Туғилган кунда

jm_safar8“Ҳечқаер”га саёҳат

Олтмишга кирганимни ва оила қурганимизнинг 35 йилигини Ню Йоркда, катта бир кошонада нишонлаш режаланганди. Ўзбекистондан келадиганлар қаршисида муаммолар пайдо бўлди.

Йўлини топдим ва ишни ўзбекона қилмоқчи бўлдим. Яъни туғилган кунимни бир фурсатдан кейин невара тўйи билан бирга ўтказиш. Ихчам ва камхаражат.

Бу фикр кўпчиликка маъқул келди. Ҳатто юртдагиларга ҳам.jm_safar7

Лекин 29 август куни уйга келсам, сюрприз зиёфат қилишибди. Тортнинг шамчалари ўчгандан сўнг қўлимга йўлланма чиптасини тутқазишди. Қизларим ва куёвларим тўпланиб, жуда қимматбаҳо саёҳатга билет олишибди. Дод дедим, вой дедим, бўлмади. Роҳилахон билан йўлга чиқдик. Бизга ажратилган яхта Норфолк портида кутиб турган экан.

Жанубий кореяликлар штатимизда жуда катта СПА(саломатликни тиклаш учун қулайликлар маркази) очишган ва тезда машҳур бўлиб кетган эди. Ана шулар мазкур СПАнинг кема-яхта нусхасини барпо этишибди.

Бу сузиб юрадиган кема бўлиб, турли мамлакатлар соҳилларига бориб, асосан қироллар, шайхлар, ҳукумат раҳбарлари, президентлар, миллиардерларга хизмат кўрсатаркан. Ҳатто ИАК ҳам шундай кемада дам олиш учун тез-тез Жанубий Кореяга бориб тураркан. Бу гапларни эшитгандан кейин жуда қимматлиги ҳақидаги қайғуришим ҳам эсдан чиқди.jm_safar5

Яхта уч қаватли. Биринчи қаватда сув ҳовузлари. 8 та ҳовуз бўлиб, ҳар бирининг ҳарорати бошқа ва турли минерал сувлар билан тўлдирилган. Ҳаммасининг ичида вужудни сув билан массаж қиладиган ускуналар ўрнатилган.

Бир неча юз киши кириши мумкин бўлган бу “водий”да биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Иккинчи қаватда массаж қилинадиган жойлар. Ҳар бир массажчи алоҳида соҳанинг доктори. Бармоқлар учун алоҳида, оёқ учун алоҳида, Швед массажи учун алоҳида, спорт массажи учун …хуллас 12 турдаги массаж. Истаган пайтда қайта-қайта олаверасиз.

Доктор қизлар, хизматкор йигитлар тиржайиб, ярим букилиб саломлашади, лекин сиз билан гаплашишга ҳаққи йўқ. Умуман улкан яхтадаги хизматкорлар фавқуллода тарбияли.

jm_safar2Учинчи қаватда 8та сауна бор. Ҳар бири алоҳида минерал тошлар билан қурилган. Ичидаги ҳаво ҳам турлича. Тоғ гиёҳларининг ҳиди уфуриб туради. Сауналар музлатгич ҳароратидан жазирама ҳароратига қадар турли даражада. Хуллас, қайси бирини танлашга шошиб қоласиз.

Бунинг устига ресторани ва таомлари олий даражали. Умрингизда кўрмаган, эшитмаган таомлар…(Лекин ҳеч бири ўзимининг паловхонтўрага етмайди).

jm_safarКечқурунга яхта тепасида сиз учун музика, консерт, томошалар қўяди. Голф ўйнашингиз, океан сувини тортиб турган ҳовузга шўнғиб олишингиз мумкин. Югурадиган, спорт машғулотлари қиладиган жойлар…

Атрофда сизни докторлар кузатиб туради. Ҳар бир жиддий ҳаракатдан кейин қон босимини ўлчашади. Эрталаблари қондаги шакар даражасини текширади. Турли машиналарга солиб, “касалликлар қидиришади”.

Менга ёқмагани ҳар қаватда интернет қўйгани. Шундай шароитни ташлаб компютер қаршисида ўтириб олганимни кўриб, Роҳилахон кулади.

Хуллас, уч кун бир лаҳзадек ўтиб кетди.

-Океанда қаерга бордик,-деб сўрасам, “Ҳечқаер” деган жойга борибмиз. Бу дегани соҳилдан икки соaт узоқликда, океанинг ўртасида уч кун, бир жойда турибмиз.

Яхта раҳбарларидан бири:

-Оёқларингизни уч кунга ердан уздик,-деди кулиб. Бу ғирт ўзбекона гап бўлди. Хайриятки, уч кун…

Яхтадан чиқарганмиз ўзимни 59 ёшда ҳис қилдим.jm_kk5

60 да кириб, 59да чиқдик…

Бизга-ку мазза бўлди, аммо фарзандларим бу улкан яхтанинг бунча пулини неча йилда узишаркин? Айтишмади…

Ҳамма соҳада гапини яширмайдиган фарзандларим шу масалада каминага қулоқ солишмади. На чора.

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

jm_muzxonajm_tuzlitoshjm_kk5jm_kk2jm_qushlixona2

%d bloggers like this: