Жаҳонгир Муҳаммад: Фикр ирмоқлари (3)

*Суратни ҳар қанча бўясангиз ҳам сиймога айланмайди.

*Раҳбарнинг фалсафаси: Мен эмас, у биринчи телефон қилиши керак!

*Танқид қилган одамга: “Сени кечирдим”, дейиш “Танқидингни тан олмайман! Мен ҳақ, сен айбдор эдинг!”, деганидир!

*Ўзинигина ўйлаган бугун ютиши мумкин, аммо узоқ келажакда ютқазиши муқаррар.

*Ким учундир ақллилик ҳам аҳмоқликнинг кўринишидир.

*Танқидни “лой чаплаш” деб баҳолаш – болакайлик!

*Маҳаллийчилик – Ўзбекнинг ажали!

*Турк эканлигини англай олмаган ўзи бек-Ўзбекдир!

*Тўйдан олдин ноғора чалган сиёсатчи тўйдан кейин тоғора чалади.

*Бир жувон гўзал, ақлли, одобли ва айни пайтда маккор ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Гўзаллиги, ақли ва одобига дарҳол баҳо бера оласиз, аммо маккорлигини билиш учун умрингиз етмаслиги мумкин. Сиёсатчининг маккорлигини билиш билан аёлнинг маккорлигини аниқлаш орасида фарқ йўқ.

*Ўзини енга олмаган ўзгани енга олмайди!

*Демократияни гапирганга эмас, уни ўз ҳаёти мисолида кўрсатганга ишон!