Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

murod27. МУРОД

-Ислом ака, одамларингиз мени ўлдирмоқчи бўлишди,-деди  Мурод Жўраев бир куни  Каримовга.

У Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси, Қашқадарё вилоят кенгаши депутати ва Ўзбекистон Олий Кенгашининг қонунчилик қўмитаси аъзоси эди.

Каримовнинг ранги оқариб кетди. Бир менга қаради ва бир Муродга. Кейин:

-Одамларим бўлганини қаердан билдингиз? Пешонасига ёзиб қўйган эканми?-деди Муродга дарҳол ва  каминага юзланиб,- Сизлар бу масалани ҳам ўрганишга киришибсизлар-ку?!-деди.

-Биз Ошкоралик қўмитасида бу масалани бугун муҳокама қилдик…,-дея гап бошлаган эдим, Каримов гапимни бўлди.

-Ҳали миш-мишдан иборат бўлган нарсани қандай қилиб муҳокама қиласизлар, бу Олий мажлисми ёки милициями? Қанақа қўмита сизлар, призидиумга талаб қўясизлар? Ўзларингни ким деб ҳисоблаяпсизлар? Шаҳар бедарвоза қолдими?

-Ислом ака, бу қанақа миш-миш бўлиши мумкин?,-дедим,-асосий манба шу ерда-ку? Ўзбекистон халқ депутатига суиқасд қилинадию биз индамасдан қараб тураверишимиз керакми? Мўрод Жўраев Тошкентга келиб, дарҳол бизнинг ёнимизга эмас, сизнинг ҳузурингизга бориб, воқеани айтиб бермоқчи бўлган. Сиз эса уни ярим кун куттириб, қабул ҳам қилмаганингиздан кейин биз масалани қўмитада муҳокама эттик. Ички ишлар вазирини чақирсак, унга “бормайсан” деб айтибсиз. Қўмита мажлиси ҳақида телевидение тайёрлаган хабарни ҳам тўхтатибсиз…

Каримов “еб қўйгудек” бўлиб термулиб қолди. Кўзларида ғира-шира табассум пайдо бўлди. Бу қаҳрнинг заҳарханда бир шакли.  У гапларимни эшитмаяпти, деб ўйладим ва гапдан тўхтадим. Аммо у эшитиб турган экан, дарҳол жавобга ўтиб:

-Менинг вазифам халқни ваҳимага солмаслик,-деди,- ҳали ўрганилмаган, билинмаган ишни қандай қилиб матбуотга чиқариш мумкин?

-Ислом ака, Қаршидан бу ишни ўрганамиз, деб йўлга чиққанларни ортга қайтариш ҳақида буйруқ берибсиз-ку?!-деди Мурод.

Бизни Каримов чақирмасдан олдин биргаликда Қаршига телефон қилгандик. Вилоят ички ишлар бошқармасининг вакиллари йўлдан қайтишганини айтишганди.

Мурод Жўраев шу куни Тошкентга Ошкоралик қўмитасининг ва “Ташаббус” гуруҳининг мажлисларига келиши керак эди. Аммо етиб келолмади. У тушдан кейин кириб келди ва ўзига суиқасд қилинганини айтиб берди. Бунга қадар у қонунчилк қўмитасининг котиби Тошпўлат Жўраевга телефон қилиб бўлган воқеа ҳақида ахборот берган ва Каримов қабулхонасида кутиб ўтирганини айтган. Биз Тошпўлатдан маълумот олиб, Муроднинг келишини кутаётгандик.

Номаълум киши ёки кишилар саҳар соат бешда у ётадидан хонанинг деразасидан унинг ётоғини ўққа тутишган. Унинг ўзи бу ҳақда мажлисимизда  қуйидагиларни айтди׃

-Шу хонада ётишимни ва ҳар куни соат олтида уйғонишимни билишган. Аммо шу куни Тошкентга келадиган бўлганим учун уйқум қочди ва анча вақт ҳар икки мажлисда айтадиган гапларимни ўйлаб ётдим. Соат бешдан бироз олдин ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим. Бирдан ўқ товушини эшиттим. Хонамга югуриб кириб чироқни ёқдим. Ётадиган тўшагимни чўтлаб отишибди. Хайриятки, умр йўлдошим бошқа хонада болалар билан бирга эди. Кичкинамизнинг бироз тоби йўқ эди…Хуллас, дарҳол ҳамма ёққа хабар қилдим ва ўзим яширин йўл билан аэропортга етиб бориб, Тошкентга учдим. Доим дарҳол қабул қиладиган Каримов бу сафар негадир умуман қабул қилмади. Одамлар оддий масалалар билан кириб-чиқиб турдилар, аммо менга фақат туш пайтида кетаверишим кераклиги, лозим топилганда чақирилишим мумкинлигини айтишди.

Муборак шаҳар ижроия қўмитасига қаттиқ босқилар бўлаётганди ва биз бу масалани кенгайтирилган мажлисларда муҳокама қилиб, сессияга олиб чиқишни режалаштирган эдик.

Мажлис пайтида масала шу нуқтага келганда танаффус эълон қилдик. Қўмитамиз раиси Эркин Воҳидов “Ошхонада парҳез овқат йўқ, уйга бориб келишим керак” деб кетиб қолди ва тушдан кейин қайтмади.

Мажлисни яна ўзим  ўтказдим ва Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазиридан дарҳол бу ҳақда маълумот беришни, Олий Кенгаш президиумидан эса шошилинч равишда мажлис чақириш, масалани ўрганиш юзасидан комиссия тузишни сўрадик. Орадан кўп ўтмай Каримов чақирди. Мана энди у худди шу мажлисга шаъма қилаётганди.

Каримовнинг ўзини тутиши ва масалани босди-босди қилишга уринишидан у бу ҳақда олдиндан хабари бор, шекилли, деган фикр келиб чиқарди. Ё унинг ўзи бевосита топшириқ берган ёки шундай бир “ташаббус” билан келганларга “бўпти” деб юборган деб ўйладим.

Кейин Муроднинг айтишича, Каримов унга “Сени йўқотиб юбораман” деган экан. Бу гапни ўзим ҳам эшитганимда, Муроднинг гаплари ёдимга тушганди.

Мурод Жўраевнинг ота-боболари Туркманистонда туғилган, ўзи эса  болалигидан бошлаб Қашқадарёда ўсган.

Қайта қуриш ва ошкоралик йилларида Муборак шаҳрида коммунистик партия зиддига юриб, бур гуруҳ мустақил фикрловчилар билан сайловда шаҳар кенгашига номзодларини қўядилар. Мурод Жўраевнинг ўзи  Ўзбекситон халқ депутатлигига ҳам номзод бўлади ва сайланади.

Қашқадарё “обкоми”нинг биринчиси Ислом Каримов бу “ўзбошимча”лар майдонга чиққанда Ўзбекистон Коммунистик партиясига биринчи котиб бўлганди.

Мурод Жўраега “Номзодингни ол!” деб буйруқ беради, аммо у кураш йўлидан қайтмайди. Муборакда озодликнинг ҳур учқунлари кўзга ташлана бошлайди. Шаҳар кенгаши фидокорлари эркин телекўрсатувлар берадиган маҳаллий, мустақил теле-канал очишади. Халқ билан очиқ мулоқот бошланади. Мурод Жўраевнинг ижроқўм раислигига сайланиши Каримовни ғаззабга солади. Район партия комитетига бу “жўжахўрозлар”нинг таъзирини бериш топширилади.

Муборак шаҳри айни пайтда Муборак туманининг маркази ҳам бўлгани учун коммунистик партиянинг туман қўмитаси уларга қарши кураш бошлайди. Вилоят кучлари уларга қарши сафарбар этилади. Улар эса шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бўлимини “партиядан холи ташкилотлар” деб эълон қиладилар.

Бунга қарши ҳукумат уларнинг телевидениесини ёпиб қўяди.

Ислом Каримов топшириғи билан бу “ўжар”лардан” қутулиш учун шаҳар кенгашини тугатиш ҳақида қарор қилишди.  Кенгаш раиси Ўзбекистон халқ депутати Мурод  Жўраев ишсиз қолди. Уни қувғинга олишди.

Шу кунлари у Тошкентга келиб-кетиб юрди. Унга ўзим ишлаётганим  ЭРК партиясига аъзо бўлишни, курашни биз билан бирга давом эттиришни таклиф қилдим. У, “Йўқ” деди. “Сизлар билан ҳамкорлик қилсамда, лекин партияга кирмайман” деди.

Кейинчалик  у қамалгач,  уни ҳам “ЭРК партияси аъзоси” деб эълон қилишди. У судда “Мен ЭРК партиясига аъзо бўлган эмасман” деса-да  бунинг зиддига “У аъзо эди” деб баёнотлар берилди ва бу Каримовга жуда қўл келди.

Қатағон авжига минган паллада биз  Мурод Жўраев билан Боку шаҳрида шоир Ёдгор Обид  турган уйда учрашдик. кейин Туркияга кетдик.

Мен Истанбулда қолдим. Мурод келиб-кетиб юрди.

Оиламни олиб келиш учун Бокуга кетдим. Чунки Самарқандда умр йўлдошимни суд қилишаётган ва болалар тақдири ҳақида ҳам ўйлашим керак эди.

Муродни Каримовнинг собиқ маслаҳтчиси Анвар Олтойлининг синглиси Сухайлонинг турмуш ўртоғи номига Алматида олинган квартирага юборишган экан.

Мурод содда эди, десам янглиш бўлади. У жасоратли эди. Аммо бу кўзи очилмаган жасорат . Ўзини оловга ҳам, ўтга ҳам ураверадиган бир жасорат.

Бундан бироз олдин Муроднинг 14 ёшлардаги ўғли касалхонада сирли равишда  оламдан ўтди. Уни танирдим, шеърларимни ёдлаб, хиргойи қилиб юрарди. Айниқса, Амир Темур ҳақидагиларни “Ашула қилиб айтаман”, дерди. Жуда одобли ва қобилиятли бола эди. Уни йўқотиш, бу оғир дард Муродни анча букиб қўйганди.

“Ўғли ўлса келади ва ушлаймиз” деган  миршабларнинг режаси амалга ошмади.  Аммо уни Алматидан ушлаб кетишди. Эшикларни синдириб киришган ва калтаклаб,  беҳуш қилиб, қопга солиб, қопни машина моторининг устига ташлаб олиб кетишган. У кейин судда вужудидаги куйган изларни кўрсатганда ҳам Каримовнинг малайлари этиборга олишмаганди.

Уни ушлашган кун 1994 йил 17 апрел. Тасодифни қаранг, бир йил олдин 17 апрел куни мени ушлашган эди. Билмадим, балки 17 апрел Каримов учун қандайдир маънога эга кунмикан?

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати битишига саноқли кунлар қолганда ёки умум авф эълон қилиниши билан унга яна бир жазо берилиши одатга айланди.

Маълумотларга кўра сўнгги авф чиққан кунлар унга “Кўкрагингга исмингни кичикроқ ҳарфлар билан ёзибсан” деб жазо беришибди.

Ундан олдин эса “Мадҳияни айтганда бошингни эгиб турдинг!” деб айб қўйишган.

У қамоқдан чиқарган бир хатида “Энди шу ерда ўлиб кетсам керак” деган.

Йўқ,  Мурод, халқнинг муроди зиндонда ўлмаслиги керак!

(ДАВОМИ БОР).

2 Responses

  1. Hurmatli Jahongir aka! Hozirda IAK asaringizni o’qish bilan bir vaqtda bir necha yillar oldin bildirgan fikrlaringizni ham takror o’qib chiqmoqdaman. Shuncha yillar o’tib oldindan aytgan fikrlaringizni o’z tasdig’ini topayotganligining guvohi bo’lmoqdamiz. Samarali mehnat qilib foydali ma’lumotlarni ommaga taqdim etayotganligingiz uchun cheksiz tashakkur. Doimo salomat bo’ling!

  2. odatda saroy da va uni atrofida ishlagan odamlarni saroyni chirkin ishlari haqida yozishi hamisha qiziqarli bo’lib kelgan,umid qilamiz Zelimhon u Almatov lardan ham kelgusida shunaqa narsalarni kutishga

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: