Сарғаймаган саҳифалар

savollarВатан Кимники?

Ушбу сатрларни Ватандан олисда, юракдан қон эмас, зардоб оқиб турган бир пайтда ёзарканман, нега чин маънода мустақил бўлолмадик деган саволдан эзиламан.

Нега Ўзбекистон мустақиллиги барбод бўлди ва золимнинг қўлига ўтиб кетди?

Нега ижтимоий-тарихий фурсат, Тангри берган имкониятдан фойдалана олмадик?

Нега Ўзбекистон халқи нима нима юз берганини сезмай қолди?

Сезганлар ҳам нега бепарво?

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Олий Кенгаши Мустақиллик Декларациясини қабул қилди. Аммо Ислом Каримов тўдаси бу тарихий хужжатни “бир парча қоғоз” деб туриб олди.

Орадан йил кечиб, Москвада 21 август тўнтариши юз берганда, Ислом Каримов уни қўллади. Тўнтарувчилар тез мағлуб бўлишди. Россия муаллақ ҳолда қолди. Барча жумҳуриятлар бирданига “озод” бўлдилар. Тўнтариш тафтиши бошланди. Бундан чўчиган ва боши узра айланган қора булутни сезган Каримов мустақиллик эълон қилди.

Қарсаклар чалинди…

Зиёфатлар берилди…

Китоблар ёзилди…

Қонунлар битилди…

Ислом Каримов ўзини мустақиллик қаҳрамони деб эълон қилди.

Олти ойда аҳволни яхшилашга “бел боғлади.” У ваъда қилган жаннат дўзах бўлиб чиқди.

Мустақиллик душмани унинг юрагида эди, у эса атрофидан қидирди. Ҳаётини эрк, озодлик йўлига тикканларни қувғин қилди, қамоққа тиқди, уриб яримжон этди.

Эл таниган шоир Абдулла Орипов мустақилликка ва Ислом Каримовга атаб мадҳия ёзди. Боғча болаларига қадар ёдлатишди.

Миллатнинг гулимиз деб юрган Эркин Воҳидов, Примқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Самандаров, Усмон Аъзим, Мурод Муҳаммад Дўст, Омон Матчон сингари шоир ва ёзувчилар “Ислом ака” ларини Оллоҳнинг ердаги сояси, Пайғамбар даражасига кўтариб алқашди. Уларга юзлаб шоир ва шоирчалар, ёзувчи ва мақоланавислар жўр бўлишди. Эл Қалами ўткир Шароф Убайдуллаев, Расул Раҳмонов, Анвар Жўрабоев,  Жаббор Раззоқов, Аҳмаджон Мелибоев сингари бир пайтлар мустақилликни чин дилдан англаган қаламкашлар энди сохта мустақилликни, уни топтаган кимсани чин дилдан кўйлашарди. Тушунилмас ҳол.

Ислом Каримов атрофида мустақиллик “қаҳрамончалари”, аслида эса мустақиллик жаллодлари жам бўлди. Темур Алимов, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов, Зелемхон Ҳайдаров, Шавкат Йўлдошев, Раҳим Ражабов, Шаҳобиддин Зиёмов, Зокир Алматов, Ғулом Алиев, Адҳам Фозилбеков, Пўлат Абдураҳмонов, Темур Хидиров, Дамир Ёдгоров, Бўритош Мустафоев, Алишер Мардиев,  Маркс Жуманиёзов, Бахтиёр Ҳамидов, Қаюм Ҳаққулов, Шавкат Мирзиёев, Эркин Халилов, … сингари “қўрбоши”лар ва уларга ўхшаган ўнлаб, юзлаб “исломчи”лар халқни тутқунликда тутиб, бош кўтарган, сўзини айтган кишиларнинг каллаларини кундага қўйиб турдилар. Бир қўллари тутди, иккинчи қўллари кесди бу бошларни.

Буларки майли. Минбарлардан катта-катта гапирган дўстларимиз ҳам “Каримов” дейишдан қўрқиб “ҳукумат” деб айта бошладилар. Бу кетишда “мустақиллик” деганда ҳам “Каримов”ни назарда тутадиганлар чиқиб қолади. Бугун Каримов – ҳукумат. Эртага Каримов- мустақиллик. Индинга у Ватанми? “Ватан” деганда “Каримов”ни,  “Каримов” деганда “Ватан”ни тушунадиган гумроҳга айланиб қолмаймизми?

Мустақиллик нима? Мустақиллик – Озодлик.

Ўзбекистон мустақил бўлолдими?

Давлат бўлолдими?

Давлат бўлиши учун нима қилиши керак эди?

Қандай хатоларга, тарих олдида, миллат олдида қандай хоинликка йўл берилди?

Биринчидан: Ўзбекистон мустақил бўлиши, ҳақиқий давлат номини олиши учун ҳалигача давлат атрибутлари – шартларидан бирортаси бажарилмади. Яъни ўзининг миллий пули, миллий армияси ва чегараси ҳали яратилмади.

“Мустақилчи”лар мухолифатнинг бу саволларига “Ҳозирча пулни чиқаришга имкониятимиз бор, лекин бу иқтисодни барбод қилади,” деб жавоб бердилар.

Россия пулига қуллуқ қилинди. У сотиб олинди. Бу иқтисодни кемира бошлади. Россия ҳатто хабар бермасдан ўз пулини алмаштирганда, Ўзбекистон иқтисоди тубанликка тушиб кетди. Шунда ҳам “мустақиллик қаҳрамонлари”нинг кўзи очилмади. Ислом Каримов яна Москвага югурди ва рус пулининг “думи”дан тутди.

Москва очиқ-ойдин, пулимизни ишлатганлар мустақилликларининг бир қисмини берадилар, деб ниятини айтди. Ислом Каримов индамай рози бўлди ва ҳужжатга имзо чекди. Москва истаса Каримовнинг ўзи миллий пул чиқаришга ҳам бошлайди, агар ундан манфаат топса …

Мухолифатнинг ўз армиямиз бўлиши шарт, деган талабига Каримов уч соат ваъз айтиб, иқтисод кўтармаслигини рўкач қилди. Афғонистон, Тожикистон баҳонасида Россия Ўзбекистонга яна қўшин киритди. Энди Россия Ўзбекистоннинг хазинасини очиқчасига талай бошлади. Агар Москва яна истаса, миллий армия ҳам тузишга етаклайди. Агар бундан манфаат топса …

Чегара учун баҳоналар топди.Оқибатта у Россияга бериб қўйилди. Тожикистон воқеалари юз берганда, Каримов ўз халқининг дардини четга суриб, қўшни мамлакатга “бош суқди”. Хазина ҳам, бойлик ҳам, куч ҳам ўша ёққа совурилди. Бу масаланинг иқтисодий томони. Маънавий томонига келсак, у ерда ҳақиқий мустақиллик тарафдорлари қирилди.

Иккинчидан: Ислом Каримов демократияни бешигида бўғиб, сўз эркинлигини паймол этиб, мутлоқ назоратсиз ҳолга айлантирди. Бюджетда, халқ хазинасида нима бор, нима йўқ, у қаерга сарфланмоқда? Бу ҳақда хазина соҳиби – халқ ҳеч нарса билмасди. Ҳатто миллатвакиллари ҳам гунг ва карга айланишди.

Оқибатда халқ хазинасининг пули милиция ҳукумати яратишга, шоҳона сафарларга, ҳисобсиз байрамларга, ҳукумат идораларини ҳаддан зиёд кенгайтиришга сарфланди.

Собиқ Иттифоқ ўрнидаги республикаларда маош ва нарх-наво жаҳон бозори даражасига етай, деб қолганда Ўзбекистонда акси эди. Афсус. Орадан кўп ўтмай бу халқ бошига оғир кулфат бўлиб тушади.

Учинчидан: Иқтисодий ислоҳот борасида деярли ҳеч иш қилинмади, аксинча давлат монополияси кучайтирилди. Бу ташқи душман учун “патир пишириб” қўйишдек гап эди. Агар ер, корхоналар хусусийлаштирилганда, бир кун келиб мустақиллик хавф остида қолса, халқ ўз мулки, ўз Ватани ҳимоясига қалқарди. Ҳозирча мулк ҳам, Ватан ҳам фақат Каримовники! Халқ эса қулликдан манқуртликка қараб бормоқда.

Иқтисодий ислоҳот йўлидан боришга ҳаракат қилганлар бўлди. Хусусий банклар очилди. Каримов ёпиб қўйди. Бирлашмалар, фирмалар бироз эркин ишлай бошласалар, бас, “умр”лари кесилди.

Ишончи борларнинг ҳам ишончи топталди.

Бу уч омил ҳақида кенгроқ тўхталиш, таҳлил этиш замони келади. Ҳозирча гап даҳшатли фожеа ҳақида.

1993 йил август – сентябр ойларида Россияда собиқ СССРни тиклаш касали хуруж қилди. Россия Олий кенгаши очиқчасига ана шу талаб билан чиқа бошлади. Дунё коммунизм ўлкаси яна тикланишидаан чўчиди.  Хайриятки, Елцин Олий Кенгашни тарқатиб юборди. Лекин бу билан иллатнинг илдизи суғуриб ташланган эмас. Елциндан кейин бу алаф яна кўкариб чиқади ҳали.

СССР даврида республикадан  тортиб олишган бўлишса, бироз беришганди ҳам. Энди эса фақат олиш режаси тузилган. Халқни қора қулга айлантириш режаси бу. Энди мардикорлар, акциялар, чеклар, ваучерлар, қимматли қоғозлар орқали қонимиз сўриб олинади. Чунки мулкимиз ҳали ўз мулкимиз эмас. СССР зулми етмиш йилда битган бўлса, Россия ҳийласи юз йилларга татийди.

Каримов мустақилликни фақат ўзининг мустақиллиги деб тушунмоқда. Бу эса Ўзбекистон халқни беватан қилади, ватанни эса хор этади. Одамлар ватан калимасидан беза бошлайдилар, ватан деганда фақат унинг тепасида турганларни тушунадилар. Бу эса мустақилликдан ифтихор туйишни сўндириб, мустақилликни масхара қилишга олиб боради.

Каримов учун барибир – у мансабини сақлаб қолса, бас!

Унинг на халқи, на  миллати ва на Ватани бор!

Лекин мустақилликни куйлаб юрган “қаҳрамонлар” қайда? Улар учун Каримов мустақилликми? Уларнинг халқи, миллати, Ватани йўқми? Агар шундай экан, бу халқ, бу миллат, бу Ватан кимники?

Жаҳонгир Муҳаммад,

Озодлик”,

1993 йил, 24 сентябр.

One Response

  1. Ассалому алейкум,устоз ! (шу сузни сизга ухшаб “ас.ал” деб ёзгим келди, лекин олдин сиз юрган йулни-кучани номини яхшилаб ургансам, кейин бу йулни кийналмай топа оламан деб уйладим). Чарчамай биз у.н “гимббилаб” нималадур киляпсизми ? Аллох, чарчатмасин ва умр берсин. (шу катори барча хакикий факат УНИ севарларга). Шу юкорида тилга олганлариз(гарчи улар бунга арзимасаларда) “маддох” ва “жаллод”ларни орасида килиб куймаганига шукур (яъни сизни). Такдир такозоси туфайли мени ишим судга чикди (бу бахтсиз ходиса “cars”лар туфайли руй берди жиноят асорати йук эди) ва менга шу “твар”ни (мен уни уйимизда шундай деб атайман.) “амнистияси” тегди. Шунда уйимдагилар “ана курдингми сен севган” одаминг сенга нафи тегди дейишди. Уйдагиларга барибирам у “твар” дедимда, лекин ичимда уни уша “ёрдами” текканидан узимдан хафа булардим. Яъни эхтиёткорлик киганимда шуни ёрдами менга тегмасди.(бу УНИ такдири бунга ишонаман ва иймон келтирганман. Бу масалани бир томони) Бир нарсага хайрон коламан рости. Уйдагиларимга канча исбот, далил келтирсаман “твар” яхши, “юртимиз тинч”. Ойим сал тушунадила, лекин Дадам нукул: “унгаям осонмас. Шундай давлатни бошкариш” дейдила. Дадам факат у тарафдала. Баъзида дустларим б.н Ельцин ни “гийбатини” киламиз. Хамма уни алкаш дейди, лекин мани уйлашимча минг алкашми, бошками у демократ эди. Негаки “прямой” эфирда кутилмаганда истеьфо эълон килиш, кучани гапида айтганда “не каждому”. Курдик каддафидан бен али гачаларни (буларни исмини катта харфда ёзмадим узингиз тушунасиз). Хайрон колдим тахт кандай нарса эканки, касалхонада улай деб ётибди, ёнидагилар истеьфоми деса. Улсам хам кетмайман дейди. Ельцин ни алкаш деганлар, солиштиринг. Алкаш булиб халкни уйлаган яхшими (уша халкни ичида хамма миллат ва дин вакиллри бор) ё узини мусулмонман деб (факат У билади ростми-ёлгон адшаган булсам УЗИНГ кечир). Диндошларини кирган ва кираётган “тварлар” яхшими…..

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: