Жаҳонгир Маматов׃ Зеҳният жумбоғи

Саволларга жавоблар

Бошқаларнинг кўрганларига эҳтиёж

САВОЛ: Ўз камчиликларингизни ҳам кўрасизми ёки фақат бошқаларнинг камчилигини қидирасизми? (Асламбек).

ЖАВОБ: “Дўст ачитиб айтади” деган ҳам биз, “Танқид отангга ҳам ёқмайди” деган ҳам биз…

Бировнинг камчилигини кўриб, айтмай кетишликни ўша одамга нисбатан душманлик қилиш деб биламан. Бу ҳисни кўтариб юролмайман. Айтаман ва енгил тортиб йўлимда давом этавераман.  Бу-характерим ва буни ўзгартира олмаслигимни ҳам биламан. Камчилигимни айтганлардан бирортасидан хафа бўлган эмасман, аксинча ҳурмат қиламан. Лекин туҳмат қилишса, ноҳақлик қилишса бунга ҳам кўз юмиб кетмайман. Кўз юмиш қўрқоқлик.

Аммо бугунга қадар ким туҳмат қилган бўлса,  жазосини Аллоҳдан олди ва олмоқда. Бу куч беради. Демак, буюк АДОЛАТ мавжуд.

Шундай бўлсада туҳмат қилганларнинг башарасини кўргим келмайди. Шундайлардан бири “Сиз сиёсатчи эмас, кулиб, қучоқлашиб, яқин бўлиб юравермайсизми, вақти келганда оёғининг остидан нарвонни олиб қўясиз” деганди. Агар шу сиёсат бўлса, демак ростдан ҳам сиёсатчи эмасман!

Орқадан фитна қилишни эмас, очиқ курашни танлаганман. Сиртдан гапирганларнинг гапига эмас, юзимга, очиқ гапирганларнинг гапига эътибор қиламан.

Инсон ўз камчиликларини ўзи кўра олганда у мукаммал зот бўлур эди. Афсуски, шундай эмас. Шу боис ҳар кимнинг ҳам  бошқаларнинг кўрганларига эҳтиёжи бор. 2004.

Гавҳар ва гав-хар

САВОЛ: Сиз бугун мухолифат йўқ дебсиз. Лекин баъзилар “Бугун бутун халқ мухолифатдир” деб ёзишмоқда. Бунга нима дейсиз? (Бахтиёр).

ЖАВОБ: Албатта бундай гап ўзлари мухолифликни уддалай олмаган кишилардан чиқади. Кейинги 15 йилда бу гапни кўп эшитдик. Лекин ҳеч қачон  режимларни  бутун халқ ўзгартирмаган, унинг бир қисми ўзгартирган.

Ҳатто кейинги пайтда энг кўп мисол қилинадиган Сербия ва Гуржистонда ҳам инқилобларда халқнинг фақат бир қисми, жуда оз қисми иштирок этди. Шунинг учун бутун халқ мухолифат ва режимни унинг ўзи ўзгартиради дейиш бу менга нима, дегандек гап.

Бугун эркин сайлов бўлганда ҳам халқнинг анчагина қисми Каримовга овоз бериши турган гап, чунки халқ жуда ишонувчан ва каримовчилар эса ёлғонни ростдек қилиб гапиришга уста.

Болалар ота-онасига ишонмаслиги мумкин, лекин ўқитувчисига ишонади. “Бу гап ёлғон” десангиз ҳам, “Йўқ, ўқитувчим айтди, бу рост” деб тураверади. Худди шундай газеталарга, радио ва телевидениеларга ҳам ишонувчан одамлар талайгина. Сталин ўлганда энди нима қиламиз деб ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаганлар бўлгани каби Каримов ўлганда ҳам аза тутадиганлар топилади. Каримов ана шундайларга “ставка” қилмоқда.

Шу мухолифлик ҳақида гап кетганда халқ деб эмас,  баъзилар ёки халқнинг бир қисми, ё бўлмаса халқнинг аксар қисми деган иборани ишлатишлари керак деб ўйлайман. Каримовнинг  “Бутун халқнинг номидан гапираяпман” деганидек кўзбўямачи вазиятга тушиб қолмаслик зарур.

Мухолифат халқнинг сиёсий жиҳатдан етишган бир бўлагидир. Мухолифат ҳаракати эса халқнинг сиёсий жиҳатдан етишган қисмини бирлаштириш учун уринишдир.

Бирлаштирган гавҳардир, парчалаган гав-хардир!

2004.

Ҳаракатда маъни бор

САВОЛ: Ўзбекистонда  бошқа бир ҳаракат тузилишига қандай қарайсиз? (Алишер).

ЖАВОБ:Дунёнинг турли қонунлари бор. Шулардан бири бўшлиқнинг тўлдириши ҳақидаги қонундир. Ўзбекистонда мухолифат қатағон қилиниши билан унинг ўрнида бўшлиқлар вужудга кела бошлади ва турли туман кучлар буни тўлдиришга уринмоқдалар. Бу масаланинг биринчи томони.

Иккинчи жиҳати эса шуки, тарсаки тарсакини, мушт муштни бошлаб келади, деган гап бор. Зулм кейинги вақтда ўзига қарши зулмни яратмоқда. Бу эса унга қўл келади. Ана шуни тушунганлар ўз норозиликларини тинч йўл билан ифодалашга уринмоқдалар.

Учинчи жиҳати эса мавжуд мухолиф кучларнинг фаолиятидан қониқмаслик ҳам бошқа бир ҳаракатнинг пайдо бўлишига йўл очади.

Хуллас, қандай жиҳатларга боғлиқ бўлмасин янги бир демократик, таъкидлайман демократик ҳаракат пайдо бўлса, уни қўллаш ва дастаклаш керак.

2004.

Лидер ташқарида эмас, ичкарида бўлиши керак

САВОЛ: Бугун ҳеч қаерга қўшилмай турган ёшлар жуда кўп. Шуларни бирлаштириб, бир партия тузиб Каримов режимига қарши юриш бошлатмайсизми? (Убайдулла).

ЖАВОБ: Ўзимни раис деб эълон қилиб, бундан роҳатланиш ёки гадой каби эшикма-эшик юриб грант излаш иштиёқим йўқ. Бу гапнинг пўст калласи.

Лекин янги бир партия тузиш таклифларини кўп оламан ва сизнинг ҳам билдирган ишончингиз учун катта раҳмат. Олдинги таклифларга ёзган жавоб хатларимдаги гапларимни қисқартириб яна бир бор айтмоқчиман. Кечаги ва бугунги шароитда бир партия тузиб, аъзоларининг рўйхатини ҳукуматга топшириш бу ўз фарзандларининг бошини жаллоднинг кундасига қўйиш билан баробардир. Айниқса, ўзим четда бўлган ҳолда мамлакатдаги навқиронларнинг ҳаётини таҳликага солиш виждонимга мос эмас.

Бугунги режими шароитида партия тузиб, демократик йўлда курашнинг ҳеч қандай имкони йўқ. Имкони бор деб сафсата сотиб юрганлар ҳам буни биладилар ва тирикчилик учун бу гапни айтиб туришга мажбурлар. Демократик йўл билан курашнинг имкони йўқ экан, нодемократик, қуролли йўл қолади, бунга эса қарши бўлганман ва бундан кейин ҳам бу йўлни танламайман. Чунки қурол гуноҳкор ва гуноҳсизни ажрата олмайди.

Шу сабаб мурожаат қилган ёшларга ҳозир бутун диққатни ўқишга, билим олишга, оқ ва қорани танишга сарфланг, деб маслаҳат беришдан бошқа иложим йўқ. Чунки жамиятнинг келажаги сизларнинг қўлингизда.

Кеча имкон йўқ эди, бугун ҳам йўқ, аммо бу  эртага ҳам бўлмайди дегани эмас. Шу боис ўзингизни эртанги имконият куни учун ҳозирланг.

Жаллодлик абадий эмас, эзгулик абадийдир ва сизнинг имкониятингиз ҳам эртага олдингизга чиқади. Ана ўшанда биз 1990 йилларнинг бошида бой берганимиз каби сиз ҳам довдираб қолмасдан, бир-бирингизни ёқавайрон қилмасдан, жаллоднинг оёғи остига итқитмасдан иш кўрсангиз байроқни олиб кетасиз.

Тайёргарликсиз ҳеч нарса бўлмайди. Шарт эмас номи партия бўлиши. “Дўстлик клуби” деб аташингиз мумкин, “Гурунг” дейишингиз мумкин, хуллас, сизни бирлаштирадиган бир гуруҳ тузинг ва ишни демократияни, дунёни, асл тарихни ўрганишдан бошланг ва бир кун келиб сиз демократия ўрнатувчиси бўласиз. Ўшанда бугунги авлод каби аламзада бўлиб, бир-бирининг гўштини егувчи тўдага айланиб қолмайсиз.

Насиб этиб, Ватанга қайтиш имконияти менинг ҳам олдимда пайдо бўлса, ўшанда балки таклифингизни ўйлаб кўришим мумкин. Чунки лидер ташқарида эмас, ичкарида бўлиши керак.

2004.

Хор бўлган санъат

САВОЛ: Сиёсатга алоқаси бўлмаган бир нарса сўрамоқчиман, Америка филмларини ёқтирасизми ёки ҳинд филмлариними?(Камола).

ЖАВОБ: Болаликдан ҳинд филмларини томоша қилиб улғайганмиз. Америкага келиб ҳам Болливудда чиққан ҳар бир филмни кўришга ҳаракат қиламан. Бугун чиқаётган филмлар олдингиларидан мутлоқ фарқ қилади. Ҳозир ҳиндлар филмларга катта ижтимоий, сиёсий ва маданий муаммоларни юклашга интилмоқдалар ва бу уларни дунёда биринчи ўринга олиб чиқмоқда. Масалан, “Боғбон”, “Ашок”, “Қафас”, “Дев” филмлари каби классик бўлиб қоладиган асарлар яратишмоқда. Ҳинд филмлари ҳали Ҳиндистонда намойиш этилмасдан Америкага етиб келади ва уларни уйда томоша қилиш имконияти жуда ҳам қулай.

Бу дегани Ҳолливуд филмларини кўрмайман ёки ёқтирмайман дегани эмас. Аксинча аксар янги филмларни кўриб бораман. Ҳинд филмларида мақсад асосан сизни дам олдиришга, ҳордиқ чиқаришга қаратилган бўлади. Шу боис ҳам уларни тез унутасиз. Америка филмлари эса сизни ўйлашга, тарих, бугун ва келажак ҳақида бош қотиришга ундайди. Кейинги пайтда тарихий, фалсафий филмлар жуда кўп чиқмоқда ва уларни томоша қилиш яхши бир китоб ўқиган каби ҳузур беради.

Масалан, “Троя”, “Узуклар илоҳийси” “Исо пайғамбарнинг ҳассосияти”, “Қирол артур” каби эпик филмлар қаторида “Эртадан кейинги кун”, “Фарангет-911″ каби дунёвий долзарб муаммолар ҳақидаги филмлар қаторида кўнгилочар асарлар ҳам борки, ҳинд филмларидан қолишадиган жойи йўқ.

Шу ўринда бир нарсани эслатмоқчи эдим. Интернет ва телевидение ривожланиши кино санъатини ўлдиради, деган тахминлар бор эди. Аммо бундай бўлмади. Рақобат яхши асарлар пайдо бўлишига олиб келди.

Телевидениелар ҳам бугун кинофилмлардан қолишмайдиган асарлар тайёрламоқдалар.

Шунга қарамай, Америкада минг-минглаб кинотеатрлар бор ва улар доим лиқ тўла. Чунки филм индустрияси мутлоқ эркин бўлгани учун халқнинг дарди ва ташвишлари билан ҳамоҳанг яшайди. Ҳатто бироз олдинлаб, эртанги кунни башорат ҳам этади.

Бир кун ўзбек филмлари ҳақида ҳам ана шундай гапиришни орзу қиламан. Лекин Совет даврида ўзбек филмлари коммунистик ғояга хизмат қилдирилган бўлса, бугун эса бачканалашиб кетган. Балки дунёнинг энг буюк кино асарларини кўриб борганим учунми Тошкентдан кимлар орқалидир келтирилган филмларни қараб, худди юз йил олдин олинган киноленталарни томоша қилаётгандек бўламан, йирик маданий тарихга эга бўлган бир миллатнинг санъати ҳамон хор бўлаётганига ачиниб кетаман.

2004.

Танлов оз эмас

САВОЛ: Ўзбек санъаткор, шоир, ёзувчи ва  журналистларидан сизга маъқул бўлганлари ҳам борми? (Отамирза).

ЖАВОБ: Бор ва оз эмас.  Ҳар кимнинг ўз танлови бўлади. Масалан, бир таом кимгадир ёқади ва кимгадир ёқмайди. Бу масала ҳам шундай, шахсийдир. Мен бошқаларнинг ҳам танловларини ҳурмат қиламан.

Менинг танловим: Масалан, санъаткорлардан Комилжон Отаниёзов(раҳматли), Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Бобомурод Ҳамдамов…

Қарийб ўттиз йилдирки Таваккал Қодировнинг Фурқат ғазалига айтган “Сайдинг қўябер сайёд”ини деярли ҳар оқшом тинглайман. У менинг “уйқу дорим”га айланган.  Баъзи қўшиқларни бир марта ёки кўп марта эшитиб “тўйиб қоласиз”. Лекин “Сайдинг қўябер…” уларга ўхшамайди.  У қўшиқдан беғубор осмонга, кенгликка айланиб кетади.

Манимча бугунгача бу ашулани Таваккал Қодиров даражасига етказиб бошқа биров айтолмади. Айтган бўлса ҳам мен эшитганим йўқ. “Тошкент ушшоғи” ҳам унинг ижросида ҳар қандай одамни  эритиб юборади. Минг марта тингласам ҳам яна тинглагим келади. Уйда ҳам, йўлда ҳам, сафарда ҳам…

Фахриддин Умаровнинг қўшиқлари ҳақида ҳам шундай фикрдаман. У ҳатто Пўлат Мўминнинг “қип-қизил, советча” сўзларига ҳам сеҳр бериб, уларни жозибадор сатрларга териб юборади.

Ёзувчилардан: Абдулла Қодирий, Мамадали Маҳмудов(Эврил Турон), Зоҳир Аълам, шоирлардан Жамол Сирожиддин, Абдували Қутбиддину журналистлардан  Аҳмаджон Мухторов, Аҳмад Исмоилов ва бошқалар ҳақида тўхталишим мумкин. Зотан уларнинг ҳар бири ҳақида анчагина ёзганман. Исмлари бу ерда ёзилганлардан ташқари яна кўплаб ижод аҳли-истеъдодли шахсиятлар борки, уларни ҳам қадрлайман.

Демоқчиманки, танлов оз эмас. Ҳар қандай режимлар даврида ҳам халқнинг ардоқли фарзандлари етишган ва ҳар қандай инсонда кимнидир қадрлаш танлови бўлган.

2004.

Китобларим

САВОЛ: Китобларингиз қайси мамлакатларда чиққан?(Ойсара).

ЖАВОБ: Албатта, китоб чиқиши муҳим воқеа эмас. Балки китобнинг нима ҳақдалиги муҳим. Бугунга қадар миллионлаб, балки триллионлаб китоблар нашр этилган. Аксари жуда силлиқ, оби-тобида ёзилган. Масалан, Сталиндан Ислом Каримовга, Муборакдан Қаддофийга, Саддамдан Брежневгача минглаб золимлар номидан чиққан ва маҳорат билан ёзилган қанчадан қанча китоблар бор. Ё бўлмаса уларга хизмат қилган, уларнинг маддоҳлари битган қанчадан-қанча китоблар чиққан. Уларга қулай ва йўл очиқ. Асрлардир шундай бўлиб келган.

Бугунга келиб кўп нарсалар ўзгарди. Энди истаган одам ўз китобини нашр эта олади. Етарки муаллифда бир фикр ва одамларга айтадиган гапи ва шижоати бўлсин. Ўқийдиганлар топилади. Демак, бугун фақат сараланган тоифанинг эмас, халқнинг китоблари ҳам чиқадиган замон.

Каминага келсак, ёзганларим китоб ҳолида АҚШ, Туркия, Озарбайжон ва мустақилликдан олдинги Ўзбекистонда  ҳам чоп этилган.

Бугун мана энди китобларимни интернетда дунёнинг истаган нуқтасидан туриб ўқишингиз мумкин.

Айни пайтда АҚШда тилшуносликка оид бир неча илмий китобларим ҳам нашр этилган.

Қизиқ бир кузатишни айтмоқчиман. Ёзганларимни камситиб юрадиган бир-икки киши бор. Уларнинг баъзи қораламаларига қарасам, Каримов режимининг дастлабки йилларидаги бевосита ўзим гувоҳ бўлган воқеалар тафсилотини камина ёзганларидан “айлантириб”, ўғирлаб олишган. “Ош бўлсин”! Ўғирламасдан, очиқдан-очиқ ҳам олаверишлари мумкин, зотан халққа ёзилган дастурхон бу!

Асло, уларга тош отмоқчи эмасман, аксинча китобларим ҳатто рақибларимга ҳам керакли эканлигидан мамнуният ҳисси туйганимни таъкидламоқчиман, холос. 2004.

Интернет…

САВОЛ:Интернетдан қандай фойдаланасиз ва Интернетни суиистеъмол қилаётганлар ҳақида нима дея оласиз? (Отабек).

ЖАВОБ: Интернет… жуда катта эркинлик майдони.

Ҳаётда ҳамма нарсанинг меъёрини билган одам ўз мақсадларига эриша олади. Интернетни ҳам суиистеъмол қилмаслик керак.  Интернетга муккасидан кетган одам эмасман. Иш юзасидан ва қизиқиш юзасидан кириб тураман ва бу кўп вақт олмайди. Принцип сифатида чатлар ва меҳмонлар китобларида қатнашмайман. Ишим ва хавфсизлик ҳам бунга имкон бермайди. Қолаверса, у ердаги меҳнат сувга оқади, йўқ бўлиб кетади. Сарфлаган вақтингиз, чатнаган асабингиз қолади. Олтин бериб, ахлат олган бўласиз.

Интернетдан фойдаланиш умумий вақтим билан ҳам боғлиқ. Икки жойда ишлайман. Ҳафтада камида 60 соатлик расмий ишим бор ва вазифамни бировларга юкламасдан бажарадиган одатим бўлгани учун деярли бўш вақтим йўқ.  Уйда эса ижодий ишларимга кўпроқ вақт ажратаман.  Филмлар кўриш, янги чиққан китобларни ўқиш ва оила юмушлари дегандай… вақт етмай қолади. Шу боис хабар оғирликли вебсаҳифаларга обуна бўлганман ва улар ҳар кунги янгилик, таҳлилларни электрон почтамга юборадилар. Бу веб саҳифалараро “югуриб” юрмаслик учун катта имконият.

Интернетдан бугун одамларнинг шахсиятига ҳужум, нафсониятга тегиш, ҳақорат, ғараз мақсадларда қўлланиш, дўстларнинг орасини бузиш, нифоқ сочиш, нафрат уйғотиш, фитна  учун фойдаланадиганлар ҳам  бор.  Жамият борки, унинг сариқ печаклари ҳам бор. Жамият борки, унинг андилари ҳам бор. Ундайлар  ҳатто ўзларининг ким эканликларини унутиб, ўзларини ҳам суиистеъмол қиладилар. Ўзини суиистеъмол қилган одамдан қандай қилиб интернетни суиистеъмол қилмасликни кутасиз?

Интернет ҳам маданият кўзгуси. Совет даврида одамларни сўкиш билан кун ўтказадиган казо-казо жойларда ишлаган ва ўта маданиятсиз бўлган бир кишини биламан. У  вебсаҳифаларнинг меҳмонлар китобларига кириб куракда турмайдиган сўкинишларни ёзади. Эски касбидан келиб чиқиб, бировларнинг номи, услубини ишлатиб ёзади. Аммо  уни аллақачон кўпчилик таниб олди. Аввалига унинг қопқонига тушганлар ҳам бугун уни билдилар. Ундан ҳазар қиладиган бўлишди. Лекин у “касбини” ташламади. Эшитишимча, бугун ҳам “вазифасини” бажариб юрган экан. Бу ҳам касаллик.

Қуш уясида кўрганини қилади. Одамларнинг илтимослари, панду насиҳатлари ва гапларини олмади.  “Ит бирлан хўтукка қанча қилма тарбият, ит бўлур эшак бўлур, бўлмаслар асло одамий!”  ёки “заҳар солмоқ эрур касби илоннинг” деган гаплар унга айтилгандек эди.

Бугун ўзбек тилидаги яхши вебсаҳифалар деярли йўқ ҳисоби. Бу жабҳада ёшларга ўзларини кўрсатишлари учун жуда катта майдон бор. Интернетга кириш имконияти бўлганларда мамлакатга, ватанга, миллатга, интернетга кираолмаётган минг-минглаб, миллионлаб  одамларга хизмат қилишни истаганларга бу чексиз ҳудуддир.

2004.

Ўзимиз билан ўзимиз…?

САВОЛ: Америкадаги ўзбеклар ўзаро учрашиб турасизларми?  (Маъруфжон).

ЖАВОБ: Интернет ҳақида ёзганимда бироз бўлсада вақт масаласига ҳам тўхталган эдим. Америкада одамлигимни йўқотмасдан яшайман деганларга бекорчи вақт, бўш вақт бўлмайди.

Бу ерда яшаш даражасини ўзингиз танлайсиз. Истасангиз ҳеч қаерда ишламасдан гадойлик билан ҳам кун кўриш мумкин. Ит ётиш, мирза туриш билан ҳам бу дунёдан ўтиб кетиш мумкин. Аммо ўз уй-жойингиз, қулай транспорт воситангиз, техник имкониятлардан фойдаланиш орзуингиз, ҳар йили дам олишга бориб келиш шароитингиз, Американи, дунёни томоша қилиш,  болаларни яхши олийгоҳларда ўқитиш ниятингиз  бўлса,  тинмай ишлаш керак. Чунки буларнинг ҳаммаси пул ва жуда катта пул! Шунинг учун ҳам бу ерда “вақт–пул” деган иборани тез-тез ишлатадилар. Бу масаланинг бир томони.

Иккинчи томони эса, хўш учрашувлар нима беради?  Қуруқ олди қочди гаплар, кейин орқаваротдан иғволар, бир-бирининг устидан бўҳтонлар уюштиришми? Бир-бири билан қучоқлашиб, бир-бирига қараб жилмайиб, бирга овқатланиб кейин бир-бирига душманлик қилишми? Табиийки буни сиёсат деб билгувчиларга масаланинг аҳамияти йўқ. Аммо нафсониятингиз ва ғурурингиз, ўз қарашингиз ва ўз йўлингиз бўлса бундай учрашувларга қўл силтайсиз.

Илк бор Американинг Орегон штатига келганман. Кейин Виржиния штатига кўчдик. Бу ерда ўзбеклар, айниқса Афғонистон ва Туркия орқали келган ўзбеклар кўп. Дастлаб бир ҳамкасбим билан Туркистонликлар жамиятини тузиш учун кўп югурдик. Жамиятнинг асосини қуриб бўлганимизда ҳар томондан таъна-дашномлар кела бошлади. Кимлардир бу жамиятни Каримов режимига хизмат қилдиришга киришди. Кимлардир жамиятнинг “қироли” бўлишни истади. Кимлардир бизни ўз манфаатини ўйлаб иш қилмоқда деб айблади. Яна кимлардир жамиятни ўзларининг диний мақсадлари йўлига бурмоқчи бўлишди. Қарасам бу жамиятнинг истиқболи йўқ. Ўзимни четга олдим.  Орадан йилллар ўтди, аммо жамиятнинг асоси ўша ҳолича қолди.

Шундан бери бу ердаги ўзбеклар билан тўй ва ёки маъракаларда кўришмасак, унчалик алоқамиз йўқ.

Бевосита Ўзбекистондан келган ўзбеклар билан ҳам шундай.  Учрашиб турамиз. Ҳозирга келиб ўзбеклар кўпайиб қолди. Ўзбекистон билан борди-келдилар бошланди. Бошқача айтганда ҳар кимнинг ўз давраси пайдо бўлмоқда. АҚШга илк келган ўзбеклар йиллар давомида “марғилонликлар”, “тошканликлар”, “бухороликлар”, “самарқандликлар”… каби гуруҳларга бўлиниб кетишган. Янги келганлар ҳам шу йўлдан кетадиганга ўхшайдилар. Камина бундай маҳаллийчиликни ёқтирмайман.

Ўзбекистондан келаётган одамлар кўп ва уларнинг айримлари учрашиб турамиз. Гоҳида уйда, гоҳида ташқарида бир пиёла чой устидаги суҳбатлар соатлардан кунларга уланади. Тежаган бўш вақтларни ана шундай учрашувларга сарфлаймиз. Қолаверса, атрофимизда бошқалар ҳам кўп. Улар билан учрашиб туриш ҳам қизиқарли ва мазмунли.

Хуллас, бугунги тезликда давом этса, бир куни Америка ўзбеклар учун ҳам ватан бўлади, ўзбекнинг ўзбек билан учрашиб туриши савол мавзусидан чиқади.

Қайси бир буюк одамнинг гапи бор, “қадам қўйганим озод тупроқ ватанимдир” деган. Ўзбеклар дунёга ёйилмоқда, тилагим, қадамлари озод тупроқларга етсин! Ўзлари билан ўзлари бўлиб қолишдек қобиқни енгиб чиқсинлар!

2004.

Эронийлар ўзбекми, ўзбеклар эронийми?

САВОЛ: Сиз Ўзбекистонда яшаётган эронийлар ҳақида маълумот беришингиз мумкинми?(Меҳрибон).

ЖАВОБ: Маълумки, дунёда барча халқлар  кўчманчиликни бошдан кечирганлар. Бугун “Марказий Осиё” деб аталаётган ва қадимда янада кенгроқ жойни ўз ичига олган Туронзаминда айниқса, кўчманчилик одат бўлган.  Масалан, Туркнинг Ўзбек қабиласи ҳам 15-16 асрларга қадар кўчманчи бўлган.

Бугун муқумият даврида Самарқанд ва унинг яқинларида, (Жиззах, Бухорода) “эронийлар” деб билинган  турклар яшайдилар, улар азалдан ва ҳозир ҳам туркийзабондирлар.  Уйларидаги сўзлашувларда Туркия туркчасига яқин ўзига хос лаҳжани сақлаб қолганлар.

Бугун “эронийлар” дейилган халқ Самарқанднинг асл халқидир. Чунки эрамиздан олдинги бир неча империялар даврида ҳам бу халқ Сўғдиёнанинг асосий аҳолиси ҳисобланган. Аҳамонийлар даврида ҳам улар шаҳарнинг бугунги каби энг марказий қисмида истиқомат қилишган.  Уларнинг қабристонлари тарихи эрамиздан олдинги асрларга бориб тақалиши ҳам ана шундан.

Шу билан бирга нафақат Самарқандда, балки Ўзбекистоннинг аксар қисмида ҳам тарихнинг зайли билан Эрондан ва бошқа жойлардан кўчиб келганлар ҳам жойлашишган. Жумладан, Эроннинг Табриз бўлгаси, баъзи даврларда Хуросон деб аталадиган жойдан ҳам “эронийлар” келиб ўз қавмдошларига қўшилганлар.

Бугунга келиб худди  “Қрим турклари” ибораси каби “эроний” калимаси ҳам бу халқнинг ўзига хос бир номига айланган ва улар буни яширмайдилар, бундан уялмайдилар, балки ифтихор қиладилар. Чунки бу ном уларнинг бу заминда туб аҳоли эканликларини кўрсатиб туради.

Уларнинг бу заминдаги тарихини тўрт даврга бўлиш мумкин.

БИРИНЧИ ДАВР: Эрон -Турон даври. Ҳали Самарқанд Сўғдиёна, Мароқанд каби номлар билан аталган кезларда ҳам улар бу заминда муқим яшаганлар. Афросиёб тарихи бунинг ёрқин мисолидир.

ИККИНЧИ ДАВР: Бу Амир Темурнинг Эрон, Ироқ орқали Туркияга юриш даври. Бу даврда мазкур минтақаларда яшаган туркийзабонлар унинг армиясига қўшилганлар ва шу минтақадаги жуда кўп олимлар, зиёли туркларни Амир Темур Самарқандга кўчирган. “Зафарнома”, “Зафар йўли”, “Темур Тузуклари”да бу ҳақда кўп маълумотлар бор.

УЧИНЧИ ДАВР: Шайбонийхон Самарқандни босиб олиши ва Мирзо Бобурнинг Эрон туркларидан, хусусан Шоҳ Исмоилдан ёрдам сўраган  пайти. Бобир Мирзо Шоҳ Исмоилга мактуб йўллаб, ёрдам сўраши натижасида қарийб саксон минг Эрон турки Самарқандга келиб, Бобурийлар салтанатини, маданиятини ҳимоя этганлар. Бу ҳақда Ўзбек Энциклопедиясининг янги нашрида ҳам батафсил маълумот берилган.

ТЎРТИНЧИ ДАВР: Бу Нодиршоҳнинг Самарқандни ишғол қилган йиллари. Нодир шоҳ чиқиб кетаркан, бир қанча  Эрон турклари ва бир қисм форсийзабонлар ҳам бу ерда қолганлар. “Самарқанд тарихи” китобида ёзилишича, уларнинг бир қисми Хоразм томонларга кўчиб кетишган. Лекин аксарияти бугунга қадар ўзлари дастлаб жойлашган минтақаларда яшаётганларини кузатиш мумкин.

Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” (”Самарқанднома”) китобида яна ҳам илгарилаб кетилади ва Самарқанд шаҳрининг пайдо бўлиши Эрон шоҳи Кайковус ҳукмронлиги даврига боғланиб, илк кўчишлар ўша пайтда бўлгани айтилади. Нима бўлганда ҳам Эрон туркларининг Самарқандга  ўз қавмдошлари ёнига кўчишлари тарихда ўз изини қолдирган.

Турон замин аҳолиси тарихан кўчманчи бўлганини ҳисобга олсак, бугунга келиб Ўзбекистонда “эронийлар’ дейилган турклар туб халқлардан бири эканлигини инкор қилиш мумкин эмас. Зотан Самарқанднинг Ўзбекистон таркибида қолиши ҳам улар билан боғлиқ. Ўзбекистон таркибида бўлган Тожикистон Автоном республикаси ажралиб чиқиши жараёнида Самарқандни пойтахт қилиб олишни сўрашади ва  эронийлар – турклар бунга қарши бош кўтарадилар. Шундан кейин Сталин бу шаҳарда аҳоли рўйхатини (1929 йилда) ўтказади. Эроний туркларнинг зиёлилари катта кампания юритадилар ва ўзларини “Ўзбек” деб ёздиришади. Бу Самарқанднинг Ўзбекистон таркибида қолишида муҳим рол ўйнайди. Бу ерда яшаган тожиклар ва эронийлар ўртасида давом этиб келган зиддият ана шунга бориб тақалади.

Эрон турклари Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида жуда катта рол ўйнаб келишган. Биринчи Ўзбек “Алифбо”сини яратишдан тортиб, турклик туйғуси ва маданиятини сақлаб қолишга қадар уларнинг ҳиссалари беқиёс. Шу боисдан ҳам мустақил Ўзбекистоннинг янги  тарихчилари учун бу соҳа изланишлар ҳудудидир.

Қолаверса, кейинги пайтда ўзбекларнинг келиб чиқиши Табриздан деган маълумотлар пайдо бўлди. Шу пайтга қадар инглиз ва бошқа тилларда мавжуд бўлган илмий маълумотларни ўзбекчада ҳам қабула қила бошлашди. Масалан, “Wikipedia”да  қуйидаги сатрлар бор׃

 „Ўзбек“ сўзи ХIII—ХIV асрларда яшаган Жувайний ва Рашидиддинларнинг асарларидан ҳам бизга маълум. Жумладан, Эрон тарихчиси ва географи Ҳамидуллоҳ Қазвиний „Тарихи Гузида“ номли тарихий асарида 1335 йилда Озарбайжонга юриш қилган аскарларни „ўзбеклар“ деган этник ном билан атайди” дейилади.(қаранг).

Мазкур интернет энциклопедиясининг инглизча “Uzbeks” бўлимида Oxford университети 2002 йилда ўтказган генетикани аниқлаш соҳасида ўтказган тадиқиқотларга таяниб, “ўзбеклар, уйғурлар ва дунганлар гени Кавказ аҳолиси ҳамда Шарқий Осиё ва Жанубий Сибирга яқин эканлиги” айтилади׃(қаранг).

Ана энди дунё харитасига назар солсангиз, Эроннинг Табриз қисми  Кавказ минтақасига киришини кўрасиз.

Демак, тарихчиларнинг олдига савол чиқмоқда׃ ўзбеклар эронийми, эронийлар ўзбекми ёки ҳаммаси туркларми?

2004.

“Амири кор”га келмоқчи бўлсангиз

САВОЛ: Мен Америкага бормоқчиман, у ерда бирорта одам менга ёрдам бериши мумкин-ми?(Қобилжон).

ЖАВОБ: Бу “ёрдам” калимасининг Америкада ва Ўзбекистонда икки хил маъно ташиганини ҳисобга олиб, сизнинг қандай ёрдам сўрашингизга боғлиқ.

Ўзбекистонда бир телефон қилиб, ўқишга киритиб қўйиш, ётоқ билан таъминлаш, имтиҳонлардан ўтмаганда домласига таъсир қилдириш каби тушунчалар ҳам “ёрдам”га киради.

Америкада эса “ёрдам”  биров нон-сувсиз, оч қолса уни бир муддат озиқ-овқат билан таъминлаш, янги кўчиб келган одамга қўлланилган кийим-кечак, мебел, товоқ-қошиқ тўплаб бериш, машинаси бўлмаса манзилига олиб бориб қўйиш тушунчаларини ўз ичига олади.

Бу нарса  маданиятдан эмас, балки турмуш талабидан келиб чиқади.  Чунки бу ерда одамлар якка, мустақил шахс сифатида етишган ва муаммоларини тинмай ишлаб ўзлари ҳал этадилар. “24/7″ деган машҳур ибора бор. Бу дегани ҳафтанинг етти суткасида ҳам тинмай ишлаш дегани. Самарқандлик тожик дўстларимиз ҳазиллашиб Американи  “Амири кор” дейишади.  Бу-ишнинг, меҳнатнинг амри, йўли билан яшаш.

Аммо Афғонистон, Туркия ва Ўзбекистондан келиб бу ерда яшаётганлар сизга ёрдам беришни истайдилар, лекин турмуш талаблари  ва бугунга қадар “ёрдам” берганларидан эшитган дашномлари уларнинг қўлларини “боғлаб” қўйган. Шу боис уларнинг ёрдамлари ҳам мен санаган даражада бўлади. Агар турмуш талабларидан беш-тўрт доллар орттирсалар турли мамлакатларда  қийин вазиятларда қолиб кетган қариндошлари, танишларига кўмаклашишга интиладилар.

Яқинда бир йигит келди. Интернетдан институт адресини топиб, ўқишга кирибди. Келса унга ётоқхона беришмабди. Бунинг устига “Ўқиш учун йилига фалон доллар берасан”, дейишибди. У ҳатто бу ерда овқатланиш учун қанча пул кетишини ёки транспорт харажатини ҳам назарга олмаган. Визаси бўйича ишлаши мумкин экан. Аммо турар жой олиши учун ижтимоий суғурта ҳужжати талаб қилишади. Бу ҳужжатни олишга камида 15 кун кутиши керак. Муаммолар  ичида қолди. Ҳам унинг жасурлигига ҳавасинг келади, ҳам унинг муаммолар билан юзма-юз қолганига раҳминг келади. Бир муддатдан кейин оёққа туриб олди, лекин у омадли экан, уни тасодифлар қутқазди.

Аммо бошқа одам ҳеч кимни танимаслиги ёки  ҳеч кимни топа олмаслиги  ва кўчада қолиши, ёмон йўлларга кириб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис келар экан, бу масалаларни ҳал этиб, кейин йўлга чиқиш керак.

Бу биринчидан, иккинчидан эса кўчадан келган тасодифий бир одамга  ҳамма ҳам эшик очавермайди. Кимдир уни жосус деб ўйлаши, яна кимдир бирор радикал диний гуруҳга аъзо деб  хаёл қилиши мумкин ва ҳоказо. Айниқса, бугун Америкада бу масалага жиддий эътибор берилади.

Қисқа муддатли виза билан келиб бу ерда қолиб кетадиганларга эса ҳозир ҳеч ким ёрдам бермайди. Улар ўз келажакларини хароб қиладилар. Чунки уларнинг иши қонунларга хилоф ҳаракат ва  бу ерда қонунни бузиш оғир оқибатларга олиб келади. Қонунни бузиб қўйган  бўлсангиз танишингиз ҳатто президент бўлса ҳам орага кира олмайди. Ана шунақа гаплар!

Яна ҳам кўпроқ нарса билишни истасангиз  “Ўзбеклар ва Ўзбеклар” китобимга назар солинг.

2004.

Ўзбек тили ва Интернет тили

САВОЛ: Сиёсат жонимга тегди. Сиёсий бўлмаган бир савол бермоқчиман. Яқинда бир хабарда 25-30 йилда дунёдаги 60 фоиз тил йўқолади, дейилганини ўқидим. Ўзбек тили нима бўлади деб ўйлайсиз? (Рустам).

ЖАВОБ: Аслида бу энг катта сиёсий масала. Ўзбек тили 25-30 йилда йўқ бўлмаса ҳам  унинг бугунги аҳволи ўзгармаса келажаги фожеалидир.

Бундан 30-35 йиллар чамаси олдин дунёдаги энг йирик олтита тилдан бир муштарак тил-Эсперанто тили вужудга келтирилган эди. Ўшанда ярим аср ичида бу тил дунёнинг ягона гаплашиладиган тилига айланиши башорат қилинганди. Лекин Эсперанто “ўсмай” қолди. Аммо бу сохта тил билан айни даврда Интернет тили ҳам туғила бошлади ва жуда тез ривожланмоқда. Бугунга келиб, Интернет тилидаги сўз бойлиги Ўзбек тилининг сўз бойлигидан беш маротаба кўпдир ва бу тилни бемалол қўлланадиганлар дунёдаги ўзбекларнинг умумий сонидан 2-3 маротаба ортиқ.

Интернет тилининг бир қисмини Инглиз тили ташкил этади.  Ўтган йиллар давомида Франция, Хитой ва Россия Интернет тилидаги калималарни ўзларининг тилларидаги сўзлар билан алмаштиришга уриндилар. Лекин бу билан “улкан ишғол”ни тўхтата олмаяптилар ва тўхтата олмасалар ҳам керак.

Келажакда дунёда умумий бир тил вужуда келишининг замирида Интернет  мавжуд ва шунинг учун ҳам юз йиллардан кейин бутун дунёда одамлар ягона Интернет тилида бир-бирларини бемалол тушуна оладиган даражага етадилар. Бу ўз навбатида  уларнинг она тилларини таҳлика остига қўяди.

Ўзбек тилига келсак, бу тил бугуннинг ўзида таҳлика остидадир. Биз тил нуқтаи назаридан дунёдаги энг чаласавод гуруҳлар сафига киришимиз мумкин.

Халқ тили, адабий тил ва расмий тил орасидаги кескин фарқ бу чаласаводликнинг бир боисидир.

Интернетдаги истаган бир ўзбек саҳифани очиб кўринг, истаган меҳмонлар китобига кириб кўринг, қани Ўзбек тилининг талаб даражасига жавоб берадиган ёзувларни топа оласиз-ми? Имловий хатолар ёзувларни компютерга киритиш давомида юз беришини инобатга олсак, қолганлари-чи? Оддий жумлани туза олмаслик, замон феълларидаги чалкашлик, қўшма гапларнинг қовушмаслиги, сўзларни нотўғри ўринларда, нотўғри маъноларда қўлланиш, ўз фикрини очиқ тушунтира олмаслик… каби манзарани нафақат Интернетда балки кундалик матбуотда ҳам кўрмоқдамиз. Афсус. Бу фожеанинг бир жиҳати.

Иккинчи жиҳати эса: озгина ақлини таниган ўзбеклар бугун Интернетда асосан Рус тилида ёки Инглиз тилида мулоқот қилишга ўтдилар. Яъни ўз гапларини Ўзбек тилида айтишдан кўра, бошқа тилда айтиш уларга осонроқ келмоқда.

Фожеанинг учинчи жиҳати алифбога, ёзувга муносабат билан боғлиқ. Дунёда бирор-бир халқ ўз ёзувини 100 йилнинг ичида беш марта ўзгартирмаган. Лекин бизнинг халқимиздан чиққан сиёсатчилар бу халқнинг қадриятларини, ўзлигини оёқ ости қилганлари каби, она тилини нафақат ҳимоя эта олмадилар, балки топтадилар, русларнинг талаби билан ёзувини қайта-қайта ўзгартирдилар ва бугун ҳам лотину кирил ёзувлари орасида жонимиз талвасада. Бу эса оммавий чаласаводликка олиб келди.

Мен ҳар куни турли одамлардан ўнлаб “электрон” мактублар оламан. Ҳатто Ўзбекистонда  энг муҳим идорада ишлайдиган одам ўзбекча хатини эплаб ёзолмайди. Ўзини бош вазирликка, оз қолсин президентликка лойиқ кўрадиганлар ҳам шу аҳволда. Кейинги бир йил ичида фақат Муҳиддин деган йигитдан Ўзбек тилининг гўзал ва мукаммал юзини кўрсатадиган бир неча мактуб олдим ва ҳавас қилиб, одамларга кўрсатиб юрибман. Она тилимиздан ана шундай учқунларгина қолаётгани ачинарлидир.

Бунинг устига ўзбек зиёлиларининг бугун ёзган асарлари билан қилган ишлари бир-бирига зид тушиб қолгани халқнинг матбуотдан, китобдан юз ўгиришига, она тили хазинасидан узоқлашишига олиб келди.

Ана шуларнинг ҳаммасини бир нуқтага жамлайдиган бўлсак, Ўзбек тилининг келажаги зулмат ичида эканлигини тасаввур қилиш қийин бўлмайди. Аммо умид ўлган эмас. У ҳолда нима қилиш керак?

Ишни Ўзбек тилини ўрганишдан бошлаш керак. “Гаплаша оламан-ку!” дейишингиз мумкин. Бу эса “Тилимиздан “вотти-вотти”, аста секин кетивотти” деган кинояни эслатади.

2004.

Аёлни камситмоқ учун одамликдан чиқмоқ керак!

САВОЛ: Жуда қисқа қилиб, аёлга ва уни камситганларга қандай баҳо берган бўлар эдингиз?(Зулфия).

ЖАВОБ: Аёл… бу калима қаршисида кишининг илҳоми жўш уради.

Аёлни ардоқлаган арши аълонинг зоти,

Аёлни камситганлар бу дунёнинг исноди!

яъни бизни шоири замон, ошиқи жаҳон, комили даврон, олими карвон, ҳазрати инсон, соҳиби эҳсон, марди мардон этган аёлдир, уни камситмоқ борлиқни камситмоқдир.

Аёл… кўзларида ёш тинмас экан,

Аёл… кўзларига нур инмас экан,

Эркакнинг эрлиги саволдир савол,

Аёлнинг бошига бахт қўнмас экан.

Яъни эркакларнинг зуғуми боис бозорда мардикор, уйида нонга зор, қўллари ўзига дор, беномус дунёда гоҳ беор, гоҳ ночор, ўтмиши зулмат, ғор, истиқбол йўли тор, дилида ўлмаган куни бор, эрини тутган ёр, ўғлини кутган зор аёл! Уни камситмоқ учун одамликдан чиқмоқ керак!

2004.

Садоқатга қаранг!

 

САВОЛ: АҚШ Давлат котиби бир мушукни қабул қилмоқчи эканлиги ҳақида эшитдим. Шу тўғрими? (Дилшод).

ЖАВОБ: Тўғри. Мушукка унинг номини беришган экан. Адаши билан кўришмоқчи. Бугун 2004 йилнинг 10 Август, жума куни Давлат котибининг “қабулида бўлиши”дан олдин бу “Бомбай” туридаги ҳайвон “Йилнинг мушуги” унвонини ҳам олган экан. Бу борада хабарлар ҳам чиқди.

Биласизми, Ғарб ва Шарқ ўртасида жуда кўп соҳаларда фарқ бўлганидек, ҳайвонлар масаласида ҳам жиддий фарқлар бор. Масалан, Америкада бир киши яқин дўстини бемалол “Ит” дейиши мумкин. Бу унинг яқинлигига, содиқлигига ишорат бўлади. Энди тасаввур қилинг, бизда бир киши бошқасини “Ит” деганини…

Собиқ президент Рейганнинг мотам маросимида унинг фарзандларидан бири отасини хотирлар экан, болалигида балиғи ўлиб қолганда, бунинг учун дадаси махсус кўмиш маросими ўтказганини, дуолар ўқиганини эслаганди.

Яқинда Демократик партиянинг қурултойида президентликка номзод Керрининг хислатлари ҳақида гапириб берган қизи, болалигида унинг сичқони нафас олмай қолганда, отаси CПР (юрак уриши, нафас олиши тўхтаган одамни кўкрагига босим бериш билан бирга, унинг бурнини бекитиб, оғзига оғизни қўйиб ҳаво юбориш тиббий усули, бу ҳақда мактабларда ўқитилади)ни қўллаган экан.

Бизда бундай ҳолни жирканиб, нафрат уйғотиш учун айтиш мумкин. Бу ерда ҳурмат уйғотиш учун айтилади.

Америкада ҳар йил Шукрон байрами куни курка(қал-қал товуқ)лар сўйилади. Шу куни президент Оқ уйда махсус маросим ўтказиб бу ерга олиб келинган битта қал-қал товуқни авф этади. Бу ерда президентлар доим ўз кучуклари билан юрганлари (бу кучуклар Оқ уйнинг энг азиз жонзоти ҳисобланади) мамлакат раҳбарларининг ҳайвонот дунёсига яқинликлари деб баҳоланади.

Улар кучукнинг юзидан ўпадилар, кучук ҳам уларнинг юзларини ялаб қўяди… Садоқатга қаранг. Кимларнидир эслатди-а, сизга?

2004.

Севгини дариғ тутманг!

САВОЛ: Сиз нима учун бунча Американи ҳимоя қилиб ёзасиз? Мен ҳам шу ерда яшайман, муслимаман, лекин Америка учун сиз каби адвокатлик қилмайман. Наҳотки сиз Американи тушуна олмасангиз? (Ирода).

ЖАВОБ: Малайзиядан бир ўзбек электрон хат ёзди: ” Менга маслаҳат берсангиз. Дунёда “9-11” дан ташқари яна қаерда инглиз тилини биладиган бир мусулмон учун эркин жой бор”. У “9-11” деганда АҚШни назарда тутган эди. Мен дарҳол жавоб йўлладим.” Ҳали ҳам “9-11” дан эркинроқ жойни топа олмайсиз”. Жавоб йўллаганимдан сўнг мусулмон ҳамкасбларимдан бирига шундай мактуб олганимни айтдим. У ҳам айнан мен каби жавоб қилди. Буни кўпчилик ичи-ичидан эътироф этади. Аммо негадир амалда сир сақлашади.

Бошқа давлатлардан келиб Америкада яшаётганларнинг кўпчилиги бу ерга қуйидаги мақсадлар билан келганлар׃

-ўзи ва оиласининг ҳаётини диктаторлар зулмидан, уруш гирдобидан, диний, этник таъқиблардан қутқариб қолиш;

-эркин дунё, роҳат фароғат дастурхон ва ўз меҳнатига яраша ҳақ олиш;

-ўқиш, илмли бўлиш, бойлик орттириш, замонанинг олдинги одами бўлиш учун.

Ҳар уч тоифа ҳам Америкага жойлашар, унинг фуқаролигини қабул қилар экан, энди бу замин унинг ҳам ватани эканлигини юракдан ҳис этади. Аммо мардлик қилиб буни очиқ айтадиганлар кам. Сабаби эса у таниганлар ва у билганларнинг океан нарёғида қолганлари АҚШни севмасликларида ёки эртага мени ҳам хоин, деб аташмасин, деб чўчиганларида.

Агар сизни Америка қониқтирмаса у ҳолда нега бу ердан кетмайсиз? Уни ичдан бузиш учун-ми? Унга зиён етказиш учун-ми? Агар сиз фаластинликни ҳақ деб билсангиз, у ҳолда нега Американи танладингиз, Фаластинни эмас? Бу зиддият. Бир томондан Америка сизни таҳликадан асраб қолди, уни ватан қилдингиз, иккинчи томондан ундан ҳазар қиласиз. Бу сизнинг бугунги кундаги энг катта фожеангиз. Бу билан нафақат ўзингизни, балки бошқа мусулмонларни ҳам ёмон отлиқ қилаяпсиз.

Тошкентда яшаб турган муҳожирлар тўпланиб, Ўзбекистондан ҳазар қилиб, митинг ўтказишини тасаввур қила олмайман. Ҳукумат у ёқда турсин, кўчада ўтиб қайтаётган ўзбеклар бу муҳожирларнинг таъзирини бериб қўйиши, “Уйинга йўқол!” дейиши турган гап. Барча мусулмон давлатларида ҳам шундай. Демак,  нега биз Америкага севгимизни яширишимиз керак?

Ахир мамлакатимизга хат ёзганда, телефон қилганда у ердагилар меҳнатига яраша ҳақ ололмаётгани, зулм остида эзилаётгани, уй-жой, бойлик орзу бўлиб қолаётганига ачиниб “Америкага келсанг-чи!” демаймизми? Лекин АҚШ учқичлари Афғонистон узра учганда “Бадбахтлар мусулмонларни ўлдиришмоқда”, дейдиган ҳам кўп. Ваҳоланки бадбахт аслида бинладенчилар ва уларнинг тарафдорлари. Уларнинг АҚШ га қарши нафратлари ислом дини билан боғлиқ эмас, йўқотган бойликлари билан боғлиқ. Улар аламзадаликларини яшириб ўз атрофларида одамларни бирлаштириш учун умматчилик ўйинини қилдилар. Агар бинладенчилар самимий бўлишганда “Бутун ҳар америкалик душманимиз ва уни кўрган жойингизда ўлдиринг” деб буюрмаган бўлишарди. Америкада бир неча миллион мусулмон борлигини нима, у билмайдими? Биларди ва сизу биздан яхши биларди. Бу ердаги мусулмонлар дунёдаги энг эркин мусулмонлар эканлиги ва энг тез кўпаётганини ҳам яхши биларди. У шунингдек, қонли ҳужумларидан кейин бу мусулмонларга осон бўлмаслигини ҳам яхши биларди. Шундай экан, бу ерда ислом дини ва бинладенчиларни ажратиб олиш керак.

2001 йилнинг 11-сентябр ҳужуми асли моҳияти билан Америкага қарши эмас, исломга, мусулмонларга қарши ҳужум бўлганди. Мақсадим бундай баттол ҳужумнинг муаллифлари ҳақида ёзиш эмас. Мақсадим Америкадаги мусулмон муҳожирлар ҳақида ёзишдир. Саудия Арабистони бўладими, Ливия бўладими, Сурия ва ёки Эрону Ироқ бўладими, асл келиб чиқишингиз қаердан бўлса ўша жойни севинг, бу сизга Америка тарафидан берилган эркинлик, лекин айни пайтда сиз келган, қучоқ очиб кутиб олган, қорнингизни тўқ, еганингизни бут қилган иккинчи ватанга ҳам севгингизни дариғ тутманг!

Ўзбекларнинг бир мақоли бор: “Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер”. Сиз бу ерда қирқ кун эмас, қирқ йилдан ва ундан кўпроқ муддатдан бери нон емоқдасиз ва бундан кейин ҳам ейсиз. Бу ерни сиз ватан деб қабул қила олмасангиз, фарзандларингизнинг, невараларингизнинг ватани бу. Шундай экан, ўзимиз туғилган, ота боболаримиз туғилган заминга меҳримиз бир чандон бўлса, бу заминга севгимиз ўн чандон бўлиши керак эмасми?

Бугун Америка ана шу севгимизга муҳтож ва биз уни кўрсатишимиз керак. Америкадан нафрат қилсак, демак ўзимиздан нафрат қилган бўламиз. Америкада яшаб, ундан нафрат қилган одам бир пайтлар ўзи ташлаб чиқиб келган мамлакатини ҳам сева олмайди. Унинг гаплари ёлғон. Ундай одамнинг самимиятига шубҳа қиламан.

Малайзиядаги ўзбекка яна бир бор такрорлайман: агар сиз эркин бир жой изласангиз ҳали ҳам Америкадан эркинроқ жой топа олмайсиз. Фақат келишингиздан олдин ўйлаб кўринг. Бу ерга келсангиз, нафрат билан эмас, балки севги билан келинг. Ўшанда бу мамлакатда ўз ўрнингизни топасиз ва унинг бугун ҳамда келажагида иштирок этасиз.

2004.

Спорт ва сиёсат

САВОЛ: Олимпиада ўйинлари ҳақида Америка ҳамда Ўзбекистон мисолида нима дейишингиз мумкин? (Расул).

ЖАВОБ: Ҳамма нарсага мантиқ кўзи билан қараганим учун спортнинг баъзи турларига унчалик қизиқишим йўқ. Спорт ҳам ҳаётнинг бир бўлаги, ҳаёт-маот  эмас.

Аммо Олимпиада ўйинларини кузатиб бораман. Жуда кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам спортни сиёсий мақсадларда фойдаланиш одат бўлиб бормоқда. Америкада эса спорт энг аввало спортчининг шахсий иши, унинг пул топиш манбаи. Шу боис ҳам халқаро ўйинлар олдидан америкалик спортчилар ватаним шарафини ҳимоя қилишга бормоқдаман, деб кўкракларига урмайдилар. Бундай гапларни кўпроқ аскарлар айтадилар. Спортчилар нима қилсам ҳам ютаман, бу менинг ҳаётим, бу менинг келажагим, бу менинг тақдирим, деб ўйлайдилар. Шу боис улар жўнаб кетар эканлар, президент ёки ҳукумат раҳбарлари нутқ сўзламайдилар, ютганларида  телеграммалар юбормайдилар, хат ёзмайдилар, орденлар бериш ҳақида фармон чиқармайдилар, уларнинг ишига аралашадиган Спорт комитети ҳам йўқ.

Баъзан баъзи сиёсатчилар спортдан ҳам фойдаланиб қолишга уриниб турадилар.

Лекин спорт эркин соҳа ва уни мустақил ташкилотлар бошқарадилар. Мактаблар, олий ўқув юртлари, ота-оналар бу масалага катта эътибор берадилар. Спортда ҳам саломатлик, ҳам даромадлик ёнма-ён.

Олимпиада ўйинларида Американинг энг кўп ютуқларни қўлга киритиши у ерга борган ҳар бир америкаликнинг ўзи бир эркин Америка эканидадир. Қачонки Олимпиадага борадиган ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳам ўзи бир эркин Ўзбекистон бўлганда балки олтин, кумуш, бронза медаллари Тошкентга томон “оқиши” мумкин.

Келажакда Ўзбекистондан ҳам дунё танийдиган кучли спортчилар чиқишига ишонаман.

2004.

Сўроқномлар

САВОЛ: Интернет сайтларидаги “сурвей”-сўровномалар  ҳақида нима дея оласиз (Зайнобиддин).

ЖАВОБ: Бу ҳам бир рангба-ранглик. Лекин сўровномаларга ишонмайман. Улар ҳақиқатни акс эттирмайдилар. Ҳатто демократик ва ривожланган давлатларда ҳам сўровномаларга жавоб берувчиар ўз манафаатларини назарда тутган ҳолда саволга бошқа жавоб бериб, амалда бошқа иш қилишлари мумкин.

Интернетда эса бу бир ғирром сиёсатга ўхшайди. Яъни бошқаларни ҳам, ўз-ўзини ҳам алдаш. Масалан, сўровномани эълон қилган веб саҳифаларга кириб кўринг ва бирортасида ўша саҳифа эгаларининг мақсадига қарши кўпроқ овоз берилганини кўрмайсиз. Аксинча “ўзларини” қўллаганлар кўп ва рақибларини қўллаганлар кам. Бунинг сабаби эса оддий. Улар ҳар куни ўз саҳифаларига кирганларида ўзлари учун овоз бериб қўяверадилар…

Сўровномалар икки хил бўлади. Бирида сиз фақат бир марта овоз бера оласиз ва сиз овоз берган компютердан бошқа сигнал қабул қилинмайди. Аммо бу чеклов веб саҳифани юритувчиларга тааллуқли эмас. Иккинчиси эса жуда содда ўқувчилар учун мўлжалланган ва истаган одам истагани қадар овоз бераверади.

Энди демократияга ўтаётган мамлакатларда сиёсий партиялар турли сўров ташкилотлари орқали халқни ўз орқаларидан эргаштиришга уринадилар. Масалан, сўров натижаларига кўра фалон партия кўп овоз олибди, менинг овозим нимани ҳам ҳал қилар эди, мен ҳам унга қўшиламан, деган фикр уйғотишни истайдилар. Баъзан бунга муваффақ бўладилар, аммо бора-бора одамлар сўровлар натижаларига ишонмайдилар. Бу эса мазкур иш билан шуғулланадиган ташкилотларни адолатли ишлашга чорлайди. Америкада шундай ташкилотларнинг ишига асосан сайлов натижаларига қараб баҳо беришади. Агар ўртада катта фарқ чиқиб қолса, бу ташкилотнинг келажаги битади.

Қисқа қилиб сўровномаларни сўроқ(“?”)номалар дея изоҳлаш мумкин.

2004.

Ёзиш қийин… ёзмаслик осон…

САВОЛ: Сизга ёзиш қийин… ёзмаслик осон… Нима учун овозингиз мунгли? (Низомиддин).

ЖАВОБ: Ёзиш қийин. Ёзмаслик осон бўлишига қарамай қийин йўлни танлаганингиз қувонарли ҳол. Баъзан жуда қисқа мактублар ҳам жуда катта маъноларни ташийдилар.

Овоз масаласида: халқимиз ўзининг энг оғир кунларини яшаётган бир пайтда сизга юзланиб, овозингиз мамнуният билан тўла,  деса балки ранжиган бўлардингиз.  бугун қувонадиган ҳолат оз. Балки кўролмаётгандирмиз. Бир кун келиб овоз мунгдан ажралса не бахт?! Ким ҳам мунгга боғланиб қолишни истайди? Ким ҳам қувонишни истамайди?

Оддий нарсалардан қувониб, оддий нарсалардан ранжиб юриш ҳақида гап бораётгани йўқ. Гап кишининг ўзлигига ранги инувчи  улкан дард ҳақида бормоқда.  Бу биз ҳам бир парчаси бўлган халқнинг дардидир. Уни кўра олиш, ҳис қила билиш, елкага юклаш, унинг азоблари қўйнида эзилиш не дариғки бизга “насиб” этган экан.

Ниятимиз соф: келажак авлод бу дарддан, бу азобдан фориғ бўлсин!

Ҳа, бизга ёзиш қийин… ёзмаслик осон… Лекин қийин йўлни танлаётганлар сони кўпайиб бормоқда.

Бу эса ёруғ кунларнинг, дарднинг чекинишининг ибтидосидир.

2004.

Қўрқув синмоқда

САВОЛ: Сиз Америкага келган жуда кўп ўзбеклар билан учрашиб тураман, деб ёзибсиз. Улар сиз билан учрашишга қўрқмайдиларми?(Гўзал).

ЖАВОБ: Камина ҳам кўплар қатори бир оддий одам, ҳар ҳолда қўрқинчли бўлмасам керак.

Бу масаланинг бир томони, иккинчи  томони шу-ки, халқимга, Ватанимга, инсониятга қарши бирор жиноят қилганим йўқ ва бирор жинояти учун қочиб юрган одам ҳам эмасман.

Бугунга қадар виждонимга қарши ва виждонимни қийнайдиган бирор номақбул ҳаракатга қўл урганим йўқ. Шукур Худойимга! Виждон буюрганини айтганим, халқ ва ватанга яхшилик келадиган йўлга томон одимлаганим учун кимларгадир ёқмадим. Бунинг учун ўксинмайман. Қувғин этишди, туҳмат қилишди, қора чапламоқчи бўлишди. Аммо вақт кўрсатди-ки, жиноят, қабиҳлик, адолатсизлик томонида эмас, балки адолат, ҳақиқат, ростгўйлик томонида турган ва шу йўлдан ҳеч қайтмасдан, иккиланмасдан ўз сўзини айтган одам ажрини шу ҳаётдалигдаёқ оларкан.

Ҳамма вақт одамларга жиноий йўлни эмас, қонуний йўлни тавсия этдим. Ҳамма вақт диктатурани эмас, демократияни ёқладим. Бундан кейин ҳам шундай бўлади ва буни билганларнинг баъзилари учрашишга қўрқадилар, баъзилари қўрқмайдилар. Бу уларнинг ваколатига оид. Шукрки, қўрқмайдиганлар кўпаймоқда.

Илгарилари “Учрашиб қолсак, кейин ҳукумат авлод-аждодимиз билан қуритиб юборади” деб мулоҳазага борганлар бўлган ва бугун ҳам балки бор бордир? Қўрққан ҳатто ўз соясидан ҳам қўрқади. Бир киши доим “Нега ундай қилмайсиз? Нега бундай қилмайсиз?” деб хат ёзади. Аммо ўзи бир нарса ёзиш у ёқда турсин, ҳатто исмини очиқ айтишдан қўрқади. Албатта, бундайлар билан учрашишга ҳам хохиш йўқ.

Биз билан учрашган ўзбекларнинг ҳаммасини терговга тортиш, қувғин қилиш билан шуғулланганда ҳукуматнинг бошқа ишга вақти қолмаган бўларди.

Қолаверса, кейинги пайтда Ўзбекистондан очиқ мактуб ёзаётганлар жуда кўпайиб кетгани ва Америкага келаётган ўзбеклар учрашишга интилишлари одамларда ички қўрқув синмаса ҳам синиш томон бораётганини кўрсатади.

Яқинда бир тележурналист йигит келди. Унинг қайтиб кетгандан кейин ёзган электрон хатидан бир парча келтирмоқчиман, бу кўп нарсани ойдинлаштиради:

“Ватанга яхши етиб келдим. Ҳаммаси жойида. Фақат қайтишим билан бу ердаги муҳитга яна қайта мослашишим жуда қийин бўлди. Чунки Ўзбекистонда айтарли ўзгариш бўлмаган, халқнинг аҳволи аввалгидан-да хароблашган, иқтисодий қийинчиликлар ҳамон давом этяпти. Келиб кўрдимки, одамлар мавжуд тузумдан ниҳоятда норози, сабр косалари тўлиб бораётир. Ҳозирда 2 та одам йиғилса, дарров сиёсатдан гап очилади ва очиқчасига ёзғиришаётганига гувоҳ бўляпман. Оддий қишлоқ одамидан тортиб, манаман деган олим-у зиёлиларгача—ҳамма-ҳамма мавжуд режимдан ниҳоятда норози ва буни яширмайдилар ҳам. Хуллас, вазият тобора издан чиқиб боряпти.

Майли, бу гаплар сиз учун янгилик эмас. Ватандан узоқда бўлсангиз-да буларни мендан яхшироқ биласиз. Сизни яқин келажакда Ватанда кўришни Худодан сўраймиз, барчамиз. Шу жабрдийда халқнинг аҳволини ўз кўзингиз билан кўриш насиб этсин, илойим.

Сиз билан учрашиб, уйингизда меҳмон бўлганим ҳақида дадамга айтдим. Аввалига қўрқиб кетдилар, кейин жудаям хурсанд бўлдилар. Жаҳонгир Маматовдай одам билан учрашибсан, зўр иш бўпти, фақат буни ҳеч кимга айтма, деб қаттиқ тайинладилар. Кейин сиз ҳақингизда гапириб кетдилар. Билдимки, ҳали сизни жуда яхши эсларкан, эслагандаям миннатдор бўлиб, ҳақиқатгўй одам эдилар, деб хотирлашакан.

Мен қаттиқ ишонаманки, вазият шундайлигича қолиб кетмайди. Ҳали ҳақиқий маънодаги дориломон кунлар албатта келади”.

Овмин! Шу муҳтарам, қобилиятли укамизнинг айтгани келсин! Аслида саволга жавоб ҳам шу укамизнинг хатида мужассам.

2004.

Орага манфаат кирса…

САВОЛ: Худога, динга ишонганини пеш қилиш ҳам сиёсат эмас-ми? (Назира).

ЖАВОБ: Аслида ҳамма нарсанинг сиёсий томонлари бўлади. Ҳатто нафас олиш ҳам сиёсат бўлиши мумкин. Агар унинг ортида қандайдир манфаат бекинган бўлса.

Худога ишониш масаласига келганда кимнинг қай даражада ишонишини Худонинг ўзи билади. Бу хусусда бандалари ҳакамлик қилиш ваколатига эга эмас. Шундай экан, “Мен бу қадар ишонаман, сен эса у қадар” дейиш ҳам Худонинг ваколатига шериклик қилиш, яъни шак келтириш демакдир. Аммо бу масалани сиёсий мақсадларда қўлланувчиларга бунинг фарқи йўқ. Улар ўзларини ҳаками мутлоқ деб ҳисоблайдилар ва ҳатто бир бегуноҳни ҳам динсиз деб ҳукм  чиқараверадилар.

Бир ривоят ёдимга тушди. Бандалардан бири ҳар куни ибодатларини вақтида қилар ва бошқа фарзларни ҳам қоидаси билан адо этар экан, аммо қўшниси бепарво, ўз иши билан банд. Ибодатгўй  ҳар куни қўшнисига дакки бериб, “Сен Худога ишонмайсан” дер ва бу гапини маҳалла кўйда ҳам такрорлаб “Мен ибодатимни вақтида қиламан, фалончи эса қилмайди” дер экан. Улар ўлганларидан кейин уламолардан бири, “Ҳар ҳолда ибодатгўй  жазосини олган бўлса керак?’ дебди. Унинг бу гапига ҳайрон бўлишибди. Шунда фозил киши:  “У Худога ишонишини сиёсатга айлантирган эди-да. Агар вақтида ибодат қилса, бу, жумладан, Худодан ўзининг гуноҳларини авф этишни сўраш, у дунёдан яхшироқ жой олиш учун интилишдир, яъни мутлоқ ўзи билан боғлиқ вазият. Бу ҳар кимнинг ҳаққи. Аммо буни пеш қилиб, қўшнисини айблагани билан гуноҳга ботди” деган экан.

Бу бир ривоят. Лекин бир киши Худога ишонганини, динга ишонганини пеш қилиб, амалда одамларга ёмонлик раво кўрса, иғво бўҳтонларга замин яратса, яхшиликнинг кўчасидан ўтмаса, фақат ўзини ўйласа ва бошқаларни Худога ишонмайдиган деб билса, у одамнинг сиёсий, оний манфаатлари бордир. Яхшилаб ўрганиб чиқсангиз у ўтмишда Худога қарши чиққан бўлиши ва келажакда яна шу йўлига қайтиши ёки акси ҳам бўлиши мумкин. Чунки манфаат одамни турли куйларга солади. Орага манфаат кирганда самимийлик йўқолади.

Хуллас, назаримда Худога, динга ишонганини пеш қилавериш каттагина сиёсатдир.

2004.

Овози ёқимли

САВОЛ:Яқинда санъаткор Юлдуз Усмонова Америкага бориб келди. Шу ҳақда сўрамоқчи эдим… (Абдурасул).

ЖАВОБ: Юлдуз Усмонова келиб кетгани ҳақида эшитгандим. Унинг “Ўзбекистон демократияси дунёдаги энг ибратли демократия экани” ҳақидаги интервьюси борасида ҳам эшитгандим. Америкада яшайдиган бухоролик яҳудийлар жамоаси тез-тез Ўзбекистондан санъаткорларни олиб келиб турадилар. Бу уларнинг анъанасига айланган.

Концертида Юлдуз Усмонова ватандан чиқиб кетганларни “хоинлар”, “ватанфурушлар”, “тупроқгадолар” деб атаган қўшиғини ҳам ижро этдими, йўқми, билмайман.

У бир “сапчиб” маддоҳлар сирасига кирганда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони олмаганига ажаблангандим. Чунки маддоҳлик борасидаги хизматлари олдинги “қаҳрамон”лардан ошса ошди-ки, кам эмас.

Унинг бир пайтлар “Шоҳни ҳам гадони ҳам бир йўлда кўр, бир йўлда” деган қўшиғи бўларди. Бу қўшиғи билан ҳаммани ақлга чақириб, ўзига қолганда бошқа йўлни танлади.

Халқ санъаткорлар, адиблар, зиёлиларга жуда ишонади. Буни билган золим режимлар халқни алдашда уларни қўлланадилар. Шу боис бир миллатнинг бошига оғир кунлар тушган бўлса, бу офатнинг аравасини тортиб келганлар бегона эмас, шу миллатнинг “гуллари”, “юлдузлари” эканлигини ҳам билиш керак.

Аммо Юлдуз бугун замин, эртага осмон, бугун сув, эртага олов. Қолаверса, овози ёқимли. Ҳамма ҳам ёқимли нарсадан юз  ўгиравермайди. 2004.

Кимнинг кимлигини биладилар

САВОЛ: Америкага бораётган ўзбекларни танисангиз ҳам танимасангиз ҳам учрашаверсангиз, улардан баъзилари МХХ одами бўлса нима қиласиз? (Аҳмад).

ЖАВОБ: Аввало танисам ҳам танимасам ҳам учрашавераман, демагандим.

Қолаверса МХХ да ишлайдиганларни кўп ҳам ахмоқ деб ўйлаш керак эмас. Улар кимни қўлга олиш, кимни олиш мумкин эмаслигини яхши билсалар керак. Бу биринчидан.

Иккинчидан эса, агар ҳар қандай одамлари келган тақдирда ҳам у қарашларимни суяб турган кучли ва мантиқли далилларимдан кейин  диктатурага қарши курашчи  бўлиб қолишидан, демократияга ён босишидан чўчийдилар.

Учинчидан,  яширадиган бир нарсам йўқ. Айтадиган гапимнинг ҳаммасини очиқ айтмоқдаман ва сиз каби улар ҳам бемалол ўқиш имконига эгадирлар.

Тўртинчидан, бундай усулларни  Америка дарҳол пайқаб қолишини ҳам биладилар. Демакки, уларнинг манфаатига зид.

Шундай экан, ортиқча бош оғриғи нима учун керак, уларга?!

2004.

Келажакнинг байрами

САВОЛ: Мустақиллик байрамини қандай нишонладингиз? (Манзура).

ЖАВОБ: Мустақиллик байрамини 20 июнда нишонлаган эдим. Чунки 1990 йилнинг шу куни Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан Мустақиллик декларацияси эълон қилинган ва катта байрам бўлган. Мен бу ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлганим учун ҳам бу куннинг аҳамиятини яхши англайман.

Аммо орадан бир йил ўтиб, бу масалани Ислом Каримов кўтариб чиққанда  ҳатто битта депутат ҳам қарсак чалмади. Шунда у “Нега қарсак чалмаяпсизлар?” деб сўраган ҳам эди.

Мустақиллик илк эълон қилинганда Совет тузуми ҳали оёқда ва бу одим жасорат, кураш, қулликка қарши исён рамзи эди. Шу боис ҳамма қувонганди, байрам қилганди.

Аммо иккинчи бор эълон қилинганда, Совет тузуми йиқилиб бўлган ва бу одим қўлга киритилган Мустақилликни бир шахснинг маҳрига боғлаш эди, шу боис ҳам ҳеч ким қувонмаганди.

Ишонаманки, келажак бу байрам масаласида ўз қарорини барибир чиқаради.

2004.

Сталинчилар

САВОЛ: Россиядаги мактабда юзлаб болалар ўлдирилгани фожеасига қандай муносабат билдирасиз?(Орифжон).

ЖАВОБ: Бир сўз билан айтганда “Даҳшат!” бу!

…Яқинда АҚШнинг Эй-би-си телевидениеси “Жюри хонасида” деган бир туркум кўрсатувлар бошлатди. Мавзу суддаги воқеалар ва ҳукм чиқаришда халқ маслаҳатчилари(жюри аъзолари)нинг ўрни ҳақида.

Кўрсатувлардан биридаги воқеа шундай: ўрта ёшли аёл машинасида зиёфатга боради, ичкилик ичади, маст бўлади ва қайтаётганда қаршисидан келаётган мотоциклни уриб юборади. Мотоциклда бўлган ота тирик қолиб, 17 ёшли ўғли ҳалок бўлади. Ота ёлғиз, бу дунёда суянган тоғи фақат шу ўғли экан. Халқ маслаҳатчилари машина ҳайдаган аёлни айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосини талаб қилдилар. Судга келган ёлғиз ота охирида сўз олиб, лаблари титраб, кўзида ёш ҳалқаланиб, “Аёлнинг гуноҳини мен кечирдим, сизлар ҳам кечиринглар”, деб ёлворди.

Ундан “Шу пайтга қадар ўлим жазоси берилишини талаб қилаётган эдинг, нега энди  гуноҳидан ўтишни истаяпсан?” деб сўрашганида, у “Аёлнинг ёшгина қизчаси бор экан, унинг кўз ёшларига чидай олмадим, яна бир бола хароб бўлишини истамадим”-деди. Бу иродали, соғлом инсон руҳиятининг инъикоси.

Путин Чеченистонда зулм машинасини юргизмоқда…

Чечен болалари, оналари ўлмоқдалар…

Чечен халқи қирилиб кетмоқда. Бунга қараб туриб бўлмайди. Буни бутун дунё қоралаб келмоқда.

Лекин бунинг учун бегуноҳ гўдакларни асир олиш, уч кун сувсиз-овқатсиз сақлаш, уларга қарши ўқ отиш… буни тушуна олмайман ва қабул ҳам қила олмайман. Буни қабул қиладиган инсоннинг руҳиятида қандайдир нуқс бор. Франциядаги ҳижоб масаласининг илк бор мактабга бориш қувончини яшаётган болага нима алоқаси бор?! Арабларнинг Чечен келажагига нима дахли бор? Қамоққа олинган чеченларнинг энди алифбони ўрганишга бошлаган гўдакка қандай тааллуқли ери бор?

Болаларни гаровга олиш билан Чеченистонни мустақил қилиш  йўлидаги ғовни янада кучлантиришга хизмат қилинажагини тушуниш учун у қадар ақлли бўлиш ҳам талаб қилинмайди. Бундай ҳаракатлар фақат нафрат олиб келади, зулмни кучайтиради, яна қон тўкилиши учун замин яратади.

Болалар, гўдакларни ўлдириб, уларнинг қони билан бўялган мустақилликнинг кимга кераги бор?

Бу саволим “Мустақиллик аввал, жон кейин!” дейдиганларга ёқмайди. Аммо  шундай шиор билан чиққанларнинг кўпини кўрдим, улар мустақил бўлган ўлкаларини ташлаб кетдилар ёки ташлаб кетмоқ мажбуриятида қолдилар. Нима учун? Жонларини сақлаш учун. Қанча-қанча мамлакатларда ҳам одамлар мустақил ўлкаларини ташлаб қочмоқдалар, жонларини сақлаш учун  Демакки, инсон жони, инсон ҳаёти олдинда турар экан…

Бир латифа ёдимга тушди.

Сталин “Ватан учун олға!”- деган экан, ҳамма ўзини ўтга отибди. Бир киши окопда қолибди.

-Сен нега Ватан учун майдонга чиқмадинг?-деб сўрабди ундан ярадор аскар.

-Мен  ҳам ўлсам, Ватан кимга қолади?-деб жавоб қилибди у.

-Кимга? Сталинга!- деб жон берган экан ярадор аскар.

“Сталин”лар эмин-эркин, фаровон яшаши учун бегуноҳ болаларни гаровга олиш ва ўлдиришнинг номи мустақиллик  йўлидаги кураш бўладиган бўлса, сизни билмадиму лекин бундай курашни қоралайман!

“Мустақилик учун курашнинг қонсиз йўли ҳам бор!… Агар Сизга инсон умрининг аҳамияти бўлса, менинг йўлимни танлашингиз керак!”- деганди Ганди.

Табиийки Путин кабиларнинг ҳам айби катта. Путинлар ҳам сталинларнинг бир тури. Акс тақдирда шунча болани қутқаришнинг йўлини топган бўлардилар. Уларга ҳам инсон умрининг аҳамияти қолмаган! Террорчилар эса уларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар, зулмнинг тегирмон тоши юриб туришига хизмат қилиб бермоқдалар…

2004.

Сайт ҳақида

САВОЛ: Сайтингизни юритиш учун Американинг қайси ташкилотидан грант оласиз? (Дилдора).

ЖАВОБ: Саҳифамни шахсан меҳнат қилиб топган пулим эвазига юритаман. Баъзилар каби турли баҳоналар қилиб, грант олиб ҳам юритиш мумкин. Лекин бу  муттаҳамчилик бўлади.  Агар жамоатчилик саҳифаси бўлганда ҳам бошқа гап эди. Бу шахсий саҳифам бўлгани учун унинг масрафлари ҳам ўз бўйнимда бўлиши керак  Агар яхшиликка хизмат қилса, ҳақиқатни топишда кимгадир, қандайдир фойдаси тегса  демак шунинг савоби етади.

Дарвоқе, ҳеч қандай пул сарфламасдан бошқалар яратган майдонларда ҳам веб саҳифа очиш мумкин. Аммо унда уларга қарам бўлиб қоласиз. Масалан, рекламаларини суқадилар. Рекламалари қарашларингизга зид бўлса ҳам ҳеч нарса қила олмайсиз. Истаган пайтда сизга тазйиқ ўтказишлари ҳам мумкин ёки сизнинг номингизни қўлланиб улар грант олиб юрадилар ва ҳоказо.Қарам бўлиб юрмаслик эса ҳар доим ҳам мушкул. Лекин барибир эркин бўлишнинг гашти бошқача.

Грант ҳисобига юритиладиган ўзбек тилидаги веб саҳифалар кўп. Аммо улар пул талаши чиқиб қолади, деб бу ҳақда гап очмайдилар. Яъни бошқаларни ишлатиб, грантни эса ўзларининг мулкларига айлантириб олганлари очилиб қолишидан қўрқадилар. Лекин барибир бир куни ҳаммаси аён бўлади, худди Ленинга революция қилиши учун пул берганларнинг рўйхати тарих китобларидан ўрин олгани каби.

2004.

Ёмондан яхшига

САВОЛ: Биринчи ёзган мақолангиз ёки шеърингизни эслай оласизми, у нима ҳақда бўлган? (Зулфия).

ЖАВОБ: Айнан фалон мақолам биринчиси эди ёки мана бу шеърим илк ёзилганди, деб айтишим қийин. Чунки илк бор мақола ёзганимда жуда ёш эдим. Аслида у мақола ҳам бўлмаган. Ўқитувчимиз қайси бир мавзуда эркин иш ёздирган ва меники синфда энг яхши деб топилганди. Ўшанда ҳали мактабнинг ўрта синфида ўқир эдим ва ёзган нарсамни қайтадан қоғозга тушириб почтачи Ҳаким аканинг ёрдами билан Самарқанд туманининг “Шарқ тонги” газетасига юборганман.

Газетанинг тўртинчи саҳифасида 3-4 қаторли бир нарса чиққан ва унга 44 тийин қалам ҳақи ҳам келган. Шундан кейин мактабни тугатгунга қадар бу ва вилоят, республика газеталарида беш юздан зиёд “ёзганларим” чиққан.

Ўша кезлари Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетига кирувчилардан матбуотда чиққан мақолаларини тўплаб, альбом шаклида қабул комиссиясига олиб келиш қоидаси бор эди. Биз ўқишга кирган йили кейинчалик бизга дарс берган домламиз Мухтор Худойқулов қабул комиссиясида экан ва тўплаб келган мақолалар, шеърлар, кичик ҳикояларимни кўриб бирга келган раҳматли онамга “Ўғлингиз ўқимаса ҳам бўларкан, аллақачон ёзиш планини тўлдириб қўйибди” деганди.

Мактабдаги “журналист”лигимдан бир воқеа ёдимга тушди. Расулов деган ўқитувчимиз бор эди ва ҳамма ундан қўрқарди. Болалар нос, папирос чекишса, ланка ўйнашса, қўнғироқ чалинганига қарамасдан дарсга киришмаса у ҳеч нарса демасдан қўлнинг қўлтиққа яқин жойидан шундай чимчилар эди-ки, қутилиб қочиш мумкин бўлмай, кўзнинг киприги юлдузчаларга айланиб кетарди. Қўлнинг ўша жойи икки-уч ҳафтага қадар қоп-қора бўлиб турарди. Ҳамма бола, жумладан мен ҳам Расуловдан нафрат қилардим.

Ёзганларимни “Шарқ тонги” газетасининг Маданият бўлим мудири Абдусалом Муҳаммадалиевга олиб борардим. Бир боришимда Қишлоқ хўжалик бўлимида ишлайдиган журналист Эргаш Султонов мактабимизнинг маккажўхори етиштирадиган бригадаси ҳақида  мақола ёзишни сўради.

Дарсдан кейин далага бордим. Дала Тошкент-Термез шоҳ йўлининг яқинида эди. Борсам,  бир оёқяланг, семиз киши бошини рўмолча билан боғлаб олиб, маккажўхоризорга сув қуяётган экан. Танидим,  Расулов эди. Ёнига боргим келмади. Аммо у кўриб қолиб, чақирди ва нимага келганимни сўради. Қўрқиб, қалтираб мақсадимни айтдим. У қўлбола супага таклиф қилди, у ерда ўнга яқин битирувчилар дарс қилиб ўтиришганди.

Расулов  бир пиёла чой узатиб, эринмасдан кўп нарсани гапириб, тушунтириб берди. Болалар кўзларининг тагидан менга қараб қўйишарди. Улар дарсдан кейин ишлаб, мактабнинг янги биноси учун пул тўплаётган эканлар. Расулов уларга битириш имтиҳонларига тайёргарлик қилиш учун имкон яратиб, уларнинг ўрнига ўзи ишлаётган экан.

Қўлимдаги 12 варақлик дафтарим тўлиб кетди. Биз гаплашиб ўтирганда даланинг бир қисмини сув босибди. Қўрқиб кетдим. Расулов яқинлашар экан, ҳозир қўлимдан чимчиб олади, деб ўйладим, у эса бошимни силаб:

-Қўрқма, биз маккани силос учун етиштираяпмиз, сувлик бўлади,- деб жилмайди.

Унга бўлган нафратим, ҳурмат томонга оға бошлади. Ҳозирга қадар бировдан нафрат қилсам шу воқеа эсимга тушади ва балки ўша одамнинг ҳали мен билмаган яхши томонлари бўлса-чи, деб ўйлаб қоламан.

2004.

Тўйи мавзу эмас, азаси мавзу

САВОЛ: Кейинги йилларда юз бераётган даҳшатли воқеалар дунёнинг охири келганидан белги эмас-ми? (Рустам).

ЖАВОБ: Oптимистман. Менимча “Дунёнинг охири келмоқда”, дейиш бу келажакдан умидни узишдир. Лекин Дунёнинг охири келиб-келмагани бизнинг қўлимизда эмаслигини ва бизнинг қарашларимизга боғлиқ бўлмаганини ҳисобга олсак, яна Яратганнинг ўзи билади.

Кейинги йилларда юз берган даҳшатли фожеалар, офатлар, ҳалокатлар Дунё пайдо бўлганидан бери у бошидан кечирганлари олдида ҳеч нарсадек гап. Қора денгиз остида қолган мамлакатдан бошлаб, Орол тагида кўмилган шаҳарга қадар қанчадан-қанча офатларда миллионлаб одамлар йўқолиб кетганлар. Зилзилалар, кўчкилар ва ниҳоят тинимсиз урушлар…

Фақат бугун дунёнинг бир бурчагида сув икки кишини оқизиб кетса ҳам дарҳол хабарини эшитамиз.

Хабарнинг асоси воқеа бўлгани учун ҳар куни, ҳар соатда бир фожеа ҳақида эшитиб, ўқиб бормоқдамиз. Бунинг устига воқеанинг ипидан игнасигача телевидениедан кўриш имкони ҳам мавжуд. Бунинг инсон руҳиятига таъсири катта. Дунё улкан ва тўйи билан азаси ёнма-ён. Тўйи мавзу эмас, азаси мавзу. Шу боис баъзиларга Дунёнинг охири келгандек туюлади.

Тарих китобларини варақласангиз, бугунгилардан ҳам даҳшатли воқеалар ҳақида ўқийсиз. Шундай миллионлаб мисоллардан фақат биттаси ҳақида Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар  Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китоби(“Фан” нашриёти,Тошкент,1996, 44 бет)да ўқишингиз мумкин. Муаллиф арабл босқинчилиги ҳақида тўхталар экан, жумладан шундай мисол келтиради:

“Қутайба Хунбунга етиб келганда, унга “Ҳисорнинг кишилари қўзғолон қилиб, амирни ўлдирди”, деган хабарни етказадилар. Қутайба лашкарига “Боринглар, Байканни талон-тарож қилинглар, уларнинг қонларини (тўкишни) ва молларини (олишни) ҳалол қилдим” деб буйруқ берди. (Қўзғолон) сабаби шу эди: байкандлик бир кишининг соҳибжамол икки қизи бор эди. Варқо ибн Наср иккаласини ҳам ўзига олди, шунда у киши, “Байканд катта шаҳар, нима учун сен бутун шаҳардан фақат менинг икки қизимни танлаб оласан?”-деди. Варқо жавоб бермади, у киши сакраб туриб Варқонинг киндигига пичоқ урди, лекин бундан бир иш чиқмади- Варқо ўлмай қолди. Бу хабар Қутайбага етгач, у қайтиб Байкандга келди ва у ерда кимки урушга яроқли бўлса, ҳаммасини олдирди ва қолганларини асир қилиб олди, шундай қилиб, Байкандда ҳеч ким қолмади ва Байканд хароб бўлди…”

Хуллас, Дунё бизга қадар ҳам бор эди ва биздан кейин ҳам бўлади, табиийки фожеалари билан.

2004.

Ишонч йўқолган

САВОЛ: “Ҳаракат” журналидаги ”Мухолифат нима қилиши керак, нима  қилмоқда?” [3-(48)-2004]  деган мақолада: “Америка овози” радиосининг Вашингтондаги марказий офисида ишлайдиган ўзбек журналистлари эса Ўзбекистондаги мухбирларига “Мухолифатга яқин бўлсанг ишдан ҳайдаймиз” деб таҳдид қилиб туришдан ҳам чўчишмаган” дейилади. Шу гапга нима дейсиз? Радио ёпилиб кетганига қарамай бунга жавоб беришингиз мумкинми? (Аброрхон).

ЖАВОБ:  Бу саволни радио ёпилмасдан олдин берганингизда ҳам жавоб бериш мумкин эди. Иддаода қисман жон бор. Гап шундаки, радио кимларнингдир шахсий манфаатлари йўлида қурол бўлиб қолмасин, дея барча хизматларда ишлайдиганларнинг мустақил бўлиши шарт қилиб қўйилган. Бу Ўзбек хизматига ҳам тааллуқли эди ва буни тўғри деб биламан.

Радиога шга ўтаётганимда исмим “Ҳаракат” журнали таҳририяти аъзолари рўйхатида бўлгани учун “дўст”ларимиздан бири мени “Бирлик” аъзоси (ҳеч қачон “Бирлик”ка аъзо бўлган эмасман-ЖМ), мухолифатга мансуб, деб шикоят қилган ва бу таҳририят аъзолигидан чиқиш ҳақида расман баёнот эълон қилиш мажбуриятида қолган эдим.

Ўзбекистонда туриб “Америка овози” радиоси учун ишлаган ҳамкорлардан ҳам доим мустақил бўлиш, барча гуруҳларга бирдек қараш, ҳукумат томонида эмас, ҳақиқат томонида бўлиш талаб қилинган ва бу журналистика учун нормал ҳолдир. Шунга қарамай улар доим мухолиф гуруҳлар томонида эдилар. Уларнинг Ўзбекистон ҳукумати томонида бўлганлари ёки ҳукуматнинг қарашларини ёритган  бирорта ҳам лавҳаларини эслай олмайман.

Маълумки, Ўзбекистонда мухолифат расман йўқ. Лекин ўзини мухолифат деб юрган гуруҳлар бор. “Америка овози” каби бошқа радиолар ҳам бу гуруҳларни  ҳеч қачон четлаб қўймаяптилар. Агар битта-иккита “даҳо”дан интервью олинмай қолинган бўлса, бу қайси бир гуруҳни четлаш маъносига келмайди.

“Ҳаракат”даги мақолада хорижий радиоларга таъсир қилиб турилмаса, Ўзбекистондагидан фарқи қолмас эди, деган жуда катта иддао ҳам ўртага отилган. Бу журналистика нималигини билмайдиган одамнинг гапи.

Хўш, “Ҳаракат” мустақил ахборот агентлиги деган ном остида берилаётган хабарларни бир таҳлил қилиб кўринг. Ярмидан кўпи Ўзбекистон матбуотидан олинган ёки унинг руҳида. Бунинг учун уни тайёрлаганларни айбламайман. Қозонда бори чўмичга чиқади. Жамият барибир ҳамма жойда ўз инъикосини кўрсатади. Шу боис юқоридаги баландпарвоз иддао ўрнига хорижий радиолардаги баъзи ходимлар турли мухолиф гуруҳларга ён босадилар, тарафкашлик қиладилар, деб танқид қилинганда анча тўғри бўлган бўлар эди.

Хуллас, бизда ҳали ўз манфаатидан қарашларини, ишончини, ҳақиқатни устун қўядиган журналистлар, журналистликка даъвогар “мухолиф”лар бармоқ билан санарли. Лекин уларни ҳам айбловчилар кўп. Чунки манфаатдан ҳам устун нарсалар борлигига кўпчилик ишонмай қўйган.

2004.

Зукко одамлар шов-шув қилишмайди

САВОЛ: “Шоҳимардон кимники?” деган ва бузғунчиликка олиб борадиган  баёнотларни  сиёсатшунос сифатида қандай баҳолайсиз?(Зафар).

ЖАВОБ: Бирор киши ёки гуруҳнинг бузғунчилигини баҳолаш менинг ишим эмас. Лекин дунёда юз бераётган воқеаларга нисбатан оддий бир инсон сифатида ўз фикримни билдириб келмоқдаман ва бундан кейин шундай бўлса керак, деб ўйлайман.

Биласизми, 1988-1989 йилларда ҳам  баъзи одамлар ва гуруҳлар ана шундай тортишувлар чиқарган эдилар. Самарқанд, Бухоро, Ўш  кимники дегандек… Бу эса қонли воқеаларга олиб келган эди. Кейин маълум бўлишича, бу ишларнинг ортида машъум СССРнинг КГБ деган ташкилоти турган экан.

Ўзимизнинг қўлбола “содда”лар КГБнинг мусиқасига ўйнаб беришган. Ўша мудҳиш кунларнинг оқибати шунга олиб келдики, туркнинг боласи, қон-қардош бўлган қирғизлар ва ўзбеклар орасига раҳна солинди.

Менимча, яна қандайдир планлар бор ва бунда манфаатпараст гуруҳлар усталик билан қўлланилмоқда. Акс тақдирда СССРнинг бутунлиги учун қайғуриб, оёқяланг югурганларга қолардими бу иш?

Турли интернет саҳифаларида ўзбекни қирғизга, қирғизни ўзбекка қарши қайраётган бу одамлар турк миллатининг қони билан ўйнашни бас қилишлари керак. Бутун бир мамлакат Россиянинг қўл остига ўтиб кетиши хавфи бўла туриб, бу кучлар одамларнинг диққатини бошқа томонга буриб, ака ва уканинг бир-бирига қайраш билан овора бўлаётганлари ҳам 1988-1989 йиллардаги провокация қайтиб келмоқдами деган саволни яратади.

Нима бўлганда ҳам бундай ўйиндан эҳтиёт бўлиш керак ва бир муаммо чиққан тақдирда ҳам икки томоннинг зукко одамлари шов-шув қилмасдан диалог йўли билан масалани ҳал этишлари даркор. Бу эса СССРни тиклаш иштиёқида бўлган путинларнинг айғоқчиларига яхшигина  тарсаки бўлади.

2004.

Аҳмад Исмоилов

 САВОЛ: Аҳмад Исмоилов деган журналистни эслагансиз. Унинг номини олдин эшитмаган эканман, қўшимча маълумот беришингиз мумкин-ми?

ЖАВОБ: Албатта! Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар қатори камина ҳам кўзимда ёш билан уни мангу йўлга кузатиб қолганман.

1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди?

Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган яшаётган уйимнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У эртасига туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди. Борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳийла семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:

-Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди.

Шошиб қолдим. Бунинг устига Расул ака:

-Бу киши Аҳмад Исмоилов бўладилар, эшитган бўлсанг керак,-деди.

Аҳмад Исмоилов номини кўп эшитганим, ҳар куни “Тошкент ҳақиқати” газетасининг тўртинчи саҳифасида унинг номига кўзим тушиб тургани учун довдираб қолдим.

-Қани айт-чи, журналист дегани ўзи ким?-деди Аҳмад ака.

Ўқишга кирган йилим биринчи дарсда домламиз Мухтор Худойқулов шу мавзуга яқин эркин иш ёздирган эди ва “Журналист-давлат арбоби”  деб ёзганим ёдимга тушдию шундай дедим.

Аҳмад ака бироз ўйлаб турди-да, кейин Расул акага қараб:

-Кўрдингиз-ми, ёшларнинг фикри хазина бўлади,-деди ва менга юзланиб:

-Бориб Эътибор опангга айт, сени ишга олдим, иш соатларингни ўқишингга мослаб, режалаб қўйсин,- деди.

Эътибор опа газетанинг Корректура бўлимида раҳбар экан. Шу билан “Тошкент ҳақиқати”да ишлай бошладим. Бу масканда Соат Мусаев, Назармат, Эргаш Муҳаммедов каби жуда кўплаб журналистлар, адиблар ҳам худди Аҳмад ака каби қучоқ очиб, иш ўргатишган.

Аҳмад ака чапақай ва бир қарашда мақоланинг қандайлигини билиб оладиган маҳоратга эга эди. У чап қўллаб, қизил қалам билан қўйган сарлавҳалар ҳаммани ҳайратга соларди.

Бир куни чақириб:

-Ёшлардан бирортаси билан корректурада ўтириб тур, бироздан кейин Шароф ака келадилар, у киши ўзлари гап қўшмагунча гапирма,-деди.

Биз ишлаётган бино янги бўлиб, Шароф Рашидов зиёратга келаётган экан. Корректурада гранкаларни ўқиб ўтиравердик. Йўлакка яқин бўлгани учун Рашидов ва ҳамроҳлари бизнинг хонага киришди. Бош кўтармасдан ишимизни қилавердик.

-Ассалому алайкум,-дея Рашидов келиб бизлар билан кўришди ва бино ҳақида сўради.

Рашидовни кузатиб қўйишгач, Зариф ака деган ҳазилкаш журналист бизнинг қўлимиздан ўпди ва:

-Қани ҳамма бу олтин қўллардан ўпсин!,-дея ҳазил қилди.

Орқадан Аҳмад ака келиб қолди ва:

-Давлат арбоблари ҳам шунақа ҳазил қилади-ми?-деди.

Унинг киноясини тушунмадим. Кечга томончақириб:

-Табриклайман, мана бунга қара!-деди.

Биринчи саҳифанинг хомакисида “ЖУРНАЛИСТ-ДАВЛАТ АРБОБИ” деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилганди.

Кейин билсам, ўшанда Расул Раҳмонов билан Аҳмад ака Шароф Рашидовнинг нутқи ҳақида гаплашаётган ва гапим уларга маъқул бўлгач, нутққа қўшишган экан. Рашидов журналистлар даргоҳини зиёрати баробарида мажлисда бу нутқни ирод қилгач, ҳамма газеталарда шу гап сарлавҳага айланиб кетди. Аҳмад ака доим шу ҳақда гапириб юрди.

Унинг бир одати бор эди. Ёшларга катта пул бериб, кичик бир нарса олиб келишни буюрарди ва қайтимини олмас, “Эртага бошқа нарса буюрман” дерди. Эртасига эса бошқа пул берарди. У ёшларнинг ғурурига тегмайин, деб шу йўл билан уларни дастакларди.Умуман у ёшларни жуда қўллайдиган одам эди.

Айтишларича, Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир бўлганда, Аҳмад ака маъсул котиб экан. Ўшанда Рашидов у кишига “Пулнинг қадрига етмайдиган одамсиз” деганини эшитганлар бор экан.

Лекин ҳаммада ҳам ана шундай хислат бўлавермас экан,  у пулнинг қадрига етмаса ҳам одамларнинг қадрига етадиган журналист, давлат арбоби эди.

“Тошкент ҳақиқати” газетаси Аҳмад Исмоилов бош муҳаррир бўлган йиллари Ўзбекистондаги энг ўқимишли, энг саводли нашр эди. Буни барча журналистлар чин дилдан эътироф этишарди.

2004.

Нозик масала

САВОЛ: Мен чет элда яшаб юрган диндорман,  ватанга қайтиб борсам, диндорлигим учун қамалиб кетаман-ми деб қўрқаман. Бошпана сўрасам, беришлари мумкин-ми ёки чиқариб юборадилар-ми билмайман? Америкада бўлмаса, Авропада, масалан Англияда бошпана олишим мумкин-ми? Маслаҳат берсангиз? (Фарғоний).

ЖАВОБ: Бошқа бир мамлакатдан бошпана сўраш бу шунчалик шахсий масалаки, ҳатто уйлангандагидан ҳам нозикроқдир. Чунки ҳар кимнинг муаммоси ҳар турли ва сизга бошпана беради, унга эса бермайди, деб айтиш мумкин эмас. Зеро демократик давлатда суднинг қарорини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди.

Айниқса, 2001 йил воқеаларидан кейин бу масала жуда жиддийлашган. Масалан, “Вашингтон пост” газетасининг ёзишича, Америкада 2003 йилда бошпана бериш йигирма фойизга камайган. Мурожаат қилганларнинг сони эса кўпайган. Демак, рад жавоби олаётганлар кўп. Аммо Америкадаги судларда турли сабаблар билан ютиб чиқаётганлар ҳам анчагина. Ҳатто “Мен Усмон Ҳақназаров номи билан Интернетда мақолалар ёзганман, Каримовнинг қизи ҳақида ёзганман, энди қайтиб боролмайман” деб сиёсий бошпана олган одамлар ҳақида ҳам эшитдик.

Америкада кимларга бошпана берилиши мумкинлиги ҳақида жуда кўп расмий Интернет саҳифалари мавжуд. Бу ерда виза муддати ўтиб кетган ва қонунсиз яшаётганлар иши судга топширилади  ва суд “чиқариб юборилсин” деб қарор берса, шундан кейин бу амалга оширилади.

Авропада, хусусан, Англияда қонунлар талаби қандайлигини билмайман. Лекин бу мамлакатларнинг қонуний шартлари ҳақида ҳам Интернетдаги расмий веб саҳифаларидан маълумот топиш қийин эмас. Шунингдек, бу соҳа билан бевосита шуғулланадиган адвокатларгина “иш”нинг бўлиб-бўлмаслигини тахмин қилишлари мумкин.

Умуман эса, агар бир кишининг адолатга йўли бекитилган, қувғинлар ва таъқиблар туфайли унинг ҳаёти ҳақиқатдан ҳам таҳлика остида қолган бўлса, унга бошпана бериш демократик давлатларда дарҳол рад этилмайди. Батафсил ўрганиб чиқилади.

Аммо бу борада маслаҳат бериш яна такрор айтаман, мумкин бўлмаган масала. Чунки ҳар кимнинг бошига тушгани ўзига аён ва ўзининг кимлигини ҳар кимнинг ўзидан яхши биладиган одам йўқ.

Шу боис Сизга маъқул бўладиган гап айта олмаган бўлсам, узримни қабул қилинг. 2004.

Қувонаман бундан!

САВОЛ: Бугун хусусий сайтлар кўпаймоқда, ўқувчиларингиз сони камайиб кетишидан чўчимайсиз-ми? (Саодат).

ЖАВОБ: Йўқ. Интернет-бу ҳам танлов. Юзтасини кўриб биттасини танлайсиз. Шу нуқтаи назардан мустақил ва хусусий веб саҳифалар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ўзим доим ёшларга мурожаат қилиб, хизматни веб саҳифа очишдан бошланг, деб айтиб келмоқдаману нега энди уларнинг кўпайишидан чўчир эканман?

Веб саҳифалар кўпайса, уларни ёпиб қўйиш қийинлашади. Қолаверса, турли фикрлар ва турли қарашлар кўпаяди ва бу ҳурфикрлиликка, қул бўлмасликка йўл очади.

Тўғри, мустақил веб саҳифани юритиш осон эмас. Жамоатчилик асосидаги веб саҳифаларни кўраяпсиз, аксарияти Интернет дунёсининг у четидан, бу четидан хабар, мақолалар кўчириб олиб қўйиш билан веб саҳифа юритмоқдамиз, деб ўзларини алдаб, пулларини бекорга сарфлаб юрибдилар.

Хусусий веб саҳифада эса ҳамма нарсани ўзингиз ва шахсан ўзингиз ёзишингиз керак.

Хусусий веб саҳифалар кундалик хабар манбаи эмас, балки вақт бўлганда бемалол ўтириб, бир нарса ўқийдиган жой бўлиши керак.

Лекин бугунги ўқувчи ҳар куни бир янги гап эшитгиси келади. Бу талабни қондириб бориш эса жуда мушкул. Йирик асарларни ўқиб ўтиришга унинг вақти бўлмайди. Чунки Интернетдаги ҳар бир сония унинг учун қимматли.

Мухтасар қилиб, чўчимаслигим, балки янги веб саҳифалар очилаверса, қувонишимни айтмоқчиман, холос.

2004.

Сиёсат сўзининг ўзаги “СИЁ”, яъни “ҚОРА” дир

САВОЛ: Кузатишимча сиз СИЁСАТЧИ сўзини ёқтирмайсиз. Нега? (Шарофиддин).

ЖАВОБ: Фалон сўзни ёқтираман, фалон калимани эса ёқтирмайман, деб айтганимни эслай олмайман. Аммо сиёсатни “сиёсат”га айлантириб юрганлар ҳақида кўп ёзганман ва балки саволингиз пайдо бўлишига боис шудир.

Сиёсатни ҳар ким ҳар хил тушунади ва ўз кўрпасига қараб унга бўй беради.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, Ўзбекистонда қама-қама бораётган, жуда оғир қатағон бир пайт эди. Ўшанда юлдузи порлай бошлаган, бугунга келиб сўниб қолган “сиёсат”чилардан бири билан бу масалани гаплашиш учун ёнига борсам,  ўзи ҳақида ёзилган нарсаларни тўплаб ўтирган экан. Бир ой давомида қачон бормайин унинг машғулоти шу бўлди. Кейин бир куни у муқовасида ўзининг расми бўлган китобчани ҳадя қилди. Қарасам, ўша тўплаб ўтирган нарсаларини бир китоб ҳолига келтирибди. Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо китоб унинг ичидагиларни ўқиб ҳам кўрмаган бошқа бир одамнинг номидан чиққанди.

-Нега ўз номингиздан чиқаравермадингиз, ўзингиз тайёрлаганингизни ёзсангиз, самимийроқ, ишончлироқ бўларди,-дедим.

-Сиз сиёсатни тушунмайсиз.Одамларга ҳамма вақт мухлислар, издошлар, атрофда югуриб юрганларни кўп қилиб кўрсатмасангиз сиз билан ҳисоб-китоб қилмайдилар,-деди у совуққонлик билан.

Кейин ҳам кўп гувоҳи бўлдим, у ўзи ҳақида ўзи китоблар, мақолалар тайёрлаб бошқаларнинг номидан чиқарар, матбуотда ўзи ҳақида суҳбатлар ташкил этар, халқни озод қиламан, деб тўпланган маблағларни шу йўлга сочар ва кейин булардан усталик билан фойдаланар эди.

Ҳа, у “сиёсатчи” эди. Аммо бундай “сиёсат”дан йироқ бўлганлар биладилар-ки, сиз қувғинда бўлсаниз ва дунёнинг турли бурчакларида сиз ҳақингизда ёзилганларни сиздан бошқа одам мукаммал равишда тўплаб боролмайди. Шу боис “Мухлислари ва шогирдлари” деб ёки бошқа имзо қўйгандан кўра, “Ўзим ҳақим”да деб ёзаверса, бу унинг сохта сиёсатчи эмас, балки самимий инсон эканлигини кўрсатишга хизмат қилади. Табиийки самимийлик қонида бўлса…

Бошқа бир мисол. Муҳожир тарихчи олим Боймирза Ҳайит ўзи ҳақида Советлар ёзган беш юзга яқин мақолани тўплаб, Туркияга олиб келди. Ношир билан гаплашиб ўтиргандик:

-Китобга ўз исмингизни қўйибсиз, шуни бошқа одам номидан чиқарсак, нима дейсиз?,-деди ношир.

Ҳақ сўзнинг йўлдоши бўлган Боймирза отанинг ранги ўзгариб кетди ва :

-Мен ёлғончилик қила олмайман, буларни умр бўйи йиғиб юрганман, кўпларини архивларга бориб ўзим тўпладим, баъзи нусхаларини сотиб олдим,  бошқа биров бу ишни қилмаслигини ҳамма билади, ҳақиқатни бузмаслигимиз керак,-деди.

Орадан қарийб ўн йил ўтди. Ҳалиги “сиёсатчи”нинг китоби ўша жойнинг ўзида қолиб кетди. Ҳатто номини эслай олмадим. Аммо Боймирза отанинг ўзи ҳақида чиққан мақолаларни тўплаган китоби жуда катта, оғир бўлишига қарамасдан, қаерга кўчсам, ёнимда. Чунки бу қимматли, тарихий ва пойдевори “сиёсат” эмас, ҳақиқатдан бўлган китобдир.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сиёсат сўзининг ўзаги “СИЁ”, яъни “ҚОРА” бўлганини. 2004.

Ўзига хон, ўзига бек

САВОЛ: Турли сабаблар билан Ватандан чиқиб кетган ўзбекларнинг бошини бир жойга қовуштириб бир халқаро жамият тузиш мумкин эмасми?(Қобил).

ЖАВОБ: Туркияда бу ишни бошлашга уриниб кўрганмиз, кейин Америкага келганда ҳам бу ҳақда баъзи одимлар отилган. Тўғри ҳар икки ҳолда ҳам гап фақат ўзбеклар ҳақида борган эмас, Туркияда Туронзаминдан чиқиб кетганларнинг маданий жамияти ҳақида ўйлаган бўлсак, Америкада туркистонликлар иттифоқи борасида бош қотирилган эди. Лекин Нью-Йорк атрофида яшаётганларнинг “Туркистонликлар жамияти” мавжудлиги учун бизнинг ҳаракатларимиз билан бошланган уриниш Вашингтон атрофидаги туркистонлик-америкаликлар жамиятини тузиш билан чекланган. Келишув нуқтасини топиш мушкул бўлган. Ҳар ким ўзига бек ва ўзига хон.

Масалан, низомга инсон ҳақлари масаласини қўшайлик десангиз бир гуруҳ одамлар “Ўзбекистонга бориб келишимиз қийинлашади” деб қарши бўлишган. Маданий алоқалар масаласи кўтарилганда баъзилар “Ота бобомиз раққоса ўйнатмаган, бу иш бизга қолдими?” дейишган, айримлар эса бундай жамиятни диний томонга буриб юборишга ҳаракат қилишган ва ҳоказо.

Хуллас, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнаши мумкин, лекин икки ўзбек бир орага келолмайди, деганлари каби бу иш юрмаган. Бунинг устига ана унинг келиб чиқиши тожик, мана буники афғон, бу ўзбек эмас, у турк эмас каби иддаолар чиққан.

Кейин эса “Бирлик” веб саҳифасининг “Меҳмонлар китоби” орқали хориждаги ўзбекларнинг орасини бузиб юбориш учун Ислом Каримов ҳам қила олмаган даражада бузғунчилик қилинди. Қолган-қутган муносабатларга ҳам дарз кетди.

Лекин булар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Тарих бўйи ҳеч ким бизнинг бошимизни қовуштира олмаган, аксинча жуда осонлик билан орамизни бузишган. Доим ички низолар бизни хароб этган.

Худди ана шу боис ҳам бирлашиш ҳақидаги ҳаракатни тўхтатмаслик ва қон-қонимизга сингиб кетган тарихий иллатдан қутулиш чораларини топишимиз зарур.

Менимча, демократик тамойиллар учун ёки маданий, ижтимоий ривожланиш йўлида бирлашиш мумкин. Чунки бундай қадриятлар умуминсоний бўлиб, кўп одамни ўзига жалб эта олади.

Бу фақат бир кишига боғлиқ нарса эмас. Кўпчилик бўлиб киришмоқ керак. Бошқача айтганда низомини ёзиб, шундай ташкилот туздик, фалончи президенти деган билан иш юрмайди. Ҳамма ўйлаб кўриб бу йўналишда нима қила олишини ўртага қўйса ана ўшанда бир нарса бўлиши мумкин.

2004.

Ҳеч қачон бир томонлама муроса бўлмаган

САВОЛ: “Бирлик” раҳбарлари 1991 йилги сайловда қатнашгани учун “ЭРК”ни айблашган эди, энди ўзлари 2004 йилги сайловда қатнашмоқдалар, шу ҳақдаги саволимга “бирлик”чилар жавоб беришмади, буни сиз қандай баҳолайсиз ва сайлов борасидаги қарашларингиз қандай? (Рустам).

ЖАВОБ: Кимнинг саволига ким жавоб бериб-бермагани ҳақида бир нарса дея олмайман.

Сайлов борасидаги ўз қарашларимни  ҳам анча илгарироқ баён этган эдим.

Бугунги вазиятга қарайдиган бўлсак, бир кун келиб баъзи “бирлик”чилар биз шу йўл билан сайловнинг ғайридемократик ўтганини исботладик, дейишса бунга ҳам ажабланмайман…

Биров тўй қилаяпти. У маҳалладан бирини айтмадигина эмас, балки тўйга келишини истамаслигини билдирди. Лекин у тўйга кириб борди. Нима бўлади? Қувилмаса ҳам сассиқ гап эшитишга муяссар бўлади. Унга эшиттириб, “Итнинг кейинги оёғи бўлмай ўл” дейишлари ҳам мумкин. У ош егиси келганини айтолмаса ҳам тўйга қуруқ суяк учун келмаганини билишади.

Дарвоқе, сайловни тўйга қиёслаб ошириб юбордингиз, дейишингиз мумкин. Аслида сайлов бутун халқнинг энг катта тўйи бўлиши керак. Лекин бугун халқ учун эмас, Каримов учун бу тўй. (“Тўй”дан ҳам “Томоша” деган сўз мавжуд ҳолатни яхшироқ ифодалайди).

Каримов бу томошада кўпчиликни кўришни истамайди. У ўз кўнглини қондириш, халқаро жамоатчиликни чалғитиш учунгина бу томошани ташкил қилмоқда. Мусиқани ҳам ўзи буюрган, раққосани ҳам. “Биров яқинлашиб қолмасин”, деб уларнинг атрофига соқчилар ҳам қўйган. Томоша муаллифи ҳам ўзи, томоша режиссери ҳам, тўйга айтилганлар рўйхатини олдиндан тузиб тасдиқлаган ҳам ўзи.

Демак, у ерга борган айтилмаган одам бошқа мусиқа буюра олмаслиги олдиндан аниқ. Фақат унинг мусиқасига ўйнаш қолади. Кимдир шуни истаган экан, бу унинг ҳаққи, лекин жамиятга келадиган салбий томонлари юзасидан савол бериш ва жавоб қидириш сизнинг ҳаққингиз.

Гапнинг лўндаси шуки, сайловлар ҳақидаги қонунлар нодемократикдир. Ҳамма ҳам билиб қолди. Демак, шу қонунлар асосида сайловга кирсангиз, уни тан олган бўласиз, кечаги гапингиздан қайтган бўласиз. Бундай пайтда сизни бебурд десалар хафа бўлманг.

“Бирлик”чилардан баъзилари уриниб, судлашиб кўришди, лекин рўйхатга олиш ўрнига уларни “террорист” деб эълон қилишди. Жиддий бир баёнот билан чиқишмади, балки Ислом Каримов адашиб шундай деб юборди, дея ўзларини овутишди.

Муроса муроса истаган билан қилинади. Ҳеч қачон бир томонлама муроса бўлмаган. Баъзилар сайловда қатнашиш ҳам муроса, дея ўзларини кулгига қўйиш баробарида диктатуранинг мусиқасига ўйнаб бераётганларини билмайдиларми? Билмайдилар десак уларни камситган бўламиз. Биладилар десак яна камситган бўламиз. Хуллас, бу уларнинг танлови.

Лекин бу воқеалар Ўзбекистонда жиддий мухолифат йўқ, деган фикримни яна бир бор исботламоқда. Жиддий мухолифат бўлганда, томоша бошланмасдан олдин бир блокка бирлашиб, ғайридемократик режимнининг ғайри демократик қонунлари ва тадбирларини демократик йўл билан байкот қилган бўлар эди.

Бу шахсий қарашим ва кимларгадир ёқмаслиги мумкин. Лекин на чора, дунё шунақа. Ҳар кимнинг қараши ҳар кимга ҳам ёқавермайди.

2004.

Шеър…

САВОЛ: Кейинги пайтда шеър ёзмай қўйдингиз-ми? Нега янгиларини эълон қилмаяпсиз?(Жамила).

ЖАВОБ: Шеър ёзиш учун белгиланган жадвалим йўқ. Аммо кўнглимга бир нарсалар келганда қоралаб қўяман. Ҳозир  “Дакота  йўли”да  бир қатор шеърлар ёзаяпман.

Аввал “Алданишга мойил…” деган бир сиёсий шеърдан кейин ана шу янги услубдаги қораламалардан ҳам бир икки намуна ўқишингиз мумкин.

Алданишга мойил ўзбек шоири,

Бир орден букади алиф қаддини,

Шеъру дили бошқа, бошқа зоҳири,

Гўрков чизиб берар охир ҳаддини.

Алданишга мойил ўзбек ҳофизи,

Шоҳнинг кўкрагига бошини қўяр.

Ҳақ истаб чиқса гар ўғли ё қизи,

Бир унвон хотири кўзини ўяр.

Алданишга мойил ўзбек рассоми,

Тиллақош медалга дунёсин сотар,

Эгнида жандами, қўлда ҳассоми?…

“Мона Лиза” билан қовушиб ётар.

Алданишга мойил ўзбек  ўғлони,

Ёлғонни билса ҳам ҳузур билан ер.

Юртбоши “Болам”, деб айтган замони,

Отасин унутиб, уни “Отам”, дер.

Алданишга мойил ўзбек  қизлари,

Фаҳиш ҳадясини гулнорим, дейди.

Зулм зиндонида қолди излари,

Шунда ҳам на ёрим, на орим дейди.

Алданишга мойил аслида ҳар ким,

Ўзлигин емириб қиларкан адо.

Ватангадо эдинг, энди-чи, халқим,

Ватанда гадосан, Ватанда гадо!

Дакота йўлида…

Қаттиқ жанг боради,

қон сиғмай кетади ариқларига,

ўқлар чил-чил этар муз деворларни,

майдон кенгаяди,

майдон тораяди,

кўз косасида.

Қаттиқ жанг боради,

менинг қалбимда,

душман қайси ёнда,

дўстим қай томон?…

Билмайман, кўролмайман,

ўқ юлиб кетган қорачиғимни…

****

Бағримда вулқон бор,

биқир-биқир қайнагани қайнаган,

на сўнмас,

на портлаб мени сўндирмас!

****

Оқшом ухлайсан

саҳар уйғонаман, деб,

саҳар уйғонасан,

кундуз мудрамайман, деб,

мудраб ухлаб қоласан яна,

уйғона олмайсан…

Уйғона олмайсан,

уйқу дори ичгансан,

ихтиёринг қўлингдан кетган…

2004.

Талантли йигит

САВОЛ: Сиз бир жавобда Нурилла Остоновни мақтагансиз. Унинг ёзганларини топиб ўқидим. У ҳам билдирмай ҳукуматга топинаётган хашаки журналистга ўхшади. Наҳотки унинг икир-чикирлардан бошқа нарсани ёзмаётганини кўрмасангиз? (Алишер).

ЖАВОБ: Икир-чикирлардан қурилган ҳукуматни икир-чикирлар йиқитади.

Ислом Каримовнинг адолатсизликка асосланган режимига қарши бош кўтарганлар орасида Миллий Университетнинг Журналистика факультети собиқ талабалари анчагина. Шу боис ҳам режим вақти-вақти билан бу даргоҳ бошида қилич ўйнатиб туради.

Нурилла Остонов билан бирга ана шу қутлуғ даргоҳда ўқиганмиз. Талантли йигит.

Ўзбекистон телевидениесида раҳбар бўлганимда у телевидениенинг Самарқанд вилоят бўйича мухбири эди. Бир куни ногирон оиланинг сансалорликка учрагани ҳақида икки дақиқалик “қалампирмунчоқ” танқидий репортаж ҳозирлаганди.  Материални дарҳол эфирга қўйдик.  Кўп ўтмай Каримов телефон қилди:

-Нима Самарқандда шу икки кўрдан бошқа одам йўқ-ми?-деди у “қалампирмунчоқ” таъсиридан жаҳли чиқиб.

-Балки бордир, балки йўқдир, лекин гап улар ҳақида эмас, уларни сарсон қилганлар ҳақида,-дедим унинг шунга ҳам аралашганидан ҳайратланиб.

-Уларнинг уйини ремонт қилмади, деб бутун бошли ҳокимиятни айблайсизлар-ми? Телевидение кўрларга эмас, халқнинг хизматида бўлган ҳукуматга хизмат қилиши керак. Чунки телевидениенинг пулини ҳукумат бераётганини ҳам унутманг….

Каримов ҳукумат халқнинг пулига хўжайинлик қилаётгани, ҳукуматнинг ўзи ҳам халқнинг пулига яшаётгани, ўша кўзи ожиз ногиронлар ҳам халқ эканлигини унутган эди. Майли бу бошқа масала. Лекин Нурилланинг ўзига материални мақтадим ва умумий мажлисда ҳам бу репортажни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатдим.

Мана орадан 13 йил ўтиб Нурилланинг ёзганлари Интернетда чиқмоқда. Тўғри, баъзи мақолаларида ҳукуматга ён босаётган каби  сатрлар учрайди. Бунинг ҳам сабаби бўлиши мумкин. Шунингдек, унинг ёзганларида баъзан учқич қўналғанинг устида айланавериб, қўна олмасдан қайтиб кетгани каби, “тоғдан ва боғдан” жуда кўп мисоллар келтириб, асосий, керакли гапни айта олмаслик ҳолатини ҳам кўриш мумкин (Мана танқид керак бўлса, уни танқид ҳам қилиб қўйдим-ЖМ). Лекин умумиятла у оддий халқнинг аянчли аҳволини Чеховга хос бир услубда кўрсатиш билан ҳукуматнинг тинкасини қуритмоқда ва Ислом Каримовнинг бечора халқни қанчалик эзаётганини кўрсатиб бермоқда.

Нуриллани яхши биламан, у фалакнинг чархи айланиб, Каримов билан шахмат ўйнаб қолса ва Каримов менга қарши кўзбўямачилик қилаяпти, деб ўйласа, шахмат тахтасини отиб юбориб, шоҳ билан пиёдани тенглаштириб кетадиган хислатга эга. Бугун ўзбек журналистикасига ана шундай қўрқмас, довюрак қаламкашлар зарур. 2004.

Гап “таянч нуқтаси”да

САВОЛ: Америка халқи уруш тарафдорими,  нега яна Бушни сайлади? (Малик).

ЖАВОБ: Сайловда уруш масаласи ҳал қилувчи масала эмас эди.

Маълумки, бугунга қадар Америка сайловларида аксарият ҳолларда иқтисод масаласи ҳал қилувчи, яъни кўпчиликни бирлаштирувчи рол ўйнаган. Чунки бу ерда индивидуализм кучли бўлгани учун ҳар ким ўз манфаати нуқтаи назаридан ҳаракат қилади. Бу ҳолда иқтисод якка шахсларни бирлаштирувчи моҳият касб этади.

Аммо 2004 йилнинг 2 ноябрида ўтган сайловда иқтисод иккинчи ўринга тушди. Учинчи ўринда эса терроризмга қарши кураш ва уруш масаласи турди.

Ғарб давлатлари орасида Америка энг диндор ва энг муҳофазакор давлат саналади. Шу боис ҳам сайлов тақдирини ҳал қилган биринчи омил ахлоқий қадриятлар масаласи бўлди. Бунинг таркибига жумладан қуйидагилар кирди:

БИРИНЧИ: Кейинги йилларда Американинг бир қатор штатларида  айни жинсдан бўлганларнинг оила қуришлари, яъни эркакнинг эркак билан ёки аёлнинг аёл билан расмий никоҳдан ўтишлари бошланди. Бу жамиятда катта норозилик уйғотди. Баъзи маҳаллий ҳокимлар ва судларнинг бу хусусдаги қарорларини юқори маҳкамалар бекор қилдилар.

Президент Буш оила муқаддасдир, бу аёл ва эркакнинг бирлашуви, биргаликда фарзанд дунёга келтиришлари учун Тангри танлаган йўлдир, деган гапни маҳкам ушлаб, Конституцияга айни жинсдагиларнинг биргаликда оила қуришларини ман этувчи қўшимча киритишни таклиф қилди.

Энди иккинчи томон ва уларни қўллаган демократлар норозилиги бошланди. Улар демократик эркинлик бўлсин, озчиликдаги ҳомосексуалистлар, яъни бесоқолбозлару лезбиянларнинг ҳам ҳуқуқлари тан олинсин, деган талабларни ўртага қўйдилар.

Бу жамиятни иккига бўлди. Сайлов арафасидаги тортишувлар марказида ҳам шу масала бўртиб турди. Сайлов куни бир қанча штатларда айни жинсдагиларнинг оила қуришларини ман этиш борасида референдум ҳам ўтказилди ва кўпчилик бунга қарши бўлиш баробарида нафақат Бушни сайлади, балки конгресснинг Сенат ҳамда Намоёндалар палатасидаги ўринларга ҳам муҳофазакор республикачиларни йўллади.

ИККИНЧИ: Узоқ йиллардан бери диндорлар аборт, яъни бола олдириш масаласига қарши чиқиб келганлар ва бу Конституциявий суд идорасидан қайтиб турган. Буш даврида бу масала қайта қўзғалди ва катта тортишувларга олиб келди. Диндорларнинг “Она қорнидаги бола тирик ва уни аборт қилиш бу қотиллик, Худонинг яратганини ўлдиришдир” деган иддаоларини Буш ҳам қўллади. Натижада сайловларда фаол қатнашмайдиган диндорлар бу сафар оёққа қалқдилар.

Мамлакатнинг энг кўзга кўринган санъат арбоблари, таниқли шахслар эса абортни таъқиқлаш учун қилинадиган қонуний ҳаракатни эркинликни бўғиш дея Бушга қарши очиқ тарғибот юргиздлар, бу эса оддий халқ ва оддий диндорларда акс таъсир уйғотди.

Сайлов куни белгиланган вақт тугашига қарамасдан миллионлаб одамлар овоз бериш учун навбатда турганлари ана шундан эди.

Оддий бир одам билан гаплашганимда у “Абортни таъқиқлаш бу фоҳишабозликни йўқ этишга олиб келади. Энг асосийси бу СПИД каби ҳалокатли эпидемия йўлини тўсади” деган гапни айтди.

Демократлар овоз беришга қанча кўп чиқишган бўлишса, республикачилар ундан ҳам зиёд чиқишди.

УЧИНЧИ: Инсон эмбрионларини тиббий мақсадларда қўллаш масаласи ҳам Буш даврида тортишувларда йўл очди. Буш бу борада чеклов бўлиши ва ахлоқий чегаралар бузилмаслиги кераклигини айтиб, илмий тадқиқотларни назоратга олиш зарурлигини уқтирди. Муҳофазакорлар. инсон эмбрионларини лабораторияларда қўлланиш бу одамни нусхалашга қадар олиб боради ва Худонинг яратувчилигига қарши гуноҳ бўлади, деган жабҳадан туриб хулоса қилдилар.

Уруш ҳақидаги гаплардан ана шундай ахлоқий қадриятлар масаласи оғирлиқ қилди. Бу индивидуал шахсларни бирлаштирган омиллардан бири бўлди.

Бошқача айтганда, Буш Архимеднинг “таянч нуқтаси”ни топди ва халқ кучини ўзи томонга ағдарди.

Хуллас, Америка халқи фалон нарсага қарши ёки мана бу нарсага тарафдор,  дея бутун халқ ҳақида хулоса чиқариш тўғри эмас.

2004.

Пул виждондан анча устунлик қилмоқда

САВОЛ: Ҳамма нарсани пул ҳал қиладими ёки виждон-ми? (Шоира).

ЖАВОБ: Агар ҳамма нарса виждонга қолганда бугун дунё бутунлай бошқача бўларди ёки тескариси, ҳамма нарса пулга қолганда бугун дунё ҳозиргисидан бошқача бўларди. Лекин пул виждондан анча устунлик қилмоқда.

Кўп ҳолларда виждонни пул билан сотиб олиш мумкин бўлмоқда, аммо виждон билан пулни рад этиш ҳоллари деярли йўқолмоқда. Масалан, Ўзбекистонда виждонсиз бўлсангиз ҳам пулингиз бўлса, ҳар қандай ишни қила оласиз. Ҳукуматдаги исталган вазифани сотиб олишдан тортиб, одамларнинг фикрини ўзгартиришга қадар.

Аммо  пулингиз бўлмасдан фақат виждон билан яшасангиз ҳатто  дўстларингиз, яқинларингиздан ҳам ажралиб қолишингиз ҳеч гап эмас.

Хўш нима қилиш керак? Виждондан воз кечиб, фақат пул топиш керак-ми? Бу йўлни танламаган бўлардим. Балки шунинг учун ҳам бугун  Ўзбекистонда эмасман.

Яқинда бир танишим танлаган йўлидан воз кечиб эски, ўзи рад этган жойга қайтди. Қайтдигина эмас, хат ёзиб узр ҳам сўради.  Бу унинг виждонига хилоф эди. Шу боис ундан:

-Нега бундай қилдингиз?-деб сўрадим.

-Нима қилай? Бировнинг уйида ижарада тураман, пулини тўлаш керак. Болаларимни боқиш керак, иш йўқ, бош урмаган жойим қолмади, булар эса бизга қайтсангиз ва буни расман эълон қилсангиз пул бериб турамиз дейишди. Мажбур бўлдим. Агар сиз ёрдам қилиб турсангиз шу виждон азобидан қутулган бўлар эдим,- деб ўзимни мот этган ҳолда жавоб қилди.

Ёки яна бир мисол. Бир ғоядош дўстим аҳволи оғирлиги ва ҳар ой фалон миқдорда пул юбориб туришимни сўраб хат ёзди. Унга аҳволи уникидан ҳам оғирлар борлиги ва уларга қилаётган ёрдамимни тўхтата олмаслигим, қолаверса, Америкада ҳам пул дарахтнинг тагига тўкилган хазон эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин у тушуниш у ёқда турсин, юз ўгириб кетди.

Булар кичик мисоллар. Лекин атроф пулнинг ҳукмдорлиги ҳақидаги катта мисоллар билан тўлиб кетган. Афсус…

2004.

Бетон девор

САВОЛ: Мухолифатни бойкотга чақирганингиздан кейин мухолифат сайловда қатнашишдан бош тортди. Хурсандмисиз?(Рустам).

ЖАВОБ: Биринчидан, бойкотга чақирганим йўқ. Иккинчидан, сизнинг саволингизга жавоб бериб, ўз фикримни баён этдим ва ҳозирги шароитда сайловда қатнашиш ҳукуматнинг ғайриқонуний ҳаракатларини ва нодемократик қонунларни тан олиш эканлигини урғуладим, холос. Шу боис бу хурсанд бўлиш ёки хурсанд бўлмаслик мақсадини назарда тутмаган.

Биласизми, ёш бир жойга келиб қолганда кўпчиликда кўз хиралаша бошлайди ва дўхтирлар кўзойнак тақишни тавсия қиладилар. Биров яқинни яхши кўради, яна биров узоқни. Олдинда битта бетон девор турганда саломатлик даражаси бир хил бўлсада  вазиятни баҳолаш  икки хил бўлади.

Узоқни кўрадиган одам бу девор яхлитлигини ва эшик ёки даричаси у ёқда турсин, ҳатто тешиги ҳам йўқлигини айтади. Яқинни кўриб, узоқни кўролмайдиган эса аксини иддао этади, то боши билан бориб ўша деворга урилганга қадар. Аммо бу урилиш ё бошни ёриши ёки ишдан чиқариши ҳам мумкин.

Шукур қилиш керак-ки, баъзилар бошлари қаттиқ лат емасдан бетон девордан ўтадиган жой йўқлигини кўрдилар.

2004.

Тузоқ

САВОЛ: МХХдан сиз ҳам “янги йил табриги” олдингизми? (Тўлқин)

ЖАВОБ: Ҳа, янги йил оқшомида турли шахсларнинг электрон почталаридан уларнинг танишларига ҳақоратли хатлар ва вируслар жўнатилди. Бу уч кун давом этди. Байрам кунлари бировларнинг кайфиятини бузиш, оиласига нохушлик олиб кириш Каримовнинг малайларига хос нарса бўлиб қолганига бу ҳам бир мисол.

Масалан, менга Ўзбекистон журналистлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Юсуф Расулов номидан ана шундай ҳақоратли хатлар кела бошлади. Бу хатларни у ёзганига ишонмадим. Чунки у жуда маданиятли йигит ва бу қадар паст кетмайди ҳамда ҳақорат ёзиши учун асоснинг ўзи йўқ эди. Лекин адрес уники.

Кейин шундай хатлар Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Толиб Ёқубов номидан кела бошлади.

Тошкентга телефон қилсам, Юсуфнинг ҳам, Толиб аканинг ҳам бундан хабарлари йўқ, улар ҳатто байрам кунлари Тошкентда бўлмаганлар.

Юсуф Расулов уйида Интернет йўқлиги ва уйдаги телефони ҳам узиб қўйилганини айтиб, узр сўради. Лекин узрга ўрин йўқ. Бу унинг иши эмаслиги аён. Маълум бўлишича унинг номидан бошқаларга ҳам шундай ҳақоратли мактублар борган.

Биз Вашингтондан туриб текширув ўтказдик. Менга келган мактублардан бири АҚШнинг ичидан ёзилган ва қолганлари Тошкентдан.

Юсуф Расулов билан гаплашиб, унга ёзган каби бир мактуб жўнатгандик, Юсуф уйида бўлгани ҳолда дарҳол ҳақоратли жавоб қайтди ва бу сафар матн инглизча эди.

Ё Юсуфнинг паролини ўғирлашган ёки ҳукумат хакерлик йўли билан барча электрон мактубларни ўқишга бошлаган. Ҳатто энди жуда қалтис иғвогарлик кампаниясини юритмоқда. Бу эса инсонларнинг муқаддас ҳисобланган шахсий маълумотларига ҳужумдир ва қаттиқ қораланишга лойиқ.

Толиб Ёқубов Тошкентга қайтгач ва Юсуф Расулов почтани очиш калимасини ўзгартиргандан кейин оқим тўхтади. Лекин қанчага?

Албатта, бу саволга жавобни вақт кўрсатади. Чиқариладиган хулоса шуки, бугунга қадар турли веб саҳифаларнинг меҳмонлар учун ажратилган китобларида одамларни ҳақорат қилиш билан уларнинг ораларини бузганлар энди янги, қалтисроқ ҳунар топганга ўхшайдилар. Бундан ҳамма огоҳ бўлиши керак ва шундай мактублар пайдо бўлганда ваҳимага тушмасдан, жаҳлни босган ҳолда босиқлик билан иш қилиш зарур.

Каримов малайларининг тузоғига тушиб қолманг.

2005.

Ўзбекча қаҳрамонлик

САВОЛ: Битта сайтда Эркин Воҳидовнинг шеърларидан мисол келтирилиб, шоиримиз режимни мардларча фош этмоқдалар, дейилган. Сиз нега аксини иддао этган эдингиз? (Маъруфжон).

ЖАВОБ: Бу борада Шерзод деган  укамизнинг ёзганлари ҳам диққатгна молик׃  “Тунов куни битта ёш йигитча билан тасодифан суҳбатлашиб қолдим. Унинг гапи бўйича, Ўзбекистондаги “муаммолар”га Президентнинг даҳли йўқ эмиш – ахир у ўзининг нутқларида порахўрлик ва ҳ.к.з.лар ҳақида куюниб гапиради-ку.

Содда йигитча…

Ҳақиқаттан ҳам содда кўз учун президентимиз Ўзбекистондаги муаммоларни эгар-жабдуқлаш учун қўлларидан келадиган ишни қилаётганга ўхшайдилар. Ногоҳ, эсимга Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри тушди:

Бизлар арра тортмоқдамиз,

Аррамизнинг тиши йўқ.

Нега арранг тиши йўқ –

Деб сўрайдиган киши йўқ.

Чунки бизлар анойимас,

Пишиб кетган кўзимиз.

Арра тушган ўша шоҳда,

Ўтирипмиз ўзимиз.

Содда укам юқоридаги мисралардан ҳикмат топса ажаб эмас.

Эркин ака ўзларининг “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” тўпламларида сиёсий тизим ва унинг бошидагиларнинг нуқсонларини мардларча фош қилганлар. Ундаги “Эски ҳаммом – эски тос”, “Хипчин” асарлари, айниқса, эътиборга лойиқдир.” (Ш. Рўзметов).

Маълумки, бир гапни бир неча йўл билан айтиш мумкин. Балки Шерзод Рўзметовнинг ҳам мақсади Эркин Воҳидовни мақташ эмасдир? Балки “мардларча” деган калимани қўштирноққа олишни унутган бўлса не ажаб?! Чунки Шерзод мулоҳазага бой ва қобилиятли йигит экани унинг ёзганларидан сезилиб турибди.

Лекин шу нарса аниқ-ки, Эркин Воҳидов Каримов режимининг муҳим “гайка”ларидан бири. У Каримовга таъсир қила олиши мумкин бўлган “қаҳрамон гайка”. Масалан, Каримовнинг ёнига кириб:

-Ислом ака, агар шу фалончини озод қилиб юборсангиз бутун дунё сизга тасанно айтади, аслида унинг сизга душманлиги йўқ, ватансевар, халқсевар йигит, уни сизга ёмон қилиб кўрсатишган, бунга мана мен кафилман,-деса, Каримов дарров бу ишни бажаради. Чунки у маддоҳларини доим  бир нарса билан сийлаб турадиган одам.

Аммо Эркин Воҳидов кимгадир ёки халққа фойда келтирадиган гапни эмас, балки бунинг ўрнига ўзига ё орден, ёки яна бир китоб чиқариш учун ёрдам олиш ё бўлмаса яқинларидан бирини каттароқ ишга жойлаб қўйишни сўрайди. Бу саройда илдиз отган одат.

Энди унинг режимни фош қиладиган шеърларига келсак, Каримов ҳам ҳар мажлисда режимни танқид қилади. Эркин Воҳидовлар гапларини “хамирга ўраб” шеърга яширсалар Каримов очиқ айтади. Бу 15 йилдан бери давом этиб келмоқда. Ҳукумат коррупция ботқоғига ботгани, раҳбарлар порахўр бўлиб кетгани, матбуот танқид қилишни билмаслиги, халқнинг аҳволи оғирлашиб бораётгани… ҳаммаси Каримовнинг айтганлари.

Лекин айтиб, амалда тескарисини қилиб келмоқда. Эркин Воҳидов ҳам ўз хўжайинидан ибрат олмоқда. Шеърларида бошқа нарса, амалда бошқа. Бу диктатуранинг  энг машҳур “ҳунар”ларидан бири.

Лекин Эркин ака биладилар, Каримов барибир у кишидек катта истеъдод соҳибининг ҳам қадрига етмайди. Шунақа, била туриб аждарҳонинг комига отиламиз. Мана буни қаҳрамонлик деса бўлади! Ўзбекча қаҳрамонлик…

2005.

Сабаблар кўп

САВОЛ: Ўзбекистоннинг жуда кўп жойида сизнинг сайтингизни очдим, лекин сизчалик танқид қилмасаларда бошқа мухолиф саҳифаларни оча олмадим. Сизга бирор имтиёз берилган-ми? (Шамсиддин).

ЖАВОБ:  Ўзбекистон ҳукумати барча мухолиф веб саҳифаларни ҳамма жойда доим бекитиб туришнинг иложини топа олмагандир-да?! Дарвоқе, бу ишни ҳатто Хитой ҳам эплай олмаяпти.

Бир қатор сайтларнинг очилмаслиги ёки қийинчилик билан очилиши сабаби ҳақида илгари ҳам қисман ёзган эдим. Ҳозир веб саҳифаларни мазмунан бойитиш эмас, балки яхшироқ безаш (дизайн қилиш) модага айланган, яъни бу асосий мақсад бўлиб қолган.

Туркияда минглаб газеталар чиқади. Ҳаммаси рангли ва расмларга бой, аммо ўқийман десангиз жиддий гап топа олмайсиз. Америкага келганда эса унақа газеталарни жуда оз учратдим ва уларни “кўча” нашрлари дейишади.

Йирик ва жиддий газеталар ола-була эмас, балки биз азалдан билган қора-оқ рангда чиқади. Ваҳоланки агар рангли чиқарамиз дейишса, уларнинг жуда катта имконлари бор. Аммо жиддийликни сақлаб, айни пайтда иқтисодий мақсадни ҳам кўзлашади.

Интернетда ҳам саҳифага қанча  техник оро бериш юқори бўлса асл мақсад шунча узоқлашади. Ҳар бир чизиқ ва ҳар бир жило, ҳар бир расм ва сувратни компьютер “ўқиб олиши” учун куч, хотира, вақт сарфлаши керак.

Янги услубдаги безакларни эса эски компютерлар “ўқимайди”. Ўзбекистонда арзон бўлсин, дея аксарият жойда эски компютерлар қўлланилади. Аммо энг янгилари ҳам баъзан қийналади.

Ана шуларни ҳисобга олиб саҳифамда кўп рамкалар, жилою жим-жималар ва расмларга ўрин бермадим. Саҳифам рўйхатга олинган идора таклиф этган махсус веб саҳифа чизмаси жуда ҳам чиройли ва “профессионал”. Аммо уни қўйсам Ўзбекистонда очилиши амри маҳол бўлади. У ердаги компютер то бош саҳифани ўқиб олгунча  ўқувчининг тоқати тоқ бўлиб, бу саҳифага цензура қўйилган экан деб бошқасига “ўтиб” кетади.

Шу боисдан ҳам мақсад ёзилганларни одамларга ўқитишдан иборат бўлса, ҳали содда саҳифалар йўлидан бориш керак. Мақсад ким яхши кийинади каби, ким яхши безакли саҳифа қила олади (яъни “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” мақолига амал қилиш)дан иборат бўлса унда бу бошқа  масала.

Бунинг устига компютернинг қайси программада ишлаши ва веб саҳифанинг қайси дастурга мосланиши ҳам муҳим.

Хуллас, назаримда  ана шунча сабаб бор. Яна мен билмаган яна қанча сабаблар бўлиши мумкин.

2005.

Ижод ва сиёсат

САВОЛ: Америкада ҳам шоирлар сиёсатга аралашадилар-ми? (Наргиза).

ЖАВОБ: Шоирларнинг сиёсатга аралашишлари кўпроқ Шарққа хос бўлган хусусиятдир. Азалдан шоҳлар ё шеър ёзганлар ёки шоирлар подшо бўлганлар.

Қизиғи Исломда шоирлар улуғланмагани ҳолда Шарқдаги халқлар ҳамма вақт шоирларни улуғлаб келганлар.

Америкада шоир деганда дарвешнамо, дунё билан у қадар иши бўлмаган, ичкиликни, кайфу сафони севадиган бир образ пайдо бўлган. Лекин бу дегани жиддий шоирлар ҳам йўқ дегани эмас. Улар ҳам ўзларини энг эркин одамлар деб ҳисоблайдилар, сиёсатга киришни эса ўзларига эп кўрмайдилар. Улар ўзларини чиркин сиёсатдан юқори қўядилар.Халқнинг дардини очиқ ёзадилар ва президентга мадҳиябозлик қилмайдилар.

Бу ерда шоирлар эмас, балки киноюлдузларининг кўпроқ сиёсатга аралашганларини кузатишингиз мумкин. Улар шоирларга қараганда сиёсий жиҳатдан кўпроқ фаолдирлар. Бу фаоллик 1950 йиллардан кейин бошланган. Киноюлдуз Лодгенинг губернатор бўлишию бошқа киноюлдуз  Мурфейнинг сенаторликка сайланиши ҳамда яна бир киноюлдуз Роналд Рейганнинг президентликка қадар етиб келгани бунинг бир мисолидир.

Журналистлар оламида ҳам сиёсатга кирмаслик кузатилмоқда. Сиёсатни ташлаб журналистлик қилаётганлар кўпаймоқда.

2005.

Демократия халқ бошқарувидир

САВОЛ: Ҳозирги кунда қайси мамлакатда демократиянинг ҳақиқий кўриниши мавжуд? Чунки ҳозирги бўлаётган воқеалардан кейин, менда шундай ишонч ҳосил бўлдики, дунёда ҳеч қандай демократик мамлакат қолмагандек. Бунга сиз нима дейсиз? (Сардор).

ЖАВОБ: Агар демократия халқ бошқаруви десак, демак ҳозирги кунда дунёнинг жуда кўп жойида шундай тузумлар мавжуд. Аммо демократиянинг ҳақиқий қолипи қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Лекин бугунги тузумлар орасида инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиришга энг яқин бўлгани мавжуд демократик деганимиз тузумлардир ва уларда мезонлар турличадир.

Демократияни ҳар ким ҳар турли тасаввур қилади ва шу боис ҳам ҳукуматлар алмашганда баъзан демократик бошқарувда ҳам ўзгариш юз беради. Лекин тамал мустаҳкам бўлса, вақтинчалик бошқарувни қўлга олган ҳукуматлар ёки сиёсий партиялар демократияга зарар етказишлари мумкин аммо уни бутунлай йўқота олмайдилар.

Интернетни демократиянинг рамзий суврати деб ўйлар эдим. Аммо вақт ўтиши билан бу сувратнинг ҳам мукаммал бўлмаган жиҳатлари кўринмоқда.  Яъни инсоннинг моддий ва маънавий фойдаси билан бир қаторда моддий ва маънавий зарарига ҳам “ишлай” бошлади. Бу интернетнинг камчилиги эмас, балки инсон хислатидаги камчиликнинг интернетдаги инъикосидир.

Худди шундай инсон хислатидаги камчиликлар ҳар қандай тузумларда ҳам ўз аксини кўрсатади. Интернет ҳар қанча мукаммал бўлиб боргани билан “хакер”лар ҳам шу қадар “зукко”лашиб борганлари каби демократик жамиятлар ҳар қанча софлашиб борсалар, доғ туширадиган унсурлар ҳам шу даражага етишга уринадилар.

Битта шахс томонидан эмас, балки халқ эркин сайлаган эркин парламент томонидан қабул қилинган ва халқ муҳофазасида бўлган Асосий қонун билан бошқариладиган демократия тарафдориман.

Атрофга яхшилаб назар солсак, ана шундай асосдаги мамлакатлар бор ва улар бўлади ҳам.

2005.

Қўшма гаплар

САВОЛ: “Дакота йўлида” ёзилган баъзи шеърларингизни ўқидик, яна эълон қилишингиз мумкин-ми? (Насиба).

ЖАВОБ: Зотан улар бир мажмуа ҳолига келганда эълон қилиш ниятим бор. Бу қофиябозликдан кўра кўпроқ қўшма гапга ўхшайди. Аммо айтилмаган қўшма гаплар.

Ҳиссиётни ўзига ўраган қўшма гаплар.

Юракнинг тубида чўкиб ётган қўшма гаплар…

Қўшма гап бўлмаган қўшма гаплар…

Келинг, суханингиз синмасин, мана бир нечтаси:

 

Қул эдинг,

Қул бўлдинг,

Ва лек…

Худонинг қошида эмас.

Пул дединг,

Пул единг,

Ва лек…

Ҳалолнинг ошидан эмас.

 

Гул дединг.

Гул олдинг,

Ва лек…

Қабрнинг  бошида эмас.

 

***

 

Инсон қариганда

Қулон бўлади.

Тўлғанавериб,

Ётган тўшагида,

Илон бўлади.

 

***

 

Қувонганда

уйқу қочади,

хафа бўлсанг,

яна уйқу қочади,

аросатда қолган кунингда

уйқу эшикларин очади.

 

***

 

Умр ўрмонини

ёқиб кетибсан,

дарёнинг тушида,

оқиб кетибсан,

ўзинг билмайсан.

Дунёни бир пулга

сотиб кетибсан,

дўстингни қийратиб

отиб кетибсан,

ўзинг билмайсан.

Кўзинг кўр,

қулоқларинг кар,

бағринг сўқир,

Яна…

Ўзинг билмайсан.

 

****

 

Шоҳ дейди:

Тур!

Ўтир!

Ёт!

Ўл!

 

Халқ дейди:

Тўр!

Кет!

Қот!

Дод!

 

Хўш… Тангри-чи?

Тангри  нима дейди?

Ҳузурига борганда биламиз…

Агар борсак,

Боролсак!

 

***

 

ИТХОНА ГУРУНГИ

 

Итбоши:

Мен донғимни таратганман,

Кўкни ерга қаратганман,

Сизни ҳам мен яратганман,

Ҳов! Ҳов! Ҳов!

Ҳов! Ҳов! Ҳов!

 

Қанжиқлар:

Сиз донғингиз таратгансиз,

Бизни кузда сайратган Сиз,

Яратган не, яратган Сиз,

Вов! Вов! Вов!

Вов! Вов! Вов!

 

Итваччалар:

Сиз бизларни яйратгансиз,

Элни бизга қаратган Сиз,

Яратганни яратган Сиз,

Ак! Ак! Ак!

Ак! Ак! Ак!

2005.

Ҳукумат ва одам

САВОЛ: Мана АҚШда яна бир Давлат котиби ишдан кетди, у бечоранинг келажаги нима бўлади, энди, аҳволига маймунлар йиғласа керак? (Исмоил).

ЖАВОБ: АҚШда ҳукуматдан кетиш фожеа эмас, балки катта имкониятдир, омад ва эркинлик учун очилган йўлдир.

Бундай пайтда бир эшикнинг ёпилиши ўнлаб эшикларнинг очилишига олиб келади. У уйидан туриб маслаҳатчи бўлиши учун ҳукуматдаги маошининг ўн бараварини тўлайдиган компаниялар, ойда бир лекция ўқиши учун истаган қадар пул беришга рози илмий даргоҳлар ёки ёзадиган китобини олдиндан 10 миллион долларга сотиб олиш учун шартномага ҳозир турган нашриётлар вакиллари унинг изидан қувиб юрадилар.

Ана шундай ҳол бўлгани учун ҳам бу ерда раҳбарлар дадил туриб истеъфо берадилар ва кеча-кундуз тинмай ишлашдан эркинлик дунёсига чиқиш имкониятини қўлга киритадилар..

Ўзбекистонда эса раҳбарликдан, ҳукуматдан кетган одамни одам ҳисобламаслик одати бор. Бу  энг катта фожеаларимиздан биридир. Шу боис ҳам ҳукуматга келган одам кетгиси келмайди ва ҳамма нарсага рози бўлиб, ҳатто қўли қонга беланса ҳам кетмай ўтираверади.

2005.

Кетганлар қайтмайдилар

САВОЛ: Четга кетганлар қачон қайтадилар? (Нуриддин).

ЖАВОБ: Кетганлар қайтмайдилар.

Ғазнавий зулми даврида бош олиб чиқиб кетганлар Авропа остонасига қадар етиб боришди ва Усмонли, кейин Туркияни қуриб ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.

Шайбонийхон дастидан Афғонистонга кетган Бобур Мирзолар Ҳиндистонга қадар боришди ва ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.

Рус истилоси даврида чиқиб кетганлар “Бугун қайтамиз, эртага қайтамиз, Туркистон мустақил бўлса қайтамиз, Ўзбекистон мустақил бўлса қайтамиз” дея ўзларини алдашди. Қайтишмади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам орзулари сароблигича қолди.

Кечаю кундуз Ғарбни қарғаб (нонини еб тузлуғига тупуриб) юрадиган, оиласи билан Каримовнинг оёғини ўпадиган бир оилага Тошкентда уй-жой ҳам қилиб беришди, қайтишмади.

Каримов қатағони пайтида чиқиб кетганлар ҳам қайтмайдилар.

Яқинда Америкада беш йил ўқиб Тошкентга бориб, кейин бутунлай АҚШга қайтиб келган бир йигит билан гаплашдим. У шундай ҳикоя қилиб берди:

“Ака бу ердалигимда Ватан ҳар куни тушимга кирарди. Асал қовунлари, ширин тарвузлари, ташна босар сувлари, тўйимли нонлари, меҳмондўст одамлари, гўзал қизлари, гаштакчи йигитлари… хуллас, чанг кўчалари, тўйларию куйларига қадар соғинардим. Тезроқ ўқишим битсаю қайтсам дер эдим.

Ўша кун етиб келганда ўзимни бургутдек ҳис қилдим. Жаннатга бораётгандек  бир ҳиссиёт билан бордим Ватанга. Лекин тарвузим қўлтиғимдан тушди. Ҳамма нарса ўзгарган эди. Ҳатто суви ҳам менга бегона эди. Ичсам ичгим келмасди. Нонини есам, тавба қилдим, худди кесак тишлаган каби бўлардим. Бу ернинг суви, бу ернинг нонига ўрганган эканман. Қовунидан есам заҳарландим, тарвузидан есам заҳарландим…

Тўйлар ҳам бошқача, йўллар ҳам бошқача, ҳатто одамлар ҳам бошқача, жамият бутунлай бузилган, ахлоқ издан чиққан, одамгарчилик тамом бўлган, телевидение ҳам бошқа, газеталар ҳам хабарлар ҳам бошқа, ҳатто…

Ҳар қадамда ўзимни камситилган ҳис қилдим. Миршаблар ҳар куни йўлда тўхтатиб дўқ урганда бу ерда беш йилда бир марта ҳам полисга ишим тушмаганини эсладим, одамлар автобусда туртиб кетганда, бу ерда мен билмай туртиб юборган одам мендан узр сўраганини хотирладим…яшай олмадим, иш ҳам йўқ эди. Пора бермасангиз иш йўқ. Пора берсангиз кейин ўғирлик қилишингиз керак. Мен эса ҳалол меҳнат қилиб яшашга ўрганган эдим. Хуллас, Ватан менга бегона эди.

Шунда мен илгари кетганлар нега қайтмаганларини англадим. Қайтганлари ҳам қисқа вақт меҳмон бўлиб яна кетиб қолишганини тушундим…”

Бундай аччиқ ҳикояларни бир кишидан эмас, кўплардан эшитмоқдаман.

Ўз уйим, ўлан тўшагим, деган гап бор. Кетганлар қаерлардадир ўз уйларини қурдилар. Ўша ернинг тилини, маданиятини, шароитини ўргандилар. Меҳнат қилиб, ҳалол яшаш, меҳнатларига яраша ҳақ олиш мумкинлигини кўрдилар.

Энди ўзлари қайтсалар ҳам болалари қайтмайди. Болалари қайтмади-ми тарихий Ватан уларга торлик қилади ва яна ортга йўл оладилар.

Бир кетгандан кейин қайтиш осон эмас. Қайтиш бу қайта туғилиш, ҳамма нарсани қайта бошлаш демакдир. Бу эса табиатнинг қонунларига зид. Ҳамма ҳам табиатнинг қонунларини бузиб яшашга қодир эмас. Қайтганлар қаҳрамонлардир! Қаҳрамонлар эса жуда оз, ҳатто бармоқ билан санарли даражада оз бўлади. Бугунга қадар эса ҳали бундай қаҳрамонлар чиқмади.

2005.

Бугуннинг мухолифати

САВОЛ: Бугунги ўзбек мухолифати таркибини қандай баҳолаш мумкин. (Отабек).

ЖАВОБ:  Ҳар ким ҳар турлича баҳолаши мумкин. Масалан, қуйидаги уч гуруҳга ажратган бўлардим.

Биринчи гуруҳ: Режимга қарши курашиб уни ўзгартириш тарафдори бўлган, миллат ва мамлакат  келажагига бефарқ қарай оламган кишилар. Булар умуммухолифатдан  кўра якка мухолиф ҳолида қолмоқдалар. Қора режим уларга бирлашиш имконини бермаяпти.

Иккинчи гуруҳ: Кундалик турмушини ўтказиш учун мухолифатчи кўриниб, асл мақсади эса грант, пул топишдан иборат бўлганлар. Бундай мухолифатчиликни касбга айлантирганларни ҳам тушуниш мумкин׃ яшаш учун кураш.

Учинчи гуруҳ: Бир муддат мухолифатчи кўриниб, унинг бир қанотиман ёки аъзосиман деб  юриб,  аслида чет эллардан сиёсий бошпана олишни назарда тутганлар. Улар ҳам халқнинг бир бўлаги ва яхши яшашга ҳақлидирлар. Шу нуқтаи назардан бу ҳолатни мухолифат ёки мухолифларнинг халқ ҳаётини яхшилашга қаратилган хизматларидан бири деб ҳам баҳолаш мумкин.

2005.

Ажабланишга ўрин йўқ

САВОЛ: “Мухолифат лидери”, “демократик кучлар лидери” каби унвонлар кўпайиб кетди, бу борадаги фикрингиз?(Сарвар).

ЖАВОБ: Биласизми, вазиятни Чеховнинг “Олтинчи палата” ҳикоясидан илҳомланиб баҳолайдиган бўлсак, бугун бирор жиннихонага борсангиз у ерда кўплаб,  “Наполеон”, “Кутузов”, “Сталин, “Брежнев” ва ҳатто “Каримов”ларни ҳам учратиш мумкин.

Улар ўзларини шу номлар билан атайдилар ва ҳақиқат шундай эканлигига чин дилдан ишонадилар.

Дўхтирлар ҳам, палатадошлари ҳам уларни шу ном билан чақирадилар. Ҳатто ўлганда шу номларини айтиб, дуо ҳам қилган ҳолларини эшитганмиз.

Шундай экан, ажабланишга ўрин йўқ: дунёнинг бир қисми жиннихонадир!

2005.

Манфаатлар тўқнашганда

САВОЛ: АҚШнинг Ироқда олиб бораётган демократия сиёсатини, Европа мамлакатлари нефт учун бўлаётган кураш дейишмоқда, ҳамда АҚШ ҳукумати бўлса, ҳали Ироқда демократияни ўрнатиб бўлмасдан Эронда демократия ўрнатишни истаб қолди, яна нима деса бўлади, бу мени фикрим, агар АҚШда 2001 йил, 11 сентябр воқеаси бўлмаганда, Афғонистонда, Ироқда ва қолган қашшоқлашган мамлакатларда демократия ўрнатилмас эдими? (Қирғизбой).

ЖАВОБ: 2001 йилдан олдин ҳам АҚШ бир қатор мамлакатларда демократия ўрнатиш сиёсатига эга эди. Чунки бу унинг манфаатларидан келиб чиқади. 2001 йил эса ана шу сиёсатнинг айрим нуқталари, ҳаракат турлари ҳамда жуғрофий йўналишини ўзгартирди.

АҚШга ҳам қийин. Бирор диктатор ёки яккаҳоким режимни танқид қилса, “Гап билан иш битармиди!” дейишади. Масалан, ўзимизнинг мухолиф қарашдагилар ҳалига қадар АҚШни Каримовга нисбатан юмшоқ давранишда айблаб келадилар. Аслида эса, АҚШ Каримовни 10 йил олдин қандай танқид қилган бўлса, бугун ҳам танқиднинг тузи пасайган эмас. Бунга АҚШ Давлат департаментининг ҳар йили бир марта эълон қиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботини олиб, йилма-йил солиштирсангиз ишонч ҳосил қиласиз. Кейинги йилларда танқид ҳатто кучланиб, баъзи ҳолларда иқтисодий санкциялар даражасига қадар етганини ҳам кўрасиз.

Аммо диктаторлар бундай сиёсатни оёқ учи билан кўрсатсалар, менсимасалар, хўш нима қилиш керак? Бир томонда чора кўр деганлар, иккинчи томонда менсимаганлар.

Фалакнинг чархи айланиб, АҚШ Каримовга қарши уруш очиб қолса борми, бугун унинг душмани бўлганлар ҳам уни ҳимоя қила бошлайдилар. “Бу Мурунтов олтини учун бўлди”, “Бу ўзбек пахтаси учун бўлди” ҳатто “Бу Мақсудийлар учун бўлди” деганлар ҳам топилади.

Хуллас, сиёсат мана шунақа. Косовода мусулмонлар қатлиом қилинганда бутун дунё жим экан, АҚШ ҳимояга борганда майли, аммо диктатор Саддамни ағдарса, йўқ! Бу ҳам сиёсат!

Американинг ўзида ҳам бу сиёсат қутблашмага олиб келди ва одамлар ҳар куни шу мавзудан бош чиқармайдилар. Мана сиз билан биз ҳам шуни гаплашаяпмиз.

Эрон борасидаги хавотирингизга келганда эса, Вашингтон Теҳронга уруш очишига ишонмайман. Чунки Бушнинг тўрт йили қолди. Кейин кетади. У “Йўқ” деб турибди, ҳатто истаганда ҳам конгресс изн бермайди. Чунки у кетгандан кейин конгресс қолади ва сайловга чиқади.

Ҳа, “Конгрессда Бушнинг партияси ҳукмрон-ку” дейишингиз мумкин. Демократик режимда бу у қадар ваҳима эмас. Яқинда Бушнинг хавфсизлик борасидаги қонун-таклифига биринчи бўлиб демократлар эмас, республикачилар қарши чиқишгани ва Буш улар билан муросага боргани бунинг бир мисолидир.

Бутун дунё гапираётган ва ўнлаб китобларга сиғмаётган мавзуни қисқа бир савол-жавобга жойлаш қийин.

Мухтасар қилиб айтганда эса бу ишни АҚШ бажарадими, ўша халқларнинг ўзлари бажарадиларми, лекин барибир демократия ёйила боради. Буни тўхтатиш мумкин эмас. Чунки одамлар оқ ва қорани таниб олишмоқда.

Илгариги каби дунё бир фикрли, ёки икки фикрли эмас, балки плюрализм давридир бугун. Ҳатто Арабистон томонларда ҳам демократия истаб, намойишларга чиқиш эҳтимоли пайдо бўлгани Худо ҳокимиятни кимларгадир муҳрлаб бериб қўймаганини оддий одамлар тушуна бошлаганларидан далолатдир.

Ҳар қандай урушлар ва қон тўкилишларига қаршиман. Буни юрагимга сиғдира олмайман. Лекин бу реаллик эмас, хаёл, утопиядир. Демак, утопист эканман. Аммо айни пайтда ёруғ келажакка ишонаман. Афғонистон ва Ироқ бугун катта йўқотмоқда, лекин зулматдан ёруғликка томон катта келажакни қўлга киритмоқда ҳам.

2005.

Саволар…саволлар…

САВОЛ׃ Нимадан бошлашни ҳам билмайман. Мен иқтисодчиман, ҳали талабаман, ёшман. Мавжуд дунёқарашиму фикрлаш доирамни сизнинг ижодингиз маҳсуллари, аниқроқ айтилса, бошдан кечирганларингиз умуман ўзгартириб юборди.

Сиздек шерюрак демократ бу қузғунларни додини бера олмабтими, демак, булар катта куч! Мени бир факт жуда ҳайрон қолдиради, Ислом Абдуғаниевич мавжуд камчиликларни яширишга уриниб, вазиятни янада таҳликали кўринишга олиб келаётганини наҳотки тушунишмасалар?

Йиғилган бойликлару, ҳаром мол дунё кимга вафо қилган? Халқнинг сабрини ўлчашга қарор қилишганми? Тушунарсиз…

Ҳозир Шавкат Мирзиёев ёки Эркин Халилов ўрнида сизнинг номингиз бўлиши мумкин эди. У ҳолда мен ва менга ўхшаган ҳозирча фақат томошабинлар билан электрон почта орқали фикрлашиб ҳам ўтирмас эдингиз. Умуман Жаҳонгир Муҳаммад деган Жалолиддиндек қаҳрамон ҳам юзага келмас эди.

Хўш, сизни бу ҳаракатга ундаган ички олов уларда йўқми? Ёки сизнинг “олов”ингизни сотиб ола олишмаганми? Бунга пуллари етмаганми? Ўзи кишининг “нархи” мавжудми? Сизни ҳам “рози” қилиш мумкинмиди? Йироқда унга қарши курашгандан ўз хизматида бўлишингиз унинг учун манфаатлироқмасмиди? Сизни нима мажбур қилди? Уларда шу “нимадир” мавжудми, йўқми?

Мамлакатни шу аҳволга олиб келиб, “охирги тўрт беш йил ичида мамлакат иқтисодиётида мисли кўрилмаган ўсиш кузатилди” дея баёнот бериш кимга керак?

Жаҳон Валюта Жамғармасигами, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкигами? Уларни ўз ахборот манбаалари мавжудлигини баёнотни эълон қилувчи билмайдими? Бунинг учун ақл керакми? Ёки “мамлакат иқтисодиёти” сўзи “мансабдорларнинг шахсий бойликлари” сўзи билан алмаштириб юборилганми? Тушунарсиз…

Кўриниб турибдики, баъзи бир мухолифатчилар билан таққослаганда сиз анча жиддий “донасиз”. Агар хавфни бартараф қилиш мақсадида “йўқ қилиш” ҳаракати бошланса, сиз рўйхат бошида бўлишингиз аниқ. Аммо эмишки, “унинг боши фалон кронага баҳоланмиш”. Ёлғон имидждан кимга фойда? Сценарий бошидан охиригача ким томонидан саҳналаштирилганию, кимнинг асарилиги кўриниб туриптику? Шундай мухолифатларимизни, уларнинг гарчи мамлакатдан қувғинда бўлсада ҳамжиҳат эмасликларини кўрган жаҳон жамоатчилиги “ўзбеклар диктатурага мойил, акс ҳолда миллий низоларни ҳал қилиб беришдан бошимиз чиқмайди” деган хулосага келишмайдими?

Манфаатлар бирлашганда ҳам кишилар бирлашмаслиги мантиқсиз ҳолдир, ҳатто “ўрмон қонуни” да агар вазият оғирлашиб очлик бошланса шоқоллар ҳам каттароқ ўлжаларга бирга ҳужум қилишиб, уни овламагунча бир-бирларига панд бермайдилар, аксинча ҳамма баҳоли қудрат овга ҳисса қўшади. Фикримча мухолифатимиз олдин “монопол” бўлиб олиб кейин, ҳукуматга қарши курашмоқчи. Биринчи курашда асосий куч йўқотилса, иккинчи, ҳал қилувчи курашдан нима кутамиз? Бу ҳам тушунарсиз…

Биз ҳозир оламда муқобили мавжуд бўлмаган диктатор яратдик, бу ўз-ўзидан бўлмагани ҳеч кимга сир эмас. Наҳотки ҳокимият тепасида унга таъсир ўтказа олган киши бўлмаган? Наҳотки шундай “қобилиятлиларни” йўқ қилишдан бошланган бўлса иш? Буни била туриб ҳам унга хизмат қилишга ҳозирлар мавжудми? Манқуртлардан иборат бошқарув тизими истиқболини кўра олиш учун мунажжим бўлиш шартми? Қачонгача шу зайлда давом қилдиришмоқчи? Тушунарсиз…

Мен сизга очиқдан очиқ хат ёзишга қўрқаман. Бу сизга ишонмаслигимни билдирмайди! Ахир сиз мени Ислом Абдуғаниевичга “сотиб” нима фойда топасиз? Мен ўзимдан ўзим қўрқаман! Фақатгина ўзбекларда мавжуд “деворнинг ҳам қулоғи бор” каби мақоллар ушбу доимий ишончсизлигимиз менталитетимизга тарихдан мерослигини яққол намойиш етади.

Хўш мен кимдан қўрқаман? Биз кимдан қўрқамиз? Нега бирлашиб бу қўрқувни даф эта олмаймиз? Бизга бу ишни ким қилиб беради? Кейин биз ўшанинг хизматини қиламизми? Бу қачонгача давом этади? Тушунарсиз… (Исмини ёзмаган муаллиф).

ЖАВОБ: Бу юракни ўртаган саволлар мажмуасидир ва жавоблари ҳам ўзи билан бирга. Уларни ажратмоқчи ва ҳар бирига алоҳида тўхталмоқчи ҳам бўлдим. Аммо қарасам, ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Фақат унинг ўзим ҳақимдаги илиқ сўзларини бундан кейин ҳам демократия учун курашни тўхтатмаслика чорлов деб қабул қилдим.

Аслида бу саволларга жавоб бергандайман. Ҳа, “Қувғин” романида ва “ИАК” мемуарида худди шу саволларга жавоб топишингиз мумкин. Вақт топиб ўқишингизни истардим.

2005.

Сурат ва сийрат

САВОЛ: Саҳифангизни янгилабсиз анча рангларга бой веб-саҳифа тайёрланибди. Сиз ҳам анча ўзгарибсиз, яъни йиллар ўтган ва кўринишингиз ҳам анча хорижлик яъни амирқоликларга ўхшабди, шунга бир савол: аввалги расмингиз анча равшан ва тиниқ эди, лекин бу саҳифангиздаги суратингиз хирароқ, нимага шундай экан-а? Сизни равшан суратингизни кўришни истаган мухлисингиздан. (Фармон).

ЖАВОБ: Бу менга ёққан саволлардан бири. Чунки ҳақиқат ва киноя жуда усталик билан, ўзбекона услубда баён этилган савол.

Аввало шуни айтайки, шу каби хатлар боис такрор суратнинг эскисини қўйдим. Чунки янги сурат компютеримда яхши кўринган ҳолда. бошқа жойларда хира кўринибди. Ҳатто Фармонбек ёзганларидек, сурат эмас расм бўлиб кўринган. Аслида расм суратга нисбатан хира бўлади. Лекин меники расм эмас эди-да.

Қолаверса, бунинг ҳам кўп сабаблари бор. Баъзан компютер эски бўлади. Баъзан кўзимизга кўзойнакни тақмасдан қарашимиз мумкин ёки йиллар кўзимиздаги нурни бироз ўғирлаб қўйганини сезмай қоламиз…

Амриқоликка ўхшаб қолганим ҳақидаги гапга эса унча қўшилмайман. Чунки жуда кўп мамлакатларда ерли халқларнинг ўзига хос, миллий кўринишлари мавжуд, ҳатто Авропадаги жуда кўп мамлакатларнинг одамларини юзларидан танишингиз мумкин. Аммо Америкада бундай эмас. Америка халқи бутун дунёдан келган одамлардан ташкил топган. “Амриқолик” деган кўриниш йўқ. Агар асл америкаликлар бўлган қизил танлиларни назарда тутган бўлсангиз уларнинг келиб чиқиш нуқтаси билан туркларники айни-Олтой. У ҳолда аслимизга ўхшаб қолган бўлсак нур устига аъло нур.

Гап шундаки, расм хира бўлиши мумкин, кўринишда ўзгаришлар юз бериши табиий. Аммо тафаккур, зеҳният, дунёқараш ва ўзликда, воқеаларга муносабатда, келажакка боқишда хиралик бўлишидан Тангри асрасин.

Шу боис сиздан илтимос, келгусида саҳифамга яна кўплаб қўядиганим–суратимга у қадар эътибор қилманг, балки сийратимга назар солинг ва ёзганларимда хира нуқталар бўлса, мени воқиф этинг. Бу билан менга улкан ёрдам берган бўласиз.

2005.

Халққа эмас, хотинга

САВОЛ: Ўзи ташқарида бўла туриб баъзиларлар халқни кўтарилишга чорлашяпти, айниқса, сайловлар арафасида буни кўп кузатдик. Сизнингча бу тўғрими? (Ўзбек йигити).

ЖАВОБ: Саакашвили халқни кўтарилишга чорлаганда Авропада эмас, Тбилисида эди, Тимошенко ва Юшченколар ҳам Америкада эмас, Киевда эдилар…

Халқни кўтарилишга ташқаридан туриб чорлаш бу фақат ўз-ўзини, ўз ҳирсини қониқтиришдир.

Халқни ичидан туриб кўтармасангиз у ўзича, айниқса диктатура шароитида, қўзғалмайди.

Бозорини кўчирсангиз, ерини олсангиз, уйини бузсангиз қўзғалиши мумкин, аммо бу оддийгина ваъда билан ётқизиладиган кўтарилишдир. Бу сиёсий кўтарилишга қадар ўсиб чиқиши учун у билан ёнма-ён туриб, уни бошқариш керак.

Ташқаридан туриб, халқни кўтарилишга чорлаш “Сен ошни пишириб қўй, мен бориб ейман!” деган фалсафанинг маҳсули. Бу фалсафа фақат хотинга ўтиши мумкин, халққа эмас.

2005.

Танқиднинг фойдаси

САВОЛ:”Фарангейт 9/11″ ҳужжатли фильмини кўрдингизми, ундаги Буш ҳақидаги гаплар тўғри деб ўйлайсизми? (Сардор).

ЖАВОБ: Кўрган эдим, бундан қарийб олти ой олдин. Унда шу қадар кўп нарса борки, униси тўғри, буниси нотўғри деб баҳо бериш учун бутун бошли ФБР каби бир ташкилотнинг кучи керак бўлади.  Зотан муаллиф Майкл Мурнинг ўзи ҳам филмга баҳо бериб, “Бу менинг шахсий қарашларим” деганди.

Филм муаллифга 200 миллион доллардан зиёд фойда келтириш билан бирга халқаро Кан кинофестивалида ғолиб чиқди. Американинг 21 миллион фуқароси овоз берган “Халқ танлови” конкурсининг ҳам совриндори шу филм бўлди ва йилнинг энг яхши асари, деб эълон қилинди.

Айни пайтда филм Бушга ҳам сайлов арафасида фойда келтирди. Кўп одам Америкада демократия бўғилмоқда, танқидга тоқат йўқолмоқда, деб турган бир пайтда Бушни ердан олиб кўкка улоқтирган, кўкдан олиб ерга урган ҳужжатли филм мамлакатнинг кинотеатрларида узоқ муддат намойиш этилди ва диск сифатида кино прокатларга чиқди. Америка тарихида энг кўп томоша қилинган ҳужжатли филмга айланди. Филм баҳонасида Буш ҳақида танқидий мулоҳазали чиқишлар ҳозирламаган матбуот воситаси қолмади.

Яна бир қизиқ детал: филм ҳамма жойда намойиш этилиб, тортишувлар бораётган бир пайтда Бушнинг тарафдорлари республикачилар партиясининг қурултойига тўпландилар. “USA Today” газетаси республикачиларнинг ғазабини уйғотган филм муаллифи Майкл Мурдан ана шу қурултойда қатнашиб, репортажлар ёзишни сўради. У қурултойдан йўллаган репортажлари ҳам филми қадар аччиқ, танқидий эди.

Бундай ҳолни бошқа жойда тассаввур қила оласизми?

Бу ҳам демократиянинг бир кўриниши.

Қарашлар учун ҳурмат

САВОЛ: Барча саволларга жавобларингизни ўқиб чиқдим, кўп фикрларингизга қўшиламан, лекин баъзи нарсаларга  қўшилмадим, масалан Америка ҳақидаги гапларингизга, нега Ироқни ишғол қилиб турган Американи бунча мақтайсиз? (Саҳий).

ЖАВОБ: Биласизми, Америка ҳақида бутун америкаликлар тинмай гаплашишгани боис кўпроқ Ўзбекистон ҳақида баҳслашишни истар эдим, лекин савол берилгани боис баҳолу қудрат жавоб берганман.

Жавобларим қатъий қоидалар эмас-шахсий қарашларим. Кимгадир ёқиши ёки кимгадир ёқмаслиги табиий. Бир йил олдинги жавобим бугунгисига зид тушиб ҳам қолиши мумкин. Чунки шу бир йилда дунё ўзгаргани каби инсон ҳам, унинг қарашларида ҳам ўзгариш бўлиши табиий ҳол.

Аммо фундаментал қарашлар мавжуд ва улар осонликча ўзгармайди. Шулардан бири демократия ҳақидаги қарашларимдир.

20 йил олдин ҳам демократия тарафдори эдим ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишига ишончим мавжуд.

Биласизми, Каримов ёмон деб Ўзбекистонни, ўзбек халқини ҳақорат қилиш тўғри бўлмаганидек,  маълум бир воқеалардан келиб чиқиб (масалан, Ироқ воқеаси) бутун бошли Американи қоралашга ҳам  қўшилмайман ва бундай ҳолда Американи ҳимоя қиламан.

Демократия шароитида ҳукуматлар, раҳбарлар келиб кетувчилардир, демократия ва мамлакат эса қолувчидир.

Одил бўлишимиз керак. Агар:

-Қутайба аскарлари Ўрта Осиёни босиб олганди, қон тўкилмаган хонадон қолмаганди, халқнинг динини ўзгартириш учун ҳар бир уйда биттадан арабни қилич билан қўйишганди ва улар  ёш гўдак қизларни зўрлагандилар, бесоқолбозликни ёйгандилар, дея исломни айбласалар нима деган бўлар эдингиз?

-Амир Темур Туркияни ишғол қилган эди, мамлакатни қонга бўяганди, дея бугун турклар Ўзбекистонни қораласалар ёки ўзбекларни ҳақоратласалар қандай жавоб қилардингиз?

-Бобир Ҳиндистонни босиб олганди, дея ҳиндлар ўзбекларни “қотиллар” деб эълон қилишса ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?

-Месхет туркларини ўзбеклар қувиб чиқардилар, деб айтишганда нега жаҳлимиз чиқади?

Чунки ташҳис нотўғри.

Қарашларим қоидадир, истайсизми йўқми, шу ҳақдир, десам, у ҳолда диктаторлардан фарқим қолмайди. Фикрларимга қўшилмаслик  эса сизнинг ҳам ўз қарашингиз борлигини кўрсатади ва биринчидан, сизга нисбатан ҳурмат уйғонса, иккинчидан, қарашларим, фикрларим ўзига хос экан, дея хурсанд бўламан.

Қарашлар учун суд қилмайдилар, қарашлар учун ҳурмат қиладилар. Бу демократиянинг хосиятидир.

Америка ҳақида ҳамма гапни матбуотдан ёки интернет тармоғидан топиш мумкин. Бу очиқ жамият. Танқидни ҳам, мақтовни ҳам, таҳлилни ҳам, хулосани ҳам биздан ошириб ёзиб қўйишган ва ёзишмоқда ҳам. Лекин Ўзбекистонда бундай эмас, Ўзбекистон ёпиқли қозон. Шу боис кўпроқ ана шу ҳақда гаплашсак ёмон бўлмасди.

Ироққа келсак, Америка ироқликларнинг талаби ва Бушнинг хатоси билан кирди ва бир куни ташлаб кетади. Мана кўрасиз.

2005.

Бутунлашиш томон…

САВОЛ: Бир даврада ўтириб, қолиб “сарт” деган сўз қаердан келиб чиққанига талашиб қолдик, шу сўзга аниқлик киритсангиз, чунки тарихни анча яхши биласиз. Мани фикримда, олдинлари қозоқларни қозоқ десак, улар бизга эй сарт деб жавоб қайтаришар эди, шунга менга бу сўз худди ҳақорат сўздек туюлади… шунга сиз нима дейсиз? (Сардор).

ЖАВОБ: Тарихни яхши билиш мушкул. Чунки тарих шу қадар буюк уммонки, унинг бир қатрасини томоша қилиш учун минг умр етмайди…

Энди саволингизга келсак, Совет давридаги тарихий асарларда “сарт” калимасида икки маъно бўлгани ёзиларди. Масалан, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да шундай дейилади:

“САРТ(санскрипт)тарихий.

1.Кўчманчиликдан ўтроқ ҳолга ўтиб, қабила, уруғчилик муносабатларига барҳам берган ўзбекларнинг айрим қисмига революциядан олдин берилган ном.

2.Революциядан илгари ҳозирги Ўзбекистон территориясидаги маҳаллий халққа европаликлар томонидан берилган ном.”

Расмий-илмий қараш шундай эди. Ҳатто Ўзбекистонга ном бериш жараёнида “Сартия” номи ҳам қаттиқ муҳокама этилган ва оз қолсин шунга қарор ҳам бермоқчи бўлишган.

Халқ орасида шаҳарликлар ўзларини юксак мавқеда кўриб, “ўзбек”, қишлоқликларни эса камситиб “ўзбак” дейишса, қишлоқликлар шаҳарларда яшаганларга паст назар билан қараб “сарт” дейишган.

Худди шундай қозоқлар ҳам ўзбекларга нисбатан “сарт” калимасини ишлатишганда ана шундай мақсадни кўзлашган. Лекин бу маҳаллий доирада бўлиб сиёсий майдонга чиқмаган.

Совет давридан олдинги манбаларда ҳам “сарт” калимаси кўп учрайди. Масалан, Ҳерман Вамберининг ‘Туркий халқ” деган асарида сартлар алоҳида бир халқ сифатида тасвирланади. Улар туркий тилда гапирадиган орийлар эканлиги айтилиб, ўзбеклар билан тили бир бўлишига қарамасдан бир-биридан узоқ туриши зикр этилади.

“Ўзбеклар сарт деганда айёр, ишончсиз одамни тушунгандай уларга паст назар билан қарашади. Ўзбеклар сартлар билан камдан кам қариндош бўлади…

Сарт деган ном 800 йилдан бери мавжуд. Сартлар бошқа миллат сифатида тожиклардан фарқ қилади, шунинг учун ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, сартлар ўтган минг йиллардаёқ туркий тилда гапираётган ва турклар билан аралашган ҳолда мавжуд бўлишган… сартларнинг жуғрофий тарқалиши: қадимий Фарғона ва Ўрта Ёқсартда зич бўлиб яшаган…(“Ўзбегим”, 1992, Тошкент, олмончадан Турдибой Шодмонов таржимаси).

Заки Валидий “Ўзбек уруғлари” ҳақида ёзар экан, унинг 92 та айри номланган бови (қабиласи) бўлган дейди.

Тарихнинг ичига қараб кетаверсангиз, уммонда бўғилган каби нафас ололмай қоласиз. Бўғилмасликнинг йўли эса тарихдан тўғри хулоса чиқаришдир. Акс ҳолда майдалашиб, ўзингизни майда уруғнинг мансуби сифатида кўриб, бўғилиб қоласиз. Афсуски, ҳали тўғри хулоса чиқариш даражасига етилмади, шу боис ҳам оддий баҳслар охири ёқавайронликка боради.

Балки шундан бўлса керак, икки ўзбек учрашиб қолса, ёки бир даврада ўтириб қолишса, асосий вақтни кимнинг қаердан, қайси қишлоқ, қайси уруғдан эканлигини суриштириш учун сарфлашади. Охирида кимдир сарт, кимдир анди, кимдир қора қирғиз, кимдир эроний, кимдир найман, арғин, минг, юз, қирг, унгажит, қипчоқ, буслоқ, чурчут, олчин, манғит… ва ҳоказо ва ҳоказо бир-бирига рақиб бўлиб чиқади.

Шу боисдан ҳам туркнинг орасида бирлик йўқ.

Шу боисдан ҳам Каримов, Назарбоев, Ниёзов кабилар осонгина бу одамларни бир-бирига дишман қилиб қўйишмоқда.

Қачонки ана шу “майда-чуйдаликдан” қутулиб, буюк турклик ҳис қилинса ва мен турк деган калимадан ифтихор қилинадиган бўлинса, ўшандагина бу халқлар катта миллатга айланади ва бу миллатнинг қуёши порлайди.

2005.

Ҳали Ўзбекистон рўйхатда йўқ

САВОЛ: Қаердадир “Танлов” деган ёшлар ташкилоти борлиги ҳақида ўқиб қолдим. Лекин Ўзбекистон ёшларининг кўпчилик қисми бу ташкилотнинг номини ҳам эшитмаган бўлса керак. Бу ташкилотнинг тузилиши революция экспортининг 1-муваффаққиятсиз қадамими? Бундан кейинги ҳаракатлар қандай бўлиши ҳақида фикрларингизни ўртоқлашсангиз.(Баҳром).

ЖАВОБ: Узр, бундай ташкилот ҳақида менда ҳам батафсил маълумот йўқ.

Революция экспорти рўйхатларида эса Ўзбекистон бўлмаса ҳам керак. Чунки оддийгина одам ҳам бу мамлакатда ҳар қандай уриниш куч билан бостирилишини ва бегуноҳ одамлар қонга бўялишини яхши тассаввур қила олади.

Илгари ҳам бу ҳақда ёзиб, тинч йўл билан бўладиган инқилоб учун фақат Қирғизистонда қисман замин борлигини таъкидлагандим.

2005.

У билгувчидир!

САВОЛ: Цунамидан кейин Индонезияда, жумладан Аҳехда мачитлар бузилмай қолганини “Худонинг мўжизаси” деб ёзишмоқда. Нега Худо одамларни эмас, жонсиз мачитларни асради экан? Нима деб ўйлайсиз? (Носирхон)

ЖАВОБ: Буни ҳайит куни берилган шайтоний савол деб жавоб қилмасам ҳам бўларди. Лекин қачонгача шайтоний саволлардан қочиш мумкин?

Биласизми, Худонинг ишларини бандаси тушуна олмайди, тахмин ҳам қила олмайди. Бунга ҳатто пайғамбарлар ҳам қодир бўлмаганлар. Шу боис қайси нарса мўъжиза ва қайси бири мўъжиза эмаслигини ҳам айтиш қийин. Сизу менга мўъжиза бўлиб туюлган нарса лабораторияда ўтирган бир олимга оддий ҳол бўлиб туюлиши ҳам мумкин.

Сиз айтган мавзу ҳам дунё матбуотида, жумладан АҚШ матбуотида ҳам кўп ёритилди ва худди сиз берган саволнинг туғилишига сабаб бўлди.

Қаердадир “Фақат мачитлар омон қолди” дейилган ва телевидениеларда кўрсатилган бўлса, қаердадир бузилмай қолган черков намойиш этилди, ҳатто черковда ўйинчоқларига қадар сув тегмаган безатилган арчани кўрсатиб, “Бу Худонинг мўъжизаси”, дейишди.

Шундан кейин баъзи одамлар очиқдан-очиқ сиз каби “Нега Худо бегуноҳ болаларни, оналарни эмас-да биноларни қутқазди?” дея савол бера бошладилар. Агар бу шайтоний савол бўлса, демак мавзу шайтонга қўл келиб қолган. Бу эса мазкур хабарларни диний томонга йўйган одамларнинг билиб-билмай қилиб қўйган “хизмат”лари.

Бузилмай қолган мачитлар ёки черковни тепадан, вертолетдан туриб олинган ҳикоясини томоша қилган бошқа ва ёнига бориб масалани идрок қилган бошқа.

“Чунки бу бинолар асосан айлана устунлар устидадир ва ичкари кенглик, ташқаридан келган сувнинг иккинчи томондан чиқиб кетиши қулай бўлгани боис қаршилик кучи синади. Замонавий дунёда сувнинг қаршилигини синдириш учун “айлана” қоидасидан фойдаланилади” деди бузилмай қолган бинолар ёнига борган бир олим.

У миноралар бузилмай қолишида ҳам шу нарса рол ўйнаган бўлиши  мумкинлигини, шунингдек, ибодатгоҳлар кўпчилик кириб-чиқадиган жой бўлгани учун анча мустаҳкам қурилганини ҳам айтди. Далил эса кўплаб кичик ибодатгоҳларни сув олиб кетгани ва фақат бир нечта йириклари қолгани экан. Бунга жавобан, “Худо энди фақат катта ибодатгоҳлар истамоқда” дейишди. Ҳатто “Одам қолмаган бўлса бу биноларда руҳлар ибодат қиладими?” деганлар ҳам бўлди.

Шу даражага борилди-ки, “Худо бу билан одамзотни жазолади”, деб ёзишди ҳам. Бунга жавобан эса “Жазоласа нега энди камбағал бечораларни танлади?” деган савол  берилди.

Айримлар эса АҚШда об-ҳавонинг бузилиб кетгани оқибатида юз берган табиий офатларга ишора қилиб, “Мана энди Худо АҚШни жазоламоқда” дейишди. Лекин АҚШда юз берган ўнлаб табиий офатларда бармоқ билан санарли даражада оз киши ҳалок бўлди. Шундай нарса бошқа жойларда юз берганда билмадим, натижаси қандай бўларди?

“Ҳаммаси Худодан, истаса сув билан ювиб кетади, истаса асраб қолади” деб ҳеч нарса қилмай турадиган одам оқиб кетиши ва  бирор нарсага осилиб жонини қутқазишга интилган киши омон қолиши мумкин, деган фалсафа ҳам мавжуд. Хуллас, булар ҳам гап. Элнинг оғзини боғлаб бўладими?!

Нима бўлганини (баъзи олимлар ҳам билар) ва нима бўлишини Тангрининг ўзи билади. У билгувчидир!

Саргузашт ва саргўзашт

САВОЛ: Сиз номланишида хатога йўл қўйилганини айтганингиздан кейин Шерзод Рўзметовнинг “Йигитлик сарг(ў)заштлари” веб-кундалик саҳифаси номи “Йигитлик сарг(у)заштлари” деб тузатилди. Аммо муаллиф бу аслида хато эмас, форсчада тўғри деб ёзган. Шундай экан, тузатишга нима ҳожат бор эди? (Аслида бу саволим сизга эмас, унга) Сизга эса саволим қуйидагича: умуман ўзбек тилида мана шундай хато кириб қолган сўзларни тузатиб борган яхши эмасми, нега бунга қаршилик қилгансиз? (Маъруфжон).

ЖАВОБ: Ал-қисса:

Хатони тан олмаган эр, эрмас,

Хатони тан олмоқ осон эрмас…

Албатта хатолар тузатиб борилгани яхши. Лекин ҳар қандай сўзнинг этимологиясига назар ташлаганда бир тилдан иккинчи тилга ўтишида нима учун ўзгаришга юз тутганини ўрганмасангиз яна ҳам катта хатога йўл қўйган бўласиз.

Масалан,  “саргузашт”  билан бўлгани каби.

Ҳақиқатан ҳам мен Шерзод Рўзметовга қуйидаги мактубни ёздим:

”Саломлар…

Саҳифангизда тил ҳақида яхши мулоҳазалар мавжуд. Энди унинг номидаги “ў” ҳарфини “у” қилиб тузатсангиз, нур устига аъло нур бўлади. Чунки “Йигитлик саргўзаштлари” эмас, балки “Йигитлик саргузаштлари” ёзилса, тил нуқтаи назаридан тўғри бўлади.

Бунга веб саҳифа муаллифининг жавоби:

“Раҳмат!

Ўзбек тилидаги имлосида шубҳам бўлгани учун форс тилидаги талаффузига суянгандим. Шу кунларда тузатаман!”

Шундан кейин у яна саҳифасида қуйидагини эълон қилди:

“Саргузашт”ми ёки “саргўзашт”?

Ал-қисса: саргузашт = сар + гўзаштан

Ушбу мақола ёзилиш арафасида саҳифамнинг номи “Йигитлик саргўзаштлари” эди. Ўқувчиларимдан бири “саргўзашт” сўзининг имлосида хато қилганимни айтиб ўтди.

Ўзбек тилининг имло луғатида бу сўз “саргузашт” шаклида ёзилган бўлиши мумкин ва бу қоидани ҳурмат қилишимиз шарт! Тарихан эса “саргузашт” сўзи Форс тилидаги “сар” ва “гўзашт” сўзларидан олинган. Худди шу боғлиқлик мени янглиштирди.

“Сар” сўзи ўзбек тилига “бош”, “калла” тарзида таржима қилинади. “Гўзашт” эса форс тилидаги “гўзаштан” феълининг ўтган замон шакли бўлиб, Ўзбек тилидаги “ўтмоқ”, “кечмоқ” феълларига маъно жиҳатдан яқиндир. Демак “саргузашт” сўзининг асл тарихий маъноси “бошдан кечирилган”, “бошидан ўтган” деганидир.

Тилининг ҳар бир сўзи кўҳна тарихдан ҳикоя қилувчи миллат кўҳна миллатдир. Уни тубанликда кўриш ичимни ўртайди, қонимни қайнатади”.

Яхши гаплар… фақат лекини бор.

Маълумки, форс тилидаги баъзи сўзлар истилолар пайтида, давлат ишлари шу тилда олиб борилган пайтларда ва баъзилари тожик тили орқали кириб келган.

Умуман тиллар бир-биридан, айниқса, қўшниларнинг тилидан, ўзлаштирилган тартибда ёки айнан кўчирма олган ҳолда бойиб боради ва бунга тилшуносликда табиий ҳол деб қаралади.

Бунинг олдини олиш мумкин эмас, чунки оғзаки тил адабий тилдан олдин юради ва халқ ишлатган сўзлар барибир ёзма тилга ҳам кўчади.

Шу сабаб сўзлар олдин оғзаки сўзлашувдан ва сўнгра адабий тилдан ўрин топиши анъанавий ривожланув йўли ҳисобланган. Жумладан, туркий калималар ҳам форс ва араб тилларига кириб борган. Ҳатто рус тилининг қарийб қирқ фойизини ана шу тиллардан олинган сўзлар ташкил этади.

Шундан келиб чиқсак, юқорида баҳс боиси бўлган сўзнинг ўзбек тилидаги ёзилишига нисбатан она тилини биладиган одамда ҳеч қандай шубҳа туғилмаслиги зарур. Чунки мазкур сўз тожик тилида “саргузашт” шаклида ёзилади. Бунга бир қанча далил бор.(Қаранг: “Фарҳанги забони тожики”; Москва, 1969, 278-бет, “Таджикско-русский словар”; Москва, 1954 йил, 106-бет, “Tajiк-English dictionary”; Star Publication , 2000-йил, 55-бет ва ҳоказо).

Агар юқоридаги сўз форс тилида “саргўзашт” деб ёзилган тақдирда ҳам тожик тилида “саргузашт” деб олган бўлардилар. Чунки уларда “гўз” сўзи орқадан газ чиқариш маъносини бергани ва тожик тилида оғзаки талаффузда “т” ҳарфи тушиб қолгани сабаб “саргўзаш(т)” “Бош ўсироғи” (узр, таҳлил нуқтаи назаридан бу калимани ишлатишга мажбурман-ЖМ) маъносига тўғри келиб қолган бўларди. Бу сўзнинг форсчада ёзилиши “гоз”, лекин тожик тилида “гоз” ток қайчи маъносини беради. Ана шундай омиллар ҳам баъзан сўзларни ўзгартириб ўзлаштиришга олиб келади.

Ана энди муаллифнинг форс тилида тўғри-ю лекин “Ўзбек тилининг имло луғати”да шундай бўлиши мумкин” деган киноясига келсак, шуни таъкидламоқ лозимки, бу калима қандай ёзилишига юз фоиз амин бўлганим учун “Ўзбек тилининг имло луғати”га қараганим ҳам йўқ. Бу кенг муомалада ва ҳар қандай ўзбек билиши керак бўлган сўзлардан бири. Чунки саргузашт асарларини ўқимаган болани топиш мушкул. Шерзод Рўзметов тез-тез мурожаат қилиб турадиган Навоий ҳазратлари ҳам бу калимани “саргузашт” деб ишлатганлар. (Қаранг: Навоий асарлари луғати, Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёти,1972, 548-бет).

Лекин форс тилидан анчагина хабардор бўлганим билан барибир хато қилмаслик учун билганимни манбалардан текшириб чиқдим. Форс тилида ёзилиш шакли “гозашт” бўлиб, баъзи минтақаларда ёзилгани каби талаффуз қилинса-да аксарият Эронда “гузашт” дейилади. (Қаранг: “Persian-English dictionary”,  Теҳрон, 2002, 771 бет.)

Бунга қўшимча равишда яна шуни айтиш мумкин-ки, буз сўз қўшни Афғонистонда кенг қўлланилган дари тилида ҳам “гузашт” шаклида ёзилиб, худди шу шаклда талаффуз қилинади. (Қаранг: “Dari-English”, Nebraska,1993, 604 бет.)

Илмий ишларимнинг кейинги беш йилдаги қисми тилшуносликнинг лексикорафия жабҳасидан иборат бўлгани учун сўзларнинг этимологияси устида кўп бош қотиришимга тўғри келади.

“Йигитлик саргузаштлари” веб саҳифасида яхши  мулоҳазалар билан бирга анчагина янглиш талқинлар ҳам мавжуд. Баъзиларига компютерга киритишда йўл қўйилган хатолар дея кўз юмишга мажбурмиз. Бундай хатолар каминанинг саҳифсида ҳам ошиб-тошиб ётган бўлиши мумкин.

Лекин гап веб саҳифанинг номидан келиб чиққани ва бу хато доим жиғимга теккани учун икки энлик хат ёзгандим.

Аслида муаллифнинг уринишлари мақтовга лойиқ ва бундай интилишларни қўлламоқ керак. Чунки шундай уринишлардан ҳақиқат майдонга келади ва янглишлар тузатилади.

Сўзлар этимологияси ҳақида сўз юритганда “Минг эшитгандан бир кўрган афзал” иборасига асосланиб, масалага бироз илмийроқ ёндашилса, қиссадан ҳиссани “ҳандалак”она чиқармасдан, Шерзод айтмоқчи бўлганидек, тилимизни тубанликдан қутқазиш ва ичимиз ёниб юрмаслиги учун замин яратилади.

Акс тақдирда 1990 йилларда лотин тилидан олинган ва  халқаро муомалага кирган жуда кўп калималарни “русча” дея арабча ёки форсча сўзлар, янглиш маъно юкланган иборалар билан алмаштирилгани каби нафақат кулгили, балки илмий-сиёсий хатоларга ҳам етиб бориш ҳеч гап эмас.

2005.

Асп” бор экан…

САВОЛ: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошевнинг АҚШ Марказий Разведка ходими билан учрашгани ҳақида Интернетда мақолалар чиқди, шундай ҳол юз бериши мумкинми?(Юсуф).

ЖАВОБ: Бундай нарсаларга ишонмайман. Булар АҚШни Ҳолливуд (Hollywооd) филмларидаги каби тасаввур қилганларнинг тўқималари бўлиши мумкин. Аслида эса бугун бундай ҳол юз бериши учун ҳеч қандай имкон ҳам эҳтиёж ҳам йўқ.

Биринчидан, ЎИҲ АҚШ Давлат департаментининг террористлар рўйхатига киритилган ва ҳозир  республикачилар ҳамда демократлар орасида жиддий тортишувлар мавжуд бир пайтда шундай воқеа юз берса, бу жуда катта шов-шувга айланиб кетарди.

Иккинчидан, Марказий Разведка бошқармаси раҳбарлари алмаштирилди ва конгресс бу идорани жиддий равишда элакдан ўтказмоқда, назоратда ушлаб турибди. Шундай пайтда МРБнинг бундай қалтис ўйинларга киришини ҳеч ким тасаввур қила олмайди.

Учинчидан, АҚШнинг бунга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. Айтганини Каримов каби “асп”лар “лаббай”деб бажариб турган бир пайтда шахмат тахтасидан олиб ташланган “пиёда”лар билан иш кўрармиди?! 2005.

Қўрқув зеҳнияти

САВОЛ: Қўрқоқлик зеҳниятдаги нарса, деб кўп ёзасиз, ташқаридан туриб ёзиш, шундай хулоса қилиш осон, лекин ичкаридаги вазият бу нарса зеҳният билан эмас, балки шароит билан боғлиқлигини кўрсатади? Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганмисиз? (Аброр)

ЖАВОБ: Қўрқоқлик зеҳнияти ҳақида илгари ёзган гапларимни такрорлаб ўтирмасдан, шуни айтмоқчиманки, ташқарида бўласизми, ичкарида бўласизми агар зеҳниятингизда қўрқоқлик бўлса, тиззангиз қалтирайверади, ҳамма нарсага шубҳаланасиз, жасоратга яқин бора олмайсиз.

Битта мисол. Узоқ йил Каримовга чин дилдан хизмат қилиб, охири умидлари саробга айланган бир киши Америкадан бошпана олибди. Ажаб?! У менга почта орқали юборган асарида Каримовни оз қолсин пайғамбар даражасига етказиб қўйганди. Шу боис ундан узоқ турдим. Аммо у тез-тез телефон қилар ва менинг ёзганларимдан орфографик камчиликлар топганини, айни пайтда ўқиб кўзи очилганини, саройдаги ўйинлардан воқиф бўлиб, ухлай олмаётганини такрор ва такрор айтар эди. Кейин-кейин у мени пассивликда айблай бошлади, “Нимадир қилиш керак?”, “Бу зулмга қачонгача чидаш мумкин?”, “Умрингизни шундай ўтказиб юборасизми, фаолроқ ҳаракат қилмайсизми?”, “Ватанни қутқазиш зарур! Бу ишни биз қилмасак, ким қилади?” каби дашномларни ундан тез-тез эшитиб турдим.

Аввалига унга виждоним буюрган гапни Ватанда ҳам, ташқарида ҳам айтишдан бир зум тўхтамаганимни, Каримов бўладими, Эшмат ёки Тошмат бўладими, қаршисида қалтираб, қуллуқ қилмасдан юрагимдаги гапни очиқ айтиб келаётганимни тушунтиришга уриндим. Бу унинг учун кам эди.

“Туронзамин” журналини ташкил қилиш арафасида унга фахрий таҳририят аъзолигини таклиф қилдим. Шу куниёқ ундан электрон мактуб келди ва журналда Каримов номини ишлатмаслик, фақат “режим” деган гап бўлиши кераклиги, одамлар менинг Каримовда шахсий алами бор, дейишаётгани ҳақида узундан-узоқ панд  насиҳат берганди.

Унинг фахрий таҳририят аъзолари рўйхатида номи туришдан ваҳимага тушганини сездим ва қўшмадим. У яна эскиси каби мени жасоратга чақира бошлади. Шунда унга бир электрон мактуб йўллаб, ўзи истаган мавзуда, фақат режимни фош қиладиган, демократияга хизмат қиладиган бир мақола ёзиб беришни ҳамда истаса буни бир тахаллус остида эълон қилиш мумкинлигини айтдим.

Биласизми, жавоб нима бўлди, “Онам ўша ерда, бу йил ҳам  ўтган йилдаги каби онамни кўришга боришим керак!…”

У ердагилар кимнинг қандай ёзишини услубига қараб билиб оладилар, деган ваҳима бор эди унинг ичида. Ватанда туриб Каримов ҳақида ёзиб, ўз исмини очиқ айтаётганлар қўрқмаса-ю, АҚШдан бошпана олган бу одамнинг баҳонасини (шароит!) қаранг!

Мана қўрқоқлик зеҳнияти. Унинг исмини ёзмадим, ёзмайман ҳам. Юраги хуружлаб, бир кор-ҳол юз бериши ҳеч гап эмас. Воқеани батафсил баён қилганимнинг ўзидан ҳам у қўрқиб кетиши мумкин. Узр сўрайман. Акс тақдирда қўрқоқлик зеҳниятини кўрсатиш қийин бўларди.

Менимча қўрқоқлик бундай одамларнинг генида бор. Йўқ, қўрқоқлик ота-бободан ўтадиган ирсий касаллик десам бундай одамларни оқлаб  қўйган бўламанми деб ҳам ўйлайман.

Исмини бошқа қўйиб, адресини бошқа қўйиб, бошқалардан жасорат талаб қиладиганлар кўп.

Улардан ҳам ранжимайман. Чунки бу уларнинг қўлида эмас, бу уларнинг зеҳниятида.

Қўрқувни енгиб, ўз зеҳниятини бошқара олиш  ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Ўз зеҳниятига соҳиб чиққанлар эса ватанда бўладими, ташқарида бўладими виждонлари буюрганини бировларга буюрмасдан ўзлари бажарадилар.

2005.

Ишончни йўқотган одам

САВОЛ: Гуржистон ва Украинадаги каби Ўзбекистонда ҳам инқилоб қиламиз деб жар солаётган Муҳаммад Солиҳга халқ эргашмаётганига қандай сабаб бўлиши мумкин. (Зафар).

ЖАВОБ: Бу мавзуда илгари батафсил ёзган эдим. Халқда ҳам, мухолифларда ҳам унга ишонч йўқ.

Қолаверса, Ўзбекистонда Гуржистон ёки Украинадаги каби ҳол юз бермаслиги сабабини кўра олмаслик сиёсий ожизликдир.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, Гуржистон ва Украинадаги каби вазият Ўзбекистонда 1991 йилда ва 1992 йилда юзага келганди.

1991 йилда 7-сессияда Каримовни кетказиб, ўрнига Мирсаидовни олиб келиш режаланганда  ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасидан ҳам қўшилганлар кўп бўлган. Аммо Каримов бир кун олдин кечки зиёфатда Мирсаидов ва Муҳаммад Солиҳни қўлга ола билганди.

Мирсаидов сессияда “Менга мансаб керак эмас” деса, Муҳаммад Солиҳ эса бизни танқид қилиб чиққанди.

Кейин 1992 йил 2 июлда иш бошлаган сессияда Каримовнинг нутқини индамай ўтказган ҳолда, унга ёмон кўриниб қолган Олий Мажлис раиси Шавкат Йўлдошевни четлаштириб, ўрнига қўйиладиган янги раис орқали янгитдан сайлов белгилашни менинг уйимда тўпланиб, келишиб олгандик. Тўпланган депутатлар орасида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. У 2 июлга белгиланган митингларни бизга номаълум бўлган сабаблар билан қолдиргани бир томон, келишувни бузган ҳолда сессияда Каримовга савол бермоқчи  бўлди ва бундан фойдаланган Йўлдошевнинг “Салай Мадаминов ўрнингизда ўтиринг” деган гапига жаҳл қилиб, истеъфо бериб юборди. Бу билан барча режаларни пучга чиқарган эди.

Унга эргашишмаётганининг жуда кўп сабабларидан бири ана шу деб ўйлайман. Лекин кутиб туринг, кўрасиз, гарчи ишончни йўқотган киши иштонни йўқотган киши ҳолида бўлсада,  бу одам ҳали одамларни кўп лақиллатади.

2005.

Мушкуллик

САВОЛ: Лондондан қайтиб келиб, тушкунликка тушиб қолгандайман. Чунки мен “Ватан”га қайтиб келганимдан пушаймон чекмоқдаман. Менга маслаҳатингиз керак. Интернетда асарларингизни очиш қийин бўлиб бормоқда. Сизнинг китобларингизни Ўзбекистондан топишнинг иложи борми? (Равшан).

ЖАВОБ: Йўқ, китобларимни Ўзбекистондан топа олмайсиз.

Ҳа, Интернет орқали ўқишингиз ҳам қийинлашиб қолмоқда. Чунки борган сайин Ўзбекистон ҳукумати сайтларни очишни мушкуллаштирмоқда. Шунга қарамай, айланиб ўтадиган серверлар орқали очишингиз мумкин ёки қидирув саҳифаларига ўзбекча сўзлар, исмлар ёзиш орқали ҳам кўп нарса топишингиз мумкин.

2005.

АҚШнинг хатолари…

САВОЛ:  Нега АҚШнинг ҳозирги кунда қилаётган хатолари  кўпайиб кетди?(Фаррух).

ЖАВОБ: АҚШ катта мамлакат ва қайси иши ютуқ ва қайси иши хато эканлигини ҳар куни конгресс муҳокама қилиб боради ҳамда матбуот ҳам ҳар куни фикрини билдиради.

Ҳатто қизиқчилар ҳам ҳар кунлигини ҳар кун масхара қилиб турадилар.

Илгари таъкидлаганимдек, бу очиқ жамият.

Қизиқ, биз Ўзбекистондаги аҳволни тўғри таҳлил қила олмаётган бир пайтда АҚШнинг хатоларини қандай кўраяпмиз?

2005.

Мамлакатни бошқариш

САВОЛ: Сайтингиздаги қизиқарли савол-жавобларни ўқиб, мен ҳам ўзимни қизиқтирган, бевосита Америкага ҳам алоқадор бўлган нарсани сўрамоқчи эдим. “Free Mason”лар ҳақида нимани биласиз? Улар ҳақида айтилаётган фикрларга қўшиласизми? Американи масонлар бошқаради, дейишади шу тўғрими?(Масуд).

ЖАВОБ: Бир пайтлар СССРни йиқитган ҳам масонлар, Горбачев ҳам масон, ҳатто ниқоб кийиб, уларнинг мажлисларида қатнашади, деб оддий одамлар эмас, машҳур рус ва белорус ёзувчилари иддао қилишганди.

Туркияда яшаганимда эса, матбуот ва ёзилган китоблардан шундай фикр келиб чиқардики, бу мамлакатни тузган ҳам, бугунга қадар бошқариб келган ҳам масонлар экан, деб ўйлаб қолардингиз. Туркияда масонларнинг “ложа”лари ёпиқ шаклда иш олиб борарди.

Америкага келганимдан кейин билдимки, бу ерда масонлар очиқ иш олиб борар ва ҳеч нарсани яширмас эканлар. Бу дунёни маърифат ва маданият асосида, бир бутун ҳолда кўришни истаган одамларнинг жамоаси экан ва энди хайрия фаолиятига эга бўлган бир жамият ҳолига тушиб қолибди.

Аммо илгари яширин жамият номини олган  ва турли миш-мишларга боис бўлган. Бугун турли қарашдагилар ёки турли соҳадагиларни бирлаштириб, лоббичилик ишларини олиб борадиган бундай гуруҳлар жуда кўп. Масалан, “Калла суяги” гуруҳини кучли ва Американи бошқара олади, деб ишонганлар ҳам йўқ эмас ва ҳатто бу ҳақда филм ҳам қилишган.

Демократия шароитида сиёсий партиялар мавжуд экан, бундан жамоаларнинг кучига эҳтиёж қолмайди.

Аммо худди уруш фахрийлари, овчилар, эрсиз хотинлар, ҳатто бесоқолбозларнинг жамиятлари бўлгани каби, турли қарашларга эга бўлганларнинг  ҳар хил гуруҳлари бўлиши мумкин. Улар мамлакатни бошқариш даражасига қадар кўтарила олмайдилар. У ҳолда сиёсий партияларга эҳтиёж қолмаган бўларди.

2005.

Геополитик воқеалар

САВОЛ: Айни пайтда Осиёда, хусусан Ироқ ва Фаластинда қирғинбарот урушлар бўлаётгани, Марказий Осиё ва Афғонистонда уруш таҳликаси, Қозоғистон ва Туркманистоннинг Ўзбекистон билан ҳудудий масалада мушт тираб туришгани, эндигина эсдан чиқа бошлаган “совуқ уруш” алангаларининг Марказий Осиёда кўзга ташлана бошлагани, Хитойнинг Россия томонидан имтиёзлар эвазига қирувчи самолётлар билан қуроллантирилаётгани, қуролланиш пойгаси, Эрон ва АҚШ муносабатлари… булар  сизга нимани англатади? Наҳотки совуқ уруш бўлиши муаққақ ва бунинг олдини олишнинг иложи йўқ? Бу масалаларнинг умумий жиҳати борми ёки шунчаки тасодифми?(Йигит).

ЖАВОБ: Бундай геополитик ҳодисалар ҳамма вақт бўлган ва бўлади. Уларнинг олдинга бўртиб чиқиши информация жабҳасининг кенгайгани билан изоҳланиши мумкин. Агар Ўзбекистонда бўлсангиз буларнинг кўпидан бехабар ўтирар эдингиз. Аммо четда бўлсангиз ёки мамлакатда бўлиб Интернетга ҳар куни кира олиш имтиёзингиз бўлса, табиийки бундай воқеалар қаршисида ўйланиб қоласиз.

Бир пайтлар катта-катта мамлакатлар сув остида қолиб кетганда ва урушлар халқларнинг тинкасини қуритиб юборганда дунёнинг ярмидан кўпи бундан бехабар бўлган.

Бугун эса қаердадир қизи онасини хизматкор қилиб ишлатгани ҳақидаги хабарни ўқиб, бир мулла ана дунёнинг охири келди, қиёматга яқин қолди, деб ваъз айтганини ҳам эшитганлар бор…

Беъмани ва асоссиз

САВОЛ: Эшитишимча ғойибий, “машҳур”, “тилларда достон сиёсатчи” Усмон Ҳақназаров таниқли ўзбек журналисти Исмат Хушевмиш, аниқроғи, Исмат Хушев  “Мен Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан И.А. Каримов кирдикорларини фош қилдим” дея сиёсий бошпана олганмиш. Шу ҳақда бирор маълумотга эгамисиз?(Ўзбек).

ЖАВОБ: Йўқ, бирор маълумотга эга эмасман. Шу боис ҳам хатингизни Исмат Хушевга юборган эдим ва унинг жавоби қуйидагича бўлди: “Бунақанги бемаъни ва асоссиз саволлар жавоб беришга арзимайди.”

Аммо мен ҳар қандай саволларга жавоб бераман, деб ваъда қилганим боис саволингизни эътиборсиз қолдирмадим. Юқоридагиларга шуни қўшимча қила олишим мумкинки, АҚШдаги судларда таржимон бўлиб қатнашган бир танишимнинг айтишига кўра, “Усмон Ҳақназаровлар кўпайиб кетди”.

Аслида “Ҳақназаров”ларнинг даъвосига ишонганлар ҳам анқов. Чунки Усмон Ҳақназаров имзоси остида Каримов фош қилинган эмас, балки унга хизмат кўрсатилганди. Бу ҳақда анчагина ёзган ҳам эдик.

2005.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди

САВОЛ: Мухолифат лидерларини жуда кўп одамларга сиёсий бошпана олишда уларга тавсиянома ёзиб берган деб айтишади, бу бизнеснинг “раҳмати” қанча туради? Сиз ҳам уларнинг ичида бормисиз?(Мақсуд).

ЖАВОБ: Кимларга тавсиянома ёзиб берганимни АҚШ муҳожират идораси орқали текширтиришингиз мумкин. Зотан “дўстлар”дан бири устимдан ёзган юмалоқ хатлардан кейин расман текшириб ҳам чиқишган бўлишса керак.

Ўз ташаббусим билан бировга тавсиянома ёзганим йўқ. Фақат ишлари судда бўлганда, ёки бошпана олишаётганда илтимос билан мурожаат қилишгани боис, Хайрулла Исматуллаев, Авазхон Мухторов, Ҳалима Усмонова, Навбаҳор Имомовага ёзиб берганман. Бу қадар.

Шунда ҳам уларнинг шахси ҳақида эмас, балки Ўзбекистондаги режимнинг ҳар қандай одамга таҳликаси ҳақида ёзганман. Бу уларга фойда берганми йўқми, буни билмайман. Улардан раҳмат кутганим йўқ. Зотан улар билан ҳеч қандай алоқада ҳам эмасман.

Мухолифат номидан унга ҳам, бунга ҳам “мухолифатчи” дея тавсиянома ёзиб, “иш” кўриб юрганлар ҳақида кўп эшитганман. Лекин қулоқ билан эшитган гапга эмас, қўл билан ушлаган нарсага ишониш керак. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Агар шундай гаплар рост бўлса, бир кун ундан ҳам хабардор бўлиб қолармиз.

2005

Эски савол

САВОЛ: Мен бугун сайтингиз ҳақида бир бошқа сайтдан маълумот олиб, қизиқиб кириб қолдим. Эътиборимни анча нарсалар тортди. Ўзингизга маълумки, Ўзбекистонда бундай сайтларга бан қўйилган.  Бундан олдин бир- икки мухолиф партиялар ва ҳаракатларнинг ҳам саҳифасини кузатган эдим.

Аммо очиқ тан олиш керакки, мени кўнглим тўлмади. Ўзбекистондан АҚШга яқинда келганимни ҳисобга олсак, бу системани тамомила синдиришга арзийдиган кучлар  бор, деб ишонган эдим. Аммо, билмадим… Менга сезилдики, ҳали даражага чиқмаган.

Энди саволимга келсак, сиз нима деб ўйлайсиз, бизни оппозиция етилди деб ҳисоблайсизми? Бошқача айтганда, шу бугунги оппозиция амалдаги ҳукуматни ўрнини эгаллашга ҳақлимикин? (Ҳикмат).

ЖАВОБ: Хуш келибсиз, АҚШга ва ҳамда менинг саҳифамга. Тошкент ҳукумати веб саҳифага бан қўйгани боис ҳозир ватандаги ўқувчиларга янги нарсаларни электрон почта орқали юборишни йўлга қўйганмиз. Келгусида улар китобларни ҳам олишлари мумкин.

Энди бевосита сўровингизга келсак, агар савол-жавобларнинг  биринчи китобга жамлангани ва шу ердагиларини кўриб чиқишга вақт топа олсангиз тўла жавоб топасиз.

Ҳар каллада ҳар хаёл

САВОЛ: Дин ҳукмрон бўлган шароитда демократия ривожланадими ёки демократия шароитида динга кенг ўрин бериладими?(Собит).

ЖАВОБ: Баъзи уламоларнинг умумий гапларига қулоқ солсангиз дин ҳукмрон бўлганда ҳамма ҳақлар устивор бўлади, дейдилар ва бу демократиядан ҳам афзал эканлигини айтадилар. Бугунга қадар бу хаёл тарзида қолмоқда ва амалга кўчишини ҳам Худо билади.

Мавжуд ҳаётга қарасангиз мамлакатни дин асосида юритаяпмиз, деб иддао қилган барча давлатларда яккаҳокимлик, диктатура, зулм ҳукмрон. Масалан, Саудия Арабистони ва умуман жуда кўп Яқин Шарқ ўлкалари. Албатта, ўзини демократик тузум деб атаган баъзи давлатларда ҳам шундай ҳолни кўриш мумкин. Масалан, Ўзбекистон, Белорус, Туркманистон ва ҳоказо.

Бир қатор диндорлар эса ҳақиқий диний эркинликни, эркин ибодат қилишни ва бу борада ўйлаганларини қўрқмай айта олишни демократик давлатлардагина топганларини ёки кўриш мумкинлигини айтадилар.

Хуллас, бу борада ҳар каллада ҳар хаёл.

Аммо мавжуд тузумлар орасида инсонга энг мақбули демократик тузум эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

2005

Мақтовга ошиқмиз

САВОЛ: Яқинда собиқ бир ҳамкасбингиз сизни у ҳеч кимни мақтамайди, деб айтди. Нега шунда? (Шерзод).

ЖАВОБ: Мақтов энг ноёб неъматлардан бири бўлиши керак, деб биламан. Албатта, юракдан чиққан самимий мақтовни. Аммо мансабига қараб ёки кичик бир манфаат учун туғиладиган мақтовлар вужудига тушган қурт каби миллатни емиради.

Мақтовимни қозонганлар кўп. Бир неча мисол׃

БОЙМИРЗА ҲАЙИТ, саксоннинг манзилида, шол бўлиб, тўшакка михланиб қолганларига қарамай яқинда яна бир китоб чиқардилар. “Миллий Туркистон ҳуррият даъвоси” номида. Ҳозир эса хотираларини ёзмоқдалар. Кеча телефон қилганимда 700 саҳифа бўлди, дедилар. Қойил қолиш керак бундай жасоратга!

МЕРИТ ВАРНЕКИНГ, Орегонда бизга меҳрибон она бўлган ва     кетишимизда вокзалда ҳўнграб йиғлаб қолган, бизга Америка ва америкаликларни севдирган, саксонда ҳам сакраб юрган толмас ая.

ЭВРИЛ ТУРОН (Мамадали Маҳмудов), Советлар даврида мустақиллик дея очиқ ҳайқирган яккаю ягона адиб, мустақил Ўзбекистонинг зиндонбанд этилган арслон ўғли…

РАСИМ ЭКШИ, умрининг сўнгги кунларини Амир Темур мақбараси ёнида ўтказишни орзу қилган турк алпомиши, Темур билан жангда енгилган Йилдирим Боязиднинг эвараси.

НАЗИР РАЖАБОВ, Ўзбекистонга биринчи президент бўлиш учун туғилган, аммо Гдлян ва Каримовннг зулмига учраган улкан ташкилотчи ва беқиёс адолатсевар.

САМАНДАР ҚЎҚОНОВ, Каримовнинг юзига тик қараб, ўзбекнинг ажалисан, деган ва қарийб 15 йилдан бери қамоқда ётган буюк ирода соҳиби…

Ва яна қанчалар…

Лекин гапнинг индаллоси шуки, биз мақтовни севадиган, халқмиз. Хато қилдим. Бутун дунё аҳли-инсон зоти шундай бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда шунга яқин. Фақат бизда танқидни душманлик деб билиб танқид қилган одамни асло кечира олмаслик жуда кучли.

2005.

Услубнинг сақланиши

САВОЛ: “Туронзамин” журналининг навбатдаги сонида  “Муаллифнинг ўзига хос ёзиш услуби сақлаб қолинди” дейилган. Муаллифлик ҳуқуқи ва унинг сақланиши ҳақида билардим, аммо услуб ва унинг сақланиши ёки паймол қилиниши (сақлаб қолинмаслиги) ҳақида эшитмаган эканман. Буни қандай изоҳлайсиз? (Ўзбек).

ЖАВОБ: У ерда муаллифнинг жумла қуриши, баъзи номларни кичик ҳарф билан ёзиши, нуқтадан кейин кичик ҳарф билан ёзиши ёки нуқта қўймай ёзиш каби услуб ҳамда бугун Ўзбекистонда расман қабул қилинган лотинча ёзув тарзида эмас, балки интернетда қўлланилаётган “қўлбола” лотинча билан ёзилгани каби ўзига хослик ҳақида гап борган.

Ҳақиқатдан ҳам бугун бир қатор ёзувчилар жумла битгандан кейин нуқта қўймай ёки нуқтадан кейин кичик ҳарф билан ёзган ҳолда, жойлар номини кичик ҳарфларда битиб, китоблар нашр этмоқдалар. Бу ҳам бир ёзув услуби сифатида қабул қилинмоқда. Журнал тайёрланиши жараёнида муаллиф ёзганларининг маъносига тегмасдан силлиқланиши ва расмий ёзув шаклига  туширилиши мумкин эди. Лекин асл ҳолида сақлашга қарор қилдик.

“Хатлар” саҳифасида ҳам муаллифларнинг турли шаклдаги услублари ва ҳатто хатоларига ҳам тегмаётганим шундан. Бу балки табиийликни таъминлар ва айни пайтда муаллифларнинг ўзбек тили ёзуви борасидаги билимлари даражасини ҳам кўрсатишда ўзига хос бир йўл бўлиши мумкин.

Қолаверса, 1970 йилларнинг охирида Ўзбекистон радиосида ишлаганимда бир куни ёзганларимни Ғайбулла Асадуллаев деган киши таҳрир қиладиган бўлиб қолди. У чизғични сатрлар устига қўйиб, тўғри чизиқ тортиб, ҳамма нарсани қайтадан ёзиб чиқди. Бу ғуруримга тегди. Жаҳлим чиқди ва ёзганларимни ҳамда унинг таҳриридан кейинги матнни кўтариб, каттароқ бошлиқ Ортиқали Тиловбердиев ёнига бордим. У Ғайбулла акани чақирди:

-Жумла қурилишлари тескари экан,-деди у.

Мен ҳар кимнинг ўз услуби бўлади, дея маҳкам туриб олдим ва бошлиқ асл матнимни кўриб, қўл қўйиб берди.

Шу воқеа дарс бўлган. Бошқаларнинг ҳам “мен”ини ҳурмат қилиш керак деб ҳисоблайман.

2005.

Шаҳриёрлар

САВОЛ: Сизнинг тил оламида кўпгина нарсалар ва кимсалар ва уларнинг тарихларини билишингизни биламан. Мен бир нарса ҳақида кўп тўхталиб қолдим. Бизнинг халқимизга маъқул бўлган Эронлик ёки Форсий давлатлардан чиққан фан арбоблари (олимлари), ва уларнинг ҳаёти ҳақида қисқа бўлса ҳам маълумот беролмайсизми?(Шамс).

ЖАВОБ: Сиз жавоби ҳатто бир китобга ҳам сиғмайдиган савол берибсиз. Менимча, фақат баъзи номларни эслашнинг ўзи кўп нарсани англатади. Абулқосим Фирдавсийдан Абдулло Рудакийга, Умар Хайёмдан Ҳофиз Шерозийга, Абдулла Ансорийдан Носир Хисравга, Камол ул Мулкдан Муҳаммад Шаҳриёрга қадар узанган йиллар занжирида яна қанча-қанча номлар борки, сизнинг саволингизга ўзларида ўнлаб китобларни мужассам этганлар.

Каминга келсак,  Эронда туркий тилда ёзиш у ёқда турсин туркийда сўзлашув қатағон қилинган бир пайтда бу тилнинг латофати ила дилларни забт этган буюк шоир Шаҳриёр улуғ аллома ҳисобланади. Туркнинг тили бу қадар латофатли, тоғлардан инган ирмоқлар садоси каби ёқимли, дилнинг вулқонини сатрларда байроқ қилгувчи исёнкор эканлигини исботлаган улуғ турк шоиридир у.

Бир вақтлар “ШАҲРИЁР” деган бир шеър ёзгандим:

Мани ҳур моний деманг,

Зиндон манимдур.

Мани эроний деманг,

Эрон манимдур.

Мани шоҳга тан деманг,

Туркон манимдур,

Мани беватан деманг,

Турон манимдур!

Эслатма ўрнида:

1.Моний-ўзини ҳур деган, идеалистик монизм фалсафаси тарафдори.

2.Туркон- турклар дегани, Туркон исми илгари машҳур бўлган. Амир Темурнинг хотинларидан бирининг исми ҳам Туркондир.

Ўзбекистонни қутқазаса бўлади

САВОЛ: Халқимизни сиз ҳам, мен ҳам яхши биламиз ва ҳозир Ўзбекистонда ҳукм сураётган вазиятни ҳам ҳар-бир ёш болагача яхши билади. Ҳар ким, ҳар нарса дейди, аммо Ўзбекистонда авж олган ўғирлик, порахўрлик, талончиликларга чек қўймай туриб, халқни аҳволини ўзгартириб бўлармикин?

Ўзбекистонда оддий милиция ходимидан тортиб, катта-катта амалдорларгача халқдан бирон нарса ундириш билан овора. Халқимиз ҳам ўрганиб қолган шекилли, агар сиз бирон жойда ишлайман, деб айтиб қолсангиз биринчи бериладиган “савол” “тушум борми?” бўлади. Шу аҳволда бу ифлосгарчиликларга чек қўйиб бўлади, деб ўйлайсизми? Халқ порага нашаванд бўлиб қолмадимикин?

Сиз мана шунча йил ҳар-хил мансабларда ишлаб келган инсонсиз, сиз ҳозир яна бирон курсини эгаллаб қолсангиз фаолиятингизни нимадан бошлайман, деб ўйлайсиз, айтайлик “бош вазир” даражасини эгалладингиз. Порахўрлик ҳукм сураётган тузумга қарши қандай курашган бўлардингиз? Менимча амалдорларнинг ҳаммасини қамоққа тиқиш тўғри йўл бўлмаса керак, деб ўйлайман, сиз нима қилиш керак, деб ўйлайсиз? Балки чет эл инвестициясини кўпроқ жалб қилиб, иш ўринлари яратиш йўли билан халқни социал аҳволини озроқ ўзгартириб, кейин курашиш керакдир “ифлосгарчиликка” қарши.

Ва ниҳоят, Сиз Ўзбекистонда ишлаган вақтингизда порахўрликни кўриб туриб кўз юмганмисиз, ёки сиз ҳам шу ишни қилишга мажбур бўлганмисиз? (Европалик Ўзбек).

ЖАВОБ: Дарҳақиқат, жамиятни демократик йўлга қўймай туриб, сиз айтган иллатларга қарши курашиш мушкул. Аввал айтганингиз каби  порахўрликнинг илдизини кесадиган замин яратмоқ керак.

Агар одамлар меҳнатларига яраша ҳақ олсалар, шароитлари эҳтиёжларини қондирса ва ўз инсоний қадрларини англасалар нега ўзларини камситиб пора бериб пора олсинлар?!

Қолаверса, бунга имкон берадиган туйнуклар қонун йўли билан бекитилиши ва энг аввало ҳуқуқ тартибот органларининг ўзи ҳалолликка ўргатилиши керак. Бунинг учун биринчи галда очиқ минбар, эркин матбуот зарур. Инсон фитрати аслан ёмонликка ёна эмас, балки яхшиликка ёнадир. Агар топгани ўзига етса у нима учун пора олиб, ҳаётини таҳликага қўйсин?!

Ўзбекистонда ишлаган йилларим 700дан зиёд танқидий мақола ва фельетонларим чиққан матбуотда. Доим бечоралардан, ғариблардан ёна бўлганман. Пулим ўзимга етарли бўлган. Тўрт беш жойга ёзиб турганим учун яхши қалам ҳақи олар эдим.

Каримов ва унинг малайлари кўп излашган, агар бир жойдан бир нарса топганларида “байроқ” қилишарди. Тополмаганлари учун ҳам туҳматдан бошқа чоралари қолмаган. Бу туҳматни Каримовнинг қўлидан ўзини мухолифатчиман деб юрган баъзи бўҳтончилар ҳам олдилар. Лекин туҳмат туҳматлигини кўрсатар экан, ўзлари шарманда бўлдилар.

Ўзини, виждонини порага сотадиганлардан устун бўлганим учун ҳам ўзимни бахтиёр деб биламан. Бир одам ўзлигини пулга сотишини тасаввур қила олмайман! Пора олганимда қачонлардир ўлиб кетган бўлардим, олмаганим учун ҳам тирик қолганман. Порани қайтарганим, менга ҳаётимни қайтарган.

Ўзбекистондан бирорта мансаб олиш иштиёқим йўқ. Буни ҳар доим очиқ айтиб келганман. Лекин Ўзбекистонни қутқазиш керак бўлса, бу масалада истаган пайт истаган одамга ёрдамга ҳозирман. Чунки ҳали ҳам Ўзбекистоннинг келажагини қутқазса бўлади деб ҳисоблайман.

2005.

Режимнинг қилмиши

САВОЛ: Кеча бир журналист домлам билан гаплашганимда у Чори Аваз деган одам ҳақида гапириб қолди, веб саҳифангизда у ҳақда маълумот беришингиз мумкинми? (Абдувоҳид).

ЖАВОБ: Худо раҳмат қилсин, хокисор, истеъдодли, камтар, заҳматкаш журналист, юраги дардга тўла бир шоир эди.  У адолатсизликка, истибдодга ва зулмга шеърлари билан исён этган, режимга мухолиф шоир эди. У бевақт оламдан ўтганди. Бевақт ўлим бир ноёб шоирни элдан юлиб кетган бўлса, унинг акси бўлган бир шоирани етиштирди.

Илгари зулмдорлар рақибларини ўлдириб, уларнинг болаларини ўзларининг йўлларида тарбиялар эканлар. Бугунги режим ҳам ана шундай бадбахт ва бадкордир!

Чори Авазнинг меҳрига зор бўлиб, бугунги жамиятнинг тарбиясида унган, ҳали Қаршидаги мактаб-интернатни битирмаган бўлса ҳам, бугунги режимни улуғловчи бир қанча китоблари чиққан Гули Нигор Авазованинг мана бу шеърлари фикримизга далилдир.

ПРЕЗИДЕНТ БОБОМГА

Бургутга ҳавасим келади,

Шижоат, куч – ғайрат тимсолидир у.

Бўронлар писандмас, тиғдай тилади,

Юксак – юксаклари кўзлаб учар у.

Сиз бургут мисоли мард -у улуғвор,

Баланд учаяпсиз келажак томон.

Ёмон кўзнинг Сизга етмоғи душвор,

Ўзбегим бахтига бўлгайсиз омон!

Аммо бир кун Гули Нигор раҳматли отасининг руҳига қайтишига ишонаман.

Режим янги бир авлодни, янги бир зеҳниятни улғайтирди. Эндиги ишнинг қийинчилиги ҳам мана шунда. Янги авлодни ўзлигига қайтариш машаққати билан юзма-юзамиз.

ВАШИНГТОН: 2004-2005 йиллар.

Jahongir Mamatov׃ Zehniyat jumbog’i

Savollarga javoblar

Boshqalarning ko’rganlariga ehtiyoj

SAVOL: O’z kamchiliklaringizni ham ko’rasizmi yoki faqat boshqalarning kamchiligini qidirasizmi? (Aslambek).

JAVOB: “Do’st achitib aytadi” degan ham biz, “Tanqid otangga ham yoqmaydi” degan ham biz…

Birovning kamchiligini ko’rib, aytmay ketishlikni o’sha odamga nisbatan dushmanlik qilish deb bilaman. Bu hisni ko’tarib yurolmayman. Aytaman va engil tortib yo’limda davom etaveraman.  Bu-xarakterim va buni o’zgartira olmasligimni ham bilaman. Kamchiligimni aytganlardan birortasidan xafa bo’lgan emasman, aksincha hurmat qilaman. Lekin tuhmat qilishsa, nohaqlik qilishsa bunga ham ko’z yumib ketmayman. Ko’z yumish qo’rqoqlik.

Ammo bugunga qadar kim tuhmat qilgan bo’lsa,  jazosini Allohdan oldi va olmoqda. Bu kuch beradi. Demak, buyuk ADOLAT mavjud.

Shunday bo’lsada tuhmat qilganlarning basharasini ko’rgim kelmaydi. Shundaylardan biri “Siz siyosatchi emas, kulib, quchoqlashib, yaqin bo’lib yuravermaysizmi, vaqti kelganda oyog’ining ostidan narvonni olib qo’yasiz” degandi. Agar shu siyosat bo’lsa, demak rostdan ham siyosatchi emasman!

Orqadan fitna qilishni emas, ochiq kurashni tanlaganman. Sirtdan gapirganlarning gapiga emas, yuzimga, ochiq gapirganlarning gapiga e’tibor qilaman.

Inson o’z kamchiliklarini o’zi ko’ra olganda u mukammal zot bo’lur edi. Afsuski, shunday emas. Shu bois har kimning ham  boshqalarning ko’rganlariga ehtiyoji bor. 2004.

Gavhar va gav-xar

SAVOL: Siz bugun muxolifat yo’q debsiz. Lekin ba’zilar “Bugun butun xalq muxolifatdir” deb yozishmoqda. Bunga nima deysiz? (Baxtiyor).

JAVOB: Albatta bunday gap o’zlari muxoliflikni uddalay olmagan kishilardan chiqadi. Keyingi 15 yilda bu gapni ko’p eshitdik. Lekin hech qachon  rejimlarni  butun xalq o’zgartirmagan, uning bir qismi o’zgartirgan.

Hatto keyingi paytda eng ko’p misol qilinadigan Serbiya va Gurjistonda ham inqiloblarda xalqning faqat bir qismi, juda oz qismi ishtirok etdi. Shuning uchun butun xalq muxolifat va rejimni uning o’zi o’zgartiradi deyish bu menga nima, degandek gap.

Bugun erkin saylov bo’lganda ham xalqning anchagina qismi Karimovga ovoz berishi turgan gap, chunki xalq juda ishonuvchan va karimovchilar esa yolg’onni rostdek qilib gapirishga usta.

Bolalar ota-onasiga ishonmasligi mumkin, lekin o’qituvchisiga ishonadi. “Bu gap yolg’on” desangiz ham, “Yo’q, o’qituvchim aytdi, bu rost” deb turaveradi. Xuddi shunday gazetalarga, radio va televidenielarga ham ishonuvchan odamlar talaygina. Stalin o’lganda endi nima qilamiz deb ho’ngir-ho’ngir yig’laganlar bo’lgani kabi Karimov o’lganda ham aza tutadiganlar topiladi. Karimov ana shundaylarga “stavka” qilmoqda.

Shu muxoliflik haqida gap ketganda xalq deb emas,  ba’zilar yoki xalqning bir qismi, yo bo’lmasa xalqning aksar qismi degan iborani ishlatishlari kerak deb o’ylayman. Karimovning  “Butun xalqning nomidan gapirayapman” deganidek ko’zbo’yamachi vaziyatga tushib qolmaslik zarur.

Muxolifat xalqning siyosiy jihatdan etishgan bir bo’lagidir. Muxolifat harakati esa xalqning siyosiy jihatdan etishgan qismini birlashtirish uchun urinishdir.

Birlashtirgan gavhardir, parchalagan gav-xardir!

2004.

Harakatda ma’ni bor

SAVOL: O’zbekistonda  boshqa bir harakat tuzilishiga qanday qaraysiz? (Alisher).

JAVOB:Dunyoning turli qonunlari bor. Shulardan biri bo’shliqning to’ldirishi haqidagi qonundir. O’zbekistonda muxolifat qatag’on qilinishi bilan uning o’rnida bo’shliqlar vujudga kela boshladi va turli tuman kuchlar buni to’ldirishga urinmoqdalar. Bu masalaning birinchi tomoni.

Ikkinchi jihati esa shuki, tarsaki tarsakini, musht mushtni boshlab keladi, degan gap bor. Zulm keyingi vaqtda o’ziga qarshi zulmni yaratmoqda. Bu esa unga qo’l keladi. Ana shuni tushunganlar o’z noroziliklarini tinch yo’l bilan ifodalashga urinmoqdalar.

Uchinchi jihati esa mavjud muxolif kuchlarning faoliyatidan qoniqmaslik ham boshqa bir harakatning paydo bo’lishiga yo’l ochadi.

Xullas, qanday jihatlarga bog’liq bo’lmasin yangi bir demokratik, ta’kidlayman demokratik harakat paydo bo’lsa, uni qo’llash va dastaklash kerak.

2004.

Lider tashqarida emas, ichkarida bo’lishi kerak

SAVOL: Bugun hech qaerga qo’shilmay turgan yoshlar juda ko’p. Shularni birlashtirib, bir partiya tuzib Karimov rejimiga qarshi yurish boshlatmaysizmi? (Ubaydulla).

JAVOB: O’zimni rais deb e’lon qilib, bundan rohatlanish yoki gadoy kabi eshikma-eshik yurib grant izlash ishtiyoqim yo’q. Bu gapning po’st kallasi.

Lekin yangi bir partiya tuzish takliflarini ko’p olaman va sizning ham bildirgan ishonchingiz uchun katta rahmat. Oldingi takliflarga yozgan javob xatlarimdagi gaplarimni qisqartirib yana bir bor aytmoqchiman. Kechagi va bugungi sharoitda bir partiya tuzib, a’zolarining ro’yxatini hukumatga topshirish bu o’z farzandlarining boshini jallodning kundasiga qo’yish bilan barobardir. Ayniqsa, o’zim chetda bo’lgan holda mamlakatdagi navqironlarning hayotini tahlikaga solish vijdonimga mos emas.

Bugungi rejimi sharoitida partiya tuzib, demokratik yo’lda kurashning hech qanday imkoni yo’q. Imkoni bor deb safsata sotib yurganlar ham buni biladilar va tirikchilik uchun bu gapni aytib turishga majburlar. Demokratik yo’l bilan kurashning imkoni yo’q ekan, nodemokratik, qurolli yo’l qoladi, bunga esa qarshi bo’lganman va bundan keyin ham bu yo’lni tanlamayman. Chunki qurol gunohkor va gunohsizni ajrata olmaydi.

Shu sabab murojaat qilgan yoshlarga hozir butun diqqatni o’qishga, bilim olishga, oq va qorani tanishga sarflang, deb maslahat berishdan boshqa ilojim yo’q. Chunki jamiyatning kelajagi sizlarning qo’lingizda.

Kecha imkon yo’q edi, bugun ham yo’q, ammo bu  ertaga ham bo’lmaydi degani emas. Shu bois o’zingizni ertangi imkoniyat kuni uchun hozirlang.

Jallodlik abadiy emas, ezgulik abadiydir va sizning imkoniyatingiz ham ertaga oldingizga chiqadi. Ana o’shanda biz 1990 yillarning boshida boy berganimiz kabi siz ham dovdirab qolmasdan, bir-biringizni yoqavayron qilmasdan, jallodning oyog’i ostiga itqitmasdan ish ko’rsangiz bayroqni olib ketasiz.

Tayyorgarliksiz hech narsa bo’lmaydi. Shart emas nomi partiya bo’lishi. “Do’stlik klubi” deb atashingiz mumkin, “Gurung” deyishingiz mumkin, xullas, sizni birlashtiradigan bir guruh tuzing va ishni demokratiyani, dunyoni, asl tarixni o’rganishdan boshlang va bir kun kelib siz demokratiya o’rnatuvchisi bo’lasiz. O’shanda bugungi avlod kabi alamzada bo’lib, bir-birining go’shtini eguvchi to’daga aylanib qolmaysiz.

Nasib etib, Vatanga qaytish imkoniyati mening ham oldimda paydo bo’lsa, o’shanda balki taklifingizni o’ylab ko’rishim mumkin. Chunki lider tashqarida emas, ichkarida bo’lishi kerak.

2004.

Xor bo’lgan san’at

SAVOL: Siyosatga aloqasi bo’lmagan bir narsa so’ramoqchiman, Amerika filmlarini yoqtirasizmi yoki hind filmlarinimi?(Kamola).

JAVOB: Bolalikdan hind filmlarini tomosha qilib ulg’ayganmiz. Amerikaga kelib ham Bollivudda chiqqan har bir filmni ko’rishga harakat qilaman. Bugun chiqayotgan filmlar oldingilaridan mutloq farq qiladi. Hozir hindlar filmlarga katta ijtimoiy, siyosiy va madaniy muammolarni yuklashga intilmoqdalar va bu ularni dunyoda birinchi o’ringa olib chiqmoqda. Masalan, “Bog’bon”, “Ashok”, “Qafas”, “Dev” filmlari kabi klassik bo’lib qoladigan asarlar yaratishmoqda. Hind filmlari hali Hindistonda namoyish etilmasdan Amerikaga etib keladi va ularni uyda tomosha qilish imkoniyati juda ham qulay.

Bu degani Hollivud filmlarini ko’rmayman yoki yoqtirmayman degani emas. Aksincha aksar yangi filmlarni ko’rib boraman. Hind filmlarida maqsad asosan sizni dam oldirishga, hordiq chiqarishga qaratilgan bo’ladi. Shu bois ham ularni tez unutasiz. Amerika filmlari esa sizni o’ylashga, tarix, bugun va kelajak haqida bosh qotirishga undaydi. Keyingi paytda tarixiy, falsafiy filmlar juda ko’p chiqmoqda va ularni tomosha qilish yaxshi bir kitob o’qigan kabi huzur beradi.

Masalan, “Troya”, “Uzuklar ilohiysi” “Iso payg’ambarning hassosiyati”, “Qirol artur” kabi epik filmlar qatorida “Ertadan keyingi kun”, “Faranget-911″ kabi dunyoviy dolzarb muammolar haqidagi filmlar qatorida ko’ngilochar asarlar ham borki, hind filmlaridan qolishadigan joyi yo’q.

Shu o’rinda bir narsani eslatmoqchi edim. Internet va televidenie rivojlanishi kino san’atini o’ldiradi, degan taxminlar bor edi. Ammo bunday bo’lmadi. Raqobat yaxshi asarlar paydo bo’lishiga olib keldi.

Televidenielar ham bugun kinofilmlardan qolishmaydigan asarlar tayyorlamoqdalar.

Shunga qaramay, Amerikada ming-minglab kinoteatrlar bor va ular doim liq to’la. Chunki film industriyasi mutloq erkin bo’lgani uchun xalqning dardi va tashvishlari bilan hamohang yashaydi. Hatto biroz oldinlab, ertangi kunni bashorat ham etadi.

Bir kun o’zbek filmlari haqida ham ana shunday gapirishni orzu qilaman. Lekin Sovet davrida o’zbek filmlari kommunistik g’oyaga xizmat qildirilgan bo’lsa, bugun esa bachkanalashib ketgan. Balki dunyoning eng buyuk kino asarlarini ko’rib borganim uchunmi Toshkentdan kimlar orqalidir keltirilgan filmlarni qarab, xuddi yuz yil oldin olingan kinolentalarni tomosha qilayotgandek bo’laman, yirik madaniy tarixga ega bo’lgan bir millatning san’ati hamon xor bo’layotganiga achinib ketaman.

2004.

Tanlov oz emas

SAVOL: O’zbek san’atkor, shoir, yozuvchi va  jurnalistlaridan sizga ma’qul bo’lganlari ham bormi? (Otamirza).

JAVOB: Bor va oz emas.  Har kimning o’z tanlovi bo’ladi. Masalan, bir taom kimgadir yoqadi va kimgadir yoqmaydi. Bu masala ham shunday, shaxsiydir. Men boshqalarning ham tanlovlarini hurmat qilaman.

Mening tanlovim: Masalan, san’atkorlardan Komiljon Otaniyozov(rahmatli), Faxriddin Umarov, Tavakkal Qodirov, Bobomurod Hamdamov…

Qariyb o’ttiz yildirki Tavakkal Qodirovning Furqat g’azaliga aytgan “Sayding qo’yaber sayyod”ini deyarli har oqshom tinglayman. U mening “uyqu dorim”ga aylangan.  Ba’zi qo’shiqlarni bir marta yoki ko’p marta eshitib “to’yib qolasiz”. Lekin “Sayding qo’yaber…” ularga o’xshamaydi.  U qo’shiqdan beg’ubor osmonga, kenglikka aylanib ketadi.

Manimcha bugungacha bu ashulani Tavakkal Qodirov darajasiga etkazib boshqa birov aytolmadi. Aytgan bo’lsa ham men eshitganim yo’q. “Toshkent ushshog’i” ham uning ijrosida har qanday odamni  eritib yuboradi. Ming marta tinglasam ham yana tinglagim keladi. Uyda ham, yo’lda ham, safarda ham…

Faxriddin Umarovning qo’shiqlari haqida ham shunday fikrdaman. U hatto Po’lat Mo’minning “qip-qizil, sovetcha” so’zlariga ham sehr berib, ularni jozibador satrlarga terib yuboradi.

Yozuvchilardan: Abdulla Qodiriy, Mamadali Mahmudov(Evril Turon), Zohir A’lam, shoirlardan Jamol Sirojiddin, Abduvali Qutbiddinu jurnalistlardan  Ahmadjon Muxtorov, Ahmad Ismoilov va boshqalar haqida to’xtalishim mumkin. Zotan ularning har biri haqida anchagina yozganman. Ismlari bu yerda yozilganlardan tashqari yana ko’plab ijod ahli-iste’dodli shaxsiyatlar borki, ularni ham qadrlayman.

Demoqchimanki, tanlov oz emas. Har qanday rejimlar davrida ham xalqning ardoqli farzandlari etishgan va har qanday insonda kimnidir qadrlash tanlovi bo’lgan.

2004.

Kitoblarim

SAVOL: Kitoblaringiz qaysi mamlakatlarda chiqqan?(Oysara).

JAVOB: Albatta, kitob chiqishi muhim voqea emas. Balki kitobning nima haqdaligi muhim. Bugunga qadar millionlab, balki trillionlab kitoblar nashr etilgan. Aksari juda silliq, obi-tobida yozilgan. Masalan, Stalindan Islom Karimovga, Muborakdan Qaddofiyga, Saddamdan Brejnevgacha minglab zolimlar nomidan chiqqan va mahorat bilan yozilgan qanchadan qancha kitoblar bor. Yo bo’lmasa ularga xizmat qilgan, ularning maddohlari bitgan qanchadan-qancha kitoblar chiqqan. Ularga qulay va yo’l ochiq. Asrlardir shunday bo’lib kelgan.

Bugunga kelib ko’p narsalar o’zgardi. Endi istagan odam o’z kitobini nashr eta oladi. Etarki muallifda bir fikr va odamlarga aytadigan gapi va shijoati bo’lsin. O’qiydiganlar topiladi. Demak, bugun faqat saralangan toifaning emas, xalqning kitoblari ham chiqadigan zamon.

Kaminaga kelsak, yozganlarim kitob holida AQSh, Turkiya, Ozarbayjon va mustaqillikdan oldingi O’zbekistonda  ham chop etilgan.

Bugun mana endi kitoblarimni internetda dunyoning istagan nuqtasidan turib o’qishingiz mumkin.

Ayni paytda AQShda tilshunoslikka oid bir necha ilmiy kitoblarim ham nashr etilgan.

Qiziq bir kuzatishni aytmoqchiman. Yozganlarimni kamsitib yuradigan bir-ikki kishi bor. Ularning ba’zi qoralamalariga qarasam, Karimov rejimining dastlabki yillaridagi bevosita o’zim guvoh bo’lgan voqealar tafsilotini kamina yozganlaridan “aylantirib”, o’g’irlab olishgan. “Osh bo’lsin”! O’g’irlamasdan, ochiqdan-ochiq ham olaverishlari mumkin, zotan xalqqa yozilgan dasturxon bu!

Aslo, ularga tosh otmoqchi emasman, aksincha kitoblarim hatto raqiblarimga ham kerakli ekanligidan mamnuniyat hissi tuyganimni ta’kidlamoqchiman, xolos.

2004.

Internet…

SAVOL:Internetdan qanday foydalanasiz va Internetni suiiste’mol qilayotganlar haqida nima deya olasiz? (Otabek).

JAVOB: Internet… juda katta erkinlik maydoni.

Hayotda hamma narsaning me’yorini bilgan odam o’z maqsadlariga erisha oladi. Internetni ham suiiste’mol qilmaslik kerak.  Internetga mukkasidan ketgan odam emasman. Ish yuzasidan va qiziqish yuzasidan kirib turaman va bu ko’p vaqt olmaydi. Printsip sifatida chatlar va mehmonlar kitoblarida qatnashmayman. Ishim va xavfsizlik ham bunga imkon bermaydi. Qolaversa, u yerdagi mehnat suvga oqadi, yo’q bo’lib ketadi. Sarflagan vaqtingiz, chatnagan asabingiz qoladi. Oltin berib, axlat olgan bo’lasiz.

Internetdan foydalanish umumiy vaqtim bilan ham bog’liq. Ikki joyda ishlayman. Haftada kamida 60 soatlik rasmiy ishim bor va vazifamni birovlarga yuklamasdan bajaradigan odatim bo’lgani uchun deyarli bo’sh vaqtim yo’q.  Uyda esa ijodiy ishlarimga ko’proq vaqt ajrataman.  Filmlar ko’rish, yangi chiqqan kitoblarni o’qish va oila yumushlari deganday… vaqt etmay qoladi. Shu bois xabar og’irlikli vebsahifalarga obuna bo’lganman va ular har kungi yangilik, tahlillarni elektron pochtamga yuboradilar. Bu veb sahifalararo “yugurib” yurmaslik uchun katta imkoniyat.

Internetdan bugun odamlarning shaxsiyatiga hujum, nafsoniyatga tegish, haqorat, g’araz maqsadlarda qo’llanish, do’stlarning orasini buzish, nifoq sochish, nafrat uyg’otish, fitna  uchun foydalanadiganlar ham  bor.  Jamiyat borki, uning sariq pechaklari ham bor. Jamiyat borki, uning andilari ham bor. Undaylar  hatto o’zlarining kim ekanliklarini unutib, o’zlarini ham suiiste’mol qiladilar. O’zini suiiste’mol qilgan odamdan qanday qilib internetni suiiste’mol qilmaslikni kutasiz?

Internet ham madaniyat ko’zgusi. Sovet davrida odamlarni so’kish bilan kun o’tkazadigan kazo-kazo joylarda ishlagan va o’ta madaniyatsiz bo’lgan bir kishini bilaman. U  vebsahifalarning mehmonlar kitoblariga kirib kurakda turmaydigan so’kinishlarni yozadi. Eski kasbidan kelib chiqib, birovlarning nomi, uslubini ishlatib yozadi. Ammo  uni allaqachon ko’pchilik tanib oldi. Avvaliga uning qopqoniga tushganlar ham bugun uni bildilar. Undan hazar qiladigan bo’lishdi. Lekin u “kasbini” tashlamadi. Eshitishimcha, bugun ham “vazifasini” bajarib yurgan ekan. Bu ham kasallik.

Qush uyasida ko’rganini qiladi. Odamlarning iltimoslari, pandu nasihatlari va gaplarini olmadi.  “It birlan xo’tukka qancha qilma tarbiyat, it bo’lur eshak bo’lur, bo’lmaslar aslo odamiy!”  yoki “zahar solmoq erur kasbi ilonning” degan gaplar unga aytilgandek edi.

Bugun o’zbek tilidagi yaxshi vebsahifalar deyarli yo’q hisobi. Bu jabhada yoshlarga o’zlarini ko’rsatishlari uchun juda katta maydon bor. Internetga kirish imkoniyati bo’lganlarda mamlakatga, vatanga, millatga, internetga kiraolmayotgan ming-minglab, millionlab  odamlarga xizmat qilishni istaganlarga bu cheksiz hududdir.

2004.

O’zimiz bilan o’zimiz…?

SAVOL: Amerikadagi o’zbeklar o’zaro uchrashib turasizlarmi?  (Ma’rufjon).

JAVOB: Internet haqida yozganimda biroz bo’lsada vaqt masalasiga ham to’xtalgan edim. Amerikada odamligimni yo’qotmasdan yashayman deganlarga bekorchi vaqt, bo’sh vaqt bo’lmaydi.

Bu yerda yashash darajasini o’zingiz tanlaysiz. Istasangiz hech qaerda ishlamasdan gadoylik bilan ham kun ko’rish mumkin. It yotish, mirza turish bilan ham bu dunyodan o’tib ketish mumkin. Ammo o’z uy-joyingiz, qulay transport vositangiz, texnik imkoniyatlardan foydalanish orzuingiz, har yili dam olishga borib kelish sharoitingiz, Amerikani, dunyoni tomosha qilish,  bolalarni yaxshi oliygohlarda o’qitish niyatingiz  bo’lsa,  tinmay ishlash kerak. Chunki bularning hammasi pul va juda katta pul! Shuning uchun ham bu yerda “vaqt–pul” degan iborani tez-tez ishlatadilar. Bu masalaning bir tomoni.

Ikkinchi tomoni esa, xo’sh uchrashuvlar nima beradi?  Quruq oldi qochdi gaplar, keyin orqavarotdan ig’volar, bir-birining ustidan bo’htonlar uyushtirishmi? Bir-biri bilan quchoqlashib, bir-biriga qarab jilmayib, birga ovqatlanib keyin bir-biriga dushmanlik qilishmi? Tabiiyki buni siyosat deb bilguvchilarga masalaning ahamiyati yo’q. Ammo nafsoniyatingiz va g’ururingiz, o’z qarashingiz va o’z yo’lingiz bo’lsa bunday uchrashuvlarga qo’l siltaysiz.

Ilk bor Amerikaning Oregon shtatiga kelganman. Keyin Virjiniya shtatiga ko’chdik. Bu yerda o’zbeklar, ayniqsa Afg’oniston va Turkiya orqali kelgan o’zbeklar ko’p. Dastlab bir hamkasbim bilan Turkistonliklar jamiyatini tuzish uchun ko’p yugurdik. Jamiyatning asosini qurib bo’lganimizda har tomondan ta’na-dashnomlar kela boshladi. Kimlardir bu jamiyatni Karimov rejimiga xizmat qildirishga kirishdi. Kimlardir jamiyatning “qiroli” bo’lishni istadi. Kimlardir bizni o’z manfaatini o’ylab ish qilmoqda deb aybladi. Yana kimlardir jamiyatni o’zlarining diniy maqsadlari yo’liga burmoqchi bo’lishdi. Qarasam bu jamiyatning istiqboli yo’q. O’zimni chetga oldim.  Oradan yilllar o’tdi, ammo jamiyatning asosi o’sha holicha qoldi.

Shundan beri bu yerdagi o’zbeklar bilan to’y va yoki ma’rakalarda ko’rishmasak, unchalik aloqamiz yo’q.

Bevosita O’zbekistondan kelgan o’zbeklar bilan ham shunday.  Uchrashib turamiz. Hozirga kelib o’zbeklar ko’payib qoldi. O’zbekiston bilan bordi-keldilar boshlandi. Boshqacha aytganda har kimning o’z davrasi paydo bo’lmoqda. AQShga ilk kelgan o’zbeklar yillar davomida “marg’ilonliklar”, “toshkanliklar”, “buxoroliklar”, “samarqandliklar”… kabi guruhlarga bo’linib ketishgan. Yangi kelganlar ham shu yo’ldan ketadiganga o’xshaydilar. Kamina bunday mahalliychilikni yoqtirmayman.

O’zbekistondan kelayotgan odamlar ko’p va ularning ayrimlari uchrashib turamiz. Gohida uyda, gohida tashqarida bir piyola choy ustidagi suhbatlar soatlardan kunlarga ulanadi. Tejagan bo’sh vaqtlarni ana shunday uchrashuvlarga sarflaymiz. Qolaversa, atrofimizda boshqalar ham ko’p. Ular bilan uchrashib turish ham qiziqarli va mazmunli.

Xullas, bugungi tezlikda davom etsa, bir kuni Amerika o’zbeklar uchun ham vatan bo’ladi, o’zbekning o’zbek bilan uchrashib turishi savol mavzusidan chiqadi.

Qaysi bir buyuk odamning gapi bor, “qadam qo’yganim ozod tuproq vatanimdir” degan. O’zbeklar dunyoga yoyilmoqda, tilagim, qadamlari ozod tuproqlarga etsin! O’zlari bilan o’zlari bo’lib qolishdek qobiqni engib chiqsinlar!

2004.

Eroniylar o’zbekmi, o’zbeklar eroniymi?

SAVOL: Siz O’zbekistonda yashayotgan eroniylar haqida ma’lumot berishingiz mumkinmi?(Mehribon).

JAVOB: Ma’lumki, dunyoda barcha xalqlar  ko’chmanchilikni boshdan kechirganlar. Bugun “Markaziy Osiyo” deb atalayotgan va qadimda yanada kengroq joyni o’z ichiga olgan Turonzaminda ayniqsa, ko’chmanchilik odat bo’lgan.  Masalan, Turkning O’zbek qabilasi ham 15-16 asrlarga qadar ko’chmanchi bo’lgan.

Bugun muqumiyat davrida Samarqand va uning yaqinlarida, (Jizzax, Buxoroda) “Eroniylar” deb bilingan  turklar yashaydilar, ular azaldan va hozir ham turkiyzabondirlar.  Uylaridagi so’zlashuvlarda Turkiya turkchasiga yaqin o’ziga xos lahjani saqlab qolganlar.

Erondan Turonga kelib joylashganlarning yana bir guruhiga “pirsionlar” deyishadi va ular bugunga qadar ham fors-tojik tilida gaplashadilar. O’zbekistonda bu masala yaxshi o’rganilmagani, tarix mukammal emasligi natijasida  ba’zilar ana shu nuqtada  chalkashib qoladilar va tojik tili yoki fors madaniyati haqida gap ketayotganda  “Eroniy”larni qo’shib yuboradilar.

Nafaqat  Samarqandda, balki O’zbekistonning aksar qismida ham  tarixning zayli bilan Eronning Tabriz bo’lgasi, baezi davrlarda Xuroson deb ataladigan joydan “Eroniylar” kelib joylashganlar. Xuddi  “Qrim turklari” iborasi kabi “Eroniy” kalimasi ham bu xalqning o’ziga xos bir nomiga aylangan va ular buni yashirmaydilar, bundan uyalmaydilar, balki iftixor qiladilar. Chunki bu nom ularning bu zaminda tub aholi ekanliklarini ko’rsatib turadi.

Ularning bu zaminda muqim joylashganlarini to’rt davrga bo’lish mumkin.

BIRINChI DAVR: Eron-Turon to’qnashuvlari davri. Hali Samarqand So’g’diyona, Maroqand kabi nomlar bilan atalgan kezlarda  bu zaminga Erondan turklar ko’chib kelgandilar. Qadim Afrosiyob tarixi buning bir misolidir.

IKKINChI DAVR: Bu   Amir Temurning Eron, Iroq orqali Turkiyaga yurish davri. Bu davrda mazkur mintaqalarda yashagan turkiyzabonlar uning armiyasiga qo’shilganlar va shu mintaqadagi juda ko’p olimlar, ziyoli turklarni Amir Temur Samarqandga ko’chirgan. “Zafarnoma”, “Zafar yo’li”, “Temur Tuzuklari”da bu haqda ko’p ma’lumotlar bor.

UChINChI DAVR: Shayboniyxon Samarqandni bosib olishi va  Mirzo Boburning Eron turklaridan, xususan Shoh Ismoildan yordam so’ragan  payti. Bobir Mirzo Shoh Ismoilga maktub yo’llab, yordam so’rashi natijasida qariyb sakson ming Eron turki Samarqandga kelib, Boburiylar saltanatini, madaniyatini himoya etganlar. Bu haqda O’zbek Entsiklopediyasining yangi nashrida ham batafsil ma’lumot berilgan.

TO’RTINChI DAVR: Bu Nodirshohning Samarqandni ishg’ol qilgan yillari. Nodir shoh chiqib ketarkan, bir qancha  Eron turklari va bir qism forsiyzabonlar ham bu yerda qolganlar. “Samarqand tarixi” kitobida yozilishicha, ularning bir qismi Xorazm tomonlarga ko’chib ketishgan. Lekin aksariyati bugunga qadar o’zlari dastlab joylashgan mintaqalarda yashayotganlarini kuzatish mumkin.

Abu Tohirxo’janing “Samariya” (”Samarqandnoma”) kitobida yana ham ilgarilab ketiladi va Samarqand shahrining paydo bo’lishi Eron shohi Kaykovus hukmronligi davriga bog’lanib, ilk ko’chishlar o’sha paytda bo’lgani aytiladi. Nima bo’lganda ham Eron turklarining Samarqandga  yirik-yirik ko’chishlari tarixda o’z izini qoldirgan.

Turon zamin aholisi tarixan ko’chmanchi bo’lganini hisobga olsak, bugunga kelib O’zbekistonda “Eroniylar’ deyilgan turklar tub xalqlardan biri ekanligini inkor qilish mumkin emas. Zotan Samarqandning O’zbekiston tarkibida qolishi ham ular bilan bog’liq. O’zbekiston tarkibida bo’lgan Tojikiston Avtonom respublikasi ajralib chiqishi jarayonida Samarqandni poytaxt qilib olishni so’rashadi va  Eron turklari bunga qarshi bosh ko’taradilar. Shundan keyin Stalin bu shaharda aholi ro’yxatini (1929 yilda) o’tkazadi. Eron turklarining ziyolilari katta kampaniya yuritadilar va o’zlarini “O’zbek” deb yozdirishadi. Bu Samarqandning O’zbekiston tarkibida qolishida muhim rol o’ynaydi. Bu yerda yashagan tojiklar va eroniylar o’rtasida davom etib kelgan ziddiyat ana shunga borib taqaladi.

Eron turklari O’zbekistonning siyosiy, iqtisodiy va madaniy hayotida juda katta rol o’ynab kelishgan. Birinchi O’zbek “Alifbo”sini yaratishdan tortib, turklik tuyg’usi va madaniyatini saqlab qolishga qadar ularning hissalari beqiyos. Shu boisdan ham mustaqil O’zbekistonning yangi  tarixchilari uchun bu soha izlanishlar hududidir.

Qolaversa, keyingi paytda o’zbeklarning kelib chiqishi Tabrizdan degan ma’lumotlar paydo bo’ldi. Shu paytga qadar ingliz va boshqa tillarda mavjud bo’lgan ilmiy ma’lumotlarni o’zbekchada ham qabula qilina boshlashdi. Masalan, Wikipedianing “O’zbeklar” deb nomlangan qismida quyidagi satrlar bor׃

„O’zbek“ so’zi XIII—XIV asrlarda yashagan Juvayniy va Rashididdinlarning asarlaridan ham bizga ma’lum. Jumladan, Eron tarixchisi va geografi Hamidulloh Qazviniy „Tarixi Guzida“ nomli tarixiy asarida 1335 yilda Ozarbayjonga yurish qilgan askarlarni „o’zbeklar“ degan etnik nom bilan ataydi” deyiladi.

Mazkur internet entsiklopediyasining inglizcha “Uzbeks” bo’limida Oxford universiteti 2002 yilda o’tkazgan genetikani aniqlash sohasida o’tkazgan tadiqiqotlarga tayanib, “o’zbeklar, uyg’urlar va dunganlar geni Kavkaz aholisi hamda Sharqiy Osiyo va Janubiy Sibirga yaqin ekanligi” aytiladi׃(qarang).

Ana endi dunyo xaritasiga nazar solsangiz, Eronning Tabriz qismi  Kavkaz mintaqasiga kirishini ko’rasiz. Demak, tarixchilarning oldiga savol chiqmoqda׃ o’zbeklar eroniymi, eroniylar o’zbekmi?

2004.

“Amiri kor”ga kelmoqchi bo’lsangiz

SAVOL: Men Amerikaga bormoqchiman, u yerda birorta odam menga yordam berishi mumkin-mi?(Qobiljon).

JAVOB: Bu “yordam” kalimasining Amerikada va O’zbekistonda ikki xil ma’no tashiganini hisobga olib, sizning qanday yordam so’rashingizga bog’liq.

O’zbekistonda bir telefon qilib, o’qishga kiritib qo’yish, yotoq bilan ta’minlash, imtihonlardan o’tmaganda domlasiga ta’sir qildirish kabi tushunchalar ham “yordam”ga kiradi.

Amerikada esa “yordam”  birov non-suvsiz, och qolsa uni bir muddat oziq-ovqat bilan ta’minlash, yangi ko’chib kelgan odamga qo’llanilgan kiyim-kechak, mebel, tovoq-qoshiq to’plab berish, mashinasi bo’lmasa manziliga olib borib qo’yish tushunchalarini o’z ichiga oladi.

Bu narsa  madaniyatdan emas, balki turmush talabidan kelib chiqadi.  Chunki bu yerda odamlar yakka, mustaqil shaxs sifatida etishgan va muammolarini tinmay ishlab o’zlari hal etadilar. “24/7″ degan mashhur ibora bor. Bu degani haftaning etti sutkasida ham tinmay ishlash degani. Samarqandlik tojik do’stlarimiz hazillashib Amerikani  “Amiri kor” deyishadi.  Bu-ishning, mehnatning amri, yo’li bilan yashash.

Ammo Afg’oniston, Turkiya va O’zbekistondan kelib bu yerda yashayotganlar sizga yordam berishni istaydilar, lekin turmush talablari  va bugunga qadar “yordam” berganlaridan eshitgan dashnomlari ularning qo’llarini “bog’lab” qo’ygan. Shu bois ularning yordamlari ham men sanagan darajada bo’ladi. Agar turmush talablaridan besh-to’rt dollar orttirsalar turli mamlakatlarda  qiyin vaziyatlarda qolib ketgan qarindoshlari, tanishlariga ko’maklashishga intiladilar.

Yaqinda bir yigit keldi. Internetdan institut adresini topib, o’qishga kiribdi. Kelsa unga yotoqxona berishmabdi. Buning ustiga “O’qish uchun yiliga falon dollar berasan”, deyishibdi. U hatto bu yerda ovqatlanish uchun qancha pul ketishini yoki transport xarajatini ham nazarga olmagan. Vizasi bo’yicha ishlashi mumkin ekan. Ammo turar joy olishi uchun ijtimoiy sug’urta hujjati talab qilishadi. Bu hujjatni olishga kamida 15 kun kutishi kerak. Muammolar  ichida qoldi. Ham uning jasurligiga havasing keladi, ham uning muammolar bilan yuzma-yuz qolganiga rahming keladi. Bir muddatdan keyin oyoqqa turib oldi, lekin u omadli ekan, uni tasodiflar qutqazdi.

Ammo boshqa odam hech kimni tanimasligi yoki  hech kimni topa olmasligi  va ko’chada qolishi, yomon yo’llarga kirib ketishi hech gap emas. Shu bois kelar ekan, bu masalalarni hal etib, keyin yo’lga chiqish kerak.

Bu birinchidan, ikkinchidan esa ko’chadan kelgan tasodifiy bir odamga  hamma ham eshik ochavermaydi. Kimdir uni josus deb o’ylashi, yana kimdir biror radikal diniy guruhga a’zo deb  xayol qilishi mumkin va hokazo. Ayniqsa, bugun Amerikada bu masalaga jiddiy e’tibor beriladi.

Qisqa muddatli viza bilan kelib bu yerda qolib ketadiganlarga esa hozir hech kim yordam bermaydi. Ular o’z kelajaklarini xarob qiladilar. Chunki ularning ishi qonunlarga xilof harakat va  bu yerda qonunni buzish og’ir oqibatlarga olib keladi. Qonunni buzib qo’ygan  bo’lsangiz tanishingiz hatto prezident bo’lsa ham oraga kira olmaydi. Ana shunaqa gaplar!

Yana ham ko’proq narsa bilishni istasangiz  “O’zbeklar va O’zbeklar” kitobimga nazar soling.

2004.

O’zbek tili va Internet tili

SAVOL: Siyosat jonimga tegdi. Siyosiy bo’lmagan bir savol bermoqchiman. Yaqinda bir xabarda 25-30 yilda dunyodagi 60 foiz til yo’qoladi, deyilganini o’qidim. O’zbek tili nima bo’ladi deb o’ylaysiz? (Rustam).

JAVOB: Aslida bu eng katta siyosiy masala. O’zbek tili 25-30 yilda yo’q bo’lmasa ham  uning bugungi ahvoli o’zgarmasa kelajagi fojealidir.

Bundan 30-35 yillar chamasi oldin dunyodagi eng yirik oltita tildan bir mushtarak til-Esperanto tili vujudga keltirilgan edi. O’shanda yarim asr ichida bu til dunyoning yagona gaplashiladigan tiliga aylanishi bashorat qilingandi. Lekin Esperanto “o’smay” qoldi. Ammo bu soxta til bilan ayni davrda Internet tili ham tug’ila boshladi va juda tez rivojlanmoqda. Bugunga kelib, Internet tilidagi so’z boyligi O’zbek tilining so’z boyligidan besh marotaba ko’pdir va bu tilni bemalol qo’llanadiganlar dunyodagi o’zbeklarning umumiy sonidan 2-3 marotaba ortiq.

Internet tilining bir qismini Ingliz tili tashkil etadi.  O’tgan yillar davomida Frantsiya, Xitoy va Rossiya Internet tilidagi kalimalarni o’zlarining tillaridagi so’zlar bilan almashtirishga urindilar. Lekin bu bilan “ulkan ishg’ol”ni to’xtata olmayaptilar va to’xtata olmasalar ham kerak.

Kelajakda dunyoda umumiy bir til vujuda kelishining zamirida Internet  mavjud va shuning uchun ham yuz yillardan keyin butun dunyoda odamlar yagona Internet tilida bir-birlarini bemalol tushuna oladigan darajaga etadilar. Bu o’z navbatida  ularning ona tillarini tahlika ostiga qo’yadi.

O’zbek tiliga kelsak, bu til bugunning o’zida tahlika ostidadir. Biz til nuqtai nazaridan dunyodagi eng chalasavod guruhlar safiga kirishimiz mumkin.

Xalq tili, adabiy til va rasmiy til orasidagi keskin farq bu chalasavodlikning bir boisidir.

Internetdagi istagan bir o’zbek sahifani ochib ko’ring, istagan mehmonlar kitobiga kirib ko’ring, qani O’zbek tilining talab darajasiga javob beradigan yozuvlarni topa olasiz-mi? Imloviy xatolar yozuvlarni kompyuterga kiritish davomida yuz berishini inobatga olsak, qolganlari-chi? Oddiy jumlani tuza olmaslik, zamon fe’llaridagi chalkashlik, qo’shma gaplarning qovushmasligi, so’zlarni noto’g’ri o’rinlarda, noto’g’ri ma’nolarda qo’llanish, o’z fikrini ochiq tushuntira olmaslik… kabi manzarani nafaqat Internetda balki kundalik matbuotda ham ko’rmoqdamiz. Afsus. Bu fojeaning bir jihati.

Ikkinchi jihati esa: ozgina aqlini tanigan o’zbeklar bugun Internetda asosan Rus tilida yoki Ingliz tilida muloqot qilishga o’tdilar. Ya’ni o’z gaplarini O’zbek tilida aytishdan ko’ra, boshqa tilda aytish ularga osonroq kelmoqda.

Fojeaning uchinchi jihati alifboga, yozuvga munosabat bilan bog’liq. Dunyoda biror-bir xalq o’z yozuvini 100 yilning ichida besh marta o’zgartirmagan. Lekin bizning xalqimizdan chiqqan siyosatchilar bu xalqning qadriyatlarini, o’zligini oyoq osti qilganlari kabi, ona tilini nafaqat himoya eta olmadilar, balki toptadilar, ruslarning talabi bilan yozuvini qayta-qayta o’zgartirdilar va bugun ham lotinu kiril yozuvlari orasida jonimiz talvasada. Bu esa ommaviy chalasavodlikka olib keldi.

Men har kuni turli odamlardan o’nlab “elektron” maktublar olaman. Hatto O’zbekistonda  eng muhim idorada ishlaydigan odam o’zbekcha xatini eplab yozolmaydi. O’zini bosh vazirlikka, oz qolsin prezidentlikka loyiq ko’radiganlar ham shu ahvolda. Keyingi bir yil ichida faqat Muhiddin degan yigitdan O’zbek tilining go’zal va mukammal yuzini ko’rsatadigan bir necha maktub oldim va havas qilib, odamlarga ko’rsatib yuribman. Ona tilimizdan ana shunday uchqunlargina qolayotgani achinarlidir.

Buning ustiga o’zbek ziyolilarining bugun yozgan asarlari bilan qilgan ishlari bir-biriga zid tushib qolgani xalqning matbuotdan, kitobdan yuz o’girishiga, ona tili xazinasidan uzoqlashishiga olib keldi.

Ana shularning hammasini bir nuqtaga jamlaydigan bo’lsak, O’zbek tilining kelajagi zulmat ichida ekanligini tasavvur qilish qiyin bo’lmaydi. Ammo umid o’lgan emas. U holda nima qilish kerak?

Ishni O’zbek tilini o’rganishdan boshlash kerak. “Gaplasha olaman-ku!” deyishingiz mumkin. Bu esa “Tilimizdan “votti-votti”, asta sekin ketivotti” degan kinoyani eslatadi.

2004.

Ayolni kamsitmoq uchun odamlikdan chiqmoq kerak!

SAVOL: Juda qisqa qilib, ayolga va uni kamsitganlarga qanday baho bergan bo’lar edingiz?(Zulfiya).

JAVOB: Ayol… bu kalima qarshisida kishining ilhomi jo’sh uradi.

Ayolni ardoqlagan arshi a’loning zoti,

Ayolni kamsitganlar bu dunyoning isnodi!

ya’ni bizni shoiri zamon, oshiqi jahon, komili davron, olimi karvon, hazrati inson, sohibi ehson, mardi mardon etgan ayoldir, uni kamsitmoq borliqni kamsitmoqdir.

Ayol… ko’zlarida yosh tinmas ekan,

Ayol… ko’zlariga nur inmas ekan,

Erkakning erligi savoldir savol,

Ayolning boshiga baxt qo’nmas ekan.

Ya’ni erkaklarning zug’umi bois bozorda mardikor, uyida nonga zor, qo’llari o’ziga dor, benomus dunyoda goh beor, goh nochor, o’tmishi zulmat, g’or, istiqbol yo’li tor, dilida o’lmagan kuni bor, erini tutgan yor, o’g’lini kutgan zor ayol! Uni kamsitmoq uchun odamlikdan chiqmoq kerak!

2004.

Sadoqatga qarang!

SAVOL: AQSh Davlat kotibi bir mushukni qabul qilmoqchi ekanligi haqida eshitdim. Shu to’g’rimi? (Dilshod).

JAVOB: To’g’ri. Mushukka uning nomini berishgan ekan. Adashi bilan ko’rishmoqchi. Bugun 2004 yilning 10 Avgust, juma kuni Davlat kotibining “qabulida bo’lishi”dan oldin bu “Bombay” turidagi hayvon “Yilning mushugi” unvonini ham olgan ekan. Bu borada xabarlar ham chiqdi.

Bilasizmi, G’arb va Sharq o’rtasida juda ko’p sohalarda farq bo’lganidek, hayvonlar masalasida ham jiddiy farqlar bor. Masalan, Amerikada bir kishi yaqin do’stini bemalol “It” deyishi mumkin. Bu uning yaqinligiga, sodiqligiga ishorat bo’ladi. Endi tasavvur qiling, bizda bir kishi boshqasini “It” deganini…

Sobiq prezident Reyganning motam marosimida uning farzandlaridan biri otasini xotirlar ekan, bolaligida balig’i o’lib qolganda, buning uchun dadasi maxsus ko’mish marosimi o’tkazganini, duolar o’qiganini eslagandi.

Yaqinda Demokratik partiyaning qurultoyida prezidentlikka nomzod Kerrining xislatlari haqida gapirib bergan qizi, bolaligida uning sichqoni nafas olmay qolganda, otasi CPR (yurak urishi, nafas olishi to’xtagan odamni ko’kragiga bosim berish bilan birga, uning burnini bekitib, og’ziga og’izni qo’yib havo yuborish tibbiy usuli, bu haqda maktablarda o’qitiladi)ni qo’llagan ekan.

Bizda bunday holni jirkanib, nafrat uyg’otish uchun aytish mumkin. Bu yerda hurmat uyg’otish uchun aytiladi.

Amerikada har yil Shukron bayrami kuni kurka(qal-qal tovuq)lar so’yiladi. Shu kuni prezident Oq uyda maxsus marosim o’tkazib bu yerga olib kelingan bitta qal-qal tovuqni avf etadi. Bu yerda prezidentlar doim o’z kuchuklari bilan yurganlari (bu kuchuklar Oq uyning eng aziz jonzoti hisoblanadi) mamlakat rahbarlarining hayvonot dunyosiga yaqinliklari deb baholanadi.

Ular kuchukning yuzidan o’padilar, kuchuk ham ularning yuzlarini yalab qo’yadi… Sadoqatga qarang. Kimlarnidir eslatdi-a, sizga?

2004.

Sevgini darig’ tutmang!

SAVOL: Siz nima uchun buncha Amerikani himoya qilib yozasiz? Men ham shu yerda yashayman, muslimaman, lekin Amerika uchun siz kabi advokatlik qilmayman. Nahotki siz Amerikani tushuna olmasangiz? (Iroda).

JAVOB: Malayziyadan bir o’zbek elektron xat yozdi: ” Menga maslahat bersangiz. Dunyoda “9-11” dan tashqari yana qaerda ingliz tilini biladigan bir musulmon uchun erkin joy bor”. U “9-11” deganda AQShni nazarda tutgan edi. Men darhol javob yo’lladim.” Hali ham “9-11” dan erkinroq joyni topa olmaysiz”. Javob yo’llaganimdan so’ng musulmon hamkasblarimdan biriga shunday maktub olganimni aytdim. U ham aynan men kabi javob qildi. Buni ko’pchilik ichi-ichidan e’tirof etadi. Ammo negadir amalda sir saqlashadi.

Boshqa davlatlardan kelib Amerikada yashayotganlarning ko’pchiligi bu yerga quyidagi maqsadlar bilan kelganlar׃

-o’zi va oilasining hayotini diktatorlar zulmidan, urush girdobidan, diniy, etnik ta’qiblardan qutqarib qolish;

-erkin dunyo, rohat farog’at dasturxon va o’z mehnatiga yarasha haq olish;

-o’qish, ilmli bo’lish, boylik orttirish, zamonaning oldingi odami bo’lish uchun.

Har uch toifa ham Amerikaga joylashar, uning fuqaroligini qabul qilar ekan, endi bu zamin uning ham vatani ekanligini yurakdan his etadi. Ammo mardlik qilib buni ochiq aytadiganlar kam. Sababi esa u taniganlar va u bilganlarning okean naryog’ida qolganlari AQShni sevmasliklarida yoki ertaga meni ham xoin, deb atashmasin, deb cho’chiganlarida.

Agar sizni Amerika qoniqtirmasa u holda nega bu yerdan ketmaysiz? Uni ichdan buzish uchun-mi? Unga ziyon etkazish uchun-mi? Agar siz falastinlikni haq deb bilsangiz, u holda nega Amerikani tanladingiz, Falastinni emas? Bu ziddiyat. Bir tomondan Amerika sizni tahlikadan asrab qoldi, uni vatan qildingiz, ikkinchi tomondan undan hazar qilasiz. Bu sizning bugungi kundagi eng katta fojeangiz. Bu bilan nafaqat o’zingizni, balki boshqa musulmonlarni ham yomon otliq qilayapsiz.

Toshkentda yashab turgan muhojirlar to’planib, O’zbekistondan hazar qilib, miting o’tkazishini tasavvur qila olmayman. Hukumat u yoqda tursin, ko’chada o’tib qaytayotgan o’zbeklar bu muhojirlarning ta’zirini berib qo’yishi, “Uyinga yo’qol!” deyishi turgan gap. Barcha musulmon davlatlarida ham shunday. Demak,  nega biz Amerikaga sevgimizni yashirishimiz kerak?

Axir mamlakatimizga xat yozganda, telefon qilganda u yerdagilar mehnatiga yarasha haq ololmayotgani, zulm ostida ezilayotgani, uy-joy, boylik orzu bo’lib qolayotganiga achinib “Amerikaga kelsang-chi!” demaymizmi? Lekin AQSh uchqichlari Afg’oniston uzra uchganda “Badbaxtlar musulmonlarni o’ldirishmoqda”, deydigan ham ko’p. Vaholanki badbaxt aslida binladenchilar va ularning tarafdorlari. Ularning AQSh ga qarshi nafratlari islom dini bilan bog’liq emas, yo’qotgan boyliklari bilan bog’liq. Ular alamzadaliklarini yashirib o’z atroflarida odamlarni birlashtirish uchun ummatchilik o’yinini qildilar. Agar binladenchilar samimiy bo’lishganda “Butun har amerikalik dushmanimiz va uni ko’rgan joyingizda o’ldiring” deb buyurmagan bo’lishardi. Amerikada bir necha million musulmon borligini nima, u bilmaydimi? Bilardi va sizu bizdan yaxshi bilardi. Bu yerdagi musulmonlar dunyodagi eng erkin musulmonlar ekanligi va eng tez ko’payotganini ham yaxshi bilardi. U shuningdek, qonli hujumlaridan keyin bu musulmonlarga oson bo’lmasligini ham yaxshi bilardi. Shunday ekan, bu yerda islom dini va binladenchilarni ajratib olish kerak.

2001 yilning 11-sentyabr hujumi asli mohiyati bilan Amerikaga qarshi emas, islomga, musulmonlarga qarshi hujum bo’lgandi. Maqsadim bunday battol hujumning mualliflari haqida yozish emas. Maqsadim Amerikadagi musulmon muhojirlar haqida yozishdir. Saudiya Arabistoni bo’ladimi, Liviya bo’ladimi, Suriya va yoki Eronu Iroq bo’ladimi, asl kelib chiqishingiz qaerdan bo’lsa o’sha joyni seving, bu sizga Amerika tarafidan berilgan erkinlik, lekin ayni paytda siz kelgan, quchoq ochib kutib olgan, qorningizni to’q, eganingizni but qilgan ikkinchi vatanga ham sevgingizni darig’ tutmang!

O’zbeklarning bir maqoli bor: “Bir kun tuz egan joyingga qirq kun salom ber”. Siz bu yerda qirq kun emas, qirq yildan va undan ko’proq muddatdan beri non emoqdasiz va bundan keyin ham eysiz. Bu yerni siz vatan deb qabul qila olmasangiz, farzandlaringizning, nevaralaringizning vatani bu. Shunday ekan, o’zimiz tug’ilgan, ota bobolarimiz tug’ilgan zaminga mehrimiz bir chandon bo’lsa, bu zaminga sevgimiz o’n chandon bo’lishi kerak emasmi?

Bugun Amerika ana shu sevgimizga muhtoj va biz uni ko’rsatishimiz kerak. Amerikadan nafrat qilsak, demak o’zimizdan nafrat qilgan bo’lamiz. Amerikada yashab, undan nafrat qilgan odam bir paytlar o’zi tashlab chiqib kelgan mamlakatini ham seva olmaydi. Uning gaplari yolg’on. Unday odamning samimiyatiga shubha qilaman.

Malayziyadagi o’zbekka yana bir bor takrorlayman: agar siz erkin bir joy izlasangiz hali ham Amerikadan erkinroq joy topa olmaysiz. Faqat kelishingizdan oldin o’ylab ko’ring. Bu yerga kelsangiz, nafrat bilan emas, balki sevgi bilan keling. O’shanda bu mamlakatda o’z o’rningizni topasiz va uning bugun hamda kelajagida ishtirok etasiz.

2004.

Sport va siyosat

SAVOL: Olimpiada o’yinlari haqida Amerika hamda O’zbekiston misolida nima deyishingiz mumkin? (Rasul).

JAVOB: Hamma narsaga mantiq ko’zi bilan qaraganim uchun sportning ba’zi turlariga unchalik qiziqishim yo’q. Sport ham hayotning bir bo’lagi, hayot-maot  emas.

Ammo Olimpiada o’yinlarini kuzatib boraman. Juda ko’p mamlakatlar qatori O’zbekistonda ham sportni siyosiy maqsadlarda foydalanish odat bo’lib bormoqda. Amerikada esa sport eng avvalo sportchining shaxsiy ishi, uning pul topish manbai. Shu bois ham xalqaro o’yinlar oldidan amerikalik sportchilar vatanim sharafini himoya qilishga bormoqdaman, deb ko’kraklariga urmaydilar. Bunday gaplarni ko’proq askarlar aytadilar. Sportchilar nima qilsam ham yutaman, bu mening hayotim, bu mening kelajagim, bu mening taqdirim, deb o’ylaydilar. Shu bois ular jo’nab ketar ekanlar, prezident yoki hukumat rahbarlari nutq so’zlamaydilar, yutganlarida  telegrammalar yubormaydilar, xat yozmaydilar, ordenlar berish haqida farmon chiqarmaydilar, ularning ishiga aralashadigan Sport komiteti ham yo’q.

Ba’zan ba’zi siyosatchilar sportdan ham foydalanib qolishga urinib turadilar.

Lekin sport erkin soha va uni mustaqil tashkilotlar boshqaradilar. Maktablar, oliy o’quv yurtlari, ota-onalar bu masalaga katta e’tibor beradilar. Sportda ham salomatlik, ham daromadlik yonma-yon.

Olimpiada o’yinlarida Amerikaning eng ko’p yutuqlarni qo’lga kiritishi u yerga borgan har bir amerikalikning o’zi bir erkin Amerika ekanidadir. Qachonki Olimpiadaga boradigan har bir o’zbekistonlikning ham o’zi bir erkin O’zbekiston bo’lganda balki oltin, kumush, bronza medallari Toshkentga tomon “oqishi” mumkin.

Kelajakda O’zbekistondan ham dunyo taniydigan kuchli sportchilar chiqishiga ishonaman.

2004.

So’roqnomlar

SAVOL: Internet saytlaridagi “survey”-so’rovnomalar  haqida nima deya olasiz (Zaynobiddin).

JAVOB: Bu ham bir rangba-ranglik. Lekin so’rovnomalarga ishonmayman. Ular haqiqatni aks ettirmaydilar. Hatto demokratik va rivojlangan davlatlarda ham so’rovnomalarga javob beruvchiar o’z manafaatlarini nazarda tutgan holda savolga boshqa javob berib, amalda boshqa ish qilishlari mumkin.

Internetda esa bu bir g’irrom siyosatga o’xshaydi. Ya’ni boshqalarni ham, o’z-o’zini ham aldash. Masalan, so’rovnomani e’lon qilgan veb sahifalarga kirib ko’ring va birortasida o’sha sahifa egalarining maqsadiga qarshi ko’proq ovoz berilganini ko’rmaysiz. Aksincha “o’zlarini” qo’llaganlar ko’p va raqiblarini qo’llaganlar kam. Buning sababi esa oddiy. Ular har kuni o’z sahifalariga kirganlarida o’zlari uchun ovoz berib qo’yaveradilar…

So’rovnomalar ikki xil bo’ladi. Birida siz faqat bir marta ovoz bera olasiz va siz ovoz bergan kompyuterdan boshqa signal qabul qilinmaydi. Ammo bu cheklov veb sahifani yurituvchilarga taalluqli emas. Ikkinchisi esa juda sodda o’quvchilar uchun mo’ljallangan va istagan odam istagani qadar ovoz beraveradi.

Endi demokratiyaga o’tayotgan mamlakatlarda siyosiy partiyalar turli so’rov tashkilotlari orqali xalqni o’z orqalaridan ergashtirishga urinadilar. Masalan, so’rov natijalariga ko’ra falon partiya ko’p ovoz olibdi, mening ovozim nimani ham hal qilar edi, men ham unga qo’shilaman, degan fikr uyg’otishni istaydilar. Ba’zan bunga muvaffaq bo’ladilar, ammo bora-bora odamlar so’rovlar natijalariga ishonmaydilar. Bu esa mazkur ish bilan shug’ullanadigan tashkilotlarni adolatli ishlashga chorlaydi. Amerikada shunday tashkilotlarning ishiga asosan saylov natijalariga qarab baho berishadi. Agar o’rtada katta farq chiqib qolsa, bu tashkilotning kelajagi bitadi.

Qisqa qilib so’rovnomalarni so’roq(“?”)nomalar deya izohlash mumkin.

2004.

Yozish qiyin… yozmaslik oson…

SAVOL: Sizga yozish qiyin… yozmaslik oson… Nima uchun ovozingiz mungli? (Nizomiddin).

JAVOB: Yozish qiyin. Yozmaslik oson bo’lishiga qaramay qiyin yo’lni tanlaganingiz quvonarli hol. Ba’zan juda qisqa maktublar ham juda katta ma’nolarni tashiydilar.

Ovoz masalasida: xalqimiz o’zining eng og’ir kunlarini yashayotgan bir paytda sizga yuzlanib, ovozingiz mamnuniyat bilan to’la,  desa balki ranjigan bo’lardingiz.  bugun quvonadigan holat oz. Balki ko’rolmayotgandirmiz. Bir kun kelib ovoz mungdan ajralsa ne baxt?! Kim ham mungga bog’lanib qolishni istaydi? Kim ham quvonishni istamaydi?

Oddiy narsalardan quvonib, oddiy narsalardan ranjib yurish haqida gap borayotgani yo’q. Gap kishining o’zligiga rangi inuvchi  ulkan dard haqida bormoqda.  Bu biz ham bir parchasi bo’lgan xalqning dardidir. Uni ko’ra olish, his qila bilish, elkaga yuklash, uning azoblari qo’ynida ezilish ne darig’ki bizga “nasib” etgan ekan.

Niyatimiz sof: kelajak avlod bu darddan, bu azobdan forig’ bo’lsin!

Ha, bizga yozish qiyin… yozmaslik oson… Lekin qiyin yo’lni tanlayotganlar soni ko’payib bormoqda.

Bu esa yorug’ kunlarning, dardning chekinishining ibtidosidir.

2004.

Qo’rquv sinmoqda

SAVOL: Siz Amerikaga kelgan juda ko’p o’zbeklar bilan uchrashib turaman, deb yozibsiz. Ular siz bilan uchrashishga qo’rqmaydilarmi?(Go’zal).

JAVOB: Kamina ham ko’plar qatori bir oddiy odam, har holda qo’rqinchli bo’lmasam kerak.

Bu masalaning bir tomoni, ikkinchi  tomoni shu-ki, xalqimga, Vatanimga, insoniyatga qarshi biror jinoyat qilganim yo’q va biror jinoyati uchun qochib yurgan odam ham emasman.

Bugunga qadar vijdonimga qarshi va vijdonimni qiynaydigan biror nomaqbul harakatga qo’l urganim yo’q. Shukur Xudoyimga! Vijdon buyurganini aytganim, xalq va vatanga yaxshilik keladigan yo’lga tomon odimlaganim uchun kimlargadir yoqmadim. Buning uchun o’ksinmayman. Quvg’in etishdi, tuhmat qilishdi, qora chaplamoqchi bo’lishdi. Ammo vaqt ko’rsatdi-ki, jinoyat, qabihlik, adolatsizlik tomonida emas, balki adolat, haqiqat, rostgo’ylik tomonida turgan va shu yo’ldan hech qaytmasdan, ikkilanmasdan o’z so’zini aytgan odam ajrini shu hayotdaligdayoq olarkan.

Hamma vaqt odamlarga jinoiy yo’lni emas, qonuniy yo’lni tavsiya etdim. Hamma vaqt diktaturani emas, demokratiyani yoqladim. Bundan keyin ham shunday bo’ladi va buni bilganlarning ba’zilari uchrashishga qo’rqadilar, ba’zilari qo’rqmaydilar. Bu ularning vakolatiga oid. Shukrki, qo’rqmaydiganlar ko’paymoqda.

Ilgarilari “Uchrashib qolsak, keyin hukumat avlod-ajdodimiz bilan quritib yuboradi” deb mulohazaga borganlar bo’lgan va bugun ham balki bor bordir? Qo’rqqan hatto o’z soyasidan ham qo’rqadi. Bir kishi doim “Nega unday qilmaysiz? Nega bunday qilmaysiz?” deb xat yozadi. Ammo o’zi bir narsa yozish u yoqda tursin, hatto ismini ochiq aytishdan qo’rqadi. Albatta, bundaylar bilan uchrashishga ham xoxish yo’q.

Biz bilan uchrashgan o’zbeklarning hammasini tergovga tortish, quvg’in qilish bilan shug’ullanganda hukumatning boshqa ishga vaqti qolmagan bo’lardi.

Qolaversa, keyingi paytda O’zbekistondan ochiq maktub yozayotganlar juda ko’payib ketgani va Amerikaga kelayotgan o’zbeklar uchrashishga intilishlari odamlarda ichki qo’rquv sinmasa ham sinish tomon borayotganini ko’rsatadi.

Yaqinda bir telejurnalist yigit keldi. Uning qaytib ketgandan keyin yozgan elektron xatidan bir parcha keltirmoqchiman, bu ko’p narsani oydinlashtiradi:

“Vatanga yaxshi etib keldim. Hammasi joyida. Faqat qaytishim bilan bu yerdagi muhitga yana qayta moslashishim juda qiyin bo’ldi. Chunki O’zbekistonda aytarli o’zgarish bo’lmagan, xalqning ahvoli avvalgidan-da xaroblashgan, iqtisodiy qiyinchiliklar hamon davom etyapti. Kelib ko’rdimki, odamlar mavjud tuzumdan nihoyatda norozi, sabr kosalari to’lib borayotir. Hozirda 2 ta odam yig’ilsa, darrov siyosatdan gap ochiladi va ochiqchasiga yozg’irishayotganiga guvoh bo’lyapman. Oddiy qishloq odamidan tortib, manaman degan olim-u ziyolilargacha—hamma-hamma mavjud rejimdan nihoyatda norozi va buni yashirmaydilar ham. Xullas, vaziyat tobora izdan chiqib boryapti.

Mayli, bu gaplar siz uchun yangilik emas. Vatandan uzoqda bo’lsangiz-da bularni mendan yaxshiroq bilasiz. Sizni yaqin kelajakda Vatanda ko’rishni Xudodan so’raymiz, barchamiz. Shu jabrdiyda xalqning ahvolini o’z ko’zingiz bilan ko’rish nasib etsin, iloyim.

Siz bilan uchrashib, uyingizda mehmon bo’lganim haqida dadamga aytdim. Avvaliga qo’rqib ketdilar, keyin judayam xursand bo’ldilar. Jahongir Mamatovday odam bilan uchrashibsan, zo’r ish bo’pti, faqat buni hech kimga aytma, deb qattiq tayinladilar. Keyin siz haqingizda gapirib ketdilar. Bildimki, hali sizni juda yaxshi eslarkan, eslagandayam minnatdor bo’lib, haqiqatgo’y odam edilar, deb xotirlashakan.

Men qattiq ishonamanki, vaziyat shundayligicha qolib ketmaydi. Hali haqiqiy ma’nodagi dorilomon kunlar albatta keladi”.

Ovmin! Shu muhtaram, qobiliyatli ukamizning aytgani kelsin! Aslida savolga javob ham shu ukamizning xatida mujassam.

2004.

Oraga manfaat kirsa…

SAVOL: Xudoga, dinga ishonganini pesh qilish ham siyosat emas-mi? (Nazira).

JAVOB: Aslida hamma narsaning siyosiy tomonlari bo’ladi. Hatto nafas olish ham siyosat bo’lishi mumkin. Agar uning ortida qandaydir manfaat bekingan bo’lsa.

Xudoga ishonish masalasiga kelganda kimning qay darajada ishonishini Xudoning o’zi biladi. Bu xususda bandalari hakamlik qilish vakolatiga ega emas. Shunday ekan, “Men bu qadar ishonaman, sen esa u qadar” deyish ham Xudoning vakolatiga sheriklik qilish, ya’ni shak keltirish demakdir. Ammo bu masalani siyosiy maqsadlarda qo’llanuvchilarga buning farqi yo’q. Ular o’zlarini hakami mutloq deb hisoblaydilar va hatto bir begunohni ham dinsiz deb hukm  chiqaraveradilar.

Bir rivoyat yodimga tushdi. Bandalardan biri har kuni ibodatlarini vaqtida qilar va boshqa farzlarni ham qoidasi bilan ado etar ekan, ammo qo’shnisi beparvo, o’z ishi bilan band. Ibodatgo’y  har kuni qo’shnisiga dakki berib, “Sen Xudoga ishonmaysan” der va bu gapini mahalla ko’yda ham takrorlab “Men ibodatimni vaqtida qilaman, falonchi esa qilmaydi” der ekan. Ular o’lganlaridan keyin ulamolardan biri, “Har holda ibodatgo’y  jazosini olgan bo’lsa kerak?’ debdi. Uning bu gapiga hayron bo’lishibdi. Shunda fozil kishi:  “U Xudoga ishonishini siyosatga aylantirgan edi-da. Agar vaqtida ibodat qilsa, bu, jumladan, Xudodan o’zining gunohlarini avf etishni so’rash, u dunyodan yaxshiroq joy olish uchun intilishdir, ya’ni mutloq o’zi bilan bog’liq vaziyat. Bu har kimning haqqi. Ammo buni pesh qilib, qo’shnisini ayblagani bilan gunohga botdi” degan ekan.

Bu bir rivoyat. Lekin bir kishi Xudoga ishonganini, dinga ishonganini pesh qilib, amalda odamlarga yomonlik ravo ko’rsa, ig’vo bo’htonlarga zamin yaratsa, yaxshilikning ko’chasidan o’tmasa, faqat o’zini o’ylasa va boshqalarni Xudoga ishonmaydigan deb bilsa, u odamning siyosiy, oniy manfaatlari bordir. Yaxshilab o’rganib chiqsangiz u o’tmishda Xudoga qarshi chiqqan bo’lishi va kelajakda yana shu yo’liga qaytishi yoki aksi ham bo’lishi mumkin. Chunki manfaat odamni turli kuylarga soladi. Oraga manfaat kirganda samimiylik yo’qoladi.

Xullas, nazarimda Xudoga, dinga ishonganini pesh qilaverish kattagina siyosatdir.

2004.

Ovozi yoqimli

SAVOL:Yaqinda san’atkor Yulduz Usmonova Amerikaga borib keldi. Shu haqda so’ramoqchi edim… (Abdurasul).

JAVOB: Yulduz Usmonova kelib ketgani haqida eshitgandim. Uning “O’zbekiston demokratiyasi dunyodagi eng ibratli demokratiya ekani” haqidagi intervyusi borasida ham eshitgandim. Amerikada yashaydigan buxorolik yahudiylar jamoasi tez-tez O’zbekistondan san’atkorlarni olib kelib turadilar. Bu ularning an’anasiga aylangan.

Kontsertida Yulduz Usmonova vatandan chiqib ketganlarni “xoinlar”, “vatanfurushlar”, “tuproqgadolar” deb atagan qo’shig’ini ham ijro etdimi, yo’qmi, bilmayman.

U bir “sapchib” maddohlar sirasiga kirganda “O’zbekiston qahramoni” unvoni olmaganiga ajablangandim. Chunki maddohlik borasidagi xizmatlari oldingi “qahramon”lardan oshsa oshdi-ki, kam emas.

Uning bir paytlar “Shohni ham gadoni ham bir yo’lda ko’r, bir yo’lda” degan qo’shig’i bo’lardi. Bu qo’shig’i bilan hammani aqlga chaqirib, o’ziga qolganda boshqa yo’lni tanladi.

Xalq san’atkorlar, adiblar, ziyolilarga juda ishonadi. Buni bilgan zolim rejimlar xalqni aldashda ularni qo’llanadilar. Shu bois bir millatning boshiga og’ir kunlar tushgan bo’lsa, bu ofatning aravasini tortib kelganlar begona emas, shu millatning “gullari”, “yulduzlari” ekanligini ham bilish kerak.

Ammo Yulduz bugun zamin, ertaga osmon, bugun suv, ertaga olov. Qolaversa, ovozi yoqimli. Hamma ham yoqimli narsadan yuz  o’giravermaydi. 2004.

Kimning kimligini biladilar

SAVOL: Amerikaga borayotgan o’zbeklarni tanisangiz ham tanimasangiz ham uchrashaversangiz, ulardan ba’zilari MXX odami bo’lsa nima qilasiz? (Ahmad).

JAVOB: Avvalo tanisam ham tanimasam ham uchrashaveraman, demagandim.

Qolaversa MXX da ishlaydiganlarni ko’p ham axmoq deb o’ylash kerak emas. Ular kimni qo’lga olish, kimni olish mumkin emasligini yaxshi bilsalar kerak. Bu birinchidan.

Ikkinchidan esa, agar har qanday odamlari kelgan taqdirda ham u qarashlarimni suyab turgan kuchli va mantiqli dalillarimdan keyin  diktaturaga qarshi kurashchi  bo’lib qolishidan, demokratiyaga yon bosishidan cho’chiydilar.

Uchinchidan,  yashiradigan bir narsam yo’q. Aytadigan gapimning hammasini ochiq aytmoqdaman va siz kabi ular ham bemalol o’qish imkoniga egadirlar.

To’rtinchidan, bunday usullarni  Amerika darhol payqab qolishini ham biladilar. Demakki, ularning manfaatiga zid.

Shunday ekan, ortiqcha bosh og’rig’i nima uchun kerak, ularga?!

2004.

Kelajakning bayrami

SAVOL: Mustaqillik bayramini qanday nishonladingiz? (Manzura).

JAVOB: Mustaqillik bayramini 20 iyunda nishonlagan edim. Chunki 1990 yilning shu kuni O’zbekiston Oliy Kengashi tomonidan Mustaqillik deklaratsiyasi e’lon qilingan va katta bayram bo’lgan. Men bu hodisaning bevosita ishtirokchisi bo’lganim uchun ham bu kunning ahamiyatini yaxshi anglayman.

Ammo oradan bir yil o’tib, bu masalani Islom Karimov ko’tarib chiqqanda  hatto bitta deputat ham qarsak chalmadi. Shunda u “Nega qarsak chalmayapsizlar?” deb so’ragan ham edi.

Mustaqillik ilk e’lon qilinganda Sovet tuzumi hali oyoqda va bu odim jasorat, kurash, qullikka qarshi isyon ramzi edi. Shu bois hamma quvongandi, bayram qilgandi.

Ammo ikkinchi bor e’lon qilinganda, Sovet tuzumi yiqilib bo’lgan va bu odim qo’lga kiritilgan Mustaqillikni bir shaxsning mahriga bog’lash edi, shu bois ham hech kim quvonmagandi.

Ishonamanki, kelajak bu bayram masalasida o’z qarorini baribir chiqaradi.

2004.

Stalinchilar

SAVOL: Rossiyadagi maktabda yuzlab bolalar o’ldirilgani fojeasiga qanday munosabat bildirasiz?(Orifjon).

JAVOB: Bir so’z bilan aytganda “Dahshat!” bu!

…Yaqinda AQShning Ey-bi-si televideniesi “Jyuri xonasida” degan bir turkum ko’rsatuvlar boshlatdi. Mavzu suddagi voqealar va hukm chiqarishda xalq maslahatchilari(jyuri a’zolari)ning o’rni haqida.

Ko’rsatuvlardan biridagi voqea shunday: o’rta yoshli ayol mashinasida ziyofatga boradi, ichkilik ichadi, mast bo’ladi va qaytayotganda qarshisidan kelayotgan mototsiklni urib yuboradi. Mototsiklda bo’lgan ota tirik qolib, 17 yoshli o’g’li halok bo’ladi. Ota yolg’iz, bu dunyoda suyangan tog’i faqat shu o’g’li ekan. Xalq maslahatchilari mashina haydagan ayolni aybdor deb topib, umrbod qamoq jazosini talab qildilar. Sudga kelgan yolg’iz ota oxirida so’z olib, lablari titrab, ko’zida yosh halqalanib, “Ayolning gunohini men kechirdim, sizlar ham kechiringlar”, deb yolvordi.

Undan “Shu paytga qadar o’lim jazosi berilishini talab qilayotgan eding, nega endi  gunohidan o’tishni istayapsan?” deb so’rashganida, u “Ayolning yoshgina qizchasi bor ekan, uning ko’z yoshlariga chiday olmadim, yana bir bola xarob bo’lishini istamadim”-dedi. Bu irodali, sog’lom inson ruhiyatining in’ikosi.

Putin Chechenistonda zulm mashinasini yurgizmoqda…

Chechen bolalari, onalari o’lmoqdalar…

Chechen xalqi qirilib ketmoqda. Bunga qarab turib bo’lmaydi. Buni butun dunyo qoralab kelmoqda.

Lekin buning uchun begunoh go’daklarni asir olish, uch kun suvsiz-ovqatsiz saqlash, ularga qarshi o’q otish… buni tushuna olmayman va qabul ham qila olmayman. Buni qabul qiladigan insonning ruhiyatida qandaydir nuqs bor. Frantsiyadagi hijob masalasining ilk bor maktabga borish quvonchini yashayotgan bolaga nima aloqasi bor?! Arablarning Chechen kelajagiga nima daxli bor? Qamoqqa olingan chechenlarning endi alifboni o’rganishga boshlagan go’dakka qanday taalluqli eri bor?

Bolalarni garovga olish bilan Chechenistonni mustaqil qilish  yo’lidagi g’ovni yanada kuchlantirishga xizmat qilinajagini tushunish uchun u qadar aqlli bo’lish ham talab qilinmaydi. Bunday harakatlar faqat nafrat olib keladi, zulmni kuchaytiradi, yana qon to’kilishi uchun zamin yaratadi.

Bolalar, go’daklarni o’ldirib, ularning qoni bilan bo’yalgan mustaqillikning kimga keragi bor?

Bu savolim “Mustaqillik avval, jon keyin!” deydiganlarga yoqmaydi. Ammo  shunday shior bilan chiqqanlarning ko’pini ko’rdim, ular mustaqil bo’lgan o’lkalarini tashlab ketdilar yoki tashlab ketmoq majburiyatida qoldilar. Nima uchun? Jonlarini saqlash uchun. Qancha-qancha mamlakatlarda ham odamlar mustaqil o’lkalarini tashlab qochmoqdalar, jonlarini saqlash uchun  Demakki, inson joni, inson hayoti oldinda turar ekan…

Bir latifa yodimga tushdi.

Stalin “Vatan uchun olg’a!”- degan ekan, hamma o’zini o’tga otibdi. Bir kishi okopda qolibdi.

-Sen nega Vatan uchun maydonga chiqmading?-deb so’rabdi undan yarador askar.

-Men  ham o’lsam, Vatan kimga qoladi?-deb javob qilibdi u.

-Kimga? Stalinga!- deb jon bergan ekan yarador askar.

“Stalin”lar emin-erkin, farovon yashashi uchun begunoh bolalarni garovga olish va o’ldirishning nomi mustaqillik  yo’lidagi kurash bo’ladigan bo’lsa, sizni bilmadimu lekin bunday kurashni qoralayman!

“Mustaqilik uchun kurashning qonsiz yo’li ham bor!… Agar Sizga inson umrining ahamiyati bo’lsa, mening yo’limni tanlashingiz kerak!”- degandi Gandi.

Tabiiyki Putin kabilarning ham aybi katta. Putinlar ham stalinlarning bir turi. Aks taqdirda shuncha bolani qutqarishning yo’lini topgan bo’lardilar. Ularga ham inson umrining ahamiyati qolmagan! Terrorchilar esa ularning tegirmoniga suv quymoqdalar, zulmning tegirmon toshi yurib turishiga xizmat qilib bermoqdalar…

2004.

Sayt haqida

SAVOL: Saytingizni yuritish uchun Amerikaning qaysi tashkilotidan grant olasiz? (Dildora).

JAVOB: Sahifamni shaxsan mehnat qilib topgan pulim evaziga yuritaman. Ba’zilar kabi turli bahonalar qilib, grant olib ham yuritish mumkin. Lekin bu  muttahamchilik bo’ladi.  Agar jamoatchilik sahifasi bo’lganda ham boshqa gap edi. Bu shaxsiy sahifam bo’lgani uchun uning masraflari ham o’z bo’ynimda bo’lishi kerak  Agar yaxshilikka xizmat qilsa, haqiqatni topishda kimgadir, qandaydir foydasi tegsa  demak shuning savobi etadi.

Darvoqe, hech qanday pul sarflamasdan boshqalar yaratgan maydonlarda ham veb sahifa ochish mumkin. Ammo unda ularga qaram bo’lib qolasiz. Masalan, reklamalarini suqadilar. Reklamalari qarashlaringizga zid bo’lsa ham hech narsa qila olmaysiz. Istagan paytda sizga tazyiq o’tkazishlari ham mumkin yoki sizning nomingizni qo’llanib ular grant olib yuradilar va hokazo.Qaram bo’lib yurmaslik esa har doim ham mushkul. Lekin baribir erkin bo’lishning gashti boshqacha.

Grant hisobiga yuritiladigan o’zbek tilidagi veb sahifalar ko’p. Ammo ular pul talashi chiqib qoladi, deb bu haqda gap ochmaydilar. Ya’ni boshqalarni ishlatib, grantni esa o’zlarining mulklariga aylantirib olganlari ochilib qolishidan qo’rqadilar. Lekin baribir bir kuni hammasi ayon bo’ladi, xuddi Leninga revolyutsiya qilishi uchun pul berganlarning ro’yxati tarix kitoblaridan o’rin olgani kabi.

2004.

Yomondan yaxshiga

SAVOL: Birinchi yozgan maqolangiz yoki she’ringizni eslay olasizmi, u nima haqda bo’lgan? (Zulfiya).

JAVOB: Aynan falon maqolam birinchisi edi yoki mana bu she’rim ilk yozilgandi, deb aytishim qiyin. Chunki ilk bor maqola yozganimda juda yosh edim. Aslida u maqola ham bo’lmagan. O’qituvchimiz qaysi bir mavzuda erkin ish yozdirgan va meniki sinfda eng yaxshi deb topilgandi. O’shanda hali maktabning o’rta sinfida o’qir edim va yozgan narsamni qaytadan qog’ozga tushirib pochtachi Hakim akaning yordami bilan Samarqand tumanining “Sharq tongi” gazetasiga yuborganman.

Gazetaning to’rtinchi sahifasida 3-4 qatorli bir narsa chiqqan va unga 44 tiyin qalam haqi ham kelgan. Shundan keyin maktabni tugatgunga qadar bu va viloyat, respublika gazetalarida besh yuzdan ziyod “yozganlarim” chiqqan.

O’sha kezlari Toshkent Davlat universitetining Jurnalistika fakultetiga kiruvchilardan matbuotda chiqqan maqolalarini to’plab, albom shaklida qabul komissiyasiga olib kelish qoidasi bor edi. Biz o’qishga kirgan yili keyinchalik bizga dars bergan domlamiz Muxtor Xudoyqulov qabul komissiyasida ekan va to’plab kelgan maqolalar, she’rlar, kichik hikoyalarimni ko’rib birga kelgan rahmatli onamga “O’g’lingiz o’qimasa ham bo’larkan, allaqachon yozish planini to’ldirib qo’yibdi” degandi.

Maktabdagi “jurnalist”ligimdan bir voqea yodimga tushdi. Rasulov degan o’qituvchimiz bor edi va hamma undan qo’rqardi. Bolalar nos, papiros chekishsa, lanka o’ynashsa, qo’ng’iroq chalinganiga qaramasdan darsga kirishmasa u hech narsa demasdan qo’lning qo’ltiqqa yaqin joyidan shunday chimchilar edi-ki, qutilib qochish mumkin bo’lmay, ko’zning kiprigi yulduzchalarga aylanib ketardi. Qo’lning o’sha joyi ikki-uch haftaga qadar qop-qora bo’lib turardi. Hamma bola, jumladan men ham Rasulovdan nafrat qilardim.

Yozganlarimni “Sharq tongi” gazetasining Madaniyat bo’lim mudiri Abdusalom Muhammadalievga olib borardim. Bir borishimda Qishloq xo’jalik bo’limida ishlaydigan jurnalist Ergash Sultonov maktabimizning makkajo’xori etishtiradigan brigadasi haqida  maqola yozishni so’radi.

Darsdan keyin dalaga bordim. Dala Toshkent-Termez shoh yo’lining yaqinida edi. Borsam,  bir oyoqyalang, semiz kishi boshini ro’molcha bilan bog’lab olib, makkajo’xorizorga suv quyayotgan ekan. Tanidim,  Rasulov edi. Yoniga borgim kelmadi. Ammo u ko’rib qolib, chaqirdi va nimaga kelganimni so’radi. Qo’rqib, qaltirab maqsadimni aytdim. U qo’lbola supaga taklif qildi, u yerda o’nga yaqin bitiruvchilar dars qilib o’tirishgandi.

Rasulov  bir piyola choy uzatib, erinmasdan ko’p narsani gapirib, tushuntirib berdi. Bolalar ko’zlarining tagidan menga qarab qo’yishardi. Ular darsdan keyin ishlab, maktabning yangi binosi uchun pul to’playotgan ekanlar. Rasulov ularga bitirish imtihonlariga tayyorgarlik qilish uchun imkon yaratib, ularning o’rniga o’zi ishlayotgan ekan.

Qo’limdagi 12 varaqlik daftarim to’lib ketdi. Biz gaplashib o’tirganda dalaning bir qismini suv bosibdi. Qo’rqib ketdim. Rasulov yaqinlashar ekan, hozir qo’limdan chimchib oladi, deb o’yladim, u esa boshimni silab:

-Qo’rqma, biz makkani silos uchun etishtirayapmiz, suvlik bo’ladi,- deb jilmaydi.

Unga bo’lgan nafratim, hurmat tomonga og’a boshladi. Hozirga qadar birovdan nafrat qilsam shu voqea esimga tushadi va balki o’sha odamning hali men bilmagan yaxshi tomonlari bo’lsa-chi, deb o’ylab qolaman.

2004.

To’yi mavzu emas, azasi mavzu

SAVOL: Keyingi yillarda yuz berayotgan dahshatli voqealar dunyoning oxiri kelganidan belgi emas-mi? (Rustam).

JAVOB: Optimistman. Menimcha “Dunyoning oxiri kelmoqda”, deyish bu kelajakdan umidni uzishdir. Lekin Dunyoning oxiri kelib-kelmagani bizning qo’limizda emasligini va bizning qarashlarimizga bog’liq bo’lmaganini hisobga olsak, yana Yaratganning o’zi biladi.

Keyingi yillarda yuz bergan dahshatli fojealar, ofatlar, halokatlar Dunyo paydo bo’lganidan beri u boshidan kechirganlari oldida hech narsadek gap. Qora dengiz ostida qolgan mamlakatdan boshlab, Orol tagida ko’milgan shaharga qadar qanchadan-qancha ofatlarda millionlab odamlar yo’qolib ketganlar. Zilzilalar, ko’chkilar va nihoyat tinimsiz urushlar…

Faqat bugun dunyoning bir burchagida suv ikki kishini oqizib ketsa ham darhol xabarini eshitamiz.

Xabarning asosi voqea bo’lgani uchun har kuni, har soatda bir fojea haqida eshitib, o’qib bormoqdamiz. Buning ustiga voqeaning ipidan ignasigacha televideniedan ko’rish imkoni ham mavjud. Buning inson ruhiyatiga ta’siri katta. Dunyo ulkan va to’yi bilan azasi yonma-yon. To’yi mavzu emas, azasi mavzu. Shu bois ba’zilarga Dunyoning oxiri kelgandek tuyuladi.

Tarix kitoblarini varaqlasangiz, bugungilardan ham dahshatli voqealar haqida o’qiysiz. Shunday millionlab misollardan faqat bittasi haqida Abu Bakr Muhammad ibn Ja’far  Narshaxiyning “Buxoro tarixi” kitobi(“Fan” nashriyoti,Toshkent,1996, 44 bet)da o’qishingiz mumkin. Muallif arabl bosqinchiligi haqida to’xtalar ekan, jumladan shunday misol keltiradi:

“Qutayba Xunbunga etib kelganda, unga “Hisorning kishilari qo’zg’olon qilib, amirni o’ldirdi”, degan xabarni etkazadilar. Qutayba lashkariga “Boringlar, Baykanni talon-taroj qilinglar, ularning qonlarini (to’kishni) va mollarini (olishni) halol qildim” deb buyruq berdi. (Qo’zg’olon) sababi shu edi: baykandlik bir kishining sohibjamol ikki qizi bor edi. Varqo ibn Nasr ikkalasini ham o’ziga oldi, shunda u kishi, “Baykand katta shahar, nima uchun sen butun shahardan faqat mening ikki qizimni tanlab olasan?”-dedi. Varqo javob bermadi, u kishi sakrab turib Varqoning kindigiga pichoq urdi, lekin bundan bir ish chiqmadi- Varqo o’lmay qoldi. Bu xabar Qutaybaga etgach, u qaytib Baykandga keldi va u yerda kimki urushga yaroqli bo’lsa, hammasini oldirdi va qolganlarini asir qilib oldi, shunday qilib, Baykandda hech kim qolmadi va Baykand xarob bo’ldi…”

Xullas, Dunyo bizga qadar ham bor edi va bizdan keyin ham bo’ladi, tabiiyki fojealari bilan.

2004.

Ishonch yo’qolgan

SAVOL: “Harakat” jurnalidagi ”Muxolifat nima qilishi kerak, nima  qilmoqda?” [3-(48)-2004]  degan maqolada: “Amerika ovozi” radiosining Vashingtondagi markaziy ofisida ishlaydigan o’zbek jurnalistlari esa O’zbekistondagi muxbirlariga “Muxolifatga yaqin bo’lsang ishdan haydaymiz” deb tahdid qilib turishdan ham cho’chishmagan” deyiladi. Shu gapga nima deysiz? Radio yopilib ketganiga qaramay bunga javob berishingiz mumkinmi? (Abrorxon).

JAVOB:  Bu savolni radio yopilmasdan oldin berganingizda ham javob berish mumkin edi. Iddaoda qisman jon bor. Gap shundaki, radio kimlarningdir shaxsiy manfaatlari yo’lida qurol bo’lib qolmasin, deya barcha xizmatlarda ishlaydiganlarning mustaqil bo’lishi shart qilib qo’yilgan. Bu O’zbek xizmatiga ham taalluqli edi va buni to’g’ri deb bilaman.

Radioga shga o’tayotganimda ismim “Harakat” jurnali tahririyati a’zolari ro’yxatida bo’lgani uchun “do’st”larimizdan biri meni “Birlik” a’zosi (hech qachon “Birlik”ka a’zo bo’lgan emasman-JM), muxolifatga mansub, deb shikoyat qilgan va bu tahririyat a’zoligidan chiqish haqida rasman bayonot e’lon qilish majburiyatida qolgan edim.

O’zbekistonda turib “Amerika ovozi” radiosi uchun ishlagan hamkorlardan ham doim mustaqil bo’lish, barcha guruhlarga birdek qarash, hukumat tomonida emas, haqiqat tomonida bo’lish talab qilingan va bu jurnalistika uchun normal holdir. Shunga qaramay ular doim muxolif guruhlar tomonida edilar. Ularning O’zbekiston hukumati tomonida bo’lganlari yoki hukumatning qarashlarini yoritgan  birorta ham lavhalarini eslay olmayman.

Ma’lumki, O’zbekistonda muxolifat rasman yo’q. Lekin o’zini muxolifat deb yurgan guruhlar bor. “Amerika ovozi” kabi boshqa radiolar ham bu guruhlarni  hech qachon chetlab qo’ymayaptilar. Agar bitta-ikkita “daho”dan intervyu olinmay qolingan bo’lsa, bu qaysi bir guruhni chetlash ma’nosiga kelmaydi.

“Harakat”dagi maqolada xorijiy radiolarga ta’sir qilib turilmasa, O’zbekistondagidan farqi qolmas edi, degan juda katta iddao ham o’rtaga otilgan. Bu jurnalistika nimaligini bilmaydigan odamning gapi.

Xo’sh, “Harakat” mustaqil axborot agentligi degan nom ostida berilayotgan xabarlarni bir tahlil qilib ko’ring. Yarmidan ko’pi O’zbekiston matbuotidan olingan yoki uning ruhida. Buning uchun uni tayyorlaganlarni ayblamayman. Qozonda bori cho’michga chiqadi. Jamiyat baribir hamma joyda o’z in’ikosini ko’rsatadi. Shu bois yuqoridagi balandparvoz iddao o’rniga xorijiy radiolardagi ba’zi xodimlar turli muxolif guruhlarga yon bosadilar, tarafkashlik qiladilar, deb tanqid qilinganda ancha to’g’ri bo’lgan bo’lar edi.

Xullas, bizda hali o’z manfaatidan qarashlarini, ishonchini, haqiqatni ustun qo’yadigan jurnalistlar, jurnalistlikka da’vogar “muxolif”lar barmoq bilan sanarli. Lekin ularni ham ayblovchilar ko’p. Chunki manfaatdan ham ustun narsalar borligiga ko’pchilik ishonmay qo’ygan.

2004.

Zukko odamlar shov-shuv qilishmaydi

SAVOL: “Shohimardon kimniki?” degan va buzg’unchilikka olib boradigan  bayonotlarni  siyosatshunos sifatida qanday baholaysiz?(Zafar).

JAVOB: Biror kishi yoki guruhning buzg’unchiligini baholash mening ishim emas. Lekin dunyoda yuz berayotgan voqealarga nisbatan oddiy bir inson sifatida o’z fikrimni bildirib kelmoqdaman va bundan keyin shunday bo’lsa kerak, deb o’ylayman.

Bilasizmi, 1988-1989 yillarda ham  ba’zi odamlar va guruhlar ana shunday tortishuvlar chiqargan edilar. Samarqand, Buxoro, O’sh  kimniki degandek… Bu esa qonli voqealarga olib kelgan edi. Keyin ma’lum bo’lishicha, bu ishlarning ortida mash’um SSSRning KGB degan tashkiloti turgan ekan.

O’zimizning qo’lbola “sodda”lar KGBning musiqasiga o’ynab berishgan. O’sha mudhish kunlarning oqibati shunga olib keldiki, turkning bolasi, qon-qardosh bo’lgan qirg’izlar va o’zbeklar orasiga rahna solindi.

Menimcha, yana qandaydir planlar bor va bunda manfaatparast guruhlar ustalik bilan qo’llanilmoqda. Aks taqdirda SSSRning butunligi uchun qayg’urib, oyoqyalang yugurganlarga qolardimi bu ish?

Turli internet sahifalarida o’zbekni qirg’izga, qirg’izni o’zbekka qarshi qayrayotgan bu odamlar turk millatining qoni bilan o’ynashni bas qilishlari kerak. Butun bir mamlakat Rossiyaning qo’l ostiga o’tib ketishi xavfi bo’la turib, bu kuchlar odamlarning diqqatini boshqa tomonga burib, aka va ukaning bir-biriga qayrash bilan ovora bo’layotganlari ham 1988-1989 yillardagi provokatsiya qaytib kelmoqdami degan savolni yaratadi.

Nima bo’lganda ham bunday o’yindan ehtiyot bo’lish kerak va bir muammo chiqqan taqdirda ham ikki tomonning zukko odamlari shov-shuv qilmasdan dialog yo’li bilan masalani hal etishlari darkor. Bu esa SSSRni tiklash ishtiyoqida bo’lgan putinlarning ayg’oqchilariga yaxshigina  tarsaki bo’ladi.

2004.

Ahmad Ismoilov

SAVOL: Ahmad Ismoilov degan jurnalistni eslagansiz. Uning nomini oldin eshitmagan ekanman, qo’shimcha ma’lumot berishingiz mumkin-mi?

JAVOB: Albatta! Iste’dodli va zahmatkash jurnalist Ahmad Ismoilovning so’nggi ish joyi “Toshkent haqiqati” gazetasi edi. U olamdan o’tganda juda ko’p jurnalistlar qatori kamina ham ko’zimda yosh bilan uni mangu yo’lga kuzatib qolganman.

1974 yilda Toshkent Davlat universitetining Jurnalistika fakultetida o’qigan paytimda, iqtisodiy sharoitim og’irlashib, ish qidirib qoldim. 17-18 yoshli, tajribasiz yigitni kim ham ishga olardi?

Sarson bo’lganimni va qiyin sharoitga tushganimni ko’rgan yashayotgan uyimning egasi Ilyos aka qo’shni mahallada istiqomat qiladigan jurnalist Rasul Rahmonov bilan tanishtirdi. U yertasiga tush payti Navoiy teatri yoniga borishimni uqtirdi. Borsam u bir o’rta bo’yli, kulcha yuzli, hiyla semiz odam bilan favvora yonida gaplashib turgan ekan. Salom berib, uzoqroqda to’xtadim. Rasul aka u odamga bir narsalar degandan keyin u menga yaqinroq kelib:

-Bitta savol beraman, javobing yoqsa, ishga olinding, bo’lmasa o’zingdan ko’r,-dedi.

Shoshib qoldim. Buning ustiga Rasul aka:

-Bu kishi Ahmad Ismoilov bo’ladilar, eshitgan bo’lsang kerak,-dedi.

Ahmad Ismoilov nomini ko’p eshitganim, har kuni “Toshkent haqiqati” gazetasining to’rtinchi sahifasida uning nomiga ko’zim tushib turgani uchun dovdirab qoldim.

-Qani ayt-chi, jurnalist degani o’zi kim?-dedi Ahmad aka.

O’qishga kirgan yilim birinchi darsda domlamiz Muxtor Xudoyqulov shu mavzuga yaqin erkin ish yozdirgan edi va “Jurnalist-davlat arbobi”  deb yozganim yodimga tushdiyu shunday dedim.

Ahmad aka biroz o’ylab turdi-da, keyin Rasul akaga qarab:

-Ko’rdingiz-mi, yoshlarning fikri xazina bo’ladi,-dedi va menga yuzlanib:

-Borib E’tibor opangga ayt, seni ishga oldim, ish soatlaringni o’qishingga moslab, rejalab qo’ysin,- dedi.

E’tibor opa gazetaning Korrektura bo’limida rahbar ekan. Shu bilan “Toshkent haqiqati”da ishlay boshladim. Bu maskanda Soat Musaev, Nazarmat, Ergash Muhammedov kabi juda ko’plab jurnalistlar, adiblar ham xuddi Ahmad aka kabi quchoq ochib, ish o’rgatishgan.

Ahmad aka chapaqay va bir qarashda maqolaning qandayligini bilib oladigan mahoratga ega edi. U chap qo’llab, qizil qalam bilan qo’ygan sarlavhalar hammani hayratga solardi.

Bir kuni chaqirib:

-Yoshlardan birortasi bilan korrekturada o’tirib tur, birozdan keyin Sharof aka keladilar, u kishi o’zlari gap qo’shmaguncha gapirma,-dedi.

Biz ishlayotgan bino yangi bo’lib, Sharof Rashidov ziyoratga kelayotgan ekan. Korrekturada grankalarni o’qib o’tiraverdik. Yo’lakka yaqin bo’lgani uchun Rashidov va hamrohlari bizning xonaga kirishdi. Bosh ko’tarmasdan ishimizni qilaverdik.

-Assalomu alaykum,-deya Rashidov kelib bizlar bilan ko’rishdi va bino haqida so’radi.

Rashidovni kuzatib qo’yishgach, Zarif aka degan hazilkash jurnalist bizning qo’limizdan o’pdi va:

-Qani hamma bu oltin qo’llardan o’psin!,-deya hazil qildi.

Orqadan Ahmad aka kelib qoldi va:

-Davlat arboblari ham shunaqa hazil qiladi-mi?-dedi.

Uning kinoyasini tushunmadim. Kechga tomonchaqirib:

-Tabriklayman, mana bunga qara!-dedi.

Birinchi sahifaning xomakisida “JURNALIST-DAVLAT ARBOBI” degan so’zlar katta harflar bilan yozilgandi.

Keyin bilsam, o’shanda Rasul Rahmonov bilan Ahmad aka Sharof Rashidovning nutqi haqida gaplashayotgan va gapim ularga ma’qul bo’lgach, nutqqa qo’shishgan ekan. Rashidov jurnalistlar dargohini ziyorati barobarida majlisda bu nutqni irod qilgach, hamma gazetalarda shu gap sarlavhaga aylanib ketdi. Ahmad aka doim shu haqda gapirib yurdi.

Uning bir odati bor edi. Yoshlarga katta pul berib, kichik bir narsa olib kelishni buyurardi va qaytimini olmas, “Ertaga boshqa narsa buyurman” derdi. Ertasiga esa boshqa pul berardi. U yoshlarning g’ururiga tegmayin, deb shu yo’l bilan ularni dastaklardi.Umuman u yoshlarni juda qo’llaydigan odam edi.

Aytishlaricha, Sharof Rashidov “Qizil O’zbekiston” gazetasida bosh muharrir bo’lganda, Ahmad aka ma’sul kotib ekan. O’shanda Rashidov u kishiga “Pulning qadriga etmaydigan odamsiz” deganini eshitganlar bor ekan.

Lekin hammada ham ana shunday xislat bo’lavermas ekan,  u pulning qadriga etmasa ham odamlarning qadriga etadigan jurnalist, davlat arbobi edi.

“Toshkent haqiqati” gazetasi Ahmad Ismoilov bosh muharrir bo’lgan yillari O’zbekistondagi eng o’qimishli, eng savodli nashr edi. Buni barcha jurnalistlar chin dildan e’tirof etishardi.

2004.

Nozik masala

SAVOL: Men chet elda yashab yurgan dindorman,  vatanga qaytib borsam, dindorligim uchun qamalib ketaman-mi deb qo’rqaman. Boshpana so’rasam, berishlari mumkin-mi yoki chiqarib yuboradilar-mi bilmayman? Amerikada bo’lmasa, Avropada, masalan Angliyada boshpana olishim mumkin-mi? Maslahat bersangiz? (Farg’oniy).

JAVOB: Boshqa bir mamlakatdan boshpana so’rash bu shunchalik shaxsiy masalaki, hatto uylangandagidan ham nozikroqdir. Chunki har kimning muammosi har turli va sizga boshpana beradi, unga esa bermaydi, deb aytish mumkin emas. Zero demokratik davlatda sudning qarorini hech kim oldindan aytib berolmaydi.

Ayniqsa, 2001 yil voqealaridan keyin bu masala juda jiddiylashgan. Masalan, “Vashington post” gazetasining yozishicha, Amerikada 2003 yilda boshpana berish yigirma foyizga kamaygan. Murojaat qilganlarning soni esa ko’paygan. Demak, rad javobi olayotganlar ko’p. Ammo Amerikadagi sudlarda turli sabablar bilan yutib chiqayotganlar ham anchagina. Hatto “Men Usmon Haqnazarov nomi bilan Internetda maqolalar yozganman, Karimovning qizi haqida yozganman, endi qaytib borolmayman” deb siyosiy boshpana olgan odamlar haqida ham eshitdik.

Amerikada kimlarga boshpana berilishi mumkinligi haqida juda ko’p rasmiy Internet sahifalari mavjud. Bu yerda viza muddati o’tib ketgan va qonunsiz yashayotganlar ishi sudga topshiriladi  va sud “chiqarib yuborilsin” deb qaror bersa, shundan keyin bu amalga oshiriladi.

Avropada, xususan, Angliyada qonunlar talabi qandayligini bilmayman. Lekin bu mamlakatlarning qonuniy shartlari haqida ham Internetdagi rasmiy veb sahifalaridan ma’lumot topish qiyin emas. Shuningdek, bu soha bilan bevosita shug’ullanadigan advokatlargina “ish”ning bo’lib-bo’lmasligini taxmin qilishlari mumkin.

Umuman esa, agar bir kishining adolatga yo’li bekitilgan, quvg’inlar va ta’qiblar tufayli uning hayoti haqiqatdan ham tahlika ostida qolgan bo’lsa, unga boshpana berish demokratik davlatlarda darhol rad etilmaydi. Batafsil o’rganib chiqiladi.

Ammo bu borada maslahat berish yana takror aytaman, mumkin bo’lmagan masala. Chunki har kimning boshiga tushgani o’ziga ayon va o’zining kimligini har kimning o’zidan yaxshi biladigan odam yo’q.

Shu bois Sizga ma’qul bo’ladigan gap ayta olmagan bo’lsam, uzrimni qabul qiling. 2004.

Quvonaman bundan!

SAVOL: Bugun xususiy saytlar ko’paymoqda, o’quvchilaringiz soni kamayib ketishidan cho’chimaysiz-mi? (Saodat).

JAVOB: Yo’q. Internet-bu ham tanlov. Yuztasini ko’rib bittasini tanlaysiz. Shu nuqtai nazardan mustaqil va xususiy veb sahifalar qancha ko’p bo’lsa, shuncha yaxshi. O’zim doim yoshlarga murojaat qilib, xizmatni veb sahifa ochishdan boshlang, deb aytib kelmoqdamanu nega endi ularning ko’payishidan cho’chir ekanman?

Veb sahifalar ko’paysa, ularni yopib qo’yish qiyinlashadi. Qolaversa, turli fikrlar va turli qarashlar ko’payadi va bu hurfikrlilikka, qul bo’lmaslikka yo’l ochadi.

To’g’ri, mustaqil veb sahifani yuritish oson emas. Jamoatchilik asosidagi veb sahifalarni ko’rayapsiz, aksariyati Internet dunyosining u chetidan, bu chetidan xabar, maqolalar ko’chirib olib qo’yish bilan veb sahifa yuritmoqdamiz, deb o’zlarini aldab, pullarini bekorga sarflab yuribdilar.

Xususiy veb sahifada esa hamma narsani o’zingiz va shaxsan o’zingiz yozishingiz kerak.

Xususiy veb sahifalar kundalik xabar manbai emas, balki vaqt bo’lganda bemalol o’tirib, bir narsa o’qiydigan joy bo’lishi kerak.

Lekin bugungi o’quvchi har kuni bir yangi gap eshitgisi keladi. Bu talabni qondirib borish esa juda mushkul. Yirik asarlarni o’qib o’tirishga uning vaqti bo’lmaydi. Chunki Internetdagi har bir soniya uning uchun qimmatli.

Muxtasar qilib, cho’chimasligim, balki yangi veb sahifalar ochilaversa, quvonishimni aytmoqchiman, xolos.

2004.

Siyosat so’zining o’zagi “SIYO”, ya’ni “QORA” dir

SAVOL: Kuzatishimcha siz SIYOSATCHI so’zini yoqtirmaysiz. Nega? (Sharofiddin).

JAVOB: Falon so’zni yoqtiraman, falon kalimani esa yoqtirmayman, deb aytganimni eslay olmayman. Ammo siyosatni “siyosat”ga aylantirib yurganlar haqida ko’p yozganman va balki savolingiz paydo bo’lishiga bois shudir.

Siyosatni har kim har xil tushunadi va o’z ko’rpasiga qarab unga bo’y beradi.

Hech esimdan chiqmaydi, O’zbekistonda qama-qama borayotgan, juda og’ir qatag’on bir payt edi. O’shanda yulduzi porlay boshlagan, bugunga kelib so’nib qolgan “siyosat”chilardan biri bilan bu masalani gaplashish uchun yoniga borsam,  o’zi haqida yozilgan narsalarni to’plab o’tirgan ekan. Bir oy davomida qachon bormayin uning mashg’uloti shu bo’ldi. Keyin bir kuni u muqovasida o’zining rasmi bo’lgan kitobchani hadya qildi. Qarasam, o’sha to’plab o’tirgan narsalarini bir kitob holiga keltiribdi. Buning yomon joyi yo’q. Ammo kitob uning ichidagilarni o’qib ham ko’rmagan boshqa bir odamning nomidan chiqqandi.

-Nega o’z nomingizdan chiqaravermadingiz, o’zingiz tayyorlaganingizni yozsangiz, samimiyroq, ishonchliroq bo’lardi,-dedim.

-Siz siyosatni tushunmaysiz.Odamlarga hamma vaqt muxlislar, izdoshlar, atrofda yugurib yurganlarni ko’p qilib ko’rsatmasangiz siz bilan hisob-kitob qilmaydilar,-dedi u sovuqqonlik bilan.

Keyin ham ko’p guvohi bo’ldim, u o’zi haqida o’zi kitoblar, maqolalar tayyorlab boshqalarning nomidan chiqarar, matbuotda o’zi haqida suhbatlar tashkil etar, xalqni ozod qilaman, deb to’plangan mablag’larni shu yo’lga sochar va keyin bulardan ustalik bilan foydalanar edi.

Ha, u “siyosatchi” edi. Ammo bunday “siyosat”dan yiroq bo’lganlar biladilar-ki, siz quvg’inda bo’lsaniz va dunyoning turli burchaklarida siz haqingizda yozilganlarni sizdan boshqa odam mukammal ravishda to’plab borolmaydi. Shu bois “Muxlislari va shogirdlari” deb yoki boshqa imzo qo’ygandan ko’ra, “O’zim haqim”da deb yozaversa, bu uning soxta siyosatchi emas, balki samimiy inson ekanligini ko’rsatishga xizmat qiladi. Tabiiyki samimiylik qonida bo’lsa…

Boshqa bir misol. Muhojir tarixchi olim Boymirza Hayit o’zi haqida Sovetlar yozgan besh yuzga yaqin maqolani to’plab, Turkiyaga olib keldi. Noshir bilan gaplashib o’tirgandik:

-Kitobga o’z ismingizni qo’yibsiz, shuni boshqa odam nomidan chiqarsak, nima deysiz?,-dedi noshir.

Haq so’zning yo’ldoshi bo’lgan Boymirza otaning rangi o’zgarib ketdi va :

-Men yolg’onchilik qila olmayman, bularni umr bo’yi yig’ib yurganman, ko’plarini arxivlarga borib o’zim to’pladim, ba’zi nusxalarini sotib oldim,  boshqa birov bu ishni qilmasligini hamma biladi, haqiqatni buzmasligimiz kerak,-dedi.

Oradan qariyb o’n yil o’tdi. Haligi “siyosatchi”ning kitobi o’sha joyning o’zida qolib ketdi. Hatto nomini eslay olmadim. Ammo Boymirza otaning o’zi haqida chiqqan maqolalarni to’plagan kitobi juda katta, og’ir bo’lishiga qaramasdan, qaerga ko’chsam, yonimda. Chunki bu qimmatli, tarixiy va poydevori “siyosat” emas, haqiqatdan bo’lgan kitobdir.

Hech o’ylab ko’rganmisiz, siyosat so’zining o’zagi “SIYO”, ya’ni “QORA” bo’lganini. 2004.

O’ziga xon, o’ziga bek

SAVOL: Turli sabablar bilan Vatandan chiqib ketgan o’zbeklarning boshini bir joyga qovushtirib bir xalqaro jamiyat tuzish mumkin emasmi?(Qobil).

JAVOB: Turkiyada bu ishni boshlashga urinib ko’rganmiz, keyin Amerikaga kelganda ham bu haqda ba’zi odimlar otilgan. To’g’ri har ikki holda ham gap faqat o’zbeklar haqida borgan emas, Turkiyada Turonzamindan chiqib ketganlarning madaniy jamiyati haqida o’ylagan bo’lsak, Amerikada turkistonliklar ittifoqi borasida bosh qotirilgan edi. Lekin Nyu-York atrofida yashayotganlarning “Turkistonliklar jamiyati” mavjudligi uchun bizning harakatlarimiz bilan boshlangan urinish Vashington atrofidagi turkistonlik-amerikaliklar jamiyatini tuzish bilan cheklangan. Kelishuv nuqtasini topish mushkul bo’lgan. Har kim o’ziga bek va o’ziga xon.

Masalan, nizomga inson haqlari masalasini qo’shaylik desangiz bir guruh odamlar “O’zbekistonga borib kelishimiz qiyinlashadi” deb qarshi bo’lishgan. Madaniy aloqalar masalasi ko’tarilganda ba’zilar “Ota bobomiz raqqosa o’ynatmagan, bu ish bizga qoldimi?” deyishgan, ayrimlar esa bunday jamiyatni diniy tomonga burib yuborishga harakat qilishgan va hokazo.

Xullas, ikki qo’chqorning boshi bir qozonda qaynashi mumkin, lekin ikki o’zbek bir oraga kelolmaydi, deganlari kabi bu ish yurmagan. Buning ustiga ana uning kelib chiqishi tojik, mana buniki afg’on, bu o’zbek emas, u turk emas kabi iddaolar chiqqan.

Keyin esa “Birlik” veb sahifasining “Mehmonlar kitobi” orqali xorijdagi o’zbeklarning orasini buzib yuborish uchun Islom Karimov ham qila olmagan darajada buzg’unchilik qilindi. Qolgan-qutgan munosabatlarga ham darz ketdi.

Lekin bular bo’lgan va bundan keyin ham bo’ladi. Tarix bo’yi hech kim bizning boshimizni qovushtira olmagan, aksincha juda osonlik bilan oramizni buzishgan. Doim ichki nizolar bizni xarob etgan.

Xuddi ana shu bois ham birlashish haqidagi harakatni to’xtatmaslik va qon-qonimizga singib ketgan tarixiy illatdan qutulish choralarini topishimiz zarur.

Menimcha, demokratik tamoyillar uchun yoki madaniy, ijtimoiy rivojlanish yo’lida birlashish mumkin. Chunki bunday qadriyatlar umuminsoniy bo’lib, ko’p odamni o’ziga jalb eta oladi.

Bu faqat bir kishiga bog’liq narsa emas. Ko’pchilik bo’lib kirishmoq kerak. Boshqacha aytganda nizomini yozib, shunday tashkilot tuzdik, falonchi prezidenti degan bilan ish yurmaydi. Hamma o’ylab ko’rib bu yo’nalishda nima qila olishini o’rtaga qo’ysa ana o’shanda bir narsa bo’lishi mumkin.

2004.

Hech qachon bir tomonlama murosa bo’lmagan

SAVOL: “Birlik” rahbarlari 1991 yilgi saylovda qatnashgani uchun “ERK”ni ayblashgan edi, endi o’zlari 2004 yilgi saylovda qatnashmoqdalar, shu haqdagi savolimga “birlik”chilar javob berishmadi, buni siz qanday baholaysiz va saylov borasidagi qarashlaringiz qanday? (Rustam).

JAVOB: Kimning savoliga kim javob berib-bermagani haqida bir narsa deya olmayman.

Saylov borasidagi o’z qarashlarimni  ham ancha ilgariroq bayon etgan edim.

Bugungi vaziyatga qaraydigan bo’lsak, bir kun kelib ba’zi “birlik”chilar biz shu yo’l bilan saylovning g’ayridemokratik o’tganini isbotladik, deyishsa bunga ham ajablanmayman…

Birov to’y qilayapti. U mahalladan birini aytmadigina emas, balki to’yga kelishini istamasligini bildirdi. Lekin u to’yga kirib bordi. Nima bo’ladi? Quvilmasa ham sassiq gap eshitishga muyassar bo’ladi. Unga eshittirib, “Itning keyingi oyog’i bo’lmay o’l” deyishlari ham mumkin. U osh egisi kelganini aytolmasa ham to’yga quruq suyak uchun kelmaganini bilishadi.

Darvoqe, saylovni to’yga qiyoslab oshirib yubordingiz, deyishingiz mumkin. Aslida saylov butun xalqning eng katta to’yi bo’lishi kerak. Lekin bugun xalq uchun emas, Karimov uchun bu to’y. (“To’y”dan ham “Tomosha” degan so’z mavjud holatni yaxshiroq ifodalaydi).

Karimov bu tomoshada ko’pchilikni ko’rishni istamaydi. U o’z ko’nglini qondirish, xalqaro jamoatchilikni chalg’itish uchungina bu tomoshani tashkil qilmoqda. Musiqani ham o’zi buyurgan, raqqosani ham. “Birov yaqinlashib qolmasin”, deb ularning atrofiga soqchilar ham qo’ygan. Tomosha muallifi ham o’zi, tomosha rejisseri ham, to’yga aytilganlar ro’yxatini oldindan tuzib tasdiqlagan ham o’zi.

Demak, u yerga borgan aytilmagan odam boshqa musiqa buyura olmasligi oldindan aniq. Faqat uning musiqasiga o’ynash qoladi. Kimdir shuni istagan ekan, bu uning haqqi, lekin jamiyatga keladigan salbiy tomonlari yuzasidan savol berish va javob qidirish sizning haqqingiz.

Gapning lo’ndasi shuki, saylovlar haqidagi qonunlar nodemokratikdir. Hamma ham bilib qoldi. Demak, shu qonunlar asosida saylovga kirsangiz, uni tan olgan bo’lasiz, kechagi gapingizdan qaytgan bo’lasiz. Bunday paytda sizni beburd desalar xafa bo’lmang.

“Birlik”chilardan ba’zilari urinib, sudlashib ko’rishdi, lekin ro’yxatga olish o’rniga ularni “terrorist” deb e’lon qilishdi. Jiddiy bir bayonot bilan chiqishmadi, balki Islom Karimov adashib shunday deb yubordi, deya o’zlarini ovutishdi.

Murosa murosa istagan bilan qilinadi. Hech qachon bir tomonlama murosa bo’lmagan. Ba’zilar saylovda qatnashish ham murosa, deya o’zlarini kulgiga qo’yish barobarida diktaturaning musiqasiga o’ynab berayotganlarini bilmaydilarmi? Bilmaydilar desak ularni kamsitgan bo’lamiz. Biladilar desak yana kamsitgan bo’lamiz. Xullas, bu ularning tanlovi.

Lekin bu voqealar O’zbekistonda jiddiy muxolifat yo’q, degan fikrimni yana bir bor isbotlamoqda. Jiddiy muxolifat bo’lganda, tomosha boshlanmasdan oldin bir blokka birlashib, g’ayridemokratik rejimnining g’ayri demokratik qonunlari va tadbirlarini demokratik yo’l bilan baykot qilgan bo’lar edi.

Bu shaxsiy qarashim va kimlargadir yoqmasligi mumkin. Lekin na chora, dunyo shunaqa. Har kimning qarashi har kimga ham yoqavermaydi.

2004.

She’r…

SAVOL: Keyingi paytda she’r yozmay qo’ydingiz-mi? Nega yangilarini e’lon qilmayapsiz?(Jamila).

JAVOB: She’r yozish uchun belgilangan jadvalim yo’q. Ammo ko’nglimga bir narsalar kelganda qoralab qo’yaman. Hozir  “Dakota  yo’li”da  bir qator she’rlar yozayapman.

Avval “Aldanishga moyil…” degan bir siyosiy she’rdan keyin ana shu yangi uslubdagi qoralamalardan ham bir ikki namuna o’qishingiz mumkin.

Aldanishga moyil o’zbek shoiri,

Bir orden bukadi alif qaddini,

She’ru dili boshqa, boshqa zohiri,

Go’rkov chizib berar oxir haddini.

 

Aldanishga moyil o’zbek hofizi,

Shohning ko’kragiga boshini qo’yar.

Haq istab chiqsa gar o’g’li yo qizi,

Bir unvon xotiri ko’zini o’yar.

 

Aldanishga moyil o’zbek rassomi,

Tillaqosh medalga dunyosin sotar,

Egnida jandami, qo’lda hassomi?…

“Mona Liza” bilan qovushib yotar.

 

Aldanishga moyil o’zbek  o’g’loni,

Yolg’onni bilsa ham huzur bilan er.

Yurtboshi “Bolam”, deb aytgan zamoni,

Otasin unutib, uni “Otam”, der.

 

Aldanishga moyil o’zbek  qizlari,

Fahish hadyasini gulnorim, deydi.

Zulm zindonida qoldi izlari,

Shunda ham na yorim, na orim deydi.

 

Aldanishga moyil aslida har kim,

O’zligin emirib qilarkan ado.

Vatangado eding, endi-chi, xalqim,

Vatanda gadosan, Vatanda gado!

 

Dakota yo’lida…

 

Qattiq jang boradi,

qon sig’may ketadi ariqlariga,

o’qlar chil-chil etar muz devorlarni,

maydon kengayadi,

maydon torayadi,

ko’z kosasida.

 

Qattiq jang boradi,

mening qalbimda,

dushman qaysi yonda,

do’stim qay tomon?…

Bilmayman, ko’rolmayman,

o’q yulib ketgan qorachig’imni…

 

****

Bag’rimda vulqon bor,

biqir-biqir qaynagani qaynagan,

na so’nmas,

na portlab meni so’ndirmas!

 

****

 

Oqshom uxlaysan

sahar uyg’onaman, deb,

sahar uyg’onasan,

kunduz mudramayman, deb,

mudrab uxlab qolasan yana,

uyg’ona olmaysan…

Uyg’ona olmaysan,

uyqu dori ichgansan,

ixtiyoring qo’lingdan ketgan…

2004.

Talantli yigit

SAVOL: Siz bir javobda Nurilla Ostonovni maqtagansiz. Uning yozganlarini topib o’qidim. U ham bildirmay hukumatga topinayotgan xashaki jurnalistga o’xshadi. Nahotki uning ikir-chikirlardan boshqa narsani yozmayotganini ko’rmasangiz? (Alisher).

JAVOB: Ikir-chikirlardan qurilgan hukumatni ikir-chikirlar yiqitadi.

Islom Karimovning adolatsizlikka asoslangan rejimiga qarshi bosh ko’targanlar orasida Milliy Universitetning Jurnalistika fakulteti sobiq talabalari anchagina. Shu bois ham rejim vaqti-vaqti bilan bu dargoh boshida qilich o’ynatib turadi.

Nurilla Ostonov bilan birga ana shu qutlug’ dargohda o’qiganmiz. Talantli yigit.

O’zbekiston televideniesida rahbar bo’lganimda u televideniening Samarqand viloyat bo’yicha muxbiri edi. Bir kuni nogiron oilaning sansalorlikka uchragani haqida ikki daqiqalik “qalampirmunchoq” tanqidiy reportaj hozirlagandi.  Materialni darhol efirga qo’ydik.  Ko’p o’tmay Karimov telefon qildi:

-Nima Samarqandda shu ikki ko’rdan boshqa odam yo’q-mi?-dedi u “qalampirmunchoq” ta’siridan jahli chiqib.

-Balki bordir, balki yo’qdir, lekin gap ular haqida emas, ularni sarson qilganlar haqida,-dedim uning shunga ham aralashganidan hayratlanib.

-Ularning uyini remont qilmadi, deb butun boshli hokimiyatni ayblaysizlar-mi? Televidenie ko’rlarga emas, xalqning xizmatida bo’lgan hukumatga xizmat qilishi kerak. Chunki televideniening pulini hukumat berayotganini ham unutmang….

Karimov hukumat xalqning puliga xo’jayinlik qilayotgani, hukumatning o’zi ham xalqning puliga yashayotgani, o’sha ko’zi ojiz nogironlar ham xalq ekanligini unutgan edi. Mayli bu boshqa masala. Lekin Nurillaning o’ziga materialni maqtadim va umumiy majlisda ham bu reportajni boshqalarga o’rnak qilib ko’rsatdim.

Mana oradan 13 yil o’tib Nurillaning yozganlari Internetda chiqmoqda. To’g’ri, ba’zi maqolalarida hukumatga yon bosayotgan kabi  satrlar uchraydi. Buning ham sababi bo’lishi mumkin. Shuningdek, uning yozganlarida ba’zan uchqich qo’nalg’aning ustida aylanaverib, qo’na olmasdan qaytib ketgani kabi, “tog’dan va bog’dan” juda ko’p misollar keltirib, asosiy, kerakli gapni ayta olmaslik holatini ham ko’rish mumkin (Mana tanqid kerak bo’lsa, uni tanqid ham qilib qo’ydim-JM). Lekin umumiyatla u oddiy xalqning ayanchli ahvolini Chexovga xos bir uslubda ko’rsatish bilan hukumatning tinkasini quritmoqda va Islom Karimovning bechora xalqni qanchalik ezayotganini ko’rsatib bermoqda.

Nurillani yaxshi bilaman, u falakning charxi aylanib, Karimov bilan shaxmat o’ynab qolsa va Karimov menga qarshi ko’zbo’yamachilik qilayapti, deb o’ylasa, shaxmat taxtasini otib yuborib, shoh bilan piyodani tenglashtirib ketadigan xislatga ega. Bugun o’zbek jurnalistikasiga ana shunday qo’rqmas, dovyurak qalamkashlar zarur. 2004.

Gap “tayanch nuqtasi”da

SAVOL: Amerika xalqi urush tarafdorimi,  nega yana Bushni sayladi? (Malik).

JAVOB: Saylovda urush masalasi hal qiluvchi masala emas edi.

Ma’lumki, bugunga qadar Amerika saylovlarida aksariyat hollarda iqtisod masalasi hal qiluvchi, ya’ni ko’pchilikni birlashtiruvchi rol o’ynagan. Chunki bu yerda individualizm kuchli bo’lgani uchun har kim o’z manfaati nuqtai nazaridan harakat qiladi. Bu holda iqtisod yakka shaxslarni birlashtiruvchi mohiyat kasb etadi.

Ammo 2004 yilning 2 noyabrida o’tgan saylovda iqtisod ikkinchi o’ringa tushdi. Uchinchi o’rinda esa terrorizmga qarshi kurash va urush masalasi turdi.

G’arb davlatlari orasida Amerika eng dindor va eng muhofazakor davlat sanaladi. Shu bois ham saylov taqdirini hal qilgan birinchi omil axloqiy qadriyatlar masalasi bo’ldi. Buning tarkibiga jumladan quyidagilar kirdi:

BIRINCHI: Keyingi yillarda Amerikaning bir qator shtatlarida  ayni jinsdan bo’lganlarning oila qurishlari, ya’ni erkakning erkak bilan yoki ayolning ayol bilan rasmiy nikohdan o’tishlari boshlandi. Bu jamiyatda katta norozilik uyg’otdi. Ba’zi mahalliy hokimlar va sudlarning bu xususdagi qarorlarini yuqori mahkamalar bekor qildilar.

Prezident Bush oila muqaddasdir, bu ayol va erkakning birlashuvi, birgalikda farzand dunyoga keltirishlari uchun Tangri tanlagan yo’ldir, degan gapni mahkam ushlab, Konstitutsiyaga ayni jinsdagilarning birgalikda oila qurishlarini man etuvchi qo’shimcha kiritishni taklif qildi.

Endi ikkinchi tomon va ularni qo’llagan demokratlar noroziligi boshlandi. Ular demokratik erkinlik bo’lsin, ozchilikdagi homoseksualistlar, ya’ni besoqolbozlaru lezbiyanlarning ham huquqlari tan olinsin, degan talablarni o’rtaga qo’ydilar.

Bu jamiyatni ikkiga bo’ldi. Saylov arafasidagi tortishuvlar markazida ham shu masala bo’rtib turdi. Saylov kuni bir qancha shtatlarda ayni jinsdagilarning oila qurishlarini man etish borasida referendum ham o’tkazildi va ko’pchilik bunga qarshi bo’lish barobarida nafaqat Bushni sayladi, balki kongressning Senat hamda Namoyondalar palatasidagi o’rinlarga ham muhofazakor respublikachilarni yo’lladi.

IKKINCHI: Uzoq yillardan beri dindorlar abort, ya’ni bola oldirish masalasiga qarshi chiqib kelganlar va bu Konstitutsiyaviy sud idorasidan qaytib turgan. Bush davrida bu masala qayta qo’zg’aldi va katta tortishuvlarga olib keldi. Dindorlarning “Ona qornidagi bola tirik va uni abort qilish bu qotillik, Xudoning yaratganini o’ldirishdir” degan iddaolarini Bush ham qo’lladi. Natijada saylovlarda faol qatnashmaydigan dindorlar bu safar oyoqqa qalqdilar.

Mamlakatning eng ko’zga ko’ringan san’at arboblari, taniqli shaxslar esa abortni ta’qiqlash uchun qilinadigan qonuniy harakatni erkinlikni bo’g’ish deya Bushga qarshi ochiq targ’ibot yurgizdlar, bu esa oddiy xalq va oddiy dindorlarda aks ta’sir uyg’otdi.

Saylov kuni belgilangan vaqt tugashiga qaramasdan millionlab odamlar ovoz berish uchun navbatda turganlari ana shundan edi.

Oddiy bir odam bilan gaplashganimda u “Abortni ta’qiqlash bu fohishabozlikni yo’q etishga olib keladi. Eng asosiysi bu SPID kabi halokatli epidemiya yo’lini to’sadi” degan gapni aytdi.

Demokratlar ovoz berishga qancha ko’p chiqishgan bo’lishsa, respublikachilar undan ham ziyod chiqishdi.

UCHINCHI: Inson embrionlarini tibbiy maqsadlarda qo’llash masalasi ham Bush davrida tortishuvlarda yo’l ochdi. Bush bu borada cheklov bo’lishi va axloqiy chegaralar buzilmasligi kerakligini aytib, ilmiy tadqiqotlarni nazoratga olish zarurligini uqtirdi. Muhofazakorlar. inson embrionlarini laboratoriyalarda qo’llanish bu odamni nusxalashga qadar olib boradi va Xudoning yaratuvchiligiga qarshi gunoh bo’ladi, degan jabhadan turib xulosa qildilar.

Urush haqidagi gaplardan ana shunday axloqiy qadriyatlar masalasi og’irliq qildi. Bu individual shaxslarni birlashtirgan omillardan biri bo’ldi.

Boshqacha aytganda, Bush Arximedning “tayanch nuqtasi”ni topdi va xalq kuchini o’zi tomonga ag’dardi.

Xullas, Amerika xalqi falon narsaga qarshi yoki mana bu narsaga tarafdor,  deya butun xalq haqida xulosa chiqarish to’g’ri emas.

2004.

Pul vijdondan ancha ustunlik qilmoqda

SAVOL: Hamma narsani pul hal qiladimi yoki vijdon-mi? (Shoira).

JAVOB: Agar hamma narsa vijdonga qolganda bugun dunyo butunlay boshqacha bo’lardi yoki teskarisi, hamma narsa pulga qolganda bugun dunyo hozirgisidan boshqacha bo’lardi. Lekin pul vijdondan ancha ustunlik qilmoqda.

Ko’p hollarda vijdonni pul bilan sotib olish mumkin bo’lmoqda, ammo vijdon bilan pulni rad etish hollari deyarli yo’qolmoqda. Masalan, O’zbekistonda vijdonsiz bo’lsangiz ham pulingiz bo’lsa, har qanday ishni qila olasiz. Hukumatdagi istalgan vazifani sotib olishdan tortib, odamlarning fikrini o’zgartirishga qadar.

Ammo  pulingiz bo’lmasdan faqat vijdon bilan yashasangiz hatto  do’stlaringiz, yaqinlaringizdan ham ajralib qolishingiz hech gap emas.

Xo’sh nima qilish kerak? Vijdondan voz kechib, faqat pul topish kerak-mi? Bu yo’lni tanlamagan bo’lardim. Balki shuning uchun ham bugun  O’zbekistonda emasman.

Yaqinda bir tanishim tanlagan yo’lidan voz kechib eski, o’zi rad etgan joyga qaytdi. Qaytdigina emas, xat yozib uzr ham so’radi.  Bu uning vijdoniga xilof edi. Shu bois undan:

-Nega bunday qildingiz?-deb so’radim.

-Nima qilay? Birovning uyida ijarada turaman, pulini to’lash kerak. Bolalarimni boqish kerak, ish yo’q, bosh urmagan joyim qolmadi, bular esa bizga qaytsangiz va buni rasman e’lon qilsangiz pul berib turamiz deyishdi. Majbur bo’ldim. Agar siz yordam qilib tursangiz shu vijdon azobidan qutulgan bo’lar edim,- deb o’zimni mot etgan holda javob qildi.

Yoki yana bir misol. Bir g’oyadosh do’stim ahvoli og’irligi va har oy falon miqdorda pul yuborib turishimni so’rab xat yozdi. Unga ahvoli unikidan ham og’irlar borligi va ularga qilayotgan yordamimni to’xtata olmasligim, qolaversa, Amerikada ham pul daraxtning tagiga to’kilgan xazon emasligini tushuntirishga harakat qildim. Lekin u tushunish u yoqda tursin, yuz o’girib ketdi.

Bular kichik misollar. Lekin atrof pulning hukmdorligi haqidagi katta misollar bilan to’lib ketgan. Afsus…

2004.

Beton devor

SAVOL: Muxolifatni boykotga chaqirganingizdan keyin muxolifat saylovda qatnashishdan bosh tortdi. Xursandmisiz?(Rustam).

JAVOB: Birinchidan, boykotga chaqirganim yo’q. Ikkinchidan, sizning savolingizga javob berib, o’z fikrimni bayon etdim va hozirgi sharoitda saylovda qatnashish hukumatning g’ayriqonuniy harakatlarini va nodemokratik qonunlarni tan olish ekanligini urg’uladim, xolos. Shu bois bu xursand bo’lish yoki xursand bo’lmaslik maqsadini nazarda tutmagan.

Bilasizmi, yosh bir joyga kelib qolganda ko’pchilikda ko’z xiralasha boshlaydi va do’xtirlar ko’zoynak taqishni tavsiya qiladilar. Birov yaqinni yaxshi ko’radi, yana birov uzoqni. Oldinda bitta beton devor turganda salomatlik darajasi bir xil bo’lsada  vaziyatni baholash  ikki xil bo’ladi.

Uzoqni ko’radigan odam bu devor yaxlitligini va eshik yoki darichasi u yoqda tursin, hatto teshigi ham yo’qligini aytadi. Yaqinni ko’rib, uzoqni ko’rolmaydigan esa aksini iddao etadi, to boshi bilan borib o’sha devorga urilganga qadar. Ammo bu urilish yo boshni yorishi yoki ishdan chiqarishi ham mumkin.

Shukur qilish kerak-ki, ba’zilar boshlari qattiq lat emasdan beton devordan o’tadigan joy yo’qligini ko’rdilar.

2004.

Tuzoq

SAVOL: MXXdan siz ham “yangi yil tabrigi” oldingizmi? (To’lqin)

JAVOB: Ha, yangi yil oqshomida turli shaxslarning elektron pochtalaridan ularning tanishlariga haqoratli xatlar va viruslar jo’natildi. Bu uch kun davom etdi. Bayram kunlari birovlarning kayfiyatini buzish, oilasiga noxushlik olib kirish Karimovning malaylariga xos narsa bo’lib qolganiga bu ham bir misol.

Masalan, menga O’zbekiston jurnalistlar haq-huquqlarini himoya qilish tashkiloti rahbari Yusuf Rasulov nomidan ana shunday haqoratli xatlar kela boshladi. Bu xatlarni u yozganiga ishonmadim. Chunki u juda madaniyatli yigit va bu qadar past ketmaydi hamda haqorat yozishi uchun asosning o’zi yo’q edi. Lekin adres uniki.

Keyin shunday xatlar O’zbekiston Inson huquqlari jamiyatining raisi Tolib Yoqubov nomidan kela boshladi.

Toshkentga telefon qilsam, Yusufning ham, Tolib akaning ham bundan xabarlari yo’q, ular hatto bayram kunlari Toshkentda bo’lmaganlar.

Yusuf Rasulov uyida Internet yo’qligi va uydagi telefoni ham uzib qo’yilganini aytib, uzr so’radi. Lekin uzrga o’rin yo’q. Bu uning ishi emasligi ayon. Ma’lum bo’lishicha uning nomidan boshqalarga ham shunday haqoratli maktublar borgan.

Biz Vashingtondan turib tekshiruv o’tkazdik. Menga kelgan maktublardan biri AQShning ichidan yozilgan va qolganlari Toshkentdan.

Yusuf Rasulov bilan gaplashib, unga yozgan kabi bir maktub jo’natgandik, Yusuf uyida bo’lgani holda darhol haqoratli javob qaytdi va bu safar matn inglizcha edi.

Yo Yusufning parolini o’g’irlashgan yoki hukumat xakerlik yo’li bilan barcha elektron maktublarni o’qishga boshlagan. Hatto endi juda qaltis ig’vogarlik kampaniyasini yuritmoqda. Bu esa insonlarning muqaddas hisoblangan shaxsiy ma’lumotlariga hujumdir va qattiq qoralanishga loyiq.

Tolib Yoqubov Toshkentga qaytgach va Yusuf Rasulov pochtani ochish kalimasini o’zgartirgandan keyin oqim to’xtadi. Lekin qanchaga?

Albatta, bu savolga javobni vaqt ko’rsatadi. Chiqariladigan xulosa shuki, bugunga qadar turli veb sahifalarning mehmonlar uchun ajratilgan kitoblarida odamlarni haqorat qilish bilan ularning oralarini buzganlar endi yangi, qaltisroq hunar topganga o’xshaydilar. Bundan hamma ogoh bo’lishi kerak va shunday maktublar paydo bo’lganda vahimaga tushmasdan, jahlni bosgan holda bosiqlik bilan ish qilish zarur.

Karimov malaylarining tuzog’iga tushib qolmang.

2005.

O’zbekcha qahramonlik

SAVOL: Bitta saytda Erkin Vohidovning she’rlaridan misol keltirilib, shoirimiz rejimni mardlarcha fosh etmoqdalar, deyilgan. Siz nega aksini iddao etgan edingiz? (Ma’rufjon).

JAVOB: Bu borada Sherzod degan  ukamizning yozganlari ham diqqatgna molik׃  “Tunov kuni bitta yosh yigitcha bilan tasodifan suhbatlashib qoldim. Uning gapi bo’yicha, O’zbekistondagi “muammolar”ga Prezidentning dahli yo’q emish – axir u o’zining nutqlarida poraxo’rlik va h.k.z.lar haqida kuyunib gapiradi-ku.

Sodda yigitcha…

Haqiqattan ham sodda ko’z uchun prezidentimiz O’zbekistondagi muammolarni egar-jabduqlash uchun qo’llaridan keladigan ishni qilayotganga o’xshaydilar. Nogoh, esimga Erkin Vohidovning quyidagi she’ri tushdi:

Bizlar arra tortmoqdamiz,

Arramizning tishi yo’q.

Nega arrang tishi yo’q –

Deb so’raydigan kishi yo’q.

Chunki bizlar anoyimas,

Pishib ketgan ko’zimiz.

Arra tushgan o’sha shohda,

O’tiripmiz o’zimiz.

Sodda ukam yuqoridagi misralardan hikmat topsa ajab emas.

Erkin aka o’zlarining “Yaxshidir achchiq haqiqat” to’plamlarida siyosiy tizim va uning boshidagilarning nuqsonlarini mardlarcha fosh qilganlar. Undagi “Eski hammom – eski tos”, “Xipchin” asarlari, ayniqsa, e’tiborga loyiqdir.” (Sh. Ro’zmetov).

Ma’lumki, bir gapni bir necha yo’l bilan aytish mumkin. Balki Sherzod Ro’zmetovning ham maqsadi Erkin Vohidovni maqtash emasdir? Balki “mardlarcha” degan kalimani qo’shtirnoqqa olishni unutgan bo’lsa ne ajab?! Chunki Sherzod mulohazaga boy va qobiliyatli yigit ekani uning yozganlaridan sezilib turibdi.

Lekin shu narsa aniq-ki, Erkin Vohidov Karimov rejimining muhim “gayka”laridan biri. U Karimovga ta’sir qila olishi mumkin bo’lgan “qahramon gayka”. Masalan, Karimovning yoniga kirib:

-Islom aka, agar shu falonchini ozod qilib yuborsangiz butun dunyo sizga tasanno aytadi, aslida uning sizga dushmanligi yo’q, vatansevar, xalqsevar yigit, uni sizga yomon qilib ko’rsatishgan, bunga mana men kafilman,-desa, Karimov darrov bu ishni bajaradi. Chunki u maddohlarini doim  bir narsa bilan siylab turadigan odam.

Ammo Erkin Vohidov kimgadir yoki xalqqa foyda keltiradigan gapni emas, balki buning o’rniga o’ziga yo orden, yoki yana bir kitob chiqarish uchun yordam olish yo bo’lmasa yaqinlaridan birini kattaroq ishga joylab qo’yishni so’raydi. Bu saroyda ildiz otgan odat.

Endi uning rejimni fosh qiladigan she’rlariga kelsak, Karimov ham har majlisda rejimni tanqid qiladi. Erkin Vohidovlar gaplarini “xamirga o’rab” she’rga yashirsalar Karimov ochiq aytadi. Bu 15 yildan beri davom etib kelmoqda. Hukumat korruptsiya botqog’iga botgani, rahbarlar poraxo’r bo’lib ketgani, matbuot tanqid qilishni bilmasligi, xalqning ahvoli og’irlashib borayotgani… hammasi Karimovning aytganlari.

Lekin aytib, amalda teskarisini qilib kelmoqda. Erkin Vohidov ham o’z xo’jayinidan ibrat olmoqda. She’rlarida boshqa narsa, amalda boshqa. Bu diktaturaning  eng mashhur “hunar”laridan biri.

Lekin Erkin aka biladilar, Karimov baribir u kishidek katta iste’dod sohibining ham qadriga etmaydi. Shunaqa, bila turib ajdarhoning komiga otilamiz. Mana buni qahramonlik desa bo’ladi! O’zbekcha qahramonlik…

2005.

Sabablar ko’p

SAVOL: O’zbekistonning juda ko’p joyida sizning saytingizni ochdim, lekin sizchalik tanqid qilmasalarda boshqa muxolif sahifalarni ocha olmadim. Sizga biror imtiyoz berilgan-mi? (Shamsiddin).

JAVOB:  O’zbekiston hukumati barcha muxolif veb sahifalarni hamma joyda doim bekitib turishning ilojini topa olmagandir-da?! Darvoqe, bu ishni hatto Xitoy ham eplay olmayapti.

Bir qator saytlarning ochilmasligi yoki qiyinchilik bilan ochilishi sababi haqida ilgari ham qisman yozgan edim. Hozir veb sahifalarni mazmunan boyitish emas, balki yaxshiroq bezash (dizayn qilish) modaga aylangan, ya’ni bu asosiy maqsad bo’lib qolgan.

Turkiyada minglab gazetalar chiqadi. Hammasi rangli va rasmlarga boy, ammo o’qiyman desangiz jiddiy gap topa olmaysiz. Amerikaga kelganda esa unaqa gazetalarni juda oz uchratdim va ularni “ko’cha” nashrlari deyishadi.

Yirik va jiddiy gazetalar ola-bula emas, balki biz azaldan bilgan qora-oq rangda chiqadi. Vaholanki agar rangli chiqaramiz deyishsa, ularning juda katta imkonlari bor. Ammo jiddiylikni saqlab, ayni paytda iqtisodiy maqsadni ham ko’zlashadi.

Internetda ham sahifaga qancha  texnik oro berish yuqori bo’lsa asl maqsad shuncha uzoqlashadi. Har bir chiziq va har bir jilo, har bir rasm va suvratni kompyuter “o’qib olishi” uchun kuch, xotira, vaqt sarflashi kerak.

Yangi uslubdagi bezaklarni esa eski kompyuterlar “o’qimaydi”. O’zbekistonda arzon bo’lsin, deya aksariyat joyda eski kompyuterlar qo’llaniladi. Ammo eng yangilari ham ba’zan qiynaladi.

Ana shularni hisobga olib sahifamda ko’p ramkalar, jiloyu jim-jimalar va rasmlarga o’rin bermadim. Sahifam ro’yxatga olingan idora taklif etgan maxsus veb sahifa chizmasi juda ham chiroyli va “professional”. Ammo uni qo’ysam O’zbekistonda ochilishi amri mahol bo’ladi. U yerdagi kompyuter to bosh sahifani o’qib olguncha  o’quvchining toqati toq bo’lib, bu sahifaga tsenzura qo’yilgan ekan deb boshqasiga “o’tib” ketadi.

Shu boisdan ham maqsad yozilganlarni odamlarga o’qitishdan iborat bo’lsa, hali sodda sahifalar yo’lidan borish kerak. Maqsad kim yaxshi kiyinadi kabi, kim yaxshi bezakli sahifa qila oladi (ya’ni “Onangni otangga bepardoz ko’rsatma” maqoliga amal qilish)dan iborat bo’lsa unda bu boshqa  masala.

Buning ustiga kompyuterning qaysi programmada ishlashi va veb sahifaning qaysi dasturga moslanishi ham muhim.

Xullas, nazarimda  ana shuncha sabab bor. Yana men bilmagan yana qancha sabablar bo’lishi mumkin.

2005.

Ijod va siyosat

SAVOL: Amerikada ham shoirlar siyosatga aralashadilar-mi? (Nargiza).

JAVOB: Shoirlarning siyosatga aralashishlari ko’proq Sharqqa xos bo’lgan xususiyatdir. Azaldan shohlar yo she’r yozganlar yoki shoirlar podsho bo’lganlar.

Qizig’i Islomda shoirlar ulug’lanmagani holda Sharqdagi xalqlar hamma vaqt shoirlarni ulug’lab kelganlar.

Amerikada shoir deganda darveshnamo, dunyo bilan u qadar ishi bo’lmagan, ichkilikni, kayfu safoni sevadigan bir obraz paydo bo’lgan. Lekin bu degani jiddiy shoirlar ham yo’q degani emas. Ular ham o’zlarini eng erkin odamlar deb hisoblaydilar, siyosatga kirishni esa o’zlariga ep ko’rmaydilar. Ular o’zlarini chirkin siyosatdan yuqori qo’yadilar.Xalqning dardini ochiq yozadilar va prezidentga madhiyabozlik qilmaydilar.

Bu yerda shoirlar emas, balki kinoyulduzlarining ko’proq siyosatga aralashganlarini kuzatishingiz mumkin. Ular shoirlarga qaraganda siyosiy jihatdan ko’proq faoldirlar. Bu faollik 1950 yillardan keyin boshlangan. Kinoyulduz Lodgening gubernator bo’lishiyu boshqa kinoyulduz  Murfeyning senatorlikka saylanishi hamda yana bir kinoyulduz Ronald Reyganning prezidentlikka qadar etib kelgani buning bir misolidir.

Jurnalistlar olamida ham siyosatga kirmaslik kuzatilmoqda. Siyosatni tashlab jurnalistlik qilayotganlar ko’paymoqda.

2005.

Demokratiya xalq boshqaruvidir

SAVOL: Hozirgi kunda qaysi mamlakatda demokratiyaning haqiqiy ko’rinishi mavjud? Chunki hozirgi bo’layotgan voqealardan keyin, menda shunday ishonch hosil bo’ldiki, dunyoda hech qanday demokratik mamlakat qolmagandek. Bunga siz nima deysiz? (Sardor).

JAVOB: Agar demokratiya xalq boshqaruvi desak, demak hozirgi kunda dunyoning juda ko’p joyida shunday tuzumlar mavjud. Ammo demokratiyaning haqiqiy qolipi qanday bo’lishini hech kim bilmaydi. Lekin bugungi tuzumlar orasida insonning moddiy va ma’naviy ehtiyojlarini qondirishga eng yaqin bo’lgani mavjud demokratik deganimiz tuzumlardir va ularda mezonlar turlichadir.

Demokratiyani har kim har turli tasavvur qiladi va shu bois ham hukumatlar almashganda ba’zan demokratik boshqaruvda ham o’zgarish yuz beradi. Lekin tamal mustahkam bo’lsa, vaqtinchalik boshqaruvni qo’lga olgan hukumatlar yoki siyosiy partiyalar demokratiyaga zarar etkazishlari mumkin ammo uni butunlay yo’qota olmaydilar.

Internetni demokratiyaning ramziy suvrati deb o’ylar edim. Ammo vaqt o’tishi bilan bu suvratning ham mukammal bo’lmagan jihatlari ko’rinmoqda.  Ya’ni insonning moddiy va ma’naviy foydasi bilan bir qatorda moddiy va ma’naviy zarariga ham “ishlay” boshladi. Bu internetning kamchiligi emas, balki inson xislatidagi kamchilikning internetdagi in’ikosidir.

Xuddi shunday inson xislatidagi kamchiliklar har qanday tuzumlarda ham o’z aksini ko’rsatadi. Internet har qancha mukammal bo’lib borgani bilan “xaker”lar ham shu qadar “zukko”lashib borganlari kabi demokratik jamiyatlar har qancha soflashib borsalar, dog’ tushiradigan unsurlar ham shu darajaga etishga urinadilar.

Bitta shaxs tomonidan emas, balki xalq erkin saylagan erkin parlament tomonidan qabul qilingan va xalq muhofazasida bo’lgan Asosiy qonun bilan boshqariladigan demokratiya tarafdoriman.

Atrofga yaxshilab nazar solsak, ana shunday asosdagi mamlakatlar bor va ular bo’ladi ham.

2005.

Qo’shma gaplar

SAVOL: “Dakota yo’lida” yozilgan ba’zi she’rlaringizni o’qidik, yana e’lon qilishingiz mumkin-mi? (Nasiba).

JAVOB: Zotan ular bir majmua holiga kelganda e’lon qilish niyatim bor. Bu qofiyabozlikdan ko’ra ko’proq qo’shma gapga o’xshaydi. Ammo aytilmagan qo’shma gaplar.

Hissiyotni o’ziga o’ragan qo’shma gaplar.

Yurakning tubida cho’kib yotgan qo’shma gaplar…

Qo’shma gap bo’lmagan qo’shma gaplar…

Keling, suxaningiz sinmasin, mana bir nechtasi:

 

Qul eding,

Qul bo’lding,

Va lek…

Xudoning qoshida emas.

Pul deding,

Pul eding,

Va lek…

Halolning oshidan emas.

 

Gul deding.

Gul olding,

Va lek…

Qabrning  boshida emas.

 

***

 

Inson qariganda

Qulon bo’ladi.

To’lg’anaverib,

Yotgan to’shagida,

Ilon bo’ladi.

 

***

 

Quvonganda

uyqu qochadi,

xafa bo’lsang,

yana uyqu qochadi,

arosatda qolgan kuningda

uyqu eshiklarin ochadi.

 

***

 

Umr o’rmonini

yoqib ketibsan,

daryoning tushida,

oqib ketibsan,

o’zing bilmaysan.

Dunyoni bir pulga

sotib ketibsan,

do’stingni qiyratib

otib ketibsan,

o’zing bilmaysan.

Ko’zing ko’r,

quloqlaring kar,

bag’ring so’qir,

Yana

O’zing bilmaysan.

 

****

 

Shoh deydi:

Tur!

O’tir!

Yot!

O’l!

 

Xalq deydi:

To’r!

Ket!

Qot!

Dod!

 

Xo’sh… Tangri-chi?

Tangri  nima deydi?

Huzuriga borganda bilamiz…

Agar borsak,

Borolsak!

 

***

 

ITXONA GURUNGI

 

Itboshi:

Men dong’imni taratganman,

Ko’kni erga qaratganman,

Sizni ham men yaratganman,

Hov! Hov! Hov!

Hov! Hov! Hov!

 

Qanjiqlar:

Siz dong’ingiz taratgansiz,

Bizni kuzda sayratgan Siz,

Yaratgan ne, yaratgan Siz,

Vov! Vov! Vov!

Vov! Vov! Vov!

 

Itvachchalar:

Siz bizlarni yayratgansiz,

Elni bizga qaratgan Siz,

Yaratganni yaratgan Siz,

Ak! Ak! Ak!

Ak! Ak! Ak!

2005.

Hukumat va odam

SAVOL: Mana AQShda yana bir Davlat kotibi ishdan ketdi, u bechoraning kelajagi nima bo’ladi, endi, ahvoliga maymunlar yig’lasa kerak? (Ismoil).

JAVOB: AQShda hukumatdan ketish fojea emas, balki katta imkoniyatdir, omad va erkinlik uchun ochilgan yo’ldir.

Bunday paytda bir eshikning yopilishi o’nlab eshiklarning ochilishiga olib keladi. U uyidan turib maslahatchi bo’lishi uchun hukumatdagi maoshining o’n baravarini to’laydigan kompaniyalar, oyda bir lektsiya o’qishi uchun istagan qadar pul berishga rozi ilmiy dargohlar yoki yozadigan kitobini oldindan 10 million dollarga sotib olish uchun shartnomaga hozir turgan nashriyotlar vakillari uning izidan quvib yuradilar.

Ana shunday hol bo’lgani uchun ham bu yerda rahbarlar dadil turib iste’fo beradilar va kecha-kunduz tinmay ishlashdan erkinlik dunyosiga chiqish imkoniyatini qo’lga kiritadilar..

O’zbekistonda esa rahbarlikdan, hukumatdan ketgan odamni odam hisoblamaslik odati bor. Bu  eng katta fojealarimizdan biridir. Shu bois ham hukumatga kelgan odam ketgisi kelmaydi va hamma narsaga rozi bo’lib, hatto qo’li qonga belansa ham ketmay o’tiraveradi.

2005.

Ketganlar qaytmaydilar

SAVOL: Chetga ketganlar qachon qaytadilar? (Nuriddin).

JAVOB: Ketganlar qaytmaydilar.

G’aznaviy zulmi davrida bosh olib chiqib ketganlar Avropa ostonasiga qadar etib borishdi va Usmonli, keyin Turkiyani qurib o’sha yoqlarda qolib ketishdi. Qaytishmadi.

Shayboniyxon dastidan Afg’onistonga ketgan Bobur Mirzolar Hindistonga qadar borishdi va o’sha yoqlarda qolib ketishdi. Qaytishmadi.

Rus istilosi davrida chiqib ketganlar “Bugun qaytamiz, ertaga qaytamiz, Turkiston mustaqil bo’lsa qaytamiz, O’zbekiston mustaqil bo’lsa qaytamiz” deya o’zlarini aldashdi. Qaytishmadi. O’zbekiston mustaqil bo’lgandan keyin ham orzulari sarobligicha qoldi.

Kechayu kunduz G’arbni qarg’ab (nonini eb tuzlug’iga tupurib) yuradigan, oilasi bilan Karimovning oyog’ini o’padigan bir oilaga Toshkentda uy-joy ham qilib berishdi, qaytishmadi.

Karimov qatag’oni paytida chiqib ketganlar ham qaytmaydilar.

Yaqinda Amerikada besh yil o’qib Toshkentga borib, keyin butunlay AQShga qaytib kelgan bir yigit bilan gaplashdim. U shunday hikoya qilib berdi:

“Aka bu yerdaligimda Vatan har kuni tushimga kirardi. Asal qovunlari, shirin tarvuzlari, tashna bosar suvlari, to’yimli nonlari, mehmondo’st odamlari, go’zal qizlari, gashtakchi yigitlari… xullas, chang ko’chalari, to’ylariyu kuylariga qadar sog’inardim. Tezroq o’qishim bitsayu qaytsam der edim.

O’sha kun etib kelganda o’zimni burgutdek his qildim. Jannatga borayotgandek  bir hissiyot bilan bordim Vatanga. Lekin tarvuzim qo’ltig’imdan tushdi. Hamma narsa o’zgargan edi. Hatto suvi ham menga begona edi. Ichsam ichgim kelmasdi. Nonini esam, tavba qildim, xuddi kesak tishlagan kabi bo’lardim. Bu yerning suvi, bu yerning noniga o’rgangan ekanman. Qovunidan esam zaharlandim, tarvuzidan esam zaharlandim…

To’ylar ham boshqacha, yo’llar ham boshqacha, hatto odamlar ham boshqacha, jamiyat butunlay buzilgan, axloq izdan chiqqan, odamgarchilik tamom bo’lgan, televidenie ham boshqa, gazetalar ham xabarlar ham boshqa, hatto…

Har qadamda o’zimni kamsitilgan his qildim. Mirshablar har kuni yo’lda to’xtatib do’q urganda bu yerda besh yilda bir marta ham polisga ishim tushmaganini esladim, odamlar avtobusda turtib ketganda, bu yerda men bilmay turtib yuborgan odam mendan uzr so’raganini xotirladim…yashay olmadim, ish ham yo’q edi. Pora bermasangiz ish yo’q. Pora bersangiz keyin o’g’irlik qilishingiz kerak. Men esa halol mehnat qilib yashashga o’rgangan edim. Xullas, Vatan menga begona edi.

Shunda men ilgari ketganlar nega qaytmaganlarini angladim. Qaytganlari ham qisqa vaqt mehmon bo’lib yana ketib qolishganini tushundim…”

Bunday achchiq hikoyalarni bir kishidan emas, ko’plardan eshitmoqdaman.

O’z uyim, o’lan to’shagim, degan gap bor. Ketganlar qaerlardadir o’z uylarini qurdilar. O’sha erning tilini, madaniyatini, sharoitini o’rgandilar. Mehnat qilib, halol yashash, mehnatlariga yarasha haq olish mumkinligini ko’rdilar.

Endi o’zlari qaytsalar ham bolalari qaytmaydi. Bolalari qaytmadi-mi tarixiy Vatan ularga torlik qiladi va yana ortga yo’l oladilar.

Bir ketgandan keyin qaytish oson emas. Qaytish bu qayta tug’ilish, hamma narsani qayta boshlash demakdir. Bu esa tabiatning qonunlariga zid. Hamma ham tabiatning qonunlarini buzib yashashga qodir emas. Qaytganlar qahramonlardir! Qahramonlar esa juda oz, hatto barmoq bilan sanarli darajada oz bo’ladi. Bugunga qadar esa hali bunday qahramonlar chiqmadi.

2005.

Bugunning muxolifati

SAVOL: Bugungi o’zbek muxolifati tarkibini qanday baholash mumkin. (Otabek).

JAVOB:  Har kim har turlicha baholashi mumkin. Masalan, quyidagi uch guruhga ajratgan bo’lardim.

Birinchi guruh: Rejimga qarshi kurashib uni o’zgartirish tarafdori bo’lgan, millat va mamlakat  kelajagiga befarq qaray olamgan kishilar. Bular umummuxolifatdan  ko’ra yakka muxolif holida qolmoqdalar. Qora rejim ularga birlashish imkonini bermayapti.

Ikkinchi guruh: Kundalik turmushini o’tkazish uchun muxolifatchi ko’rinib, asl maqsadi esa grant, pul topishdan iborat bo’lganlar. Bunday muxolifatchilikni kasbga aylantirganlarni ham tushunish mumkin׃ yashash uchun kurash.

Uchinchi guruh: Bir muddat muxolifatchi ko’rinib, uning bir qanotiman yoki a’zosiman deb  yurib,  aslida chet ellardan siyosiy boshpana olishni nazarda tutganlar. Ular ham xalqning bir bo’lagi va yaxshi yashashga haqlidirlar. Shu nuqtai nazardan bu holatni muxolifat yoki muxoliflarning xalq hayotini yaxshilashga qaratilgan xizmatlaridan biri deb ham baholash mumkin.

2005.

Ajablanishga o’rin yo’q

SAVOL: “Muxolifat lideri”, “demokratik kuchlar lideri” kabi unvonlar ko’payib ketdi, bu boradagi fikringiz?(Sarvar).

JAVOB: Bilasizmi, vaziyatni Chexovning “Oltinchi palata” hikoyasidan ilhomlanib baholaydigan bo’lsak, bugun biror jinnixonaga borsangiz u yerda ko’plab,  “Napoleon”, “Kutuzov”, “Stalin, “Brejnev” va hatto “Karimov”larni ham uchratish mumkin.

Ular o’zlarini shu nomlar bilan ataydilar va haqiqat shunday ekanligiga chin dildan ishonadilar.

Do’xtirlar ham, palatadoshlari ham ularni shu nom bilan chaqiradilar. Hatto o’lganda shu nomlarini aytib, duo ham qilgan hollarini eshitganmiz.

Shunday ekan, ajablanishga o’rin yo’q: dunyoning bir qismi jinnixonadir!

2005.

Manfaatlar to’qnashganda

SAVOL: AQShning Iroqda olib borayotgan demokratiya siyosatini, Evropa mamlakatlari neft uchun bo’layotgan kurash deyishmoqda, hamda AQSh hukumati bo’lsa, hali Iroqda demokratiyani o’rnatib bo’lmasdan Eronda demokratiya o’rnatishni istab qoldi, yana nima desa bo’ladi, bu meni fikrim, agar AQShda 2001 yil, 11 sentyabr voqeasi bo’lmaganda, Afg’onistonda, Iroqda va qolgan qashshoqlashgan mamlakatlarda demokratiya o’rnatilmas edimi? (Qirg’izboy).

JAVOB: 2001 yildan oldin ham AQSh bir qator mamlakatlarda demokratiya o’rnatish siyosatiga ega edi. Chunki bu uning manfaatlaridan kelib chiqadi. 2001 yil esa ana shu siyosatning ayrim nuqtalari, harakat turlari hamda jug’rofiy yo’nalishini o’zgartirdi.

AQShga ham qiyin. Biror diktator yoki yakkahokim rejimni tanqid qilsa, “Gap bilan ish bitarmidi!” deyishadi. Masalan, o’zimizning muxolif qarashdagilar haliga qadar AQShni Karimovga nisbatan yumshoq davranishda ayblab keladilar. Aslida esa, AQSh Karimovni 10 yil oldin qanday tanqid qilgan bo’lsa, bugun ham tanqidning tuzi pasaygan emas. Bunga AQSh Davlat departamentining har yili bir marta e’lon qiladigan Inson huquqlari bo’yicha hisobotini olib, yilma-yil solishtirsangiz ishonch hosil qilasiz. Keyingi yillarda tanqid hatto kuchlanib, ba’zi hollarda iqtisodiy sanktsiyalar darajasiga qadar etganini ham ko’rasiz.

Ammo diktatorlar bunday siyosatni oyoq uchi bilan ko’rsatsalar, mensimasalar, xo’sh nima qilish kerak? Bir tomonda chora ko’r deganlar, ikkinchi tomonda mensimaganlar.

Falakning charxi aylanib, AQSh Karimovga qarshi urush ochib qolsa bormi, bugun uning dushmani bo’lganlar ham uni himoya qila boshlaydilar. “Bu Muruntov oltini uchun bo’ldi”, “Bu o’zbek paxtasi uchun bo’ldi” hatto “Bu Maqsudiylar uchun bo’ldi” deganlar ham topiladi.

Xullas, siyosat mana shunaqa. Kosovoda musulmonlar qatliom qilinganda butun dunyo jim ekan, AQSh himoyaga borganda mayli, ammo diktator Saddamni ag’darsa, yo’q! Bu ham siyosat!

Amerikaning o’zida ham bu siyosat qutblashmaga olib keldi va odamlar har kuni shu mavzudan bosh chiqarmaydilar. Mana siz bilan biz ham shuni gaplashayapmiz.

Eron borasidagi xavotiringizga kelganda esa, Vashington Tehronga urush ochishiga ishonmayman. Chunki Bushning to’rt yili qoldi. Keyin ketadi. U “Yo’q” deb turibdi, hatto istaganda ham kongress izn bermaydi. Chunki u ketgandan keyin kongress qoladi va saylovga chiqadi.

Ha, “Kongressda Bushning partiyasi hukmron-ku” deyishingiz mumkin. Demokratik rejimda bu u qadar vahima emas. Yaqinda Bushning xavfsizlik borasidagi qonun-taklifiga birinchi bo’lib demokratlar emas, respublikachilar qarshi chiqishgani va Bush ular bilan murosaga borgani buning bir misolidir.

Butun dunyo gapirayotgan va o’nlab kitoblarga sig’mayotgan mavzuni qisqa bir savol-javobga joylash qiyin.

Muxtasar qilib aytganda esa bu ishni AQSh bajaradimi, o’sha xalqlarning o’zlari bajaradilarmi, lekin baribir demokratiya yoyila boradi. Buni to’xtatish mumkin emas. Chunki odamlar oq va qorani tanib olishmoqda.

Ilgarigi kabi dunyo bir fikrli, yoki ikki fikrli emas, balki plyuralizm davridir bugun. Hatto Arabiston tomonlarda ham demokratiya istab, namoyishlarga chiqish ehtimoli paydo bo’lgani Xudo hokimiyatni kimlargadir muhrlab berib qo’ymaganini oddiy odamlar tushuna boshlaganlaridan dalolatdir.

Har qanday urushlar va qon to’kilishlariga qarshiman. Buni yuragimga sig’dira olmayman. Lekin bu reallik emas, xayol, utopiyadir. Demak, utopist ekanman. Ammo ayni paytda yorug’ kelajakka ishonaman. Afg’oniston va Iroq bugun katta yo’qotmoqda, lekin zulmatdan yorug’likka tomon katta kelajakni qo’lga kiritmoqda ham.

2005.

Savolar…savollar…

SAVOL׃ Nimadan boshlashni ham bilmayman. Men iqtisodchiman, hali talabaman, yoshman. Mavjud dunyoqarashimu fikrlash doiramni sizning ijodingiz mahsullari, aniqroq aytilsa, boshdan kechirganlaringiz umuman o’zgartirib yubordi.

Sizdek sheryurak demokrat bu quzg’unlarni dodini bera olmabtimi, demak, bular katta kuch! Meni bir fakt juda hayron qoldiradi, Islom Abdug’anievich mavjud kamchiliklarni yashirishga urinib, vaziyatni yanada tahlikali ko’rinishga olib kelayotganini nahotki tushunishmasalar?

Yig’ilgan boyliklaru, harom mol dunyo kimga vafo qilgan? Xalqning sabrini o’lchashga qaror qilishganmi? Tushunarsiz…

Hozir Shavkat Mirziyoev yoki Erkin Xalilov o’rnida sizning nomingiz bo’lishi mumkin edi. U holda men va menga o’xshagan hozircha faqat tomoshabinlar bilan elektron pochta orqali fikrlashib ham o’tirmas edingiz. Umuman Jahongir Muhammad degan Jaloliddindek qahramon ham yuzaga kelmas edi.

Xo’sh, sizni bu harakatga undagan ichki olov ularda yo’qmi? Yoki sizning “olov”ingizni sotib ola olishmaganmi? Bunga pullari etmaganmi? O’zi kishining “narxi” mavjudmi? Sizni ham “rozi” qilish mumkinmidi? Yiroqda unga qarshi kurashgandan o’z xizmatida bo’lishingiz uning uchun manfaatliroqmasmidi? Sizni nima majbur qildi? Ularda shu “nimadir” mavjudmi, yo’qmi?

Mamlakatni shu ahvolga olib kelib, “oxirgi to’rt besh yil ichida mamlakat iqtisodiyotida misli ko’rilmagan o’sish kuzatildi” deya bayonot berish kimga kerak?

Jahon Valyuta Jamg’armasigami, Evropa Tiklanish va Taraqqiyot Bankigami? Ularni o’z axborot manbaalari mavjudligini bayonotni e’lon qiluvchi bilmaydimi? Buning uchun aql kerakmi? Yoki “mamlakat iqtisodiyoti” so’zi “mansabdorlarning shaxsiy boyliklari” so’zi bilan almashtirib yuborilganmi? Tushunarsiz…

Ko’rinib turibdiki, ba’zi bir muxolifatchilar bilan taqqoslaganda siz ancha jiddiy “donasiz”. Agar xavfni bartaraf qilish maqsadida “yo’q qilish” harakati boshlansa, siz ro’yxat boshida bo’lishingiz aniq. Ammo emishki, “uning boshi falon kronaga baholanmish”. Yolg’on imidjdan kimga foyda? Stsenariy boshidan oxirigacha kim tomonidan sahnalashtirilganiyu, kimning asariligi ko’rinib turiptiku? Shunday muxolifatlarimizni, ularning garchi mamlakatdan quvg’inda bo’lsada hamjihat emasliklarini ko’rgan jahon jamoatchiligi “o’zbeklar diktaturaga moyil, aks holda milliy nizolarni hal qilib berishdan boshimiz chiqmaydi” degan xulosaga kelishmaydimi?

Manfaatlar birlashganda ham kishilar birlashmasligi mantiqsiz holdir, hatto “o’rmon qonuni” da agar vaziyat og’irlashib ochlik boshlansa shoqollar ham kattaroq o’ljalarga birga hujum qilishib, uni ovlamaguncha bir-birlariga pand bermaydilar, aksincha hamma baholi qudrat ovga hissa qo’shadi. Fikrimcha muxolifatimiz oldin “monopol” bo’lib olib keyin, hukumatga qarshi kurashmoqchi. Birinchi kurashda asosiy kuch yo’qotilsa, ikkinchi, hal qiluvchi kurashdan nima kutamiz? Bu ham tushunarsiz…

Biz hozir olamda muqobili mavjud bo’lmagan diktator yaratdik, bu o’z-o’zidan bo’lmagani hech kimga sir emas. Nahotki hokimiyat tepasida unga ta’sir o’tkaza olgan kishi bo’lmagan? Nahotki shunday “qobiliyatlilarni” yo’q qilishdan boshlangan bo’lsa ish? Buni bila turib ham unga xizmat qilishga hozirlar mavjudmi? Manqurtlardan iborat boshqaruv tizimi istiqbolini ko’ra olish uchun munajjim bo’lish shartmi? Qachongacha shu zaylda davom qildirishmoqchi? Tushunarsiz…

Men sizga ochiqdan ochiq xat yozishga qo’rqaman. Bu sizga ishonmasligimni bildirmaydi! Axir siz meni Islom Abdug’anievichga “sotib” nima foyda topasiz? Men o’zimdan o’zim qo’rqaman! Faqatgina o’zbeklarda mavjud “devorning ham qulog’i bor” kabi maqollar ushbu doimiy ishonchsizligimiz mentalitetimizga tarixdan merosligini yaqqol namoyish etadi.

Xo’sh men kimdan qo’rqaman? Biz kimdan qo’rqamiz? Nega birlashib bu qo’rquvni daf eta olmaymiz? Bizga bu ishni kim qilib beradi? Keyin biz o’shaning xizmatini qilamizmi? Bu qachongacha davom etadi? Tushunarsiz… (Ismini yozmagan muallif).

JAVOB: Bu yurakni o’rtagan savollar majmuasidir va javoblari ham o’zi bilan birga. Ularni ajratmoqchi va har biriga alohida to’xtalmoqchi ham bo’ldim. Ammo qarasam, hammasi bir-biriga bog’liq. Faqat uning o’zim haqimdagi iliq so’zlarini bundan keyin ham demokratiya uchun kurashni to’xtatmaslika chorlov deb qabul qildim.

Aslida bu savollarga javob bergandayman. Ha, “Quvg’in” romanida va “IAK” memuarida xuddi shu savollarga javob topishingiz mumkin. Vaqt topib o’qishingizni istardim.

2005.

Surat va siyrat

SAVOL: Sahifangizni yangilabsiz ancha ranglarga boy veb-sahifa tayyorlanibdi. Siz ham ancha o’zgaribsiz, ya’ni yillar o’tgan va ko’rinishingiz ham ancha xorijlik ya’ni amirqoliklarga o’xshabdi, shunga bir SAVOL: avvalgi rasmingiz ancha ravshan va tiniq edi, lekin bu sahifangizdagi suratingiz xiraroq, nimaga shunday ekan-a? Sizni ravshan suratingizni ko’rishni istagan muxlisingizdan. (Farmon).

JAVOB: Bu menga yoqqan savollardan biri. Chunki haqiqat va kinoya juda ustalik bilan, o’zbekona uslubda bayon etilgan savol.

Avvalo shuni aytayki, shu kabi xatlar bois takror suratning eskisini qo’ydim. Chunki yangi surat kompyuterimda yaxshi ko’ringan holda. boshqa joylarda xira ko’rinibdi. Hatto Farmonbek yozganlaridek, surat emas rasm bo’lib ko’ringan. Aslida rasm suratga nisbatan xira bo’ladi. Lekin meniki rasm emas edi-da.

Qolaversa, buning ham ko’p sabablari bor. Ba’zan kompyuter eski bo’ladi. Ba’zan ko’zimizga ko’zoynakni taqmasdan qarashimiz mumkin yoki yillar ko’zimizdagi nurni biroz o’g’irlab qo’yganini sezmay qolamiz…

Amriqolikka o’xshab qolganim haqidagi gapga esa uncha qo’shilmayman. Chunki juda ko’p mamlakatlarda yerli xalqlarning o’ziga xos, milliy ko’rinishlari mavjud, hatto Avropadagi juda ko’p mamlakatlarning odamlarini yuzlaridan tanishingiz mumkin. Ammo Amerikada bunday emas. Amerika xalqi butun dunyodan kelgan odamlardan tashkil topgan. “Amriqolik” degan ko’rinish yo’q. Agar asl amerikaliklar bo’lgan qizil tanlilarni nazarda tutgan bo’lsangiz ularning kelib chiqish nuqtasi bilan turklarniki ayni-Oltoy. U holda aslimizga o’xshab qolgan bo’lsak nur ustiga a’lo nur.

Gap shundaki, rasm xira bo’lishi mumkin, ko’rinishda o’zgarishlar yuz berishi tabiiy. Ammo tafakkur, zehniyat, dunyoqarash va o’zlikda, voqealarga munosabatda, kelajakka boqishda xiralik bo’lishidan Tangri asrasin.

Shu bois sizdan iltimos, kelgusida sahifamga yana ko’plab qo’yadiganim–suratimga u qadar e’tibor qilmang, balki siyratimga nazar soling va yozganlarimda xira nuqtalar bo’lsa, meni voqif eting. Bu bilan menga ulkan yordam bergan bo’lasiz.

2005.

Xalqqa emas, xotinga

SAVOL: O’zi tashqarida bo’la turib ba’zilarlar xalqni ko’tarilishga chorlashyapti, ayniqsa, saylovlar arafasida buni ko’p kuzatdik. Sizningcha bu to’g’rimi? (O’zbek yigiti).

JAVOB: Saakashvili xalqni ko’tarilishga chorlaganda Avropada emas, Tbilisida edi, Timoshenko va Yushchenkolar ham Amerikada emas, Kievda edilar…

Xalqni ko’tarilishga tashqaridan turib chorlash bu faqat o’z-o’zini, o’z hirsini qoniqtirishdir.

Xalqni ichidan turib ko’tarmasangiz u o’zicha, ayniqsa diktatura sharoitida, qo’zg’almaydi.

Bozorini ko’chirsangiz, yerini olsangiz, uyini buzsangiz qo’zg’alishi mumkin, ammo bu oddiygina va’da bilan yotqiziladigan ko’tarilishdir. Bu siyosiy ko’tarilishga qadar o’sib chiqishi uchun u bilan yonma-yon turib, uni boshqarish kerak.

Tashqaridan turib, xalqni ko’tarilishga chorlash “Sen oshni pishirib qo’y, men borib eyman!” degan falsafaning mahsuli. Bu falsafa faqat xotinga o’tishi mumkin, xalqqa emas.

2005.

Tanqidning foydasi

SAVOL:”Farangeyt 9/11″ hujjatli filmini ko’rdingizmi, undagi Bush haqidagi gaplar to’g’ri deb o’ylaysizmi? (Sardor).

JAVOB: Ko’rgan edim, bundan qariyb olti oy oldin. Unda shu qadar ko’p narsa borki, unisi to’g’ri, bunisi noto’g’ri deb baho berish uchun butun boshli FBR kabi bir tashkilotning kuchi kerak bo’ladi.  Zotan muallif Maykl Murning o’zi ham filmga baho berib, “Bu mening shaxsiy qarashlarim” degandi.

Film muallifga 200 million dollardan ziyod foyda keltirish bilan birga xalqaro Kan kinofestivalida g’olib chiqdi. Amerikaning 21 million fuqarosi ovoz bergan “Xalq tanlovi” konkursining ham sovrindori shu film bo’ldi va yilning eng yaxshi asari, deb e’lon qilindi.

Ayni paytda film Bushga ham saylov arafasida foyda keltirdi. Ko’p odam Amerikada demokratiya bo’g’ilmoqda, tanqidga toqat yo’qolmoqda, deb turgan bir paytda Bushni yerdan olib ko’kka uloqtirgan, ko’kdan olib yerga urgan hujjatli film mamlakatning kinoteatrlarida uzoq muddat namoyish etildi va disk sifatida kino prokatlarga chiqdi. Amerika tarixida eng ko’p tomosha qilingan hujjatli filmga aylandi. Film bahonasida Bush haqida tanqidiy mulohazali chiqishlar hozirlamagan matbuot vositasi qolmadi.

Yana bir qiziq detal: film hamma joyda namoyish etilib, tortishuvlar borayotgan bir paytda Bushning tarafdorlari respublikachilar partiyasining qurultoyiga to’plandilar. “USA Today” gazetasi respublikachilarning g’azabini uyg’otgan film muallifi Maykl Murdan ana shu qurultoyda qatnashib, reportajlar yozishni so’radi. U qurultoydan yo’llagan reportajlari ham filmi qadar achchiq, tanqidiy edi.

Bunday holni boshqa joyda tassavvur qila olasizmi?

Bu ham demokratiyaning bir ko’rinishi.

Qarashlar uchun hurmat

SAVOL: Barcha savollarga javoblaringizni o’qib chiqdim, ko’p fikrlaringizga qo’shilaman, lekin ba’zi narsalarga  qo’shilmadim, masalan Amerika haqidagi gaplaringizga, nega Iroqni ishg’ol qilib turgan Amerikani buncha maqtaysiz? (Sahiy).

JAVOB: Bilasizmi, Amerika haqida butun amerikaliklar tinmay gaplashishgani bois ko’proq O’zbekiston haqida bahslashishni istar edim, lekin savol berilgani bois baholu qudrat javob berganman.

Javoblarim qat’iy qoidalar emas-shaxsiy qarashlarim. Kimgadir yoqishi yoki kimgadir yoqmasligi tabiiy. Bir yil oldingi javobim bugungisiga zid tushib ham qolishi mumkin. Chunki shu bir yilda dunyo o’zgargani kabi inson ham, uning qarashlarida ham o’zgarish bo’lishi tabiiy hol.

Ammo fundamental qarashlar mavjud va ular osonlikcha o’zgarmaydi. Shulardan biri demokratiya haqidagi qarashlarimdir.

20 yil oldin ham demokratiya tarafdori edim va bundan keyin ham shunday bo’lib qolishiga ishonchim mavjud.

Bilasizmi, Karimov yomon deb O’zbekistonni, o’zbek xalqini haqorat qilish to’g’ri bo’lmaganidek,  ma’lum bir voqealardan kelib chiqib (masalan, Iroq voqeasi) butun boshli Amerikani qoralashga ham  qo’shilmayman va bunday holda Amerikani himoya qilaman.

Demokratiya sharoitida hukumatlar, rahbarlar kelib ketuvchilardir, demokratiya va mamlakat esa qoluvchidir.

Odil bo’lishimiz kerak. Agar:

-Qutayba askarlari O’rta Osiyoni bosib olgandi, qon to’kilmagan xonadon qolmagandi, xalqning dinini o’zgartirish uchun har bir uyda bittadan arabni qilich bilan qo’yishgandi va ular  yosh go’dak qizlarni zo’rlagandilar, besoqolbozlikni yoygandilar, deya islomni ayblasalar nima degan bo’lar edingiz?

-Amir Temur Turkiyani ishg’ol qilgan edi, mamlakatni qonga bo’yagandi, deya bugun turklar O’zbekistonni qoralasalar yoki o’zbeklarni haqoratlasalar qanday javob qilardingiz?

-Bobir Hindistonni bosib olgandi, deya hindlar o’zbeklarni “qotillar” deb e’lon qilishsa o’zingizni qanday his qilgan bo’lardingiz?

-Mesxet turklarini o’zbeklar quvib chiqardilar, deb aytishganda nega jahlimiz chiqadi?

Chunki tashhis noto’g’ri.

Qarashlarim qoidadir, istaysizmi yo’qmi, shu haqdir, desam, u holda diktatorlardan farqim qolmaydi. Fikrlarimga qo’shilmaslik  esa sizning ham o’z qarashingiz borligini ko’rsatadi va birinchidan, sizga nisbatan hurmat uyg’onsa, ikkinchidan, qarashlarim, fikrlarim o’ziga xos ekan, deya xursand bo’laman.

Qarashlar uchun sud qilmaydilar, qarashlar uchun hurmat qiladilar. Bu demokratiyaning xosiyatidir.

Amerika haqida hamma gapni matbuotdan yoki internet tarmog’idan topish mumkin. Bu ochiq jamiyat. Tanqidni ham, maqtovni ham, tahlilni ham, xulosani ham bizdan oshirib yozib qo’yishgan va yozishmoqda ham. Lekin O’zbekistonda bunday emas, O’zbekiston yopiqli qozon. Shu bois ko’proq ana shu haqda gaplashsak yomon bo’lmasdi.

Iroqqa kelsak, Amerika iroqliklarning talabi va Bushning xatosi bilan kirdi va bir kuni tashlab ketadi. Mana ko’rasiz.

2005.

Butunlashish tomon…

SAVOL: Bir davrada o’tirib, qolib “sart” degan so’z qaerdan kelib chiqqaniga talashib qoldik, shu so’zga aniqlik kiritsangiz, chunki tarixni ancha yaxshi bilasiz. Mani fikrimda, oldinlari qozoqlarni qozoq desak, ular bizga ey sart deb javob qaytarishar edi, shunga menga bu so’z xuddi haqorat so’zdek tuyuladi… shunga siz nima deysiz? (Sardor).

JAVOB: Tarixni yaxshi bilish mushkul. Chunki tarix shu qadar buyuk ummonki, uning bir qatrasini tomosha qilish uchun ming umr etmaydi…

Endi savolingizga kelsak, Sovet davridagi tarixiy asarlarda “sart” kalimasida ikki ma’no bo’lgani yozilardi. Masalan, “O’zbek tilining izohli lug’ati”da shunday deyiladi:

“SART(sanskript)tarixiy.

1.Ko’chmanchilikdan o’troq holga o’tib, qabila, urug’chilik munosabatlariga barham bergan o’zbeklarning ayrim qismiga revolyutsiyadan oldin berilgan nom.

2.Revolyutsiyadan ilgari hozirgi O’zbekiston territoriyasidagi mahalliy xalqqa evropaliklar tomonidan berilgan nom.”

Rasmiy-ilmiy qarash shunday edi. Hatto O’zbekistonga nom berish jarayonida “Sartiya” nomi ham qattiq muhokama etilgan va oz qolsin shunga qaror ham bermoqchi bo’lishgan.

Xalq orasida shaharliklar o’zlarini yuksak mavqeda ko’rib, “o’zbek”, qishloqliklarni esa kamsitib “o’zbak” deyishsa, qishloqliklar shaharlarda yashaganlarga past nazar bilan qarab “sart” deyishgan.

Xuddi shunday qozoqlar ham o’zbeklarga nisbatan “sart” kalimasini ishlatishganda ana shunday maqsadni ko’zlashgan. Lekin bu mahalliy doirada bo’lib siyosiy maydonga chiqmagan.

Sovet davridan oldingi manbalarda ham “sart” kalimasi ko’p uchraydi. Masalan, Herman Vamberining ‘Turkiy xalq” degan asarida sartlar alohida bir xalq sifatida tasvirlanadi. Ular turkiy tilda gapiradigan oriylar ekanligi aytilib, o’zbeklar bilan tili bir bo’lishiga qaramasdan bir-biridan uzoq turishi zikr etiladi.

“O’zbeklar sart deganda ayyor, ishonchsiz odamni tushunganday ularga past nazar bilan qarashadi. O’zbeklar sartlar bilan kamdan kam qarindosh bo’ladi…

Sart degan nom 800 yildan beri mavjud. Sartlar boshqa millat sifatida tojiklardan farq qiladi, shuning uchun hech shubhasiz aytish mumkinki, sartlar o’tgan ming yillardayoq turkiy tilda gapirayotgan va turklar bilan aralashgan holda mavjud bo’lishgan… sartlarning jug’rofiy tarqalishi: qadimiy Farg’ona va O’rta Yoqsartda zich bo’lib yashagan…(“O’zbegim”, 1992, Toshkent, olmonchadan Turdiboy Shodmonov tarjimasi).

Zaki Validiy “O’zbek urug’lari” haqida yozar ekan, uning 92 ta ayri nomlangan bovi (qabilasi) bo’lgan deydi.

Tarixning ichiga qarab ketaversangiz, ummonda bo’g’ilgan kabi nafas ololmay qolasiz. Bo’g’ilmaslikning yo’li esa tarixdan to’g’ri xulosa chiqarishdir. Aks holda maydalashib, o’zingizni mayda urug’ning mansubi sifatida ko’rib, bo’g’ilib qolasiz. Afsuski, hali to’g’ri xulosa chiqarish darajasiga etilmadi, shu bois ham oddiy bahslar oxiri yoqavayronlikka boradi.

Balki shundan bo’lsa kerak, ikki o’zbek uchrashib qolsa, yoki bir davrada o’tirib qolishsa, asosiy vaqtni kimning qaerdan, qaysi qishloq, qaysi urug’dan ekanligini surishtirish uchun sarflashadi. Oxirida kimdir sart, kimdir andi, kimdir qora qirg’iz, kimdir eroniy, kimdir nayman, arg’in, ming, yuz, qirg, ungajit, qipchoq, busloq, churchut, olchin, mang’it… va hokazo va hokazo bir-biriga raqib bo’lib chiqadi.

Shu boisdan ham turkning orasida birlik yo’q.

Shu boisdan ham Karimov, Nazarboev, Niyozov kabilar osongina bu odamlarni bir-biriga dishman qilib qo’yishmoqda.

Qachonki ana shu “mayda-chuydalikdan” qutulib, buyuk turklik his qilinsa va men turk degan kalimadan iftixor qilinadigan bo’linsa, o’shandagina bu xalqlar katta millatga aylanadi va bu millatning quyoshi porlaydi.

2005.

Hali O’zbekiston ro’yxatda yo’q

SAVOL: Qaerdadir “Tanlov” degan yoshlar tashkiloti borligi haqida o’qib qoldim. Lekin O’zbekiston yoshlarining ko’pchilik qismi bu tashkilotning nomini ham eshitmagan bo’lsa kerak. Bu tashkilotning tuzilishi revolyutsiya eksportining 1-muvaffaqqiyatsiz qadamimi? Bundan keyingi harakatlar qanday bo’lishi haqida fikrlaringizni o’rtoqlashsangiz.(Bahrom).

JAVOB: Uzr, bunday tashkilot haqida menda ham batafsil ma’lumot yo’q.

Revolyutsiya eksporti ro’yxatlarida esa O’zbekiston bo’lmasa ham kerak. Chunki oddiygina odam ham bu mamlakatda har qanday urinish kuch bilan bostirilishini va begunoh odamlar qonga bo’yalishini yaxshi tassavvur qila oladi.

Ilgari ham bu haqda yozib, tinch yo’l bilan bo’ladigan inqilob uchun faqat Qirg’izistonda qisman zamin borligini ta’kidlagandim.

2005.

U bilguvchidir!

SAVOL: Tsunamidan keyin Indoneziyada, jumladan Ahexda machitlar buzilmay qolganini “Xudoning mo’jizasi” deb yozishmoqda. Nega Xudo odamlarni emas, jonsiz machitlarni asradi ekan? Nima deb o’ylaysiz? (Nosirxon)

JAVOB: Buni hayit kuni berilgan shaytoniy savol deb javob qilmasam ham bo’lardi. Lekin qachongacha shaytoniy savollardan qochish mumkin?

Bilasizmi, Xudoning ishlarini bandasi tushuna olmaydi, taxmin ham qila olmaydi. Bunga hatto payg’ambarlar ham qodir bo’lmaganlar. Shu bois qaysi narsa mo”jiza va qaysi biri mo”jiza emasligini ham aytish qiyin. Sizu menga mo”jiza bo’lib tuyulgan narsa laboratoriyada o’tirgan bir olimga oddiy hol bo’lib tuyulishi ham mumkin.

Siz aytgan mavzu ham dunyo matbuotida, jumladan AQSh matbuotida ham ko’p yoritildi va xuddi siz bergan savolning tug’ilishiga sabab bo’ldi.

Qaerdadir “Faqat machitlar omon qoldi” deyilgan va televidenielarda ko’rsatilgan bo’lsa, qaerdadir buzilmay qolgan cherkov namoyish etildi, hatto cherkovda o’yinchoqlariga qadar suv tegmagan bezatilgan archani ko’rsatib, “Bu Xudoning mo”jizasi”, deyishdi.

Shundan keyin ba’zi odamlar ochiqdan-ochiq siz kabi “Nega Xudo begunoh bolalarni, onalarni emas-da binolarni qutqazdi?” deya savol bera boshladilar. Agar bu shaytoniy savol bo’lsa, demak mavzu shaytonga qo’l kelib qolgan. Bu esa mazkur xabarlarni diniy tomonga yo’ygan odamlarning bilib-bilmay qilib qo’ygan “xizmat”lari.

Buzilmay qolgan machitlar yoki cherkovni tepadan, vertoletdan turib olingan hikoyasini tomosha qilgan boshqa va yoniga borib masalani idrok qilgan boshqa.

“Chunki bu binolar asosan aylana ustunlar ustidadir va ichkari kenglik, tashqaridan kelgan suvning ikkinchi tomondan chiqib ketishi qulay bo’lgani bois qarshilik kuchi sinadi. Zamonaviy dunyoda suvning qarshiligini sindirish uchun “aylana” qoidasidan foydalaniladi” dedi buzilmay qolgan binolar yoniga borgan bir olim.

U minoralar buzilmay qolishida ham shu narsa rol o’ynagan bo’lishi  mumkinligini, shuningdek, ibodatgohlar ko’pchilik kirib-chiqadigan joy bo’lgani uchun ancha mustahkam qurilganini ham aytdi. Dalil esa ko’plab kichik ibodatgohlarni suv olib ketgani va faqat bir nechta yiriklari qolgani ekan. Bunga javoban, “Xudo endi faqat katta ibodatgohlar istamoqda” deyishdi. Hatto “Odam qolmagan bo’lsa bu binolarda ruhlar ibodat qiladimi?” deganlar ham bo’ldi.

Shu darajaga borildi-ki, “Xudo bu bilan odamzotni jazoladi”, deb yozishdi ham. Bunga javoban esa “Jazolasa nega endi kambag’al bechoralarni tanladi?” degan savol  berildi.

Ayrimlar esa AQShda ob-havoning buzilib ketgani oqibatida yuz bergan tabiiy ofatlarga ishora qilib, “Mana endi Xudo AQShni jazolamoqda” deyishdi. Lekin AQShda yuz bergan o’nlab tabiiy ofatlarda barmoq bilan sanarli darajada oz kishi halok bo’ldi. Shunday narsa boshqa joylarda yuz berganda bilmadim, natijasi qanday bo’lardi?

“Hammasi Xudodan, istasa suv bilan yuvib ketadi, istasa asrab qoladi” deb hech narsa qilmay turadigan odam oqib ketishi va  biror narsaga osilib jonini qutqazishga intilgan kishi omon qolishi mumkin, degan falsafa ham mavjud. Xullas, bular ham gap. Elning og’zini bog’lab bo’ladimi?!

Nima bo’lganini (ba’zi olimlar ham bilar) va nima bo’lishini Tangrining o’zi biladi. U bilguvchidir!

Sarguzasht va sargo’zasht

SAVOL: Siz nomlanishida xatoga yo’l qo’yilganini aytganingizdan keyin Sherzod Ro’zmetovning “Yigitlik sarg(o’)zashtlari” veb-kundalik sahifasi nomi “Yigitlik sarg(u)zashtlari” deb tuzatildi. Ammo muallif bu aslida xato emas, forschada to’g’ri deb yozgan. Shunday ekan, tuzatishga nima hojat bor edi? (Aslida bu savolim sizga emas, unga) Sizga esa savolim quyidagicha: umuman o’zbek tilida mana shunday xato kirib qolgan so’zlarni tuzatib borgan yaxshi emasmi, nega bunga qarshilik qilgansiz? (Ma’rufjon).

JAVOB: Al-qissa:

Xatoni tan olmagan er, ermas,

Xatoni tan olmoq oson ermas…

Albatta xatolar tuzatib borilgani yaxshi. Lekin har qanday so’zning etimologiyasiga nazar tashlaganda bir tildan ikkinchi tilga o’tishida nima uchun o’zgarishga yuz tutganini o’rganmasangiz yana ham katta xatoga yo’l qo’ygan bo’lasiz.

Masalan,  “sarguzasht”  bilan bo’lgani kabi.

Haqiqatan ham men Sherzod Ro’zmetovga quyidagi maktubni yozdim:

”Salomlar…

Sahifangizda til haqida yaxshi mulohazalar mavjud. Endi uning nomidagi “o’” harfini “u” qilib tuzatsangiz, nur ustiga a’lo nur bo’ladi. Chunki “Yigitlik sargo’zashtlari” emas, balki “Yigitlik sarguzashtlari” yozilsa, til nuqtai nazaridan to’g’ri bo’ladi.

Bunga veb sahifa muallifining javobi:

“Rahmat!

O’zbek tilidagi imlosida shubham bo’lgani uchun fors tilidagi talaffuziga suyangandim. Shu kunlarda tuzataman!”

Shundan keyin u yana sahifasida quyidagini e’lon qildi:

“Sarguzasht”mi yoki “sargo’zasht”?

Al-qissa: sarguzasht = sar + go’zashtan

Ushbu maqola yozilish arafasida sahifamning nomi “Yigitlik sargo’zashtlari” edi. O’quvchilarimdan biri “sargo’zasht” so’zining imlosida xato qilganimni aytib o’tdi.

O’zbek tilining imlo lug’atida bu so’z “sarguzasht” shaklida yozilgan bo’lishi mumkin va bu qoidani hurmat qilishimiz shart! Tarixan esa “sarguzasht” so’zi Fors tilidagi “sar” va “go’zasht” so’zlaridan olingan. Xuddi shu bog’liqlik meni yanglishtirdi.

“Sar” so’zi o’zbek tiliga “bosh”, “kalla” tarzida tarjima qilinadi. “Go’zasht” esa fors tilidagi “go’zashtan” fe’lining o’tgan zamon shakli bo’lib, O’zbek tilidagi “o’tmoq”, “kechmoq” fe’llariga ma’no jihatdan yaqindir. Demak “sarguzasht” so’zining asl tarixiy ma’nosi “boshdan kechirilgan”, “boshidan o’tgan” deganidir.

Tilining har bir so’zi ko’hna tarixdan hikoya qiluvchi millat ko’hna millatdir. Uni tubanlikda ko’rish ichimni o’rtaydi, qonimni qaynatadi”.

Yaxshi gaplar… faqat lekini bor.

Ma’lumki, fors tilidagi ba’zi so’zlar istilolar paytida, davlat ishlari shu tilda olib borilgan paytlarda va ba’zilari tojik tili orqali kirib kelgan.

Umuman tillar bir-biridan, ayniqsa, qo’shnilarning tilidan, o’zlashtirilgan tartibda yoki aynan ko’chirma olgan holda boyib boradi va bunga tilshunoslikda tabiiy hol deb qaraladi.

Buning oldini olish mumkin emas, chunki og’zaki til adabiy tildan oldin yuradi va xalq ishlatgan so’zlar baribir yozma tilga ham ko’chadi.

Shu sabab so’zlar oldin og’zaki so’zlashuvdan va so’ngra adabiy tildan o’rin topishi an’anaviy rivojlanuv yo’li hisoblangan. Jumladan, turkiy kalimalar ham fors va arab tillariga kirib borgan. Hatto rus tilining qariyb qirq foyizini ana shu tillardan olingan so’zlar tashkil etadi.

Shundan kelib chiqsak, yuqorida bahs boisi bo’lgan so’zning o’zbek tilidagi yozilishiga nisbatan ona tilini biladigan odamda hech qanday shubha tug’ilmasligi zarur. Chunki mazkur so’z tojik tilida “sarguzasht” shaklida yoziladi. Bunga bir qancha dalil bor.(Qarang: “Farhangi zaboni tojiki”; Moskva, 1969, 278-bet, “Tadjiksko-russkiy slovar”; Moskva, 1954 yil, 106-bet, “Tajik-English dictionary”; Star Publication , 2000-yil, 55-bet va hokazo).

Agar yuqoridagi so’z fors tilida “sargo’zasht” deb yozilgan taqdirda ham tojik tilida “sarguzasht” deb olgan bo’lardilar. Chunki ularda “go’z” so’zi orqadan gaz chiqarish ma’nosini bergani va tojik tilida og’zaki talaffuzda “t” harfi tushib qolgani sabab “sargo’zash(t)” “Bosh o’sirog’i” (uzr, tahlil nuqtai nazaridan bu kalimani ishlatishga majburman-JM) ma’nosiga to’g’ri kelib qolgan bo’lardi. Bu so’zning forschada yozilishi “goz”, lekin tojik tilida “goz” tok qaychi ma’nosini beradi. Ana shunday omillar ham ba’zan so’zlarni o’zgartirib o’zlashtirishga olib keladi.

Ana endi muallifning fors tilida to’g’ri-yu lekin “O’zbek tilining imlo lug’ati”da shunday bo’lishi mumkin” degan kinoyasiga kelsak, shuni ta’kidlamoq lozimki, bu kalima qanday yozilishiga yuz foiz amin bo’lganim uchun “O’zbek tilining imlo lug’ati”ga qaraganim ham yo’q. Bu keng muomalada va har qanday o’zbek bilishi kerak bo’lgan so’zlardan biri. Chunki sarguzasht asarlarini o’qimagan bolani topish mushkul. Sherzod Ro’zmetov tez-tez murojaat qilib turadigan Navoiy hazratlari ham bu kalimani “sarguzasht” deb ishlatganlar. (Qarang: Navoiy asarlari lug’ati, Toshkent, G’afur G’ulom nashriyoti,1972, 548-bet).

Lekin fors tilidan anchagina xabardor bo’lganim bilan baribir xato qilmaslik uchun bilganimni manbalardan tekshirib chiqdim. Fors tilida yozilish shakli “gozasht” bo’lib, ba’zi mintaqalarda yozilgani kabi talaffuz qilinsa-da aksariyat Eronda “guzasht” deyiladi. (Qarang: “Persian-English dictionary”,  Tehron, 2002, 771 bet.)

Bunga qo’shimcha ravishda yana shuni aytish mumkin-ki, buz so’z qo’shni Afg’onistonda keng qo’llanilgan dari tilida ham “guzasht” shaklida yozilib, xuddi shu shaklda talaffuz qilinadi. (Qarang: “Dari-English”, Nebraska,1993, 604 bet.)

Ilmiy ishlarimning keyingi besh yildagi qismi tilshunoslikning leksikorafiya jabhasidan iborat bo’lgani uchun so’zlarning etimologiyasi ustida ko’p bosh qotirishimga to’g’ri keladi.

“Yigitlik sarguzashtlari” veb sahifasida yaxshi  mulohazalar bilan birga anchagina yanglish talqinlar ham mavjud. Ba’zilariga kompyuterga kiritishda yo’l qo’yilgan xatolar deya ko’z yumishga majburmiz. Bunday xatolar kaminaning sahifsida ham oshib-toshib yotgan bo’lishi mumkin.

Lekin gap veb sahifaning nomidan kelib chiqqani va bu xato doim jig’imga tekkani uchun ikki enlik xat yozgandim.

Aslida muallifning urinishlari maqtovga loyiq va bunday intilishlarni qo’llamoq kerak. Chunki shunday urinishlardan haqiqat maydonga keladi va yanglishlar tuzatiladi.

So’zlar etimologiyasi haqida so’z yuritganda “Ming eshitgandan bir ko’rgan afzal” iborasiga asoslanib, masalaga biroz ilmiyroq yondashilsa, qissadan hissani “handalak”ona chiqarmasdan, Sherzod aytmoqchi bo’lganidek, tilimizni tubanlikdan qutqazish va ichimiz yonib yurmasligi uchun zamin yaratiladi.

Aks taqdirda 1990 yillarda lotin tilidan olingan va  xalqaro muomalaga kirgan juda ko’p kalimalarni “ruscha” deya arabcha yoki forscha so’zlar, yanglish ma’no yuklangan iboralar bilan almashtirilgani kabi nafaqat kulgili, balki ilmiy-siyosiy xatolarga ham etib borish hech gap emas.

2005.

“Asp” bor ekan…

SAVOL: O’zbekiston Islomiy Harakati rahbari Tohir Yo’ldoshevning AQSh Markaziy Razvedka xodimi bilan uchrashgani haqida Internetda maqolalar chiqdi, shunday hol yuz berishi mumkinmi?(Yusuf).

JAVOB: Bunday narsalarga ishonmayman. Bular AQShni Hollivud (Hollywood) filmlaridagi kabi tasavvur qilganlarning to’qimalari bo’lishi mumkin. Aslida esa bugun bunday hol yuz berishi uchun hech qanday imkon ham ehtiyoj ham yo’q.

Birinchidan, O’IH AQSh Davlat departamentining terroristlar ro’yxatiga kiritilgan va hozir  respublikachilar hamda demokratlar orasida jiddiy tortishuvlar mavjud bir paytda shunday voqea yuz bersa, bu juda katta shov-shuvga aylanib ketardi.

Ikkinchidan, Markaziy Razvedka boshqarmasi rahbarlari almashtirildi va kongress bu idorani jiddiy ravishda elakdan o’tkazmoqda, nazoratda ushlab turibdi. Shunday paytda MRBning bunday qaltis o’yinlarga kirishini hech kim tasavvur qila olmaydi.

Uchinchidan, AQShning bunga hech qanday ehtiyoji yo’q. Aytganini Karimov kabi “asp”lar “labbay”deb bajarib turgan bir paytda shaxmat taxtasidan olib tashlangan “piyoda”lar bilan ish ko’rarmidi?! 2005.

Qo’rquv zehniyati

SAVOL: Qo’rqoqlik zehniyatdagi narsa, deb ko’p yozasiz, tashqaridan turib yozish, shunday xulosa qilish oson, lekin ichkaridagi vaziyat bu narsa zehniyat bilan emas, balki sharoit bilan bog’liqligini ko’rsatadi? Bu haqda o’ylab ko’rmaganmisiz? (Abror)

JAVOB: Qo’rqoqlik zehniyati haqida ilgari yozgan gaplarimni takrorlab o’tirmasdan, shuni aytmoqchimanki, tashqarida bo’lasizmi, ichkarida bo’lasizmi agar zehniyatingizda qo’rqoqlik bo’lsa, tizzangiz qaltirayveradi, hamma narsaga shubhalanasiz, jasoratga yaqin bora olmaysiz.

Bitta misol. Uzoq yil Karimovga chin dildan xizmat qilib, oxiri umidlari sarobga aylangan bir kishi Amerikadan boshpana olibdi. Ajab?! U menga pochta orqali yuborgan asarida Karimovni oz qolsin payg’ambar darajasiga etkazib qo’ygandi. Shu bois undan uzoq turdim. Ammo u tez-tez telefon qilar va mening yozganlarimdan orfografik kamchiliklar topganini, ayni paytda o’qib ko’zi ochilganini, saroydagi o’yinlardan voqif bo’lib, uxlay olmayotganini takror va takror aytar edi. Keyin-keyin u meni passivlikda ayblay boshladi, “Nimadir qilish kerak?”, “Bu zulmga qachongacha chidash mumkin?”, “Umringizni shunday o’tkazib yuborasizmi, faolroq harakat qilmaysizmi?”, “Vatanni qutqazish zarur! Bu ishni biz qilmasak, kim qiladi?” kabi dashnomlarni undan tez-tez eshitib turdim.

Avvaliga unga vijdonim buyurgan gapni Vatanda ham, tashqarida ham aytishdan bir zum to’xtamaganimni, Karimov bo’ladimi, Eshmat yoki Toshmat bo’ladimi, qarshisida qaltirab, qulluq qilmasdan yuragimdagi gapni ochiq aytib kelayotganimni tushuntirishga urindim. Bu uning uchun kam edi.

“Turonzamin” jurnalini tashkil qilish arafasida unga faxriy tahririyat a’zoligini taklif qildim. Shu kuniyoq undan elektron maktub keldi va jurnalda Karimov nomini ishlatmaslik, faqat “rejim” degan gap bo’lishi kerakligi, odamlar mening Karimovda shaxsiy alami bor, deyishayotgani haqida uzundan-uzoq pand  nasihat bergandi.

Uning faxriy tahririyat a’zolari ro’yxatida nomi turishdan vahimaga tushganini sezdim va qo’shmadim. U yana eskisi kabi meni jasoratga chaqira boshladi. Shunda unga bir elektron maktub yo’llab, o’zi istagan mavzuda, faqat rejimni fosh qiladigan, demokratiyaga xizmat qiladigan bir maqola yozib berishni hamda istasa buni bir taxallus ostida e’lon qilish mumkinligini aytdim.

Bilasizmi, javob nima bo’ldi, “Onam o’sha yerda, bu yil ham  o’tgan yildagi kabi onamni ko’rishga borishim kerak!…”

U yerdagilar kimning qanday yozishini uslubiga qarab bilib oladilar, degan vahima bor edi uning ichida. Vatanda turib Karimov haqida yozib, o’z ismini ochiq aytayotganlar qo’rqmasa-yu, AQShdan boshpana olgan bu odamning bahonasini (sharoit!) qarang!

Mana qo’rqoqlik zehniyati. Uning ismini yozmadim, yozmayman ham. Yuragi xurujlab, bir kor-hol yuz berishi hech gap emas. Voqeani batafsil bayon qilganimning o’zidan ham u qo’rqib ketishi mumkin. Uzr so’rayman. Aks taqdirda qo’rqoqlik zehniyatini ko’rsatish qiyin bo’lardi.

Menimcha qo’rqoqlik bunday odamlarning genida bor. Yo’q, qo’rqoqlik ota-bobodan o’tadigan irsiy kasallik desam bunday odamlarni oqlab  qo’ygan bo’lamanmi deb ham o’ylayman.

Ismini boshqa qo’yib, adresini boshqa qo’yib, boshqalardan jasorat talab qiladiganlar ko’p.

Ulardan ham ranjimayman. Chunki bu ularning qo’lida emas, bu ularning zehniyatida.

Qo’rquvni engib, o’z zehniyatini boshqara olish  hammaga ham nasib etavermaydi.

O’z zehniyatiga sohib chiqqanlar esa vatanda bo’ladimi, tashqarida bo’ladimi vijdonlari buyurganini birovlarga buyurmasdan o’zlari bajaradilar.

2005.

Ishonchni yo’qotgan odam

SAVOL: Gurjiston va Ukrainadagi kabi O’zbekistonda ham inqilob qilamiz deb jar solayotgan Muhammad Solihga xalq ergashmayotganiga qanday sabab bo’lishi mumkin. (Zafar).

JAVOB: Bu mavzuda ilgari batafsil yozgan edim. Xalqda ham, muxoliflarda ham unga ishonch yo’q.

Qolaversa, O’zbekistonda Gurjiston yoki Ukrainadagi kabi hol yuz bermasligi sababini ko’ra olmaslik siyosiy ojizlikdir.

Yana shuni qo’shimcha qilish mumkinki, Gurjiston va Ukrainadagi kabi vaziyat O’zbekistonda 1991 yilda va 1992 yilda yuzaga kelgandi.

1991 yilda 7-sessiyada Karimovni ketkazib, o’rniga Mirsaidovni olib kelish rejalanganda  huquq-tartibot idoralari xodimlari orasidan ham qo’shilganlar ko’p bo’lgan. Ammo Karimov bir kun oldin kechki ziyofatda Mirsaidov va Muhammad Solihni qo’lga ola bilgandi.

Mirsaidov sessiyada “Menga mansab kerak emas” desa, Muhammad Solih esa bizni tanqid qilib chiqqandi.

Keyin 1992 yil 2 iyulda ish boshlagan sessiyada Karimovning nutqini indamay o’tkazgan holda, unga yomon ko’rinib qolgan Oliy Majlis raisi Shavkat Yo’ldoshevni chetlashtirib, o’rniga qo’yiladigan yangi rais orqali yangitdan saylov belgilashni mening uyimda to’planib, kelishib olgandik. To’plangan deputatlar orasida Muhammad Solih ham bor edi. U 2 iyulga belgilangan mitinglarni bizga noma’lum bo’lgan sabablar bilan qoldirgani bir tomon, kelishuvni buzgan holda sessiyada Karimovga savol bermoqchi  bo’ldi va bundan foydalangan Yo’ldoshevning “Salay Madaminov o’rningizda o’tiring” degan gapiga jahl qilib, iste’fo berib yubordi. Bu bilan barcha rejalarni puchga chiqargan edi.

Unga ergashishmayotganining juda ko’p sabablaridan biri ana shu deb o’ylayman. Lekin kutib turing, ko’rasiz, garchi ishonchni yo’qotgan kishi ishtonni yo’qotgan kishi holida bo’lsada,  bu odam hali odamlarni ko’p laqillatadi.

2005.

Mushkullik

SAVOL: Londondan qaytib kelib, tushkunlikka tushib qolgandayman. Chunki men “Vatan”ga qaytib kelganimdan pushaymon chekmoqdaman. Menga maslahatingiz kerak. Internetda asarlaringizni ochish qiyin bo’lib bormoqda. Sizning kitoblaringizni O’zbekistondan topishning iloji bormi? (Ravshan).

JAVOB: Yo’q, kitoblarimni O’zbekistondan topa olmaysiz.

Ha, Internet orqali o’qishingiz ham qiyinlashib qolmoqda. Chunki borgan sayin O’zbekiston hukumati saytlarni ochishni mushkullashtirmoqda. Shunga qaramay, aylanib o’tadigan serverlar orqali ochishingiz mumkin yoki qidiruv sahifalariga o’zbekcha so’zlar, ismlar yozish orqali ham ko’p narsa topishingiz mumkin.

2005.

AQShning xatolari…

SAVOL:  Nega AQShning hozirgi kunda qilayotgan xatolari  ko’payib ketdi?(Farrux).

JAVOB: AQSh katta mamlakat va qaysi ishi yutuq va qaysi ishi xato ekanligini har kuni kongress muhokama qilib boradi hamda matbuot ham har kuni fikrini bildiradi.

Hatto qiziqchilar ham har kunligini har kun masxara qilib turadilar.

Ilgari ta’kidlaganimdek, bu ochiq jamiyat.

Qiziq, biz O’zbekistondagi ahvolni to’g’ri tahlil qila olmayotgan bir paytda AQShning xatolarini qanday ko’rayapmiz?

2005.

Mamlakatni boshqarish

SAVOL: Saytingizdagi qiziqarli savol-javoblarni o’qib, men ham o’zimni qiziqtirgan, bevosita Amerikaga ham aloqador bo’lgan narsani so’ramoqchi edim. “Free Mason”lar haqida nimani bilasiz? Ular haqida aytilayotgan fikrlarga qo’shilasizmi? Amerikani masonlar boshqaradi, deyishadi shu to’g’rimi?(Masud).

JAVOB: Bir paytlar SSSRni yiqitgan ham masonlar, Gorbachev ham mason, hatto niqob kiyib, ularning majlislarida qatnashadi, deb oddiy odamlar emas, mashhur rus va belorus yozuvchilari iddao qilishgandi.

Turkiyada yashaganimda esa, matbuot va yozilgan kitoblardan shunday fikr kelib chiqardiki, bu mamlakatni tuzgan ham, bugunga qadar boshqarib kelgan ham masonlar ekan, deb o’ylab qolardingiz. Turkiyada masonlarning “loja”lari yopiq shaklda ish olib borardi.

Amerikaga kelganimdan keyin bildimki, bu yerda masonlar ochiq ish olib borar va hech narsani yashirmas ekanlar. Bu dunyoni ma’rifat va madaniyat asosida, bir butun holda ko’rishni istagan odamlarning jamoasi ekan va endi xayriya faoliyatiga ega bo’lgan bir jamiyat holiga tushib qolibdi.

Ammo ilgari yashirin jamiyat nomini olgan  va turli mish-mishlarga bois bo’lgan. Bugun turli qarashdagilar yoki turli sohadagilarni birlashtirib, lobbichilik ishlarini olib boradigan bunday guruhlar juda ko’p. Masalan, “Kalla suyagi” guruhini kuchli va Amerikani boshqara oladi, deb ishonganlar ham yo’q emas va hatto bu haqda film ham qilishgan.

Demokratiya sharoitida siyosiy partiyalar mavjud ekan, bundan jamoalarning kuchiga ehtiyoj qolmaydi.

Ammo xuddi urush faxriylari, ovchilar, ersiz xotinlar, hatto besoqolbozlarning jamiyatlari bo’lgani kabi, turli qarashlarga ega bo’lganlarning  har xil guruhlari bo’lishi mumkin. Ular mamlakatni boshqarish darajasiga qadar ko’tarila olmaydilar. U holda siyosiy partiyalarga ehtiyoj qolmagan bo’lardi.

2005.

Geopolitik voqealar

SAVOL:Ayni paytda Osiyoda, xususan Iroq va Falastinda qirg’inbarot urushlar bo’layotgani, Markaziy Osiyo va Afg’onistonda urush tahlikasi, Qozog’iston va Turkmanistonning O’zbekiston bilan hududiy masalada musht tirab turishgani, endigina esdan chiqa boshlagan “sovuq urush” alangalarining Markaziy Osiyoda ko’zga tashlana boshlagani, Xitoyning Rossiya tomonidan imtiyozlar evaziga qiruvchi samolyotlar bilan qurollantirilayotgani, qurollanish poygasi, Eron va AQSh munosabatlari… bular  sizga nimani anglatadi? Nahotki sovuq urush bo’lishi muaqqaq va buning oldini olishning iloji yo’q? Bu masalalarning umumiy jihati bormi yoki shunchaki tasodifmi?(Yigit).

JAVOB:Bunday geopolitik hodisalar hamma vaqt bo’lgan va bo’ladi. Ularning oldinga bo’rtib chiqishi informatsiya jabhasining kengaygani bilan izohlanishi mumkin. Agar O’zbekistonda bo’lsangiz bularning ko’pidan bexabar o’tirar edingiz. Ammo chetda bo’lsangiz yoki mamlakatda bo’lib Internetga har kuni kira olish imtiyozingiz bo’lsa, tabiiyki bunday voqealar qarshisida o’ylanib qolasiz.

Bir paytlar katta-katta mamlakatlar suv ostida qolib ketganda va urushlar xalqlarning tinkasini quritib yuborganda dunyoning yarmidan ko’pi bundan bexabar bo’lgan.

Bugun esa qaerdadir qizi onasini xizmatkor qilib ishlatgani haqidagi xabarni o’qib, bir mulla ana dunyoning oxiri keldi, qiyomatga yaqin qoldi, deb va’z aytganini ham eshitganlar bor…

Bema’ni va aossiz

SAVOL:Eshitishimcha g’oyibiy, “mashhur”, “tillarda doston siyosatchi” Usmon Haqnazarov taniqli o’zbek jurnalisti Ismat Xushevmish, aniqrog’i, Ismat Xushev  “Men Usmon Haqnazarov taxallusi bilan I.A. Karimov kirdikorlarini fosh qildim” deya siyosiy boshpana olganmish. Shu haqda biror ma’lumotga egamisiz?(O’zbek).

JAVOB: Yo’q, biror ma’lumotga ega emasman. Shu bois ham xatingizni Ismat Xushevga yuborgan edim va uning javobi quyidagicha bo’ldi: “Bunaqangi bema’ni va asossiz savollar javob berishga arzimaydi.”

Ammo men har qanday savollarga javob beraman, deb va’da qilganim bois savolingizni e’tiborsiz qoldirmadim. Yuqoridagilarga shuni qo’shimcha qila olishim mumkinki, AQShdagi sudlarda tarjimon bo’lib qatnashgan bir tanishimning aytishiga ko’ra, “Usmon Haqnazarovlar ko’payib ketdi”.

Aslida “Haqnazarov”larning da’vosiga ishonganlar ham anqov. Chunki Usmon Haqnazarov imzosi ostida Karimov fosh qilingan emas, balki unga xizmat ko’rsatilgandi. Bu haqda anchagina yozgan ham edik.

Oyni  etak bilan yopib bo’lmaydi

SAVOL: Muxolifat liderlarini juda ko’p odamlarga siyosiy boshpana olishda ularga tavsiyanoma yozib bergan deb aytishadi, bu biznesning “rahmati” qancha turadi? Siz ham ularning ichida bormisiz?(Maqsud).

JAVOB:Mening kimlarga tavsiyanoma yozib berganimni AQSh muhojirat idorasi orqali tekshirtirishingiz mumkin. Zotan “do’stlar”dan biri ustimdan yozgan yumaloq xatlardan keyin rasman tekshirib ham chiqishgan bo’lishsa kerak.

Men o’z tashabbusim bilan birovga tavsiyanoma yozganim yo’q. Faqat ishlari sudda bo’lganda, yoki boshpana olishayotganda iltimos bilan murojaat qilishgani bois, Xayrulla Ismatullaev, Avazxon Muxtorov, Halima Usmonova, Navbahor Imomovaga yozib berganman. Bu qadar.

Shunda ham ularning shaxsi haqida emas, balki O’zbekistondagi rejimning har qanday odamga tahlikasi haqida yozganman. Bu ularga foyda berganmi yo’qmi, buni bilmayman. Men ulardan rahmat kutganim yo’q. Zotan ular bilan hech qanday aloqada ham emasman.

Muxolifat nomidan unga ham, bunga ham “muxolifatchi” deya tavsiyanoma yozib, “ish” ko’rib yurganlar haqida men ham ko’p eshitganman. Lekin quloq bilan eshitgan gapga emas, qo’l bilan ushlagan narsaga ishonish kerak. Oyni etak bilan yopib bo’lmaydi. Agar shunday gaplar rost bo’lsa, bir kun undan ham xabardor bo’lib qolarmiz.

Eski savol

SAVOL:Men bugun saytingiz haqida bir boshqa saytdan ma’lumot olib, qiziqib kirib qoldim. E’tiborimni ancha narsalar tortdi. O’zingizga ma’lumki, O’zbekistonda bunday saytlarga ban qo’yilgan.  Bundan oldin bir- ikki muxolif partiyalar va harakatlarning ham sahifasini kuzatgan edim.

Ammo ochiq tan olish kerakki, meni ko’nglim to’lmadi. O’zbekistondan AQShga yaqinda kelganimni hisobga olsak, bu sistemani tamomila sindirishga arziydigan kuchlar  bor, deb ishongan edim. Ammo, bilmadim… Menga sezildiki, hali darajaga chiqmagan.

Endi savolimga kelsak, siz nima deb o’ylaysiz, bizni oppozitsiya etildi deb hisoblaysizmi? Boshqacha aytganda, shu bugungi oppozitsiya amaldagi hukumatni o’rnini egallashga haqlimikin? (Hikmat).

JAVOB: Xush kelibsiz, AQShga va hamda mening sahifamga. Toshkent hukumati veb sahifaga ban qo’ygani bois hozir vatandagi o’quvchilarga (hozircha 2136 adresga) yangi narsalarni elektron pochta orqali yuborishni yo’lga qo’yganman. Kelgusida ular kitoblarni ham olishlari mumkin.

Endi bevosita so’rovingizga kelsak, agar savol-javoblarning  birinchi kitobga jamlangani va shu yerdagilarini ko’rib chiqishga vaqt topa olsangiz savolingizga ham to’la javob topgan bo’lasiz. Chunki shu yo’sindagi savollarga bir necha marta javob berishimga to’g’ri kelgan.

Har kallada har xayol

SAVOL: Din hukmron bo’lgan sharoitda demokratiya rivojlanadimi yoki demokratiya sharoitida dinga keng o’rin beriladimi?(Sobit, 7 Fevral, 2005 yil).

JAVOB: Ba’zi ulamolarning umumiy gaplariga quloq solsangiz din hukmron bo’lganda hamma haqlar ustivor bo’ladi, deydilar va bu demokratiyadan ham afzal ekanligini aytadilar. Bugunga qadar bu xayol tarzida qolmoqda va amalga ko’chishini ham Xudo biladi.

Mavjud hayotga qarasangiz mamlakatni din asosida yuritayapmiz, deb iddao qilgan barcha davlatlarda yakkahokimlik, diktatura, zulm hukmron. Masalan, Saudiya Arabistoni va umuman juda ko’p Yaqin Sharq o’lkalari. Pokiston ham shunday mamlakatlardan biri. Albatta, o’zini demokratik tuzum deb atagan ba’zi davlatlarda ham shunday holni ko’rish mumkin. Masalan, O’zbekiston, Belorus, Turkmaniston va hokazo.

Bir qator dindorlar esa haqiqiy diniy erkinlikni, erkin ibodat qilishni va bu borada o’ylaganlarini qo’rqmay ayta olishni demokratik davlatlardagina topganlarini yoki ko’rish mumkinligini aytadilar.

Xullas, bu borada har kallada har xayol.

Ammo mavjud tuzumlar orasida insonga eng maqbuli demokratik tuzum ekanligini hech kim inkor eta olmaydi.

Maqtovga oshiqmiz

SAVOL: Yaqinda sobiq bir hamkasbingiz sizni u hech kimni maqtamaydi, deb aytdi. Nega shunda? (Sherzod).

JAVOB: Maqtov eng noyob ne’matlardan biri bo’lishi kerak, deb bilaman. Albatta, yurakdan chiqqan samimiy maqtovni. Ammo mansabiga qarab yoki kichik bir manfaat uchun tug’iladigan maqtovlar vujudiga tushgan qurt kabi millatni emiradi.

Maqtovimni qozonganlar ko’p. Bir necha misol׃

BOYMIRZA HAYIT, saksonning manzilida, shol bo’lib, to’shakka mixlanib qolganlariga qaramay yaqinda yana bir kitob chiqardilar. “Milliy Turkiston hurriyat da’vosi” nomida. Hozir esa xotiralarini yozmoqdalar. Kecha telefon qilganimda 700 sahifa bo’ldi, dedilar. Qoyil qolish kerak bunday jasoratga!

MERIT VARNEKING, Oregonda bizga mehribon ona bo’lgan va     ketishimizda vokzalda ho’ngrab yig’lab qolgan, bizga Amerika va amerikaliklarni sevdirgan, saksonda ham sakrab yurgan tolmas aya.

EVRIL TURON (Mamadali Mahmudov), Sovetlar davrida mustaqillik deya ochiq hayqirgan yakkayu yagona adib, mustaqil O’zbekistoning zindonband etilgan arslon o’g’li…

RASIM EKShI, umrining so’nggi kunlarini Amir Temur maqbarasi yonida o’tkazishni orzu qilgan turk alpomishi, Temur bilan jangda engilgan Yildirim Boyazidning evarasi.

NAZIR RAJABOV, O’zbekistonga birinchi prezident bo’lish uchun tug’ilgan, ammo Gdlyan va Karimovnng zulmiga uchragan ulkan tashkilotchi va beqiyos adolatsevar.

SAMANDAR QO’QONOV, Karimovning yuziga tik qarab, o’zbekning ajalisan, degan va qariyb 15 yildan beri qamoqda yotgan buyuk iroda sohibi…

Va yana qanchalar…

Lekin gapning indallosi shuki, biz maqtovni sevadigan, xalqmiz. Xato qildim. Butun dunyo ahli-inson zoti shunday bo’lsa kerak. Hech bo’lmaganda shunga yaqin. Faqat bizda tanqidni dushmanlik deb bilib tanqid qilgan odamni aslo kechira olmaslik juda kuchli.

2005.

Uslubning saqlanishi

SAVOL: “Turonzamin” jurnalining navbatdagi sonida  “Muallifning o’ziga xos yozish uslubi saqlab qolindi” deyilgan. Mualliflik huquqi va uning saqlanishi haqida bilardim, ammo uslub va uning saqlanishi yoki paymol qilinishi (saqlab qolinmasligi) haqida eshitmagan ekanman. Buni qanday izohlaysiz? (O’zbek).

JAVOB: U yerda muallifning jumla qurishi, ba’zi nomlarni kichik harf bilan yozishi, nuqtadan keyin kichik harf bilan yozishi yoki nuqta qo’ymay yozish kabi uslub hamda bugun O’zbekistonda rasman qabul qilingan lotincha yozuv tarzida emas, balki internetda qo’llanilayotgan “qo’lbola” lotincha bilan yozilgani kabi o’ziga xoslik haqida gap borgan.

Haqiqatdan ham bugun bir qator yozuvchilar jumla bitgandan keyin nuqta qo’ymay yoki nuqtadan keyin kichik harf bilan yozgan holda, joylar nomini kichik harflarda bitib, kitoblar nashr etmoqdalar. Bu ham bir yozuv uslubi sifatida qabul qilinmoqda. Jurnal tayyorlanishi jarayonida muallif yozganlarining ma’nosiga tegmasdan silliqlanishi va rasmiy yozuv shakliga  tushirilishi mumkin edi. Lekin asl holida saqlashga qaror qildik.

“Xatlar” sahifasida ham mualliflarning turli shakldagi uslublari va hatto xatolariga ham tegmayotganim shundan. Bu balki tabiiylikni ta’minlar va ayni paytda mualliflarning o’zbek tili yozuvi borasidagi bilimlari darajasini ham ko’rsatishda o’ziga xos bir yo’l bo’lishi mumkin.

Qolaversa, 1970 yillarning oxirida O’zbekiston radiosida ishlaganimda bir kuni yozganlarimni G’aybulla Asadullaev degan kishi tahrir qiladigan bo’lib qoldi. U chizg’ichni satrlar ustiga qo’yib, to’g’ri chiziq tortib, hamma narsani qaytadan yozib chiqdi. Bu g’ururimga tegdi. Jahlim chiqdi va yozganlarimni hamda uning tahriridan keyingi matnni ko’tarib, kattaroq boshliq Ortiqali Tilovberdiev yoniga bordim. U G’aybulla akani chaqirdi:

-Jumla qurilishlari teskari ekan,-dedi u.

Men har kimning o’z uslubi bo’ladi, deya mahkam turib oldim va boshliq asl matnimni ko’rib, qo’l qo’yib berdi.

Shu voqea dars bo’lgan. Boshqalarning ham “men”ini hurmat qilish kerak deb hisoblayman.

2005.

Shahriyorlar

SAVOL: Sizning til olamida ko’pgina narsalar va kimsalar va ularning tarixlarini bilishingizni bilaman. Men bir narsa haqida ko’p to’xtalib qoldim. Bizning xalqimizga ma’qul bo’lgan eronlik yoki Forsiy davlatlardan chiqqan fan arboblari (olimlari), va ularning hayoti haqida qisqa bo’lsa ham ma’lumot berolmaysizmi?(Shams).

JAVOB: Siz javobi hatto bir kitobga ham sig’maydigan savol beribsiz. Menimcha, faqat ba’zi nomlarni eslashning o’zi ko’p narsani anglatadi. Abulqosim Firdavsiydan Abdullo Rudakiyga, Umar Xayyomdan Hofiz Sheroziyga, Abdulla Ansoriydan Nosir Xisravga, Kamol ul Mulkdan Muhammad Shahriyorga qadar uzangan yillar zanjirida yana qancha-qancha nomlar borki, sizning savolingizga o’zlarida o’nlab kitoblarni mujassam etganlar.

Kaminga kelsak,  Eronda turkiy tilda yozish u yoqda tursin turkiyda so’zlashuv qatag’on qilingan bir paytda bu tilning latofati ila dillarni zabt etgan buyuk shoir Shahriyor ulug’ alloma hisoblanadi. Turkning tili bu qadar latofatli, tog’lardan ingan irmoqlar sadosi kabi yoqimli, dilning vulqonini satrlarda bayroq qilguvchi isyonkor ekanligini isbotlagan ulug’ turk shoiridir u.

Bir vaqtlar “SHAHRIYOR” degan bir she’r yozgandim:

Mani hur moniy demang,

Zindon manimdur.

Mani eroniy demang,

Eron manimdur.

Mani shohga tan demang,

Turkon manimdur,

Mani bevatan demang,

Turon manimdur!

Eslatma o’rnida:

1.Moniy-o’zini hur degan, idealistik monizm falsafasi tarafdori.

2.Turkon- turklar degani, Turkon ismi ilgari mashhur bo’lgan. Amir Temurning xotinlaridan birining ismi ham Turkondir.

O’zbekistonni qutqazasa bo’ladi

SAVOL: Xalqimizni siz ham, men ham yaxshi bilamiz va hozir O’zbekistonda hukm surayotgan vaziyatni ham har-bir yosh bolagacha yaxshi biladi. Har kim, har narsa deydi, ammo O’zbekistonda avj olgan o’g’irlik, poraxo’rlik, talonchiliklarga chek qo’ymay turib, xalqni ahvolini o’zgartirib bo’larmikin?

O’zbekistonda oddiy militsiya xodimidan tortib, katta-katta amaldorlargacha xalqdan biron narsa undirish bilan ovora. Xalqimiz ham o’rganib qolgan shekilli, agar siz biron joyda ishlayman, deb aytib qolsangiz birinchi beriladigan “savol” “tushum bormi?” bo’ladi. Shu ahvolda bu iflosgarchiliklarga chek qo’yib bo’ladi, deb o’ylaysizmi? Xalq poraga nashavand bo’lib qolmadimikin?

Siz mana shuncha yil har-xil mansablarda ishlab kelgan insonsiz, siz hozir yana biron kursini egallab qolsangiz faoliyatingizni nimadan boshlayman, deb o’ylaysiz, aytaylik “bosh vazir” darajasini egalladingiz. Poraxo’rlik hukm surayotgan tuzumga qarshi qanday kurashgan bo’lardingiz? Menimcha amaldorlarning hammasini qamoqqa tiqish to’g’ri yo’l bo’lmasa kerak, deb o’ylayman, siz nima qilish kerak, deb o’ylaysiz? Balki chet el investitsiyasini ko’proq jalb qilib, ish o’rinlari yaratish yo’li bilan xalqni sotsial ahvolini ozroq o’zgartirib, keyin kurashish kerakdir “iflosgarchilikka” qarshi.

Va nihoyat, Siz O’zbekistonda ishlagan vaqtingizda poraxo’rlikni ko’rib turib ko’z yumganmisiz, yoki siz ham shu ishni qilishga majbur bo’lganmisiz? (Evropalik O’zbek).

JAVOB: Darhaqiqat, jamiyatni demokratik yo’lga qo’ymay turib, siz aytgan illatlarga qarshi kurashish mushkul. Avval aytganingiz kabi  poraxo’rlikning ildizini kesadigan zamin yaratmoq kerak.

Agar odamlar mehnatlariga yarasha haq olsalar, sharoitlari ehtiyojlarini qondirsa va o’z insoniy qadrlarini anglasalar nega o’zlarini kamsitib pora berib pora olsinlar?!

Qolaversa, bunga imkon beradigan tuynuklar qonun yo’li bilan bekitilishi va eng avvalo huquq tartibot organlarining o’zi halollikka o’rgatilishi kerak. Buning uchun birinchi galda ochiq minbar, erkin matbuot zarur. Inson fitrati aslan yomonlikka yona emas, balki yaxshilikka yonadir. Agar topgani o’ziga etsa u nima uchun pora olib, hayotini tahlikaga qo’ysin?!

O’zbekistonda ishlagan yillarim 700dan ziyod tanqidiy maqola va feletonlarim chiqqan matbuotda. Doim bechoralardan, g’ariblardan yona bo’lganman. Pulim o’zimga etarli bo’lgan. To’rt besh joyga yozib turganim uchun yaxshi qalam haqi olar edim.

Karimov va uning malaylari ko’p izlashgan, agar bir joydan bir narsa topganlarida “bayroq” qilishardi. Topolmaganlari uchun ham tuhmatdan boshqa choralari qolmagan. Bu tuhmatni Karimovning qo’lidan o’zini muxolifatchiman deb yurgan ba’zi bo’htonchilar ham oldilar. Lekin tuhmat tuhmatligini ko’rsatar ekan, o’zlari sharmanda bo’ldilar.

O’zini, vijdonini poraga sotadiganlardan ustun bo’lganim uchun ham o’zimni baxtiyor deb bilaman. Bir odam o’zligini pulga sotishini tasavvur qila olmayman! Pora olganimda qachonlardir o’lib ketgan bo’lardim, olmaganim uchun ham tirik qolganman. Porani qaytarganim, menga hayotimni qaytargan.

O’zbekistondan birorta mansab olish ishtiyoqim yo’q. Buni har doim ochiq aytib kelganman. Lekin O’zbekistonni qutqazish kerak bo’lsa, bu masalada istagan payt istagan odamga yordamga hozirman. Chunki hali ham O’zbekistonning kelajagini qutqazsa bo’ladi deb hisoblayman.

2005.

Rejimning qilmishi

SAVOL: Kecha bir jurnalist domlam bilan gaplashganimda u Chori Avaz degan odam haqida gapirib qoldi, veb sahifangizda u haqda ma’lumot berishingiz mumkinmi? (Abduvohid).

JAVOB: Xudo rahmat qilsin, xokisor, iste’dodli, kamtar, zahmatkash jurnalist, yuragi dardga to’la bir shoir edi.  U adolatsizlikka, istibdodga va zulmga she’rlari bilan isyon etgan, rejimga muxolif shoir edi. U bevaqt olamdan o’tgandi. Bevaqt o’lim bir noyob shoirni eldan yulib ketgan bo’lsa, uning aksi bo’lgan bir shoirani etishtirdi.

Ilgari zulmdorlar raqiblarini o’ldirib, ularning bolalarini o’zlarining yo’llarida tarbiyalar ekanlar. Bugungi rejim ham ana shunday badbaxt va badkordir!

Chori Avazning mehriga zor bo’lib, bugungi jamiyatning tarbiyasida ungan, hali Qarshidagi maktab-internatni bitirmagan bo’lsa ham, bugungi rejimni ulug’lovchi bir qancha kitoblari chiqqan Guli Nigor Avazovaning mana bu she’rlari fikrimizga dalildir.

PREZIDENT BOBOMGA

Burgutga havasim keladi,

Shijoat, kuch – g’ayrat timsolidir u.

Bo’ronlar pisandmas, tig’day tiladi,

Yuksak – yuksaklari ko’zlab uchar u.

Siz burgut misoli mard -u ulug’vor,

Baland uchayapsiz kelajak tomon.

Yomon ko’zning Sizga etmog’i dushvor,

O’zbegim baxtiga bo’lgaysiz omon!

Ammo bir kun Guli Nigor rahmatli otasining ruhiga qaytishiga ishonaman.

Rejim yangi bir avlodni, yangi bir zehniyatni ulg’aytirdi. Endigi ishning qiyinchiligi ham mana shunda. Yangi avlodni o’zligiga qaytarish mashaqqati bilan yuzma-yuzamiz.

VASHINGTON: 2004-2005 yillar.