Алишер Навоий асарларини ўқисангиз тушунасизми?
Агар раҳматли Порсо Шамсиевнинг “Навоий асарлари луғати” ёнимда бўлса, албатта тушунаман. Бўлмаса, қийналаман ва сўзларни маъносига қараб тахмин қилиб, ўзимни ўтдан сувга ураман.
Дарвоқе, ўша луғат Ғафур Ғулом нашриётида чоп этилган бўлиб, қарийб саккиз юз саҳифадан иборат ва йигирма минг атрофида сўзу ибораларни ўз ичига олган. Китоб ўша пайтда (1972) ўн минг нусха нашр этилганини эсласак, демак Ўзбекистонда ўн минг одам Навоийни у ёзган тилда бемалол тушуна олади. Кейин бошқа бир луғат ҳам чиқди. Лекин адади мадад бўладиган даражада эмас.
Дарвоқе, Навоий ҳазратларини мукаммал тушунмоқни истаганларнинг араб алифбосида ўқишни билишлари ҳам шарт.
Шунинг учун ҳам биз – кўпчилик Алишер Навоийни бугунгача бошқалар орқали билдик ва ўргандик.
Дастлаб Навоий асарлари 16-аср бошларида мадрасаларда ўқитила бошланган ва у пайтдагилар уни биздан анча ва анча яхши тушунганлар.
Шўролар пайтида Навоийни уларнинг кўзгўси орқали кўрдик. Сталин режимининг топшириғи билан мактабларда Навоийни ўқитишга изн берилган, аммо уларнинг назарияси йўналишида.
Ҳатто Иккинчи жаҳон уруши бораётган бир шароитда адибнинг 500 йиллик юбилейи тантанали нишонланди, шу муносабат билан Ойбекнинг “Навоий романи” нашр этилди, 1942 йилда эса СССР бўйлаб Навоий сиймоси акс этган почта маркаси чиқарилди. 1947 йилга келиб, “Алишер Навоий” филми суратга олинди…
Хуллас, ўшандан бери ҳар йил юбилей бор. Ўқимасак ҳам, билмасак ҳам, тушунмасак ҳам юбилейлашиб юрибмиз.
Дастлаб Навоий асарларини диний йўналишда фойдаланишган бўлишса, шўролар ундан сўфи, оз қолсин коммунист адибни яратишди, бугунга келиб эса унинг асарларидан ҳукмдорни улуғлаш, сарой шоири бўлишнинг бахти каби руҳда фойдаланиш авжга чиққан.
Буюклардан, уларнинг номларидан истифода қилиш ожизларнинг ҳунари.
1991 йилда Ислом Каримов ҳам унинг соясида обрў орттириш қандай бўлишини Навоий туғилган кунга 550 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган юбилейда ҳис қилиб қолганди ва у ҳам шундан бери байроқни баланд кўтарган. Сўрасангиз, Навоийдан икки сатр айтолмайди.
Хуллас, Навоийнинг номидан фойдаланиш шоҳлар, амирлар, шайхлар, генсеклар, диктаторлар учун, уларнинг идеологиялари учун қўл келмоқда. Нега? Бунинг битта сабаби бор. Биз Навоийни билмаймиз. Агар уни билганимизда булар бизга ўз мафкураларини, идеологияларини “едира” олмасдилар.
Шунинг учун ишни Навоийни тушунмоқдан бошлаш керак. Навоий бир асарида “зануб” деган сўзни ишлатади. Шу сўзни тушундингизми? Агар тушунган бўлсангиз, гуноҳимиз, айбимиз нима эканлигини ҳам тушундингиз ва менинг ёзганларимни унутинг.
Агар тушунмаган бўлсангиз ва тушунишни ҳам истамасангиз у ҳолда ҳеч бўлмаса унинг мана бу сатрларидаги “пиндор” сўзининг маъноларини қидиринг:
“Эй Навоий, ўзни мақбул истасанг туфроқ бўл,
Ким, эрур мардуд улким, бошида пиндори бор”. (“Бадойиул васат”дан).
Жаҳонгир Муҳаммад
2012.
You must be logged in to post a comment.