Мулоҳаза

jahongir_m1ДАВЛАТ СИРИ

Маълумки, шўролар замонида ҳар бир матбуот идораси қошида давлат сирларини сақлаш бўйича махсус вакил ўтирарди. Унинг бошқача номи цензор эди. Бугун МДҲ ўлкаларининг аксариятида бу муассаса тарихга айланди. Ўзбекистон қонунларида ҳам матбуотни цензура қилиш таъқиқланган. Жумладан, шу йил 24 апрелда қабул қилинган «Журналистик фаолиятни қимоя қилиш тўғрисидаги» Ўзбекистон республикаси қонунининг 4-моддасида ҳам бу эътироф этилган.

Бироқ юқорида номи тилга олинган вакиллир ҳамон ўз ўринларида ўтиришибди. Уларнинг муҳри босилмасдан нашр йўли очилмайди. Бу воқеани ҳар ким ҳар хил изоҳламоқда.

Жумладан, «Халқ сўзи» ва «Ҳуррият» газеталарининг Бош муҳаррирлари (Хуршид Дустмуҳаммад ва Аббасхон Усмонов) Буюк Британияга сафарлари чоғида Би-Би-Си радиосига берган суҳбатларида «Катта кичик ҳар бир мамлакатнинг ўз сири бўлади» дейишди.

Тўгри, ҳар бир давлатнинг ўзига яраша сири бор. Буни уч бўлимга бўлиш мумкин:

БИРИНЧИ: Миллий, стратегик бойликларга оид сирлар, жумладан, уларнинг хариталари.

ИККИНЧИ: Ҳарбий, миллий хавфсизликка доир сирлар, жумладан, уларнинг адреслари.

УЧИНЧИ: Давлат аҳамиятидаги стратегик тадқиқотларга доир сирлар, жумладан уларда келтирилган рақамлар.

Ҳар уч бўлимга кирадиган сирларни қўриқлаш бевосита улардан воқиф бўлганларга, улар билан ичма ич яшаганларга оид. Бу бугун дунёда қабул қилинган қоида. Матбуотнинг қошида ўтириб уларни қўриқлаш советчасига латифаомўз ҳолдир. Чунки давлат сири журналистга ёки матбуотга қадар етиб келдими, унинг сирлиги қолмади дегани.

Совет Иттифоқи тўғонни янглиш ерда қўйгани учун ҳам бирор бир сирини қўриқлай олмаганди. Чунки давлат сирини билганлар, менга нима, уни қўриқловчилар бор-ку, дея, масъулият ҳис этмасдилар. Бугун ҳам айни ҳол давом этмоқда. Бунинг устига-устак давлат сири тушунча ўлароқ доираси янада кенгайтирилган.

Масалан, бугун ўзбек матбуотида мухолифатни, «Бирлик» ва «Эрк»ни қоралаш учун йўл очиқ. Лекин масалага ижобий назар солиш ёки мазкур партия-ҳаракат аъзоларининг қарашларини чоп этиш йўли ёпиқ.

Демак, бу ҳам давлат сирига киради.

Ёки халқимиз бюджетнинг тақдирини билмоқ истайди. Буни ёзиш, таҳлил этиш мушкул эмас. Бухгалтерияда баланс деган нарса бор, бир томонга кредит, иккинчи томонга дебит ёзилади, яъни кирим ва чиқим. Хўш, соғликни сақлаш, маориф, маданият, илм фанга қанча маблағ ажратилди ва қаерларга сарфланди? Қонунда халқнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланганига қарамай, буни ҳам ҳеч ким ёзолмайди. Давлат сири!

Бошқа мисол. Кадрлар масаласини олинг. Кадрларни танлаш, тайинлаш ва ишдан отиш, ҳокимни вазифага келтиришда унинг қобилияти, ташкилотчилиги ўрганиб ўрганилмаганлиги – давлат сири.

Бу ҳам майли. Статистика маълумотлари, планлар тўлишининг парда орқаси, кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш ҳақида ёзаман деган журналистнинг пешонаси тош деворга урилади – давлат сири.

Қашшоқлик, камбағаллик, порахўрлик, юқори мансабдаги раҳбарларнинг суистеъмоли, ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳак-ҳуқуқлар топталиши, адолатсизлик – давлат сири.

Демак, давлат сири бўлмаган битта нарса бор. У ҳам бўлса мақтов. Шу сабабдан бугун журналистлар асосан мақтов билан бандлар.

Матбуот халқнинг кўзи, қулоғи ва тили-дили бўлиши керак. Бу кўз юмилса, бу қулок эшитмаса, бу тил соқовлик ролини бажарса ва бу дил ҳис этмасликни шараф деб билса, бундай жамиятда демократиянинг мавжуд учқунлари ҳам ўлиб боради. Матбуот нафақат халқни балки ўзини ҳам йўқотади.

Журналистларни муҳофаза қилувчи халқаро қўмитанинг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон эркин матбуот бўғилган давлатлар сафида турганди, ҳамон. Бу ҳукуматга жиддий танқид бўлиши баробарида журналистларимизга ҳам оғир дашномдир! Бу дашномдан қутилишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса, давлат сири бўлган тушунчадан қутилмок керак.

Сирсиз салтанат борми, дея эътироз билдиришингиз мумкин? Бор: сирсиз салтанат бу демократиядир.

Демократия шароитида давлат сири ниқоби остида эркин матбуот бўғилмайди.

Демократия шароитида давлат сирини бу сирнинг соҳиблари қўриқлайди. Қандайдир идора ёки инспекция очиб қоровуллик қилинмайди.

Бугун демократия ўрганишни истасак, ишни давлат сири деган тўсиқдан қутилмокдан бошлаш керак. Зотан бу тўсиқ олиб ташланса, келажакнинг йўллари ўз-ўзидан очилиб кетади ва ўзбек журналистикаси ўзлигига қовушади.

Май, 1997 йил.

Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.

%d bloggers like this: