Мулоҳаза

 jm_2015_kitob2Ватан тушунчаси

Ватан бу қўл билан ушланадиган моддий нарса эмас,
Ватан тафаккур остидаги маънавий кенгликни тўлдирган поёнсиз тушунча.
Ватан – руҳнинг умуртқаси, ҳиснинг вулқони. Инсон шу тушунча билан туғилади. Чунки у қондан қонга оқади, генлардан генга кўчади. Ота-она авлодидан келади бу ген. Бир кун олимлар инсон танасидаги миллионлаб генларнинг энг каттаси ва энг кучлиси ватан ҳиссини ташийдиган ген эканлигини аниқлашса, бу ҳақиқатнинг ўзгинаси бўлади.
Чунки бу ҳиснинг таркибида инсоннинг қўними бор. Бу қўним унинг руҳияти ёйилган маскан.
Бу маскан сарҳадлари ичида инсоннинг қадри ҳақидаги қонуният бор. Ана шу қонуният бузилса, ҳислар дунёсида зилзила бошланади.
Ҳислар дунёсида инсоннинг ҳурриятга бошлайдиган куч мавжуд. Инсон мудом ҳурриятни, озодликни қидириб, севиб яшаши ана шундан.
Инсоннинг тинчликка интилиши, осойишни ахтаришини бошқарадиган марказ ҳам ўша масканда.
Ўша маскандаги чинорлардан бири ҳузур-ҳаловатга интилиш кучидир.
Бошқа бир устун эса, инсоннинг бахтга, саодатга ташналиги.
Инсон оиласи, яқинлари билан бирга бўлганда, бу маскан улган боғга дўнади. Дарёлар ошиқадиган, нурлар ёғиладиган, ойдинлик инадиган, шодлик шошадиган, қувонч қувнайдиган боғ.
Ватан ана шу! Қудратли руҳ!
Ватан мудом инсон билан бирга. Инсон уни тарк этолмайди, ўзи билан бирга олиб юради. Ватан ҳам инсондан айрилмайди, буюк бургутдек унинг қалбига қўниб яшайверади.
Ҳа, инсон қаерда қўними, қадри, эрки, ҳуррияти, тинчлиги, ҳузури, бахти, гўзал ҳаёти, севикли яқинлари билан бирга қовушса, ўша маскан унинг ватанидир.
Шундай экан, “ватангадо” деган сўз маънисиз, мантиқсиз, маърифатсиз сўздир. Яъни бемаъни, бемантиқ ва бемаърифат кимсалар томонидан уйдирилган сўз!

Жаҳонгир Муҳаммад

%d bloggers like this: