиси “Худога бандамиз” деб айтиб, ўзи шоҳга қул бўлади. Шоири “Дарвешман” деб сарой остонасида гадойлик, тиланчилик билан овора. Журналисти маҳаллийчи, манфаатчи ва ёлғончилик қилади. Бу аҳволда ҳақиқат қандай қилиб синмай қолиши мумкин?

Озгина пул, мансаб ваъда қилган одамни кўкларга кўтаради. Бугун пулим йўқ, берадиган мансаб ҳам йўқ деб очиқ айтган одамдан юз ўгиради. Биринчисининг ваъдалари ёлғонлигини билади, аммо қуруқ ваъдага сотилади. Иккинчисининг гаплари ростлигини билади, аммо шубҳадан қутула олмайди. Бу аҳволда ҳақиқат қовжираб кетмайдими?

Билиб туради, Андижонда халқ отилди. Аммо ростга шубҳа билан қараб, ёлғонга маҳлиё бўлади. Билиб турибди, шоҳи ҳам, мухолифи ҳам демократияни оғизда гапириб, амалда яккаҳоким. Аммо ёлғонларнинг этагига осилаверади. Бундай заминда ҳақиқат қандай кўкарсин?

Ўзи бир иш қилмайди, аммо бошқадан талаб қилишга уста. Ўзи қўлини совуқ сувга урмайди, лекин иш қилганни кўролмайди, бой дейди, ўғри дейди, порахўр дейди, бало дейди, баттар дейди. Орқасидан мазанги деб олдига келганда оёғини ўпади. Орқасидан тош отиб, олдига келганда даврасининг тўрини беради. Оқни оқ, қорани қора, деб очиқ айта олмайди. Бас, шундай экан, ҳақиқат чил-чил бўлиб қолавермайдими?

Билиб туради, минбарга чиққан одам уни сотмоқда, аммо ҳокимиятга келиб қолар дея унга тилининг учидаги саволини бермайди.

Билиб турибди шоҳи қотил, аммо менинг рақибим унинг ўрнига келиб қолса-чи деган ўй билан қотилга оқловчи бўлади.

Билиб турибди, миллати ва мамлакати сотиб юборилмоқда, аммо “менга нима?’ дея пинагини бузмайди. Шундай экан, ўртада ҳақиқат қоладими?

Пул берсангиз ҳукуматдан юз буриб, сизга ишлайди, пул бермасангиз сиздан юз буриб сизга қарши жабҳа олиб, ҳукуматга ёлланади. Бу оддий мардикорлик, қуллик зеҳнияти. Бундай ҳолда ҳақиқат жон таслим қилиши турган гап эмасми?

Мақтасангиз ёқасиз, мақтамасангиз душмансиз. Ҳатто читтакдай одам ҳам сиздан филдай мақтов кутади. Филдай одамни чумолининг чаққанидай ҳам таъсир қилмайдиган даражада танқид қилсангиз, бас бир умрбод душмансиз. Ҳақиқатни шундай синдиришадики, тиклаб бўбсиз!

Ҳамма ўзини ақлли, бошқани ахмоқ деб биладиган кун бўлди. Бу эса жиннихона вазияти. Шоҳи ҳам, дўхтири ҳам, касали ҳам бир-биридан фарқ қилмайдиган жиннихона вазияти бу! Жиннихонада эса ҳақиқат йўқолади!

Бу тушкунлик, борига барака ҳам эмас, аксинча бу ҳақиқатни ўлмасликка, йўқолмасликка чорлашдир. Бундай кезда овозингизни бироз баландлатмасангиз, ҳақиқат эшита олмайди, чунки қулоқлари битган-да!

11 Феврал, 2006

Жаҳонгир Муҳаммад,

“Қатағон” китобидан.

%d bloggers like this: