Золимнинг малайи ҳам золимдир
Ўз исмини “Камина” деб атаган ўқувчимизнинг “Замондош”га ёзган хатига Жаҳонгир Муҳаммаддан муносабат билдиришни сўрадик.
Камина׃ Замондош таҳририятига аввал ҳам бир-икки марта шу Исматни номини атаманглар, деб илтимос қилгандим. Афсуски Каримов боққан бу МХХ лайчасини яна одам қаторида афти акс этган расми билан сайтга қўйибсизлар.
Исмат Хушев ва унга ўхшаган яна бир нечта нусхалар борки уларда на ор, на номус, нада виждон, нада эътиқод бор!
Исмат кабиларни бугун Ўзбекистонда миллионлаб нусхада учратиш мумкин. Шунинг учун ҳам ўзбек ҳалқининг пешонасидан шўри аримаяпти.
Яхши шоир, талантли ёзувчи бўлиш мумкиндир. Аммо яхши инсон бўлиш учун талантнинг ўзи етарли эмас афсус. Каримов ҳам аҳмоқ одам эмас. Чунки у 23 йилки тахтда ўтирибди. Аммо нима эвазига? Ҳалқнинг кўздан оққан қонли кўзёшлари эвазига.
Ҳалқнинг қонини тўкиш вазифасини бажараётган МХХ раиси Рустам Иноятов ва унга лайча каби садоқатини тинмай таъкидлаб турадиган Исматчалар ўзбек ҳалқи, ўзбек миллатининг душманлари бўлмай ким ахир? Наҳотки одамлар шу оддий ҳақиқатни тушунмайдилар. Ахир бу оддий ҳақиқатни тушуниш учун катта ақл керак эмаску!
Зулмбош Каримовни мадҳ этиб, дев даражасига олиб келган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби маддоҳларга Исмат каби ялоқилик давом этар экан, ўзбек ҳалқининг шўри ҳали-бери қуримайди.
Исмат ўзи тан олиб, Каримов отам, Абдулло Ориповни кир кўйлакларини ёқаларини ҳидлаб, бағримга босардим, деб ёзган эди. Қолган гапларни энди қўяверинг.
Яна бир бор сизлардан илтимос, Жаҳонгир Маматовга ҳам шу гапларим етиб боради деб умид қиламан. “Тенгсиз билан тенг бўлма, тегарак этагинг тезак бўлади” дейилган нақл бор.
Исмат ва унга ўхшаганларда ҳеч нарсадан парҳез йўқ. Шундай экан унинг гапини гап дейиш ва унга гапирди дея эътибор бериш, унинг даражасига тушиш демакдир.
Ўйлайманки Замондошчилар ҳам, Жаҳонгир Муҳаммад ҳам Исмат ва у кабилардан юқори тура олишади.
Ҳаммага самимий ва холис ҳурмат билан Камина”
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Ҳурматли “Камина” деб ёзган ўқувчи.
Хатингиз лотин ёзувида экан ва уни кирилга ўгирдим. Лотинда ёзишингиз ва услубингизга кўра саводли, билимли ва мушоҳадали одамсиз. Лекин “Исматнинг даражаси”га тушиш деган гапингизга қўшилмайман. У ҳолда ўзимизни Каримовдан ҳам, унинг малайларидан ҳам устун қўйиб, уларнинг даражасига тушмайлик, деб ҳамма нарсага қўл силтаб кетаверишимиз керак бўлади. Унутманг ўзбек халқининг “Нон пишгунча кулча куяр” деган гапи бор. Биз 20 йилдан бери нон пишишини кутар эканмиз, миллионлаб “кулча”лар куйиб кетди. Бунинг учун Каримовнинг “тандири”га тинмай ўт қалаётган Исмат Хушев каби гўлахилар ҳам айбдордир. Бу гўлахиларга эътибор бермасангиз эртага “нон” ҳам кўмирга айланади.
Қаранг, ўзингиз нима деб ёзаяпсиз?
“Ҳалқнинг қонини тўкиш вазифасини бажараётган МХХ раиси Рустам Иноятов ва унга лайча каби садоқатини тинмай таъкидлаб турадиган Исматчалар ўзбек ҳалқи, ўзбек миллатининг душманлари бўлмай ким ахир? Наҳотки одамлар шу оддий ҳақиқатни тушунмайдилар. Ахир бу оддий ҳақиқатни тушуниш учун катта ақл керак эмаску!”
“Заҳар солмоқ бўлса касби илоннинг, чора топмоқ бўлур насби инсоннинг” дейдилар. Агар ақл заҳарланса бирламчи айб ақлда эмас, заҳарлаган кимсададир. Заҳар кўздан ҳам, қулоқдан ҳам киради, ўлим ўздан ҳам, узоқдан ҳам келади. Агар кўпчилик гап нимадалигини тушунмаётган, карахт бўлса, кимлардир-буни кўраётганлар ва тушунаётганлар уларга англатиши керак эмасми? Оддий ҳақиқатни ҳам баъзан қайта-қайта тушунтириш талаб этилади. Бўлмаса, ёлғон тўғри, силлиқ қозиққа, ҳақиқат текин, тешмас озиққа айланади.
Ёлғон заҳарли илондир. Аввалига қўрқасиз. Чақиб олгандан кейин ҳушдан кетасиз ва қолганини нима бўлади-Худо билади. Каримов режими МХХнинг лайчаларини ишга солиб, халқни ана шундай заҳарламоқда. Бундай пайтда ўша заҳарни сўриб, тупуриб ташлаш кўп одам учун ифлос иш бўлиб кўринади. Бу даражага тушмаслик керак, деб ўйлашади. Аммо қутқазилиши керак одамларнинг ҳаёти муҳим бўлса, бу ишни қилади.
Қаранг, Ислом Каримов “Бу халқни онасини…” деб сўкканда қарсак чалган Исмат Хушев бугун ўз иллатларимизни гапирсак, тузатишга интилсак, бизни “ватан ва миллат хоини” деб ёзмоқда. Таниш ибора. 20 йилдан бери айтилавергач, таниш бўладида. Дастлаб Каримовнинг оғзидан чиққанди. Қора қарға ахлатни боласига ташлагандек, бу гапни оғзини осмонга очган “полопон” исматлару қисматлар илиб кетдилар.
У томонда қонхўр отаси, бу томонда бебурд боласи бутун ўзбеклар номидан гапирадиган бўлишди. Наҳотки бутун ўзбеклар шу икки ифлоснинг дойрасига ўйнаса? Ахир булар учун арава синса ўтин, ҳўкиз ўлса гўшт. Ноҳотки буни англайдиганлар кундан кунга озаймоқда? Боласи топшириқни қаердан олаётганини исботлаш қийин эмас. Бугунги технология асрида унинг кимлар билан гаплашганини ўртага чиқариш йўллари бор. Шўрванинг шўри шошганда эмас, Тошканда.
Шошганидан ўзини Талант Александеров номи остига яшириб иш қилмоқда. Бу МХХнинг эски ҳунари. МХХ уста лўттибоз, (лўтти-қўғирчоқ, боз-ўйнатувчи дегани-ЖМ) Демак, “боз”нинг “лўтти”лари турли мусиқаларга ликиллайдилар, шайтоний жилвалар қиладилар, ўйнаб-ўйнаб турли томошалар кўрсатадилар. Худди Исмат Хушевнинг одамларни мақтаб-мақтаб қўйнига кириб олиш ҳунари каби. Аслида тепада уни одамларнинг қўйнига киритаётган “боз” турибди. Бировнинг қўлида бундай лўтти бўлиш-шарафини, имонини, жонини, руҳини, хуллас ҳамма нарсасини йўқотишдир. Исмат Хушев шундай бўлишни жуда ва жуда истайди. У ўзи МХХнинг қўллари остига киришга интилади.Унинг бебурдлигини ўша МХХ ҳам билади, шекилли, уни қўллари билан эмас, оёқ бармоқлари билан “маст қилади”. Бундай шайтонлаб қолиб, ҳар мақомга йўрғалайди. Маймун каби шохдан–шохга отади ўзини.
Олдин ҳам кўп марта ёзганимдек, золим Каримовга қарши кураш унинг малайларига ҳам қарши курашдир. Бугун одамлар Каримовни оз қолсин пайғамбар даражасига кўтараётган, Каримов маддоҳларини ва малайларини ватанпарварлар дея улуғлаётган ҳамда умрини халқ йўлига тикканларни хоинлар деб айблаётган Исмат Хушевга бефарқ бўлишса, демак уларнинг онгига заҳар сингмоқда. Каримовга қарши бўлганлар орасида Хушевнинг сохта мақтовига эшилганлар ҳам бор. Улар заҳархўрлардир. Заҳар билан тирик қоламиз, деб ўйлайдиган оз сонли кимсалардир.
Чида демоқдасиз. Лекин сабр даври ўтиб кетган. Жабрга сабр йўқ! Халқимиз нима деган׃ “Болта бўлсанг ур, кунда бўлсанг чида”. Биз кунда эмасмиз, агар кунда бўлганимизда Каримовнинг зулмига чидаб юрардик.
БМТ орқали сиёсий бошпана олиб, Канада халқининг пули эвазига кун кўраётган текинхўр Исмат Хушев ўзбек халқини эмас, Ўзбекистоннинг жаллоди сонийси Рустам Иноятовни ҳимоя қилса, бунга кўз юмушлик сўқирлик эмасми?
Каримов режимидан зулм кўрдим, деб БМТ ва Канада ҳукуматини алдаб, энди Каримовни тинмай мақтаётган, очиқдан-очиқ Ўзбекситон элчиси-МХХнинг ишончли кадри Илҳом Неъматов билан учрашиб, унга диссидентлар ҳақида ҳисобот бериб турган Исмат Хушевга шериклик қилганлар ҳам МХХнинг тузоғига илинмаяптиларми?
Тасаввур қилинг қани, АҚШдаги элчи Жаҳонгир Муҳаммад билан суратга тушсин. Ўша куни инфаркт бўлади ёки эртасига “думи тугилади”. Биз Юсуф Жума, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов ва бошқаларни озод қилишни талаб этиб, элчихона эшигига борганимизда элчи бутун югурдаклари билан 24 соат эшикларни, пардаларни бекитиб олганди. Бугун ҳам мен билан юзма-юз келишга қўрқади. Чунки иккита савол билан ишини битираман. Биламанки, у ҳам МХХнинг лўттиси.
Хуллас, Каримов режимига қарши озгина курашмоқчи бўлсангиз, ишни бу режимнинг лўттиларига қарши курашдан бошланг. Агар хорижда, Демократик давлатларда туриб ҳам золимга, унинг малайларига қарши сўзимизни айта олмасак, у ҳолда бу бизнинг бутунлай тамом бўлганимиздир.
Унутманг, золимнинг малайи ҳам золимдир.
Таҳририятдан: Ҳурматли Камина исми билан фикр билдирган ўқувчимизга Жаҳонгир Муҳаммаднинг жавобига қўшимча қилиб яна шуни қайд этишимиз мумкинки, диктатура дарахти жуда баравж, уни каллаклаган сайин тобора гуркираяпти. Шундай экан уни йиқиш учун аввало қон сўришда фаол Исматчага ўхшаган кичик томирчаларини қирқиш керак .
zamondosh.com
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply