Матбуот масалалари

gazetaБЕШ ДАЛИЛ

“Ўзбекистонда матбуот эркин бўлиши учун аввало журналист кадрлар тайёрлаш керак” деган гап жуда кўп такрорланмоқда ва ҳатто бу матбуот бўғиб қўйилишининг бирдан бир сабаби қилиб кўрсатилмокда.

Қизиғи шундаки, ҳатто баъзи малакали журналистлар ҳам бу фикрни бот-бот такрорлай бошладилар.

Масалан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири, эркин матбуот фондининг раисдоши Аҳмаджон Мелибоев «Биз аввало журналистларни демократия, матбуот эркинлиги шароитида фаолият кўрсатишга ҳозирлашимиз керак» дейиши кишини ўйлатиб қўяди.

Аҳмаджон ака самимий инсон ва у кишини ҳурмат қиламан, аммо бу фикрга қўшилмайман. Чунки матбуот эркинлиги демак – инсон ўз фикри, қарашлари, таклифлари, тушунчаларини матбуотнинг бирор бир воситаси орқали очиқ айтиши ва халқнинг матбуот орқали барча маълумотларни бор ҳолича олиш имконияти демакдир.

Бунинг учун кадрларни алоҳида тайёргарликдан ўтказиш – бу совет, коммунистик режимга хос эди. Бугун фикр айтиш ва газета макетини чизишни қориштириб юбормаслигимиз керак.

Аслида журналист кадрлар тайёрлаш масаласи давлат учун жиддий ва бунга чинакамига эътибор берадиган давлатни қутламоқ даркор. Бирок матбуот эркинлигини журналист кадрлар тайёрлашга боғламоқ сиёсий хатодир.

Матбуот тўртинчи ҳокимият. Бу қоида асосан демократик жамиятларда ишлайди. Авторитар ёки диктатура шароитида матбуот биринчи ҳокимиятнинг маддоҳига айланади ва ўз кучи, мавқеидан маҳрум бўлади.

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш учун сўз берилмоқда. Бунинг биринчи одими матбуот эркинлиги бўлиши зарур. Кимдир чиқиб йўқ, илк одим инсон ҳақлари ёки сиёсий ташкилотларга бериладиган эркинлик бўлиши лозим, дейиши ҳам мумкин ва бу товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухумми дегандек гап.

Бунга Ўзбекистонда тўртинчи ҳокимиятни юритадиган журналист кадрлар борми, деган саволга жавоб бериш жараёнида тўхталамиз.

Биринчидан, ҳақиқий сиёсатчи энг аввало журналистдир. Шу боис журналист кадр йўқ дейиш сиёсатчи йўқ деган маънога келади. Журналист – давлат арбобидир.

Айни пайтда давлат арбоби – журналистдир. Демак, сиёсатчига, давлат арбобига ҳам бугун эркин фикр билдириш, ўз қарашларини очиқ айтиш минбари зарур.

Иккинчидан, ҳар қандай сиёсий партия ёки ташкилотнинг асоси унинг матбуотидир.

Матбуоти бўлмаган сиёсий партия кўр, кар ва гунглардан иборат бир гуруҳга айланади. Шундай экан, эркин матбуоти бўлмаган сиёсий партия фаолиятининг ҳам бундан фарқи йўқ. Бу ерда энди қизил олма, кўк олма бир олма дейиш мумкин эмас.

Учинчидан, матбуот сиёсий қурол ва қудратли минбар, миллатниннг манфаатларини очиқ ҳимоя қиладиган муассасадир. Халқ ўз дардини англатиш ҳуқуқини эркин матбуот шароитидагина қўлга киритади.

Демак халқ энг катта манба ва бу аввало журналист кадрлар тайёрлаш керак деган гапни яна бир бор пучга чиқаради.

Халқ ўз дардини англатмоқ учун бирор бир факультетни битириши ёки алоҳида тарбия олиши ёхуд бирор жойдан тажриба ўрганиб келишга эҳтиёжи йўқ.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда малакали, маҳоратли журналистлар оз эмас. Қайта қуриш йилларини эсланг, одамлар китоб ўқишни бир четга суриб қўйишди. Чунки бўш вақтларининг асосий қисмида газета ўкишарди. Газета дўконлари ёнида саҳардан навбат бошланарди. Юзлаб журналистлар замонанинг энг долзарб масалаларини кун ёриғига олиб чиқардилар ва ҳеч ким у пайтда эркин матбуот учун аввал журналист кадрлар тайёрлаш керак, демасди.

Ўша йиллари ўзбек журналистикаси катта синовдан ўтди ва матбуот расман бўғилмаганда бугунга келиб маънавиятимиз бу қудратли манбадан маҳрум қолмаган бўларди.

Бешинчидан, бугунги реал ҳаётга назар солинса, гарчи шароит тақозоси билан четда нашр этилаётган бўлса-да, ўзбек эркин матбуоти намуналари ҳам мавжуд. Масалан, «Ҳаракат» журнали, «Янги мустақил ҳафталик», «Эрк», «Бирлик» газеталари бунинг мисолидир.

Булар асосан ҳукуматни танқид қилиш билан овора, деган фикрга ҳам қўшилиш қийин. Бундай танқидни уларнинг мухолифат нашри бўлганликлари оқлайди.

Колаверса, кейинги пайтда бу нашрларнинг айримлари жиддий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий масалаларни ҳам эркин таҳлил қила бошладилар. Яъни бу нашрлар алтернатив фикр манбаига айланди.

Бир сўз билан эркин матбуот бўшлиғини тўлдиришга хизмат қилмокдалар.

Хуллас, Ўзбекистонда демократик шароитларда ишлаш учун журналист кадрлар етиштиришимиз керак, деган фикрнинг асоссиз эканлигига беш далил келтирдик. Аслида яна бир қатор далилларни санаш мумкин.

Лекин шунинг ўзи ҳам кўрсатадики, эркин матбуот шароитида фаолият кўрсатиш учун асос ҳам, кадр ҳам мавжуд.

Улар фақат эркин нафас олишни, яъни демократия шамолини кутиб турибдилар.

1996 йил.

Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.

%d bloggers like this: