Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

1990_sessiya13.ПАРКЕНТ

Паркент воқеалари Ислом Каримов тарихидаги инкор этиб бўлмас, энг қонли саҳифадир. Паркентнинг гўзаллиги, жаннатмонанд гўшалиги, одамларининг меҳмондўст, ёрдамсевар эканлигини Ўзбекистон радиосида ишлаган йилларимдан билардим. Радионинг болалар учун дастурлар ҳозирланадиган таҳририятида паркентлик истеъдодли журналист ва яхши шоир Маҳмуд Тоир ишларди. У билан яқин дўстлигимиз бор эди. Қонли воқеалар юз берганда эса у “Паркент тонги” газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишларди.

Бундан олдин ҳам Паркентга, Кумушконга “Тошкент ҳақиқати” вилоят газетасида ишлаганимда бир неча марта борган эдим. Шу сабаб дунёнинг тоғлар билан ўралган кичкина  сўлим бу гўшасида 1990 йилда юз берган воқеалар мени ҳам қизитиқрмасдан қолмасди.

Ўзбекистон расмий матбуоти Бўка, Бекобод туманларидаги воқеалар ҳақида олган видеoфилмида Ислом Каримовнинг отга миниб у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юрганини қайта-қайта кўрсатиб, “қора кучлар” Месхет турклари(уларни Аҳиска турклари ҳам дейишади)ни қувғин қилишгани, бу Фарғона воқеаларининг давоми эканлигини, Ислом Каримов бу жойлар дўзахга айланиб кетишининг олдини олганини таъкидлашдан нарига ўтмас эди.

Халқ орасида юрган гапларда эса СССР йиқилар экан, марказ бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлди, биринчиси, ана шундай қўзғолонлар чиқариб миллий халқ ҳаракатларини бадном қилиш ва тугатиш бўлса, иккинчиси, йиқилаётган СССРни  сақлаб қолиш учун  жойларда ўз таъсирини кучайтиришдан иборат бўлган, деган гап эди.

Шу боис ҳам 1990 йилнинг бошида  Олий Кенгашнинг биринчи сессияси бошланишидан олдин ўтказилган вакиллар мажлисида бу масалага ойдинлик киритишни талаб қилгандик ва паркентлик бир депутатнинг махсус комиссия тузиш ҳақидаги таклифини қўллаб чиққандик.

Мажлис тугагач, паркентлик депутат билан гаплашиб қолдик:

-Ишончли бир манбадан олинган маълумотга кўра, Паркентда оддий одамларни “Отгин!” деган буйруққа Бош вазир Мираҳмат Мирқосимов имзо чеккан экан,-деди у.

Ишончли манба Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетеининг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов экан. У ҳатто паркентлик депутатга Мирқосимов имзо чеккан буйруқнинг нусхасини ҳам кўрсатибди.

Нега Ҳамидов бу ҳужжатни унга кўрсатди? Бу савол ўшанда хаёлимизга ҳам келмаган. Ҳукуматнинг тепасидаги одамлар турли ўйинлар билан мамлакатни бошқаришлари, бировни ишдан кетказишлари ва бошқасини тайинлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз.

Сессияда Бош вазир ваколатига эга Вице-президентни тасдиқлаш масаласи ўртага чиққанда  Мирқосимовга савол бердим:

-Паркентда оддий одамларни ўққа тутиш учун ким буйруқ берганди? Қўлингизни кўксингизга қўйиб, виждонингиз олдида ўзингини  оқлаш учун бўлса ҳам ҳақиқатни айтмайсиз-ми? Ахир  ўша машъум буйруқ туфайли ўн гулидан бир гули очилмган 63 йигит ўқдан йиқилди. Ё ҳақиқатни айтинг ёки истеъфо беринг ва биз бу ерда комиссия тузиб масалани ўрганайлик,-дедим.

Мирқосимов жавоб беролмай қолди. Каримов вазиятни қўлга олиб, вице-президент сайловини  демократик, муқобил асосда ўтказиш кераклигини айтди ва Шукрулло Мирсаидов номзоди ҳам илгари сурилди.

Каримов Мирсаидовни “Жасоратли, мард” деб роса мақтади.

Каримовнинг кейинги сессиядаги ибораси билан айтганда “Мирқосимов ҳам мард экан, тўнини елкасига ташлаб, индамай кетди”. Шунинг учун ҳам уни энди Халқ назорати қўмитаси раислигига қўйишди.

Лекин Мирқосимов индамай кетмаган эди. Ўша куни сессия танаффусида рўбарў келиб қолганимизда׃

– Наҳотки бундай нарсаларга мен буйруқ бера олмаслигимни тушунмасангиз?-деди.

-Лекин Ҳамидовнинг қўлида турган қарорда сизнинг имзоингиз бор,-дедим.

У ниманидир тушунган каби индамай қолди ва:

-Ҳа, ўша оқшом Паркент чегарасида эдим, Ҳамидов ҳам ёнимда эди. Мен  ўқ отилмаслиги учун қўлимдан келганини қилдим. Лекин ярим тунда буйруқ бошқа жойдан келди. Мана талабларингиз билан комиссия тузилди, сизни ҳам комисия таркибига қўшишди, ҳақиқатни энди ўзингиз ойдинлатасиз,-деди.

-Лекин сиз айтмасангиз ҳақиқат барибир қора қозоннинг ичида қолаверади.

-Кимга айтаман, шу комиссиягами, ярми Фарғона воқеаларида қатнашган одамларку?!- дея Мираҳмат ака киноя билан кулимсираб кетиб қолди.

Ёдимга  сессияда президентни сайлаш пайтида у ҳақда гапирган Жаҳонгир Ҳамидовнинг сўзлари тушди:

-Ислом акам турли воқеалар юз берганда мижжа қоқмайдиган одам. У кишининг Тошкент вилоятида одамларнинг уйлари ёндирилган бир пайтда отга миниб аҳолини тинчитганларини телевизордан кўрдингиз. Бунақа паҳлавонлик ҳаммага ҳам насиб этмайди. Биз Месхет туркларини Бўка, Бекобод ва умуман шу минтақадан “Кумушкон” санаториясига кўчирганимизда, ярим тунда Ислом акам менга телефон қилдилар. Қаердан телефон қилаяпсиз, десам, ишхонада эканлар. Ҳамма ухлаб ётган пайтда ҳам бу киши ана шундай уйғоқ ва ишлаб ўтирадилар,-деганди.

Бу Мирқосимовнинг гапларига мос тушди.

Паркент воқеаларини ўрганиш комиссиясида ёзувчи Примқул Қодиров, генерал Ботир Парпиев, адлиячи Мирзо Улуғбек Абдусаломов ва бошқалар ҳам бор эди. Биринчи куни комиссия раисини сайлашда Примқул Қодиров “Ислом аканинг позициясини” ўртага қўйди ва йўналишни миллий ҳаракатларни ўрганишга қаратишни таклиф қилди. Биз бунга қарши бўлдик ва ишни ҳукуматдаги манбаларни ўрганишдан бошлаш, жумладан Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик манбаларини текшириш кераклигини айтдик. Примқул Қодировни раис этиб сайлашар экан, қарши бўлган тўрт киши орасидан мени ҳам раисдош этиб кўрсатишди. Кейин воқеалар шундай давом этди-ки, асосий текширувни бошқариш ўзимга қолди.

СССР Ички ишлар вазирлиги қошида генерал Шаталин бошчилигида тўполонларни бостириш армияси тузилган эди. Миллий хавфсизлик хизмати ҳукумат телефонларидаги сўзлашувларни ҳам ёзиб олар экан. Телефон сўзлашувларини матнга туширтирдик.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги манбаларини ҳам текширганимизда Шаталин раҳбарлигидаги армиянинг махсус етиштирилган кучларини Ўзбекистонга  Ислом Каримов бевосита таклиф қилгани ҳақидаги маълумотларни топдик. Унинг СССР Ички ишлар вазирибилан, қплаверса бевосита Шаталиннинг ўзи билан ва кейин тунда Паркент чегарсида бўлган Ҳамидов ва Мирқосимов билан “верхушка” (ҳукумат раҳбарлари қўлланадиган махсус телефон-ЖМ) орқали гаплашган гаплари ҳамма нарсани ойдинлаштириб турганди.

Каримов Месхет туркларини фақат битта кириш йўли бўлган “Кумушкон” санаториясига олиб  боришни буюрган ва Мирқосимовни ҳарбийларга қарши чиққанларни отиш буйруғини берадиган қарорни имзолашга мажбур қилган эди.

Фарғонада 1989 йилнинг май ойида бошланиб ёз бўйи тинмаган воқеaларнинг давоми ўлароқ Тошкент вилоятининг жанубида яшаган Месхет туркларининг  уйлари ёндириб юборилгани ва улар автобусларда Паркентнинг “Кумушкон” дам олиш зонасига олиб борилиши ҳақида планларни топдик.

Бу воқеаларда ҳали подполковник бўлган Зокир Алматов Ислом Каримовнинг ишончини қозонгани маълум бўлди. Ҳар қанча қаршиликларга қарамай Ислом Каримов унга полковник унвонини бериб, вазирликка олиб келди, кейин унга генерал унвонини берди.

Паркент маркази  тоғнинг икки адири орасида жойлашган ва пастдан бир йўл ҳамда сой ўтган. Сойнинг икки томонида тепага қараб уй-жойлар, маъмурий бинолар қуриб борилган. Месхет турклари ана шу  сой бўйидаги йўл орқали “Кумушкон” дам олиш зонасига олиб борилган. Оддий аҳоли “Кумушкон”га Месхет турклари келтирилганини эшитиб, уларга ёрдам тўплай бошлайди, озиқ-овқат юбориб туради.

Планга кўра ишлаганлар Паркентда нотинчлик чиқариш ҳаракатларини бошлашган.

Ўшанда Паркент воқеалари ҳақида алоҳида бир китоб ёзгандим. Қачондир топилиб қолади. Ҳозир масаланинг Ислом Каримовга бориб тақаладиган нуқтаси билан боғлиқ  воқеани эсламоқчиман.

Комиссия қўлга киритган ҳужжатларга кўра Жаҳонгир Ҳамидовнинг топшириғи билан Паркент туманининг барча хўжаликларига  кечқурун телефoнограмма юборилади. Марказкомнинг идеология котиби ўзи мустақил топшириқ бера олмаслиги аниқ, бунинг устига у Ислом Каримовнинг яқин дўсти сифатида бу ишга олиб келингани боис бошқа одамларнинг унга таъсири бўлиши мумкин эмас. Демак у топшириқни бевосита Ислом Каримовнинг ўзидан олган. Телефонограммада ҳар бир хўжалик раҳбари ва партком котиби  эрталаб туман марказига тартибни сақлаш учун 15-20 нафардан ёш йигитни юбориши зарурлиги айтилади.

Эрталаб соат саккизга яқин айтилган одамлар райком биноси ёнига тўплана бошлайдилар. Аммо уларга пастда, сой бўйида тўпланиш айтилади. Тунда эса бу жойга Шаталин армиясининг танклари, зирҳли машиналари ҳам келтирилади. Ёш йигитлар қизиқиб ҳарбий техникани томоша қиладилар. Ажабланадилар.

Тушга яқин улар асабийлаша бошлайдилар, нима учун келганлари, нега овқат беришмаётгани каби саволлар пайдо бўлади. Шу пайт ҳарбийлар ҳаракатга келиб, улардан йўлни бўшатиб қўйиш сўралади. Улар сойликка томон суриладилар. Кимдир гўё ҳарбийларга тош отади (гувоҳларга кўра ҳеч ким танимайдиган, тўн кийиб, соқол қўйиб олган одам) ва ўқлар овози янграй бошлайди. Йигитлар сувга томон суриб борилади. Орқада шариллаб оқаётган сой ва олдинда тиш тирноғи билан қуроллаган армия ва миршаблар. Тепаликда райком биноси ва воқеалар телевизордагидек кўриниб турибди.

Шу пайт яна райком биноси ва Паркентга кириш нуқтасидаги ҳукумат пункти тошириғи билан “Кумушкон”даги Месхет турклари автобусларда Паркент марказига олиб келинади. Агар уларни олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишса, сойнинг нарёғидаги йўл тўппа тўғри ташқарига кетади. Аммо автобус колоннасини негадир кўприк орқали, айланиб, йўлни узоқ қилиб, нотинчлик юз берган жойга олиб келишади. Бироз тўхтаб ҳам туришади. Автобусларга сой бўйидаги тошлардан отилади. Ойналари синади. Колонна шундан кейин шаҳардан олиб чиқиб кетилади. Паркент аҳолиси йўлларга чиқиб туркларни йиғлаб кузатади.

Бу томонда эса ўқлар кимларнидир йиқитгани учун ёшлар милиция биносига ҳужум қиладилар, йўлдаги машинларни тўнтариб ташлайдилар. Кўкда вертолетлар пайдо бўлади ва пастдагиларни ўққа тута бошлайди. Кўчама-кўча қочган ёшларни қувиб борган вертолетлар, ҳарбийлар, миршаблар уларни тирқиратиб ота бошлайдилар. Шаҳарнинг бир четида мотам маросими ўтаётган жойда одамлар тўпланиб турибди, деб уларни ҳам ўққа тутишган.

Айни пайтда шаҳарнинг бир неча жойида  “Бирлик” ҳаракати ва бошқа гуруҳлар номидан ёзилган ва Месхет туркларини ўлдиришга, қатлиом этишга чақирилган варақалар топилади. Ҳаракатларнинг маҳаллий ва ҳамда вилоят, республика кенгашлари бу туҳмат эканлигини айтиб чиқишади.

Биз комиссия ишини давом эттирар эканмиз, Примқул Қодиров бир ҳисоботни кўрсатиб, шунга қўл қўйишимизни, масалани битиришимиз керак эканлигини айтди. Ўқиб кўрсак, комиссия “ҳукумат талашиб юрган тўдалар”нинг айби билан қон тўкилгани ва бундай ҳаракатларни таъқиқлаш зарурлиги хулосасига келгани айтилган. Жанжаллашиб қолдик. Мен бошқа ҳисобот ёздим. Аммо кўпчилк Примқул Қодиров тақдим этган ҳисоботга имзо чеккани учун, ўша ҳисоботни олиб, остига қўлим билан унинг ёлғонлигини ва гап нимада эканлигини илова этиб қўшимча ёздим. Қарангки ўша кезда барибир довюраклар топиларди, бу раддиямни қўллаб тўрт киши имзо чекди.

Биз масалани раёсатга олиб чиқдик. Сессияда муҳокама қиламиз, десак, Ислом Каримов мажлисга келиб қолди ва масалани кенгроқ текшириш кераклигини айтиб, кун тартибидан чиқаришни сўради. Қўмита раислари рози бўлдилар.

Биз тўпланган ҳужжатларни уч нусхада кўпайтирган эдик. Уларнинг тўртинчи нусхасини ҳам қилиб, бир ёш журналистга бердим ва:

-Буни олиб бориб, темир қутига солиб, кўмиб қўйинг, келажакда сизни танитадиган манба бу, қолаверса тарих ва халқ олдида улкан хизмат қилган бўласиз,-дедим.

Бизнинг қўлимизга ўта муҳим ҳужжаталар ўтиб қолгани боис Каримов жуда безовталаниб қолди. Паркент комиссияси ҳужжатларининг ҳар уччала нусхаси ҳам менда эди ва бир куни ишга келсам, хонамда мазкур ҳужжатлар турган каттакон сейф “йўқолиб” қолганди. Ҳукумат биноси, миршаблар томонидан қўриқланади. Қолаверса, қаватимизда Олий Кенгаш раисининг хонаси. Шундай ҳолда келиб-келиб Ошкоралик қўмитасида каминага ажратилган сейф йўқолиб қолса-а?  Лекин ўйлантирган жойи шуки, сейфни очишлари мумкин бўлгани ҳолда нега бутунлай кўтариб кетишди? Хайрият-ки, ҳужжатларнинг бир нусхасини олдинроқ бировга бериб юборган эканман. Акс тақдирда Паркент воқеаси ҳам Фарғона фожеаси каби тарихнинг оппоққ саҳифасига айланиб қолар ва уни истаганлари каби талқин этишарди.

Келгусида Паркент комиссияси ҳужжатларини балки ўша журналист нашр этар ва Каримов тарихининг бу қонли саҳифасидан халқ тўла хабардор бўлар?!

(ДАВОМИ БОР).

2 Responses

  1. Ассалому алайкум, Хурматли дўстлар!
    Сизларга бир ҳаётий воқеани айтиб бермоқчиман. Сабр тоқат билан ўқийсиз деган умиддаман.

    (Исмлар ўзгартирилган.)

    БИР МУХОЖИРНИНГ ФОЖЕАСИ ЁҲУД “ЎЗИМДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА, ҚАЙГА БОРАЙ ДАВОГА”

    2011 йил ёз ойида, яъни 27 июнь куни Тошкентдан Москванинг Домодедово аэропортига Карим билан Сайфулло келишди.
    Ўзбекистондан келишдан олдин Карим Сайфуллога ойига 500$ дан ойлик беришни ваъда қилган. Улар бир бирини анчадан бери танимас эди, лекин уларнинг бир умумий танишлари бор эди. Улар бир тумандан, лекин хар хил қишлоқда яшашар эди.
    Хуллас самолёт Домодедовога келиб қўнди. Уларни Алексей исмли рус фуқароси, яъни иш берувчи мухожирлар тилида “хозяин” кутиб олди. Карим Алексейнинг қўлида анча йиллардан бери, 7-8 йилдан бери ишларди. Уларни Москва вилоятидаги Подольск шахрининг бир дала ховли (дача)лар шахарчасига олиб бориб жойлаштирди. Алексейнинг ўша ер (дачный участок) да дала ховлиси бор эди.
    Хуллас иш бошланди. Карим ва Сайфуллолар иккаласи ўша ерда 60 дан ортиқ дачаларга қоровуллик қилишар эди.
    Бундан ташқари ўша участкадаги тозалик, ахлат контейнер атрофининг озодалигига жавобгар эдилар. Яна Алексейнинг дала ховлисида хам турли ишларни бажаришар эди. Бир хафталарда хужжат (регистрация) лар тайёр бўлди. Иш давом этарди. Карим билан Сайфуллонинг орасидаги келишувдагидан ташқари ишлар хам бажарилди ва Карим Сайфуллога қўшимча ишлари учун алохида хақ ваъда қилди.
    Бир ой ўтди, июль тугади. Сайфулло Каримдан бир ой бўлди, уйга пул мул жўнатайлик деганда, Карим яна бир ой сабр қил, хали янгисан, Алексейнинг ишончи (доверияси) га киришинг керак деди. Август тугади. Пул йўқ. Сайфулло Алексейга тўғридан тўғри мурожаат қилолмас эди. Каримнинг юзидан ўтмасданми, ёки андишами буниси ўзига маълум. Алексей эшитмас эди хам.
    Шу пайтларда, август ойида Самарқандлик Умид деган бола хам ишга келди. У хам қилган ишлари учун пул ололмади.
    Сентябрь ойининг ўрталарининг бири, Карим айтдики хозир Алексей келади, хаммаёқни тозалаб чиройли қилиб қўйинглар, бугун пул олиб бераман сизларга деб ваъда қилди.
    Каримдан унақа ваъдаларни Сайфулло кўп эшитган эди, аммо Умидни олдида индамади.
    “Хозяин” хам келиб кетди. Карим келдида мана 3000 рубль бориб Дикси супермаркетидан майда чуйда, ароқ, пиво ва тайёр шашлик олиб келинглар деб Сайфулло ва Умидга пул берди.
    Хуллас, магазиндан келишди, шунда Сайфулло Каримдан пул олиб бераман дегандиз, олдингизми деганида, Карим Сайфуллога “хозяин”ни пули йўқ экан. Кейин бераман деб айтди, -деди. Сайфулло хеч бумаса 100-200$ (3000-6000 рубл) беринг, жўнатайлик. Келганимизга уч ой буляпти деди. Карим унга яна озгина сабр қил деди. Келганига икки ярим ой бўлишига қарамай хали Сайфулло уйига бир тийин жўнатмаган эди.
    Майда чуйдалар тайёрланди, бу орада Карим қандайдир рус таксист таниши “барига” орқали наша олиб келди.
    Чекишди, шундан кейин Карим Сайфулло билан Умидга сизлар тайёргарлик қилиб туринглар мен хозир бирон бир соатда келаман, йўлга чиққач телефон қиламан шашликни пиширасизлар деб тайинлаб, яна биттадан қуруғидан тортди ва такси чақириб кетди.
    Карим кетгач, Сайфуллонинг Карим телефонига кўзи тушди. Эсидан чиқариб кетиб қолибди. Шу пайт СМС келиб қолди. Сайфулло очиб қаради. Бу пул ўтказмалари “Кукуруза” тўлов системасидан эди. Яна телефондан бошқа “500$ пулни олдингми” деган смслар топилди. Ўша смс йуборилган адресат рақам эгасини Сайфулло яхши танир эди. У бир эридан ажрашган ёш жувон қиз эди. Карим уйланган 2 ёки 3 фарзанди борлигига қарамай, у қиз жувон билан хам учрашиб юриши маълум бўлди. Шунда Сайфулло хаёлидан: “Агар хозяинни пули бўлмаса, Карим қаердан пул жўнатди. Мени халол мехнатимга пул бермасдан, ўзи жазман, ўйнаш (тёлкалари) га 500$ лаб пул юборади. Худо билади яшириб ўйнашига 500$ жўнатган, бола чақасига қанча жўнатди экан.-деб ўтказди ва ғазаб отига минди.
    Тайёргарликлар кўрилди, Карим бир рус қиз яъни фохишани “снимат” қилиб олиб келди. Шунда Сайфулло умуман ғазабланиб кетди. Менга пули йўқ фохишага пули бор деб хаёлидан ўтказди. Лекини Карим наша ва спиртной таъсирида бўлгани учун Сайфулло индамади.
    Ўтиришди, еб ичишди, яна чекилди. Шунда Карим Сайфуллони чақириб: “мана бу пулни олиб беркитиб қўй, кайфим ошиб қолди, “хозяин” строй материалга ташлаб кетди бу пулларни. Яна манаву жалаб кечаси ўғирлаб қўймасин деб 30000 рублдан ошиқроқ (1000$) пулни берди ва эрталаб берасан деди.
    Буни кўрган Сайфулло яна ғазабланди. Пул йўқ деб туриб шунча харажатдан кейин яна 30000 қолипти деб хаёлидан ўтказди. Бу строй материал шунчаки бахоналигини Сайфулло яхши биларди. Нима қилсин, додини кимга айтсин. Хеч кимни танимаса, Россияга биринчи мартта келиши бўлса, хеч қаерни билмаса.
    Шу тариқа улар тарқалишди. Карим фохиша билан “хозяин” ни дачасида қолди. Сайфулло ва Умид ўзлари ётадиган қоровулхонага кетишди. Сайфулло интернетда бир рус аёли билан гаплашиб юрарди. У аёлнинг хамма нарсадан хабари бор эди. Сайфулло ёлғиз у билан сирлашарди. Кечаси Сайфулло унга: “у меня есть 33000, я хочу уехать отсюда. Поможешь с местом?” деган мазмунда смс хабар қолдирди. Кечаси билан мижжа қоқмаган Сайфуллонинг телефони эрталаб 5:00 жиринглади. У ўша рус аёли эди. Сайфулло хамма гапни ётиғи билан тушунтирди.
    Шунда у аёл қаерга бориш кераклигини, нима қилиш кераклигини тушунтирди.
    Сунг Сайфулло нарсаларини шоша пиша йиғиштириб соат 5:30 ларда йўлга чиқди.
    Сайфулло Карим берган 30000 рубл ва ўзи дачаларда турли ишларни қилиб озгина ишлаган 3000 дан зиёдроқ пулини олиб йўлга чиқар экан, бу мусофир юртда фақат Аллохга таваккал қилди. Шу аснода у рус таниш аёли айтган жой яъни гостиницага борди. У ерда 3 кун яшади. У аёл билан учрашиб, хамма нарсани гаплашиб олди. Рус аёли Сайфуллога ўзи ишлайдиган жойдан тез кунларда иш топиб беришни ваъда қилди. Учинчи куни Сайфулло ўша рус аёлининг ишхонасига борди ва ишга жойлашиш учун хужжат тайёрлаш йўл олди. Украинага бориб “кирди-чиқди” штампини урдириб келди. Регистрацияга ўша рус аёли ёрдам берди. Хамма хужжатларини тахт қилди. Биронта қалбаки хужжати йўқ эди. Хаммаси “чистый” эди.
    Тез орада ишга жойлашиб ўша ишхонанинг ётоқхонасига яшаш учун келди. У “грузчик” сифатида ишлай бошлади.
    2012 йилнинг январ ойлари эди. Қиш бўлганлиги, ишда байрамлар кўплиги ва сменанинг камлигидан молиявий томондан қийналиб қолди. Оғир кунлар бошланди. Шу қийин кунларнинг бирида унинг ёдига олдинги ишлаган жойида яна пуллари қолгани, қўшимча ишининг хақлари борлиги тушди. Бир куни сахарда қийналгани туфайли Каримнинг олдига борди. Уни Карим яхши кутиб олди. Қолган пулимни қачон берасиз, яна пулим қолганку деган мазмунда Каримдан хаққини талаб қила бошлади. Шунда у эрта индин берарман қабилида бахона ва ёлғонлар тўқий бошлади. Каримнинг айёр ва ёлғончилигини билган Сайфулло унга ишонмади. Бўлмаса менга хужжатизни беринг, хаққимни берган кунингиз қайтараман деб айтди. Улар гап талашиб қолишди. Каримнинг ёнида яқинда Ўзбекистондан келган дўсти хам бор эди. Лекин улар икковлон Сайфуллога хеч нарса қила олишмас эди. Чунки у Каримнинг ёнига бир рус бақувват танишининг машинасида бирга борган эди. Шу пайт хозир ўтириб туринглар мен хожатга чиқиб келай деб Карим ташқарига чиқиб ғойиб бўлди. Сайфулло Каримнинг ёнидаги дўсти Шавкатни яхши танир эди. Шавкат ва Сайфулло бир махалладан эди. Карим чиқиб кетгач Шавкат Сайфуллога: “Нима қиласан унақа документ пакумент беринг деб, бераман деяптику. Эртага келгин беради. Бир жойданмиз ахир. Тем более сан Каримнинг 30000 рублдан ошиқ пулини ўғирлаб кетипсан. Менга хаммасини айтиб берди. Яна хозяинни дачасидан ноутбук ва DVD PLAYER ларини ўғирлаб кетганмишсан” -деб Каримнинг бу бўхтон сўзларини айтиб берди.
    Бу тухматлардан кейин Сайфулло яна ғазаб отига минди. Ярим соатдан ошиқ вақт ўтган бўлса хам Карим хожатхонадан қайтиши қийин бўлди. Жахли чиқиб турган Сайфулло стол устида ётган бир шада калит ва эски бир смартфонни киссасига солиб, Шавкатга: “Карим келса айтинг, қачон пулимни қолганини берса шунда смартфон ва калитларини қайтариб бераман” -дедию рус ошнаси билан машинага ўтириб кетди.
    Шу куни Сайфуллонинг телефони тинмади. Карим унга қўнғироқ қилиб, нега ундай қилдинг? Бераман шу пулингни, хеч бўлмаса калитларни қайтариб бер деб тана қилди.
    Сайфулло бу калитларнинг мухимлигини тушунди ва Каримга йўқ, қачон пулларимни берсангиз шунда қайтариб бераман деди. Телефондаги бахс жиддий тус олиб, таранг холатга келгач Сайфулло унга майли хеч бўлмаса 15000 рубл беринг, қолганига розиман, деди.
    Шунда Карим кечгача 15000 рубл топиб унга қўнғироқ қилишини айтди ва гўшакни қўйди.
    Сайфулло ва Каримнинг оғзаки келишувига кўра хар ой Карим унга 500$ (15000 рубл), бошқа қўшимча ишлари учун жами 1300$ (40000 рубл) хақ бериши, хаммаси бўлиб Карим Сайфуллога келишув бўйича 2,5 ой учун 1250$ ва мехнати учун яна 1300$, жами 2550$ миқдорида қарздор эди.
    Еб ичиш келишувга асосан ойликдан ташқари эди.
    Кеч хам кирди. Карим Сайфуллога қўнғироқ қилди ва мен 15000 рубл эмас 10000 рубл топдим, калитларни олиб кел, майли смартфон керак эмас деб айтди.
    Сайфулло эрталаб олиб борган рус танишига, яна олиб бор деб илтимос қилган эди. Лекин у хозир ишдаман, эртагача сабр қил, эрталаб бориб келамиз деб айтди. Аммо Сайфулло эрталабгача кутишни истамади, эрталабгача Карим яна фикридан қайтиб қолмасин деб ўйлаб, шу аснода содда ва ишонувчан Сайфулло йўлга чиқиб такси ушлаб Каримнинг ёнига йўл олди.
    Карим унга йўлнинг ўзида келяпсанми, қачон етиб келасан деб 3-4 мартта қўнғироқ қилди. Масофа машинада 30-45 дақиқалик йўл эди. Сайфулло унинг олдига етиб борди ва киракаш йигитга хозир кутиб тур, мен кириб пул олиб чиқай, қайтиб олиб кетасан деди. Таксист йигит рози бўлди. Машина дачный участок СНТ нинг дарвозаси олдида тўхтади ва Сайфулло у ерда Каримнинг бир ўзи сигарета чекиб турганини кўрди. Машинадан тушиб Каримнинг олдига борди ва сўрашди. Яхши муомала билан кутиб олган Карим сигаретини ерга ташлади. Атроф ўрмон ва хаммаёқ қоронғу эди. Орадан бир дақиқа ўтар ўтмас ўрмондан аллакимлар чиқиб кела бошлади.
    Улар 4 киши эди.
    Шу пайт ана ур йиқит бошланди. Бир Сайфуллонинг ўзини 4 киши дўппослаб дабдала қилиб, оғзи бурнини қонга белашди. Қоровулхонага олиб кириб яна анча дўппослашди.
    2-3 соат дўппосланган Сафуллонинг юзларида соғ жой қолмаган, икки кўзи ишиб кетганидан юмилиб қолган эди.
    Сайфулло улар орасида энг ёши кичиги эди. Сайфулло 1984 йил бўлса, дўппослаётганларнинг энг ёши 1982 йил эди. Улар Сайфуллони “живой мешок” каби навбатма навбат уришарди. Бири чарчаса бири.
    Сайфулло уларнинг 2 тасини таниди. Хаммаси Сайфуллонинг махалласидаги олдин қамалиб чиққан зеклар эди. Карим уларга уларнинг “система поняткаси” бўйича бу бола “криса”, мани ухлатворди, қанча нарсаларимни ухлатворди яна мани “вимогат” қилиб, пул талаб қиляпти деб тушунтирган экан.
    Шундан сўнг Каримнинг ўзи катта ханжарни олиб келиб, буни бунақа қилиб эмас, мана бунақа уради деб ханжарнинг қаттиқ сопи билан Сайфуллонинг бошига ура бошлади. Нима бўлди, нима қўйдию, кафтлари билан бошини беркитиб турган Сайфуллонинг чап кафти пичоқ зарбидан йиртилиб кетди. Қонга беланган қўлларининг йиртилганини сезмаган Сайфулло кафти билан яна бошини беркитиб олди.
    Шу пайт Карим Сайфуллога битта “разборчик”ни чақирганман хозир келади, деб айтди. Яна дўппослаш давом эттирилди. Улар орасида Каримнинг укаси хам бор эди. Сенми хали акамни “вимогат” қиладиган, “криса” деб яна дўппослади. Хаммаси Каримга кел шу “криса”ни ўлдириб лесга кўмиб ташлаймиз деб пўписа қилишди. Хаммаси наша ёки спиртной таъсирида эди. Бўлмасам ўзидан анча кичкина йигитни 4-5 киши бу даража дўппослаб, оғзи бурнини қонга беламас эди.
    Бу вахшийликни ақли хуши жойида, соғ одам боласи қилаолмас эди. Уларнинг ичида энг каттаси Каримнинг қўлидаги ханжарни олиб, кўрткангни еч, ўлик одамга куртка керак эмас. Сени хозир сўйиб лесга кўмиб ташлайман. Сени Россияда ким хам қидирар эди дея қўрқитиб пўписа қилди. Яна биттаси нима қилай лесда чуқур қазийверайми деб бошқаларидан сўради.
    Шу пайт эшикдан улар айтган “разборшик” кириб келди. Уларнинг хаммаси ташқарига чиқиб кетди. У “разборшик” деганлари рус миллатига мансуб, қора кожа курткада, қўлларида чарм қўлқоп кийган, ёши 35 лар чамасидаги киши эди.
    У “разборшик” Сайфуллога нима бўлди, “положения” ни тушунтир, киминг бор бу ерда, “поддержканг” борми, бўлса айт. Чақир гаплашайликчи деб айтди. Сайфулло унга бўлган гапларни бирма бир сўзлаб берди. У эса энди нима қиламиз, бу ўғирлаган пулларингни қайтаришинг керак. Уйингга телефон қил, пул жўнатсин деб чиқиб кетди. Бу Каримнинг ўйлаб топган навбатдаги спектакл томошаси эди.
    У рус хеч қандай “разборшик” эмас, Каримнинг қандайдир бир таниш рус ошнаси эди.
    “Разборшик” нинг вазифаси Сайфуллонинг таниш билиш, “поддержка”, “криша” си бор йўқлигини аниқлаш эди.
    “Разборшик” Каримга Сайфуллонинг Россияга биринчи мартта келиши, шунга қарамай яхши кийиниб олипти, хеч кимни танимаса, “кришаси” бўлмаса нима иш қилиб қаерда яшаяпти деган саволларига аниқлик киритиб жавоб олиш учун ўйлаб топилган спектакл сахнаси эди.
    Орадан кўп ўтмай “хозяин” яъни Алексей хам Москвадан етиб келди.
    Кириб келиб вой бо, ха бу йигитни нима ахволга солдиларинг, бизларга хеч нарса қолмаптику дея олдидаги бир рус кишига қараб кулди.
    Сайфуллога ўрнингдан тур деб пўписа қилди. У ўрнидан турди.
    Кейин Алексей қўлига анаву катта ханжарни олиб Сайфуллога: “сними штаны и покажи свои крутые яйца своим друзьям” деб пўписа қилди. Сайфулло жим турарди. Алексей эса яна: “сними штаны и покажи яйца, а то отрежу их вместе с членом” дея дўқ урди. Шунда Сайфулло у хохлаган нарсани қилди. Шундан сўнг Алексей ханжарни столга санчиб индамай чиқиб кетди. Шу пайт Алексей билан келган ёнидаги рус киши мен шу Подольск туманининг “начальник участковый” нозириман. Хужжатингни бер, қани паспортларинг деб Сайфуллодан сўради. Шунда Сайфулло хужжатларини унга берди. У қараб “да, ещё молодой и вымагаешь людей” деб, хужжатларни олиб, “сейчас оформим” дея чиқиб кетди.
    Шу билан қайтиб на Алексей, на милиция бошлиғи кўринмади ва на паспорт, на бошқа хужжатлар қайтарилмади. Сайфулло паспорт, регистрация ва миграцион карточкасини олдириб қўйди.
    Бу Каримнинг Алексей орқали амалга оширилган навбатдаги мунофиқона қабих ва қора режаси эди. Сабаби Карим ўзидан қўрқар эди, шунча қийноқлаб калтакланган Сайфулло ўзининг бирон “талпаси” билан келиб яна мени ўлдирибми, бирон нарса қилиб кетмасин деган фикр эди. Шунинг учун Карим Сайфуллонинг хамма хужжатларини Алексей орқали тортиб олиб, ипсиз боғлаб қўйди.
    Шундан сўнг, бегона одам қолмади. Фақат жаллодлар қолгач вазият қуйидагича тус олди.
    Карим фотоаппарат олиб келди ва Сайфуллога мен билан юр деди. Уларнинг хаммаси Сайфулло билан Алексейнинг дачасига боришди. Шу ерда Карим Сайфуллонинг қўлига бир каттароқ пичоқни бериб, дераза олдига туришини буюрди. Шунда Сайфулло нима қилмоқчисиз, шунча нарса каммидики яна қанақадир хийла ишлатяпсиз деб бош тортган эди, яна дўппосланди.
    Охири Сайфулло қўлига пичоқни ушлаган холда дераза олдида суратга олинди. Деразани бузиб кирмоқчи бўлган ўғри қабилида яна бир неча бор суратга олинди. Гўёки, ўғри келгану улар ўғрини суратга туширишган. Ўғри қўлидаги пичоқ, кафтидаги бинт ва таниб бўлмас кўм кўк юзи билан фотокамера ёнида “позировать” қилган. Қўлидаги пичоқни салафан қопчага солишди. Недурки бармоқ излари бор.
    Шу тариқа Сайфуллони ўша қоровулхонада 2-3 кун хеч қаёққа чиқармай ушлашди. Эртаси куни Алексей хабар олгани келди ва Сайфуллога қараб: “Живой? Не умер еще?”-деб атрофдагиларга қараб кулди.
    Шу тариқа 2-3 кун ўтгач Сайфуллони ўзлари машинада ётоқхонага обориб ташлаб, эски смартфонни хам олиб кетишди.
    Сайфулло Каримнинг ёнига бир неча мартта ялиниб паспортимни олиб беринг деб борди. Натижа бўлмади, шунда хам Сайфулло умидини узмай бораверди. Шу кунларнинг бирида Карим Сайфуллога паспортининг ксерокопиясини бериб, агар билет олиб уйингга кетадиган бўлсанг аэропортда паспортингни Алексей қайтариб берар экан деган сўзларни айтди. Алексейга Сайфуллонинг кетиши нима кераги борлиги қоронғу эди. Лекин бу нарса Каримнинг хавфсизлиги учун керак эди. Бу орада маълум бўлишича Карим нонкўр ўша ўзининг жаллод, зек гумашталаридан 2 тасини “кидат” қиворипти. Ишлатиб пулини бермапти. Биттаси аранг уйига кетипти. Яна биттаси ўғиллари билан Самарага кетворибти. Сайфулло яна Каримнинг олдига борди. Шунда охирги мартта Карим унга, яна келсанг биздаги суратларни, пичоқни полицияга берамиз, қамаласан ёки депорт бўласан деб дағдаға қилди. Ўшандан кейин Сайфулло қайтиб бормади. Бу орада Сайфулло “разрешения на работу” олиши керак эди. У хар ойлигидан ишхонасига хужжат учун 22000 рубл тўлаб бўлган эди. Унинг навбати келди. Лекин паспорти йўқлиги сабаб ФМС га бора олмади. ФМС дан хат келавергач ишхона рахбарлари унга нега “разрешения”га бормадинг, нега олмадинг деган саволларни берди.
    У бўлган воқеани айтиб бергач, ишдан хайдалди. Воқеани охиригача эшитишни хам хохлашмади. Хам паспортидан, разрешенияга тўлаган пулидан мосуво бўлди.
    Ишхонадаги рахбарлар унга паспортинг бўлмаса “разрешения”ни ФМС бермайди, тўлаган пулингни хам қайтармайди дейишди.
    Шундай қилиб Сайфулло умуман оғир ахволда қолди. Таниш аёли хам “без документов я тоже не могу ни чего сделать, не могу помочь” деган сўзларни айтди.
    Бунинг устига Сайфулло калтаклар таъсирида мия чайқалишни бошдан кечирганди. Яхшиям бирга ишлаган одамларда инсоф бор экан. Даволатиб, ётоқхонада яна бир ой яшириб ёрдам бериб юришди.
    Кунларнинг бирида ётоқхонани ФМС ходимлари босди, рейд бошланди. Сайфулло хожатхонанинг деразаси орқали қочиб улгурди.
    Қишнинг совуқ кунларида кечгача кўчада беркиниб юрди. Кечга яқин келиб сумкасини олиб, йўлкирага қарз олиб бир танишининг дачасига кетди.
    Шундан бери у қочоқ ўғридай, ФМСу милициялардан беркиниб ишлаб юрибди. Ишида хам фақат “кидала” га учраяпти. Хужжат йўқ бўлгач додини кимга айтади.
    Шу келган даври 2011 йилдан бери шу йилгача уйига фақат 300$ пул жуната олибти холос.
    Бир икки милицияга борган экан ўша пайтлар. Додини хеч ким эшитмабти. Элчихонага боргиси йўқ. Оддий масалани хал қила олмай йиллаб сарсон қилган элчилар менга нима ёрдам берарди деб хафсаласи пир бўлган.
    Қолаверса уйига қайтиш учун ғурури йўл қўймаяпти. “Одамлар, қишлоқдаги ва махалладошлар, дўсту биродарларим гапидан қўрқаман 2,5 йил Россияда юриб бир тийин тополмай, яна депорт бўлиб келипти деб устимдан кулади” деб юрипти.
    Унинг гапида хам жон бор, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Дўст бор душман бор. Дўсту биродарлар Россияда қанча ишладинг, неча пул олиб келдинг деса, нима 2,5 йил юриб 300$ пул топдим дейдими.
    Эх аттанг, бир юртдош, махалладошларнинг бир бирига оқибати шундай бўлса. Энди буни ўқиб ўзингиз хулоса қилинг. Маслахатлар бўлса маслахат беринг, хуқуқий ва амалий ёрдам бера олсангиз ёрдам беринг, Азиз мўмин мусулмон дўстлар!

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: