Ишоратлар

jm_ozodlikЖАЖЖИ ИСЁН

Жиянимнинг ўғли тўққиз ёшда. Бу йил 4-синфга борди. Баъзан гаплашганимизда у ҳам суҳбатга қўшилади. Мулоҳазали, ақлли бола. Камина билан бемалол баҳс қила олади. Турли мавзуларда шундай саволлар берадики, жавоб топишга қийналаман.

У билан гаплашишни яхши кўраман, худди ўзимнинг болалигим билан гаплашгандек, енгил тортаман. Бугун телефонни у олди ва кутилмаганда:
-Бобо, мени Америкага олиб кетинг,-деб қолди ўкинч билан.


-Уйда шароитларинг яхши, дадангни иши бор, ўзинг мактабда аълочи, билағонсан, спорт мусобақларига боришингни биламан, баҳоларинг беш…

-Нима қиласан Америкада?- десам, у индамай турди.

Бироздан кейин юрагидаги гапини айтишга қарор қилди, шекилли:
-Мактабга боргим йўқ,-деди.- яна ўша гап бўлди, зиқ бўлдим.
-Нима гап бўлди?
-Устоз яна ўзининг жиянини класком қилиб қўйди. Ўтган йил ҳам шундай бўлди. Болалар мени сайлашди. Устоз эса жиянини тайинлаб қўйди.бу йил ҳам..
-Устоз деганинг ким? Муаллимми?
-Kатта синфдагилар ўқитувчини “муаллим” дейишади, биз эса “устоз” деймиз.
-Сан устозингга “Нега бундай қилдингиз?” демадингми?
-Дедим. “Кўп гапирсанг, бирорта бeшингни тўрт қилиб қўяман” дедилар.
-Устозингни жияни ҳам аълочидир?
-Аълочи бўлганда хафа бўлмасдим. Ҳеч нарсани билмайди-да, ҳамма болалар унинг устидан кулади, ҳеч нарса билмасдан беш олаверади. Америкада бунақа эмасми?
-Йўқ бунақа эмас.
-Ундай бўлса, мени олиб кетинг!

Дадаси гўшакни тортиб олди.
-Бир йилдан бери шу гапни гапирасан, чарчамадингми? Америкада пишириб қўйибдими?- деб дакки бера бошлади унга.

Жиянимга:
-Болангни эшитмасанг, қўлламасанг, саволига жавоб топмсанг унинг жажжи исёни сўниб, у ўзлигидан айрилади ёки туғёни жунбушга келиб, бир кун сенга қарши исёнга айланади,-дедим.

Жияним нима деганимни тушунмадими ёки тушуниб, “Бу каллаварам нима деяпти, адолатсизлик тепaдан пастга қaдар иниб бўлганини билмайдими?” дегандек жим қолди.

ЖМ.2015

 

Advertisements
%d bloggers like this: