Мулоҳаза

ҚУЛЛАР

Кеча телефонда Тошкентдаги танишим билан анча гаплашиб қолдик.

-Рамазон қандай ўтмоқда?

– Тангри қулларини кам қилмайди. Ҳар кун ифторхўрлик!

-Қимматчилик қаҳатчиликка айланиб қолмаятими, ишқилиб?

-Олдингиларидан ўтса ўтмоқдаки, қолишадиган жойи йўқ. Сомсалар ўша ўша…шўрвалар ўша ўша… ёнига кабоб ҳам қўшилмоқда, ҳатто.

-Одамлар нега нолиб юришибди, бўлмаса?

-Фақат Рамазонда эмас, олдин ҳам тўйларда тўкинчилик, зиёфатларда тўкинчилик, мен сендан қоламанми дегандек мусобақа давом этмоқда. Аёлларни айтмайсизми, ҳар куни бир бошқасини кийишади. Эркаклар эса шариатдан ҳам ўтиб кетишди. Росманасига 4-5 тадан хотинлари бор.

-Маош икки кило гўштга етмай турганда сиз лоф қилаясиз, шекилли?

-Ўлибманми, лоф қилиб. Рамазон кунларида ёлғон гапираманми?

-Балки жамиятнинг фақат бир қисми шундай яшаса керак?

-Кимнинг қули бўлса, ўша ана шундай яшамоқда.

-Қанақа қул?

-Бугун ўқидим 4,5 миллион одам ташқарида экан. Ўзингиз улар ҳақида “Қуллар романи”ни бошлабсиз-ку! Ана ўша қуллар ишлаб-ишлаб бу ёққа юборишади. Бу ёқдагилар ҳаллола ҳуштут, мазза қилиб яшашади. Қўшнимнинг икки ўғли четда. Бири Россияда, иккинчиси Португалияда, учинчиси менежер. Ҳеч қаерда ишламайди. Акаларидан пул келишини назорат қилади. Агар биттасидан келмай қолса, ўша кун Интернет кафега кириб хат ёзади. “Ойим касал бўлиб қолдилар. Қон босимлари чиқиб кетди. Юраклари ўйноқлаб турибди. Дўхтир фалон пул. Дори дармон писмадон пул. Нима қилайлик?” Қарабсизки узилиш тикланади.

-Аммо бу ёқларда ҳам пул топиш қийин. Меҳнат жуда оғир. Бечораларнинг дам олишга вақтлари йўқ.

-Биламан. Ўзим ҳам бориб келдим. Аввалига ўша ёқда яшаётган қизимдан, кейин куёвдан хафа бўлгандим, мени ҳар куни томошаларга олиб боришмади деб, бир муддат ўтгач, уларга қанчалик қийинлигини тушунганман. Шунинг учун ҳам бу гапларни раҳмим келиб айтмоқда. Ўша томондаги қулларга раҳмим келади. Бу ёқдаги қулдорларнинг улар билан ишлари йўқ. Уйланганми, ўқиганми, турмушга чиққанми, соғми, касалми.. фарқи йўқ. Ҳар ой юборадиганини юбориб туришса, бас! Ҳукумат ҳам бундан семирмоқда.

-Демак, “Қуллар романи” долзарб!.

-Э, шунча меҳнат қилиб ёзганингиз билан ким ўқирди?

КИМ ЎҚИРДИ?

Агар Америкада метро пездларига минган ҳамма одам нимадир ўқийди десам ҳайрон қолмайсиз. Бу ёзилавериб, айтилавериб, сийқаси чиққан гап.

Касалхонага ёки бирор қабулхонага борган одамлар, умуман ҳамма кутиб ўтирганлар нимадир ўқиб ўтиришган бўлишади. Шунинг учун ҳам қабулхоналарда атайлаб журнал ва газеталар қўйишади. Бу – сиёсат, бўш вақтни ўлдириш дейишингиз мумкин.

Тушлик пайти ошхонага борсам, ўтирганларнинг ярми ҳам овқат еб, ҳам китоб ўқиётган бўлади. Бунга нима дейсиз?

Буниси ҳам майли, уйга яқинлашган жойда катта чорраҳа бор. Шу жойда қизил чироқ ёнса, анча туриб қоламан. Атрофга қарасам, икки кишидан бири нимадир ўқиётган бўлади. Кўзи тўрттами, чироқ кўк ёниши билан машинани ҳайдаб ҳам кетаверади.

Ишга бориш ва қайтиш вақтимни ўзим белгилаганим учун иложи борича қатнов оз пайтида бориб келаман. Қайси кун бир таниш билан телефонда кўпроқ гаплашиб қолибмиз, қатнов кучайган пайтда йўлга чиқишимга тўғри келди. Машиналар деярли тўхтаб қолган. Жуда секин силжияпмиз. Кўзларимга ишона олмайман׃ чап томонимдаги ҳайдовчи ҳам, ўнг тарафимдаги ҳам нимадир ўқимоқда.

Дам олишга бордик. Ҳамма ўзи билан компютерини олиб борган. Эрталаб дасталаб газета сотиб олишади. Кейин дарахтлар тагида, ҳовуз бўйида, уммон соҳилида ётиб ўқишади. Булар дам олишга келганми, ўқишгами?

Кутубхоналар, китоб дўконларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади, одамлар бу жойларга махсус китоб ўқиш учун борадилар.

Спорт залларида машина устида юраётган одам ҳам нимадир ўқиб турган бўлади. Бу эса спортдан зерикиб қолмаслик учун деб айтишингиз мумкин.

Мен бу ерда илк бор саунага борганимда ҳайрон қолганман. Ичкарида қизиб турган тахталар устида қизиб турган газеталар. Кимдир унутган, ёниб кетмасин дея тўплаб ташқаридаги ўтиргичга қўйсам, бошқа бир одам ҳаммасини кўтариб ичкарига олиб кирди.

Саунада ҳар кунги газеталарни ўқиш билан одамлар иссиқ жойда кўпроқ ўтиришга муваффақ бўладилар деб асос кўрсатишингиз мумкин.

Кеча қарасам, иссиқ сув қайнаб турадиган ҳовузнинг ўртасида “пиш-пиш”лаб турган одам журнал ўқимоқда. “Ёппирай!” дедим. У шу зайл ўн минутлар чамаси ўқиб, кейин саунага бориб, “мутоала”сини давом эттирди. Бу сизга бугунги Америка! Қулликдан озод бўлган Америка. Энди ўзимизга қайтсак…

“Қуллар романи” битгач, бугунгилар ўқишмаса ачинмайман, чунки бугун уни яшаб кўришмоқда. Аммо келажакда ҳам ўқишмаса унда, воҳ меҳнатим!. Наҳотки унда ҳам қуллликни яшаб кўраётган бўлишади?

ЖМ.
2003.

4 Responses

  1. Assalomu alaykum Jahongir aka, Ramazon oyi muborak bo’lsin. Hurmatli Jahongir aka sizni bir masala bo’yicha juda yordamiz zarur edi e-mailga qaragani balkim vaqtiz bo’lmayotgandir, tushunaman vaqt masalasi degandek.. Sizni turkiyada nashr etilgan kitoblarizi qanday topsam boladi degandim shu va yana boshqa masalada sizni yordamiz zarur edi aka ilojisi bormi? ferganauz777@gmail.com e-mail adresiga yozsangiz iloji bolsa skype yoki telda tushuntirsam yaxshiroq tushuntirardim. Qaysi biri qulay bolsa yoki e-mailda ayt desangiz e-mailda yoza qolaman faqat tezroq zarur edi. Kamoli ehtirom ila Husanjon

  2. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Ҳурматли Рустам!
    Сизнинг ёзаётганларингизга эътиборим жуда кучли…
    1. АҚШ манфаат юзасидан дўст бўлади. Бу дегани керак бўлмасангиз башарангизга тупуради.
    2. Мен Сизга Жаҳонгир Маматов ёзган изоҳлар адресини бергандим. Арча қишин ёзин доимо кўм кўк. Баҳор шамоли ёки араб баҳори бу Ўзбекистоннинг бир неча минг гуноҳсиз кишиларининг ўлимига сабабчи тушунчадир.
    3. МС ва унинг ҳамтовоқлари бу келажакда Ислом акадан кўра жуда ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. (ПРАГА 2-қурултой)
    4. Келажакда Россия Федерацияси иккига бўлиниши эҳтимоли юзага чиқмоқда.
    5. Хитой ва ……. уруши эҳтимоли юқори…
    6. Тойиба Тўлаганова-бу миллат рамзидир. Бу ҳақда тарих ўлмас асарларда такрорлаяжак!
    Балки фикрим хатодир…
    Хитой барчани онасини учқўрғондан кўрсатади… Бунга эса барча миллат ва республикалар шароит яратиб бермоқда.
    Дунё иккига бўлинади: ХИТОЙ(ҳамтовоқлари билан) ВА АҚШ(ҳамтовоқлари билан) Ўртада барчадан кучли деган давлат Россия ноилож қолиб қайга бошини суқишни билмай қолади…
    Бугун майда чуйдалар куни эмас дўстим……
    Ҳурмат билан..

  3. Ассалому алайкум, Жаҳонгир ака!
    Мана ўн кундан ошибди-ки, сайтингизда бирор янгилик йўқ. Биз фақат соғлиғингиздан ҳавотирдамиз…. Эҳтимол, вақт топилмаётгандир, …. Сизга мустахкам соғлик ва сўнмас шижоат тилаймиз, Сизни ўқиб турсак бизда ҳам нимадагир интилиш, жўшқинлик мавж уриб туради. Одатда бўш вақтимизни кино ёки давомли филмлар қўриб ўтказамиз-да, яна нимагадир эришмаганимиздан надомат чекамиз. Сиздан анчадан бери бир нарса сўрайман деб ўйлаб келардим, ҳозир шукурки, яна эсимга тушди. 91-92 йилларда янча ёш бола эдим, кейин кўп вақтни кўчаю-далаларда ўйнаб ўтказардим, сиёсат деган нарсани тушуниш у ёқда турсин, борлигини билмасдим. Агар хотирам панд бермаса, 1992 йил 21 мартда телевидениеда узлуксиз Наврўзга бағишланган марафон сифат кўрсатувлар қўйилган. Каримов ҳаво шарига чиқиб олиб байрамни кузатган. Ўша пайтлари Сиз телевизорда кўп чиқар эдингиз ва яна «гармошка» чаладиган бир киши бор эди. Уйдагилар унинг қўшиқларини севиб тинглашарди. Адашмасам, исмини Дадахон дер эди. У киши Дадахон Хасановмиди ёки бошқа истеъдод эгаси. Кейинчалик телевизор кўрмай қўйдим, телевизор сотиб олганимда эса савиям жуда ўсиб кетган эди дея олмайман-ку, ҳар ҳолда Ўзбекистондаги кўрсатувлар савияси жуда пастлиги учун уларни кўрмай қўйдим, тўғрироғи ёшлигимда қаҳрамонимга айланган ижодкорлар қўринмай қолди ҳамда ўзига жалб қила оладиган ёки ишонтира оладиган бирортаси чиқмай қўйди. Агар ёзганларимни ўқиш учун уч дақиқа вақтингизни бағишлаган бўлсангиз, яна бир дақиқа сарфлаб жавоб ёзсангиз хурсанд бўлардим (аввало ҳали ҳам фаоллигингиздан)
    Чексиз хурмат билан Шоҳи Жаҳон.

  4. Ҳурматли Жаҳонгир ака!

    Соғ саломат, бардам бақувватмисиз?

    Яхши дам олиб, катта куч ва ғайрат билан ўз ишларингизни бошлаб юбордингизми?

    Тўғрисини айтсам, бир неча ойлардан бери, аниқроғи, олти ёки етти ойлардан бери қачон 1 сентябр куни келаркин ва Жаҳонгир ака Муҳаммадни туғилган айёми, қувончли куни билан қачон табрикларканман дея кўпдан кутиб келаман.

    Вақт ўтиб, худога шукрки, мана шу қувончли кунларга ҳам етиб келдик.

    Сизнинг қувончли бўлган бу кунингизда, барчага маълум бўлган ажойиб ҳислатларингизни, инсоний фазилатларингизни айтиб ўтишнинг хожати йўқ!

    Сизга мустаҳкам соғлик ва ижодий ишларингизга кўтаринки кайфият, “моторча”нгизга тезликни ўз маромида ва доимий ушлаб туришини, оила аъзоларингизга Сиз билан биргаликда доимо шоду хуррамликда яшашликларини, биз ёшларга эса доимий устозлик қилиб тўғри йўлга бошлашингизни, келажакда Сиз қурган мевали дарахтлардан барча баҳраманд бўлишини ҳамда кўнглимдаги энг азиз, ҳурмат ва эҳтиромни қабул қилишингизни сўрайман.

    Яна бир бора муборак бўлсин, қутлуғ айёмингиз.

    Ҳурмат билан Мистер Қалампир.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: