Ошкоралик қўмитаси раиси, шоир Эркин Воҳидов билан Ислом Каримовнинг устидан келган шикоятлар хусусида суҳбатлашиб ўтиргандик. Ҳар ҳолда одамлар демократия, сўз эркинлиги шамолини сезиб қолишганди.
Масалан, наманганлик санъаткор-журналист Носир Зокир қўмитамизга юборган хатида: “Каримов ухлаётганга ўхшайди. Дунё ошкоралик ҳақида гапириб турган пайтда у ошкораликни бўғмоқда. Биз мустақиллик баёноти билан боғлиқ бўлган гапларни эшитдик. Лекин нега бу гапларни ҳалқ билмайди?” дея ёзганди.
Яна кимдир Ислом Каримов номига ёзган хати ўзи шикоят қилган одамнинг қўлига тушганини билдирган бўлса, бошқа биров Каримов ўзбек олтинларини четга чиқараётгани ҳақидаги миш-мишлар текширилишини сўраган. Бундай хатлар устига қизил белгилар қўйилганди. Уларни Эркин Воҳидов кўрмагандай қилиб, менга ўтказарди. Устига “ўрганиш, текшириш ёки жавоб ёзиш” деб бир жумла битарди.
Шу куни Олий кенгаш ҳайаътининг мажлиси бор эди. Эркин ака мажлисга чиқиб кетди.
Сессияга олиб чиқишимиз керак бўлган қонун лойиҳаси устида ишлаётган эдим. Аммо хатлар ҳам тинчлик бермасди. Уларни столим устига қўйиб, бир режа туза бошладим.
Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, дейдилар. Бирдан эшик шиддат билан очилди. Ислом Каримов, Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов, Бош вазир Шукрилла Мирсаидов кириб келишди. Эшик ёнида иктисодий ислоҳот, саноат, транспорт ва йўл қурилиш қўмиталари раислари ва бошқалар. Орқароқда ҳуқуқ тартибот қўмитаси раси Эркин Халилов жилмайиб қараб турганди.
Каримов салом-аликдан кейин столнинг четига енгилгина “илашиб” ўтирди. Менинг жойимга эса Бош вазир “ёйилди”. Олий Кенгаш раиси Иброҳимов эса, Эркин Воҳидовга яқинроқ жойда қўлини орқасига қилиб турарди. Ҳаммаларининг кайфияти яхши. Бир икки қочириқ гаплар айланди ўртада. Улар нимага киришганини ўйлар эдим. Бир кун аввал ойнаижаҳонда “Депутат минбари” рукни билан бериладиган курсатувда суд тизимини, Олий суд раиси Бобур Маликовни қаттиқ танқид қилгандим. “Пахта иши” бўйича умумий авфга тушганлардан Олий суддагилар катта миқдорда пора олиб, шундан кейингина ҳужжатларини расмийлаштирмоқда”, деган шикоятлар кўп эди. Шуларни айтиб, Олий судни кескин танқид қилгандим. Каримов телевидениеда бундай гаплар айтилишини ёқтирмасди. Лекин ҳоизр худди кўнглимдагини ўқигандай:
-Кеча яхши гапирибсиз, телевизорда,-деб қўйди.
Демак, кўрмаган, кимдир қандайдир гап айтган. Хонамизга келишига бу сабаб эмас. Балки у Олий Кенгашдаги иш шароитлари билан танишиш учун келгандир?
Хуллас, саволлар хаёлимдан “ғириллаб” ўтиб турганда, Каримов стол устидаги хатларни қўлига олди.
Аллоҳнинг кудратини қаранг: бу хатларни олиб бориб, “Ўқинг”, деб илтимос қилганда ҳам у қўлига олмасди. Кутилмаганда ўзи кириб келиб, ўзи ҳақида ёзилган шикоятлар, норозилик хатларини ўқимоқда. Аввалига енгил тортдим. Кейин негадир кўнглим ғашланди. Худди, Каримовнинг устидан ҳужжат тўплаётганга ўхшаб қолдим-ми, деб ўйладим. Чунки унинг қўлидаги барча мактубларда одамлар Ошкоралик қўмитаси фош этади, дея ёзишаётганди, шекилли. Қолаверса, бошқа республикаларда юз бераётган ошкоралик уларни ҳам қитиқлаётгани сезилиб турарди.
Каримовнинг авзойи бузилди. Буни сезган шериклари жим бўлиб қолишди.
-Сизлар шикоят текшириш билан бош қотирманглар! Пастда хатлар бўлими бор, ўша ердан керакли жойга қайтариб жўнатаверсин,- деди у ва ўқишда давом этди.
Икки-уч хатни ўқигандан кейин шартта ўрнидан турди-да:
-Ҳе, бу нонкур халқнинг онасини…! – дея сўкиниб, қўлидаги хатларни ўртасидан йиртиб, ахлат қутисига отиб, чиқиб кетди. Қолганлар ҳам унинг орқасидан ташқарига югурдилар.
Оғир аҳволда қолдик. Каримов ҳалқ баробарида бизни ҳам ҳақорат қилди. Эркин ака тортмасидан асабни сокинлаштирадиган доридан олиб ичди. Сўнг сигарет сўради-да, чиқиб кетди. Шу пайт қўмита котибаси Тойиба кириб келди.
-Нима гап? -деди у.
Индамадим.
-Нега рангингиз оқариб кетган? – деб сўради у.
-Каримов бутун халқни, ҳаммамизни ҳақоратлаб кетди, – дедим.
Кейин бор гапни айтиб бердим.
-Даҳшат-ку! – деди Тойиба, – қандай чидаб ўтирибсизлар?! Бирор чорасини кўриш керак!
-Нима қиламиз? Орқасидан югуриб бориб, жавобан сўкиш керакми?
-Имкониятингиз кўп, ҳалққа маълум қилиш керак!
Халққа қандай қилиб маълум қилишни ўйладик. Ниҳоят, Матбуот конференсияси ўтказиш керак, деган фикрга келдик.
Бир кун олдин Тошкент шаҳар журналистлар уюшмасидан қўнғироқ қилиб, “Ошкоралик қўмитаси раҳбарлари билан қалам аҳлининг учрашувини ташкил қилсак” дейишганди. Қўл келди, дарров уюшмага сим қоқиб, эртага пешин чоғи вақтимиз борлигини маълум қилдик. Кейин ўзимиз бош муҳаррирларга, мухолифат лидерларига, фаолларга, диний идорага ҳам телефон қилиб, вакиллари қатнашишини сўрадик.
Эртасига Эркин ака:
-Саломатлигим ёмон, дўхтирга кўринишим керак эди, сизлар ўтказаверинглар,- деди.
-Сиз бормасангиз бўлмайди, – деб туриб олдик.
Хуллас, “Майли, етиб келаман” деди у.
Учрашувни Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг раиси очди.
Ошкоралик қўмитаси фаолияти ҳақида гапирдим. Сўнг:
-Яқинда раҳбаримиз ишхонамизга келиб, тасодифан шикоят хатларини кўриб қолди. Аксарият хатлар унинг фаолияти ҳақида эди. Шунда хатларни ўқиб, йиртиб, ахлат қутисига отди-да “Бу нонкур халқнинг онасини…!”, – деб ҳақоратлади, – дея воқеани ҳикоя қила бошладим.
Бу гапни эшитган зиёлилар оёққа қалқиб кетади, балки матбуот уйидан Каримовнинг девонига қараб юриш бошлашар, деб ўйлагандим. Умуман бу гапни ошкор қилишга кўп истиола қилгандим. Катта тўс-тўполон бошланади, мухбирлар газетага ёзишади, одамлар оёққа туради, деган хаёлга боргандим. Чунки муштга ёки калтакка чидаш мумкин, лекин “онангни…” деган ҳақоратга чидаш мумкин эмас, деб тушунардим. Шу сабаб, бутун вужудимни масъулият, юз берадиган воқеалар учун масъулият юки босганди. Ҳали гапирадиган гапим охирига етмасдан, ЭРК партияси котиби Абдулҳай Абдумавлонов ўтирган жойидан бақирди:
-Исмини айтинг, қани ошкоралик, нега хаспўшлаб гапирасиз!
Хаёлимдан “ана бошланди” деган гап ўтди.
-Исмини айтмасам ҳам кимлигини сезиб турибсизлар. Ким бўларди, президент Каримов-да, – дедим.
Ўтирганларга қарасам, умумий лоқайдлик руҳи ҳукмрон. Биров ажабланмади ҳам, бировнинг жаҳли чиқмади ҳам. Миллатнинг гуллари – ойдинлар, шоирлар, курашчилар… Уларни бирдан қўрқув босдими? Ёки аввалдан қўрқоқмидилар? Балки қулликларини тан олган қулларми булар? Хуллас, на диндорлар ва на майдонларда халқнинг олдида борадиган фаоллар ҳам бир сўз демадилар. Бақириб савол берган Абдулҳай ҳам негадир жимиб қолди.
Ташқарида воқеанинг бу саҳнаси ўтишини пойлаб ўтирган эканми, бир оздан кейин Эркин ака кириб келди. Унга “Юртда диктатура бошландими?” деган савол тушди. У диктатура нима эканлигини, бизда эса унинг белгилари ҳали кўринмаётганини тушунтириб берди. Сўнг Тойиба сўзга чиқди. У анча дадил гапирди. Ҳақиқатни очиб ташлади.
-Менга қийин, – деди Эркин ака. – Илгари Жаҳонгир гапирганда унинг сўзларини андавалаб туришга тўғри келарди, энди Тойиба хонимникини ҳам текислашим керак.
Ўринсиз “аския” ва ўринсиз кулги бўлди. Учрашув кечга яқин якунланди. Уй-уйга тарқалдик.
Эрталаб ишга келсам, доим соат 10-11дан кейин кўринадиган Эркин ака ҳали соат тўққиз бўлмасидан хонада сигарет тутатиб ўтирарди. У кашанда эмас, лекин баъзида тутатиб қоларди. Салом-алик совуқ бўлди.
-Кечқурун оқсоқол уйга телефон қилдилар, – деди у ҳар доимгидек Каримовни “оқсоқол” билан алмаштириб. – Мен унақа гап айтганим йўқ, бундай дегунча ўзимни отмайманми, дедилар. Исмат Хушев бориб ҳамма гапни айтиб берибди. Аллақачон ундан шикоят ҳам ёздириб олишибди. Қаматмасам қўймайман, деяптилар. Наҳотки мажлисда мен келгунга қадар шунча гап бўлди? Хуллас, осмон узилиб ерга тушган, айтганим йўқ, дедилар.
-Ўзингиз эшитдингиз-ку?!-дедим ҳайратда қолиб.
-Кенгаш раиси бир нарсалар гапириб турувди менга. Ўшанга эшитмай қолган бўлсам керак. Ўзи, ростдан ҳам шундай деганмидилар?-Эркин ака болаларга хос самимият билан тикилиб қолди.
Уйга толдим. Хаёлга ботганимни Эркин ака бошқача тушунди, шекилли:
-Ҳозир нима бўлса ҳам оловни ўчириш керак,-деди.-Бориб оқсоқолга узр, деб қўйиш керак. Бўлмаса, ҳамма нарса тескари айланиб кетади…
Аллақачон, ҳамма нарса тескари айланиб кетганди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қўмитаси “Ислом Каримовнинг шаънини ҳимоя қилиш учун Жаҳонгир Маматовни судга бериш керак”, деган қарорга келганди. Шу куни кечга яқин Марказқўм иккинчи котиби чақираётганини айтишди. Борсам, ташкилий бўлим мудири кутиб олди.
-Олдин иккаламиз суҳбатлашсак, нима бўлганда ҳам ҳамкасбмиз. Кейин у кишига кирасиз, – деди у.
Мудир машинкада ёзилган олти-етти саҳифалик хатни ўқиб, кейин менга савол бера бошлади.
-Бу саволни Исмат Хушевга берасиз, – дедим.
Исмат журналистлар орасида “Каримовнинг айғоқчиси” номини олганди.
-Нега?- деб ажаблангандек сўради мудир.
-Чунки қўлингиздагини у ёзган.
-Қаердан билдингиз у ёзганини?
-Охирги саҳифасини тескари ушлаб қолибсиз, шундан,-дедим аслида Исмат Хушевнинг президентга бориб айтганини Эркин акадан эшитганимни билдирмай.
-И, и, – у дарров саҳифаларни тўғрилаб олди.
-Аммо, раҳмат, нима бўлганда ҳам ҳамкасбсиз-да, сотқин кимлигини сездириб қўйдингиз, – дедим.
-Бу сотқинлик эмас, бу юртни, Ватанни севиш белгиси.
-Юрт, Ватан фақат Каримовдан иборат бўлса, асло севмадик!
Кейин у мен сайланган Жомбой тумани биринчи котибининг имзоси билан келган шошилинчномани кўрсатди.
-Халқ ҳам сиздан норози,-деди у шошилинчномани ўқиб.
-Бечора халқ телеграмма юборса, бир ойда ҳам етиб келмайди .Буни қуш билан юборишган шекилли, бир кунда қўлингизга тегибди. Топшириғингизни вақтида бажаришибди, – киноя килдим мен.
-Биласизми, мен сизни анчадан бери кузатаман. Илгари доим танқидий мақолалар, фелъетонлар ёзардингиз. Депуат бўлиб ҳам доим камчилик қидирасиз. Умуман, шундай дунёқарашдаги киши учун бора – бора ҳамма нарса нуқсонли кўринади. Бу ҳам бир хасталик. Шунга иқрор бўлсангиз, даволанишга ёрдам берамиз, суд ташвишидан ҳам қутуласиз, – деди у.
Кулдим:
-Балки, шундайдир,-дедим.-Сизларнинг кўзларингизга ҳамма нарса яхши бўлиб кўринади. Ҳаммаёқ тўкин – сочин, муаммо йўқ. Бу ҳолда даволашни бу идорадагилардан, жумладан оқсоқолдан, партия раҳбарларингиз ва ўзингиздан бошламоқ керак. Судга келсак, нима қиламиз, осмон қўлингизда, ташлаб юбораверинг! Лекин Совет давридаги каби танқид қилганларни руҳий хастахонага тиқиб қўйиш пайти ўтиб кетди,-дедимда мудирнинг эшигини ёпиб чиқиб кетдим-у кўнглим тинчимади. Мудир “юқорига чиқишимиз керак” деганча қолди.
Ташқарига чиқарканман, негадир ўзимни ёлғиз ҳис килдим. Асабларим чатнай бошлаганга ўхшаб туюлди. Уйгача пиёда келдим.
“Воқеа” тафсилоти дарҳол Каримовга етиб борган шекилли, эртасигаёқ Ошкоралик қўмитаси фаолиятини тафтиш қилиш бошланди. Тўғрироғи мен ва Тойибанинг “дафтар, қаламлари”ни текширишга киришилди. Кўп ўтмай Ошкоралик қўмитасининг фавқулодда мажлиси белгиланди. Мажлисдан бир кун олдин депутаталар Каримовнинг ҳузурида “маслаҳат”, “топшириқ” олдилар.
Ўзбекистон радиосининг Москвадаги мухбири Раимжон Султонов билан яна икки киши Каримов қабулидан кейин олдимга келишди.
-Ҳамма билан унинг ўзи алоҳида гаплашмоқда, кимга иш, кимга машина ваъда қилинмоқда. Агар сиз ва Тойибани қувмасак, қўмита ҳам ёпиларкан,- деди Раимжон.
У жасоратли журналист. Адолатсизлик қаршисида чидай олмас эди. Аммо кейинчалик ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ўғлидан ажралиб қолгач, негадир жамоат ишларидан ҳам узоқлашди. Уни тушуниш мумкин. Бундай кезда одамнинг кўнглига бошқа дард сиғмайди. Хуллас, ўшанда Раимжон ва бошқалар мажлисда маҳкам турадиган бўлишди.
Мажлис куни Олий Кенгаш қўмиталаридаги депутатлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этиш учун тўпланишди. Олий Кенгаш раисининг ўринбосари Бугров уларга “жавоб” бериб, мажлис ёпиқ ўтишини айтди. Баъзи миллатвакиллари қатнашамиз, деб залдан ўрин олишди. Лекин уларни ҳам чиқариб юборишди.
Мажлис “совуқ” бошланди. Бугров мажлисни рус тилида олиб боришни таклиф қилди.
-Бу Ўзбекистоннинг Тил ҳақидаги қонунига зиддир, агар мажлисда қатнашганлардан кўпчилиги рус бўлганда балки буни ўйлаб кўрган бўлардик, лекин, битта рус бор, у ҳам сайланаётган пайтда сессияда ўзбекча гапирганди,- дедим .
-Энди ўрганаяптилар,-деди Эркин ака.
Хуллас, мажлисни рус тилида ўтказишга йўл бермадик. Қўмитанинг ҳамма соҳага аралашаётгани, умуман Олий мажлис ҳукумат ишларига аралашмаслиги, партияни ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида гапирилди. Узоқ тортишдик. Каримов бир неча бўлакка бўлиниб, бир неча кишининг ичига кириб олган каби бир хил гаплар айтила бошланди. Ўзбекистон Комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров “Ислом Каримов бу халқни севиши ва халқ ҳам уни севганини” айтиб, биз унга туҳмат қилаётганимизга тўхталди.
Компартия Идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов ҳам шу масалада сўз юритди. Тошлоқ туман прокурори, шу мажлисдан кейин кўп ўтмай Тошлоқ туман ҳокими бўлган Қаҳрамон Сотиболдиев ҳам уларнинг сафида эди.
Охирида қўмита раисининг ўринбосари ва қўмита котибини бўшатиш керак, деган масала ўртага қўйилди. Овозга берилганда мен битта овоз кўп олганим учун қолдим. Чунки Эркин ака менга қарши овоз бермади. Навбат Тойибага келганда ҳам яна қўмита иккига бўлинди. Бугров Эркин акага:
-Агар буларни бўшатмасак, қўмитани ёпамиз,-деди.- Топшириқ шунақа!
Бунга Тойиба дарҳол жавоб қилди:
-Топшириқ қаердан? Яна ўша коммунистик идораданми? Ўлган ўликдан қандай қилиб садо чиқди экан?
Эркин ака шартта ўрнидан турди-да русчалаб:
-Биз учун муқаддас бўлган идорани ҳақорат қилишга ҳеч кимннинг ҳаққи йўқ,-деди. Кейин ўзбекчалаб, – Мен Тойибахоннинг бундай ҳақоратини қабул қила олмайман ва унга қарши овоз бераман,- деди.
Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Эркин ака “ЭРК”нинг 1990 йил Апрел ойидаги қурултойида қатнашиб, партиянинг бош ҳаками этиб сайланганди. Коммунистик партиядан чиқишга сўз берганди. Аммо икки партиянинг аъзоси бўлиб қолаверди.
Кунларнинг бирида эрталаб ҳовлиқиб кириб келди.
-Бу Исмат Хушев деганлари ким ўзи?- деди.
-Нима бўлибди?- деб сўрадим .
-Биттасининг номидан менга қарши мақола ёзибди, журналининг янги сонида чиқаётган экан, шуни тўхтатиш керак.
-Агар бўҳтон-мўҳтон бўлса сиз ҳам жавоб ёзасиз, лекин Ошкоралик қўмитаси бўла туриб қандай қилиб, ана у мақолани тўхтат, деб айтамиз? дедим.
Гапим ёқмади, чиқиб кетдилар, кейин билсам Олий Кенгаш раисига кирибдилар, у “Президентга айтиш керак” дебди.
Хуллас, Исмат Хушев бош муҳаррир бўлган “Иқтисод ва ҳаёт” журналидан Эркин ака ҳақида ёзилган нарса олиб ташланибди.
Бир кун хат келди ва унда “Сизлар қандай қилиб ошкоралик курашчилари бўласизлар?” деб ёзилган ва журналдан олиб қолинган мақоланинг “Гранкаси”- хомакиси қўшиб юборилганди. Ўқиб кўрсам, мақола ҳам эмас, бир ўқувчининг савол тарзидаги мактуби, унда Эркин Воҳидовнинг ЭРК партияси қурултойидаги ва “Туркистон” рўзномасидаги гапи эслатилиб, КПСС дан қачон чиқадилар, деб сўралган экан. Эркин акага шунга шунча ваҳима қилдингизми, фақат савол экан-ку, десам “Билмасам, журналдаги укалардан бири келиб ваҳима қилганди-да” деб қўя қолдилар.
Бир куни Абдулла Ориповни Компартияни “Нажот қaлъаси” деб ёзган шеъри учун масхара қилиб гапиргандилар. Мана энди Совет Иттифоқи емирилиб бораётган бир пайтда бу идорани “муқаддас даргоҳ” дея баралла айтмоқдалар.
Эркин ака Тойибага қарши овоз бердим, дейишлари билан у мажлисдан йиғлаб чиқиб кетди. Ҳамманинг кўнгли бузилди ва Бугровнинг “Маматов масаласини қайта овозга қўяйлик” деган гапига Раимжон Султонов “Бу ер болалар боғчаси эмаски, ҳамма нарсани ўйинга айлантирсангизлар” деб жавоб қилди.
Мажлис тугаб, чиқиб кетаётганимизда Раимжон Султоновни Каримов чақираётганини айтишди.
Арбоб арбобда, йўлини топади. Кўп ўтмай қўмитани “қисқартириб” туришга қарор беришди. Жаҳонгир Маматов кетса, қўмитани яна тиклашларини айтиб Эркин акани ишонтиришибди. Шу сабаб қўмита қисқариши масаласига Эркин ака ҳеч қандай муносабат билдирмадилар. Қўмита ёпилди.
Бизни жўнатиб, қўмитани қайта очишди. Эркин Воҳидов яна раис, каминанинг ўрнига Маданият қўмитасидан журналист Карим Баҳриев ва Тойибанинг ўрнига бошқа бир қўмитадан “Каримовнинг айғоқчиси” номини олган Номоз Саъдуллаев келтирилди.
(ДАВОМИ БОР)
Filed under: ИАК | Tagged: Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”, Islom Karimov, Jahongir Mamatov |
Leave a Reply