ЙЎҚОЛИШ
АҚШда бир куни докторга борсам, фамилиясининг ортида “ов” қўшимчаси бор экан.
-Русчани биласизми?-деб сўрадим.
-Дадам оз-моз билардилар, бувим ва бобом яхши билардилар, улар рус бўлганлар,-деди.
Унинг “улар” дейиши аввалига мени таажжубга солди. Аммо кейин тушундим. У шу ерда туғилган, унинг Ватани шу ер ва шу заминнинг асл фуқароси у.
У энди ўзини тўла америкалик деб билади ва фақат бобоси ва бувисини россиялик эканини айтади.
Маълумки, ҳар қандай ғалабанинг ортида йўқотиш ва йўқолишлар бўлади. Марказий Осиёда мустақиллик туфайли вужудга келган янги давлатларда сиёсат бугунги кунга қадар бўлганидек давом этса, озчиликка айланган халқларнинг аста-секин ассимиляция бўлиб, асосий халқ таркибига сингиб кетишига олиб келади.
Масалан, юқоридаги мисолдагидек, АҚШга келган муҳожирларнинг биринчи авлоди ўзлигини сақлайди.
Иккинчи авлод ўзлиги ҳақида маълум тушунчага эга бўлади.
Учинчи авлод эса тўла америкаликка айланади.
Бунда тил асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Худди шундай Авропа давлатларида ҳам бобоси турк ёки армани бўлганини айтадиган, аммо турк ёки арман тилини мутлоқ билмайдиган шведлар, ҳолландлар, инглизлар жуда кўп.
Марказий Осиёда Ленин сиёсати туфайли сунъий равишда ясалган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон жумҳуриятларида Совет даврида бошқа номдаги халқлар ўзликларини сақлаш учун қисман ҳуқуқларга эга эдилар. Мактаблари бор эди ва битирсалар қўшни жумҳуриятга бориб ўқиш ва яшаш имкониятига эга эдилар.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида буни сақлаб қолишга уринилди. Аммо вақт ўтган сайин чегаралар сиёсати, иқтисодий қийинчилик, сунъий равишда пайдо қилинган миллатчилик, тўқима миллий факура озчиликка тушиб қолган халқларни мажбурий ассимиляцияга олиб бормоқда.
Марказий Осиё бирлигини англашда бугунги сўқирлик давом этса, айниқса ўзбеклар катта йўқотишга дуч келадилар. Бугун Марказий Осиёда 50 миллион атрофида ўзбек бор. Шунинг қариб ярми Ўзбекистондан ташқарида. Афғонистонда бўлганлари деярли бошқа халқ таркибига сингиб кетиш жараёнига кирган.
Икки-уч авлод бугунги сиёсатни бошидан кечирса, Тожикистондаги ўзбеклар ўзлари билмаган ҳолда тожикка айланадилар. Яшаш учун кураш уларни шунга мажбур қилади. Қозоғистонда қозоққа ва Қирғизистонда қирғизга айланиб кетадилар. Чунки бу мамлакатларда ўзбек тилида ўқисалар олийгоҳларга кириш чекланади, иш топиш мушкуллашади, кун кўриш оғирлашади, миллий таҳқир кучаяди ва ҳоказо. Уларга Ўзбекистонга келиб ўқиш ва яшаш бегона давлатга келиш каби бўлади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё бирлиги фавқулодда муҳим масала. Аммо бу энг сўнгги муммо даражасидан теппага чиқмаяти.
Мустақилликдан кейин қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўқишга ёки яшашга келганлар золим сиёсат туфайли деярли фуқаролик ололмадилар. Улар чет элларга чиқиб кетдилар ва кетмоқдалар. Уларга жуда қийин. Ўзликларини энг тез йўқотадиганлар ана шулар бўлади.
Масалан, яқинда АҚШга келган Н. билан гаплашдим. У Ўзбекистонни ватан деб юрибди ва имкон бўлганда қайтишини айтди.
Н. Тожикистон фуқароси эди. Ўзбекистонга келиб яшади. Фуқаролик ололмади. Чет элдан бошпана топди. Лекин у билмайдики, агар у ҳаётлигида Марказий Осиё бирлиги вужудга келмаса, у Ўзбекистон учун бегона. Ҳатто режим алмашиб қолганда ҳам у қайтиб борса, унга Тожикистон фуқароси дея мурожаат қилишади. Ўзбекистонда фуқаролик олиш учун қонунларда белгилаб қўйилганидек узоқ йиллар кутишга мажбур бўлади. Ўзи туғилган Ватани-Тожикистон ҳам уни қабул қилмайди ёки айни талабни қўяди. Бу орада болалари она тилини йўқота бошлайдилар. Болаларининг болалари эса бошпана берган давлатнинг асл фуқаросига айланадилар.
Хуллас, буюк йўқолиш биринчи босқичга кирди. Уни тўхтатишнинг биттаю бита йўли Марказий Осиё бирлиги (Туркистон, Турон)ни устивор этишдир. Афсуски тескариси бўлмоқда…
ЖМ.
2007.
jahonnoma.com.
Filed under: Maqolalar |
Leave a Reply