Мулоҳаза

jm_20014_febrКаримовни ким қўрқитти?

Ислом Каримов Самарқандда Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, замонавий тараққиёт ривожидаги роли ва аҳамиятига бағишланган халқаро анжуманда 15 май куни ўзининг “тарихий одати”га кўра матндан махсусан чиқиб танқидчиларига жавоб қилди.

Қизиғи шундаки, бугунгача унинг айтганларидан фақат бир қисмигина муҳокама қилинди. У ҳам бўлса,  вазифасидан кетмаслиги ҳақидаги қисми.

Бу муҳим. Лекин Каримовнинг 2015 йилдаги ўзкўрсатар “сайлов”да “ғолиб чиқиши”ни бешинчи синф ўқувчиси ҳам билади. Эркин сайлов бўлади ва президент алмашади деб ўйлаган одам ўзини алдайди. Ўзбекистонда конституция, қонунлар, сайлов-бу ҳаммаси мафия отасининг зерикканда ўйлаб топган ўйинларидир. Шундай экан, Каримов бу гаплари билан сайловда кетмайман деган сигнал бермоқда, дейиш ҳам соддалик.

Унинг Франс Пресс бутун дунёга тарқатган “Мени кўп йиллардан бери турибди, деб танқид қилишади. Танқид қилаверсин¸ мен барибир тураман. Танқид қилишаверсин¸ мен барибир ишимни давом эттиравераман. Нимаси хато?” деган гапларида асосий урғу ўзини танқид қилишаётганлиги ҳақидаги “нуқта”га қўйилган.

Ислом Каримовнинг характеридан келиб чиқиладиган бўлса, у ўзини танқид қилган одамга ўша заҳоти жавоб бериш қобилиятига эга эмас.  У танқиддан кейин узоқ ўйлайди, танқидни ҳазм қилолмайди, унута олмайди, қасосни режалайди, жавоб бериш учун фурсат қидиради.

Талабалар шаҳарчасидаги отишмадан кейин,  ҳар бир “сайлов”дан сўнг, Андижон воқеалари даврида… хуллас, уни кескин танқид қилишганда доим вақтини пойлаб жавоб берган.

Уни ҳар кун танқид қилишади, дейишингиз мумкин. Лекин у кундалик, орқаварот танқидларни билмайди ҳам, эшитмайди ҳам. Унга алам қиладигани кўзига, юзига тик қараб айтилган гаплардир.

Хуш,  Каримовга  “Кўп ўтириб қолдингиз” деб ким айта олиши мумкин?

Кейинги пайтда Ўзбекистонга АҚШнинг бир қанча мулозими борди. Лекин уларнинг бирортаси ҳам бундай ваколат ва кучга соҳиб эмас. Улар дипломатик миссиялар билан боришган ва ишларини ҳал қилиб қайтишган.

Агар Каримовни  ранжитганларида Тошкентда НАТОнинг офиси очилмаслиги бир ёқда турсин, АҚШнинг Украинадаги фаолияти Каримов томонидан кескин танқидга тутиларди. Бундай бўлмади. Демак, уни ранжитган АҚШ эмас.

Каримов Украина масаласида Путинни ура-ура тарзида қўлламади. “Масалани тинч йўл билан ҳал этиш керак”дан нарига ўтмади.

Москва ва Киев жанжали Украинанинг Ғарбга интилишидан келиб чиққанини билган ҳолда Тошкентда НАТОнинг офисини очишга рухсат берди. Бу билмаганга билдирма, аммо ўз отаси ётган уйнинг томини гурсиллатиб тепишдек гап.

Аслида унинг гапи ботирлик белгиси эмас. Бу қўрқувдан дарак. Чунки Каримов каримовчасига кескин оҳангда “қўлингдан келганини қил, мен кетмайман” демади. Аксинча, юмшоқ тарзда “бунинг нимаси ёмон, халққа хизмат қилаяпманку”, деди.

Демак, Каримовни қўрқитган Москва. Москва унга “Ўтириб қолдингиз” деган сигнални берган.

Дарҳақиқат, буни рус матбуоти ва интернет тармоқларидан ҳам сезиш мумкин. Россия ўз ҳудудидаги ўзбекларни ишга солиши, ижтимоий тармоқлар ва матбуотни унга қарши қўйиши, “кислород ёстиғи”ни узиши мумкинлиги каби кўплаб ишоралар берди.

Хуш, ростдан ҳам Москва Каримовнинг кетишини истайдими? Шахсий қаноатимга кўра истамайди. У Москва учун фавқулодда ишончли одам.

Аммо у Москванинг ўжар боласи. Вақтида попугини пасайтириб қўймаса ёки бошини силаб турмаса аразлайди. Хонободда база очиб юборади, АҚШ билан яқин дўст бўлиб қолади…хуллас ўйинлар кўрсатади. “Ота”си уни бир-икки сўкиб кўради. Бўлмайди. Кейин яна бошини силаб қўяди.

Каримов бугунги шароитда “ота”сининг дарди кўплиги ва ади-бадидан нарига ўтмаслигини ҳам билади. Лекин барибир унинг диққатини тортмоқчи. Катта мафиянинг катта боласи бўлиб туришни истайди. “Ўтириб қолдингиз” деган гап “Ўлиб қолдингиз”га айланиб кетмаслигининг олдини олмоқчи.  Бор гап шу. Балки олди ҳам. Акс тақдирда Тошкентни ташлаб, роҳат-фароғатда Хитойга кетмаган бўларди.

Жаҳонгир Муҳаммад.

20 май.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: