Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (8)

ЖУРНАЛИСТЛАР ҲАҚИДА

*Журналистларни уч тоифага бўлиш мумкин׃

1.Ўз жонига қасд қилганлар. Улар туғма қобилиятга эга бўладилар ва журналистликдан адиб, арбоб даражасига етадилар. Сўз сеҳрини ўзлари ҳам ҳис этадилар ва ўқувчига ҳам ҳис эттирадилар. Ёзганлари воқеага айланади, эсда қолади, ўлмайди.Улар умрларини ёзганларига бағишлайдилар.

2.Чалажон журналистлар. Улар журналистика билан чекланиб қолган ижодкорлардир. Ўз истеъдодларини қандай қилиб ишга солишни билмай юрадилар, ёзганлари чалажон бўлгани каби ўзлари ҳам чала жондек ички бир қийналиш билан яшаб ўтадилар.

3.Ҳайкал журналистлар. Улар ишчан, аммо ёзганлари лойдан ясалган ва қуриб қолган ҳайкалчаларга ўхшайди. Уларни қуп-қуруқ журналистлар ҳам дейиш мумкин.Уларга кўча супуришни топширсангиз ҳам қойил қилиб бажарадилар, аммо кўча ифлос кўринаверади. Биров уларнинг бирор ёзган нарсасини эслай олмайди. Маҳмаданаликлари эса оламга сиғмайди. Не дариғки, булар кўпчиликни ташкил қиладилар.

*Ёзганинг ўзингга ёқмаса, нима учун менга ёқиши керак?

*Сени қувғин қиладилар, қўрқма, ёзавер!!
Сени қамайдилар, қўрқма, ёзавер!
Сени калтаклайдилар, чўчима, ёзавер!
Сени сўкадилар, парво қилма, ёзавер!
Сен журналистсан, ёзиш сенинг вазифанг, қолганлари эса қисматинг.

*У ўликка айланганди, сен уни мақтаб ёздинг, кўкларга кўтардинг, лекин сен ҳимояга муҳтож бўлганда у бир калима ҳам сўз айтмади.

*Тинчитиш мумкин бўлган жанжални кўриб, “Икки қардош халқ орасида миллатлараро уруш бошланди” деб дунёга жар солиш икки қардош халқни урушга чақиришдир.

*Ёзолмасанг қўй, ёзма, жўра!

*Журналистман деб юрганларнинг сон саноғи йўқ, аммо журналист жуда оз.