Яхши одамлар

ҲОЖИМУРОД ҲОЛВАЧИ

2004 йил, май ойининг охирида Ҳожимурод ака 86 ёшда оламдан ўтдилар. Асли Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридан бўлган бу одам қизил империя истилоси пайтида Ватанни тарк этиб, Афғонистонга ўтган ва умрининг охирги йилларида Америкада яшаган эди.

Мен Виржиниа штатига кўчиб келган кунларимда бу ердаги ўзбекларни бирлаштириб бир ташкилот тузиш ҳаракатини бошладик. Йиғилишларимиздан бирида ёнимга новча бир одам келиб ўтирди ва:

-Салом Жаҳонгиржон,-деди ширин бир овозда.

Кейин ўзининг кимлигини айтиб, “Ўғлимни биласиз, у “Озодлик” радиосда ишлаган эди, Усмон Мурод, шунинг отасиман” деди ва ўғлини ҳам ёнига чақирди. Усмон Мурод билан телефонда кўп гаплашган эдик. Аммо кўришмагандик. Шу баҳонада у билан ҳам кўришдик.

Ҳожимурод ака билан суҳбатимиз қовушди. У Ўзбекистонда қийналаётган бечораларга жуда ачинадиган одам экан. Тез-тез бориб келишига қарамасдан Каримов режимини қўрқмасдан ёмонлаши билан ўз тенқурларидан ажралиб турар эди. Тўғри сўз ва ҳамма гапни одамнинг юзига айтадиган киши экан. Кейин ҳам қаерда бир маърака бўлса у ёнимга келиб ўтирар ва Ватан ҳақида маълумот олишга қизиқар ёки ўзи эшитганларини айтиб берарди.

Бир куни “Америка овози” даги ҳамкасбим Абдул Маннон Кескин бир рўмолчага ўралган ва Самарқандда “Соч ҳолва” дейиладиган Кунжит ҳолвадан келтирди ва:

-Буни сизга Ҳожимурод ака бериб юбордилар,-деди.

-Ватанга бориб келибдилар-ми?-деб сўрадим.

-Йўқ, у киши қандолат ва ҳолва пишириб турадилар. Афғонистонда дўконлари бор эди, бу ерда ҳавас учун пишириб, яқин дўстларига тарқатадилар,-деди Абдул Маннон ака.

Ҳожимурод акани охирги марта Абдул Маннон Кескиннинг уйида кўрдим. Абдул Маннон аканинг Саудия Арабистонида бир қардоши оламдан ўтгани муносабати билан тўпланган эдик. Ҳожимурод ака энди Ўзбекистонга бориб-келган эканлар. Ёнимга келиб ўтирдилар ва:

-Самарқанддан салом,-дедилар. Кейин Ургутга борганларини, у ердан жиянлари билан Самарқанд шаҳрига келаётганда мен ҳақимда гапирсалар улар мени таниганини айтиб қолдилар.

-Жаҳонгир яшаган жойга олиб бор дедим,-дея у киши уйимизнинг ёнидаги дарахтларнинг қанақа эканлигига қадар айтиб бердилар ва:

-Жиянларим, “У кишининг яқинларини сўроқлаб кирсангиз бизга гап тегади” дегани учун, уларга жаҳл қилиб, уйингизни ёнида у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юриб, қайтдим,-дедилар.

Ўшанда у киши:

-Ҳар сафар Ватанга жон таслим қилиш учун бориб, тирик келаяпман,-деб ҳазиллашгандилар.

Охирги марта боришларидан олдин мачитга кириб “Мени дуо қилинглар, Ватанда жон берайин” деб кетган эканлар. Орзуларига етиб 86 ёшда Ватанда жон бердилар. Лекин Усмон Муроднинг ота васиятини бажариш учун қилган интилишлари зое кетиб, қолган фарзандлар ва қариндошларнинг талаби билан майитни Америкага олиб келишди.

Яқинда бир покистонлик Стаффорд деган жойдан ер сотиб олиб мусулмонларнинг мозорини ташкил этибди. Американинг Жануб ва шимолини боғлайдиган 95 рақамли шоҳ йўли бор. Вашингтондан жанубга қараб юрсангиз 140 рақамли кириш жойидан чапга қайрилиб 4-5 километр юрсангиз ана шу қабристон чиқади. Ҳожимурод ҳолвачини шу ерга кўмар эканлар қабр бошида уч марта “У қандай инсон эди?” деб сўралди ва кўпчилик кўзда ёш билан “Яхши одам эдилар” деди.

Ҳа, Ҳожимурод ака ошини ошаб, ёшини яшашга муяссар бўлган яхши одам эди.

ЖМ.

2 Responses

  1. Койил! Маколага гап йук! Мархум отахонни билмасакда, билгандек мисоли эски кадрдондек булдик! Рахмат сизга, Жахонгир ака!

  2. ДОВЮРАК…
    Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Жуда ёшлигимда бир эртакни ўқигандим…
    —————————
    Ўрмоннинг ўртасида жойланган бир қабиланинг бошига мусибат тушибди. Таланган, оч қолган, касалланган ва ўз йўлини йўқотган бу қабила тақдир сўқмоғида чорасиз қолибди. Қабиланинг бу каби инқирозига кимлардир бойлик ва мансаб илинжида, хоинликлари натижасида бу каби ғурбатларга сабабчи бўлибдилар. Хоинлар ҳам халқ борабарида кулфатни бирга тотишга маҳкум этилибдилар. Чунки, ўз халқига хиёнат қилганлар бошқаларга ҳам хиёнат қилмаслигига ким ҳам кафил бўла оларди дейсиз?!
    Боши қотган оқсоқоллар барчани йиғиб маслаҳатлашиб олишмоқчи бўлишибди.
    Кимдир ўлимга ўзларини топширишни таклиф қилибди, кимдир душман қўлида хору зорлик бўлсада жон сақлаб қолишни илгари сурибди, яна кимдир қандайдир қуллик кишанларини бошга кийиш лозимлигини ўртага қўйибди….
    Маслаҳатдан бирор натижа чиқмагач қабиланинг ёшлари орасидан бир йигит узр сўраб ўз фикрини айтмоқчи бўлибди.
    Унинг фикрича хоинлик натижасида бир аҳволга келиб қолган бу зулмат босган юртни ташлаб, қуёш нурларини тўсиб турган ўрмонни тарк этиб қуёш нурлари балқиган жойларга кетиш қабила учун ҳар томонлама афзал эканлигини эътироф этибди.
    Кимдир рози, кимдир қулликни афзал кўрибди…
    Алалоқибат йигитга ишониб зулмат босган ўрмонни ташлаб қуёш нурлари жилва қилаётган адирликларга етиб боришга кўнишибди.
    Керакли озуқа заҳиралари олиб халқ ёш йигитнинг орқасидан отланишибди.
    Йўл топиш қийин эди, қуёш нурини тўсган ўрмон зулматидан қай томонга кетиш аниқ эмасдек эди.
    Йўлда азоблар, кутилмаган қийинчиликлар халқнинг тинкасини қуритибди.
    Кунлар ўтаркан, йигитнинг гапига кириб юртни ташлаб кетганлари учун ўзларига лаънатлар айтишибди ва йигитни бош айбдор деб йўлни билмаганликда ҳамда халқнинг тақдирини оғирлашганликда сабачи қилиб хуноб бўлишибди.
    Ёшлар кексаларга ёрдам берарканлар, кунлар ўтиб бирин кетин очлик ва ҳайвонлар ҳужумидан одамлар қирила борибди.
    Халқ саросимага тушибди…
    Шунда охирги чора йўлбошчи йигитни ўлдиришмоқчи бўлишибди….
    Ночор қолган ёш йигит ўз танасини ёриб юрагини қўпориб олибди ва боши узра баланд кўтарибди.
    Унинг пок юраги шунчалар мусоффо эканки, ундан таралаётган нур бир зумда зулматни ёритиб, қуёш каби порлаш бошлабди.
    Кишиларда ишонч пайдо бўлиб, яна ёш йигитнинг орқасидан йўлга тушибдилар.
    Оз фурсатда ўрмон тугаб, кенг бир ялангликка етиб келишибди.
    Осмон мусаффо. Қуёш порлаб турибди.
    Ёруқликни кўрган кишилар далага томон югуришибди.
    Юрагидан ажралган ёш йигит ёруғликни кўриб, халқини озодликка олиб чиқа олганидан хурсанд бўлиб, секин аста ерга йиқилибди. Далага чиқа олмай ўрмон четида ўлиб қолибди.
    Унинг қўлида қонга беланган юраги тинчиб қолган, ҳаётдан асар ҳам кўринмасди.
    Йигитнинг йиқилганига ҳеч ким эътибор ҳам бермабди.
    Барчанинг кўзини қуёшнинг нури чарақлаб шамғалатибди.
    Барча далага томон югуриб борарканлар дала узра оёқ излари қолаверибди.
    Бу излар оёқяланг югурган кишиларнинг ўзлари эътибор бермай ёш йигитнинг пок юраги устидан ўтганларида оёқларига илашган қонлар изи экан…
    Халқнинг юрган йўлида, бутун далада қонли оёқ излари муҳрланиб қолибди…
    Жонсиз жасад ёнида ушбу пок юрак озодликда юрган кишиларни кўриб секин аста тинчиб қолибди….
    Одамлар эса диконлб ҳар томонга отлар каби сакраб хурсандчлик қила бошлашибди.
    Ўзларига асли хоин бўлган бир кишини бош этиб сайлашибди…
    —————————–
    Мен буни нега айтмоқчи эдим?!
    Бугунги кунимизда шундай ҳолатлар юз бермаяптими?!
    Ватан хоинлари, уни сотиб юб юрганлар, халқнинг оғир аҳволига сабабчи бўлган кишилар йўқ деб ўйлайсизми?
    Агарда бир инсон чиқадиган бўлса бу ўрмон ҳалқи каби унинг ҳам устидан мағзава тўкиб кейин унинг пок юраги устидан юриб кетмаймиз дея ким ҳам кафолат бера олади???

    Ҳурмат билан Мистер Қалампир

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: