Нуқтаи назар

Ислом республикасидан Путин Иттифоқига…(?)

Ўзбекистон яқин келажакда исломий жумҳуриятга айланиши мумкинми? Бу менинг шунчаки саволим эмас, балки анчадан бери кун тартибига тушиб қолган саволдир. Бу саволга мумкин деб жавоб қилса бўлади. Ҳозирча бу ҳол одамларни қамоқларга тиқиш йўли билан орқага сурилмоқда. “Тaъсир-акс таъсир” дейдилар. Золимлик мазкур йўлни тобора қисқартирмоқда.

Маълумки, ҳар қандай диктатуралар ағдарилгандан кейин жамиятларда тубдан ўзгариш қилишга интилувчилар бўлади ва олдинги режимнинг тескариси каби бошқа бир тузум барпо этишга интилинади.

Ўзбекистонда кейинги 20 йиллик сиёсат шунга олиб келдики, мамлакат аҳолиснинг аксар қисми исломий жумҳурият тарафдорига айланди. Ҳар ким бу жумҳуриятни ўз қарашлари ва ўз илми-савияси даражасида тасаввур қилади. Лекин умумий нарса – бундай жумҳурият қурилса, Худонинг адолати қарор топади, деган тушунча. Демак, халқнинг асосий қисми бугун адолатга ташна. Халқ энди на президентга ва на бошқаларга ишонади, балки бутун умидини Худога тиккан.

Шариат давлати ёки халифалик қуриш тарфдорларидан ташқари ҳатто мутлоқ намоз қилмайдиганлар, кечаю кундуз ётволиб ароқ ичадиганлар, икки гапнинг бирида ёлғон гапирадиганлар, ўғрилик, муттаҳамлик, порахўрлик, нонкўрлик, қасосбозлик, иғвогарлик, худбинлик, фоҳишабозлик, расвочилик, кўзбўямачилик, сўзбўямачилик, ўзбўямачилик каби иллатларни касб қилиб олганлар ҳам эртанги кунларини Худога боғлаганлари сир бўлмай қолди.

Хўш, шундай “қулай” фурсат етган экан, Ўзбекистонда бугун исломий жумҳурият барпо этишнинг имкони борми? Бугунги вазиятни тарозига қўйганда, бу гап унча тош босмайди. Бошқача айтадиган бўлсак, бунга осонликча эришиб бўлмайди. Қаршилик категорияси жуда кучли.

Хўш, унда нима қилиш керак? Энг яхши йўл демократик тузумни танлашдир. Аммо бунга ҳам осонликча эришиб бўлмайди. Олдингиси уламолар ва муллаларнинг менталитети ва қурол зиддияти билан боғлиқ бўлса, кейингиси бутун халқнинг зеҳниятига бориб қадалади. Бунинг устига демократик тузумнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш қобиғи жуда кучсиз.

Ўзбекистонда мўъжиза рўй бериб ҳар томонлама эркинликларни тақдим этадиган демократик бир тузумга ўтилса, жуда қисқа вақтда диний оқимлар ҳокимиятни қўлга оладилар. Бу турган гап ва нимаси ёмон, дейдиганлар анчагина. Унутмайликки бу фуқаролар уруши ёки ташқи томоннинг агрессияси сари етаклаши мумкин. Нега?

Биринчидан, Ўзбекистон мономиллатли давлат эмаслиги учун унинг бағрида фуқаролар урушини келтириб чиқарадиган вулқон ухлаб ётибди.

Иккинчидан, Ўзбекистон геополитик муҳим нуқтада бўлгани сабаб атрофида уни исломий кучларга шунчаки бериб қўймасликни истаган катта юҳолар бор.

Аммо тахминлар шундайки, у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам Ўзбекистон бир марта бўлсада исломий жумҳурият “таъми”ни татиб кўради. Лекин ана шу жумҳурият қандай бўлади ва бу Ўзбекистонга ҳамда унинг халқига нима беради, буни очиқ айтиш мушкул. Чунки бундай масалада башорат қиламан, деган одамга нисбатан шубҳа туғилиши аниқ.

Ундай бўлса, бу тахминлару мулоҳазаларни нега ёздим? Гап шундаки, Ўзбекистонда демократик давлат тузамиз деганлар ҳам, исломий жумҳурият қуриш ишқидагилар ҳам бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўришлари шарт. Каримов режимининг харобалари устида янги давлат барпо этиш учун оёғингиз иқтисодий, сиёсий, маънавий асослар ва замонавий бошқарувчилардан иборат бўлган заминдами? Аввало шу саволга жавоб бериб кўрингчи?

Акс тақдирда тарих тақозоси билан сунъий равишда дунёга келиб қолган Ўзбекистон деган республиканинг номи табиий равишда харитадан ўчиб кетиши ёки энг оловли нуқтага айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бугунги режим учун бу “Дунёни сув босса, итимнинг тўпиғига ғам” деган даражада. Лекин сизга бундай бўлмаса керак?!

Энди асосий гап׃ Биз СССР деган аждарҳо йиқилгандан бери тахмин қилиб келган гаплар бугунга келиб амалга оша бошлади. Яъни СССР олдинги кўринишда русларни қониқтирмай қўйганди. Ҳамма нарса марказга ташиб кетиларди ва кейин у ердан ҳамма жойга тарқатиларди. Россиянинг қўлида кўп нарса қолмасди. Бугунга келиб СССР ўрнидаги гўё мустақил бўлган давлатлардан эскиси каби ҳамма нарса “модерн иқтисод” йўли билан ташиб кетилмоқда ва дунё бозоридан тушган фойда Россиянинг ҳалқумини тўлдирмоқда. Жуда кичик соҳаларда мустақил ҳаракат қилиш бордир, лекин умумий йўналишда йўқ.

Ҳозир Росиянинг олдинги (бундан кейингиси ҳам ўзи бўлади) 10 йилликдаги подшоси Путин охирги нуқтани қўяжагини эълон қилди. 1990 йилларда овозга қўйилган Иттифоқ шартномаси ўшанда халқ томонидан етарли овоз олди дейилгани билан барча жумҳуриятларда Москвага қаршилик жуда кучли эди. Ҳатто фуқаролар урушлари бошланиб кетганди. Шундай пайтда Иттифоқ шартномаси 20 йил орқага ташланди ва бугун уни Путин ҳаракатга қўймоқчи.

Демак, “Ўзбекистонда келажакда исломий жумҳурият қуриладими ёки демократик давлатми?” деган саволнинг ўзи ҳам савол остига тушмоқда. Шунинг учун ҳам бугун ўзбек жамиятининг фидойилари бирлашиб энг аввало шу ҳақда бош қотиришлари керак эмасми?

Ж.М,
1 декабр, 2011 йил.
jahonnoma.com

One Response

  1. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари ва МХХнинг Чегара қўшинлари қўмондони Рустам Олимович Эминжонов МДҲ Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашига аъзо бўлди.

    Бу ҳақда Чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб 12news.uz Интернет нашри хабар қилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига муфовиқ ўтган ҳафта Рустам Эминжонов 2009 йил 11 августдан бери Чегара қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаб келган Мирзаев Руслан Эркиновичнинг ўрнини эгаллаган эди.

    МХХ ҳузуридаги Чегара қўшинлари бошқармаси 1992 йил март ойида тузилган.
    Ozodlik

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: