Ўзбеклар ва ўзбеклар

to'nТАҚСИР

Ислом Каримов чин дилдан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини берадиган бўлса, буни собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга бериши керак эди. У одам шунга лойиқ эди. Лекин Каримов у кишининг қадрига етмади.

Тақсирни Аллоҳ раҳмат этсин! Тошкентда ҳам хорижда ҳам у кишни тақсир дер эдик. Шунинг учун бугун ҳам анъанани бузмадик.

1991 йилда Президент сайловидан олдин тақсир ёзувчи Нурали Қобул билан Ўзбекистон телевидениесига чиқиб, сайлов ҳақида гапиргандилар. Нурали Қобул савол бериб турди, у киши жавоб қилдилар. “Подшо Аллоҳнинг ердаги сояси эканлиги Қуръони Каримнинг ҳукмидир” деб Ислом акага овоз беришга чақирдилар. Алғов-далғовли кунларда бу нарса Каримовнинг сайланишига жуда катта ёрдам қилди. Чунки ўша кезда ҳам тақсирнинг обрўси жуда баланд эди.

Кимдир адаштириб, у киши Каримов сайланганидан кейиноқ унинг кўзига тик қараб гапиргани учун қувғинга учради, дебди. Бўлмаган гап. Тақсир бировнинг кўзига тик қараб гапирадиган инсон эмас эдилар, бунга унинг маданияти йўл бермасди. Хоразмдан сайланган бир мулла сўз берилмаса ҳам оппоқ кийимда минбарга чиқиб, Каримовга гапирганини тақсир билан адаштириб юборишганга ўхшайди.

Тақсирнинг Ўзбекистондан чиқиб кетишларига ҳовлиларига граната улоқтиришгани сабаб бўлганди. Унга қадар Обид Қори тарафдорлари билан тақсирнинг муридлари келишолмагани, Тошкентда муфтий сайловидаги Хадра, Навоий кўчаси бўйлаб қилинган намойишлар, Саудиядан келтирилган Қуръон китоблари можароси Каримовнинг тинчини бузганди. Кейинроқ ҳурматли ҳофизимиз Шерали Жўраев ҳажда тақсирга “Асл президентмиз сиз бўласиз” деганда ҳатто маслаҳатчиларингиз Бахтиёр Назаров ва Усмон Азим ҳам қарсак чалиб юборди деган гаплар Каримовга етказилиб, ўртани оловлантиришди.

Юқорида атганимдек, тақсир билан анча суҳбатлашганмиз, баҳс ҳам қилганмиз. Тақсир жуда одобли, ўта маданиятли, нозик дипломат одам эдилар. Сиёсатнинг ичида бўла туриб, сиёсатдан бир қадам узоқда туришни қойиллата оладиган инсон эдилар. Истанбулда газета чиқариб, Каримовни ағдариш учун баъзи ҳозирликлар қилинганда у киши укаси Муҳаммадаминни бизнинг ёнимизда қолдириб, ўзлари Ливияга кетдилар. Тақсирнинг ташаббуслари билан камина ҳам тўртта китоб таржима қилиб берганман. Аллоҳ рози бўлсин!

Суҳбатларда у киши Муаммар Қаддафийнинг ўғли билан дўстликлари ҳақида гапиргандилар. Қаддафийнинг “Яшил китоб”и ислом ва модернизм учун ўрта йўлни тақдим этишини, парламентаризм ўрнига халқ кенгашларини таклиф қилишини айтгандилар.

Ливияда шароитлари олий даражада бўлишига қарамай Каримовнинг таклифи билан ҳаммасини ташлаб, ватанга қайтдилар.

Бир кун Истанбулдаги меҳмонхонада АҚШга бориш учун виза беришмаганидан шикоят қилдилар. Қўл радиочаларида “Озодлик”ни биргалашиб эшитдик. Ўшанда божалари ҳуқуқ тартибот соҳасида эканлиги ва Каримов уни орага қўяётганига ишора қилгандилар. Охирги кўришганимиз ўша эди.

Каримов усталик қилди. У кишига мансаб берганда одамлар ҳурмат қилмай қўярди. Лекин у зотга оид ҳар бир соч толасидан фойдаланди. Масалан, тақсир бир неча марта Америкага келиб кетдилар. Диний радикализм хавфи борлиги, инсон ҳуқуқлари юксалиб бораётгани ҳақида нафақат катта мажлисларда балки инглизча матбуотга берган суҳбаларида ҳам айтганлар. Бу ҳақда ўша кезларда ёзган эдим. Каримов ҳатто шуни ҳам билмади.

Андижондаги воқеалар бўйича ҳам у киши бу “боғийларнинг исёни” деб Каримовни қутқазиб қолдилар. Номард Каримов буни ҳам билмади.

Тақсир сўзда ва ёзувларида исломий давлатдан кўра демократик давлат тарафдори эдилар. Демократия ва ислом айни нарса, деган фалсафани илгари сургандилар. Каримов буни ҳам билмади.

Хуллас, тақсирнинг Каримовга, унинг режимига қилган яхшиликларини санаб адоғига етказиш қийин. Лекин золим бу зотга “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони бериш у ёқда турсин, ҳатто у кишини сўнгги йўлга кузатишга бормади. Бунисиям майли, ҳатто матбуотда таъзия изҳор қилмади. Қарзини узмади. У энди бу қарзни ҳам нариги дунёга кўтариб борадиган бўлди.

Хуллас, золим Каримов билмаса билмасин, халқ билса бўлди-да!

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

 

%d bloggers like this: