Ўзгармаган мавзулар

duppiСИЁСАТДАН  БЕЗДИРИШ

Қайнотам 76 ёшда. Исмлари Олим. Ўзлари ҳам олим, ўқимишли одам. Ҳали ҳам тинмай китоб ўқийдилар. Аммо сиёсатдан гап очмайдилар. Мен ҳам гаплашганимизда бу тамойилга тўла риоя қиламан.

Бир кун буқоқ бўйича таниқли олим Ражаббек Исломбековнинг рус тилида ёзилган ҳужжатли-романи ҳақида гапириб, унда муаллиф иккинчи жаҳон уруши пайтида талаба экан, Мирзачўлга тошбақа тергани олиб боришганини ёзганини айтдилар.

Кейин׃

-Бу менга бир воқеани эслатди,-дедилар,-Уруш йиллари темир йўл хизматида ишлаганлар ҳарбий соҳага оид одамлар ҳисобланарди. Халқ ҳақида ҳеч ким ўйламаса ҳам, темирйўлчилар ҳақида ўйлашарди. Бу Сталиннинг топшириғи эди.Самарқанд вокзалига ҳафтада бир марта, бир вагонда тошбақа олиб келишарди ва вокзал ёнидаги “Гигант” ошхонасида, бу ҳозир ҳам бор, тошбақани пишириб, темирйўлчиларга беришарди. Улар  “Товуқ егандек бўлдик” дейишарди. Бир кун тошбақа ортилган вагонни қаршилаган бир темирйўлчи русчалаб “Ана Сталиннинг товуқчалари” (“Сталинские курочки”) келди деган экан, уни ушлаб кетишди. Шу-шу ундан дарак бўлмади…

Қайнотаминг уйлари вокзалнинг ёнида бўлгани учун ҳам кўп хотиралари шу жой билан боғлиқ. Мен у кишининг хотираларини эшитдим-да, индамадим. Чунки менинг хаёлимга бошқа нарса, бугунги сиёсат билан боғлиқ гаплар келганди.

Бугунги сиёсат ҳақида гапириб, кекса одамни таҳликага солмаслик учун яхшиси индамай қўяман. Чунки бугун сиёсат ҳақида гапириш сиёсатчилар, журналистлар, зиёлиллар билан бирга кекса одамларга ҳам таҳликали.

Хоразмлик 70 ёшли машҳур тадбиркор Исоқжон ота Абдуллаевни ўйладим. Кексайиб қолган отахон аввалига Каримовга хат ёзиб, адолат истади. Орада кимдир унга “Агар сиз Каримовни мақтасангиз, у сизни қийнаётган одамларнинг додини беради” деган экан. Шундай ҳам қилиб кўрди. Бўлмади. Унинг саволлари, адолат йўлидаги интилишлари доим ўзининг мулкига айланиб қолаверди. Охири у сув қулоғининг бошида Каримовнинг ўзи турганини англади. Уни танқид қила бошлаганди, шавқатсиз қўл уни панжара ортига ташлади-11 йилга! Чунки Каримовнинг номини айтиш, уни танқид қилиш – сиёсат. Сиёсатга аралашдингизми, тамом!

Кейин қашқадарёлик 70 ёшли Ёдгор Турлибеков ҳақида ўйладим. “Америка овози”да ишлаганимда бу инсондан кўп суҳбатлар олганман. Унинг дунё қараши кенг, мулоҳазаси чуқур. У бир қанча мақолалар ҳам ёзди. Мақолалари халқ дарди билан йўғрилган. У ҳам калаванинг учи кимга бориб тақалишини билиб, буни очиқ айта бошлаганди, зиндонбанд этишди.

1991 йил Ўзбекистон телевидениесида “Наврўз марафони”ни ўтказдик. Журналист Дадахон Ёқубов билан иккаламиз 36 соат тинмай, жонли дастурни бошқардик. Бутун мамлакат оёққа қалқиб кетди. Одамлар бир неча жойда ўрнатилган телекамералар ёнига келишга ошиқардилар. Шоиру санъаткорлардан тортиб, диндору атеистларга қадар ҳамма бу дастурга қўшилишни истарди. Ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам кекса отахонлар ўтирган сўрининг ёнига келиб, “Қани бир қўлларингни очиб, дуо қилинглар, ишларимиз ўнгидан келсин” деганди. У ўшанда отахонлар ҳақида гапириб, уларни “Баҳосини белгилаб бўлмайдиган хазина” деган эди. Аммо бу хазина ўзигагина оид бўлишини истади. Ҳамма жойда отахонлар уни мақташларини қўллади. Озгина савол бериб, сиёсатга аралашганларини таҳқирлади, жазолади.

1990 йилларнинг бошида Каримовнинг туғилган кунида унинг белига олтин камар тақишди. Бу ишни оқсоқоллар номидан вакил қилинган ҳофиз Ориф Алимаҳсумов бажарди. У Каримовни “Бошимизга қўнган ҳумо қуши” деб атади. Шундан кейин бу отахон Каримов билан тез-тез бирга кўринадиган ва тез-тез мукофотлар олиб турадиган бўлди. Аммо бирдан кўринмай қолди. АҚШга келиб, мардикорлик қилишга мажбур бўлган фавқулодда маҳоратли дуторчи ва таниқли олим Абдураҳим Ҳамидовдан у ҳақда сўрагандим, қуйидаги воқеани айтиб берди.

-Бир кун оқсоқол “Катта”нинг ҳузурига бориб, халқнинг бир – икки арзи-доди битилган хат бор эди, шуни ўзингиз бир кўрсангиз, одамлар аҳволимиз оғирлашиб кетмоқда, дейишмоқда, дебди. “Катта” хатни қўлига ҳам олмай, ўрнидан туриб, Ориф отани кабинетининг деразаси томонга чорлабди. Улар пастга Анҳор устидан ўтадиган йўлга қарашибди.

-Чол, қани сананг-чи, ана у ўтаётган машиналардан нечтаси “Мерседес”?

“Катта”нинг “Чол” дейишидан Ориф ота қўрқиб қолибди ва׃

-Манимча ҳаммаси “Мерседес”,-дебди.

-Ундай бўлса, ана у аризани бирор жойингизга тиқиб қўйинг,-дебди “Катта”.

Шундан кейин Ориф ота анча ётиб қолдилар. Охирги марта гаплашганимда ўша хатни олиб борганларига пушаймон эдилар…

Кечагина бухоролик 72 ёшли Салим Шарипов ҳақида ўқидим. Адолатсиз суд унга бир йил жазо берган. У норози ва адолатни тиклай олмай сарсон-саргардон экан.

Шунинг учун ҳам мен қайнотам билан сиёсат ҳақида гаплашмайман. Ҳар ҳолда сиз ҳам отангиз ёки қайнотангиз билан Каримов ҳақида гаплашмасангиз керак. Деворнинг қулоғи бор. Ёки улар бирор даврада гапириб юборсалар борми?

Кўрдингиз-ми, нақадар эҳтиёт бўлдик. Демак, Каримов мақсадига эришди. Унинг кашфиёти унга иш берди. Бунга яна далил керак-ми? Марҳамат׃

2006 йилнинг 19 августида журналист Давлат Қудрат Би-Би-Сида Самарқанддан ҳикоя қилди. Унинг мана бу гаплари ҳам Каримовнинг кашфиёти қанчалик иш бергани борасида׃

“…Эртаси куни Тоҳир бобо мени қишлоқдаги қариндошининг тўйига таклиф этди. Биз айтилган вақт – эрталабки соат 7 да тўйхонага кириб бордик. Тўйга келганларнинг аксарияти кекса кишилар эди… Даврадаги суҳбат эса аввал нарху-наводан бошланиб, мардикорлар-у Россияга иш излаб кетган қўни-қўшниларга уланиб борарди. Кимдир яқинининг Россиядан майиб бўлиб қайтганини, бошқаси эса кимнингдир жасади келтирилгани ёки бедарак йўқолгани ҳақида гапирарди. Суҳбат қанчалик қизимасин, даврадагилар сиёсат ҳақида лом-мим демас, олдин кузатганим – Ўзбекистон президентининг хизматлари тўғрисида ҳам оғиз очишмади. Мен Ўзбекистондаги сиёсий вазият ҳақида улар фикрини билиш учун эндигина саволга оғиз жуфтлагандим, Тоҳир бобонинг имоси мени тўхтатди”.

ЖМ.

(“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан).

%d bloggers like this: