Диктатура шароитида ҳеч нарсанинг ўрни бўлмайди. Чунки ҳамма нарса асл ҳолини йўқотган ва чапани қилиб айтганда бичилган бўлади. Матбуот ҳам шундай, бирор нарса сиёсий таҳрирсиз чоп этилмайди. Ёзилган нарсаларнинг “эркаклик жойи” ёки “қизлик иффати” қирқиб ташланади.
Бугун мамлакатда Совет давридагидан кўп газета нашр этилади. Худди ёмғирдан кейин пайдо бўлган қўзиқориндек бир-бирига ўхшаш (ҳам ҳажм, ҳам мазмун жиҳатидан) газета ва газетачалар тиқилиб кетган.
Уларда асосан Интернет ёки рус матбуотида чиққан олди-қочдилар ёки қўйди-чиқди, севдим-ўлдим, машҳур одамларнинг “машҳур” қилиқлари каби мавзулар.
Сал жиддийроқ масалада ёзилса, албатта “юртбоши” калимаси қўшилмаса имкон йўқ. Муаллиф қўшмаса ҳам муҳаррир қўшиб қўяди.
“Юртбоши” ибораси худди фоҳишабозлик ўрчиб кетган жойда турли юқумли касалликлардан сақланиш учун қўлланиладиган муҳофаза қалқонига ўхшаб қолган. “Шуни қўллансам, менга жин ҳам чалмайди”, деб ўйлашади. Лекин билишмайди-ки юқумли касаллик бошқа томондан ҳам уриши мумкин.
Шунга қарамай ўзини муҳофаза қилган одамга “Нима қилаяпсан?” деб савол бериш ахмоқлик. Нима қилсин? Фоҳишахонага бош суққандан кейин ўзини муҳофаза қилиш йўлига ҳам бош уради-да.
Хуллас, диктатура шароитида “ўрин” деган нарса бўлмайди, “ўрин” калимаси “ўйин” билан алмашади. Матбуотнинг ўрни эмас, ўйини бўлади.
Бу ўйин худди кечки ресторанлардаги яланғочлар ўйинига ўхшайди. Қайси ўйин диққат тортса пул ўша томонга отилади.
Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.
Filed under: Kundalik |
You must be logged in to post a comment.