Мулоҳаза

2015 йил. 20 феврал. Ишхонам-Тилшунослик марказида.

2015 йил. 20 феврал. Ишхонам-Тилшунослик марказида.

ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРИШ

Шўролар даврида тарих Коммунистик партия Марказий қўмитасининг талаби ва истаги бўйича ёзиларди, яъни у ердагилар ўз хоҳишларига кўра тарих яратардилар ва кўнгилларига хуш келмаган воқеа, ҳодисаларни тарих саҳифасидан ўчириб юбориш учун бирор жойда қайд этмасликка уринардилар. Ана шу сабабдан ҳам бугунга келиб улар яратган бирор – бир тарихга ишонч қолмади, ҳаммаси қайтадан ёзилмокда.

Тарихни қайта ёзиш анъанаси Ўзбекистонда ҳам гуриллаб давом этмокда, лекин қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, муҳтарам тарихчиларимиз, олимларимиз айнан салафларининг йўлидан бормокдалар. Масалан, коммунистлар Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир каби юзлаб исмларни тарихдан ўчириб ташлаш учун қўлларидан келганини қилдилар. Бугун эса биз бу борада том аксини амалга ошираяпмиз.

Яъни у қирғокдан ўтиб, тарихни асосан уларнинг исмлари билан тўлдираяпмиз. Уларни ўрганишда бир ёқламаликка йўл қўйяпмиз. Бу йўсинда кетса, келажакда Қодирийнинг «Муштум» дарғасида Жоме-масжидларини бузишга, дин арбобларини қувғин этишга қаратилган фельетонлари босилганди, Чўлпон ва Фитрат Совет тузуми билан муроса қилишга уриндилар ва шунинг қурбони бўлдилар, дея яна бир авлод ўртага чиқиши ва тарихни ўзи истаганидек ёзиши ҳеч гап эмас.

Шу йил Қомуслар бош таҳририяти томонидан Тошкентда нашр эттирилган «Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси»га назар солсангиз, ёқангизни ушлаб қолишингиз аниқ. Бир пайтлар Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси тарғибот ва ташвиқот машинасини юргизган жаноб Нурислом Тўхлиев қайта қуриш, ошкоралик йилларида ҳақиқатни яшириш жиноятдир, дея ўнлаб публицистик мақолалар билан ўртага чиққанди. Сўз бошқа иш бошқа, буни Нурислом Тўхлиев Бош муҳаррири бўлган энциклопедияни варақласангиз, дарров сезиб оласиз.

«Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси» моҳият эътибори билан тарихий китобдир, – дейилади сўз бошида. – Унда Энциклопедия анъаналарига риоя этилиб, ҳар бир мавзуда унинг ибтидосидан сўнгги йилларгача бўлган ҳолати қамраб олинади. Бинобарин, ўтмиш билан келажак ўртасида қандайдир ворислик ётади. Бу ворисликни таъминлашда энциклопедияларнинг муҳим ўрни бор. Ушбу энциклопедия ҳам шу йўлда хизмат қилади, деган умиддамиз.

Бу фикрнинг самимийлигини ўрганиш учун 16 бўлимдан иборат бўлган энциклопедиянинг жамоа ташкилотлари бўлимини очамиз. Ўзбекистон Халқ Демократик партияси, Ватан тараққиёти, Адолат социал-демократик, Миллий тикланиш партиялари, Касаба уюшмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийлар ташкилотлари уюшмаси, Маънавий ва маърифат жамоатчилик маркази….

Хўш, Ўзбекистонда миллий озодлик ҳаракатини бошлатган «Бирлик» халқ ҳаракати қани? Унинг ўрнига 1995 йилда ҳукумат томонидан тузилган бошқа бир ҳаракат – Халқ Бирлиги ҳаракати киритилди.

Хўш, «Эрк», «Бирлик» партиялари қани?

Наҳотки бу ҳаракат ва партияларнинг Ўзбекистон мустақиллик жараёнида ҳеч қандай роли бўлмаса? Бутун дунё бу ҳаракат ва партияларни эътироф этгани ҳолда, Ўзбекистон энциклопедиясида улардан кўз юмилиши тарихни сохталаштириш эмасми? Бу саволга жавобни бизга эмас виждонингизга беринг!

Энциклопедиянинг матбуотга оид бўлимини очамиз. Барча нашрлар бор. Лекин Ўзбекистон мустақиллигининг қалдирғочи «Эрк» газетаси ҳақида бир сатр ҳам йўқ.

Қолаверса, ўша йиллари «Мустақил ҳафталик», «Муносабат», «Эркпарвар» сингари ўнлаб нашрлар Ватан озодлиги учун хизмат қилдилар. Балки бир кун келиб бу саҳифаларни ёзган таниқли олимларимиз биз ёздик, лекин цензура ўтказмади, дея баҳона топишлари мумкин, аммо сиз сиёсий мақола ёзмаяпсиз-ки, цензурани баҳона этсангиз. Бу ахир, тарих. Яхшиси, ёмони, аччиғи, чучуги билан бутундир тарих. Сиз эса уни кемтик ҳолда, бир қўлсиз, бир оёқсиз ва ёки қалбсиз қилиб кўрсатмоқчисиз.

Энциклопедиянинг дин, қонунчилик, адабиёт, қайта қуриш йиллари сингари бўлимларида ҳам мухолифатга оти қоришган, ёки тўраларга оти ёқмаган инсон ва ташкилотлардан кўз юмилган. Тўғрироғи, уларни тарих саҳифаларидан ўчиришга уринганлар.

Бундай сохтачиликнинг асл моҳиятини ўрганиш учун энциклопедиянинг яна сўз бошисига мурожаат қиламиз. Унда шундай сатрлар бор: Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси Ўзбекистон билан қизиқувчи кенг китобхонлардан ташқари тадқиқотчилар, айниқса ёш авлод – талаба ва ўкувчилар учун ҳам аҳамиятлидир. Ўз юртининг тарихи, маданияти, фани, мамлакат иқтисодиёти ва бошқа тармоқларидаги ҳолат билан қизиқувчи ҳар бир китобхон тегишли маълумотларни ушбу қомус саҳифасидан топа олади.

Демак, мақсад аниқ. Ёш авлодни, келажакнинг кўзини кўр, қалбини сўқир қилиш. Буни шўролар 70 йил машкдан ўтказдилар, аммо охир оқибатда шармандаи шармсор бўлдилар.

Бизнинг тарихчилар ҳам 70 йилни кўзлаётган бўлсалар янглишадилар. Бу сафар тезроқ фош бўладилар.

4 ноябрь 1997 йил

Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.

Advertisements
%d bloggers like this: