Китобдан боблар

jm_kamronbekНеварам Камронга

(Ҳикоятлар)

1.Қилич ва ақл

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда, Самарқанд деган томонда бир Бобуршоҳ бўлган экан. У ёш, аммо ақл-заковатда, куч-қудратда улуғ саркарда экан.

Бир кун шаҳри азимга саҳройи ёғий бостириб келибди. Душман шунчалик кўп эканки, шаҳарни чумоли босгандек туюлибди. Оёқнинг остида ҳам, томнинг устида ҳам қилич кўтарган душман эмиш. Душманнинг кўриниши жуда хунук. Кўзлари чиябўрининг кўзига бензар, бурни сассиқ попушакнинг тумшуғига ўхшаркан. Қошлари буралиб, киприкларига уланиб кетган. Ваҳший ҳайвондек пишқиргани пишқирган. Шаҳар аҳли кўчага чиқолмай қолибди. Бечора болалар зор-зор йиғлашса ҳам ота-оналари эшикни очмас эканлар. Болаларини асраш учун шундай қилишаркан.

Бу пайтда Бобуршоҳ шаҳардан ташқаридаги қароргоҳида экан. Шимолдан илондек ўрмоловчи душман тез-тез келишини билиб ҳар тарафда махсус қалъалар қурдириб қўйишган экан. Шулардан бири Пулимурғоб деган жойда.

Бу қалъанинг бошқаларидан афзаллиги у Обимашҳад ариғининг бўйида қурилган. Ариқ худди азим дарёдек пишқириб оқар ва атрофларини ўпира-ўпира катта жарликка айлантирган. Бу жойдан ҳайвон ҳам, одам одам ҳам ўтолмас, фақат биттагина кўприк бўлиб ўшандан ўтишга мажбур экан. Пулимурғобга келадиган йўл ҳовлиларнинг орасидан ўтган бўлиб, жуда тор экан.

Ёғий шаҳарни босиб олиб, Бобуршоҳни қидириб, тополмабди. Кейин унинг Пулимурғобда эканлигини билиб, ўша томонга қўшин тортибди. Бобуршоҳ кўприкдан ўтилган жойдаги йўлни жар томонга бурдириб қўйибди. Душман сипоҳлари кўприкдан қатор-қатор ўтавериб, жарга тушганда ғойиб бўлаверибди.

Бутун аскарларини йўқотишдан қўрққан Ёғийбоши музокара бошлабди. Унинг учун музокарадан ҳам Бобуршоҳни кўриш иштиёқи кучли эди. Чунки унинг шастини синдирган саркарданинг кимлиги жуда қизиқ-да. Ёғийбошини кўприкдан олиб ўтиб, Пулимурғоб қалъасига бошлаб келишди. Ичкарига кирса, тахтда 14-15 ёшлардаги чиройли йигитча ўтирибди. Сочлари Дул-Дулнинг ёлидек силлиқ, кўзлари самовий Семурғникидек ўткир, қўллари ҳазрати Довудникидек мустаҳкам, гавдаси жанговар Алпомишникидек етишган бу йигит Бобуршоҳ эди.

-Бобур деганлари сенмисан?-деб сўради ундан Ёғийбоши.

-Ўзинг кимсан?-деб жавоб қилди Бобур.

-Ман саҳройиман!

-Ман эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур – миллатларнинг энг қадими ва энг буюги – туркнинг авлоди, соҳибқирон ҳазрат Темурнинг набирасиман. Сен ҳам Туркнинг бир бўғини, биз қардошлармиз, хуш келибсан,-деди Бобуршоҳ юмшоқ оҳангда.

-Агар биз қардош бўлсак, нега бунча аскаримни ўлдирдинг?- совуқ товушда дўриллади Ёғийбоши.

-Улар шаҳримни босиб олдилар, ўзларини ўлимнинг комига отдилар. Йўқ, уларни ўлимга сен оттинг!

-Мен энди улар учун қасос олмасам қўйман!-дея керилди Ёғийбоши.-Аскарларингни бир-бир қириб ташлайман.

-Аскарларимни ўлдиргунча мана менинг бошимни ол,-деди Бобуршоҳ.-Лекин уларга қилич кўтарма!

Ёғийбоши атрофга қараб ҳайрон бўлди. Ҳеч ким йўқ. Қиличини кўтариб, Бобуршоҳ томонга юрди. Бобуршоҳ ҳам ўрнидан туриб, Ҳазрат Алининг зулфиқори каби олтиндай товланадиган қиличини қинидан чиқарди ва:

-Бошим сеники! Лекин ололмасанг, қасамингдан кечасан, майлими?-деди.

-Оламан!-дея Бобуршоҳга ташланди Ёғийбоши.

Бобуршоҳ бир ҳаракат қилиб тахт ёнидаги арқонни кесиб юборди. Тепага тортиб қўйилган ов тўри пастга тушиб, Ёғишбоши унинг ичида ёввойи тўнғиздек ўралиб қолди. Бобуршоҳ унинг қўлидан учиб кетган қилични томоша қилиб, кейин ўзининг зулфиқори билан тўрни кесдида, Ёғийбошини озод қилди. Сўнг унга:

-Дунё нимадан иборат деди?

-Шуни ҳам билмайсанми, дунё сув ва саҳродан иборат,-дея тўнғиллади Ёғийбоши.

-Дунё сув ва боғдан, осмону тоғдан, шамолу оловдан, жону жондан, ҳайвону инсондан, шаҳодату ибодатдан иборат! Ҳайвонга жон, сув ва саҳро бас, қолгани ҳаммаси инсонга. Қасамингдан кечсанг жонинг, сувинг ва саҳроинг сеники!

-Кечдим…,-деди иложсиз қолган Ёғийбоши.

-У ҳолда авф эттим,-деди унга Бобуршоҳ.-Сен кучли одам эмассан! Кучли бўлганингда аскарингдан олдин ўзинг келардинг. Қўрқоқ одамлар аскарини юбориб, ўзи орқага яширинади. Қардошлигимиз ҳаққи-ҳурмати шаҳарни ташлаб кет! Кейинги сафар келишингда аввал ўзинг кел, ўтириб, юзма-юз гаплашамиз! Фақат сендан илтимос, қилич билан эмас, ақл билан кел! Қилични синдириш мумкин, ақлни синдира олмайсан! Қилич билан кўпга кетмайсан, бу йўл билан Самарқандга ҳам, дунёга ҳам эгалик қилолмайсан. Қиличдан олдин ақлингни чархла. Бундай ишларга заковат лозим! …

Ёғийбоши ташқарига чиқса, аскарлари саф тортиб туришган экан. Бобуршоҳ уларни ўлдирмаган экан. Аксинча уларни Обимашҳад соҳилларида катта тантана билан зиёфат қилишибди.

Ёғийбоши шундан кейин шаҳарни тарк этибди.

-У такрор қўшин тортиб келади,-дебди Бобуршоҳ.

Ундан нега бундай хулосага келганини сўрашса:

-Ёғийбошининг кўзида ҳавас эмас, ҳасад бор эди,-дебди.

-Шундай экан, нега унинг жонини олмадингиз?-деб сўрашибди.

-Мен Худо эмас, бор йўғи бир Бобуршоҳман, Худонинг сизларга ўхшаган бир оддий бандасиман! Жон бу Худонинг мулки, унга оиддир, мен ололмайман!

Борaрға не маскан муяссар,

Турарға не давлат муқаррар? -деб жавоб берибди у.

 Жаҳонгир Муҳаммад

14 феврал, 2015 йил.

Advertisements
%d bloggers like this: